June 3, 2022

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Равшан Гулямов бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан Қашқадарёда “Ўзбекнефтгаз” АЖдаги мавжуд муаммолар, геология қидирув ишларининг аҳволи, углеводородлар қазиб чиқариш, газни қайта ишлаш фаолияти ўрганилди

Бош саҳифа Русский

Жорий йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нефть-газ хомашёсини қазиб олиш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказган ҳамда ушбу йиғилишда углеводородлар қазиб чиқариш борасида топшириқлар берилган эди.

Йиғилишда Давлатимиз раҳбари, аввало, шу масалага эътибор қаратиб, бу жараённи жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади. Халқаро консультантларни жалб қилиб, стратегик ёндашувларни белгилаб олиш, нефть-газ соҳасида ҳисоб-китоб механизмлари шаффофлигини таъминлаш вазифалари қўйилди.

Ушбу йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 2-3 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Равшан Гулямов бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари Қашқадарё вилояти Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлди.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимизнинг Тараққиёт стратегиясида иқтисодиётни либераллаштириш ва саноатнинг етакчи тармоқларини трансформация қилиш бўйича мақсадлар белгиланган бўлиб, жумладан, нефть-газ соҳасида ҳам трансформация жараёнлари бошланган.

Корхоналарни молиявий соғломлаштириш, операцион самарадорликни ошириш орқали харажатларни қисқартириш, бошқарув тизимини илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Дастлаб, Шўртан Бош иншоотида қурилмаларни модернизация қилиш лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Бу ерда, цеолит ва амин ёрдамида газни қайта ишлаш қурилмаларини модернизация қилиш лойиҳалари бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.

Технологик ускуналарни янгилаш мақсадида, қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Қурилиш-монтаж ишлари 90 фоизга бажарилган. Лойиҳа бўйича технологик ускуналар 100 фоиз жойига ўрнатилиб, уларни асосий технологик қувурларини монтаж қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти томонидан, лойиҳа эҳтиёжлари учун зарур бўлган қувур арматуралари, товар-моддий бирликларни етказиб бериш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирлар тўғрисида ҳисобот берилди.

Бош иншоотда жойлашган сиқув компрессор станциясида эса “Шўртан газ кимё мажмуасини кенгайтириш лойиҳаси” ва “Uzbekistan GTL” Заводига хом ашё гази етказиб бериш бўйича кўзда тутилган ишлар тақдимот қилинди.

Мажмуа ва заводни барқарор хом ашё билан таъминлаш учун мавжуд газ ҳайдаш агрегатларини модернизация қилиш ва қурилмалардан газ узатиш қувурларини ўзгартириш йўналишларида ишлаб чиқилган лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. Шу билан бирга, сиқув компрессор станциясини барқарор ишлашини таъминлаш учун амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, хусусан газ турбинали двигателларни таъмирлашдаги мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.

Ушбу лойиҳанинг ажралмас қисми бўлган “Шўртан Бош иншооти – Шўртан газ кимё мажмуаси” 33 км узунликдаги диаметри 1020 ммлик газ қувури қурилиш жараёнлари билан танишиш мақсадида қурилиш майдонида ҳам бўлди. Ҳозирги кунда ушбу қувурнинг 20 км дан ортиқ қисмида пайвандлаш ишлари бажарилиб, қувурларни ётқизиш ишлари ҳам бошлаб юборилган.

Шўндан сўнг, “Ишчи гуруҳ” Шўртан конида жойлашган “Шўртан” 1,2-сиқув компрессор станциялари фаолияти билан танишди. “Шўртан” гуруҳи конларидан қазиб олинаётган газни Шўртан бош иншоати ва Шўртан газ кимё мажмуасига қайта ишлаш учун етказиб беришни таъминлайди.

Газ ҳайдаш агрегатларида General Electric компаниясининг LM-2500 ва Россиянинг “КМПО” АЖ компаниясининг НК-16/18СТД маркали газ турбинали двигателларидан фойдаланилади. “Ишчи гуруҳ”га ушбу двигателларнинг ишлаш вақти, капитал таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш тўғрисида маълумотлар берилди ва мавжуд муаммолар ўрганиб чиқилди.

“Шўртан” конининг чуқур қатламлари истиқболлигини ўрганиш мақсадида олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида, “Ишчи гуруҳ” коннинг “Терриген-юра” қатламини ўрганиш билан нефт-газ заҳираларини ўстириш бўйича бурғилаш ишлари бошланган. “Терриген-1” излов-қидирув қудуғида ҳам бўлди.

“Шўртан” ҳудудидаги конлар, хусусан “Шўртан кони” Шўртан газкимё мажмуаси ва ушбу комплекс базасида янгидан ишга туширилаётган GTL заводининг ҳам хомашё базаси ҳисобланади.

Углеводородлар захираларини кўпайтириш бўйича ишлаб чиқилган Дастур асосида 2021 йилда Шўртан конида 3D сейсмика-геофизика ишлари амалга оширилиб олинган натижалар таҳлили асосида ушбу “Терриген-1” қудуғини бурғилаш ишлари бошланган.

Бурғилаш майдонида бурғилаш жараёнлари, геологик-излов қидирув борасидаги келгусида режалаштирилган ишлар тўғрисида тақдимот қилинди.

Ўрганиш давомида “Шўртан газ кимё мажмуасини кенгайтириш” ҳамда “Uzbekistan GTL” заводини ишга тушириш лойиҳалари билан ҳам танишиб чиқилди ва мажмуани кенгайтириш лойиҳаси бўйича тақдимотда ҳозирги кунга қадар бажарилган ишлар, мавжуд муаммоли масалалар муҳокама қилинди.

“Шўртан” кони ҳудудида жойлашган “Штаб” биносида Президент маслаҳатчиси бошчилигида геология-қидирув ва углеводородлар қазиб чиқариш масалалари муҳокамасига бағишланган сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти админстрацияси мутахассислари, Бош вазирнинг Геология, энергетика, саноат ва унинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси — Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Бобур Исломов, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Бобур Абдиназаров ҳамда “Ишчи гуруҳ” таркибига жалб этилган вазирлик, қўмиталар ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида бошқарув раиси ўринбосарлари, департамент ва бошқарма, завод бошлиқлари ҳисоботлари тингланди.

Йиғилиш кун тартибига асосан геология-қидирув ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари, углевородлар қазиб чиқаришни ошириш бўйича қўшимча таклифлар ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятида мавжуд муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича таклифлар эшитилиб чора-тадбирлар ижросини таъминлаш ва муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўришга доир вазифалари белгилаб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|