September 7, 2023

АҚШнинг етакчи нефть-сервис компаниялари билан учрашувлар ўтказилди

O‘zbekcha Ruscha

Жорий йилнинг 5 сентябрь куни Хьюстон шаҳрида “Schlumberger” ва “Vortex Tools” халқаро нефть-сервис компаниялари билан музокаралар ўтказилди.

“Schlumberger” компаниясининг ижрочи вице-президенти Х. Аль Могарбел билан “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли конларда углеводородлар қазиб олишни кўпайтиришга қаратилган ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижаси муҳокама қилинди. Шунингдек, углеводородлар ҳажмини ошириш бўйича кейинги чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Эслатиб ўтамиз, “Schlumberger” компанияси “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг кўп йиллик ва тасдиқланган ҳамкори ҳисобланади.

2020 йилда “Schlumberger” билан ҳамкорликда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Миллий нефть ва газ маълумотлар базаси яратилган, 2021 йилда жамият конлари бўйича геологик-техник тадбирлар дастурини самарадорлигини баҳолаш лойиҳаси амалга оширилди, 2022 йилда жамиятнинг учун ишлаб чиқариш дастури ишлаб чиқилди, назорат қилинди ва тузатишлар киритилди.

Шу куни “Vortex Tools” компанияси президенти А.Миллер билан ҳам ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Америка томони қудуқларда табиий газ оқимининг кўпайишини таъминлайдиган ечимларни таклиф қилди.

Учрашув якунида томонлар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ишлаб чиқариш жараёнларида “Vortex Tools” технологиясини қўллаш имкониятларини ўрганиш учун зарур маълумотларни алмашишга қарор қилдилар.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ делегациясининг АҚШга ташрифи давом этмоқда.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube