@ijod

Инобат Иброҳимова. ҚАЛДИРҒОЧ. Ҳикоя.
«…раҳмдил-да, қалдирғоч, қалдирғоч эмас, у сингил, у – дилпора, сингил қилса гар нола, зимистонлар чекинар, сингилларнинг мардлиги мусибатда билинар».
Эсонғали Равшанов, «Оққуш сузган сув сулув».
Бозорбой машинасини дарвоза ташқарисида қолдириб ҳовлига мамнун табассум билан кириб келар экан, сўрининг бир четида муштдеккина бўлиб омонат ўтирган синглиси Замирани кўрди-ю таъби хира бўлди. Хотинининг чимирилиб туришидан синглиси бир ташвиш билан келгани  аниқ. Нега келдинг, деган савол салом-алик оҳангиданоқ билинди. Сингил ўзини гуноҳкордек сезди.  Сочларига битта-ярим оқ оралай бошлаган эркакнинг салобати босди. Акасининг қаршисида турган аёл бошини солинтириб яна кичрайиб кетгандек бўлди.
Бозорбой юз-қўлини арта-арта дастурхон тўрига бориб ўтирар экан, пойгакда ўтирган синглисига яқинроқ келиб ўтир дегандек ишора қилди. Замира ўтирган жойида бир қимирлаб олди, рўмолини тўғрилаган бўлди. Хўриллатиб яхна чой симираётган акасига умидвор боқди. Ниҳоят у бетоқат кутаётган савол ҳукмфармолик билан янгради:
– Тинчликми, нима гап?
– Жиянингиз Толибжон ўқишини бир йилини чет элда ўқирмиш. Кўп йигит-қизнинг ичидан уни танлаб олишибди.
– Ҳм-мм…
– Акаа, – деди ялинчоқлик билан Замира, – ўғлим ўқишга кирган кунидан бошлаб менга оғирлигини туширмайди. Ўзини эплагани эплаган, яна икки укасининг ҳам кийим-бошларигача тайёрлаб беради. Домласининг айтишича ўқишда ҳеч ким унга тенглаша олмас эмиш. Болам раҳматли отасига ўхшаб жуда меҳнаткаш…
– Ҳа-аа, меҳнаткашлигидан ярми қуриб битказилмаган уйни мерос қолдирди.
– Дардга чалиниб қолмаганида уйимиз ҳам битарди… Ҳадемай болаларим қаторга қўшилиб қолади. Уйни ҳам ўзлари битказади…
– Бу ерга болаларингни мақташга келмагандирсан, – деди ака сингилнинг гапини бўлиб. – Бир жойга ўтиб келишим керак. Зарил гапинг бўлса айт.
– Ака… – Замира бир зум тараддудланиб қолди. – Ўқишга давлат томонидан юборилаётган бўлса ҳам ўғлимга бироз пул беришим керак. Ёт, бегона эл бўлса… Шунга қарз сўраб чиққан эдим. Куз охирида молларимдан биттасини сотиб, қарзингизни қайтараман, ҳозир сотсам арзимаган пул бўлади.
– Иккита тиррақи бузоғингни молим бор деб юришингни қара. Қанча керак бўлади?
– Йиғиб юрган бироз пулим бор, яна икки юз минг сўм бўлса эди.
– Ҳм-мм… Яхши, бир қараб кўрайчи, ўзи шунча пул чиқадими-йўқми. Онаси, бу ёққа қара, гап бор. Сен бироз кутиб тур.
Эр-хотин бошлашиб ичкари уйга кириб кетдилар. Эшик қия очиқ қолди. Бироз ўтиб ичкаридан янгасининг зардали овози кела бошлади:
– Хафа бўлманг-у синглингиз ўта фаросатсиз, асли. Тўй устида турганимизни билиб туриб яна тиланчилигини қўймайди. Кўрпасига қараб оёқ узатмайдими? Унга ким қўйибди чет элда бола ўқитишни? Ундан зўрлар Тошкентда ҳам ўқита олмаяпти-ку. Куёвнавкарнинг битта машинасининг хизмат ҳақи икки юз минг сўмдан ошади. Тўй қилишнинг ўзи бўлса экан. Казо-казолар келади, тўртта ҳамсояни йиғиб, маърака қиладиган синглингизга ўхшаганлар буни тушунармиди.
– Куз охирида қайтараман, деяпти, бас қил дийдиёнгни.
– Нимасидан қайтаради, бити борми қайтарадиган? Ёрдами тегмайдиган жойда зарари ҳам тегмаса экан. Беринг, бераверинг, Замира билан ўғлидан бошқа ташвишимиз борми, бизни…
Эр-хотин тортиша-тортиша айвонга чиқиб келишди.
– Ие, Замира қани, – Бозорбой ғалати бўлиб кетди. «Эшитибди. Янгасининг гапларини эшитиб, хафа бўлиб кетиб қолган», деган ўй ўтди хаёлидан. Пулни чўнтагига тиқиб, шоша-пиша кўчага чиқиб уёқ-буёққа қаради. Синглиси кўринмади. Орқасидан пул олиб югуришни у ўзига эп билмади. Ҳовлига қайтиб кирганида хотини савол назари билан қаради.
– Гапимизни эшитиб, хафа бўлганга ўхшайди, кетиб қолибди, – деди бироз бўшашиб.
– Кетса кетаверсин, лўли аразласа, тўрвасига зарар, – деди хотини ғолибона оҳангда.
Замира акасиникидан чиқиб орқа-ўнгига қарамасдан далага қараб юрди. Кун иссиқ, далада ҳеч ким кўринмасди. Ижара ерга экилган сабзи майсалабди. Энгашиб ўтоқ қила бошлади. Энгашиш баробарида қайноқ кўзёшлари юзини ювиб туша бошлади. Энтикканича уватга утириб қолди, бошидан рўмолини олиб юзига босди. Йиғлайверганидан боши қизиб, оғриқ кирди. Ўрнидан туриб нарироқда шарқираб оқиб ётган ариқ сувига юз-қўлларини чайди. Бироз енгил тортди.
Сувнинг салқин эпкинидан анча ўзига келиб, рўмолини бошига танғиди. Шу лаҳза бир нарса ёдига тушгандек қадоқ қўлларига тикилиб қолди. Узук, раҳматли онасидан қолган узук бор-ку. Ўшани сотади. Аёл севиниб кетди. Нега шу эртароқ хаёлига келмади экан? Узук тақмаганига ҳам минг йиллар бўлди-ёв. Эрининг вафотидан кейин ўзига унча-мунча нарсани эп кўравермасди. Иссиққа ҳам парво қилмай уйига қайтди. Эски сандиқни титкилаб узукни топди. Узоқ термилди. Узук олис ва бахтли ўтмишни ёдига солди. Уни кафтига қисиб кўксига босди. Агар ўғли учун бўлмаганида узукни ҳеч қачон сотмас эди.
Замира узукни дугонаси Лобарга кўрсатди. Ҳайрон бўлган дугонасига сабабини тушунтирди. Узук жуда қимматбаҳо эди. Аёл уни завқ билан томоша қилди. Эри келганида маслаҳатлашиб жавобини айтадиган бўлди.
Кечга яқин дугонаси эри билан эмас, қайнотаси Қаюм оқсоқол билан кириб келди. Унинг хижолатли боқишидан Замира нимадир бўлганини сезди.
Оқсоқол ҳарсиллаб атрофида райҳонлар гуркираб ётган супага такаллуфсиз жойлашар экан, аёлларга ҳам қўли билан ўтиринглар деб ишора қилди. Салом-аликдан сўнг Замирага қараб деди:
– Қизим, раҳматли отанг, қайнотанг билан қадрдон жўралар эдик. Нега Толибжоннинг хорижга ўқишга кетишидан бехабар қолдим? Буни ҳаммадан аввал мен билишим лозим эмасми? Келин, узукни дугонангга қайтар. Ўртангизда яна шундай номаъқул савдо-сотиқ бўлганини эшитсам, мендан яхшилик кутманг, ҳатто ўлганимда ҳам гўримда тик тураман. Мана бу пулни Толибжонга берасан. Ёлғиз эмаслигини айт. Пулни қайтаришни хаёлингга ҳам келтирма. Набираларимга ҳам унинг йўлини берсин, илойим. Элга катта дўхтир бўлиб қайтсин. Аввал бир дуо қилайлик, кейин ширгуручга бемалол уннайверасан…
Оқсоқолнинг узундан узун дуоси Замиранинг ҳиқ-ҳиқ йиғиси билан бўлиниб турди.
Бутун қишлоқ Толибжонни кузатишга чиқди. Ўғлининг миннатдор нигоҳларидан она мумдек эриди. Кузатиш маросими тўйга уланиб кетди. Замиранинг акаси ўғил ўйлантириб данғиллама тўй қилди. Сингил барча гиналарни кўнглидан чиқариб ташлаб, тўйда хизмат қилди. Янгасининг чимирилиб қарашларига парво ҳам қилмади. Уни энди кўрибдими? Хуллас тўй жуда яхши ўтди.
Кунлар бир маромда кечарди. Ҳамма кузги йиғим-терим ишлари билан банд бир паллада Бозорбойнинг уйига ўт кетибди деган хабар бутун қишлоқ бўйлаб яшин тезлигида тарқалди. Даладагилар ҳам олисдан кўкка ўрлаётган олов тилларига хавотир билан қараб қишлоққа югура бошладилар. Замира нима бўлаётганига тушунмай югуриб кетаётган йигитчани тўхтатди.
– Хола, акангизнинг уйига ўт кетибди…
Замиранинг қулоғига бошқа гап кирмади. Йигитчанинг ёқасига чангакдек ёпишиб қолган қўлларини аранг ажратиб олишди. Қишлоққа қараб юрай деса оёқларида мадор йўқ эди. Тўрт томонига жавдираб, бир гапни такрорларди:
– Яхшилар, менга акамнинг хабарини беринг… жонгинаси соғмикан…
Кимдир елкасидан тутди. Акасига ҳеч нарса қилмаган эмиш. Бироқ аёлнинг қалтироғи босилай демасди. Бир амаллаб қишлоққа етиб келди. Ёниб кул бўлган уй қаршисида бошини чангаллаб ўтирган акаси қошига келиб тиз чўкканича уни қучоқлаб олди. Ака чуқур хурсиниб уни бағрига олди.
– Шукур, ўзингиз омон экансиз… сизга бир нарса бўлганида мен нима қилардим, худога шукур, – Замира шундай деб йиғлаб юборди.
Янгаси латта-путталарини оловдан асрайман деб ёнғин ичида қолиб кетишига бир баҳя қолибди. Ўғли олиб чиқмаса арзимаган матоҳларга қўшилиб, у ҳам ёниб кетиши мумкин экан. Ҳартугул жароҳатлари унча оғир эмас эди. Барибир йиллар давомида тикланган уй-жойнинг бир лаҳзада ёниб кул бўлганини кўриш оғир эди. Ҳатто гараждаги машиналари ҳам деярли яроқсиз ҳолга келганди.
Тонгни деярли уйқусиз қаршилаган Бозорбой  ҳовлига мол етаклаб кирган синглисига ҳайрон боқди.
– Ака, манави мол бирор корингизга яраб қолар деб ўйладим, – деди меҳрибонлик билан Замира. – Қўлимдан келгани шу бўлди. Қани эди кўпроқ ёрдам бера олсам, ташвишларингизни аритсам…
Бозорбойнинг тили калимага келмасди.                  Инобат НОДИРШОҲ

Инобат Иброҳимова. ГУЛШАН. Ҳикоя
Шундай уй бор, одамдайин бош эгган қуйи,
Устунлари кетгудайин салдан чўрт синиб.
Ётоғида тун ўтмоғи ажалдан қийин,
Деворида хўрсиниқлар қолар хўрсиниб…
Ҳалима Худойбердиева.
Нурбек навбатчиликдан чиқаётиб, кириш эшигида ҳамқишлоғи Собирни кўриб қолди. Ўзи биринчи бўлиб қўл узатди. Саломлашиб ҳол-аҳвол сўрашдилар.
– Катта амакингиз тўғри уларникига боришингизни тайинлагандилар, – деди Собир ўнғайсизлангандек оҳангда. – Телефонингиз ўчирилган экан. Шунга эрталаб бизникига чиқиб, уйга сизга тегишли меҳмон келганлигини айтиб қўйишимни сўрадилар.
– Менга тегишли меҳмон ким экан?
– Билмасам… Кетишга рухсат этинг, – Собир рухсат олар-олмас ичкарига зипиллади.
Нурбек ажабланди. Ҳамқишлоқ йигитнинг ўзини тутиши ҳам ғалати эди. Ўзини опқочаётгандек туюлди. Негадир меҳмон сўзи кўнглини ёриштирмади. Оёғи тортмай турган бўлса ҳам аввал амакисиникига кириб ўтишни ўйлаб машинасини ўт олдирди.
Катта ҳовли қўни-қўшни, қариндошлар билан гавжум эди. Байрамона безатилган дастурхон тепасида хомуш ўтирган кичик амакиси Омонни кўриб, юраги баттар ғашланди. Амакиси ҳам унга кўзи тушиб, гуноҳкорона илжайди. Нурбек ҳамманинг нигоҳлари унга қадалганидан ажабланди. Ширакайф катта амаки лапанглаганича келиб, қувонч билан елкасидан тутди:
– Суюнчи бер, отанг келди, укажоним эсон-омон ота уйига кириб келди…
Йигит турган жойида қотиб қолди. Шундагина дастурхон тўрида ўтирган, Омон амакисига жуда ўхшайдиган, ёшлардек кийинган кўркам кишига кўзи тушди. Эркак ўрнидан туриб, унга томон кўришмоқ учун бағрини очганида йигит ортига тисарилди. Ўртага оғир сукунат чўкди. Ота ўнғайсизланди.
– Отанг-ку, нега ўзингни тортяпсан, бор, ота-боладек кўришинглар, – деди амакиси паст овозда уни ортидан итаргудек бўлиб, укаси томон йўллар экан.
– Ака, Нурбекни ўз ҳолига қўйинг, ўзи билади нима қилишни, – деб Омон амакиси уларнинг ўртасига тушди.
– Сен, шу болани отасидан совутдинг, бинойидек йўл қараб юрарди, янгамга сўз берганман дединг, отаси йўқлигини билдирмайман дединг, уйланмай бурун қарамоғимга олдим дединг, ишқилиб болани отасидан айирдинг. Ё сенга мошина совға қилмаганига куйиб кетяпсанми?
– Ҳаммани ўз қаричингиз билан ўлчаманг, ака, – деди Омон қип-қизариб. – Юзма-юз турганимизда акамнинг ўзи айтсин,  Нурбекни ундан мен айирдимми, жиянимни отасидан мен совутибманми?! Дўстларимдан қарз-қавола қилиб ортидан Финландиягача излаб борганимда бир мўйи қилт этмаган шу одам эди-ку. Худонинг зорини қилиб ялинганимда мени ёлғон-яшиқлар билан алдаб ортимга қайтариб юборган ким эди?! Буни Нурбекка ҳам, онасига ҳам айтмаганман, бироқ янгам сезган эди,  яширсам ҳам сезган…
– Ёшликда ҳамма ҳам хато қилади, – деди акаси билинар-билинмас оқ оралаган сочларини бармоқлари билан тараб.
– Энди бу гапни гапириш осон, – деди Омон ҳамон ҳовуридан тушмай. – Чет элга ҳам фақат ўзингизни ўйлаб кетгансиз. Кўриниб турибди, яхши яшабсиз, ҳатто мендан ҳам ёш кўринасиз. Нега уларни ташлаб қўйдингиз? Гулшан янгамга ўлдим-куйдим деб, остонасига ётиб олгудек бўлиб уйлангансиз-ку? Сўнгги кунларини яшаяпти десам ҳам қайтмадингиз. Энди эса ҳеч ким кутмаган бир пайтда ўғлингизни эргаштириб келиб ўтирибсиз. Бу бола Нурбекдан бошқачароқми? Нурбекни эслатмасмиди? Қишлоқнинг бир чеккасида чала-ярим битган кулбада қолиб кетган гўдак билан онасини унуттирган шу болами ёки ғайридин онасими?
– Қўйсангчи шунақа гапларни. Ўша пайтлари ҳаётим эндигина яхшиланаётганди. Мени қайтариш учун касаллигини баҳона қиляпсан дебман. Ундан кейин ота-онасининг ёнида бўлса, ёлғизланиб қолмайди деган ўйда эдим. Бунда ўғлим билан онасининг ҳеч қандай айби йўқ, мен айблиман, мен хато қилдим. Нурбекнинг олдида биргина мен гуноҳкорман. Нурбек… қани у?
Ака-укалар у қачон чиқиб кетганини сезмай қолишганди.
– Ҳамма нарсага жавобингиз тайёр, – деди Омон афсуслангандек бошини чайқаб. – Сиз жигаримсиз, келганингизни эшитиб севиндим. Бироқ ўртада Нурбек ҳам бор. Болалигини эсласам ўзимни гуноҳкор сезаман, қилмишингиздан уяламан, оқлашга сўз топмайман.
– Ҳадеб ўтган гапларни қўзғайверма, – деди катта ака муросасозлик билан. – Булар ота-бола бўлса, эт билан тирноқдек гап.
– Эт билан тирноқмиш… буни жияннинг ўзи ҳал қилади. Майли, мен бориб ундан хабар олай. Қандай аҳволда экан? Ҳе йўқ, бе йўқ, осмондан тушгандек оталик бўлиб қолди. Уни бир пас тинч қўйинг. Ўзига келиб олсин, гаплашиш бўлса қочмас. Йигирма беш йил усиз бемалол яшадингиз, яна бироз сабр қилсангиз ҳеч нарса қилмайди.
– Майли, яхши бор, кечга келсанг ўзимиз ўтирардик ака-укалар. Яна ўзинг биласан, – деди ака кичик укасини ҳовлидан кузатар экан. Кейин каттасига ўгирилиб деди:
– Сен Омоннинг гапларига эътибор берма. Биласан-ку, унинг аввалдан ҳам тили заҳар эди.
Ука ҳовли ўртасида бир муддат серрайиб турди-да, меҳмонлар даврасига қўшилди. Бирмунча вақт аввалги хандон-хушон кайфиятидан асар йўқ эди.
Нурбек оғир хаёллар билан уйига қандай етиб келганини билмади. Қаршисига югуриб чиққан болаларини ҳар доимгидек осмонга ирғитиб ўйнатмади. Наридан бери эркалаб кийимларини алмаштириш баҳонасида уйга кириб кетди. Анчадан кейин ўйлари чувалашиб айвонга чиқди. Дастурхон атрофида уни кутиб турган болаларининг кўнгли учун бирга ўтириб чой ичди. Томоғидан нарса ўтмади. Аёли, болалари ҳам уни авайлагандек жим эдилар. Отанинг тушкун кайфиятини кичкинтойлар ҳам илғашди. Ниҳоят дастурхонга фотиҳа ўқилгач ўрнидан туриб томорқадаги экинларига сув таради. Ҳовлига ўтиб айвон қаршисида барқ уриб ётган гулларга резина шлангдан сув сепа бошлади. Ҳовлини райҳон ҳиди тутиб кетди. Турфа рангда очилган гуллар сув сачраганида титраб қувончдан энтикаётганга ўхшарди. Нурбек анчагина ўзига келиб қолди. Айвон зинасида ўтириб гулзорга термилиб қолди. Райҳон чилпиётган ранглари заъфарондек ёш аёл – мушфиқ онаси кўз олдида гавдаланди. Кўчадан кирганингда ҳам, уйдан чиққанингда ҳам кўзинг аввал гулларга тушса, баҳри-дилинг очилади, Гулшаннинг ҳовлиси ҳам гулшандек бўлиши керак, дерди синиққина жилмайиб. Катта бўлганингда ҳеч кимда йўқ ноёб гуллардан менга олиб келасан, мақтаниш учун ҳар куни дугоналаримни меҳмонга чақираман, ҳозиргидек ёлғиз ўтирмаймиз. Набираларим бўлади, сенга ўхшаган ақлли, полвонгина. Уларга сен ҳақингда гапириб ўтираман, сен яхши кўрадиган эртакларни айтиб бераман…
Дарвоза олдига келиб тўхтаган машина овозидан йигитнинг хаёллари бўлинди. Амакиси экан. Бир-бирларига пешвоз юрдилар.
– Машинангни катта ҳовли ёнида қолдирибсан, ҳайдаб келавердим, – деди амакиси унинг кўзларига қарамасдан.
– Осмон остин-устун бўлиб кетай деди-ку, машинани гапирасиз, – деб амакисини айвон томонга бошлади. Икковлари хонтахтанинг икки томонида анча вақтгача жим ўтирдилар. Авваллари шундай пайтда гаплари адо бўлмасди. Ҳозир эса… ҳар иккисининг ҳам айтадиган гаплари кўп, бироқ нимадан бошлашни билмасдилар. Ниҳоят Нурбек «ёрилди»:
– Сиз у одамнинг олдига бориб келганингизни айтмаган эдингиз. Қачон боргансиз?
– У келмаганидан кейин айтиб шусиз ҳам яримта юрагингни тилка-пора қилмай дедим. Янгам ётиб қолган қиш кечалари эсингдами? Янги йил оқшоми эди, сизларникига келгандим.
– Мен у кечаларнинг ҳар бир лаҳзасини эслайман. Қор кўп ёққан эди. Энамнинг тўшагига тақаб ёзилган дастурхон… иккита нон, бир ликопчада олма, олча шарбати. Энам ётиб қолгани учун иссиқ овқатсиз ўтирган эдик. Ҳужрамизнинг деразаси кичик токчаси катта эди. Бола тасаввуримда шундай эди-да. Энам эртак айтишдан чарчаб қолганида зерикиб токчага чиқиб ўтирган эдим. Шунда қоронғи ҳовлида кимнингдир шарпаси кўринди.
– Эна, отам келди-ёв, – деб ҳовлиққанимча ташқарига отилдим. Энам хаста ҳолида бошини болишдан аранг кўтариб ортимдан қараб қолди. Чиқсам сиз келган экансиз. Яна қайтиб энамга ҳафсалам пир бўлганича «Кенжа амаким экан» дедим. Шунда унинг чуқур хўрсиниб болишга бошини ҳолсиз ташлагани кўзларимда қолиб кетди. Умидлари чилпарчин бўлиб, бошини қайта болишдан кўтармади.
– Ўша ҳолатни кўрганимдан кейин акамни қидириб, сўраб-суриштириб топиб борганман. Ноумид қайтдим. Янгамнинг кўзларига қаролмасдим. Саволларга тўла нигоҳидан яширган сирим очилди. Онаси, ака-укаларининг олдида шундай деган эди:
– Кенжа, Нурбек сизга омонат. Бисотимизда иккита қўй бор. Иккови ҳам ўғлимга аталган. Кураш тушиб, полвонлар меҳрини қозониб топган қўйлари. Агар ўтганимдан кейин маъракалар учун ким шу қўйларни сўядиган бўлса, гўримдан чиқиб, ёқасига ёпишаман. У вояга етгунича кўпаяверсин. Яна бир васиятим шуки, улғайиб эр етганида рўзғоридан орттириб, ҳар йили бир марта тўй-сайилларда кураш тушган энг кичик полвон бола учун зотга битта совлиқ қўйсин.
Йигит кўзёшларини яширмоқчидек маъюс жилмайди:
– Ўшанда олти ёшда эдим. Кузнинг охирларида Садир полвон ўғилларининг суннат тўйида катта кураш берган. Турли жойлардан номдор полвонлар келган. Энам билан маслаҳатлашиб курашга борганмиз. Майдондан узоқроқда кичик тепалик бўлар эди. Энам ўша ердан туриб мени кузатадиган бўлди. Даврага чиройли белбоғ боғлаган оқ яктакли мен тенги бола чиқди. Полвонлардан бирининг ўғли экан. Майдонга чиқиб керилиб турди, ҳеч ким юрак ютиб чиқмади. Қўрқмасдан чиқиб бордим. Энам кузатиб турган эди-да. Пишиллаб, узоқ олишдик. Бир чил берган эдим, гуппа учиб тушди. Оёғимдан бир пой калишим отилиб кетди. Йиртиқ пайпоқдан оёғимнинг бармоқлари кўриниб қопти. «Ҳалол» деган сўздан одамлар бир гувиллади. Кимдир калишимни келтириб берди. Йиқилган боланинг отаси келиб, елкамга қоқиб қўйди, уятдан қип-қизариб кетган ўғлини даст кўтариб, елкасига ўтирғизиб олди-да, майдондан чиқишди. Ўша болага шундай ҳавасим келди. Қани эди, менинг отам ҳам шундай кўтарса, йиқилсам ҳам рози эдим… Давра тўрида қўр тўкиб ўтирган оқ сочли полвон мени ёнига чақириб ўтқизди. Орқа томонга аланглайверганимдан ҳайрон бўлиб ортига ўгирилди-да, кулди: «Онанг кузатиб турибдими? Менинг онам ҳам олисдан ўтириб шундай кузатиб турар эди. Бир пас ўтир, кейин олдига борасан». Шундай деб ёнидаги кишидан сўради: «Полвоннинг ортидан эркаклар кўринмади, кимлардан бўлади?» У киши овозини пасайтириб гапиргани учун эшитмадим. Умуман хаёлим тезроқ энамнинг олдига бориб, совринни кўрсатиб мақтаниш эди. Ўшанда мен ҳақимда сўраганини кейинчалик англаганман. Ортидан эркаклар кўринмаган полвон мен эдим… Типирчилайверганимдан кейин менга рухсат берди-да, энамга кечга қўноқлар боришини тайинлашимни сўради. Учиб кетдим. Энам гапимни эшитиб, ғалати бўлиб кетди. Шундай бўлса ҳам уйга бориб тараддуд кўра бошлади. Товуқ шўрва осиб қўйди. Кечга яқин етти-саккиз одам келди. Биттаси қўй етаклаб олган. Улар ичкарига кирмади. Оқ сочли полвон совринни менга атаб олиб келибди. Жуда қувониб кетдим. Ўша куни улар уйга гўшт-ёғ, гуруч, оппоқ бўрсилдоқ нонлар ташлаб кетишди. Улар кетгач, энам уйга кириб узоқ йиғлаган. Ўшандан бери қўйларни яхши кўраман. Улар менга ҳимматли эркакларни, сочлари қордек Шердил полвонни эслатиб туради… Энам билан узоқ кутдик. Отам мени қандай эркалагани, исмимни ҳам катталарга айтмай ўзи қўйгани, осмонга ирғитиб, суйганларини эртак тинглагандай берилиб эшитардим. Энамдан қайта-қайта айтиб беришини сўрардим. Оғир хўрсиниқларининг маънисини англамасдим. Энам ўтганидан кейин «келади, мени ўзи билан олисларга олиб кетади» деб ишондим. Ўқишга кирганимда, битириб хизматни бошлаганимда у кишидан биттагина бўлса ҳам мужда кутдим. Уйланаётганимда «шу лаҳзаларда кириб келсайди», деб умид қилганман. Невараларингиз туғилганида ҳам кутдим. Бора-бора шу интиқлик юрагимга аламли бир оғриқни жойлади…
– Тоғаларинг сизларни олиб кетмоқчи бўлганда янгам рад этган. Жуда енгил тортганман. Сени беҳад яхши кўрар эдим. Гулшан янгам аёлларнинг энг сулуви бўлиб кўринар эди. Тошкентга борганинг эсингдами? Аслида шифокорга кўриниши учун мен чақирган эдим. Шифокорнинг гапидан кейин ўзимни йўқотиб қўйганман. У кечикканимизни айтган. Буни янгамга қандай айтишни билмай шифокорнинг олдида анча қолиб кетганман. Кўзёшларимни аранг тийиб, Дилоромни олиб сизлар билан шаҳар айланганмиз. Янгам менга бот-бот қараб қўяётганидан кўнгли ниманидир сезганини билдим. Бироқ айтишга ожиз эдим. Кечқурун ётоқхонада гапни Дилоромни мақташдан бошлаган: «Кенжа, яхши қиз экан, уйлансангиз кам бўлмайсиз. Кейин шундай меҳрибон қизнинг қўлида Нурбекдан кўнглим хотиржам бўлар эди…» Шунда чидолмай борини рўй-рост айтишга мажбур бўлдим. Бошимни меҳр билан силаб: «Буни шифокор айтмаса ҳам аллақачон сезган эдим, аслида сиз билан Нурбек ҳақида гаплашиш учун келдим. Уни ташлаб қўйманг, лоақал сиз уни ёлғизлатманг» деди.
– Бувам ўтганидан кейин энам ота ҳовлисига деярли бормай қўйди. Бувам ҳаёт эканида энам иккимиз уларникига борганмиз. Жуда мазали шўрва пиширишган экан. Она-болани бувам ёнларига ўтқаздилар. Бир маҳал бувам ичаётган шўрвамни қошиқ билан ковладилар-да, қовоқларини осиб момомдан сўрадилар: «Нега Нурбекнинг шўрвасида гўшт йўқ?»  Момом зарда қилгандек деди: «Еб қўйгандир-да». Бувам яна «Кузатиб турибман, косасида чумчуқ бошидек гўшт чиқмади» деди. Шунда тоғамнинг хотини чимирилиб: «Етмай қолди, буларнинг келишини билмаган эдим» деди. Бувам аччиқланиб деди: «Шунча одамга етган гўшт она-болага етмай қолдими?» Энамнинг косасида ҳам гўшт йўқ экан. Тоғамнинг хотини косасини тақ этиб, хонтахтага қўйди-да, ўрнидан туриб кетди. Ўртага совуқ сукунат чўкди. Тоғам энамга еб қўйгудек қараб қўйди. Момом ўлганнинг устига тепгандек: «Одам дегани тинчгина келиб кетса-да, жигарлар ўртасига совуқчилик туширмай» деди. Энам билан кеч бўлганига қарамасдан уйга қайтиб келдик. Қон йиғлаб тонг оттирган эди. Касал бўлганида момом келиб жавраб-жавраб кетган. Энамни деб ҳеч тинчи йўқ экан. Турган-битгани ғурбат эмиш. Мен учун дунёда энамдан яхшироқ одам йўқ эди. Биласизми, мен узоқ вақтлар исмингиз Кенжа  деб юрар эканман. Энам сизни шундай деб чақирар эди.
Икковлари шу тариқа хотираларга берилиб узоқ ўтиришди. Вақт алламаҳал бўлганида амакиси қўзғалди. Дарвоза олдига етганида Нурбекка ўгирилди:
– Қандай қарорга келсанг ҳам сени айбламайман. Акамга ҳам шунча йиллардан кейин сенинг кўзингга қараш осон эмас. Фақат биргина илтимосим бор. Агар остонангга бош эгиб келса, ундан юз ўгирма. Майли, юрагингда йиғилиб ётган ҳамма дардларингни, аламларингни тўкиб сол, ҳайдаб солма. Ўзи катта ҳовлидаёқ сени кўриб, айниқса, ортингга тисарилганингда бўларича бўлди. Вақтни ортга қайтариб бўлмайди. Яна бу ерларга қайтиб келиш-келмаслиги энди биргина сенга боғлиқ.
Нурбек бошини қуйи солганича лом-мим демади.
Дам олиш куни эди. Ҳовлида чуғурлашиб юрган болалари дарвоза томон «Кенжа бувам келдилар» деб югургилаб қолишди. Олдига борганда иккиланиб тўхташди. Келган одам Кенжа буваларига ўхшар экан.
Эркак болаларни бир-бир бағрига босар экан, ўзини таништирди:
– Мен Кенжа бувангиз эмасман, оддий бувангизман. Бу йигит дадангизни укаси, амакингиз.
Болалар меҳмонлар билан кўришиб, ортга, ҳовлининг ўртасида туриб қолган дадаларига қараб «оддий бувам келдилар», деб югуришди.
Бегоналардек саломлашдилар. Дастурхон бошида ҳам суҳбатлари қовушавермади.
– Чиройли уйлар солибсан, – дея эркак кўзларида аллақандай мунг билан атрофни кузатар экан, ҳовли этагидаги ҳужрага тикилиб қолди.
Нурбек ҳам шу томонга қаради:
– Энам раҳматли катта бўлиб янги уйлар солганингда иккимиз яшаган ҳужрани бузиб ташлаб, ўрнига мевали дарахтлар экиб ташлайсан, дерди. Не-не орзу-умидлар билан шу уйга кўчиб кирган эдик. Аста-секин орзу-умидларим чеки йўқ дарду ҳасратга айланиб деворларга ҳам сингиб кетди. Бу уй эмас ғамхонага айланиб қолди, ягона ёруғлиги сенсан деб кўп такрорларди. Бузиб ташлашга ҳеч қўлим бормади. Йўл қараб толган энамни эслатади. Кенжа амаким туфайли энамдан кейин қандай қолган бўлса шу кунгача ўша ҳолида сақлаб келяпман. Энди бузсам керак.
Эркак оғир қўзғалиб ҳужра томон йўл олди. Нурбек унга эргашди. Унинг эшик тутқичини тутган қўллари титраётганини кўрди. Бир қадам қўйиб гандираклаб кетди. Ўтмиш билан юзма-юз келиш оғир эди. Ота, деб хавотир билан қўлидан тутган ўғлини ўзидан нари суриб кичик хонтахта ёнига тиз чўкди. Икки йигитга қўли билан чиқинглар дея ишора қилди. Улар ташқарига чиқишди. Кичкинтойлар йигитга эркалана бошладилар. Уни қўлидан тутиб, ўзлари қизиқ деб билган нарсалар томон судрай бошлашди. Болалар уни биринчи марта кўраётган бўлсалар ҳам бир пасда эл бўлиб кетдилар.
Нурбек айвон зинасида ўтириб, кута бошлади. Орқа ҳовлидан болаларининг қийқириб кулиши уни ўша томонга тортса ҳам жойидан қимирламай ўтираверди.
Анча вақт ўтиб эркак қўлида сарғайиб кетган расмлар билан чиқиб келди. Йигитнинг назарида у шу лаҳзалар ичида анча кексайиб қолгандек туюлди. Биринчи бор кўрганидаги ўктамликдан асар сезилмас, елкалари эгик қарияга ўхшарди. У Нурбекнинг ёнига ўтирди. Шу пайт болаларни биттасини елкасига миндириб, биттасини етаклаб йигит ҳам уларнинг ёнига яқинлашди.
– Бинойидек ўзбекча гапирар экан, – деди Нурбек эркакка қарамасдан.
– Ҳа, у кўп тилларни билади, айрим қилиқларини Омонга ўхшатаман. У кўпдан бу ерга келишимизни сўрар эди. Юрагим бетламасди. Айниқса, Гулшаннинг вафотидан кейин қайтишга юзим чидамасди. У мажбур қилди. Сени кўришни исташини айтиб ҳоли жонимга қўймади. Ишонмаслигинг мумкин, аслида, сени бир лаҳза бўлсин унутган эмасман. Мени қабул қилмаслигингни билсам ҳам келдим. У шуларни гапира туриб шарт Нурбекнинг тиззаларини қучоқлаб олди ва йиғи аралаш шу сўзларни такрорлай бошлади:
– Мени кечир, кечиринглар…
Йигит ҳарчанд уринса ҳам тиззаларини унинг қучоғидан тортиб ололмагач, қўллари билан авайлаб унинг икки чаккасидан ушлаб деди:
– Ота, мен сизни қанчалар интиқ кутганимни билсангиз эди.
Эркак ўрнидан туриб уни маҳкам бағрига босди. Уларга Нурбекнинг укаси, кичкинтойлар қўшилди. Ошхона эшигида Нурбекнинг аёли сочиқни дамбо-дам юз-кўзларига босиб, уларни меҳр билан кузатиб турарди.
Инобат  НОДИРШОҲ

Инобат Иброҳимова. НОГИРОН БОЛАЛАР, УЛАРНИНГ ОНАЛАРИ, БИЗ
Ёнимиздаги одамлар

Пойтахтнинг чеккасида, аниқроғи, Мирзо Улуғбек туманининг Аҳмад Югнакий кўчасида, яна ҳам аниқроқ айтсам, қачонлардир жуда таниқли бўлган Тошкент трактор заводи қаршисида яшайман. Ҳозир кўпроқ вақтимни очиқ ҳавода ўтказишга ҳаракат қиламан. Бундай пайтда истайсизми, йўқми атрофни, одамларни синчиклаб кузата бошлайсиз.
Бу ерлар яна гавжумлаша бошлаган. Яна деганимнинг сабаби қачонлардир бир неча ўн минглаб одамлар ишлайдиган завод қисқариб кетди. Унинг сердарахт ҳудудида турар-жой бинолари қурилди. Ишчилар билан гавжум бўладиган жойлар маълум бир вақт ҳувиллаб қолган эди. Ҳозир эса бозор кенгайиб кетди, янги кийим-кечак дўконлари, ошхоналар... Мева-чевалар, сабзавот ва полиз маҳсулотлари тўкинлиги кўзингизни тўйдиради, яшнатади.
Аммо гап шусиз ҳам кўриниб турган тўкинчилик ҳақида эмас. Баҳор ойларида пиёдалар йўлакчаси ковланиб, аллақаерга трубалар ўтказилди. Аввал қазиб чиқилди, анча вақт очиқ ётди, жазирама иссиқларда дарахтларнинг илдизлари очилиб, бир ачинарли манзара пайдо бўлди. Кейин трубалар ташланиб, кўмилди. Ҳа, кўмилди! Йўлак наридан-бери текисланди, ўйдим-чуқур ва бутун ёз давомида тупроқ қайнади, ўзгариш йўқ.
Назаримда бу ҳолатга кўзларимиз кўникиб ҳам қолди. Одамлар тупроқ кечиб ўтиб-қайтяпти, ёмғирлар ёға бошласа, қандай ҳолга тушиши аён. Сабр билан кутасан, балки йўлга деярли тақаб қурилган кўп қаватли иморат қурилиши битиб қолса, тартибга тушар. Эҳтимол. Балки... Фақат баъзи-баъзида айрим ҳолатларга кўзинг тушганида юрагингда безовталик пайдо бўлади.
...Одатдаги кунларнинг бири. Дориларим тугаган эди. Кўчага чиқиб, пиёдалар йўлакчасидан юрсамми ёки ҳайдовчилардан сўкиш эшитсам ҳам катта йўлнинг четидан юрсамми, деб ўйланиб турсам катта ёшли киши аравасини ғилдиратиб ўтиб қолди, терга тушиб кетибди. У келган томонга қарадим, араваси енгил ҳаракатланса ҳам бундай нотекис тупроқ йўлда юришнинг ўзи эмас. Кўринишидан қиммат, бақувват арава. Аммо йўлак... Икки-уч қадамдан сўнг аравача юрмай қолди. Клиникага кириш жойида бир нечта чуқурчалар бўлиб, арава ғилдираги биттасига тушса ҳам одам билан ағдарилиб кетиши турган гап эди. «Келинг, ёрдамлашаман», деб беш-олти қадам араванинг юришига кўмаклашдим...
Негадир шу манзара кўзимдан, хотирамдан кетмай қолди.
Бу йўлаклар... Қазилмасдан аввал ҳам авло эмас эди, аслида. Ҳар ҳолда тузукроқ эди, вайрон бўлмаган эди. Кейин ҳамма ногиронларнинг ҳам араваси йўқ. Эътибор берган бўлсангиз, биз ўзбеклар негадир имконияти чекланган ёки бошқаларга ўхшамайдиган фарзандларимизни уйдан чиқармасликка ҳаракат қиламиз. Нега? Туғма нуқсон уятлими?! Ахир бу болага боғлиқ эмаску?! Кўп ҳолларда ўжарлик билан қабул қилган қарорларимиз меваси...
Менда имконияти чекланган болалар ёки катталарнинг статистикаси йўқ. Аммо баъзи нарсаларни кузатаман, баъзи инсонлар тақдиридан, чекига тушган оғир юкидан хабардорман.
Раҳматли Шаҳодат опамнинг дугоналари кўп эди. Балки кўп бўлмагандир аммо ўзим билан солиштирсам кўп эди. Бир куни кўчада сочлари оқариб кетган оқ-сариқ аёл билан бир-бирларига «дугона-дугона» деб гаплашиб қолдилар. Аёл негадир йиғлади, опамнинг ҳам овозлари титраб, унга қўшилганидан безовта бўлдим. «Сочлари оппоқ бу аёл қанақасига опамга дугона бўлади, опам улардан анча ёшку?» деб ўйлаганим ёдимда. Ўзларидан ҳам сўраган эдим. Ўшанда дугоналарининг икки ақли заиф қизи борлиги, улғайгани сари уларни эплаш қийинлашиб бораётганини, бугун уларни деразалари панжарали кичик хонага қамаб, мажбурликдан кўчага юмуш билан чиққанини айтганлар. Ўқитувчи опам тилидан чиққан «ақли заиф» сўзининг маънисини тушунмаганман аммо у кап-катта аёлларни йиғлатадиган оғир сўзлигини ҳис қилганман.
Бундай фарзандлари бор аёлларга жуда оғир. Улар худди маҳкумларга ўхшайди, маҳкумларки озодликка чиқиш имконияти йўқ.
Қаршимиздаги «дом»да бир аёл бор. У қизимнинг дугонаси. Эрта турмушга чиқди. Тўғрироғи эрта узатилди. Унинг ҳам шундай «оғир юки» бор. Ҳеч нарсани англамайдиган, бақрайиб ётаверадиган. Овқат ейди, тагини ҳўллайди... Кундан-кун ўсаяпти. Аёл ёш, йигирма бешга киргандир. Аммо бола отли қайғуси уни қаритган. Уй юмушлари, иккинчи ҳомиладорлик, эр, қайнона-қайнотага қараш, меҳмонлар кутиш, улар келганида бола ётган уй эшигини қулфлаб қўйиш... Қулфлаб қўймасачи? Меҳмонларнинг шу болага кўзи тушса, нима бўлади? Ахир бу бола мавжудку? Бундай оғир юкни ёлғиз ўзи ортмоқлаб юрган жувонга ҳам шафқат кўрсатсалар, унинг матонатига тан бериб, яхши гаплар билан кўнглини кўтарсалар, хаста болани ташқарига олиб чиқиб, шамоллатиб, ёш она юкига озгина елка тутсалар қандай улуғ савоб бўларди, қариндошлар, яқинлар...
Бундай юк билан яшаётган аёлларга жуда оғир.
Йўл ёқасида уйдан аёл бўйи бўйига тенг шалвираб ётган боласини кўтариб чиқиб, қийинчилик билан аравасига ўтқиздирди. Ўтқиздиришдан аввал ҳарсиллаб қолган аёл бир нафас тин олди.
Аёлнинг бу юки жуда оғир.
Болалар суяк сили санаторияси. Аравачадаги ўн-ўн бир ёшли бола инжиқланиб йиғлайди, она бағрига узоқ босиб туради. Учрашув вақти тугади, кетиши керак, бола ажралгиси келмайди. Она уни аравадан олиб, авайлаб кўтаради... паст овозда унга тасалли беради. Бола оғиргина, она чарчайди аммо қўлидан қўймайди. Ихтиёрсиз шоиранинг ногирон ўсмир боласини бешинчи қаватга кўтариб чиқаётган аёлга бағишланган шу сўзларини пичирлайман: «Болам менга юк эмас...» Зиёратига борганим қумри каби қизалоқ менга ажабланиб қарайди.
«Аравани бузиб қўясиз, ҳовлига олиб чиқманг» – дейди ҳамшира зардали оҳангда яна бир онага.
Она ўзига тенглашаёзган полвонгина боласини кўтариб, аравачани қолдириб, зиналардан пастга туша бошлайди.
Чидолмайман. Ҳамширани саволга тутаман: «Ўз-ўзидан бузилмайдику? Бузилса, нима бўлади?»
«Бузилса, биздан ундириб олинади, ўзи маошимиз кам бўлса».
Руҳимда бир қоронғилик билан ташқарига йўл оламан. Ҳовлида боласини кўтариб юрган аёлга кўзим тушади. Ёнига бориб нимадир деб, тасалли бергим келади аммо керакли сўзни топа олмайман. У билан аввал ҳам гаплашган эдим. Сурхондарёдан келибди. Кундузи кунлик ишларда ишлаб, кечда боласининг олдига келар экан. Ижара уйига фақат ётиш учун борар экан. «Менга ўхшаганлар кўп», деган эди.
Қанчалар оғир юк. Аёлга бундай юк билан яшаш кў-ўп оғир.

Келинг, эй ҳимматли инсонлар, суяк емирилиши хасталиги билан узо-оқ даволанишга маҳкум болалар учун улар даволанаётган муассасаларга аравачалар ҳадя қилинг.
Ўз дарди билан, оғир юки билан ёлғиз қолган оналарни қўллаб-қувватлайлик.
Болаларимизга уларга ўхшамайдиган болаларга шафқат кўрсатишни гўдакликдан ўргатайлик. Улар ҳам ҳаётимизнинг бир қисмига айлансин.

Йўллар, йўлаклар... Азизлар, кўчаларда юрганингизда, бир лаҳза бўлсин, ўзингизни аравачада тасаввур қилиб кўринг. Соғлом одам юриши мушкул бўлган йўлаклар бор. Номигагина, замон талаби бўлгани учун қурилган пандусларга сизнинг ҳам кўзингиз тушганми? Айримлари тик қояга ўхшайди, чиқиб бўлмайди, тушишда ўқдек отилади, ҳатто оддий болалар аравачаси билан эплаб тушиб бўлмайди.
Буларга эътиборсиз бўлмайлик. Йўлакларда аравачаларда юриш ҳам навбатдаги азобга айланмасин.
Эй, сиз, оғир юкни ортмоқлаб яшаётган аёллар, бу юкингиздан хижолат бўлманг, уларни кишилар кўзидан пана қилманг, имконингиз етганича уларни ташқи олам билан таништиринг. Ишонаман, ташқарида сизга ҳамдард бўладиган, ёрдам қўлини чўзадиган очиқ қалбли инсонлар қаршингизга чиқади.

Нега бу ҳақида ёздим? Ижтимоий тармоқларда бошини тик тутиб туролмасдан чайқалаётган ўсмир қизига овқатни чайнаб, оғзига тутаётган фидокор бир онани кўрдим. Боласи ногирон туғилгани учун ота ташлаб кетган экан. Аёл ёлғиз боши билан курашяпти, касалхонама-касалхона юришдан тўхтамаяпти...
Улар ёнгинамизда, балки қўшнимиз, балки қариндошимиз, балки бутунлай бегонадир. Инсонлар, биз бир-биримизга масъулмиз!
Инобат ИБРОҲИМОВА

Инобат Иброҳимова. ОҚ ТУФЛИ
Олия киндик қони тўкилган юртга меҳмон бўлиб келди. Жуда соғиниб кетганидан эмас, отасини сўнгги манзилга кузатиш учун келди. Аслида отасининг маъракалари ҳам аллақачон ўтиб бўлганди. Шу баҳонада укасини кўриб қайтади, истаса уни ҳам ўзи билан олиб қайтиши мумкин. Бу ерда уларга ҳеч кимнинг ҳам кўзи учиб турмаган бўлса керак. У шу каби хаёллар оғушида келди. Қарши аэропортида уни укаси Рустам кутиб олди. Улар қирқ йил деганда юзма-юз кўришдилар. Опа-ука одамлар орасида бир муддат бир-бирларига термилиб қолишди…
– Сен… сен улғайибсан, – дея олди Олия инисини қаттиқ қучиб. – Отам каби жуда кўркам йигит бўлибсан. Танимай қоламанми, деб чўчигандим.
– Сизни минглаб одамларнинг орасидан ҳам таниб олардим, – деди  Рустам қувонч билан. – Энам айтганидек, сиз опаларнинг энг сулувисиз, менинг олтинсоч опамсиз.
Олия инисининг гапидан яйраб кулганича оқ оралай бошлаган олтиндек сочларини  чаккасига суриб қўйди.
– Катта ҳовлидагилар кутиб қолишди, йўл ҳам анчагина олис, – деди укаси машина томон бошлар экан. – Сиз келишингизга алоҳида байрамдек тайёргарлик кўрдик. –– Ука-сингилларим, аммам, жиянларингиз ҳаммалари сизни кутишяпти. Фақат энамнинг касалхонага тушиб қолгани ёмон бўлди-да.
– Қайтага яхши бўлибди, – деди Олия бироз ҳавойилик билан. – Мени шу ялмоғизни кўрмаса хафа бўлади, деб ўйласанг, адашасан.
Орага жимлик чўкди. Агар онасини бегона бир одам шундай деганида уни тилкалаб ташларди. Аммо буни узоқ йиллар интизор кутган опаси айтди-да. Афсус…
– Сиз энамни яхши билмайсиз-да, – деди у жимликни бузиб, айбдорона оҳангда. – Агар унинг қанчалар яхши инсон эканлигини билганингизда, ҳозир машинани тўғри касалхонага ҳайдашимни айтардингиз.
– Қўявер, вақтим бемалол, билишга ҳали улгураман, – деди бепарволик билан Олия. – Яхшиси ўзингдан гапир, хатларингдан ҳаётинг яхшилиги билиниб турарди…
Опа-уканинг бир-бирларига айтадиган гаплари кўп эди. Шундай бўлса-да негадир йўл давомида суҳбатлари унча қовушмади. Олиянинг хаёлидан «бекорга келдиммикан», деган ўй ўтди. Кўзлари болалиги ўтган кўчаларни қидира бошлади. Мана, темирйўл бекати… Қирқ йил муқаддам онаси билан шу ерда поездга ўтирган эдилар. Анча обод жойга айланибди. Бозор. Кейинги кўча… Мана, мана шу кўчанинг бошида уйлари бор… Юрак уриши тезлашгандек бўлди.
Шу пайт кўча бошидаги уйдан бола-бақра чувиллашиб чиқиб, машинага қараб югурдилар. Рустам кулганича машинани тўхтатишга мажбур бўлди.
– Опа, шу ерда тушмасангиз бўлмайди, – деди хушнудлик билан у. – Йўқса, машинани кўтаргудек бўлиб ёпишадилар.
Олия машинадан тушар-тушмас болакайлар бир-бирларига навбат бермай уни ачомлашга тушдилар. Улар қандай тез пайдо бўлган бўлсалар, шу тарзда «аммам келдилар, аммам келдилар» дея катта уй томон чопишди. Катта уй дарвозасининг икки тавақаси ҳам ланг очилиб, бошини катта оқ рўмол билан танғиб олган қорачадан келган кампир икки қўлини олдинга чўзганича аёлнинг истиқболига ҳалпиллаб кела бошлади. Кампир отасининг онаси – катта энасига жуда ўхшарди. Ахир у оламдан ўтганига анча бўлган. Аммам-ку, отамнинг синглиси… Олиянинг ўз--ўзидан қадамлари тезлашди, кўз олдини қуюқ туман эгаллаб бораётганига қарамасдан кампирнинг бағрига отилди.
– Олиябекам келди-я, жигаримнинг боласи, ахийри келдинг-а, хуш келдинг, хушгина келдинг, олтин сочлигим, – дея Олияни бағридан бўшатмай қувончини изҳор қиларди кампир.
Укалари, сингиллари навбати билан келиб кўришдилар. Олия ғалати аҳволга тушди. Рустамдан бошқа ука-сингилларини умрида бирор марта кўрмаган бўлса ҳам орада бегоналик йўқ эди. У ўзини бу қадар қувонч билан қарши олишларини кутмаганди.  Шу куни унинг оёғи остига қўчқор сўйилди. Катта дошқозонда ош дамланиб, элни чорладилар.
Элдошлар уни ота уйига келгани билан қутлардилар. Бундан аёлнинг ҳайрати ошди. Уни ҳеч ким унутмаган экан-да. Ўшанда атиги ўн бир ёшда эди. Болаликдаги дугоналари Мастура билан Рисолат келишди. Аввалига танимади. Исмларини айтишгач, йиғи-сиғи билан қайтадан кўришдилар.
Ниҳоят ҳаяжонга тўла ҳафта ортда қолди. Ҳамма уй-уйига тарқалди. Ота уйида иниси Рустамнинг оиласи билан ёлғиз қолдилар. Кечки салқинда опа-ука орқа ҳовлидаги боғни айланишди. Баҳайбат ёнғоқ остидаги тўнкаларга ёнма-ён ўтирдилар.
– Опа, қўшни боғнинг эгаларини эслайсизми, – деб сўради Рустам.
– Эслайман, – деди Олия кўм-кўк кўзлари ажиб ёлқинланиб. – Сайфиддин ака фақат уларнинг боғида бўладиган шафтоли билан кўп бора сийлаган. Кетишим олдидан хат ҳам берган. Уни ҳали ҳам асраб юраман. Ўша олис йиллардан қимматли ёдгорлик каби асрайман.
– Йўғ-ей, – деди укаси ажабланиб. – Ўзим ҳам ўйлардим-а нега ҳадеб сиз ҳақингизда суриштиргани суриштирган деб. Ҳали ҳам кўрди дегунча сиз ҳақда сўрайди. Келганингиздан бери оёғи ҳам узилмайди. Ҳовлига киришга баҳонаси ҳам кўп. Қаранг-а сизда кўнгли бўлган экан-да? Ўн ёшда бўлганмисиз, ўшанда?
– Ўн бир ёшда эдим, – деди Олия беозор кулиб. – Мендан беш ёш катта эди. Кетмаслигимни биргина у хоҳлаган. Хатида ҳам ялиниб-ёлвориб сўраган, севишини ёзган…
– Кетмаслигингизни бошқалар ҳам хоҳлаган, – деди маъюслик билан Рустам. – Катта энам сизни яхши кўрарди, кўп ўйларди, Олиябекани олиб қолишим керак эди, дерди.
– Яхши кўрганида олиб қоларди, – деди болаларча алам билан аёл, – онамни ҳам, мени ҳам. Саҳарлаб ҳужрасига қамалиб олган эди ўшанда.
– Онам ўзи кетишни хоҳлаган, кўника олмаган экан, – деди эҳтиёткорлик билан Рустам. – Катта энам «ўрис келинга раҳмим келди, икки қўли бир тепа бўлиб, ноумид кетмасин дебман, Олиябекани бегона элларда сарсон қилдим» деб куярди. Ўлими олдидан ҳам сиздан узилиб кетмаслигимизни энамга васият қилган.
– Энанг ҳақида эшитишни истамайман, – деди ўша аламли оҳанг билан Олия. – У онам ўлмай туриб ўрнини эгаллаган жодугар-да.
– Мен ўша кунни яхши эслайман, – деди опасининг гапига эътибор бермагандек Рустам. – Онам иккингиз ортингизга қайрилиб ҳам қарамай поездга чиқиб кетгансиз. Ортингиздан йиғлаб чопганман. Темирйўл бекатининг кўмирхонадан фарқи йўқ эди. Йиқилиб, бурним қонади, қоп-қора кўмирга беланиб, сизларга етгунимча поезд юриб кетди, чинқириб йиғлаганча қолавердим. Орадан қанча ўтганини билмайман, бир қиз келиб, мени кўтариб уйига олиб борди. Илиқ сувда чўмилтириб, кийимларимни ҳам ювди. Кейин қўлимга мева-чевалар бериб, катта энамнинг олдига келтириб қўйди. Ичикиб, анча вақт касалланиб қолдим. Шундай кунларнинг бирида ўша қиз яна келди. Бир сават узум олиб келганди. Негадир унга кетманг, деб ялиндим. Буни кўриб катта энам йиғлаб юборди. У юзларимни силаб яна келаман, деб кетди. Кўп ўтмай у бизникига бутунлай кўчиб келди. Бундан жуда хурсанд бўлиб кетдим. Отамни ўша қизга уйлантириб қўйган эканлар. Унчалик тушуниб етмаганман.  Энам етим қиз бўлганлигидан отам ўзидан йигирма ёш катта бўлса ҳам амакилари узатиб юбораверган. Ўша пайти энам қизим Нафисанинг ёшида, ўн олти ёшда бўлган. Сиздан нари борса беш ёки олти ёш катта…
– Бизга ҳам осон бўлмаган, – дея оғир тин олди Олия. – Ўша куни сени овозингни эшитмаслик учун жонҳолатда қулоқларини бекитиб олган. Бу одатини кейин ҳам ташламади. Поезд овозини олислардан эшитса ҳам қулоқларини бекитиб оларди. Узоқ вақт шу тахлит ўтираверарди. Бутунлай ўзгариб қолди. Унинг ҳолатини она бўлганимдан сўнг тушундим. Унинг хотирасида ортидан йиғлаганингча йиқилиб-суриниб югураётганинг муҳрланиб қолганди. Темирйўлларни, темир изларни ёмон кўрарди. Ўттиз олти ёшида вафот этди. Ўлими олдидан қилган ишидан афсусда эканлигини айтиб, кечирим сўради… Мен жуда қийналдим. Тамоман бегона муҳит эди. Ёзи қисқа, қаҳратони ниҳоясиз, мевалари таъмсиз, ош-овқат катта энам тайёрлайдиган таомларга умуман ўхшамасди. Одамларни айтмасам ҳам бўлади… Инсон ҳамма нарсага кўникар экан. Бегона тилни ҳам ўргандим, одамларга ҳам кўникдим. Аммо катта ҳовлини, оиламиз жамулжам бўлиб атрофида ўтирадиган хонтахта, лой супа, райҳонларни, катта энамнинг ичида ҳамиша бирор тотли егулик бўладиган олақуроқ дастурхонини қўмсаб яшадим. Отамдан миннатдорман. У юборган пуллар онам иккимизга кўп асқотган. Айниқса, институтда ўқиган кезларим юборган қуруқ меваларни дугоналарим билан узоқ вақт тежаб ер эдик. Тўқ тутар эди-да. Фарид билан тўйимиз бўлиши арафасида юборган оқ туфли билан оловдек ёниб турган атласни олиб қувонганимдан йиғлаб юборганман. Сепим йўқ эди… Фарид ҳам болалар уйида улғайган, ҳеч кими йўқ эди. Отамнинг совғаларини узоқ йиллар авайлаб-асраб кийиб юрдим.
– Отам яхши одам эди, – деди Рустам ўйчанлик билан. – Аммо пулларни ҳам, қуруқ меваларни ҳам, атлас билан оқ туфлини ҳам энам жўнатган эди. Сиздан келган хатларни аммамга ўқитарди. Отамнинг хат ўқишга ҳам вақти бўлмасди. Эрта кетиб кеч қайтарди. Мактабга бора бошлаганимдан кейин мен ўқиб берардим. Отамнинг номидан хат ёзардим. Энам айтиб турарди, мен ёзардим. Ўқишга кирганингизни эшитиб жуда қувонган. Мева сотиб топган пулини ўша заҳоти сизга жўнатган эди. Бегона юртларда етимлиги билинмасин дерди. Етимлик нималигини энам яхши биларди. Хатингизда тўйингиз яқинлиги, аммо оқ туфлингиз йўқлигини ёзгансиз. Буни билган энам бутунлай оромини йўқотди. Туфлини суриштира-суриштира Қаршидаги жуҳуд дўкончидан «шапкаси билан» сотиб олди. Атлас ҳам шунақа машаққат билан топилган. Энамнинг йиғиб қўйган пуллари етмагач, аммамдан, Сайфиддин аканинг онасидан қарз олди. Кейинги йилларда боғ этагида қўчқор боқишни одат қилган. Сизни келишингизни кутарди. Бир кун эмас бир кун барибир келади, ота уйини бутунлай тарк этиб бўлмайди, деб такрорларди. Энам ҳақ экан!
Олия лол бўлиб қолди. Ўртага чўккан узоқ жимликдан сўнг узр сўрагандек оҳангда укасига деди:
– Сен уни беҳад яхши кўришинг билиниб туради. Икки гапнинг бирида энам деб туришингни кўриб, рашким ҳам келяпти…  Истасанг, уни кўргани бирга борамиз.
Опажон, – Рустам қувониб кетиб опасини маҳкам бағрига босди. – Энам ҳақида гапирганимда яхши кўраман деган сўз камлик қилади. Орамиздаги ришталарни сақлаб қолганлигининг ўзиёқ улуғ мукофотга арзийди. Мени айтди дерсиз, сиз ҳам энамни яхши кўриб қоласиз.

Олия оппоқ тўшакда муштдеккина бўлиб ётган аёлга узоқ тикилиб қолди. Сўнг шарпасизгина бориб унинг эрта оқарган кумушдек сочларини меҳр билан авайлаб силади. Аёл аранг қовоқларини очди. Ва шу заҳоти юзига майин табассум югурди.
– Олиябека… – деди пичирлагандек.
Олия каравот ёнига тиз чўкди. Аёлнинг кўзлари ёнидан оқиб тушаётган ёшларни тўхтатмоқчидек юзини унинг ёноқларига босди. Қайноқ ёш томчилари юзини куйдиргандек бўлди. Кимнинг кўзёшлари… уникими ё ўгай онасиникими? Барибир эмасми? Заиф қўллар олтиндек сочларини майин силаётганини ҳис қилар экан руҳиятида ажиб енгилликни туйди. Ёнгинасида укасининг нафасини ҳис қилди. Бош кўтаргиси келмасди.
– Шукр, сизларни ёнма-ён кўрдим, – деди аёл ўша майин табассуми билан, – энди ўлсам ҳам армоним йўқ.
– Ўлимдан гапирманг, – деди ҳаяжонланиб Олиябека. – Ҳали тузукрок танишиб ҳам улгурганимиз йўқ. Сизга айтадиган гапларим кўп…
Коридордан ҳамширанинг норизо овози эшитилди: «Касал одамни ҳам бир зум тинч қўймайсизлар. Аҳволлари яхшиланяпти. Ҳадеб безовта қилаверманг». «Энам бизни кўрса янада тез тузалади. Мана, ўзингиз кўринг, ишонмасангиз, юринг, юринг… Унда бизни ўтказиб юбора қолинг…»
– Укаларим, – деди мамнуният билан Рустам.
Хонага олдинма-кейин бўлиб тўрт ака-ука кириб келишди.
– И-е, Олиябека опам ҳам шу ерда экан-ку?!
Хона бир пасда қувончли ғовур-ғувурга тўлди.
Инобат НОДИРШОҲ

Inobat Ibrohimova. OʻLIM BILAN QOʻL USHLASHIB YASHASН QISSASI
Keling, kitob oʻqiymiz

Yana kitoblar sotib ola boshladim. Azbaroyi moddiy ahvolim yaxshilanib ketganidan emas, albatta.  Shunchaki kitoblarsiz yashay olmasligimni, ularsiz hayotim rangsizlanib qolishini angladim.
Poytaxtdagi “Navroʻz” bozoriga kirishda joylashgan “Nur” kitoblar doʻkonini yoqtiraman. Aslida, bu yerda kitob doʻkonlarida boʻlishi kerak boʻlgan shinamlik, bemalol oʻtirib, kitob varaqlaydigan oddiygina sharoit ham yoʻq. Ammo kitoblarga chalgʻiysiz-da, buni eʼtibordan qochirasiz. Doʻkonda qarama-qarshi turgan ikki javon bir-biriga boqib turgan ikki olamga oʻxshaydi. Birida diniy adabiyotlar, ikkinchisida dunyo adabiyoti. Ikkisining ham xaridori oʻziga yarasha.
Pol Kalanitining “Soʻnggi nafas havoga qorishmasdan” asarini shu yerdan sotib oldim. Kitob shunchalar koʻzga yaqinki, ixtiyorsiz qoʻl uzatganingizni sezmay qolasiz. Muqovasi bir sirli, oydinlik, qorongʻilik, qorongʻilik ichidagi oydinliklar... Asar mazmun-mohiyati muqovada aks etibdi. Noyob holat. Eng tepasida “2017 PULITSER MUKOFOTI FINALCHISI” degan yozuv ham diqqatimni tortdi.
Avvaliga gʻamgin kitob ekan, bekor oldimmi, deb oʻyladim. Chunki shusiz ham hayotda gʻam koʻp. Biroq, oʻqiganim sari u meni oʻz olamiga tortib ketayotganini sezmay ham qoldim. Oʻqiyapman-u, xotiralar ham yopirilib kelyapti: tanish tuygʻular, tanish dardlar...
“...Shahar onkologiyasi. Turnaqator navbat. Shifokor qabuli. “Opa, siz chiqib turing, doʻxtirdan qogʻozlarni oʻzim olib chiqaman”. Opam boladek gapimga koʻnib, tashqariga chiqadi. Umid bilan shifokor ayolga termilaman. U bizdaqalarni koʻraverib, nainki koʻzi, qalbi ham qattiqlashib ketgan. “Rak...”. Tashxisni eshitib qalqib ketdim, koʻzimdan duvillab yosh oqdi. Koʻzyoshimni harchand ichimga yutishga harakat qilaman, “buni opamga qanday aytaman, qumridek beozor, bor turishi shafqat boʻlgan opam bu xabardan qanday holga tushar ekan, nega aynan opam?” degan savollar qarshisida yigʻini tutib turish ogʻir edi. Bir amallab oʻzimni bosib oldim. Yuraging yigʻlab, yuzingda kulgu bilan sevgan insoning qarshisida turishdek azob yoʻq... Shundan keyin bir yil oʻtar-oʻtmas opam vafot etdi”.
Soʻnggi kunlarda oʻqiganim eng yaxshi asar. Oʻzingni anglashga, tahlil qilishga undaydigan asar. Bu kitob anglaganlar uchun bir ibrat ekan! Inson insonga kerakligi, inson hamisha sevgiga, mehrga muhtojligi, fidokorlik, oqibat haqida yozilgan haqqoniy asar, bu!
Insonga koʻtara olgani qadar dard beriladi, deyishadi. Yoʻq, ayrim dardlarga bir insonning bardoshi yetmaydi. Yigʻlaysan, atrofingdagi seni sevganlar bilan ovunasan. Oʻlim. Unga chora yoʻq. Oʻlim haq. Ammo oʻlimgacha qisqadir, koʻpdir vaqt bor. Bu tiriklik. Sermazmun kechgan lahzalar, sanoqli kunlar...
Pol Kalantini degan mohir neyrojarroh bor edi. Professor boʻlish arafasida edi. Mansab-martaba, ilmiy unvonlar, sevimli ayoli, ota-onasi, jigarlari qurshovida bir goʻzal istiqbol sari boʻylaganida oʻpka saratoni, oxirgi bosqich...
Ogʻir edi. Shunda ham najot beruvchi operatsiyalar oʻtkazdi. Ota boʻldi. Sheʼriyatni sevardi, adabiyotni sevardi, yozuvchi boʻlishni orzu qilgandi. U oʻlim bilan yuzlashgan onlari haqida kitob yozib, uni “Soʻnggi nafas havoga qorishmasdan” deb nomladi.
Muqovada shunday yozilgan: “Soʻnggi nafasingizni olmaguningizcha harakatdan toʻxtamang!”
Shu yerda soʻz aytishdan chekinaman va kitobdan parchalar keltiraman.

SOʻZBOSHI
“Marhamat, oʻtirib oling va oʻzingizni mutolaaga hozirlang. Haqiqiy jasorat nima ekanini koʻring. Odam oʻzini bu tarzda namoyon qilishi uchun qanday yurak kerakligiga guvoh boʻling. Eng muhimi, insonning oʻlimdan keyin ham yashashi nimani anglatishini, soʻzlari bilan boshqalarning hayotiga qanday taʼsir etishi mumkinligini koʻring. Ekranga mixlanib qolayotganimiz, qoʻlimizdagi toʻrtburchak matohlardan koʻz uza olmayotganimiz, bugun boshdan kechirganlarimizni ertaga unutib qoʻyayotganimiz, sinxron aloqadan uzilganimiz bu dunyoda, iltimos, bir zumgina toʻxtab, nafas oling! Va hayot bilan barvaqt vidolashgan boʻlsa-da, xotirasi aslo qarimaydigan bu navqiron hamkasbimning soʻzlariga quloq tuting. Uni tinglang!”
Abraham VERGEZI

“Tibbiyotdan anglaganim yagona narsa mahrumiyat edi, ayniqsa, otadan mahrumlik... Chunki men ota mehridan bebahra boʻlib oʻsgandim. Otam tong yorishmasidan ishga ketar, allamahalda uyga qaytardi. Kechki taom ham har doim isitilib oldiga qoʻyilardi.
Men bilgan yagona narsa shu edi: tibbiyot degan narsaning badali shu boʻlsa, u juda ham ogʻir badaldir!”

“Kechalari onamning koʻz yoshlari sel boʻlib oqar, yotogʻida bir oʻzi yigʻlab tong ottirardi. Maktab taʼlimining sifatsizligi tufayli farzandlarining koʻrsavod boʻlib qolishidan qoʻrqqani uchun qayerdandir “universitetga tayyorgarlik koʻrish uchun oʻqish kerak boʻlgan adabiyotlar roʻyxati” degan narsani topib kelibdi. Hindistonda psixologiyadan taʼlim olgan, yigirma uch yoshida turmushga chiqqan va begona yurtda tosh kelsa kemirib, suv kelsa simirib, uch nafar bolani voyaga yetkazayotgan bu ayol roʻyxatdagi kitoblarning aksarini, aslida, oʻzi ham oʻqimagan edi. Biroq farzandlarining birovdan kam boʻlmasligi uchun qoʻlidan nima kelsa, barini qilishga tayyor edi.
Farzandlarining yaxshi taʼlim olishi uchun oʻlib tirilayotgan onam... yuz kilometr yoʻl bosib oʻtib, bizni eng yaqinimizdagi yirik shahar Las-Vegasga olib borib keldi. Maktab maʼmuriyatining yigʻilishlarida qatnashib, oʻqituvchilarga qarshi chiqib, oʻquv rejasiga “universitetga tayyorgarlik” kurslari kiritilishni talab qildi. Onam chindan ham ajoyib ayol edi. Kingmandagi taʼlim tizimini oʻnglashga qaror qildi va buni uddalay oldi. Litseyimizning ufqi birdaniga kengayib, shahrimizni oʻrab turgan ikki togʻ orasidan tashqariga toshib chiqdi – ufq endi bu togʻlar bilan cheklanib qolmagandi”.

“Ayolning faryodi aslo toʻxtamadi va koʻp oʻtmay, hamma joy seldek oqayotgan qon va suyuqlik ichida qoldi. Biz oʻqigan tibbiyot kitoblarida bayon etilgan qogʻoz ustidagi top-toza andozalar tabiat hapqiqatlarini tasvirlashdan qanchalar yiroq ekan. Tabiat faqat yovvoyi hayotda emas, hatto tugʻilish jarayonida ham qip-qizil qon edi!”

“Juda koʻp azob-uqubatlarga guvoh boʻldim va, eng yomoni, bunga koʻnika boshladim. Jirkanch boʻlib tuyulishi mumkindir, ammo inson qon ichida suzishga ham koʻnikar ekan!”

“Nima uchun bu kasbni tanlaganim yoki oʻzim bu kasbga arziymanmi, yoʻqmi – buni soʻramagan birorta kunim, biror lahzam boʻlmagandi. Bir insonning hayotini saqlab qolish, hayotidan ham koʻra shaxsiyatini, hatto ruhini qutqarib qolish oʻziga xos muqaddas vazifa edi”.

“Insonning muvaffaqiyat qozonish borasida azmu shijoati qanchalik baland boʻlsa, uning evaziga toʻlaydigan badali ham shuncha katta boʻladi. Muqarrar muvaffaqiyatsizliklar esa uning yelkasiga chidab boʻlmas vijdon azobini yuklaydi. Ammo tibbiyotni  muqaddas va mashaqqatli qilgan ham ana shu yukdir: boshqa bir insonning dardini zimmasiga olish uchun kishi baʼzan oʻsha ogʻirlikning ostida ezilishi kerak boʻladi”.

“Biz, shifokorlar, bemorlarimizga bergan jahannam azobidan qanchalar gʻofilmiz”.

SOʻNGSOʻZ
Lyusi KALANITI
“Butun oila u bilan birga edik. Polning qaroridan keyingi oʻsha qimmatli daqiqalarda hammamiz unga boʻlgan sevgimiz va hurmatimizni izhor etdik. Polning namli koʻzlari porlab turardi. U oʻz oilasiga minnatdorchilik bildirdi va yozgan kitobi qandaydir tarzda nashr etilishini xohladi. Keyin menga sevishini soʻnggi bor aytdi”.

“Oʻlim bilan tugaydigan kasallikni yengishning yagona yoʻli qattiq sevish: oʻrtadagi devorlarni buzib tashlash, rahm-shafqat koʻrsatish,  muruvvat va minnatdorchilik edi”.

“Boshim koʻksingda shunday tursa, oson nafas olasanmi?” deb soʻradim, Pol: “Nafas olishning boshqa yoʻlini bilmayman”, deb javob berdi. Biz bir-birimizning hayotimizda chuqur maʼnoga ega edik va bu menga berilgan eng ulkan neʼmatlardan biri”.

“Pol tashxisni bilgan kuni yigʻlab yubordi... Jarrohlik xonasidagi soʻnggi kunida ham koʻz yosh toʻkdi.  Pol oʻz his-tiuygʻularim va nochorligimni yashirishim shart,  deb oʻylamasdi. U tasalli va sevgiga muhtoj edi. Hatto xastaligi oʻta avj olgan kunlarda ham hayotga toʻla edi”.

“Mening Polga maftun boʻlganim, uni ilk bor uchratganimdayoq sevib qolganim – koʻzni qamashtiruvchi husnu tarovati, kuch-quvvati emas, balki zamonamizda kam uchraydigan goʻzal axloqi va qatʼiyatli insonligi uchun edi. Mazkur kitobni yozgan odam jismonan moʻrt, ruhan baquvvat inson edi”.

“U adabiyotni yaxshi koʻrardi, sheʼriyatdan koʻproq tasalli topishini aytardi. Va nihoyat oʻz hayoti misolida kuchli va taʼsirli asar yaratdi: oʻlim bilan qoʻl ushlashib yashash qissasini bitdi”.

Huzurli mutolaalar tilagi bilan

Inobat IBROHIMOVA

Инобат Иброҳимова. ЧИННИ
Зокир дам олиш кунларини гоҳ ўғли, гоҳ қизи билан шахмат суришиб ўтказишни ёқтиради. Шундай паллаларда унинг катта-катта ғамгин кўзларида қувонч учқунлари кўриниб қоларди. Дилбар ана шу учқунни авайлагандек оёқ учида юриб ота-болаларни ўз ҳолларига қолдирар, ошхонага ўтиб, ҳаммага ёқадиган бирорта таом тайёрлашга киришиб кетарди.
Бугун ҳам шундай бўлди. Бироқ негадир Дилбар чиқиб кетишга шошилмас, хатти-ҳаракатларида қандайдир тараддуд бор эди. Буни эри ҳам сезди. Нима гап дегандек унга норизо нигоҳларини тикди. Аёли айбдордек бошини  бир муддат эгиб турди-да эшитилар-эшитилмас овозда  ёрилди:
– Опангиз қўнғироқ қилувдилар… Ооо-онангиз оғир ётганмишлар…
– Бас қил! – деган ҳайқириқдан болалар ҳам сапчиб туришди.
Шахмат доналари ҳар томонга сочилди. Отасини бунақа қўрқинчли ҳолда кўрмаган Дилнозанинг кўзларига бир пасда ғилтиллаб ёш тўлди. Мўйлаблари эндигина сабза ура бошлаган Нурбек отасининг қалтираётган қўлларига тикилиб, қотиб қолди. Оғир жимлик чўкди. Зокир қайтиб жойига ўтирганидан кейин ҳам қалтироғи босилай демасди. Аёл эрининг ёнига тиз чўкиб, титраётган қўлларини қўлларига олиб маҳкам сиқди. Кўзларига термилиб, тинчланишини кутди. Бироздан кейин унинг қўлларини қўйиб юбормай яна гап бошлади:
– Ҳеч қандай умид йўқ экан, тонггача бормайди, дедилар… Болаларни олиб борайлик. Орадан шунча йил ўтди. Дадаси, жо-он дадаси, ҳеч ким шундай бўлишини хоҳламаган… Ахир онангиз-ку, сизни яхши кўрар эдилар, мен уларнинг меҳрини қозона олмадим, агар… Келинг, сўнгги манзиллари олдидан онангизни илҳақ қилмайлик…
Эркак қўлларини секин тортиб олди-да бошини хам қилганича ташқарига йўналди. Аёли унга эргашди. Ҳовлидаги қари тут танасига суяниб турган эркакнинг елкалари силкина бошлади. Кўзёшлари ичига оқаётган аёл унга суянди. Салқин куз ҳавоси хотиралар оловида қоврилаётган эркак ва аёлни совутишга беҳуда уринарди. Эшик олдида ака-сингил ҳеч нарсага тушунмай ота-онасига жавдираганча қараб қолди. Аввал қизалоқ, ортидан акаси бориб ота-онасининг пинжига тиқилди.
Кўча томондан машинанинг овози эшитилмаганида улар шу ҳолларида яна қанча туришлари номаълум эди. Биринчи бўлиб Дилбар ўзига келди.
– Укам Азимжон келди, – деди ҳорғин овозда. – Нарсаларингизни тайёрлаб қўйганман. Бу аҳволда машина бошқармаганингиз тузук, деб ўйладим. Болалар ҳам боради. Сизни ёлғизлатиб қўймаймиз…
Ортиқча тараддудларсиз йўлга тушдилар. Секин-аста қоронғилик туша бошлади. Машинанинг гувиллашидан бошқа овоз эшитилмас, ҳар ким ўз хаёллари билан банд эди. Йўл Зокирнинг чувалган ўй-хаёллари каби узун, адоқсиз эди.
…Қайнона-келиннинг ғавғолари ҳеч тугамасди. Жанжалга майда-чуйда нарсалар ҳам сабаб бўлаверар эди. Айниқса, чинни буюмнинг ғалваси ҳаммасидан ошиб тушарди. Зокир ишдан келди дегунча онаси Дилбардан шикоят бошларди:
– Бу кетишда уйда бутун чинни қолмайди. Онасиникидан олиб келган чинни идишларга бало ҳам урмайди. Она олиб берган нарсаларни асраб-авайлайди, қайнонаникига жони ачимайди. Шарақлатиб ишлатаверади. Куним лаби учган пиёла билан чойнакка қолган.  Отанг тирик бўлганида мени шундай хор-зор қилдиртириб қўярмиди… Ва буёғи кўз ёшига уланиб кетарди.
Ахийри ғавғодан безган йигит келин-қайнона учун алоҳида чинни буюмлар олиб келди.
– Она, биринчи бўлиб сиз ўзингизга кераклисини ажратиб олинг, – деди Зокир ҳарсиллаганича қутиларни ҳовли ўртасига келтириб қўяр экан.
– Хотинчанг кўзимни шамғалат қилиб аллақачон асилини танлаб бўлгандир.
– Буларни олиб келганимдан келинингизни ҳали хабари ҳам йўқ.
– Соддалигинг қолмади-да, ернинг остида илон қимирласа билади, у.
Йигит онасига лом-мим демади. Идиш-товоқ ғавғоси бироз бўлса ҳам барҳам топди. Ўғилчаси Сардор туғилганида уйларига аввалги хурсандчилик, файз қайтиб келгандек бўлди. Болакай тўрт-беш ёш бўлиб қолганида рўзғорда яна гап-сўзлар кўпая бошлади. Дилбар яна ҳамширалик ишига қайтишни ўйлаб қолди.
– Онамнинг олдиларидан ҳам бир ўтиб қўйсанг яхши бўларди, – деди Зокир.
– Рози бўлмасалар-а?
– Сардорнинг боғчаси йўлинг устида, менимча ортиқча муаммо бўлмайди. Дам олиш кунлари навбатчилик тўғри келса, ўғлимни ўзим эплайман. Ундан кейин онам у-бу деганлари билан набираларини яхши кўрадилар.
– Хафа бўлманг-ку, негадир нима қилсам ҳам у кишига ёқмайман.
– Авваллари онам бунақа серзарда эмасдилар. Отамнинг вафотларидан кейин жуда ўзгариб кетдилар. Нима бўлганда ҳам сен оғирроқ бўлганинг яхши. Ноҳақ бўлсалар ҳам уларга қарши боришим оғир. Ахир улар менинг онам…
Шундай қилиб эр-хотин келишиб, иш масаласида онага маслаҳат солдилар.
– Келин кўчада ўйнаб юраверсин-да мен уйда бола боқиб ўтираверишим керак, шундайми, – деди аёл уларнинг гапини эшитгиси ҳам келмай.
– Онажон, Сардорнинг сизга оғирлиги тушмайди, мени катта қилганингиз ҳам етади, – деди Зокир кулганча вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиб.
– Билганларингни қилинглар, – деди рози бўлганини билдириб.
Ҳамма нарса изга тушгандек эди. Дилбар кундузи иккидан кейин навбатчиликка борадиган бўлиб қолди. Аслида дугонаси Шоира ишлаши керак эди. Тўсатдан қон босими кўтарилиб, уйида кўрпа-тўшак қилиб ётганича ундан илтимос қилди. Дилбарнинг боши қотди. Аксига олиб Зокир ҳам уйда эмас. Телефонни ҳам уйда қолдирибди. Шу пайт аёлнинг кўнглини сезгандек эри кўчадаги телефон будкасидан қўнғироқ қилиб қолди. Бозорга йўлим тушганди, мева-чева олиб борайми, деб сўради. Дилбар шоша-пиша вазиятни тушунтирган эди, эри ярим соатларда етиб боришини, уни кутмай бемалол кетаверишини айтди.
Аёл нарсаларини олди-да ҳовлида ўйинчоқ камазни судраб юрган боласининг пешонасидан ўпиб, эркалаб, хайрлашди.
– Сен бир пасгина ўйнаб турсанг, дадажон келиб қоладилар, – деб уни ҳовлида қолдирди. Қайнонаси айвонда уни кўрмагандек, эшитмагандек елпиниб ўтирарди.
Болакай ойиси билан хайрлашиб, машинасини ошхона томонга судраб кетди. Ошхонанинг очиқ қолган эшигидан стол устидаги пиёлаларни кўриб қолди. Пиёлалар бувисиники эди. Буни кўрса бувиси аччиқланиши мумкин. Кичкинтой ичкарига кириб пиёлаларни битталаб машинасига ортди. Камазнинг ипи аллақандай кабелларга ўралашиб қолди. У парво қилмасдан машинасини торта бошлади.
Дилбар кўча бошига етганида эрининг қўлида тўрхалталар билан шошилиб келаётганини кўриб кўнгли тинчиди. Зокир унга қўл силкиб, боравер деб ишора қилди.
Йигит уйлари томон бурилар экан, боласининг чопқиллаб қаршисига югуриб чиқишини ўйлаб ўз-ўзидан илжайди. Шу пайт дарвозага беш-олти қадам қолганида боланинг юракни ўртаб юборадиган чинқириғидан сесканиб кетди. Жонҳолатда ҳовлига отилиб кирди. Ошхона зинасида онаси чўзилиб ётар, ичкарида эса очиқ жойлари қип-қизил жишга айланган болакай фарёд билан типирчиларди. Даҳшатли манзарадан ўзини йўқотай деган Зокир ёввойи овозда қичқириб юборди…
Сардорнинг устига стол устида электр қайнатгичда қайнаб ётган бир челак сув ағдарилиб кетган эди. Машинанинг ипи электр қайнатгич кабелига ўралашиб, челак ағдарилиб, боланинг устига тушган эди. Бир четда пиёлалар ортилган камаз турарди.
Тез ёрдам, қўни-қўшнилар, атрофдаги оҳ-воҳларни Зокир эшитмас, қулоқларида  боласининг «дадажон, дадажон...»  деган ноласигина жарангларди. Бола икки кундан кейин узилди. Аммо унинг ноласи Зокирнинг қулоқларида қолиб кетди…
Ўша даҳшатли кун, шифокорлар унга боласини қайтариб берган куни… Болани унинг қўлидан қандай олишганини эслай олмайди. Ҳушига келганида унинг қўлида боласи йўқ эди. Кўз олдига пиёлалар ортилган машина келди… уйга кирди-да онасининг, ўзларининг жавонидаги ҳамма чинни идишларни чилпарчин қилиб ҳовлига отди, отаверди… Ҳовли чинни синиқларига тўлди. Кимлардир келиб, унинг қўлидан маҳкам тутишди. Тинчлантирувчи укол юбордилар. У эса ҳеч нарсани сезмас, қулоқларида ўғлининг нолали овози жарангларди: «дадажон, оғрияпти… дадажон…»
Боласини ерга қўйгач ота уйидан узоқларга бош олиб кетди. Аммо гўдакнинг овози, ноласи унга тинчлик бермасди. Ўттизга кирмаёқ қадди букчайди, сочлари батамом оқариб кетди. Бирин-кетин туғилган фарзандлар ҳам унинг қаддини тиклай олмади. Одамови, камгап бўлиб қолди. Шахмат устидагина болалари билан ғамни унутгандек бўларди.
Ниҳоят ота уйи остонасига ҳам етиб келдилар. Зокир машинадан тушаётиб, гандираклаб кетди. Ўғли чаққонлик билан тутиб қолмаганида гурсиллаб тушарди. Уни болалари икки томонидан суяб уйга олиб кирдилар. Уй тўрида муштдеккина кампир ётар, у аллақачон омонатини топширган эди. Зокирнинг истиқболига йиғисини ютиб опаси пешвоз чиқди. Уни бағрига босиб ёнига ўтқизди.
– Зокиржон, онам сенга кўп илҳақ бўлди, – деб гап бошлади ўпкаси тўлиб. – Илтимос, юзингни бурма, гапимни охиригача эшит. Сен кетганингдан кейин бу уй чироқ ёнмас гўрхонага айланганини билсанг эди. Онам сўнгги соатига қадар ўзини айблаб ўтди. Қўлига қайтиб чинни буюм ушламади. Сардор эмас, мен куйсам қанийди, деган армон билан ўтди.
Зокир ўтирган жойида тебрана бошлади. Аёли ва болаларининг хавотирли нигоҳларини илғамасди. Опаси ўрнидан туриб, майитнинг бош томонида рўмолчага ўроғлиқ турган нарсани олиб укасининг қўлига тутқизди.
– Буни баъзан кўксига босиб ўтирарди, доим ёстиғининг остида эди. Укажон, онам ҳам куйиб ўтди, уни кечир, ундан рози бўл, у ҳам бундай бўлишини икки дунёда хоҳламасди.
Зокир беихтиёр қўлидаги нарсани очди. Шиппак, Сардорнинг ўша куни кийиб юрган шиппаги, ошхона ўртасида қолиб кетган шиппак. Кафтларида турган жажжи шиппак, аъзойи-бадани куйиб қолган бола…унинг ноласи… бирдан гўдакнинг овози тиниб қолди. Унинг юракни ўртовчи овози ортиқ эшитилмаётганди. Эркак бошини кўтариб атрофига ҳайрон аланглади. Уй тўрида муштдек бўлиб ётган онасини энди кўраётгандек термилди. Бутун вужуди билан ёнгинасида турган қизининг нафасини туйди, унинг шивири… «дадажон, мен ёнингиздаман…» деган жонбахш шивир ўн саккиз йилдирки, ичини куйдираётган ўт тафтини босаётганди. Ўтирган кўйи қизини маҳкам қучиб, шивирлади: «она қизим, онажоним…»
Инобат НОДИРШОҲ

Инобат Иброҳимова. ДУНЁНИНГ ЭНГ ЯХШИ ВА ЭНГ ГЎЗАЛ ҲИКОЯСИ
Келинг, китоб ўқиймиз

Унинг асарлари кўнгилга бир ажиб ёруғлик олиб киради. Назокат билан ёзади. Қаҳрамонлари ҳам бегона эмас, атрофимиздаги одамлар, Она, Ота, Сингил...
Яқиндан бошлаб адибнинг “Навоий” романи тилга туша бошлади. Ҳали ўқиб кўрмадим. Гўзал бир асар яралганига шубҳа қилмайман. Аммо энг аввал Ойбекнинг “Навоий”си ҳақида сўз айтмай туриб унинг романини тавсия қилишдан истиҳола қилдик. Ҳали газетамиз саҳифаларида Ойбекнинг бу машҳур асарини ўқувчиларимизга тавсия қилганимиз йўқ. Зукко ўқувчиларимизда машҳур асарларни тавсия қилиш шартмикан, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Албатта, шарт. Чунки китоблар кўп, асл асарлар кўп. Биз эса энг аслларини сизга танлашда кўмакчимиз, холос. Улар ҳақида эслатиб ўтишга ўзимизни бурчли деб биламиз.
Ҳар доимгидек бироз шошилдим, ёзувчининг кимлигини айтмабман. Бугун сизга таниқли адиб Исажон Султоннинг ҳикояларини тавсия қиламиз. 2017 йилда ёзувчи асарларининг 1-жилди нашрдан чиқарилди. Бу китобда унинг турли йилларда ёзилган ҳикоялари жамланган.
Адиб ҳикояларининг тили содда, нафис. Уларни таҳлил қилиш фикридан йироқман, албатта, ҳаддим етмайди, чунки мен оддий ўқувчиман. Бу иш адабиёт синчиларига ҳавола. Мен севиб ўқиган асарларимни газета ўқувчиларига ҳам тавсия қиламан. Китоблар танлашни биламан, десам, нокамтарликка йўйманг. Биз тавсия қилган асарларни ўқисангиз бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.
Исажон Султоннинг айрим ҳикояларини ўқиб, жуда оддий экан, деган ўйга борганим рост. Аммо шу оддийлик руҳиятингни забт этишга қодир-да!
Унинг битта ҳикояси бор. Аслида ҳикоялари кўп, бироқ биттаси... Менинг назаримда у дунёнинг энг гўзал, энг яхши ҳикоясидир! Ҳикоянинг номи – “Ота қасидаси”.
Ўқиймиз: “Қадрингни энди билмоқдаман, онам.
Қадринг шунчаларки, агар бу дунёда сен бўлмасайдинг, мен ҳам бўлмас эдим. Сен бир сирли-сеҳрли маҳак тошимидинг, ҳаётимни, оламимни ўзгартира оладиган?
Бир йўнилмаган гавҳар эмасмидим, ўзининг қийматини, нималигини билмаган, фикрлашни ҳам билмайдиган бир ғовак тош?
Жоним ипига бойланганим деб оҳ урсанг, юзингнинг пардаларини  сидириб ташлаб ташқарига югуриб чиқсанг, оҳингдан етти дўзахнинг тутуни енгил буғ каби бўлиб қолсаю... бор-йўғи бир тошга қоқилиб тиззам шилингани учун етти оламнию фаришталарни, тақдирнию қисматни куйиниб-куйиниб қарғаган ҳам сен эдинг.
Мени деб Худодан ҳам қўрқмасмидинг, она?
Ҳар нарсада сенга зор эдим. Сен бўлмасанг ҳайвондан фарқим йўқ эди.
Ҳайвоннинг ҳам боласи ширин бўлади-ку, кўзингга ўша ҳайвон боласидай ширин кўринган бўлсам не ажаб?”
Она... У боласи учун ўзини ўққа-чўққа уради. Айтишларича, фарзанд доғида куйган аёлдан дўзах ўти ҳам қочар эмиш.
Ҳикоянинг номи “Ота қасидаси” бўлса, нега она ҳақида сўз айтиляпти?!
Бу отанинг Сўзи-да!
Агар қўлимдан келганида мен сизга бу ҳикояни қисқагина қилиб мазмунини гапириб берган бўлар эдим. Ҳа, ҳа, бу ҳикояни сизга чуқурроқ англатиш учун одатимни тарк этиб, мазмунини сўзлаб берардим. Бироқ, бу -- дунёнинг энг яхши, энг гўзал ҳикояси-да! Эртак бўлса экан ёки бошқа ҳикоялар каби бўлсайди...
Ўқиймиз: “Муҳташам бир бинонинг ойнаванд кириш эшиги олдида кўкиш зарҳал кийим кийган икки бақувват дарбон зерикиб турар эди.
Ёмғир шивалаб ёғар. Қизил тош терилган йўлаклар, қимматбаҳо аравалар турли-туман чироқлар ёғдусида товланиб турар эди.
Кишилар шоша-пиша йўлакдан ўтиб бормоқда эдилар. Салдан кейин усти боши ёмғирда анчайин ивиган, дўппи кийган ўрта яшар бир киши дарбонлар ёнига яқинлашди.
Башанг йигитлар илк қарашдаёқ унинг кимлигини аниқлаб бўлишган, ҳар ҳолда юпунгина бу одамнинг ҳашаматли ресторанда қилар иши йўқлиги шу бир қарашдаёқ аниқ-равшан бўлган эди.
Кишининг сочлари оқарган, пойабзали ҳам анча уринган.
У бир нафас тўхтаб, турганлардан ниманидир сўради. Ҳар ҳолда, юз-қўлимни ювиб чиқсам май	лими, деган бўлиши мумкин.
Дарбонлар қош чимириб, бош чайқашди.
Шундан кейин у одам иккиланиб бир оз турди. Сўнг ёмғир томчилаётган қизил йўлакдан қаддини букканча, йўлида кетди.
Бор-йўқ воқеа шу: бир юпун киши келди, эшик олдидагилардан бир нима сўради, жавоб олгач, йўлида давом этди”.
Шундай оддий  воқеа дунёнинг энг яхши ҳикояси бўлишга арзийдими?
Арзийди. Уни ўқиганлар билади. Сиз ҳам ўқиб кўринг-а, бунга ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз.
Китобда “Қисмат” деган яна бир ҳикоя бор. Ёзувчи буни  қандай ёзди экан? Юраккинаси тилка-пора бўлгандир? Қалам шунчалар қувватлими? Синиб, майдаланиб кетмабди-я?
Ўқиймиз: “Ана, дедим қониқиш билан. Ана, энди бўлди!
“...Ана энди қозонда жизиллаб куйяпсан, ота. Дўзахда шунақа куйишингни орзу қилган эдим. Худои таоло шунга белги қилиб сени жўнатди, жўнатгандаям оловда қовуриладиган қилиб жўнатди.
Энамни урганларингда қўлингга ёпишганларим эсингдами? Мана сенга! Жизилла, жизиллайвер!
Ичиб келиб, ҳаммани тум-тарақай қилганларингдачи? Менга кетмон отганингда елкамни ўпириб юборувдинг, изи ҳалиям бор, ҳалиям қони силқиб турипти, елкамда эмас, ичкарида, юрагимда!
Умр бўйи ота деб ёнингга яқинлашолмадим, бир бола бўлиб бағрингда эркалангим келса-да, ҳайбатингдану ўшқиришингдан чўчидим, токи ўн икки ёшимга етгунча мени кўтариб томга отиб юборишингдан қўрқардим, бир марта укамни шунақа қилиб отиб юборувдинг, чириллаб йиғлаётган бечора болани овози чиқмай қолувди, ғўзапояларнинг устига бориб тушганида ҳам йиғлолмаган эди... Уйдан милтиқни опчиқиб, энамга “отиб ташлайман!” деб бақирган эдинг, энам шўрлик “отсанг от, ўлар бўлсам ўлиб бўлдим” деб ўзини ерга уриб йиғлаган эди...
Яна айтайми?”
Ўҳ-ҳҳ... Одам боласи бундай дардларни кичкина юрагида қандай олиб юрар экан?
Бу ҳикояни биринчи марта ўқиб чиққанимда ростдан ҳам Исажон Султон ёзганмикан дея муаллиф номига қайта кўз ташлаган эдим. Бир бошқача бошланади... кейин жуда оғир, ўқишда давом этасан барибир, саҳифаларни ёпган бўлсанг-да, анча вақтга қадар кўнглингни оғир тош каби босиб ётаверади...
Каттагина китоб, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, таассуротларим кўп, аммо тайинли гап айта олмаяпман. Азиз ўқувчи, бу китоб жавонингиздаги жавоҳирларнинг энг яхшиси бўлади, ишонинг.
Сўзимни “Тошкелинчак” ҳикоясидаги бир парча билан мухтасар қиламан.
Ўқиймиз: “Ҳа, бу – мана шундай қайғули, ҳасратли ишқ достонидир. Аслида қайси бир ишқ достони қайғули ва ҳасратли бўлмаган? Қайси ишқ шодликлару қувончларни етаклаб келибдики, бу етаклаб келсин? Қачонки ишқ оташи туташса, одам сўзона бўлади. Индамаса, ичи лов-лов ёнади. Айтай деса, тили куяди, айтмай деса, дили...
Ишқсизлар эса, тўсатдан Назарнинг ҳасратларини ифодалай бошлаган ўша ажойиб қўшиқ остида, тўй-тўйчиқларда дастурхондаги нарсалардан бемалол еб-ичиб, маза қилиб яйраб ўтиришади”.
Инобат ИБРОҲИМОВА

Инобат Иброҳимова. ЙЎЛДА
Гурунг бериб узун йўлларни қисқартиришни эплолмайман. Ростини айтсам бунга хоҳишим йўқ, асли. Аммо яхши тингловчиман, буниси аниқ. Менга йўл манзараларини кузатиб бориш ёқади. Ҳар куни ёнидан ўтиб-қайтадиганим эски депо ўрнида қурилиш бошланганидан бери анча-мунча дарахтлар кесиб ташланди. Серсоя йўлак дарахтларсиз аввалги файзини йўқотган. Қурилиш қаршисида қанча дарахтлар қолганини санаганман. Ичкарида ўттизта дарахт бор, худди чўлтоқ супургига ўхшаб қолган. Навбатдаги баҳорни қаршилаш ҳаммасига насиб этармикан... Катта йўл ёқасидагилари яшнаб турибди, ҳозирча. Уларни санамаганман, катта йўл ёқаси ичкаридан кўра хавфсиз.
Эрталаб кўчани кесиб ўтгунимга қадар 17-автобус кетиб қолди. Орқасидан югурсам... Бу вазнда югуриш... Йаа-ғааай. Яхши бўлди қайтага, шу эрталабки ур-тиқилинчда кетмасам кетмасман (улгурганимда яхши бўлардику-я, ур-тиқилинчлиги ҳам билинмасди).
Дарров машина ҳам тўхтай қолди. Манзил ва йўлкира суммасини айтдим. Тошкент бир кўрган одамингни яна қайтиб кўрмайдиган даражада катта шаҳар эмас, албатта. Бу ҳайдовчининг машинасига аввал ҳам чиққан бўлсам керак, ҳазил аралаш сўради:
–Йўлкира нархи ошмадими?
–Ўтган қишда зиёдаси билан ошган, қайта ошгани йўқ, – дедим жиддий туриб.
–Ўтиринг.
Тўп этиб ўтириб олдим. Машина силкиниб кетганига парво қилганим йўқ. Ҳозирлар киракашларнинг машинаси ҳам автобуслардан кескин фарқ қилмайди. Ҳайдовчиларни айтмайсизми. Ҳар бир бекат ва бекат бўлмаган жойларда ҳам тўхтаб, қаерга кетишингизни сўрашади. Ана эътибор, ана ғамхўрлик!
Айрим ҳайдовчилар йўлда гаплашмаса, ёрилиб кетиши мумкин. Айниқса, кундан-кунга масофалари узайиб бораётган тирбандликда. Бугун ҳам шундай бўлди. Ҳайдовчининг ёши олтмишлардан ошган, оиласидан, фарзандларидан мамнун бир инсон. Уйда бекор ўтиролмайдиганлар хилидан эканлиги аниқ. Ўзи гап бошлаб қолди:
–Октябрнинг бошларида туғилган кунимни ўтказдик. Эрталаб синглимнинг ўғли кириб келди. “Ишга кетиш олдидан сизни қутлаб қўяй, дедим”. Шундай деб қоғозга ўралган қутини қўлимга тутқазди. Кўзларига қарасам, очиб кўришимни истаяпти. Кўзи ўнгида очдим. Сўнг русумли қимматбаҳо телефон. “Нега овора бўлдинг? Мен бу телефонни қўллашни билмасам? Уй қуряпсан, совға ўрнига унинг пулини қурилишга ишлатсанг бўлмайдими?” Ростини айтсам, уй қураётиб бундай қиммат совға кўтариб келганидан бироз сиқилдим. Бу пайтда ортиқча харажат барибир ортиқча-да. У эса: “Тоға, сиз бундан ҳам қиммат совғаларга муносибсиз”, деди-да, ҳай-ҳайлашимга ҳам қарамасдан чиқди-кетди. Энг қизиғи оқшомга яқин бўлди. Синглим иккинчи ўғли билан кириб келди. Бунисининг совғаси...
Эркакнинг вазмин овози шу лаҳзалар ўзгарди, ҳаяжон бор эди. Бироз тин олиб давом этди:
–Жияним Умра зиёратига йўлланма совға қилди. Унга бундай қиммат совғани қабул қилолмаслигимни айтдим. Синглим: “Ака, ўғлимнинг қўлини қайтарманг”, деди. Жияним эса: “Биз учун қилган яхшиликларингиз олдида бу ҳеч нарса эмас. Совға сизга аталган, қабул қилсангиз ҳам, қилмасангиз ҳам. Истасангиз ташлаб юборинг”, деди. Ташлаб юборармидим.
–Демак вақтида улар унутмайдиган даражада яхшиликлар қилгансизки, бугун муносиб жавоб қилишга ҳаракат қиляптилар.
–Ҳаётим давомида бир нечта инсонларга жуда яхши ёрдам берганман, қўллаб-қувватлаганман. Чунки тузуккина лавозимларда ишладим, қўлимдан кўп ишлар келарди. Аммо керак пайти ҳеч кимдан жавоб бўлмаган, унутдилар. Жиянларимга қилган яхшиликларим билан мақтана олмайман.
–Менимча, ҳозирги эътиборнинг пойдевори улар гўдаклигида қўйилган. Кейин сингиллар ҳам акаларни айрича нозиклик билан севади, – дедим ўзимдан қиёс қилиб.
–Бир каромат кўрсатганим йўқ. Фақат онамга ҳеч қачон “йўқ” демадим. Айниқса, гап сингилларим ҳақида кетганида. Онам айтарди: “Қиз бола палаҳмон тоши. Аммо ҳар жой ҳам ота уйи каби бўлавермайди. Эрининг уйида  кўзёшини ичига ютиб яшайди. Акалар улардан хабар олиб туриши керак, эҳтиёжлари бўлса, миннатсиз ёрдам бериши керак. “Хўп, ойи, бугуноқ улардан хабар оламан”. Шундай, ҳеч қачон “йўқ” демадим, онамга.

Бу суҳбатни унутиб юборишим мумкин эди. Агар... “Онамга ҳеч қачон “йўқ” демадим”, деган жойи бўлмаганда. Айнан шу гап бир неча кун қулоқларим остида жаранглаб турди, унутолмадим. Кўнглимдан бир қатор саволлар кечди.
Ватан хизматидек шарафли юмуш бўлмаса керак. Бу юмушга ҳаётингни энг кучга тўлган дамларини бахшида этасан. Асли, сени ким бу шарафли йўлга йўллади? Бу ҳақда ўйлаб кўрганмисан? Жавобинг тайин: орзуларим, интилишларим. Эҳтимол, ҳақлисан. Аммо бир фидокор, Она деган беминнат хизматчи ҳам борлигини унутишга ҳаққинг йўқ. Маош, мукофотлар талаб қилмаган хизматчи. У сени тўққиз ой қийинчиликлар билан юраккинаси остида кўтарди. Шу ҳолида битмас-туганмас уй юмушларини бажарди, қайнона-қайнота, қайнопаю, қайнбўйинлар учун таомлар пиширди, ўзи истамаган емаклардан кўнгли беҳузур бўлса ҳам қозон-ўчоқ ишларини уддалади. Туғилиб ҳам ҳаётини енгиллатганинг йўқ, аммо у шундай яралганки, сени борлигинг, табассумингга дунёсини нисор қилишга тайёр.
Товонингга тош теккизмай катта қилади, орзуларинг асли уникидир! Меҳру муҳаббат билан парваришладики орзулар юксалди, ушалди. Шому саҳарлар қилган дуоларида сен борсан.
Бугун барча одамлар каби ишларинг тиғиздир. Аммо ҳар лаҳза сенга интиқ инсонни ҳам унутма. Муҳим ишларингни пеш қилма, унга! Бирор эҳтиёжи йўқмикан? Опанг ё синглинг учун бир нарсалар сўрашга истиҳола қилаётгандир, ахир сенинг ҳам оиланг бор. Ўзинг сўра, қўрқма, имконингдан ортиқ нарса сўрамайди. Чунки у онанг! Онангдан опа-сингилларингни эҳтиёжлари ҳақида сўра, ўғлингни ҳам ўргат, қизларинг бор. Қизларнинг эса ҳамиша шафқат, меҳр, севгига эҳтиёжлари бор!

Инобат ИБРОҲИМОВА.

Аброр ХОН. НАТОга талабгорлар...
Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак ўтган ҳафта Оқ уйда АҚШ Президенти Жо Байден билан НАТО Бош котиби лавозимига мамлакати мудофаа вазири Бен Уоллес номзодини келишиб олди, деган хабар тарқалди.
2014 йилдан бери Шимолий Атлантика альянсини бошқариб келаётган Йенс Столтенберг сентябрь ойида лавозимини тарк этади. Ғарб давлатлари Альянсга янги раҳбар сайлаш масаласида демократик тамойилга содиқ эканликлари тўғрисида гапирсалар ҳам номзодлар ҳалигача жамоатчиликдан яшириб келинмоқда.
Мазкур ҳарбий ташкилоти янги раҳбари масаласи 11-12 июль кунлари Вильнюс саммитида ҳал бўлади.
Назарий жиҳатдан Альянснинг 31 аъзо давлати ўзи истаган номзодини илгари суриши мумкин. Франция, Буюк Британия ёки Германия, деган қатъий гап йўқ. Ҳатто, Исландия ёки Шимолий Македония ҳам номзод кўрсатишга ҳақи бор. Сўнгги гапни эса Вашингтон айтади.
Сунакнинг номзоди Уоллес. “У дунёдаги ҳамкасблари орасида алоҳида ҳурматга сазовор, Украина низосини бартараф этишда ҳам муҳим роль ўйнамоқда”, дейди бош вазир.
Британиялик бошқа номзод, ҳукумат собиқ раҳбари Борис Жонсоннинг ҳам бу лавозимда “кўнгли” йўқ эмас. У мамлакати ҳарбий харажатини ошириш ташаббуси орқали соҳага яқинлашган. Агар НАТОда ҳам айни мавзуни кўтарса, етакчи давлатлар меҳрини қозониши тайин.
ОАВда аввалроқ “Нидерландия ва Испания ҳукумати раҳбарлари – Марк Рютте ва Педро Санчес номзодлари ҳам бор” мазмунида тарқатилган хабарларни бу икки сиёсатчи рад этиб чиққан.
Руминия Президенти Клаус Йоханнис ҳақида ҳам ижобий фикр бисёр, аммо Столтенбергнинг ўринбосари Мирча Жоанэ румин ва у лавозимини тарк этиш ҳақида ўйламаяпти. Демак, ташкилотда бир давлатнинг икки вакили бўлиши тўғри келмайди.
Инклюзивлик ва хилма-хиллик сиёсати тамойилига мувофиқ, бу гал НАТО раҳбарлигига аёл киши қўйилиши тўғрисида гаплар урчиган. Дания Бош вазири Метте Фредериксен ўз номзоди ҳақидаги гап-сўзларга жавобан, “мен бу лавозимга ҳеч қачон бормайман”, дея баёнот берди.
Тахминий даъвогарлар орасида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен, ЕИ собиқ бош дипломати Федерик Могерини ва Канада молия вазири Христю Фриланд номлари учрайди. Сўнгги номзод-аёл этник украиналик, Шарқий Европа сиёсати ва тарихини яхши билади, экспертлар таъкидлашича, муҳими у аксил рус қарашга эга.
Урсула фон дер Ляйен Германияда мудофаа вазири бўлган, аммо бу лавозимда муваффақиятга эришмаган, дейишади таҳлилчилар. ОАВ унинг даврида вазирлик коррупция ботқоғига ботган, деб ёзғиради.
Деярли, ҳеч ким Могеринининг ўтмишидан айб тополмаган. Демак, у муносиб.
Нега америкалик номзод ҳақида гап йўқ, деган ҳақли саволга жавоб аниқ – одатга кўра АҚШ фуқароси НАТО Олий бош қўмондонлик кучлари лавозимини эгалик қилади.
Ҳозир, ҳар ҳолда, Альянсга Шимолий Европа вакили даъво қилмайди: норвегиялик Столтенберггача даниялик Андерс Фог Расмуссен ҳам бу курсида ўтирган.
Болтиқ бўйи мамлакатлари ва Польшада имконият яхши. Масалан, Эстония Бош вазири Каи Каллас, аёл сиёсатчи.
Аввал ҳам айтганимиздек, НАТО Бош котиби олдин давлат, ҳукуматни бошқаришда тажрибага эга, жилла қурса, Бош вазир ўринбосари ёки ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган бўлиши лозим.
Аввало, раҳбарликка номзод тузилманинг барча тамойилларига содиқ бўлиши, бугун Украинани қўллаб-қувватлаши шарт. Қолаверса, Брюссель ва Вашингтон чизиғидан чиқмаслиги талаб этилади.
Янги раҳбар Альянс сиёсатини ўзгартира оладими, йўқми, бу ҳам муҳим. НАТО совуқ уруш даврида ташкил топган, ўшандан бери Ғарб альянси, дейилади. Шарққа томон кенгайиш асл тамойилга тўғри келмайди. ”НАТО+” ташаббуси орқали Осиё-Тинч океани минтақасига қараб чўзилишдан ким наф, ким зарар кўради?
Бир сўз билан айтганда, НАТО трансформацияга муҳтож. Янги раҳбар Альянс тизимини ўзгартира олса, тарихда қолади. Акс ҳолда, ўша гап...

16.06.2023 йил

Инобат Нодиршоҳ. КЎЗЛАРИМ ЙЎЛИНГДА
Нигора саҳарлаб туриб ошхонада пишир-куйдирни бошлади. Сўнгги бир ой ичида ошхонага кириш  азобга айланган. Бу ердаги ҳидлардан боши айланиб, қайт қилгиси келади. Бошқоронғилиги оғир кечяпти. Шунга қарамасдан турмуш ўртоғига ёқадиган таомлар пиширгиси келади. Бугун ҳам нонуштадан ташқари эри учун йўлга егуликлар тайёрлади. Насимжон бир неча кунга хизмат сафарига кетяпти. Йўл у қадар олис бўлмаса ҳам келинчак унинг юк халтасига меҳр билан ўзи тайёрлаган егуликларни жойлаб қўйди.
Эри одатдагидек нонуштани пок-покиза туширди-ю сафар халтасини елкасига ортганича йўлга отланди. Нигора уни кузатиб чиқди. Насимжонга  бугун ҳар кунгидан кўра ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтгиси келди. Аммо сафар олдидан унинг таъби хира бўлишини истамади. Бунинг ўрнига шундай деди:
– Сафарингиз яхши ўтсин, мендан хавотир олманг…
– Бўпти, бўпти, яхши ўтир, кеч қоляпман, хайр.
Келинчак унинг ортидан маъюс термилиб қолди. Насимнинг бепарволиги кўнглини инжитди. Ҳарбий йигитга турмуш чиқаётганида дугоналари унга жуда ҳавас қилишган эди. Катталар ҳам қувонган. ҳарбий киши эътиборли бўлади, оиласи ҳам мустаҳкам бўлади, дейишган. Шуларни хаёлидан ўтказган Нигоранинг кўзларидаги маъюслик меҳр билан алмашди.
Кечга бориб ҳарорати кўтарила бошлади. Зўрға доривор гиёҳлардан дамлама тайёрлаб ичди. Насимга қўнғироқ қилиш ҳақида ўйлади-ю фикридан қайтди. «Соғ кунинг йўқ экан-да» деган гапини яна такрорлашидан ҳайиқди. Тонгга қадар мижжа қоқмади. Эрталаб опаси Хуморга қўнғироқ қилиб, аҳволини айтди. Орадан ярим соат ўтар-ўтмас опаси ҳарсиллаб кириб келди. Синглисининг ранг-рўйи хавотирини оширган бўлса-да билдирмасликка ҳаракат қилиб уни юпатди:
– Нигоржон, ҳомиладорликда одам шундай ҳар хил ҳолатда бўлади-да. Сен ваҳимага тушма. ҳозир шифокорга борамиз, жўяли маслаҳатни мутахассис айтади. Жиянинг машинасида олиб келган. Насимжоннинг хабари борми, аҳволингни айтдингми?
– Опажон, куёвингизнинг шусиз ҳам хизматлари оғир, сафардалар, безовта қилмай қўя қолайлик, – деди ялинчоқлик билан Нигора.
Опа синглисининг раъйига қаради. Уни авайлабгина елкаларидан тутиб, машина томонга етаклади.
Шифокор хулосаси ҳар икковларининг ҳам кайфиятини тушириб юборди.
– Сиз дарҳол касалхонага ётишингиз керак, – деди қатъият билан шифокор. – Таҳлил натижалари яхши эмас. ҳомила тушиш хавфи бор. Бола туғилгунига қадар вақти-вақти билан даволаниб туришингиз керак.
Нигора даволаниб чиққач ўзини яхши ҳис қила бошлади. Аммо бу кўпга бормади. Шу кунлари қайнонаси уларни йўқлаб келди. Насим ҳам шу куни одатдагидан эртароқ келди. Узоқ суҳбатлашиб ўтирдилар. Аёл қишлоқдаги янгиликлардан сўзлар, Насимжон жон қулоғи билан тингларди.
– Қўшнимиз Самиғ ака ўғлини уйлантирди. Бир тўй бўлдики, асти қўяверасан. Келиннинг сепи кўплигидан қўйгани жой топилмаса-я. Тўйдан кейинги куёв сийловларнинг кети узилмади. Жуда ҳавасим келди. Шуларни кўриб, сени ўйладим. Сен ҳам куёв бўлган эдинг. Қуда томондан бирор марта ҳам куёв сийлов бўлмади. Орзу-ҳавассиз одамлар билан қуда-андачилик қилган эканмиз. Келин, сиз хафа бўлманг-у сепингиз ҳам бировга кўрсатадиган эмасди.
– Онамнинг битта ўзлари имконлари етганча қилдилар, – деди айбдорона оҳангда келин. – Отам ногирон бўлсалар…
Нигора гапини тугата олмади. Бўғзини нимадир куйдириб ўтгандек бўлди. Кўз олдига муштдеккина бўлиб тўшакда михланиб ётадиган отаси келди. Кексайиб қолган онасининг қаварган қўллари… Йиғлаб юбормаслик учун чойни янгилаш баҳонасида ошхонага чиқди.
Эртасига эрталаб қайнонаси кетаманга тушиб қолди. Насим онасини қолишга ундай бошлади:
– Онажон, озиб-ёзиб бир келибсиз, яна бир-икки кунга қолинг.
– Тенгдошларимнинг уйларида хизматини қиладиган келинлари бор, – деб узиб олди онаси. – Келин туширсам, қўлимдан юмушимни олар деб умид қилувдим. Қаёқда, чучварани хом санаган эканман. Ўғлим, мен бу ерда ялпайииб ўтирсам, уйдаги юмушларни ким қилади? Шунинг учун мени йўлдан қўйма. Дугоналаримга кулгу бўлсам ҳам сочим супурги, қўлим косов бўлиб юравераман, бошқа иложим йўқ. Хотининг шу сиёқидан мени бирорта оғиримни енгил қилиб бермайди, албатта.
– Бугундан бошлаб Нигора сизнинг хизматингизни қилади, онажон, – деди шоша-пиша Насим. – ҳозироқ нарсаларингни йиғиштириб, онам билан йўлга туш.
– Мен бироз муддат олис йўлга чиқмаганим дуруст эди, – деди паст овозда Нигора. – Ойижон, шу бола соғ-омон туғилсин, жон-дилим билан хизматингизни қиламан.
– Онамнинг хизматига ярамайдиган аёлнинг менга ҳам кераги йўқ, – деди унга жавобан кекирдагини чўзганича Насим.
Нигора сесканиб кетди.
– Йўқ-йўқ… мен… йўқ демаяпман…
– Гап тамом, нарсаларингни йиғиштириб, йўлга отлан, йўқ десанг, тўрт томонинг қибла.
Келинчак кутилмаган ҳукмдан саросимага тушганича нарсаларини наридан бери йиғиштириб, ғолибона ўшшайиб кетаётган аёлга эргашди.
Олис йўл келинчакни анча чарчатиб қўйди. У ҳарчанд ўзини қўлга олишга ҳаракат қилмасин ҳовлига қадам қўйишлари билан кўзи тиниб, ҳушини йўқотар даражага етди. Уйдагилар билан салом-аликка ҳам ҳоли келмай сўрига омонатгина ўтирди-ю ҳушидан кетди. ҳай-ҳайлашиб ўзига келтирганларида атрофдагиларга жавдираб бир-бир термилди. Қайнонасининг «Бунақа ҳунарингиз ҳам бормиди» деган заҳаролуд сўзларидан бошини хам қилди.
Кунлар бир-бирини қувалаб ўта бошлади. Бу орада Нигора икки марта даволаниб чиқди. Навбатдаги кўрикда шифокор боланинг туғилиши 14 январга тўғри келишини айтди. Бундан келинчакнинг боши кўкка етди. Тезроқ бу хушхабарни Насимга айтгиси келди.
Афсуски, Нигора қишлоққа келганидан буён у бирор марта қўнғироқ қилиб аёлининг аҳволини сўрамади. Орадан тўрт ой ўтибди. Наҳотки, соғинмаган бўлса. Фақат онаси, сингиллари билан гаплашади. Унинг қўнғироқлари эса доим жавобсиз… Мендан хафа бўлдимикан… шундай бўлса кечирим сўрашга тайёрман… Нега жим? Боламиз ҳам қизиқтирмасмикан? Ахир кунларни санаб кутяпман. Биламан, у туғилиши билан ҳамма нарса яхши томонга ўзгаради. У шундай хаёллар билан қорнини меҳр билан силаб қўйди.
Орзиқиб кутилган кун яқинлашгани сари Нигоранинг ҳам ҳаяжони ортиб борарди. Қани эди Насим ёнида бўлса. Қайнонаси хушламаса ҳам Насим билан гаплашгиси келаётганини айтди.
– Ўғлимнинг хизмати оғирлигини салгина бўлса ҳам ҳис қиласизми, – деди зарда билан қайнонаси. – Арзи-ҳол қилиб, униям хизматдан чалғитмоқчимисиз. Не-не қийинчиликлар билан эришган ҳарбийликка. Сизга қолса ёнингизда лаллайиб юриши керак…
Қайнонасининг кейинги гаплари қулоғига кирмади. Қорнининг пастидан бошланган кучли оғриқдан инграб юборди.
– Касалингиз ҳам ўзингизнинг қўлингиздами дейман, – жаврашини қўймасди аёл. – Овозингни сал баландлатсанг бўлди, узала тушиб ҳушдан кетадилар бу кишим. ҳомиладор аёлда унча-мунча оғриқлар бўлиб туради, кўпам оҳ-воҳ қилаверманг. Санобар опангиз хориждан янги мол олиб келибди. Қайнисингилларингиз сепига муносиблари бўлса сотиб оларман. Кеч тушмасдан бориб кела қолай.
Нигора хонасига кириб, баралла йиғлаб юборди. Оғриқ бир пасайиб, бир зўрайиб борарди. Кечга яқин қайнонаси келди.
– Ойижон, оғриқ тинкамни қуритиб юборди, – деди қуруқшаган лабларини ялаб. – Тезроқ касалхонага олиб боринг, илтимос, ортиқ чидай олмайман…
– ҳали вақти бор, сабрли бўлинг, дардни пишириб, кейин туғруқхонага борилади, ҳамма шундай қилади, – деди аёл донолик қилиб.
Келинчак оҳ-ҳ деганича ўтириб қолди. Тунни бир амаллаб ўтказди. Тонгга яқин оғриқлар ҳам пасайди.
– Демак, ҳали вақти бор экан, – деди уни кўриб қайнонаси. – Бир нарсани билмасам гапирмайман-да.
Шу тариқа яна бир кун ўтди. Энди ҳарорати кўтарила бошлади.
– Шифокорга ўзим бораман, – деди чидолмасдан Нигора.
– Билганингизни қилинг-ай, оҳ-воҳ қилиб жонимга ҳам тегиб кетдингиз.
Келинчак кўзларидан дув оққан ёшини артиб, судралгудек бўлиб кўчага чиқди. Йўловчи машина билан туғруқхонага келди. Уни текшириб кўрган шифокор аёлнинг ранги оқариб кетди.
– Қачон бошланган эди, – деб сўради.
– Бугун учинчи кун.
– Нимани кутдинг, қизим.
Нигоранинг жавоб беришга ҳоли келмади. У ўзига келганида онаси ёнида экан. Севиниб, жилмайди. Онаси йиғлаб юборди.
– Хайрият, хайрият, – деб йиғи аралаш қизининг юзларини силади аёл.
–Нега йиғлаяпсиз, онажон.
– Қутулиб олганингга-да болам, – деди онаси ўзини аранг йиғидан тўхтатиб.
– Бола…м, у қани, онажон, – дея ҳаяжонланиб кетди Нигора. – Уни қўлларимда тутсам дейман. Айтинг, онажон, уни менга кўрсатсинлар. Кимга ўхшар экан?
– Қизим… қизим, ўзинг тирик қолганингга ҳам шукур қилайлик.
– Нима-а?!
– Бола ўлик туғилди, қизим.
Нигора жимиб қолди. Кўзларида йирик-йирик ёш томчилари ялтиради… Боши бир томонга хиёл эгилган, елкалари титрарди… Уни юпатмоққа сўз йўқ эди.
Бир неча кундан сўнг онаси билан туғруқхонадан чиқишди. Уни ҳеч ким келиб кўрмади. ҳатто Насим ҳам келмади.Эшикдан чиқар экан, бўм-бўш қўлларини кўриб сесканиб кетди.
– Онажон, менинг қўлларим бўм-бўш чиқяпман-а?! Аёл қизини бағрига босди. Энг ширин сўзларни айтиб жигарпорасини юпатмоққа уринди.
– Қаерга олиб борай қизим?
– Сиз билан кетаман, онажон.
Уларни опаси кутиб турган экан. Машинага ўтирдилар. Шу пайт қарийб беш ой кутилган қўнғироқ бўлди. Насим. Нигора телефон юзига чиққан суратли чақирувга  термилиб турди. Бу қўнғироқни қанчалар интиқ кутган эди… ҳозир эса у қувонч ўрнига қалбида аччиқ оғриқни туйди. Телефонни машина ойнасидан ташқарига отди… ва нигоҳларини катта йўлга қаратди.
Инобат НОДИРШОҲ