Ҳуқуқ
September 23, 2020

Қаердан нималарни олиб чиқиш тақиқланган?

Пандемия чекиниши, карантин чекловлари бекор қилиниши билан кўпчилик дам олиш ва хизмат юзасидан турли мамлакатларга сафарга отланиши табиий. Ҳар ернинг ўз тош-тарозиси бор. Қаердан нима олиб чиқиш мумкин-у, нима мумкин эмаслигини ҳар биримиз яхши билишимиз лозим. Шу сабабли, қуйида берилган айрим тавсияларни эсда тутсангиз зиён қилмайди:

Миср Араб Республикаси — турли маржонлар, денгиз чиғаноқлари, тимсоҳ териси (тулуми), фил суягидан ясалган маҳсулотларни олиб чиқиш тақиқланади.

Таиланд — махсус чек ва сертификатсиз қимматбаҳо тошлар, тилла буюмларни олиб чиқилишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, Будданинг йирик ҳайкаллари ва тимсоллари (Будда тасвири туширилган кулонлар, брелоклар, тақинчоқлар бундан мустасно)ни олиб чиқиш тақиқланади.

Туркия — қиймати 15 минг АҚШ долларидан ортадиган тилла буюмларни тегишли чек ва сертификатсиз олиб чиқиш мумкин эмас.

Мальдив ороллари — маржонлар ва акула тишларини мамлакатдан олиб чиқишга йўл қўйилмайди.

Ҳиндистон — Ҳинд рупияси ва яратилганига 100 йилдан ошган тарихий буюмларни олиб чиқиш тақиқланади.

Куба — 23 донадан ортиқ сигарани чексиз олиб чиқишга, шунингдек тирик тимсоҳлар ва уларнинг тулумлари, тошбақалар ва уларнинг косасидан ясалган маҳсулотларни олиб чиқишга рухсат берилмайди.

Сейшел ороллари – маржонлар, “Коко де мер” кокослари, тошбақа тошидан ясалган буюмларни олиб чиқиш мумкин эмас.

Бразилия — ҳар қандай тирик жонзотлар, уларнинг териси, мўйнаси, патлари ва улардан қилинган маҳсулотларни олиб чиқишга йўл қўйилмайди.

Япония — Самурайлар ишлатган махсус темир қиличлар — катаналарни олиб чиқиш мумкин эмас (сувенир кўринишидаги қиличлардан ташқари).

Ўзбекистон — жисмоний шахсларга умумий қиймати 5 минг АҚШ долларидан кўп бўлган товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан олиб чиқиш тақиқланади. Айрим турдаги товарларни олиб чиқишнинг чекланган меъёрлари мавжуд. Жумладан, гуруч – 3 кг.гача, нон маҳсулотлари – 5 кг.гача, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, шакар ва ўсимлик ёғи – 2 кг.гача, шунингдек янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, қуритилган сабзавот ва мевалардан 40 кг.гача олиб чиқиш мумкин.

Шунингдек, гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорлар, озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотлар, маданий бойликлар, ўқотар қурол ва патронлар, ёввойи ўсимликлар, уларнинг қисмлари, мевалари, уруғлари ва ботаника коллекциялари, ёввойи ҳайвонлар, уларнинг қисмлари, зоология коллекциялари, ҳаёт фаолияти маҳсулотлари, ўлжалар, тулумлари, экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларини олиб чиқишда ваколатли органларнинг тегишли рухсатномалари талаб этилади.