June 18, 2020

"Ўзбекнефтгаз": Бошқарув раиси бошчилигида тизимдаги бошқарма ва завод раҳбарлари иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилди

"Ўзбекнефтгаз" Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида тизимдаги бошқарма ва завод раҳбарлари иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш аввалида тизимдаги корхона ва ташкилотларда карантин қоидаларига қатъий амал қилиниши, ишчи-ходимларнинг саломатлиги, хавфсизлиги учун барча шароитларни яратиб бериш зарур эканлиги борасида топшириқлар берилди.

Карантин қоидаларига риоя этилиши бўйича завод ва бошқармалар раҳбарларининг шахсан жавобгар эканлиги белгиланди.

Йиғилишда асосий масала, 2020 йилнинг тугаб бораётган биринчи ярим йиллигида газ қазиб чиқариш бўйича белгиланган кўрсаткичларнинг натижасига қаратилди.

Муборак ва Шўртандаги конлардаги қудуқларда ишлаётган ишчиларнинг самарали меҳнати Бошқарув раиси томонидан эътироф этилди ва кейинчалик ҳам уларни тақдирлаш лозимлиги таъкидланди.

Устюрт ва Газли ҳудудида газ қазиб чиқариш ишлари суст бажарилаётгани, берилган топшириқлар белгиланган муддатда амалга оширилмагани танқид қилинди.

Бу борада масъулиятсизликка йўл қўйгани учун, тегишли раҳбарлар огоҳлантирилди ва қўшимча тарзда берилган топшириқлар бажарилмаган тақдирда, уларга нисбатан қатьий жазо чоралари кўрилиши айтилди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан ҳозирги кунда қадар газ қазиб чиқариш бўйича режа 99.1 фоиз бажарилган бўлишига қарамай бурғулаш ва қудуқларни таъмирлаш ишларида муаммоларнинг кўплиги таъкидланди.

Айрим раҳбарларнинг ишда йўл қўйган камчилиги ва масъулиятсизлиги натижасида қудуқлар белгиланган муддатда иш бошламагани айтилди.

Бошқарув раиси компрессор станциялари фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб, табиий газ қазиб олишда унинг муҳим аҳамият касб этиши ва бу борада ишларни тўлиқ амалга оширилиши кераклиги бўйича махсус топшириқлар берилди.

Қудуқлар сонини кўпайтириш ҳисобига газ қазиб олиш ҳажмини ошириш, қайта таъмирлаш ишларини сифатли бажариш, геология-қидирув борасида мукаммал режалар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, "Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш" АЖ томонидан қилинаётган ишларда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, ишчи-ходимлар учун 15 кунлик иш режимини ташкил этиб, барча шароитларни яратиб бериш вазифаси белгилаб берилди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати

|veb-sayt |facebook |instagram |telegram|