Етиштирилган аччиқ қалампир нега далада қолиб кетди?

Зафар Рўзиев,

Қашқадарё вилояти ҳокими

– Қашқадарё вилоятида 2018 йилда 5 минг гектарга яқин майдонда аччиқ қалампир етиштирилган. Аммо маълумотларга кўра, Яккабоғ, Қамаши ва Чироқчи туманларида етиштирган қалампир далада қолиб кетган. Миришкор туманида эса қалампир ҳосилини тўлиқ етиштириб олиш имкони бўлмаган. Пачкамар сув омборида сув йўқ бўлганига қарамай Ғузор туманида катта майдонларга чигит экилган. Алал-оқибат фермерлар зарар кўрган. Вилоят ҳокими сифатида бу ҳолатни қандай изоҳлайсиз?

– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасида ерга, меҳнатга муносабат ўзгаргани, деҳқончилик маданияти юксалганини юртимизда, хусусан Қашқадарё вилояти иқтисодий салоҳияти йилдан-йилга ортаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Мамлакатимизда етиштирилаётган ғалланинг 13, пахтанинг 14 фоиздан ортиғи вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади. Барча соҳалардаги, хусусан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кенг қамровли ислоҳотлар натижасида юртимизда шу жумладан, Қашқадарё вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги “Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 62-сонли қарорига асосан вилоятда 2,1 минг гектар майдонга, шундан Миришкор туманидаги “Big agro impeks” МЧЖ томонидан 2 минг гектар майдонга ҳамда Қарши туманидаги “Big agro” МЧЖ экспортёр корхоналари томонидан 100 гектар майдонга аччиқ қалампир экинларини етиштириш белгиланган.

Мазкур экспортёр корхоналар томонидан Ҳиндистон давлатидан “Cayan” навли аччиқ қалампир уруғликлари олиб келиниб, иссиқхоналарда кўчат қилиниб, экиш ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, туманларда экспорт қилишни кўпайтириш мақсадида туман ҳокимликлари ҳамда фермер хўжаликларининг таклифига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги “Сабзавот, полизчилик, боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 258-сонли қарорига асосан асосий майдонларда қўшимча 3 минг гектар, жами 5,1 минг гектар, жумладан Яккабоғ туманида 250 гектар ва Қамаши туманида 250 гектар Чироқчи туманида 250 гектар майдонга аччиқ қалампир экиш белгиланган.

Жорий йилда об-ҳавонинг ноқулай келиши, ёғингарчилик кам бўлганлиги, сув омборларда сув захираси кам йиғилганлиги натижасида аччиқ қалампир экиш ишлари Қамаши ва Яккабоғ туманларида белгиланган агротехник муддатдан кеч экилди. Камчиликларга йўл қўйган тегишли масъулларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилди.

Экилган қалампир экинларини суғориш даврида сув таъминотининг етарли бўлмаганлиги, қалампир экинларини ҳосилга кириш вегетация даврида ҳаво ҳароратининг 40 градусдан ортиқ иссиқ бўлганлиги ҳисобига экилган қалампир экинларидан кутилган ҳосилни олиш имкони бўлмади.

Юқоридагиларга қарамасдан вилоят бўйича 2354 тонна, шундан Миришкор туманида 1376 тонна, Яккабоғда 66,7 тонна, Чироқчида 56,4 тонна ва Қамаши туманида 72,3 тонна қалампир маҳсулотлари етиштирилди ва шу кунгача 1875 минг АҚШ долларлик аччиқ қалампир маҳсулоти экспорт қилинди. Экспорт қилиш давом эттирилмоқда.

Қиш ойида қорнинг ёғмаслиги эвазига захира намнинг бўлмаганлиги ҳамда баҳор ойларида об-ҳавонинг кескин қурғоқчил келиб, ёғингарчилик кўп йилликка нисбатан 170 мм.га кам бўлганлиги натижасида чигитни тупроқнинг табиий намига ундириб олинадиган Ғузор туманида экилган майдондаги чигит табиий намига униб чиқмади ва натижада чигит экилган майдонларга чигит суви берилиб, чигит ундириб олинганлиги сабабли ғўза ниҳоллари ривожи 15-20 кунга кечикди.

Вилоятда 2018 йилда сув таъминотининг оғир бўлганлиги сабабли, Ғузор туманида чигит экиш режаси 2017 йилдагига нисбатан 2600 гектарга камайтирилиб, 6500 гектар майдонга жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, жорий йилда кластер усулида пахта етиштиришни кўпайтириш мўлжалланяпти. Бу борада Қашқадарё вилоятида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Кластер амалиёти қишлоқ хўжалигида ҳосилни парваришлашдан тортиб, маҳсулотни қайта ишлайдиган замонавий завод ва фабрикалар қуриш, пахта хом ашёсини тўла қайта ишлашни қамрайди. Шунингдек, жойларда қишлоқ хўжалиги ҳамда енгил саноат тармоғини янада ривожлантириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ҳисобига қўшимча қиймат яратиш, экспортбоп тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, янги иш ўринлари очиш имконини беради.