November 1, 2018

Андижонда 168 млрд. сўмдан ортиқ солиқ қарзлари мол-мулк ҳисобидан ундирилди

Андижон вилоятининг Бўз туманида фаолият юритувчи “Бунёдкор мадад ҳамкор” масъулияти чекланган жамиятининг бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалардан бўлган 204 млн. 966 минг сўмлик солиқ қарзини ундириш мақсадида хатланган “HOWO” русумли юк автотранспорт воситаси аукцион орқали 379 млн. 714 минг 720 сўмга сотилди.

Бу ҳақда Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси хабар бермоқда.

Хўш, бунча қарздорлик қаердан вужудга келди? 2016 йилда корхонада ўтказилган текширишда солиқ қонунчилиги бузилганлиги аён бўлди. Андижон вилояти хўжалик судининг 2017 йил 9 январдаги ҳал қилув қарори билан 187 млн. 753 минг сўм молиявий жарима қўлланилиб, уни ихтиёрий тўлаш учун “Бунёдкор мадад ҳамкор”га 30 кунлик муддат берилган эди. Бироқ жамият ушбу суммани тўлашни пайсалга солди.

Суд сўнгги чора – қарздорликни мол-мулк ҳисобидан ундириш бўйича ижро варақаси чиқарди. Ҳужжатлар асосида Мажбурий ижро бюроси туман бўлими билан ҳамкорликда жамиятга тегишли “HOWO” русумли юк автотранспорти аукционда 379 млн. 714 минг сўмга сотиш орқали қарздорлик тўлиқ ундириб олинди.

“Айрим тадбиркорлик субъектлари мажбуриятини тўлиқ ҳис қилмаётганлиги давлат солиқ хизмати органлари ходимларини сўнгги чорани қўллашга мажбур қилмоқда. Ҳозирги кунгача вилоят бўйича 168 млрд. сўмдан ортиқ маблағ қарздорларнинг мол-мулки ҳисобидан ундирилди”,– дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Муҳаммадмирзо Нўъмонов.