November 1, 2018

МДҲ “пойтахти” Минскдан Тошкент ё Остонага ўзгарадими?

“Россия сегодня” халқаро ахборот агентлигининг халқаро мультимедиа матбуот марказида “МДҲ доирасида ўзаро иқтисодий алоқалар” мавзусида телекўприк ташкил этилди. Унда экспертлар Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги “пойтахти”ни Минск(Беларусь)дан Остона(Қозоғистон) ёки Тошкент(Ўзбекистон)га кўчириш имкониятлари ҳамда оқибатлари муҳокама қилинди.

Спутникнинг ёзишича, Қирғизистон Республикаси савдо-саноат палатаси саноат сиёсати, экспорт, инфратузилмалар ва давлат-хусусий шериклик масалалари бўйича қўмитаси раиси Кубат Раҳимов МДҲ “пойтахти”ни кўчириш таклифини билдирди.

У Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги алоқалар динамикаси муаммолари ҳақида гапирар экан, ўсишнинг янги нуқтасини топиш лозимлигини қайд этиб ўтди. Унинг фикрича, атом энергетикасини ривожлантириш, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистоннинг шу бўйича режалари бунга туртки бериши мумкин.

“Комил ишонч билан айтаманки, МДҲ “пойтахти”ни Марказий Осиё давлатларидан бирининг марказига кўчириш керак. Ўзбекистоннинг Навоийда АЭС қуриш бўйича режалари, шунингдек, Қозоғистоннинг атом электростанцияси барпо этиш бўйича давом этаётган қизиқишлари, ўйлайманки, МДҲ “пойтахти”ни Остона ёки Тошкентга кўчиришни тақозо этади”, - деди Раҳимов.

Унинг фикрича, стажировка ва ички динамика нуқтаи назаридан кадрларни ротация қилиш ҳам бунга янги суръатлар бағишлайди.

“Марказий Осиё мамлакатларидан фақат Туркманистонгина МДҲнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланмайди, у бошиданоқ шундай мақомга эга эди. Лекин қолган тўртта давлат МДҲнинг тўлақонли аъзоларидир. Бу борада ёшлар МДҲ нима эканлигини тушунмаслигини ҳам инобатга олиш лозим. Уларнинг фикрича, бу мансабдорлар клубидир. Ва бундай ҳудудий ўзгариш ўз самараларини беради”, — деди қирғиз сиёсатчиси.

МДҲ ҳукумат раҳбарлари Кенгашида муҳокама қилиниши кутилаётган ядро энергетикаси масаласи аъзо давлатларни бир-бирига янада яқинлаштириши мумкин.

“Сабаби Марказий Осиёда энергетика баланси чуқурлашяпти, аҳоли сони эса ўсмоқда — қарийб 70 млн. Агар иқтисодий кун тартибини олиб қарайдиган бўлсак, МДҲ асосий эътиборни энергетикага қаратмоқда. Жумладан, атом энергетикасига ҳам. Россия бу борада ҳайратланарли муваффақиятларга эришаётир: “Росатом”нинг буюртмалари қарийб 150 млрд. долларни ташкил этмоқда. Уран экспорти бўйича биринчи учталикка кирувчи Қозоғистон ютуқлари, шунингдек, ўзбек атом саноатини ишга тушириш режалари, “Росатом” вакилининг “Ўзатом” бош директори ўринбосари лавозимига тайинланиши бизга МДҲ ҳамон тирик, деган ишончни беряпти”, — деди К. Раҳимов.

Маълумот учун, айни пайтда Минск МДҲ “пойтахти” ҳисобланади.