July 11, 2023

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

O‘zbekcha Ruscha

Bakiroo телеграм каналида эълон қилинган “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ҳисоботларнинг openinfo.uz порталига жойлаштирилмаётганлиги кўрсатилган пост юзасидан қуйидагилар маълум қилинади:

2020 йил якунига қадар “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан молиявий ҳисоботлар Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларига (БҲМС) мувофиқ, ҳар чоракда тайёрланиб, расмий веб-сайтда ва “openinfo.uz” корпоратив ахборот ягона порталига жойлаштириб келинган.

Хорижий инвестиция ва кредитларни жалб қилиш мақсадида 2016 йилдан бошлаб йиллик консолидациялашган молиявий ҳисоботлар ихтиёрий равишда Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида ҳам тайёрланиб, “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компанияси томонидан аудитдан ўтказилиб келинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралдаги “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4611-сонли қарорига кўра, 2021 йил 1 январь ойидан бошлаб акциядорлик жамиятлари МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этиши ва 2021 йил якунидан бошлаб молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлаши белгиланган.

Мазкур қарорда молиявий ҳисоботни ихтиёрий равишда МҲХС асосида тайёрлайдиган тадбиркорлик субъектлари бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича молиявий ҳисобот тақдим этишдан озод этилиши назарда тутилган.

Қарорда белгиланган тартибга биноан, 2020 йил якунидан бошлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг молиявий ҳисоботларини ҳар чоракда БҲМС асосида тайёрлаш амалиёти тўхтатилганлиги сабабли, расмий веб-сайтда эълон қилинмай келинмоқда.

2021 йилдан бошлаб молиявий ҳисоботлар фақат МҲХСга асосан тузилмоқда. Бунда, Лондон фонд биржасида илк марта евробондлар эмиссия қилиниши муносабати билан хорижий инвестор ва кредиторларнинг талабларидан келиб чиқиб, молиявий ҳисоботлар МҲХС асосида ҳар ярим йиллик учун тайёрланиб, аудиторлик текширувидан ўтказилмоқда.

Мазкур молиявий ҳисоботлар расмий веб-сайтда жойлаштирилган ҳамда ҳисобот тайёрланганлиги тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган.

Жамиятнинг 2022 йил учун МҲХС асосидаги молиявий ҳисоботи ҳам корпоратив ахборот ягона порталига жойлаштирилган.

Жамиятнинг 2022 йил якунлари бўйича йиллик ҳисоботи акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида тасдиқлангандан сўнг қонунчиликда белгиланган муддатларда расмий веб-сайт ва корпоратив ахборот ягона порталига жойлаштирилади.

Ўз навбатида канал администраторига жамият фаолиятига бефарқ бўлмагани учун миннатдорлик билдирамиз.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube