“Ўзбекнефтгаз”: “Ғарбий Қуйи Сургил” конига қарашли қудуқнинг 4154 метр тубидан янги табиий газ оқими топилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Давлат геология қўмитаси билан ҳамкорликда Республика минерал хом ашё базасини мустаҳкамлаш ҳамда углеводород заҳираларини кўпайтиришга қаратилган нефть ва газ геология-қидирув ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда.
Жумладан, қўмита билан ҳамкорликда амалга оширилаётган геология-қидирув ишлари доирасида 2021 йилда очилган “Ғарбий Қуйи Сургил” конидаги 2-сонли излов қудуғида 4198 метр чуқурликкача амалга оширилган бурғилаш ишлари муваффақиятли якунланди.
Олиб борилган бир қатор таҳлиллар натижасида, жорий йилнинг 12 июнида ушбу қудуқ тубидаги 4154-4059 метр оралиқларда аниқланган қуйи юра қатламларини маҳсулдорликка синаш натижасида табиий газнинг саноат аҳамиятига эга оқимларини олишга эришилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, янги қудуқдан олинаётган маҳсулотнинг ҳажми кунлик 700-800 минг куб метрни ташкил қилмоқда. Якуний рақамларга эса ҳозирда тегишли тадқиқот институтлари томонидан олиб борилаётган таҳлиллар натижасида аниқлик киритилади.
“Ғарбий Қуйи Сургил” конининг ҳозирда мавжуд углеводород хом ашёси ресурслари 7,5 млрд куб метр табиий газ ҳамда 265 минг тонна газконденсати маҳсулотларини ташкил қилади.
Ҳозирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ушбу кондаги ишларни амалга оширишда Давлат геология қўмитаси ва унинг таркибидаги ташкилотлар ҳамда “Устюрт қидирув бурғилаш бошқармаси”нинг ёш ва малакали кадрлардан иборат маҳаллий ташкилотлар билан йўлга қўйилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари томонидан кейинги янги қудуқни бурғилаш нуқтасини аниқлаш бўйича қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Юқорида қайд этилганлардан ташқари “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Устюрт регионида нефть ва газ геология қидирув ишларини кенгайтириш ва жадаллаштириш, янги майдонларни аниқлаш ҳамда 4500 метрдан ортиқ чуқурликларда жойлашган истиқболларни ўзлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Республиканинг истиқболли ҳудудларида янги конларни очиш ҳамда углеводород заҳираларини кўпайтиришга қаратилган нефть ва газ геология-қидирув ишларини амалга ошириш давом этмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|