Ҳамкорликдаги самарадорлик

Тошкент давлат юридик университетида “Ижро иши юритиш соҳасини янада такомиллаштириш масалалари: назария ва амалиёт уйғунлиги” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош Прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Бош Прокуратура Академияси, Давлат Божхона қумитасининг Божхона институти, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси каби ўнлаб ҳуқуқий тартибот органлари ҳамда Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, докторантлари, магистрлари ҳамда талабалари иштирок этишди.

Илмий-амалий анжуманда асосий эътибор ижро тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институтини жорий этиш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини самарали ижро этилиши механизмларини такомиллаштириш, ушбу соҳада мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган илмий-назарий, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

-        Олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, ижро иш юритуви такомиллашиб бормоқда, - дейди, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси Академияси катта ўқитувчиси Азизбек Ҳамидов.        - Хусусан, сўнги йиллар статистикасига назар ташлайдиган бўлсак, ижро иш юритуви анча самарали ишлагани яққол намоён бўлади. Бироқ, ҳали ҳануз соҳада оқсаш йўқ эмас. Буни эса кадр масаласига боғлашимиз мумкин. Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимларини юридик чуқур билимга эга бўлган кадрлар билан тўлдириш ва фуқароларимизни ҳуқуқий саводхонлигини ошириш орқали кўплаб соҳадаги муаммоларга ечим топишимиз мумкин.

Тадбир сўнгида университет талабалари томонидан   “Ижро ишини юритиш соҳасидаги ислоҳотлар”, “Давлат ижрочиси масъулияти” ҳамда “Мажбурий ижро бюроси фаолиятини такомиллаштириш” мавзуларида ёзилган энг яхши мақола ва эсселар эълон қилиниб, муаллифлари тақдирланди.

Телеграм каналимиз аъзо бщлишни унутманг

https://t.me/uztimeofficial