Чироқчи мактабгача таълим тизими яна сўроқ остида? Боғча бор, бола йўқ…

Чироқчи туманидаги 10-мактабгача таълим муассасасида 125 нафар болаларга таълим тарбия берилади.
Аммо жорий йилнинг 7 июнь куни боғчадаги мана шу 125 нафар болалар ҳеч қандай сабабларсиз таълим –тарбия жараёнида иштирок этмаган.
Ўтган асрнинг тахминан 1945 йилларида қурилган боғчанинг таъмирталаб экани ўша қишлоқда истиқомат қилаётган аҳолига сир эмас.
Ҳаттоки бу йил «Обод қишлоқ» дастури асосида қайта таъмирлаш ишлари олиб борилади, деган тахминлар ҳам бор.
Лекин ўз-ўзидан боғчада жараён тўхтаб қолиши, болаларга жавоб бериб юборилишига асосий сабаб нима?

Жавоблар ҳар – хил аммо, аниқлик йўқ

7 июнь куни муассасага борганимизда тарбиячилар ўртасида боғча ҳудудида ҳашар ишлари ташкил қилинганини ва атроф ободонлаштирилаётганлигининг устидан чиқдик. Бизни кутиб олган тарбиячилар аввалига ҳайрон қолишди, сўнгра сергакланиб эгниларига оқ ҳалатларини илдириб олишди.
Уларни бироз кузатгач табиийки биринчи саволимиз болаларнинг қаерда эканлиги ҳақида бўлди.

-Бугун қисқа гуруҳимиздан бир неча болаларимиз келган эди.
Лекин болалар тўлиқ таркиб бўлмаганлиги туфайли уларга жавоб бериб юборишга мажбур бўлдик,- дейди тарбиячи Сайёра Абдурайимова.

Яна бир тарбиячи Озода Холқараева эса бутунлай бошқача жавоб берди. Унинг фикрига кўра, муассасага эрталаб ҳамма болалар келган. Аммо дизенфекция ишларини олиб бориш учун уларга жавоб бериб юбордик,- деб айтиб қолди.

Тарбиячилардан яна бирининг фикрига кўра , болаларнинг йўқлигига сабаб « –Бугун текширувчилар келишади, шу сабабли болаларни қабул қилманглар» деб боғча мудираси топшириқ берган. Аммо ўзини маълум бир сабабларга кўра боғчада учратмадик.

Шунингдек, муассасада қоровул ҳам, хўжалик мудири ҳам, ҳамшира ва бош ошпазнинг йўқлиги бизда яна савол туғдирди. Агар бугун фаолият давом этаётган бўлса, масъуллардан кимнидир учратган бўлар эдикда. Орадан бир соатлар вақт ўтиб, биз қидирган масъуллардан айримлари пайдо бўлиб қолди.

Дастлаб ошхонанинг ҳолатига эътиборингизни қаратсак:

Бу ерда ҳеч қандай хавфсизлик қонун-қоидаларга риоя этилмаган ҳолда газ балони ўрнатилган бўлиб, бунга туман газ участкаси хулоса ҳам бермаган экан.Қизиғи боғча маъмурияти газ балонини ўз ҳисобидан тўлдирмоқда.
Буни туман газ участкаси, мактабгача таълим бўлими ёки туман ёнғин хавфсизлиги бўлими назорат остига олмаган. Бу ҳақда туман газ участкаси бошлиғи Абдумурод Норбоев шундай дейди:

-Бизга газ балонларини ўрнатиш ва назорат қилиш учун тегишли тартибда ҳар бир МТМ аввало хат билан мурожаат этишади. Ундан кейин эса лойиҳа асосида газ балон ўрнатилади ва назоратга олинади. Балонлар участкамиз томонидан бепул тарқатилади ва доимий равишда тўлдириб берилади. Лекин, минг афсуски, туман марказидаги 7 та боғча ўтган йили ҳам, бу йил ҳам лойиҳа чиздириб шартнома тузган. Аммо буларнинг бари қоғозда қолиб кетган. Шу боисдан қайси боғчада қандай газ балони бор эканидан хабардор эмасмиз.

Бундан ташқари, шу куни болалар қабул қилинмаган бўлсада, ошхонадаги музлаткичда бир кунлик таомнома учун гўшт маҳсулоти сақланаётганига нима дейсиз? Демак, гўштдан ташқари қўшимча озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам олинган.

Бу ҳақда бош ошпаздан изоҳ олмоқчи эдик, афсуски уни учратишнинг имкони бўлмади.

-Ҳудди шу ҳолат бўйича бўлимдан маслаҳат олгани кетган эдим,- дейди боғча мудираси Зилола Абдуллаева.Ўзим ҳам ҳайронман. Бугун кўп болаларимиз келмади. Шу боисдан тарбиячиларимизга тозалик ишларини олиб бориш учун топшириқ бердим.

Ҳақиқатдан муассаса анча эски. Тахминларга кўра у 1945 йилга қурилган. Орадан йиллар ўтиб анча нураб эскириб қолган боғчанинг дераза эшиклари ва том қисми қисман таъмирланган холос.Қисқа муддатли болалар тарбияланаётган бино том қисмининг шифти ўпирилиб тушган.

-Яхшиямки бу болалар йўқлигида содир бўлди,- дейди тарбиячилардан бири.
Жумладан муассаса хожатхонасининг ҳолати ҳам киши кўнглини анча хира қилади. Бу хожатхонадан кичкинтойлар қандай фойдаланишади, буни билмадик.

Мухтасар қилиб айтганда, Чироқчи туманидаги 10- мактабгача таълим муассасадаги муаммоларга чуқур назар ташланса, нафақат боғча маъмурияти балки юқори турувчи мутасаддилар ўз ишига эътиборсиз ва масъулиятсиз бўлганини сезиш қийин эмас.
Бола – келажак. Уни баркамол қилиб тарбиялаш учун аввало таълим-тарбиянинг пойдевори мустаҳкам бўлиши керак. Бу борада Президент томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Фақатгина бу ўзгаришларни ҳис қилиш ва шунга монанд ҳаракат бўлса, ўйлаймизки, жойлардаги муаммолар бартараф этилади.

Муқаддас Исмоилова.

https://t.me/uztimeofficial

https://t.me/uzvaqt