​НИШОНЛИК ФЕРМЕР БУ ЙИЛГИ ҒАЛЛА РЕЖАСИНИ РЕКОРД ДАРАЖАДА БАЖАРДИ

Бугун Нишон тумани ғаллакорлари ҳам давлатга ғалла топшириш режасини бажаришди. Ҳали туман далаларида ҳосил мўл-кўл. Эндиги режа эса мана шу ризқ-насибани ҳам увол қилмай йиғиб олиш. Туманда бугун 400 дан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият юритади. Шулардан 40 таси кўп тармоқли фермер хўжаликлари бўлиб, “Расул ота” фермер хўжалиги ҳам шулардан бири саналади. Бугун туманда давлат режасини бажаришда фаол бўлган деҳқонлардан бири “Расул ота” фермер хўжалиги раҳбари Хушмурод Йўлдошев ҳам бор. 16 йилдан буён давлатга ғалла, пахта топшириш режасини ортиғи билан бажариб келаётган Хушмурод Йўлдошев бу йил туман бўйича “рекорд” натижа қайд этди. У белгиланган 338 тоннани 505 тонна қилиб топширди.

Ҳақиқий деҳқонга йилнинг ноқулай келиши баҳона бўлмайди

-Фермер хўжалигимиз ташкил топганига бу йил 16 йил тўлди. Шу кунга қадар бирор маротаба давлат режасини бажармай қолмаганмиз. Яратганга шукр, бу йил об-ҳаво ғаллага анча ўнг келди, аммо табиатнинг ўзига яраша инжиқликлари ҳам бўлди. Ҳақиқий деҳқонга йилнинг қандай келиши баҳона бўлмайди,-дейди Хушмурод Йўлдошев.

Йилнинг қандай келишидан қатъий назар деҳқон ернинг тилини билса, унга вақтида агротехник тадбирлар ўтказа олса ва ўзи ҳам далада роҳатланиб меҳнат қилса инжиқ об-ҳаво ҳам, сув ҳам тўсиқ бўлмайди. Қўлига кетмон олиб, далада икки соат ишлаган ҳар қандай одам ернинг тафтини, меҳнатнинг роҳатини ҳис қилади. Бу ишдан завқланмаган инсон қандай қилиб деҳқон бўлиши мумкин,-дейди жилмайиб Хушмурод ака.

“Қўл остингда ишлайдиган ишчи-хизматчини рози қилсанг,

эртанги кунингда албатта, барака бўлади”

Хўжаликнинг жами 173 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 31 гектари пахта, 142 гектари ғалла учун мўлжалланган. Бу йилги ҳосилнинг даромадидан насиб этса режаларимиз катта. Хўжалигимизда бугун 16 нафар доимий ишчи ишлайди. Уларнинг сони мавсумда яна ҳам ошади. Мен доим бир сўзни айтаман: -“Қўл остингда ишлайдиган ишчи-хизматчини рози қилсанг, эртанги кунингда албатта, барака бўлади”. Чунки, ерга энг кўп меҳнати сингадиган ҳам, ҳосилнинг унумдорлигига жавобгар ҳам кўпинча мана шулар бўлади. Демак, эгасини меҳнатига рози қилган инсон кам бўлмайди.

Отам 26 ёшида чўл ҳудудини ободонлаштиришга кўнгилли жалб қилинган ёшлардан бири сифатида Нишонда иш бошлаган. Ҳозир 73 ёшдалар. Аллоҳ умрларини зиёда қилсин, 13 нафар фарзандни мана шу деҳқончилик ортидан боқиб-тарбиялаганлар. Бугун оға-инилар отамнинг берган ўгитлари, кўрсатмалари асосида ишлаб кам бўлганимиз йўқ. Келгусида режаларимиз кўп. Ўтган йилги ҳосил даромадидан “Klass dominator-130” ғалла ўрим комбайнини сотиб олгандик. Имтиёзли кредит асосида олинган бу техника бугун ҳақиқий маънода бизнинг ёрдамчимиз. Ўтган йили муҳтарам Президентимиз фармонларига мувофиқ исталган фермер хўжалиги бу имтиёздан фойдаланиши мумкин эди. Имконият берилган экан, нега энди ундан фойдаланмаслик керак? Бугун мана шу имкониятдан тўлақонли фойдалана олганимиздан хурсандмиз.

Яхши, самарали ва энг асосийси камхарж режа

Хушмурод ака билан суҳбатлашиб туриб унинг дунёқараши, фикрлаши ва эртанги кунга дадил мақсадлар қўя олишига очиғи, тан бердим.

-Хўжалигимизда чорвачиликка ҳам алоҳида аҳамият қаратилган, -дейди у. Айни кунларда 30 бош қорамолимиз бор. Сентябрь ойида худо хоҳласа, чет элдан яна 50 бош қорамол олиб келишни режалаштириб турибмиз. Ҳаммаси тайёр, бизнес режа, банк билан шартнома, қаердан, қандай зотли мол олиб келиш ҳам. Фақат амалга ошириш қолган ҳисоб.

Асли мутахассислиги иқтисодчи бўлган қаҳрамонимиз бир фикрни айтиб қолди. Бугун юртимизда ерга ишлов беришда менерал ўғитдан кўра, маҳаллий ўғитга эҳтиёж кучайиб бораётган экан. Чунки, менерал ўғит қиммат, бунинг устига уни сотиб олишга кетган маблағни бошқа нарсага йўналтириш қулай. Шу боисдан ҳар бир фермер хўжалигида чорвачилик тизимининг бўлиши бу ўша маҳаллий ўғитнинг кўпайишига ҳамда фермерга фойда келтиришига ишонади. Хушмурод аканинг келгусидаги режаси ҳам айнан чорвачилик орқали икки томонлама фойда олиш. Буни эса ҳақиқий иқтисод қилиш, дейиш мумкин. Ҳам ўзига, ҳам ерга, ҳам давлатга фойда келтиришнинг оддий ва самарали усули бу. Режалар яхши, аммо уни амалга тадбиқ этиш янада яхши усул. Ишонамизки, қаҳрамонимиз буни ҳам уддалайди.

Муқаддас ИСМОИЛОВА

Барча фермер дўстларингизга жўнатинг!!!
https://t.me/uztimeofficial

https://t.me/joinchat/AAAAAFi04XXrQkrU1ul5pw