April 11, 2020

Тўхтаб туринг илтимос...

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Севги ва ажирим

"-Тўхтаб туринг... Илтимос... Сиз психологмисиз? Менинг ҳаётим остин-устин бўлиб кетди. Ўзим ҳам тушунмаяпман нима бўлаётганлигини... Менга ёрдам беринг...
-Севиб қолдингизми?
-Қаёрдан билдингиз?
-Ҳаётим остин-устин бўлиб кетди!” деганингиздан...
-Ҳақиқатдан психолог экансиз. Тавба, билиб қўйдингизку...
-Нима қиламиз? Хотирангиздан ўчириб берайми?
-Иложи борми?
-Ҳа, севгини хотирангиздан ўчиришнинг иложи бор.
-Қайтаришнинг иложи йўқми?
-Йўқ, қайтаришнинг иложи йўқ...

Психолог қабулидан лавҳа

“...Мен оиласи бор эркакни яхши кўриб қолдим... Турмушдан ажраганимга олти йил бўлади. Хотини бор эркакни яхши кўриб қолиш азобини тушунтиришим қийин сизга. Айтганча, сизнинг турмуш ўртоғингиз борми? Менинг бу гапларимни эшитиб ёмон кўриб қолмайсизми?
Психолог: Оилам, турмуш ўртоғим, келиним, ўғлим қизим бор. Аммо, бу ҳаёт синовингиз мен сизнинг пешонангизга ёғганларини эшитиб ёмон кўриб қолмайман, ишонинг. Давом этаверинг, эшитаяпман...
... Мени эса икки ўғлим бор. Турмуш ўртоғим аварияда вафот этган. Тўғриси қачонки оилада эр-хотин чиқишмаса хотин эрини ёмон кўриб қолиши мумкин. Лекин ҳеч қачон эрига ўлим тиламаслиги керак экан. Мен эрим билан олти йил яшадим. Олти йил ичида инсон ичига қанча зардоб сиғишининг иложи бўлса, шунча азобни ичимга ютган хотинман. Эрим тадбиркор эдилар. Худо раҳмат қилсин далага пахта, экин экардилар. Уйимизда ишчилар, теримчилар, трактористу, машина тузатувчи усталарнинг кети узилмас эди. Уларга ош-овқат деганидек. Мол-ҳол, қайнона-қайнота, нон ёпишу қозон қайнатиш деган юмушлар бўлади қишлоқда. Яна свет ўчиб қолишини айтсам. Эрим ўша ишчиларга ҳам “ўйнаш” қилиб ураверарди. Менинг айбим нима? Уларга овқат беришим керак эди, овқатларини бердим десам ҳам тушунмасдилар. Ҳар сафар ноҳақ калтакланганимда уни ичимдан қарғардим. Нимаям қила оламан тан олмасдан... Бу дунёдан ўлиб қутилди. Мен эса унинг жаҳлидан, зуғумидан, заққум егандек уйидаги меҳрга очарчиликдан қутилдим. Ўлганларида ҳеч ниманиям сезмапман. Ўғлим етим қолгани-ю, ўзим бева қолганимни тушунмадим ҳам.
Кейин мени ўйдан ҳайдашди... Тошкентда бир укам ўқирди. Шу жойга келиб бир катта ишхонанинг ҳам ош-овқатини қилишга ва тозалаб беришга иш топдим.
Кўриб турибсиз чиройли аёлман. Бир эркак кўзимдаги мунгни ва баъзан йиғлаб пол артаётганимни кўрибди. Кейин кўнглимни сўради. Ҳаётимни айтиб бердим. Менга бу одамнинг раҳми келди... Яхши гапириб кўнглимни кўтаришга ҳаракат қиларди. Бир куни 8 мартга атаб ҳаммани табрикладилар, аммо менга бир атир совға қилибдилар. Мен тўғриси бу одамни яхши кўриб қолдим. Ўзимга қарашни бошладим. Сочимни бошқачароқ қилиб турмакладим. Ҳамма аёллар менинг озғинлигимга ҳавас қилишарди. Бу озғинлик эмас азадорлик, бахтни ҳис қилмаганлик, табассум йўқлиги, аёл эмаслик, битта қозиқга айланиш, касалманд кайфият эканлигини қаердан ҳам билсин бахти бутун аёллар.
Ҳулласи... Менинг виждоним қийналишни бошлади. Аллоҳ олдида ҳам ўзимни гуноҳкор ҳис қилишни истамасдим. Бу одамнинг менга берган ёрдамларини ишхонамиздаги бухгалтеримиз ва бошқа ишчилар ҳам сезишарди. У одам менга никоҳ таклиф қилди. Мен аёлининг билиши кераклигини айтганимда Аллоҳ билса бўлди” дедилар ва мен бу гапга рози бўлдим.
Азобим янада кўпайди. Хотини бу ҳақда билди. Менга бир хоналик уй олиб бергандилар ва ҳафталик рўзғоримни қилиб берардилар. Уй тўққизинчи қаватда эди. Бир куни аёллари тўққиз қават уйнинг олдига келиб бор овозлари билан “....!”, “....!!” “Сен менинг эрим билан....!” деб ярим соат бақирди. Қандай қилиб ошхонага бориб пичоқ олганимни ва қорнимга суққанимни билмайман...
Бугун қирқинчи кун. Аввал эримни қабрга кўмдим. Энди мен ишонган эркакни никоҳли эримни қалбимнинг қабрига кўмдим.
Менга ёрдам беринг... Бу севгидан қутилай...
Шу аёл эри билан бахтли яшасин... Мен эса яна оч-наҳор... Ноним-ошим бору, лекин яшашга иштаҳаси йўқ семиз, бахти бутун аёллар орзу қилган озғин аёлга айланай...
Севгимни хотирамдан ўчириб беринг... Опажон...

P\S:
Охирги пайтда қабулимга келган аёллар ичида севгимни ўчириб беринг" дейдиган психологик консультацияларим кўпайди. Шунинг учун бу актуал темада китоб ёзишга қарор қилдим. Аллох ҳамма нарсага қодир. Шу китоб орқали "Севги нима? Севгининг кризислари. Ёлғон севги. Севги ва унга қарамлик. Боғланиб қолиш ҳақида психологик билимлар бермоқчиман. Бу юмушни
Аллохнинг қодирлигига топшириб сабабчиликни зиммамга олиб сиз азизларимнинг дуолари билан "Бисмилло" деб бошладим.