November 1, 2018

Туркия ҳарбий мутахассислари Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида машғулотлар ўтказади

Туркия Мудофаа вазирлиги Халқаро ҳарбий ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи генерал-майор Умит Йилдиз бошчилигидаги ҳарбий делегация Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясига ташриф буюрди. Делегацияга Туркия элчихонасининг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган ҳарбий атташеси полковник Мустафа Балоглу ҳамроҳлик қилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ташриф давомида ҳарбий ҳамкорлик борасидаги бир қатор масалалар муҳокама қилинди, жумладан, Туркия томони ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларнинг малакасини оширишга хизмат қиладиган бир қатор ўқув марказлари ҳамда олий ҳарбий таълим муассасалари рўйхатини тақдим этиб, ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди. Хусусан, тақдим этилган рўйхат орасида НАТО томонидан сертификатланган Анқара шаҳридаги Терроризмга қарши курашиш маркази ҳамда “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастури маркази ҳам мавжуд.

Шунингдек, Туркия ҳарбий делегацияси турк мутахассисларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида узоқ муддатли семинар-тренинг машғулотларга жалб қилиш амалиётини ҳам қўллаб-қувватлади. Улар Ўзбекистонга ҳарбий хизматчиларга турк тилидан дарс берадиган ўқитувчиларни ҳам юборишга тайёрга эканликларини билдирди.

Бундан ташқари икки мамлакат олий ҳарбий билим юртлари ўртасида 2020 йилдан масофадан туриб дарс ўтиш амалиётини жорий этишни муҳокама қилишди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Қуролли Кучлар академиясида айни вақтда етакчи хорижий мамлакатлар ҳарбий билим юртлари мутахассислари билан онлайн режимида видео машғулотлар ўтказиш амалиёти жорий этилмоқда.