Жамият
November 1, 2018

Хао Ран Ванг — математика бўйича Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги I халқаро олимпиада ғолиби

“Халқ сўзи Online”. Одилбек Одамбоев/Хоразм. Урганч шаҳрида талабалар ўртасида математика бўйича Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада бўлиб ўтди

Мазкур билимлар беллашувида дунёнинг 20 мамлакати 58 университетидан 334 нафар талаба иштирок этди. Ўзбекистон шарафини мамлакатнинг 33 олий таълим муассасаси талабалари ҳимоя қилишди.

Ёшларнинг математика фанидаги билимлари 20 кишидан иборат ҳайъат томонидан баҳоланди, уларнинг 18 нафари хорижий мутахассислардир.

Олимпиада натижаларига кўра, 66 нафар иштирокчи турли медаллар билан тақдирланди — 14 олтин, 23 кумуш ва 29 бронза.

Биринчи ўрин Пекин университети (Хитой) талабаси Хао Ран Вангга насиб этди. Иккинчи ўринни эса Шариф университети (Эрон) талабаси Али Даэи Наби эгаллади. Учинчи ўрин Пекин университети талабаси Минг Хуиоу Янг томонидан банд қилинди. Ўзбекистон Миллий университети талабаси Толибжон Исмоилов тўртинчи ўринга муносиб кўрилди.

Қўлга киритилган медаллар бўйича умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни — Хитойнинг Пекин университети, иккинчи ўринни — Ўзбекистон Миллий университети ва учинчи ўринни Эстониянинг Тарту университети эгаллади. 30 университет вакиллари турли даражадаги медаллар билан тақдирланишди.

Беллашув ғолиблари олий таълим муассасалари магистратурасига математика, физика, ахборот технологиялари ҳамда муҳандислик-техник йўналишдаги таълим ихтисослиги бўйича қабул квотасидан ташқари, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Мазкур ҳуқуқ Олимпиада ғолиблигини қўлга киритган талаба томонидан ОТМ бакалавриатини тугаллаган вақтдан бошлаб уч йил давомида сақланиб қолинади.

Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Иккинчи халқаро олимпиада 2020 йилнинг октябрь ойи учинчи декадасида Урганч шаҳрида ўтказилиши маълум қилинди.