ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ ТУШУНЧАСИНИ ОШИРИШ

(Ушбу таклиф ”МEНИНГ ФИКРИМ“ порталида рад этилган)

ШИФОКОРЛАРГА ЯХШИ ТАКЛИФ. АГАР ТАКЛИФ ҚАБУЛ ҚИЛИНМАСА, БИЛМАДИМООВ.

(Балки Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги эътибор бериб қолар ....)

Шундай тезкор замонда шифокорларимизга айтмоқчи бўлган 1-2 та гапларим бор. Фақат тўғри тушунинглар.

(Эслатма: Санаб ўтилган вазиятлар ҳар доим ҳам содир бўлавермайди, лекин содир бўлган тақдирда ҳам инсон ҳаёти ҳақида гап бормоқда)

Яқин одаминг бехосдан хушидан кетиб қолса ёки бирор воқеа бўлиб шикастланса ва зудлик билан нимадир қилинмаса, шикастланган инсоннинг ҳаёти учун хавфли ҳолат юз бериши мумкин бўлган пайтда, тез тиббий ёрдам хизматига тел қиласиз, ва -

1. Телефон қилганингиздан кейин тез ёрдам автомобильи тахминан 15-20 минутда етиб келади. Агар унгача бирор кор хол содир бўлмаса, бемор ҳаёти сақлаб қолинади

2. Телефон қилганингиздан кейин тез ёрдам автомобильи 40-45 минутда келади. Сабаби эса тиғиз пайт бўлгани учун, йўллар тирбанд. Машиналар йўл бериши қийин ҳолат. Тез тиббий ёрдам машинаси ёки ўт ўчириш машинаси учун махсус ажратилган йўл қисми бизда мавжуд эмас. (Балки бордир, лекин мен кўрмаганман, вилоятларда ҳам, Тошкентда ҳам. Кўргандирману, лекин эътибор бермагандурман). Ўз шахсий автомобильингизда беморни олиб борган тақдирингизда ҳам ўша вазиятлар сабаб анчагина кечикишингиз мумкин. (Бунинг қанчалик даҳшатли ҳолат эканини шу вазиятга тушган одам билади)

3. Телефон қилганингизда ... Йўқ, бу сафар телефон ҳам қилолмайсиз. Чунки сиз кўчадасиз, ёки бирор одамлар камроқ бўлган жойга бориб қолган эдингиз, телефон эса уйда қолиб кетган бўлса, вазият янада чигаллашади

4. Вилоятларга кўп бораман. Шунда ҳам баъзан тасаввур қиламан: Худо кўрсатмасин яқин инсонимга ёки ўзимга бирор кор хол содир бўлса, қайси томонга югураман, тез ёрдамга тел қилсам, манзилни айтишда қаерни айтаман. Атрофда одамлар бўлса яхшикуя, куннинг маълум қисмларида одамларни ҳам топиб бўлмаслиги мумкин ... вазият эса тобора қийинлашиб бормоқда, беморнинг аҳволи эса оғир ...

Айниқса бир вилоятдан иккинчи вилоятга бораётганингизда ўртада олис йўлларни босиб ўтасиз ... олис ... олис. Шундай пайтда бирор воқеа содир бўлса ва тез ёрдам хизмати зарур бўлса. Тел қилиб манзилни тахминан айтган тақдирингизда ҳам камида 1 соатда келади.

Айниқса, довон оша манзил томон кетаётганингизда, устига устак телефон антеннаси ҳам йўқолиб қолган пайтда ... Тасаввур қилингда, тоғ ўртасида жойлашган тез ёрдам масканига боргунча нималар содир бўлиши мумкин

5. Телефон қилганингизда ... Йўқ, бу сафар ҳам телефон қилолмайсиз, чунки бемор ўзингизсиз, бирор жойингиз шикастланган, ёки қўрқувдан гапиролмаяпсиз ... Ёмон вазиятга тушганда инсондаги психологик жараён қандай ҳолатда бўладию, шу вазиятда бирор иш ҳаракат қила оладими?

///////////////////////////////////

Куни кеча FACEBOOK тармоғида бир хабарни ўқиб қолдим. Аниқ тафсилоти эсимда қолмадикуя, лекин йўл беркилгани сабабли тиқилинч автомобильлар қаторига тушиб қолган ва шахсий автомобильида олиб кетилаётган бемор аҳволи ёмонлашган ... ва эслашимча вафот этди шекилли. Вақтида етиб бора олмагани учундир балки

//////////////////////////////////

Юқорида санаб ўтилган, кўзга кўринмайдиган лекин жуда ҳам долзарб бўлган муаммога ўзимча ечим ахтардим. Агар менда шунақа вазият бўлиб қолса, тез ёрдам машинаси келгунча биринчи ёрдамни кўрсата оламанми, деб бир пайтлар ўрганган, лекин унчалик яхши тушунмаган биринчи ёрдам вақтида нималар қилиш кераклигини ўрганиш учун GOOGLE амакига ҳамда YOUTUBE тоғага ЎЗБEКЧА мурожаат қилдим.

GOOGLE амаки, 5-6 та мақолаю, 1 та китоб топиб берди. YOUTUBE тоға эса қаердаги кўрсатувларни тақдим қилди.

Менку мақолани ўқиб, ёки китобни ўқиб тушуниб оларман, лекин ҳамма ҳам мендек эмаску.

Кейин эса РУСЧА ва ИНГЛИЗЧА сўраб кўрдим. Бу вазиятда эса Google амаки ҳам, Youtube тоға ҳам менга юзлаб видео қўлланмаю, батафсил тушунтирилган мақолаларни тақдим қилди.

Бундан келиб чиқдики, бизнинг ўзбеклар ё ҳамма нарсани билади ёки Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун биз одамларнинг бу борадаги бошланғич ва асосий билимларга эга бўлиши унчалик қизиқ эмас.

(Шу пайт кўча тозалашга ёки пахта теришга олиб чиқилган шифокорлар, ҳамширалар кўз олдимга келди негадир)

ТАКЛИФ ЭСА ҚУЙИДАГИЧА:

1. Ҳар бир вазият бўйича - Тез ёрдам келгунча биринчи ёрдамни кўрсатиш бўйича махсус видео қўлланма яратилса. Қўли синса нима қилиш керак? Оёғи синса нима қилиш керак? Нафас қисиб қолиб ерга ётиб қолса нима қилиш керак? Юрак хуружида нима қилиш керак? Автомобильда авария содир бўлганда қандай аҳволга тушади, руҳий томондан эзилган ва нима қилаётганини ҳам билмаслиги мумкин. Шу вазиятларда, ваҳимага тушмасдан қандай ҳаракатлар қилиш керак? …. Ва бошқалар Ҳаммасини санаб ўтишим шарт эмас, ўзларингиз биласиз албатта.

Ишонинг, жуда ҳам катта савобнинг тагида қоласиз.

Энди тасаввур қилинг, видео қўлланма ҳар бир хонадонга кириб борса, ҳар бир ота-она ўзи учун ўрганса ва фарзандларини ҳам ўрганишга ундаса, ўлимга олиб борувчи ҳолатлар анча камаядими? Инсон ҳаёти ҳақида гапирганда, тақдири шу эканда, нима ҳам қила олардик, деган бахоналар сал бўлса ҳам камаярмиди? Ҳар қалай тез ёрдам машинаси келгунича ҳеч нарса қилмай тургандан нимадир эсида қолиб, ўша ҳаракатни қилгандан кейин, ётган беморга сал бўлса ҳам енгиллик бўладими? Чет элларда юрган, қурилишларда ишлаётган миллионлаб ватадошларимиз бор. Хавфли вазиятда ва тез ёрдам хизмати керак бўлган пайтда, биринчи ёрдамнинг кўрсатилиши бир инсон ҳаётини сақлаб қоладику. Чўлу биёбонларда ёки далаларда ишлаётган деҳқонларимиз, ватандошларимиз бор. Ҳар кимнинг жони ўзи учун азиз.

Видео қўлланма: Инглизларда бор. Русларда бор ва менимча бошқа миллатларда ҳам бор, лекин нега бизда йўқ?!. Ёки биз бошқа сайёрада яшаяпмизми? Улар учун инсон ҳаёти қадрли биз учун эса унчалик аҳамияцизми?

(Агар бор бўлсаю, мен кўрмаган бўлсам, узр сўрайман)

Видео қўлланмани қандай чиқариш ва ким чиқаришини аҳамияти йўқ. Муҳими чиқсин. Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги чиқармаса, хусусий клиника ёки шифохоналар чиқарсин. Халқ ичида тарқатилгандан кейин бепул реклама бўлади қайтанга ))

2. Вилоятлар ва шаҳарларда шифохоналар ёки тез ёрдам масканлари томон кўрсатилган йўл белгилари ишлаб чиқилса. Ёки бирор шунга ўхшаш нарса. Йўлда кетяпсизда белгига қараб ҳаракатланяпсиз. Ва аниқ топиб бордингиз. Ҳар қалай, одамлардан сўраб боргунча яхшими дейманда. Вилоятларга бориб қолса, қаёқда жойлашганини ҳам билмайди. Тошкентда ҳам шу ахвол. Туристлар ҳам хурсанд бўлади, маҳаллий халқ ҳам.

Ёки аниқ манзиллар кўрсатилган харита билан таъминланадими билмадим. Хуллас ўйлаб кўрасизлар.

Санаб айтиб ўтган гапларим, 99% хато бўлса ҳам, ўша қолган 1%ини тўғри деб қабул қилсангиз ҳам катта гап.

Бу гаплар билан мен ҳар жойга борганда касал бўлиб қоламан, тополмаяпман ёки билмаяпман, деб айтмоқчи эмасман. Шуни билиш орқали қанча одамларнинг ҳаёти сақланиб қолишини мумкинлигини айтяпман холос.

Ушбу таклифни «ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ» гуруҳига пост қилдим. Админжонлардан эсон-омон ўтиб одамлар эътиборига ҳавола этилади деган умиддаман

ХУЛЛАС ШУНАҚА ГАПЛАР ОЛАМДА

© Рустамбек Абдуллажон 25.04.2018 Тошкент ш.