May 11, 2022

Фидойилик рағбатлантирилди

Президентимизнинг 2022 йил 5 мартдаги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева 1-даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланган эди.

Бугун Маданият вазирлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари—Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова мукофотни Президент номидан ўз эгасига тантанали равишда топширди.

Р.Шодиева мамлакатимизда “Инсон қадри учун” ғояси асосида аҳолига, хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрлик учун Юртбошига миннатдорлик билдирди.


Тадбирда сўз олган Маданият вазири О.Назарбеков ва бошқалар юртимизда ҳар бир инсон давлат эътиборида эканини, фидокорона меҳнатнинг юксак эътирофи ижодкор зиммасига масъулият юклашини ва янги марралар сари руҳлантиришини таъкидладилар.