Хитой компанияси билан конларни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик жадаллаштирилмоқда
Аввал хабар берилганидек давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикаси Раисининг таклифига биноан жорий йилнинг 23-25 январ кунлари ушбу давлатга ташрифи доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ делегацияси томонидан “XIBU Drilling” компанияси вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилган эди.
Йўлга қўйилган алоқаларни давом эттириш мақсадида шу кунларда Жамиятда Хитойнинг “XIBU Drilling” компанияси мутахассислари бўлиб туришибди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖда бўлиб ўтган учрашувда хитойлик ҳамкорларга Жамиятга қарашли конларда амалга оширилаётган бурғилаш ишлари ҳамда ўта чуқур қудуқларни бурғилаш жараёнлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Хорижлик мутахассислар билан мамлакатларимиз ўртасида қудуқларни бурғилаш технологияси, бурғилашнинг коммерция тезлигини ошириш, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва бурғилаш соҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни янада жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Хитойнинг мазкур соҳадаги улкан тажрибасидан фойдаланиш ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришиш кўзда тутилмоқда.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Хитойнинг нефт ва газни қидириш ва ривожлантириш миллий корпорацияси таркибига кирувчи “XIBU Drilling” компанияси қудуқларни бурғилаш, таъмирлаш, синовдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланади.