“Ўзбекнефтгаз”: Конларни ишлатиш устидан геологик-гидродинамик назорат ва мониторинг ишлари олиб борилмоқда
“Ўзбекнефтегаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан акциядорлик жамияти тасарруфидаги нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида углеводород хом ашёси қазиб олишни такомиллиштириш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар доимий равишда назорат ва мониторинг қилиб борилади.
“O’ZLITINEFTGAZ» АЖ ҳамда Геология ва конларни ишлаш департаментлари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ конлардаги бурғилаш майдончаларидаги қудуқларни қуриш ва капитал таъмирлаш жараёнларини мониторинг ва назорат қилишади.
Ишчи гуруҳи томонидан Устюрт ва Бухоро-Хива ҳудудларидаги нефть ва газ қазиб чиқариш объектларидаги ишларни тўғри ташкил этиш ҳолати ўрганилди.
Мутахассислар бурғилаш майдонларида қўлланилаётган асбоб-ускуналар, мустаҳкамлаш қувурлари ва уларнинг технологик жиҳатдан жиҳозланганлигини кўздан кечиришди. Бурғилаш ҳамда тампонаж қоришмаларининг тезкор назорат-таҳлили ўтказилиб, иш режалари ва бошқа тегишли ҳужжатлари ўрганилди.
Олинган натижалар асосида аниқланган лойиҳадан четга чиқиш ҳолатлари, уларнинг сабаблари, келиб чиқиши мумкин бўлган асоратлар ва ҳ.к.лар қайд қилиниб, тезкор равишда таҳлил қилиш учун лойиҳа ташкилотининг марказий офисига тақдим этилди ва юзага келган муаммоли масалалар бўйича технологик ечимлар ишлаб чиқилди.
Қудуқларни бурғилаш ишлари конларни ишлаш жараёнида энг муҳим босқичлардан бири саналиб, қудуқнинг эксплуатацион тавсифи ҳамда унинг ишлаш давомийлиги айнан бурғилаш ишларининг бажарилиши сифатига боғлиқдир. Қудуқларни қуриш ва капитал таъмирлаш устидан мониторинг ва назоратнинг олиб борилишида ушбу вазифаларни лойиҳачи ташкилотнинг тезкор иштирокида ҳал этиш имконини беради.
Геологик-гидродинамик назорат доирасида, тасдиқланган комплекс лойиҳага мувофиқ конларни жиҳозлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар самарадорлиги ва уларнинг қазиб олинаётган лойиҳавий газ ҳажмини ташиш тизимининг ўтказувчанлик кўрсаткичларига таъсири тезкор таҳлил қилинди ва баҳоланди.
Ушбу тадбирда амалга оширилган ишлар натижалари бўйича янги ишга туширилган қудуқларни бурғилаш ва капитал таъмирлаш натижаларини кўриб чиқиш билан конларни ишлаш таҳлили, кейинги ишлатиш қудуқларини бурғилаш ҳамда тўхтаб турган қудуқларни капитал таъмирлаш бўйича геологик-техник чора-тадбирларни шакллантириш орқали қудуқ фонди динамикаси таҳлил қилинади, яқин келажак учун конларининг ишлаб чиқариш имкониятлари прогноз қилинади.
Жорий ишлаш ҳолатини тизимли таҳлил қилиш натижалари қудуқларни бурғилашни мониторинг ва назорат қилиш материалларига, рақамли геологик-гидродинамик моделлаштиришдан фойдаланиб, уларни мақбул жойлаштириш, қудуқларнинг технологик иш режими параметрларини назорат қилиш, амалга оширилган маҳаллий ишлардан олинган натижалар юзасидан тезкор тақдим этилган углеводород қазиб олиш кўрсаткичларини бажариш бўйича газни йиғиш ҳамда ташиш тизимига асосланади. Ушбу маълумотлардан кейинги босқичда технологик ечимларни қабул қилиш ва амалдаги лойиҳа ҳужжатларига тузатишлар киритишда фойдаланилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|