Жамият
November 1, 2018

Ҳоким жиддий огоҳлантирди: Термиздаги “Ақлли” бекатларга бошқа қулф осилмайди

“Халқ сўзи Online”. Илҳом Раҳматов/Сурхондарё. Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов Термиз шаҳридаги умумтаълим мактаби, боғча ва шифохона каби бир неча ижтимоий аҳамиятдаги корхона ва муассасаларнинг қишки мавсумга тайёргарлик ҳолатини кўздан кечирди.

Дастлаб, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Термиз филиали ҳамда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидаги дори-дармон, озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти, мавжуд санитар шароит ўрганилди. Мазкур муассасада иситиш тизими ҳамон ишга туширилмагани туфайли палаталар совуқлиги кескин танқид қилди.

Бундан ташқари, 10-сонли мактабгача таълим муассасаси, 2-умумий ўрта таълим мактаби ҳам кўздан кечирилди. Мазкур муассасаларда тарбияланувчи ва ўқувчилар совуқ хоналарда машғулот ўтаётгани, ҳаттоки, айрим хоналарнинг ёритиш тизимидаги узилишлар дарс самарадорлигига салбий таъсир этаётгани учун муассаса раҳбарлари қаттиқ огоҳлантирилди.

Марказий деҳқон бозори фаолияти ўрганилганда, яроқлилик муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари савдога қўйилгани, айрим турғун савдо дўконлари ва расталари санитария талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди. Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Маълумки, ёзда қуёшдан, қиш ва баҳорда қор ва ёмғирдан сақланиш ва автобус кутиш учун Термизда шу кунгача замонавий шароитларга эга 8 та инновацион “Ақлли” бекатлар фойдаланишга топширилган.

Танишув пайтида ҳоким кечаги совуқ ва ёмғирли кунда ана шу бекатларнинг айримларига қулф осилганини кўриб қолган. Натижада йўловчилар ёмғирда ивиб, ташқарида автобусни кутишга мажбур бўлган. Бу ҳолат ҳам ҳокимнинг эътиборидан четда қолмаган ва мутасаддиларни “Ақлли” бекатлар ҳар доим очиқ туриши борасида жиддий огоҳлантирган.