Ўзбекистон учун ОНЛАЙН ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИ

(Қисқартмалар: ОТМ = Олий Таълим Муассасаси. ООТД = Онлайн Олий Таълим Дастури)

Ҳар йили ОТМ ларга ҳужжат топшириш талаб даражасидан анча юқори бўлиши бу соҳада қўшимча тадбирларни ҳам амалга оширишни англатмоқда. Шунинг учун мен ОНЛАЙН ОЛИЙ ТАЪЛИМ ДАСТУРИ ни «ўзимча» ишлаб чиқдим ва тармоқлардаги муҳокамалар орқали янада мукаммал ҳолатга келади, деган умиддаман. (Хорижий онлайн таълим платформалари бўлмиш – Coursera, Edx ва UdaCity каби тизимлар билан қисман танишиб чиқдим)

(Буни ОНЛАЙН ОЛИЙ ТАЪЛИМ ДАСТУРИ дебми ёки ОНЛАЙН ОЛИЙ ТАЪЛИМ ПОРТАЛИ деб ҳам аташ ҳам мумкин, менимча)

Йилига ОТМларга ҳужжат топшириш миқдори 800.000 деб ҳисобласак, қабул эса 80.000 деб ҳисобласак, 720.000 абитуриент ортга қайтиб кетиши керак бўлмоқда.

ООТД эса ЯГОНА САЙТ ОРҚАЛИ талабаларни чегарасиз қабул қилади. Оналйн таълим тизимини ҳам бирор университетга қиёсласак, бу университетга «UzBridge» ОНЛАЙН УНИВEРСИТEТИ деб ном қўйсак ҳам бўлади. Қуйида тартиб билан ҳаммаси айтиб ўтилади

(Тахминий) ШАРТИ: Давлат ООТДни тамомлаган ёшларни ишга жойлаш ёки иш топиб бериш мажбуриятини ўз бўйнига олмайди. Ишларни таклиф қилиши мумкин. ООТДни тамомлаганлар ўзлари мустақил ҳаракат қилиб, билимига яраша иш топади

(Тахминий) МАҚСАД: ООТДда ўқиб чиққандан кейин жойларда ОТМни тамомлаганлар билан рақобатбардошлик даражаси ошади. Ким билимли бўлса, ўша ютиб кетаверади. ОТМда минглаб кадрлар чиқмоқда лекин сифатли кадрлар кам. ООТДни тамомлагандан кейин бирор ташкилотда ишламаса ҳамки, ўзини шахсий фаолиятини бошлаш ҳаракатида бўлиб, қадамлар ташлай бошлайди. Халқ орасида ўқимишлилар, фикрлаш доираси кенг бўлган шахслар миқдори ошади. Ҳаётда бирор қийинчиликка учраса, дарров юртни ташлаб чиқиб кетиб четда ишлашга чоғланавермайди. Имкон ва йўл қидиради

[ДИҚҚАТ! ФИКРЛАР ТАРТИБЛАШТИРИЛМАГАН. Кейинроқ янги фикрларни ҳам қўшиб, тартиблаштириб қўяман]

  • Онлайн Олий Таълим Дастури (ООТД)да дарслар фақат интернет сайт орқали видео, текст, китоб шаклида берилади. Ҳар бир фандан шу соҳанинг етук мутахассиси ООТД дастурига таклиф қилиниб, шартнома тузилади: Ўз фанидан видеодарслар тайёрлашга ва фанни тўлиқ ёритиб беришга. Масалан: ТАРИХ фани. Шу фандан талабаларга бериладиган қандай билим бўлса, соатларга бўлиб, аниқ қилиб мавзулаштирилиб видеодарслар, маъруза материаллари тайёрланади. Кўриниб турибдики, амалиёт талаб этмайдиган ҳар қандай фанни видеодарслик орқали янада кўпроқ талабаларга етказиш мумкин. Видеодарсларни монтаж жараёнлари, суратга олиш ва бошқа ишларга алоҳида команда тузилади.
  • ООТДга талабаларни онлайн тест синовлари орқали қабул қилинади ва тўплаган бали талаба дарасига етса қабул қилинади. Кириш имтиҳонлари ҳар бир фандан 100 тадан саволни ўз ичига олади: тестлар мактаб дарсликлари бўйича тузилади. Тест синовларидан ўтган абитуриент ўқишга қабул қилинади, фақат бир шарт билан: ООТД да таҳсил олиш фақат тўлов шартнома асосида бўлади. Яъни масалан, йиллик 5.000.000 сўм. Ўқишга қабул қилингандан кейин тўлов суммани банк орқали тўлайди ва онлайн ўқишни бошлайди
Кичик таҳлил (Тахминий ва минимал ҳисобда): агар 1 йилда 20.000 талаба Онлайн таълимда ўқиса, бу дегани давлат ғазнасига 100 миллиард сўм тушади, дегани. Яъни тахминан 12.500.000$. Агар бу кўрсаткич 50.000 талабага кўтарилса, шартнома пулидан давлатга келиб тушадиган сумма 250 миллиард сўм ёки тахминан 31.250.000$
  • Кириш имтиҳонлари йилда 3 марта ўтказилади, яъни 4 ойда бир марта имтиҳон бўлиб ўтади. Бир имтиҳондан ўтолмаган абитуриент кейинги имтиҳонга тайёргарлик кўраверади
  • Вилоят ва қишлоқларда собиқ коллеж бинолари ҳозирда эса «Ёшлар Маркази»га айлантирилган биноларга барча шароитлар яратилади. 5-6 та хонани компютерлар билан таъминлаб тезкор интернетга улаб қўйилади. Уйида компютери, интернет ва шу каби шароити йўқ бўлганлар бемалол «Ёшлар Маркази»га келиб видеодарсларни кўриб, қатнашиб кетаверади. Компютерни ўрганмоқчи бўлганлар ҳам бемалол келиб ўрганаверади. (Қўшимчасига шунча катта бинолар (собиқ коллеж бинолари)дан мақсадли фойдаланишнинг бошқачароқ йўллари ҳам бор)
  • Кириш имтиҳонларига ҳужжатлар фақат электрон шаклда қабул қилинади:
  • - пасспорт нусхаси
  • - 3х4 расм
  • - яшаш жойидан маълумотнома
  • - коллеж ёки мактабни тамомлаганлигини тасдиқловчи аттестат ёки диплом
Онлайн таълимга кириш ёши 18 ёшдан бошланади ва катта ёш чекланмаган. ООТДга киргандан кейин 1 ҳафта муҳлат ичида шартнома пулини тўлай олса, пул тўлаши билан сайтда унинг учун шахсий кабинет очилади. Шу ерда 1 та мутахассисликни танлайди. Агар 2-3 та мутахассисликни танламоқчи бўлса, демак 2-3 та мутахассислик шартнома пулини тўлаш керак бўлади. Масалан: 4 та мутахассислик учун – 5.000.000х4=20.000.000 сўм
  • Дарслар фақат шахсий кабинети орқали тақдим этилади. Кунлик дарслар ўз кунида тақдим этилади. Ва ҳафта сўнгида шу ҳафта давомида олган билимлари юзасидан ҳафталик тест топширади. Ҳар ой охирида эса ойлик тест синовини топширади. Тестдан ўтолмаса, шахсий кабинетдаги янги видео, текст, аудиодарслар бериб бориладиган дарчага кира олмайди. Беркитилиб қўяди. Лекин аввалги берилган видео дарслар жойлашган бўлим очиқ бўлади. Тестга қайта тайёрланиш учун ўша видеодарсларни қайтадан кўриб чиқиш керак бўлади. Кунлик бериладиган дарсларни куннинг ҳар қандай пайтида сайтга кириб кўриб олиш мумкин. Видеодарсларда тушунмаган жойи мавжуд бўлса ўзининг шахсий кабинети орқали ўша фан ўқитувчисига бемалол савол йўллаши ва жавоб олиши мумкин. Саволни Аудио, Видео ёки Текст кўринишида юбориш ҳам мумкин бўлади. Жавоб бериш ҳам шу зайлда олиб борилади
  • Талабаларга билим беришда албатта китоблардан фойдаланилади. Ҳар бир мавзу юзасидан айнан шу мавзу бўйича электрон китобдан ҳам ўқиб бориш талаб этилади. Видео дарсга қўшимча бўладиган бу китоб ўқишлар, талабалардаги ортиқча саволларни бартараф этишда ҳам асосий роль ўйнайди
  • Эътиборли жихати шундаки, кераксиз фанларни ўқитиш ва ортиқча вақт сарфлашларга тамоман чек қўйилади. Энг керакли ва кадрлар учун зарур бўлган фанлар чуқур ўргатилади.
  • Бошқа давлатларда юрган ўзбеклар ҳам бемалол сайтга кириб имтиҳон топширишлари, агар ўтса, шартнома пулини тўлашлари ва онлайн ўқишни бошлашлари мумкин.
  • ООТД да ўқиш муддати 2 йил қилиб белгиланади ва бир курсдан иккинчисига ўтиш учун йиллик имтиҳондан ўтиш керак бўлади. Маълум бир миқдордаги балл олинса кейинги босқичга отади, шартнома пулини тўлайди ва иккинчи курсдан ўқишни давом эттиради.
  • Ўқишни тамомлагандан кейин, ўқишни тамомлаганлик тўғрисидаги диплом, сертификатлар тақдим этилади. Онлайн Олий Маълумотли Кадр мақоми берилади. Диплом олишдан олдин ҳам билимлари текшириб кўрилади. (Балки 2 йиллик ўқиш ОТМларда бўлгани каби БАКАЛАВР босқичига тенглаштирилиб, кейинги 2 йиллик эса МАГИСТРAТУРАга тенглаштирилар)
  • Талабалар учун ҳафта сўнгида, куннинг маълум қисмида онлайн-суҳбат платформаси очилади. Вақти ва имконига қараб, хоҳлаганлар бемалол қатнашади. Видео орқали суҳбатлар ташкил қилинади. Фикрлаш ва ораторлик қобилияти ҳам секин асталик билан шаклланиб бораверади. Ҳафта давомида мавзу танланади ва ҳафта сўнгида шу мавзу бўйича суҳбат ўтказилади. Савол-жавоб ва бошқалар
  • Аввал айтиб ўтганимдек, ООТД дастурига ҳамма соҳани ҳам қамраб олиб бўлмайди. Амалиёт, ёки айнан бориб ўрганадиган соҳаларда видео дарслар қилинмайди. Бу соҳалар бўйича ҳам талабалар тайёрланмайди. Қолган барча соҳалар тўлиқ қамраб олинади
  • Ҳар ойда бир маротаба онлайн видео конференция ташкил этилади. Бир кун танланиб савол жавоблар қилинади, вазирлик ёки университет ўқитувчилари билан кўришиб гаплашиши мумкин бўлади
  • ООТД да ортиқча қоғозбозлик ва сарф харажатлар деярли умуман бўлмайди. Ҳаммаси электронлаштирилган бўлади. Талаблар қатъий қўйилади. Китоблар ўқиш ва берилган вазифаларни вақтида бажаришни назорат қилувчи ходимлар билан таъминланади.
  • Корхоналарда ишлаётган ходимларнинг маълумоти ўрта бўлса, шулар ҳам ишидан ажралмаган ҳолда бемалол ООТДда ўқиб олий маълумот олиши мумкин бўлади.
  • ОТМ да ўқиётган талабалар ҳам ООТДда бериб борилаётган видео дарсларни олишлари мумкин: фақат 50% ООТД шартнома пулини тўлагандан кейин
  • Университетларда ўргатилаётган барча хорижий тиллар ООТДда ҳам мукаммал ўргатилади. Билим олиш қатъий назоратга олинади
  • ООТД да ҳафтада 5 кун ўқиш ҳисобланиб, қолган 2 кун такрорлаб олишга ва тайёрланишга етади
  • ОТМларга кириш имтиҳони бўлиб ўтадиган жараёнда ўқишга киролмаган лекин тўплаган бали 100 балдан ошган абитуриентлар ҳеч қандай имтиҳонсиз ООТДга қабул қилинади ва 1 йиллик шартнома пулини тўлаб, ўқишни бошлашлари мумкин.
  • ООТДда талабалар ҳар ой охирида бўладиган тест синовидан бирортасидан керакли бал тўплай олмаса, кейинги тест синовига киришга мажбур бўлади. Кейинги тест синови 5 кундан кейин бўлади ва баҳоси 500.000 сўм бўлади
  • Йил давомидан танловлар эълон қилиниб борилади. Танловда совринли ўринларни эгаллаган ёшларга кейинги босқичга ўтишда шартнома пулидан каттагина чегирмалар тақдим этилади
  • Компания ва корхоналар ўз ходимларини ҳам шу йўл орқали ўқитиб олишлари мумкин. Уларга кадр керак бўлса ООТД дастурида ўқиётган талабалар орасидан яхшиларини саралаб олишлари мумкин. Ҳам ўқиш, ҳам амалиёт сифатида
  • ООТД да қўшни ва хорижий давлат фуқаролари ҳам таҳсил олишлари ва диплом олишлари мумкин.
  • ООТД да нафақат олий таълимдан фанлар ўргатилади, балки касб-ҳунар дарслари ҳам ўргатилиши мумкин

Агар бу айтилганларни бажаришга давлат куч тополмаса, буни хусусий ширкатларга топшириб, 51%лик назоратни давлат қўлга киритса ҳам бўлади.

////////////

Бу ерда шунчаки ғоя ва фикрлар баён қилинган бўлиб, бу лойиҳага қанча маблағ талаб этилиши ҳали ҳисоблаб чиқилмаган

04.07.2018 Тошкент шаҳри