June 19, 2018

Ислом Каримов мебель ишлаб чиқариш корхонасини ишга туширмоқчи

Мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида хусусий секторнинг тутган ўрни муҳим аҳамият касб этади. Шу боис юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, чекка ҳудудларда ҳам ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

O‘zLiDeP Янгиқўрғон туман Кенгаши томонидан “Қутлуғтол” маҳалласида “Аҳоли, айниқса, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш O‘zLiDePнинг долзарб вазифалардан биридир” мавзусида ўтказилган давра суҳбати айни шу мавзуга бағишланди.

–Маҳаллада кичик тадбиркорлик шахобчалари кўп, аммо ишлаб чиқариш корхоналари деярли йўқ, – дейди “Қутлуғтол бунёдкорлари савдо сервис” корхонаси раҳбари Ислом Каримов. – Шу боис маҳалла ҳудудида ёғочдан мебел ишлаб чиқариш корхонаси қуриш ҳаракатидамиз. Шу билан бирга корхонамизда ишлаб чиқариш тармоғини йўлга қўйиб, 20 та янги иш ўрин яратмоқчимиз. Мақсадимиз маҳалладаги уюшмаган ёшларни шу корхонага жалб этиш.

Таъкидлаш керак, бугунги кунда 2700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган мазкур маҳаллада 2 та таълим муассасаси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари фаолият юритмоқда. Лекин каттароқ миқёсдаги ишлаб чиқариш цехи ёки корхонаси барпо этиш бугунги кун зарурати. Агар “Қутлуғтол бунёдкорлари савдо сервис” корхонасининг мебелчилик тармоғи ишга тушса, маҳалла ёшларини иш билан таъминлаш имконияти янада кенгаяди.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши

 матубот котиби