January 22, 2019

Ўзбекистонга инвестицияни кимлар олиб келади?

Uztime.uz

2019 йилни “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб аталиши муносабати билан жойларда ўтказилаётган учрашув ва мулоқотларда “инвестиция” сўзи қайта-қайта тилга олинмоқда. “Биз юртимизга кўпроқ инвестиция олиб келишимиз керак” деган даъватлар янграб турибди. Бир қарашда бу гапда хато йўқ. Лекин қуруқ гап қулоққа ёқмайди, деганларидек, иқтисодиётимизга инвестиция зарурлиги кундай равшан. Ҳамма гап четдаги сармояни фаоллаштириш учун нималар қилиниши кераклиги ҳақида.

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида йирик корхоналар, кўзга кўринган ишбилармонлар маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолияти натижасида катта даромадга эга бўладилар. Тадбиркорлик қоидасига биноан ўша даромад туриб қолса, пул “кул”га айланади. Агар сармоя ишлаб чиқаришга йўналтирилса, фойда ёнига фойда қўшилиши мумкин. Хўш, ўша маблағни қаерга сарфлаган маъқул? Иқтисодчилар тили билан айтганда, эртанги кунни кўзлаган сармоядор инвестицион муҳит қулай бўлган жойга маблағ йўналтиради. Бундан ҳар икки томон — инвестор ҳам, инвестиция йўналтирилган субъект ҳам манфаатдор бўлади.

Деҳқонча қилиб тушунтирадиган бўлсак, уруғ яхши ҳайдалган, тупроғи юмшатилган, ўғит билан тўйдирилган, намлик етарли заминга тушса, ҳосил яхши бўлади. Инвестиция учун қулай шароит, дунё амалиётининг кўрсатишича, тинчлик-осойишталик барқарор ва қонун устувор ерга йўналтирилиши айни муддаодир.

Бизда, минг шукрки, тинч ва осойишта ҳаёт ҳукмрон, одамларимиз қонун талабларига итоат қилиб яшашмоқда. Лекин шундай эканлигини ҳамма хорижлик сармоядорлар яхши билишадими? Йўқ. Баъзилари Ўзбекистон десангиз, “Қайси, Афғонистон билан чегарадош давлатми?” дегувчилар ҳам бор. Аслида эса бизнинг мамлакатимиз инсоният тамаддунига буюк аллома ва мутафаккирларни берган замин бўлиб, унда яшаётган аҳоли ҳам аждодлар изидан бориб, инсоф ва диёнатни ҳаётий ақида қилган одамлардир.

Агар хорижлик инвестор бизга сармоя сарфласа, ўз мақсадига эришади. Асосий масала уларни ана шу ҳақиқатга ишонтира билишда. Бунинг учун юртимизга келган сайёҳларга тарихий обидаларни кўрсатиш билан бир қаторда иқтисодиётимиз билан таништирганимиз айни муддаодир. Шу пайтгача фаолият юритиб келаётган қўшма корхоналар, чет эл сармояси келтираётган самаралар ҳақида гапириб беришимиз зарур. “Ўзбекистонда бизнес қилинг” деган ғоя турли шаклларда намоён бўлиши муҳимдир.

Хориж сафарларига борганимизда у ердаги осмонўпар биноларга ҳайрат билан боқамизу мезбонларни юртимизга таклиф қилишни ўйламаймиз. Ахир ишнинг кўзини билган инсон ҳар қадамда Ватан манфаатини ўйлаши керак эмасми?! Табиийки, Ўзбекистон инвестицияларни жалб этиш, аввало, ватанпарвар, элсевар инсонларнинг иши. Шу ҳақда жиддий ўйламайдиган юртдошларимиз эса “Олма пиш, оғзимга туш” қабилида кутиб ўтирадилар.

— Инвестициялар ҳар қандай мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳаракатлантирувчи куч бўлиб, уларнинг ёрдамида иқтисодиётнинг инновациялар ва юқори технологиялар асосида ривожланиши қўллаб-қувватланади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар қўмитаси хорижий ҳамкорликни ривожлантириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш департаменти бошлиғи ўринбосари Алексей Ким, — импорт ўрнини босиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш сиёсати муваффақиятли амалга оширилади, замонавий инфратузилмалар ривожлантирилади, янгидан-янги иш жойлари яратилиб, ишсизлик муаммосининг олди олинади, энг асосийси, эркин рақобат ва тадбиркорлик муносабатларига асосланган замонавий иқтисодий тизим ривожлантирилади. Инвестицияларнинг яна бир муҳим аҳамияти шундаки, улар ҳар қандай мамлакатнинг яқин ва узоқ келажакда ривожланиш истиқболларини белгилаб беради.

Ўзбекистон Республикасининг “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунида инвестицияларга қуйидагича таъриф берилади: “инвестициялар — қонун ҳужжатларида тақиқланмаган тадбиркорлик фаолияти ва бошқа турдаги фаолият объектларига киритиладиган моддий ва номоддий неъматлар ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар, шу жумладан интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар, шунингдек реинвестициялар”. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Инвестиция тўғрисида”ги Қонунига кўра: “инвестиция бу – иқтисодий самара (фойда, даромад) олиш ёки ижобий, ижтимоий натижага эришиш учун сарфланадиган пул маблағлари, банкларга қўйилган омонатлар, пайлар, қимматли қоғозлар (акция, облигациялар), технологиялар, машиналар, асбоб-ускуналар, лицензиялар ва самара берадиган бошқа ҳар қандай бойликлардир”.

Инвестициялар келиб чиқиш манбаларига кўра асосан икки хил — яъни хорижий инвестициялар ва ички инвестицияларга бўлинади. Инвестицияларнинг ушбу иккала тури ҳам қуйидаги объектларни ривожлантиришга йўналтирилади: ҳудудлар, тармоқлар, ташкилотлар ва тадбиркорликсубъектлари.

Юртимизда четдан инвестиция келтириб, кўнгилдаги самара олаётган тадбиркорлар анчагина. Шулардан бири Бухоро шаҳридаги “Бриллиант Силк” МЧЖ 10,2 миллион доллар миқдоридаги инвестицияни Сингапурнинг “Кинжоу натурал филдо биотехнологии” корхонаси билан Хитой усулида пилла етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳа туфайли 1500 та иш ўрни яратилди. Шунингдек, Когон туманидаги “Кнауф гипс Бухоро” МЧЖ Германиянинг “Кнауф Гроуп” корхонасидан келтирилган 36,3 миллион долларлик сармоя ҳисобига йилига 120 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашди.

Ўзбекистон бугунги кунга келиб дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлмоқда. Демак, шу юрт фуқаролари ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигини қалбдан ҳис қилмоқда. Шу маънода иқтисодиётимизда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш маданияти дунё андозалари талабларига муносиб бўлиб бормоқда. Юртимизда бошқа минтақалардан инвестиция жалб этиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали экспорт салоҳиятини юксалтириш, яъни жаҳонга чиқиш доимий турмуш тарзига айланиши табиий, албатта. Бундай ёндашув халқимиз турмуш фаровонлигини оширади, пировардида Ўзбекистон жаҳон миқёсида муносиб ўринга эга бўлади