Корхоналарда хавфсизлик қоидаларига амал қилмаган 13 нафар ходим огоҳлантирилди
Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларда жойлашган “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли бошқарма ва корхоналарнинг саноат, меҳнат ва экология хавфсизлиги, соғлиқни муҳофаза қилиш ҳолати бўйича мониторинг текширувларининг тўртинчи босқичи ўтказилди.
Текширув натижасида Водий нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, Очиқ нефть ва газ фаввораларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми, “Андижон нефть базаси”, “Фарғона нефть базаси”, “Турақўрғон нефть базаси”, “UNG Petro” масъулияти чекланган жамиятлар ва уларга қарашли объектларда қуйидаги камчиликлар аниқланди:
• Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси йўналишида 132 та;
• Газ хавфсизлиги йўналишида 1 та;
• Ёнғин хавфсизлиги йўналишида 53 та;
• Электр хавфсизлиги йўналишида 26 та;
• Хавфсизлик маданиятини ривожлантириш ва риск билан ишлаш йўналиши бўйича 6 та камчиликлар аниқланди.
Камчиликларга йўл қўйган 13 нафар ходим огоҳлантирилди ва 10 нафарига нисбатан чора кўрилди.
Мониторинг жараёнида раҳбар ва масъулларга объектларни муҳофаза қилиш, ишчи ходимларга хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш бўйича ишларни тўғри ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Юзага келган камчилик ва номувофиқликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.