November 1, 2018

Ўзбекистонлик ёш дастурчи янги ўйин яратди

Қорақалпоғистонлик ёш дастурчи Дамир Асаматдинов «Emoji Math» номли мобиль қурилмалар учун ўйин дастури ишлаб чиқди.

Беш ёшдан юқори ёшдагилар учун мўлжалланган ўйин болаларнинг ақл-идрокини ўстириш, математика фанини ўргатишга йўналтирилган.

Ўйин қўшиш, айириш, бўлиш, кўпайтириш ва аралаш амалларидан иборат 5 қисмдан ташкил топган. Ўйин қувноқ мевалар боғида ўйналади. Мевалар тугамайди, ўйинчи қанча кўп мева еса шунча ўйинчининг тезлиги ошиб боради. Мевалар учга бўлиниб тушади, шулардан иккитаси заҳарланган, биттаси тоза. Заҳарланмаган мевани топиш учун ўйинчи тахтада кўрсатилган математика саволига тўғри жавоб топиб, тўғри келадиган жавоб қаторидаги мева заҳарланмаганлигини билиб олади. Ҳар бир тўғри танланган мева учун ўнг сонлар билан ўйнаса бир юлдузча, тескари сонлар билан ўйналса икки юлдузча совға тариқасида берилади.

Ёш дастурчи Дамир математикага қизиқади ва шу туфайли янги ўйинни яратишга муваффақ бўлган. У миллий софтвер саноатининг ривожига ҳисса қўшишни олдига мақсад қилган. Келгусида мазкур ўйинни янада такомиллаштириб бориш ниятида.

Ўйинни Play Market дастури орқали юклаб олиш мумкин.