Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг!




Бу қораламаларни қоғозга туширишга бир тасодиф туртки бўлди. Ҳатто мақоланинг сарлавҳаси тўғрисида бош қотириб ўтиришга ҳам ҳожат қолмади. Ана шу “тасодиф“нинг ўзи билан номлаб қўя қолдим мақолани.


Кечқурун телевизор кўриб ўтиргандим. Қўл телефоним “СМС” келганини билдириб, овоз берди. Очиб қарасам, тузукроқ пул топиб келиш илинжида Россияга ишлагани кетган бир қадрдонимдан. “Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг, борганимда қўшиқ қилиб айтаман”, дейилибди хабарда. Дўстим қўшиқчи эмасди-ку?! Шунинг учун унинг навбатдаги ҳазилига йўйдим. Бироқ хабарни қайта-қайта ўқиганим сари унда одатдагидек на салом-алик, на хайр-маъзур ва на бошқа гап йўқлигидан дўстимнинг юрагига ҳазил сиғмаётганини ҳис эта бошладим. “Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг!..”


Менимча, туғилиб ўсган заминдан, элидан, оиласи-ю, яқинларидан олисда, ўзга бир мамлакатнинг қайсидир хонадонида (балки ертўлададир) ўзини ёлғиз, ғариб ҳис қилиб, уйқуси қочганнинг барча афсус-надоматлари, алам-изтироблари, соғинчи ва, ниҳоят, пинҳона иқрори ана шу икки жумладан иборат илтижога жо бўлгандир? Мард бўлиб кетган йигитнинг номардларча ҳасрат қилишига йўл қўймаётган ориятининг фарёди эди бу илтижо! Шунга ҳамоҳанг нолалар ўз ихтиёри, ўз оёғи билан ўзга юртга кетиб, пушаймонликда юрган яна қанча юртдошларимизнинг бўғзида тиқилиб ётган экан?


Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, деган нақл наҳот шу қадар рост бўлса?! Ёки “Ҳуббул ватани мин-ал иймани”, яъни ватанни севмоқ иймондандир, ҳикматининг фақат исломий тилда айтилгани замирида ана шу теран ҳақиқат борми? “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл” мақоли-чи?!


Ҳа, донишманд халқимиз тафаккурининг нақадар теран эканини асрлар силсиласи тасдиқлаб келмоқда. Бу ҳикматлардан ўтказиб, таъсирчанроқ бирор нима дейиш маҳол. Фақат ҳамма бало шундаки, биз бу аччиқ ҳақиқатларни бошимиз деворга урилгачгина англаб етамиз. Нега? Нафсониятли ўқувчи ўзини аҳли донишлардан қилиб кўрсатмоқчи деган хаёлга бормасин-у, яна тафаккур хазинамиздан бир мисол келтиришга тўғри келади. “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”. Ҳамма гап мана шунда. Хом сут эмган банданинг, бани башарнинг деярли барча армонларига пойдевор бўлган иллат. Биз ҳеч бир неъматни ўз вақтида, ўз ўрнида қадрламаганмиз. Ўз юртимиз туриб, ўзга юртлардан... нимадир (бахт деб бўлмайди) излаб юришимиз ҳам мана шу иллатнинг бир кўриниши.


Гап нима ҳақида кетаётганини тушунганингизга шубҳа йўқ. Ҳа, гап пул топиш учун бошқа давлатларга иш қидириб кетаётганлар ҳақида. Айрим қишлоқларда бирор вакили хорижга кетмаган хонадоннинг ўзи йўқ. Нега? Нима, ўзимизда тирикчилик қилиб бўлмайдими? Бу ерда борига шукур, йўғига қаноат қилиб юрганлар қандай яшашмоқда? Ёки ўзга юртга пул қидириб кетмаётганларнинг ҳаммаси ҳам бой-бадавлатми? Йўқ, албатта. Бошига тортса оёғи, оёғига тортса боши очилиб қолаётган хонадонлар ҳали ҳам бор ва буни ҳеч ким сир тутаётгани йўқ.


Ижтимоий ҳимоя давлатимиз сиёсатининг бош йўналишларидан бири бўлиб тургани фикримиз далилидир. Тўғри, ижтимоий ҳимоя, хайр-эҳсон, меҳр-мурувват каби қўллаб-қувватлашлар билан бировнинг “такаси тоққа чиқиб кетган” жойи йўқ. Лекин шунда ҳам унутмаслигимиз керакки, бирорта фуқаросини ўз ҳолига ташлаб қўймаслик йўлидаги бундай чора-тадбирлар давлат учун ҳам осон кечмайди. Аҳолининг 40-45 фоизини вояга етмаган, яъни ҳали мустақил ҳаётга қадам қўймаганлар, яна бир салмоқли қисмини пенсионерлар, аёллар ташкил қилади. Бундан ташқари, ҳаёт-да, ногиронлар дегандек... Шуларнинг ҳаммаси ҳозир давлат таъминотида турибди. Уларнинг ижтимоий ҳимоясига миллиардлаб маблағ сарфланмоқда.


Мен масалага бир томонлама ёндашиб, қаерларгадир иш қидириб кетаётган юртдошларимизни қораламоқчи эмасман. Баъзан ҳатто пул, иш баҳона бошқа мамлакатларни кезиб, дунёни кўраётганларга ҳавасим ҳам келади. Қолаверса, уларни ҳам тушунишга уриниб кўриш керак. Ишсизлик – бор гап, нафақаи рўзғор эркак учун муқаддас бурч ҳисобида. Оила боши мақоми фарзандлар олдидаги ёки фарзанд сифатида ота-она олдидаги моддий-иқтисодий мажбуриятлар кишини ҳар кўйга юргизиши мумкин. Шундай муаммолар қаршисида ўзини йўқотиб, ичкиликбозликдан паноҳ излаш, ўғрилик, фирибгарлик ва бошқа жиноий йўллар билан пул топишга урингандан кўра, албатта, қаерда бўлса ҳам пешона тери билан тирикчилик қилган афзал. Шунақа йўлларга юрмасдан ёки тузумимиз душманларининг ширин хўракли қармоқларига илинмасдан, ҳукумат олдига имконсиз талаблар қўйиб, кўчага чиқмасдан, муаммоларини ўзлари ҳал этишга уринаётганларга қайсидир маънода раҳмат ҳам айтиш керакдир.


Бироқ...


Менга “Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг..” деб хабар юборган қадрдоним кўпчиликдан кам ери йўқ: оғилида уч-тўртта моли, ўттиз-қирқ сотихли боғи, қўлида ҳунари бор йигит эди. Мана шунақа, ўзидаги имкониятлардан тўла фойдаланмасдан, атрофига қараб, ўзининг кўпчиликдан бир қадам олдинда эканига шукр қилмасдан, олдидан оққан сувнинг қадрига етмасдан, ўзини дарбадарликка маҳкум этганларни тушуниш қийин. Ажабким, бу иддаога рўбарў қилинадиган сабаб ҳам бор экан. “Икки қизимнинг бўйи етиб қолди, уларни узатишим, тўйгача қурилиш қилишим керак. Булар ўз-ўзидан бўладиган ишлар эмас-да!..”


Аммо бундай ташвишлар кимнинг бошида йўқ?!


Орзу-ҳавас… Бизни ҳар кўйга солаётган ҳою-ҳавас... Қимматчилик, қаҳатчилик, очарчилик, уруш деган балоларнинг неча-нечасини бошидан кечириб, тиши қонаса, душмани олдида тупурмаган ота-боболаримиз авлодларини бугун бегона юртлардаги сарсонликка етаклаган ҳам аслида шу ҳою-ҳавас эмасми?! Узатган қизининг ортидан 50-60 та сават жўнатмасликни ор билиб, бироқ мусофирликда ҳар қандай мушкулотга тайёр бўлишдек бемаъни ориятлар...


Яхши яшашга интилиш, чиройли орзулар, мақсадлар одамзот ҳаётининг мазмуни. Бир марта бериладиган умр, “беш кунлик дунё”да ҳамма ҳам яхши яшашга ҳақли ва бу йўлдаги саъй-ҳаракатларни қоралашга, тақиқлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Лекин ана шу “бир марта бериладиган умр”, “беш кунлик дунё”сини фаровонликда яшайман деб, кутилмаган азоб-уқубатларга алмаштириш, баъзан ҳатто бой бериб қўйишни тушуниш қийин.


Энг алам қиладигани шуки, аксарият ҳолларда йигитларимизни ўзимизнинг орамизда юрган ҳамюрт, ҳаммаҳалла, ҳамшаҳар, ҳамқишлоқ, ҳатто баъзан яхши таниш-билишлар саргардонлигу, хор-зорлик чоҳига ташламоқда. Бу ердан катта-катта ваъдалар билан, гуруҳ-гуруҳ одам олиб кетиб, у ёқларда бошқа “хозяин”га сотиб юбориш, ҳа, айнан сотиб юбориб, шу “бизнес” устидан “кўк”идан санаб юрган “саховатпеша”лар ҳам ўзимизнинг юртдошлар. Ўз элингда кўзингга нажот фариштаси бўлиб кўринганларнинг у ёқларга боргандан кейинги ишларига шайтон ҳам астағфируллоҳ, деб юборса ажаб эмас.


“Паспортларимизни йўлдаёқ йиғиштириб олди. Манзилга етгач, бизни кутиб олган киши билан чеккароқда ғивир-шивир қилди-да, ҳаммамизни унга топшириб кетганича қорасини кўрсатмади…” Бу четга чиқиб ишлаб келаман деб “бурни қонаган”ларнинг аксарияти ҳикоясидан ўрин олган стандарт жумла.


– Тагимда битта матрас, устимда юпқа одеяль билан бир ҳафта-ўн кун теплицада яшадим, – дейди хабар юборган ҳалиги қадрдоним. – Ташқарида қор тиззадан келади.


Энди ўйлаб кўрайлик-чи, соғлигимизни, ҳаётимизни таваккал қилиб, бошқалар олдида шаънимизни, ғуруримизни поймол қилиб, сарсон-саргардон, хор-зор бўлиб топганимиз кўп бўладими ёки йўқотганимиз?


Ҳаракат қилган шу ерда ҳам топяпти, ҳали ҳеч бир кишининг тўйи ўтмай қолганини эшитдингизми? Энг камбағалининг тўйида ҳам уч кун концерт бўлаяпти. Тўйникини худо етказади, деган гап бежиз айтилмаган.


Майли, орзу-ҳавасга айб йўқ, меҳнат қиламан деганнинг қаерда бўлса ҳам омадини берсин. Қаерга бўлса боринг, ишланг, дунё кўринг, юрт кезинг. Лекин кўр-кўрона, ким етакласа лаққа ишониб кетавермай, тайинли иш, турар жой, иш ҳақи, соғлиқ ва ҳаётингиз хавфсизлиги кафолатига эга бўлиб, яъни қонуний йўл билан боринг! Бу борада мамлакатимизда барча ҳуқуқий асослар яратилган. Дабдабали тўй ёки уй қилолмаганингиз учун маҳалла-кўй олдида хам қилгимиз келмаган бошимизни мусофирликда аллакимларга эгиб юришимиздан не маъни?


Ростини айтганда, турмушимиз йилдан-йилга фаровон бўлиб боряпти. Мустақилликнинг илк йилларида тамакидан тортиб унгача киши бошига граммлаб, тағин талон орқали берилган вақтларни ҳам кўрдик. Иккита “бўлка” учун саҳардан навбат кутган кунларимиз ҳам бўлди. Бугун-чи, бугун? Худога шукр, бозорларимизда одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса бор. Айниқса, нон бозоридаги манзаранинг ўзи ақлни шоширади, беадад шукроналаримизга лойиқ.


Ишсизлик (бу масала барча давлатлардаги доимий муаммолардан бири)ни камайтириш борасида давлатимиз қўл қовуштириб тургани йўқ. Тинчлик-барқарорлик бўлса, ҳал бўлмайдиган муаммонинг ўзи йўқ. Фақат бунга вақт, меҳнат, изланиш керак. Тарих қонунияти шунақа – қайсидир авлод урушни, қай бири очарчиликни, бошқаси табиий офатни бошдан кечиради. Бизнинг чекимизга тушган бироз қийинчилик буларнинг олдида ҳеч гап эмас. Шукр қилсангиз-чи!


“Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг...” Дўстимнинг бу илтимосини ерда қолдиролмадим. 


Шеър битдим. Қайтиб келганда уни қўшиқ қилиб айтадими-йўқми, билмайман.


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг,


Гарчи бўлмасам-да, ҳофизи хушхон,


Қайтганда бир қўшиқ айтайин нолон,


Шу қўшиқдан бўлак неки бор – ёлғон,


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг.


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг,


Бахт излаб бағридан юлқиниб кетдим,


Орзу уммонида тўлқиниб кетдим,


Бегона юртларда тўлғониб кетдим,


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг.


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг,


Ўрмонлар эмасдир чорбоғимчалик,


Осмонлар эмасдир қалпоғимчалик,


Бепоён юрт эмас қишлоғимчалик,


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг.


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг,


Йўқ, мени енголмас қаҳратон қишлар,


Қаддимни буколмас оғир юмушлар,


Бошқадир қалбимга урилган нишлар,


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг.


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг,


Мен унда шоҳ эдим, бунда қулдекман,


Изғиринда қолган танҳо гулдекман,


Қадрим бир пул бўлди, келиб пул деб мен,


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг.


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг…


Не ажаб, кўрсангиз ўзгадан ситам,


Битта ортиқ бўлар ёки битта кам,


Ўзингники ўйса, кўзинг оҳ, алам,


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг.


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг,


Оғушида қадрин билмаганимни,


Йиртиғига ямоқ бўлмаганимни,


Борига шукурлар қилмаганимни,


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг,


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг,


Унда куйланг бурда қора нонини,


Тандирини қўшинг, тупроқ томини,


Қўшинг майли яқин сомонини,


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг,


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг,


Қалби соғинчларга тўлганлар ҳаққи,


Ватан деб, миллат деб ўлганлар ҳаққи,


Қалби соғинчларга тўлганлар ҳаққи,


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг,


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг,


Қайтсам тупроғини суртай кўзимга,


Шукроналар қилай ичган тузимга,


Ўзбекистонимга, ўзбек, ўзимга,


Она юрт ҳақида шеър битиб қўйинг.