Жамият
November 1, 2018

Газ билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларга қандай барҳам бериш мумкин?

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Ҳарорат пасайиб, қиш яқинлашаётган айни дамларда ахборот оқимларида газ билан боғлиқ нохуш хабарлар ҳам учрай бошлади. Бунга биргина ўтган ойда Янгийўлда, Риштонда ва Тошкент шаҳрида рўй берган фожиали воқеаларни мисол келтириш мумкин. Афсуски, мазкур ҳолатларда инсонлар ўлими қайд этилди. Хўш, бундай фожиали ҳодисаларга нималар сабаб бўлмоқда?

“Ўзтрансгаз” АЖ томонидан ҳамкор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Сирдарё вилоятида ўтказилган “Газдан тўғри фойдаланиш-хавфсизлигимиз кафолати” мавзуидаги республика семинарида ана шу ҳақда сўз борди.

Тадбирда газдан фойдаланишда меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги, газ ёнишида хавфсизлик омиллари, газ ва газ ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш тартиб-қоидалари, ис газидан заҳарланиш ва унинг олдини олиш тадбирлари батафсил тушунтирилди. Айниқса, турмушда газдан хавфсиз фойдаланишда тутун мўри ва вентиляция тармоқларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Масалан, тутун мўриларнинг бино ташқарисидаги қисмига қушларнинг ин қуриши иситиш мавсумида катта муаммо чиқариши мумкинлиги эслатилди. Шунингдек, газдан нотўғри фойдаланиш, газ асбоб-ускуналарининг техник созлигига эътиборсизлик ҳам бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаблари бўлиб қолаётганлигига урғу берилди.

Семинар доирасида Гулистон шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи”да болажонларга газдан фойдаланиш тартиб қоидалари тушунтирилди ҳамда уларга “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан совғалар тақдим этилди. Янги бунёд этилган арзонлаштирилган нархдаги кўпқаватли уйларнинг бир неча хонадонларидаги газдан фойдаланиш ва газ асбоб–ускуналари кўздан кечирилди. Бу ердаги замонавий иситиш тизимининг тежамкорлик ва хавфсизлик борасидаги афзалликларига эътибор қаратилди. “Севинч” хусусий мактабгача таълим муассасасидаги иситиш тизимининг автоматик иш режими ҳамда унинг масофадан ҳам туриб бошқариш имониятига эгалиги кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Семинар арафасида ижтимоий тармоқ орқали “Ўзтрансгаз” АЖ раҳбарига мурожаат қилган Гулистон шаҳридаги Боғишамол маҳалласи 5-уй, 27-хонадонда яшовчи Турсунтош Эргашеванинг мурожаати ҳам ОАВ вакиллари ҳамда иштирокчилар кузатувида жойида кўриб чиқилди. Мурожаатда у яшаётган кўпқаватли уй ҳамда ўзининг хонадонида газ босими жуда пастлигини маълум қилиб, амалий ёрдам сўраган. Муаммо сабаблари газ таъминоти тизими мутахассислари томонидан ўрганилди. Ва тармоқда тозалаш ишлари амалга оширилгач хонадонда газ ўчоғида талаб даражасидаги олов пайдо бўлди.

Тадбирда, шунингдек, газ қувурлари ва тармоқларидаги авария ҳолатларига олиб келиши мумкин бўлган сабабларни, уларнинг ер остидаги жойлашув чизиғи ва чуқурлигини аниқлашда ҳамда хавфсиз, тежамкор, автоматик иш режимига эга газ ўчоқ асбоб ускуналари ва бошқа қурилмалар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Маълумот учун, мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланган “Аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ вазиятларининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар” дастури ижроси доирасида бўлиб ўтди. Шунингдек, мазкур дастурга биноан “Ўзтрансгаз” тизимида2018 йилнинг 20 октябридан 2019 йилнинг 20 январига қадар “Турмушда газдан хавфсиз фойдаланиш ойлиги”эълон қилинди.

Семинарда Тошкент шаҳар Миробод тумани бош имоми Одил Холмуродов эса Қуръони Карим ва ҳадисларда Оллоҳнинг ҳар бир неъмати ўлчовли яратилганлиги ҳамда уларни исроф қилмаслик хусусида муқаддас каломлар келганлигини айтиб, хусусан, газдан тўғри фойдаланиш ҳам ҳар бир инсоннинг бурчи эканлигини айтиб ўтди.