March 8

“E-kоn” лойиҳаси учун зарур ускуналар маҳаллий корхоналар томонидан етказилмоқда

Бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Е-kоn” лойиҳасини амалга татбиқ этиш орқали конлардаги ер усти тизимлари рақамлаштирилиб, ер ости билан интеграция қилинмоқда. Лойиҳанинг аҳамиятини таққослаш учун айтиш мумкинки, биргина “Жанубий Кемачи” конини рақамлаштириш ҳисобига, йўқотиш 3 фоизга камайиб, йилига 28 миллион куб метр қўшимча газ олишга эришилди.

Лойиҳани амалга оширишда зарур бўлган импорт товарларни камайтириш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг технологик имкониятлари мунтазам ўрганилмоқда ҳамда буюртмалар берилмоқда.

Жумладан, 2023 йил давомида “Ўзбеккимёмаш заводи” АЖ билан Жамият ўртасида завод ва бошқармалар эҳтиёжи учун зарур бўлган ускуналарни ишлаб чиқариш ва таъмирлаш хизматлари амалга оширилди. Жорий йилда ҳам ҳамкорлик давом эттирилиб, биринчи чоракда 27 дона босим остида ишловчи ускуна ишлаб чиқарилди ва таъмирланди.

Хусусан, ушбу завод томонидан 80 та газни дастлабки тайёрлаш қурилмасига жами 240 та босим остида ишловчи ускуналар ва сиғимлар ишлаб чиқарилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси ушбу заводда бўлиб, буюртмаларни тайёрлаш ва етказиб бериш жараёнлари билан танишди.

Қайд этиш жоизки, “Ўзбеккимёмаш заводи” АЖга қарашли "UNGM-DR сервис маркази" МЧЖ қўшма корхонасида сиқув компрессор стансиялари ва қурилмаларнинг компрессорлари ва насос агрегатлари эҳтиёт қисмларини таъмирлаш ва ишлаб чиқариш ишлари кенгайтирилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram| telegram | youtube | facebook