Талабaлар учун ҳақ тўланадиган амалиёт ташкил этилди
“Uzbekistan GTL” заводи кадрлар захирасини истиқболли ёш мутахассислар билан тўлдириш мақсадида олий таълим муассасалари билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Хусусан, жорий йил давомида заводга турли таълим ташкилотларидан амалиёт ўташ учун ташриф буюрганларнинг 79 нафарини 3-босқич талабалари ташкил этди.
Уларни билим олишга бўлган қизиқишини янада орттириш, соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишишга бўлган интилишларини ошириш мақсадида улар ўртасида танлов имтихонлари ўтказилди.
Улардан муваффақиятли ўтган 20 нафар иқтидорли талабага “Uzbekistan GTL” заводининг ишлаб чиқариш ходимлари сифатида, вақтинчалик меҳнат шартномаси асосида, ойлик маош тайинланди.
Амалиёт вақтида, талаба ходимларга, завод ходимларига бўлгани каби барча шароитлар яратилди. Улар учун ҳам махсус форма ва ҳимоя воситалари, уч маҳал иссиқ овқат, ётоқ жой ҳамда завод бўйлаб транспорт ажратилди. Шунингдек, заводнинг етакчи мутахассислари ҳамроҳлигида ўз тажрибаларини янада ошириш имконияти тақдим этилди.
Таъкидлаш жоизки, кадрлар тайёрлашнинг мазкур йўналиши талабаларда мамлакатимизнинг нефть ва газ саноати соҳасида меҳнат қилиш нақадар шарафли ва шу билан биргаликда юқори масъулиятли иш эканлиги, соҳанинг етук мутахассиси бўлишда тинимсиз меҳнат ва билим олишнинг ўта муҳим аҳамият касб этиши тўғрисида тушунча ҳосил қилишларида муҳим қадам сифатида хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда 18 нафар 3-босқич талабаси танлов асосида ҳақ тўланадиган амалиётга жалб этилган эди.