KITOBXON VIKTORINA

7-имтиҳон: ҚУРЪОНИ КАРИМДА ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ ҲАҚЛАРИДА НИМА ДЕЙИЛГАН?
Қуръони каримни тадаббур билан ўқир эканмиз, у ерда хотамул анбиё Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида умумий тарзда маълумот берилганини кўрамиз.

Қуръонда у зот алайҳиссаломнинг башарий ва набавий хусусиятлари, ростгўйликлари, тўғри йўлга бошланишлари, шарафли ва мукаррам қилинишлари, ибрат олишга чақирилишлари баён этилган. Баъзи вақтларда у зотга тасалли берилган, тўғри йўлда собитқадам бўлишга ундалган. Айрим ҳолатда тўғри кўрсатмалар ва енгил танбеҳ берилган.

У зот ҳақларидаги хабарлар мўминлар имонини зиёда қилади, уларга башорат беради. Расули акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш энг ҳақ ва тўғри йўл экани, ким шу йўлдан юрса, саодатга эришиши таъкидланади.

Мен ҳеч қандай шубҳасиз айта оламанки, Қуръони карим саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсиятларини ўрганишда энг биринчи ва энг ишончли манбадир. Биз Қуръони каримда у зот ҳақида келтирилганларни қисқача баён этамиз. Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилишлари, вояга етишлари, йигитлик даврлари, пайғамбар бўлишлари, ҳижратлари, ғазотлари, мўъжизалари, тана тузилишлари, ҳулқлари ҳақида маълумот олмоқчи бўлганлар, сийрат китобларига ва Ислом тарихига мурожаат қилсинлар.

Қуръони каримда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсиятлари ҳақида айтилган энг муҳим жиҳатларни қуйида зикр қиламиз.

У ЗОТ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ ҲАҚИДА БАШОРАТ БЕРИЛИШИ

Қуръони каримнинг бир қанча ўринларида аввалги самовий китобларда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликлари ҳақида башорат берилгани айтилган. Жумладан, Аъроф сурасида шундай дейилади:

“Улар шундай кишиларки, уммий (саводсиз) Пайғамбарга – номини Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топадиган – элчимизга эргашадилар. У (Пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилади, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда улардан юкларини ва устиларидаги кишанларини олиб ташлайди. Бас, унга имон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда унинг (келиши) билан нозил қилинган Нурга (яъни, Қуръонга) эргашган зотлар – ана ўшаларгина нажот топувчилардир” (Аъроф сураси, 157-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай улуғ сифатлар билан васф қилмоқда. Бу оят ақлли ва инсофли ҳар бир инсонни у зотга имон келтириш ва итоат этишга ундайди.

Биринчи сифати: у зотнинг барча инсониятга пайғамбар, башорат берувчи ва огоҳлантирувчи эканларидир.

Иккинчи сифати: Аллоҳ таоло у зотга қиёмат кунига қадар боқий қолувчи энг мукаммал ва ҳамма соҳани қамраб олувчи шариатни бергани.

Учинчи сифати: у зотнинг уммий эканликлари. Ҳақиқатан, Пайғамбар алайҳиссалом ўқиш ва ёзишни билмаганлар. Бир устоз олдида ўтириб илм олган эмаслар. Балки Аллоҳ таоло у зотга Жаброил алайҳиссалом воситасида Қуръони каримни нозил қилди, Ўз даргоҳидан улуғ ва баракали илм берди. Пайғамбар алайҳиссалом ана ўша илм билан ўзларига нозил қилинган Қуръони карим ҳукмларини баён қилиб бердилар. Бу борада у зот барча файласуф, қонун чиқарувчи, тарихчи, табиий илмлар соҳибларини ортда қолдирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг санаб ўтилган илмлардан бехабар эканликлари у зот келтирган таълимот Аллоҳ таоло тарафидан ваҳий қилинганини исботлайди.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан Сизга Руҳни – Қуръонни ваҳий қилдик. Сиз (Пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни – Қуръонни ва на имонни (яъни, унинг ҳақиқатини) билувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қиламиз. Албатта Сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида) тўғри йўлга етаклайсиз” (Шўро сураси, 52-оят).

Яна бошқа ўринда шундай дейилган: “Сиз (ўзингизга Қуръон нозил қилинишидан) илгари бирон китобни тиловат қилувчи бўлган эмасдингиз ва ўз қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмассиз. Акс ҳолда, бузғунчи кимсалар, албатта шубҳага тушган бўлар эдилар” (Анкабут сураси, 48-оят).

Тўртинчи сифати: “Номини Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топадиган...”

Аҳли китоблар мана бу уммий Пайғамбарнинг исми ва сифатини ҳузуридаги Таврот ва Инжилда ёзилганини кўрадилар. Бу эса уларни имонга чорловчи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқлашга ундовчи энг катта далилдир.

Аҳли китоблардан баъзилари Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб келишларини башорат қиларди. Бу ҳақдаги маълумотларни китобларидан ўқирдилар. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни элчи қилиб юборганида қалблари ҳақни қабул қилган, Парвардигоридан қўрқиб, нафсларини тергаган зотлар Саййидимизга имон келтиришди. Бироқ кибр ва ҳасад ўтида ёнганлар у зотга берилган неъматларни кўра олмай, китобларида Пайғамбар алайҳиссалом ҳақида келган маълумотларни ўчириб ташладилар. Уни нотўғри тушунтирдилар ва бу ҳақиқатни оммадан беркитиб келдилар.

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатларини беркитишга қанча уринмасинлар, ё уни нотўғри таъвил қилишмасин, Аллоҳ таоло Ўз нурини мукаммал қилишни хоҳлади. Тавротда ҳам, Инжилда ҳам Набий алайҳиссалом ҳақидаги башоратлар, у зотнинг сифатлари қолди. Ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломнинг исмлари ҳам очиқ-ойдин келтирилган.

Уламолар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатлари аввалги самовий китобларда келгани ҳақида қуйидагиларни айтишган. Жумладан, Мовардий “Аъломун нубувва” китобида шундай деганлар: “Аввал ўтган пайғамбарлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар бўлиши ҳақида башорат беришган. Бу уларнинг умматларига қарши ҳужжатдир, бошқалар олдида у зотнинг ростгўй эканликларини тасдиқлайди. Пайғамбарлар ичида кимдир у зотнинг исмларини аниқ айтиб кетган, кимдир сифатларини айтган. Яна кимдир у зотни қавмларига нисбат берган. Яна кимлардир юртларига нисбат берган. Аллоҳ таоло бу сифатларнинг барчасини амалга оширди[1]”.

“Мунятул азкиё фий қисосил анбиё” китобидан шундай дейилган: “Аввалги пайғамбарлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида башорат бериб, унинг пайғамбарлиги рост эканига гувоҳлик беришган, уларнинг васфи ҳар қандай шубҳаларни бартараф этадилар. Улар у зотнинг исми, юрти ва сифатларини зикр қилишган. Шунга қарамай Аҳли китоблар у зотнинг исмларини охирги нусхаларидан ўчириб ташлашди. Лекин бу уриниш наф бергани йўқ. Пайғамбаримизнинг сифатлари самовий китобларда қолганига ҳар бир миллатдан бўлган тарихчилар иттифоқ қилишган. Лекин узоқ бўлмаган даврлардан бошлаб улар бу сифатларни ўзгартиришни бошладилар. Мақсад Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ростгўйликларини тасдиқламасликдир. Охирги нусхаларга эътибор берилса, бир-биридан фарқли эканини кўрамиз. Аммо бу нарса уларга фойда бермади”.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Тавротда келган сифатлари ҳақида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Мен Тавротда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлар ҳақида – Муҳаммад Расулуллоҳ Менинг бандам ва Расулимдир. Мен уни мутаваккил деб номладим. У қўпол эмас, қўрс ҳам эмас, бозорларда бақириб-чақириб юрмайди, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармайди. Балки авф қилади, кечиради. Эгри йўлдаги миллатлар “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, деб тўғри йўлга кирмагунларича унинг жонини қабз қилмайман – дейилганини ўқиганман” (Бухорий ривоят қилган).

Юқорида келтириган оятдаги бешинчи сифат: “У (Пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради”.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг Таврот ва Инжилда ёзилган сифатларидан яна бири, у зотнинг яхши ишларга – Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарлари ва охират кунига имон келтиришга, гўзал хулқ соҳиби бўлишга, ҳаниф шариатда мақталган барча эзгу амалларга чақиришлари, ёмон ишлардан – куфр, маъсият ва ахлоқсизликдан қайтаришларидир.

Шундан кейин олтинчи сифати зикр қилинган: “Пок нарсаларни улар учун ҳалол қилади, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади”.

Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом зулм ва фосиқликлари сабабли Аллоҳ уларга жазо сифатида ҳаром қилган ҳайвон ёғлари ва шу каби нарсаларни ҳалол қиладилар. Шунингдек, аҳли китоблар Аллоҳнинг изнисиз ўзларига ҳаром қилиб олган туя гўшти ва сутларини ҳам ҳалол қиладилар. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қон, ўлимтик гўшти, тўнғиз каби нопок нарсаларни, зино, одамлар молини ноҳақ йўл билан ейиш каби ишларни ҳаром қиладилар. Мана шуларда инсоният учун саодат ва муваффақият бордир.

Еттинчи сифати: “Ҳамда улардан юкларини ва устиларидаги кишанларини олиб ташлайди”.

“Юкларини ва устиларидаги кишанларини олиш” деганда аввалги шариатларда мавжуд бўлган оғир, машаққатли ибодатларни олиб ташлаб, уларнинг ўрнига осон ва енгилларини келтиришдир. Жумладан, аввалги қавмларда тавба қилиш учун ўзини ўлдириш шарт қилинган. (Бизнинг шариатда эса қатъий азму қарор билан гуноҳни тарк этиш, бошқа такрорламаслик шарти ила тавба қабул қилинади. – таржимон).

Яъни, уммий Пайғамбарнинг яна бир сифати, зулм қилганлари сабаб Аллоҳ томонидан юкланган оғир вазифаларни уларнинг гарданидан олиб, енгиллик ҳамда башорат беришдир. Пайғамбар алайҳиссалом насиҳатларидан бирида: “Башорат беринглар, бездириб қўйманглар! Енгиллаштиринглар, оғирлаштирманглар!” деганлар.

Аллома Ибн Касир шундай деган: “Бизлардан аввалги қавмлар шариатида танглик бор эди. Аллоҳ таоло бу уммат ишларини енгил қилди, уларга осонлик жорий этди. Шу сабаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар гапирмаса ёки амалга оширмаса, Аллоҳ таоло умматнинг хаёлига келган нарсаларни кечириб юборади”, деганлар. Бошқа ҳадисда: “Умматимдан хато қилиш, унутиш ва мажбурликдан (қилинган ишлар) кўтарилгандир (яъни, кечирилгандир)”, дейилган. Шу сабаб, Аллоҳ таоло бу умматни: “Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганлар бўйинларига қўйган экингни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама! Бизларни авф эт, (гуноҳларимизни) мағфират қил, (ҳолимизга) раҳм айла! Ўзинг Хожамизсан! Бас, бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!” дейишга йўллаган. “Саҳиҳу муслим”да айтилишича, Аллоҳ таоло мана шу дуолардан кейин “Мана шундай қилдим, мана шундай қилдим”, деган[2]”.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатларини баён қилинганидан кейин Аллоҳ таоло Пайғамбарини тасдиқлайдиган зотлар ҳолатини баён қилади:

“Бас, унга имон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда унинг (келиши) билан нозил қилинган Нурга (яъни, Қуръонга) эргашган зотлар – ана ўшаларгина нажот топувчилардир”.

Мана шу уммий Пайғамбарга имон келтирган, унга душманлик қилганларга муносиб қаршилик кўрсатган, у зотни улуғлаган, ҳурмат қилган, турли воситалар ила кўмак берган инсонлар, Пайғамбар алайҳиссаломга нозил қилган Қуръонга эргашган зотлар Аллоҳнинг раҳматига эришадилар, У Зотнинг розилигини қўлга киритадилар.

Саф сурасидаги оятда таъкидланишича, Исо ибн Марям алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам исмларини айтиб, қавмига башорат берган. Аллоҳ таоло шундай деган:

“Эсланг, Исо ибн Марям: “Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбариман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган “Аҳмад” исмли бир Пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)”, деган эди. Бас, қачонки (Исо) уларга аниқ-равшан ҳужжат-далил келтиргач, улар: “Бу очиқ сеҳр”, дедилар” (Саф сураси, 6-оят).

Мана шу оятда Исо алайҳиссалом Пайғамбар алайҳиссалом ҳақида хушбахабр бергани қуёш зиёси янглиғ очиқ баён қилинмоқда.

Бақара сурасидаги бир оятда зикр қилинишича, аҳли китоб ичидан баъзилар ўзларидан бир Пайғамбар чиқишини айтиб мақтанар, ўзларига хилоф бўлганларга таҳдид қилиб, ўша Пайғамбарга имон келтиришларини, оқибатда улар устидан зафар қучишларини айтишарди. Келинг, ўша оятларга қулоқ тутайлик:

“Қачонки уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларида бор нарсани (Тавротни) тасдиқловчи Китоб келганида – ҳолбуки, илгари улар кофирларга қарши (ўша Пайғамбардан) ёрдам кутардилар – бас, уларга ўзлари билган нарса келганида, унга кофир бўлдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай!” (Бақара сураси, 89-оят).

Осим ибн Амр ибн Қатодадан ривоят қилинишича, қавмидан бўлган бир неча кишилар шундай дейишган: “Бизни Исломга даъват қилган нарса қуйидагилардир: биз аввалда мушрик эдик. Бир қанча яҳудий кишилардан бир пайғамбарнинг келишини эшитардик. Улар аҳли китоб эдилар. Улар бизлардан кўра илмлироқ эдилар. Ўртамизда ёмонлик (уруш-жанжал, ихтилоф) ҳеч тўхтамасди. Агар уларга ёқмайдиган ишларни қилсак: “Пайғамбар келиши вақти яқинлашди. Биз унга эргашиб, сизларни худди Од ва Ирам каби қатл қиламиз”, дейишарди. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборганида, у зот бизни Исломга даъват қилдилар. Биз ижобат этдик. Яҳудийлар бизга таҳдид қилаётган зот ўша киши эканликларини билдик ва улардан олдин отни қамчиладик. Ҳа, биз у зотга имон келтирдик, улар эса кофир бўлишди. Ана ўша яҳудийлар ҳақида Аллоҳ таолонинг “қачонки уларга Аллоҳнинг ҳузуридан бир китоб келганида...” ояти нозил бўлди[3]”.

Оятда келган “Китоб”дан мурод, Қуръони каримдир. Китобнинг Аллоҳ таоло тарафидан эканининг баён қилиниши уни қабул қилиш лозимлигини кўрсатади. Зеро, Қуръон Ҳикматли ва ҳар нарсадан Хабардор Зотнинг Каломидир. Яҳудийларда Таврот китоби бор эди. Қуръон Тавротни тасдиқлайди, ундаги дин асосларига мувофиқ келади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар этиб юборилишлари ҳақидаги маълумотлар ҳам бир хилдир.

Қуръон яҳудийлар китобини тасдиқлаши уларнинг маломатга лойиқ иш қилганларини кўрсатади. Зеро, яҳудийлар Тавротга қарши бўлган китобни эмас, балки уни тасдиқлайдиган Китобни инкор этишди.

“Ҳолбуки, илгари улар кофирларга қарши (ўша Пайғамбардан) ёрдам кутардилар...”

Пайғамбар алайҳиссалом келишларидан олдин яҳудийлар ва уларга душман бўлганлар ўртасида бирон келишмовчилик чиқса, Расули акрамни ўртага қўйиб, у зот билан ғалаба қозонишларини таъкидлардилар: “Парвардигор! Биз Тавротда сифатини биладиган Пайғамбар билан бизларга нусрат бер!” деб илтижо қилишарди.

У зот келганларида ҳолат қандай бўлгани қуйида айтилади:

“Бас, уларга ўзлари билган нарса келганида, унга кофир бўлдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай!”

Яҳудийлар душманларига таҳдид қиладиган зот келганларида, ҳаммадан биринчи бўлиб тасдиқлаш ўрнига у зотни инкор этишди.

Яҳудийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатларини жуда яхши билишарди. Тавротда келган эди у зотнинг исм ва сифатлари. Шунинг учун уларга имон келтириш, у зотни тасдиқлаш ва итоат этиш вожиб эди. Бироқ, қалбидаги ҳасадлари сабабли, келиши ваъда қилинган Пайғамбар ўзларидан эмас, балки араблардан чиққанини кўра олмай, қалблари ҳасадга тўлди. Мана шу ҳасад олови уларни маърифатдан, ҳақни тан олишдан тўсди. Молу давлат ва раҳбарликка ўчликлари уларни ҳақни қабул қилишдан ман этди.

Яҳудийларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу уларни инкор этишдан қайтариб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваъда қилинган пайғамбар эканликларини, у зотга итоат этиш кераклигини бот-бот таъкидлади. Бироқ улар ҳақиқатни кўрмадилар, эшитмадилар, нуқсонга йўл қўйдилар. Шунинг учун, Аллоҳ таоло уларни лаънатлади, раҳматидан узоқлаштирди.

“Кофирларга лаънат бўлгай!” дейилиши, улар айнан куфр сабабидан лаънатга мубтало бўлганларини кўрсатади.

Юқорида келтирилганлардан маълум бўладики, Аллоҳ таоло пайғамбарларига нозил қилган аввалги китобларда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида башоратлар келган. Бани Исроил қавмидан чиққан сўнгги пайғамбар Исо ибн Марям алайҳиссалом бу башоратни очиқ-ойдин таъкидлаб ўтган.

Ўша вақтдаги инсониятнинг ҳолати Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилишларини, нур бўлиб дунёга келишларини, одамларни зулматдан нур сари олиб чиқишларини тақозо этарди. Ўша даврда (яъни, жоҳилият замонида) бутун олам фитна-фасодга тўлиб-тошганди. Форслар ва румликлар ўртасида уруш-жанжаллар бўлар, эътиқодлар энг тубан ҳолатга келиб қолганди. Одамлар ақидасига шубҳа-гумон ва ўзгартиришлар аралашиб кетганди. Ахлоқ-одоб масаласида шаҳват, ҳойи-ҳавас, ҳасад, адоват, зулм ва исён биринчи ўринда турарди.

Арабистон ярим ороли аҳолиси, жумладан, Макка аҳли бошқалардан кўра яхшироқ ҳолатда эмасдилар. Арзимас сабаблар билан қабилалар ўртасида уруш очилиб, беҳуда қонлар тўкиларди. Улар ўзларига фойда ҳам, зарар ҳам етказолмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинишарди. Улар бу ишларига: “Бу илоҳларимиз Аллоҳ олдида бизларни шафоат қилади”, “Биз ота-боболаримизни шундай қилаётганларини кўрганмиз. Бас, уларнинг ортидан эргашамиз”, деб сабаб келтиришарди. Шундай бўлса-да, биров улардан “Сизларни ким яратган?” деб сўраса, “Албатта Аллоҳ яратган!” деб жавоб қайтаришарди.

Улар шаҳватларга бутунлай ботиб кетган, руҳий тарафдан ҳоллари танг эди. Урф-одатлари тагидан чириганди. Жоҳилият даври одамлари наслу насаблари билан мақтанар, бироқ эзгу хусусиятлар, одоб-ахлоқ масаласига парво ҳам қилишмасди. Уларнинг ҳукмлари адолатдан холи, йўллари эгри эди. Фақат жуда оз одамлар, жумладан, Зайд ибн Амр ибн Нуфайл, Қайс ибн Соида, Варақа ибн Навфал кабилар мушрикларнинг ширкидан ва уларнинг манфур ишларидан безор бўлиб, ўзларини покдомон сақлашган.

Бутун олам мана шундай зулмат остида қолганида нур бўлиб, ҳидоятга бошловчи бўлиб, бутун оламларга раҳмат ўлароқ севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келдилар.

АЛЛОҲ ТАОЛО ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЮБОРИШ БИЛАН МЎМИНЛАРГА МАРҲАМАТ КЎРСАТГАНИ

Қуръони каримнинг бир қанча оятларида Аллоҳ таоло мўминларга, балки бутун инсониятга Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни юбориш билан марҳамат кўрсатгани айтилган. Пайғамбар алайҳиссалом инсониятни куфр ва жаҳолат зулматидан имон нурига чиқариш, энг тўғри йўлга бошлаш, Аллоҳ рози бўладиган динга даъват қилиш учун юборилганлари таъкидланган. Жумладан, Оли Имрон сурасида Аллоҳ таоло шундай деган:

“Албатта Аллоҳ мўминларга буюк инъом қилди – уларга ўзларидан бўлган, уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳлардан) поклайдиган ҳамда Китоб ва ҳикматни ўргатадиган Пайғамбарни юборди. Зеро, улар (Муҳаммад алайҳиссалом келишидан) илгари очиқ залолатда эдилар” (Оли Имрон сураси, 164-оят).

Мана шу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ато этган бир нечта улуғ сифатлар зикр қилинмоқда.

Аллоҳ таоло мўминларга қадри улуғ ва муҳтарам Пайғамбар юбориш билан улуғ марҳамат кўрсатди. У Пайғамбар ўзларидан, яъни араблардан эди. Улар Расулуллоҳнинг насал-насабларини, шарафларини ва омонатдорликларини беш қўлдай билишарди.

“Уларга ўзларидан бўлган” деганда, араблардан бўлган назарда тутилмоқда. Шунда мўминлардан мурод, араб миллатига мансуб мўминлар бўлади. Аллоҳ таоло улар тушунишлари, хитоб қилишлари, савол-жавоб қилишлари, бирга ўтириб, суҳбатлашиб манфаат олишлари учун Пайғамбар алайҳиссаломни уларга араб тилида сўзловчи пайғамбар қилиб юборган.

“Ўзларингиздан” сўзини башарият наслидан, деган маънода ҳам тушуниш тўғридир. Зеро, Аллоҳ таоло арабми, ажамми, барча инсониятни ширк зулматидан имон нурига олиб чиқиш учун у зотга нубувват ва рисолатни берган. Пайғамбар алайҳиссаломнинг рисолатлари барча инсоният (ва жинларга) тааллуқлидир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло: “Биз Сизни (бутун) оламларга раҳмат қилиб юбордик”, деган.

“Уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳлардан) поклайдиган ҳамда Китоб ва ҳикматни ўргатадиган...”

“Тиловат” сўзи Қуръони каримни шошилмасдан, оятма-оят, дона-дона қилиб ўқишни билдиради.

Поклаш эса, гуноҳлардан, разолатдан, нотўғри эътиқоддан поклашдир.

Яъни, Аллоҳ таоло мўминларга ўзларидан бўлган бир Пайғамбар юбориб буюк неъматлар ато этди. Мазкур Пайғамбар уларнинг ҳидояти ва саодатига сабаб бўладиган оятларни тиловат қилади. Уларни куфр, гуноҳлардан поклаб, жоҳилият нопокликларидан, бузуқ эътиқодлардан тозалайдиган ишларга йўллайди.

Бу Пайғамбар, шунингдек, Аллоҳ таоло нозил қилган Қуръонни уларга ўргатади, ҳукмларини тушунтиради, лафз ва маъноларини тушунмай қолган бўлсалар, уларга тушунтириб, Қуръонни тафсир қилиб беради.

Қуръонни таълим бериш қироат қилишдан бошқа нарсадир. Зеро, уни тиловат қилиш тартил билан ўқишдир. Таълим эса, Қуръон аҳкомларини баён қилиш, шариат ҳукмлари ва одоб-ахлоқни ўргатишдир.

Мазкур Пайғамбар уларга ҳикматни – динда фақиҳликни, унинг сир-асрорларини, ҳикматларини ва мақсадларини ўргатади. Бу билан Қуръон мукаммал ўрганилади.

Пайғамбар алайҳиссаломга хос сифатлар саналганидан кейин у зот келмасларидан олдин инсоният қай аҳволда бўлгани маълум қилинган:

“Зеро, улар (Муҳаммад алайҳиссалом келишидан) илгари очиқ залолатда эдилар”.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб келишларидан олдин бутун олам, хусусан, Арабистон ярим ороли жаҳолат қаърига ботганди, улар очиқ залолатда эдилар. Ақл эгалари буни бир кўришда пайқаб оларди.

Ҳақиқатан, Ислом нури чиқишидан илгари одамлар залолат зулмати ичра адашиб юргандилар. Ибодат бобида Аллоҳга бошқа “илоҳ”ларни шерик қилар, ахлоқ-одоб бобида жамиятда турли разолатлар урчиган, ҳатто энг пасткашликлар ҳам оддий ҳолатдек қабул қилинарди. Муомалалар бобида зулм ва ноҳақлик жуда авж олган, ҳақиқат ва адолат деган улуғ тушунчалар уларга буткул ёт эди. Мана шундай бир паллада Аллоҳ бутун оламларга раҳмат қилиб Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборди. Набий алайҳиссалом уларни куфр, фисқу фужур ва исёндан ҳидоят, собитқадамлик ва имон нури сари олиб чиқдилар. Бу Аллоҳ таолонинг инъомидир.

Шунга ўхшаш оятлар Жумъа сурасида ҳам келтирилган: “У (Аллоҳ) омийлар (яъни, аҳли китоб бўлмаган илмсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб – Қуръон ва ҳикмат – ҳадисни ўргатадиган бир Пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломни) юборган Зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (ўзларига Пайғамбар юборилишидан) илгари очиқ залолатда эдилар” (2-оят).

Бу ерда “омийлар”дан мурод, араблардир. Сабаби, уларнинг кўпчилиги на ўқишни, на ёзишни биларди.

Ўқиш ва ёзишни билмайдиган одамни “оми” (арабча “уммий”) дейилишига сабаб, уларда омиликнинг кенг тарқалганидир. Уларнинг ёши катта бўлса ҳам, худди онасидан туғилган чақалоқдек ўқиш ва ёзишни билишмаган.

(Араб тилидаги “уммун” сўзи тилимизда “она” маъносини англатади. – таржимон)

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан – араблардан, яъни, инсон наслидан эдилар. Уммийликда (ўқиш ва ёзишни билмасликда) уларга ўхшаш эдилар у зот.

Яъни, Аллоҳ таоло фазлу марҳамат кўрсатиб, уммий арабларга ўзларидан бўлган бир карамли Пайғамбарни юборди. У зот уларга Аллоҳнинг Каломини тиловат қилиб беради, уларни нопокликлардан тозалайди, Китоб ва ҳикматни ўргатади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келмасидан олдин улар қаттиқ адашган кимсалар эди. У марҳамат кўрсатиб, уларни ҳидоятга бошлайдиган бир Элчини юборди.

Бақара сурасидаги бир ояти каримада ота-бола Пайғамбарлар – Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссалом Байтул Ҳаромни қураётганларида теварак атрофдаги умматга Пайғамбар юбориб, уларни тўғри йўлга бошлашини илтижо қилиб сўраганлари зикр этилган.

Мазкур икки Пайғамбар тилидан шундай дейилган: “Парвардигоро, уларнинг орасига ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикматни (Қуръон ва ҳадисни) ўргатадиган ва уларни поклайдиган бир пайғамбарни юбор! Шубҳасиз, Сен қудрат ва ҳикмат Соҳибисан!” (Бақара сураси, 129-оят).

“Ўзларидан” деган сўздаги олмош зурриёт ёки мусулмон умматига тегишли.

Оят Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига, Пайғамбар етказаётган нарсалар ростлигига гувоҳлик берувчи мўъжизадир. Бу ерда “оят” деганда Қуръон оятлари назарда тутилган.

Китоб эса Қуръондир. Қуръонни ўргатиш унинг маъноларини баён қилиш, ҳукмларини тушунтириш билан бўлади.

Ҳикмат эса амал қилинувчи манфаатли илм. “Ҳикмат” сўзининг “Китоб” билан ёнма-ён келишидан мурод, суннати набавия эканини тасдиқлайди. Одамлар айнан Қуръон ва ҳадислар ёрдамида энг солиҳ амалларни билиб оладилар, Аллоҳнинг ҳукмларини, одоб-ахлоқли бўлишни ўрганадилар. Қуръон ва ҳадисни ўрганган одам учун динда фақиҳ бўлиш сари кенг йўл очилади.

Юқорида келтирилган икки улуғ Пайғамбар дуосининг маъноси қуйидагича: ё Парвардигор! Бу мусулмон умматга ёки зурриётларимизга Пайғамбар юборишингни сўраймиз! У Пайғамбар уларга Ёлғиз эканингга далолат қилувчи оятларингни ўқиб беради, Китобинг ҳукмларини уларга ўргатади, уларни одоб-ахлоққа чақиради. Шунингдек, уларга ҳадислар орқали шариат аҳкомларини таълим беради. Ё Аллоҳ! Сен Ўзинг Қудратли ва Ҳаким Зотсан!

Бу икки Пайғамбар дуоси натижаси ўлароқ Аллоҳ таоло уларнинг зурриётидан бир муҳтарам Пайғамбарни чиқарди ва унинг сабабидан оламларга зиё тарқалди. Ҳа, бу севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. У зот барча инсонларга башорат берувчи ва огоҳлантирувчидирлар.

Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида боболари Иброҳим алайҳиссалом дуосини эслаб ўтганлар: “Мен отам (яъни, бобом) Иброҳимнинг дуосиман, Исонинг башоратиман, онам кўрган тушман. Мўминлар оналари ҳам худди шундай (туш) кўрадилар”.

(Имом Аҳмад Ирбоз ибн Сория ва Абу Умома розияллоҳу анҳумодан шу ҳақидаги ҳадисни ривоят қилган. Унинг мазмунига кўра, Иброҳим алайҳиссалом одамларни ҳидоятга бошловчи Пайғамбар чиқаришини сўраб Аллоҳга дуо қилганлар, Исо алайҳиссалом қавмига ўзидан кейин “Аҳмад” исмли Пайғамбар келишини башорат берганлар. Пайғамбар алайҳиссалом оналари тушларида ўзларидан бир нур чиқиб, Шом қасрларини ёритиб юборганини кўрганлар. – таржимон)

Юқоридаги оятлар мазмуни қуйидаги оятда жам бўлган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) ҳақиқатан, Биз Сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 107-оят).

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Биз Сизни мана шу ҳаниф (ҳақиқий, тўғри) дин бўлмиш Ислом билан инсон ва жинлардан иборат оламларга раҳмат қилиб юбордик.

Агар улар Сизга эргашсалар, Сиз олиб келган нарсаларга итоат этсалар, нимага буюрсангиз, ўшани бажариб, қайтарганларингиздан қайтсалар, дунёда ҳам, охиратда ҳам, албатта бахтли бўладилар.

Расули акрам алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлиб келишлари асли раҳматдир. Аммо бундан фақат даъватларига ижобат этган инсонларгина манфаат олади. Кимда-ким у зот кўрсатмаларидан юз ўгирса, ўзига зиён қилибди, қулай фурсатни, яхши имкониятни қўлдан чиқарибди!

Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг раҳмат ва ҳидоят чироғи бўлиб келишлари Аллоҳнинг бизлар учун улуғ неъматидир. Аллоҳ таоло Тавба сурасида шундай деган:

“(Эй инсонлар,) ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, (тўғри динга киришингизга) ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир Пайғамбар келди-ку! Ана энди ҳам юз ўгирсалар, у ҳолда (эй Муҳаммад алайҳиссалом:) “Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир! (Мен Унинг) Ўзига суяндим. У Зот улуғ Аршнинг Соҳибидир”, деб айтинг!” (Тавба сураси, 128-129-оятлар).

Жумҳур уламоларга кўра, бу ерда арабларга хитоб қилинмоқда.

Яъни, эй араблар жамоаси, сизларга ўз жинсингиздан, насабингиздан бўлган, сизлар каби араб миллатига мансуб бир улуғ Пайғамбар келди. Шундай экан, унга имон келтириб, сўзларига қулоқ солинг!

Бу ерда араблар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ишониш ва у зот ортларидан эргашишга чақирилмоқда. Зеро, арабларнинг шарафи у зотнинг шарафлари билан комил бўлди. Уларнинг фахри Пайғамбар алайҳиссалом билан тугал бўлди. Араблар у зот ёшликларида ҳам ёлғон сўзламаганларини, ростгўйлик, омонатдорлик, иффатли ва насаблари пок эканида ҳеч қандай шубҳа йўқлигини, ўзлари ўта ахлоқли инсонликларини жуда яхши билишарди.

Қуртубий шундай деган: “Аллоҳ “ўзларидан” деб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам насабларини мақтамоқда. Зеро, у зот араблар ичида энг пок насабга эга инсон эдилар. “Саҳиҳу муслим”да Воила ибн Асқоъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Аллоҳ Исмоил болаларидан Кинонани танлаб олди. Кинонадан Қурайшни танлаб олди. Қурайшдан Бани Ҳошимни танлаб олди. Бани Ҳошимдан мени танлаб олди”, деб айтганларини эшитганман”. Бошқа ҳадисда: “Мен никоҳ билан (қурилган оилада) туғилганман. Никоҳсиз туғилган эмасман”, дейилган[4]”.

Зажжож шундан деган: “Бу ояти каримадаги хитоб барча инсонларга тегишли. Сабаби, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма инсонларга пайғамбар қилиб юборилганлар. “Ўзларингиздан” дегани, башарият жинсидан мазмунидадир”.

Бизнингча, биринчи қавл ҳақиқатга яқинроқ. Чунки ўша оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча оламларга пайғамбар эканлари эмас, балки айнан арабларга кўрсатилган фазлу марҳамат ҳақида сўз кетмоқда.

“Сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи...”

Бу Пайғамбар сизлар машаққатга дуч келишингиз ва қийинчиликка тушиб қолишингиздан қийналувчи меҳрибон зотдир. У сизлар учун ёмон оқибатдан ва жазога муносиб иш қилиб қўйишингиздан хавотир чекади.

“(Тўғри динга киришингизга) ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир Пайғамбар келди-ку!

Мазкур Пайғамбар сизлар ҳидоят йўлига киришингиз, дунё ва охиратда саодатга эришишингизни жуда хоҳлайди, бунга ўта ҳарис бўлган инсондир.

Шунингдек, эй мўминлар, бу Пайғамбар сизлар учун ўта меҳрибон ва куюнчакдир. Улар сизлар яхшилик ва манфаатга эришиб, ёмонликдан узоқ бўлишингизни хоҳлайди.

(Оят таржимасида “марҳаматли, меҳрибон” деб ифодаланган бирикма арабча матнда “рауфур раҳим” шаклида келган. – таржимон)

Баъзи уламолар: “Аллоҳ таоло Ўзининг исмларидан иккитасини Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа биронта пайғамбарда жамламаган. У зот Расулини “марҳаматли, меҳрибон” деган. Бошқа ўринда Ўзи ҳақида: “Ҳақиқатан, Аллоҳ одамларга Марҳаматли, Меҳрибондир” (Ҳаж сураси, 65-оят) деган[5]”.

(Бу ерда “рауфур раҳим” сифати Аллоҳ тарафидан Ўзига ҳам, суюкли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам нисбат берилганига урғу берилмоқда. Бундан, “рауф” ва раҳим” сифатлари инсонларга ҳам ишлатилиши жоиз эканини билиб оламиз. – таржимон)

“Ана энди ҳам юз ўгирсалар, у ҳолда (эй Муҳаммад алайҳиссалом:) “Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир! (Мен Унинг) Ўзига суяндим. У Зот улуғ Аршнинг Соҳибидир”, деб айтинг!”

Яъни, эй Муҳаммад, агар улар имондан юз ўгиришса, Сизга итоат этишмаса, хафа бўлманг, умидингизни узманг! Балки “Аллоҳнинг Ўзи Менга кифоя қилади, кўмак беради”, деб айтинг. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳ улуғ Аршнинг Парвардигоридир. Аршнинг азамати қанчалик эканини фақат Аллоҳ билади.

Юқоридаги оятлардан маълум бўладики, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар этиб юбориб, инсон ва жинларга жуда катта марҳамат кўрсатган. Зеро, дунё ва охират рўшнолигига эришиш учун инсонлар ҳам, жинлар ҳам илоҳий кўсатмаларга муҳтождирлар. Ана ўша кўрсатмаларни Расули акрам алайҳиссалом бизларга таълим берганлар. Аллоҳ таоло бизларни қиёмат куни у зот шафоатларига дохил қилишини сўраймиз (Аллоҳумма солли ва саллим ва баарик алаа саййидинаа Муҳаммад, ва алаа аалиҳий ва соҳбиҳий ажмаъийн. – таржимон)

ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ БОШҚА НАБИЙЛАРДАН АФЗАЛЛИКЛАРИ

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ тарафидан берилган гўзал хислатлар, мақталган фазилатлар, улуғ даражалар Қуръони каримнинг бир қанча оятларида баён қилинган. Жумладан, Бақара сурасида шундай дейилган:

“Биз ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг орасида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди. Исо ибн Марямга ҳужжат бердик ва уни Руҳул қудс (Жаброил) билан қувватлантирдик. Агар Аллоҳ хоҳлаганида у пайғамбарлардан кейин ўтган одамлар ўзларига очиқ ҳужжат келганидан кейин уришишмаган бўлардилар. Аммо улар ихтилоф қилдилар. Бас, уларнинг орасида мўминлар ҳам, кофирлар ҳам бор. Агар Аллоҳ хоҳлаганида уришмаган бўлардилар, лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган ишини қилади” (Бақара сураси, 253-оят).

Аллоҳ таоло тарафидан одамларни ҳидоят қилиш учун юборилган пайғамбарлар мартаба ва фазилатда бир-биридан афзал қилинганлар.

Қуйида улар қайси жиҳатга кўра афзал эканлари айтилади:

“Уларнинг орасида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор”.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Ўзи билан бевосита гаплашиш ила афзал қилди. Бу ҳақида бошқа оятларда маълум қилинган.

“Ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди”.

Айрим пайғамбарлар юксак мартаба ва улуғ мақом бобида ўзга набийларда афзал қилинган. Масалан, Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломни ўзига дўст тутган, Идрис алайҳиссаломни олий мақомга кўтарган, Довуд алайҳиссаломга ҳам пайғамбарлик, ҳам подшоҳлик неъматини ато этган.

Муҳаққиқ уламолар ва муфассирлар “ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди” оятида Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутилганларини таъкидлашган. Зеро, у зот жуда улуғ мақом, юксак мартаба, қиёматгача боқий қоладиган мўъжиза ва барча рисолатларни амалдан қолдирувчи рисолат соҳибидирлар.

“Исо ибн Марямга ҳужжат бердик ва уни Руҳул қудс билан қувватлантирдик”.

“Руҳул қудс” Жаброил алайҳиссаломдир. “Руҳ” хос фаришта, “қудс” эса “поклик” мазмунини ифодалайди. Бу сўз маънавий поклик, холислик маъносидадир.

Яъни, Биз Исо ибн Марямга аниқ-равшан ҳужжат-далилларни бердик: у Бизнинг изнимиз билан пес ва соқовларни даволар, ўликларни тирилтирар ва одамлар тановул қилаётган ҳамда уйларида сақлаб қўйган нарсалари ҳақида хабар берарди. Бундан ташқари, Биз Исони Жаброил алайҳиссалом билан қувватлантирдик. Чунки у жуда зиддиятли даврда яшаган, унинг душманлари Исога қаттиқ адоват қилишган. Шундай бўлса-да, улар Исога азият етказолмадилар. Балки Биз пайғамбаримизни ҳимоямизга олдик.

Имом Қуртубий шундай деганлар: “Бу оятдан анбиёлар орасида бир-биридан афзаллик борлиги маълум бўлади. Баъзи ҳадисларда: “Мени Мусодан афзал билманглар!”, “Набийлар орасини ажратманглар!”, яъни, “фалончи фалончидан яхшироқ”, деманглар, дейилган. Хўп, у ҳолда ояти карима ва ҳадислар орасини қандай жамлаш мумкин?

Жавоб шуки, ҳадисда айтилганлар Расулуллоҳга пайғамбарлар бир-биридан афзал экани ваҳий қилинишидан, у зот Одам боласининг энг афзали эканини билишларидан олдин бўлган. Мазкур оят нозил бўлиб, пайғамбарларни бир-биридан афзал билмаслик лозимлиги насх (бекор) қилинди. Ёки ҳадис камтарлик маъносида айтилган. Ё бўлмаса, одамлар пайғамбарлар хусусида талашиб-тортишиб, охири хусуматга сабаб бўлишидан қайтариш учун шундай қилинган. Бу нарса ўз-ўзидан бир пайғамбар шаънига нолойиқ гаплар айтилишига, уларга ҳурматсизлик қилинишига олиб боради. Бу бобда энг яхши гап шуки, пайғамбарлар нубувват жиҳатидан бир-биридан афзал эмас. Балки ҳолатлари, кароматлари, мўъжизалари жиҳатидан афзал бўлишлари мумкин. Мана шу тарафдан олсак, бу ҳақида айтилган ҳадислар ва мазкур ояти карима бир-бирига мос келади”.

“Агар Аллоҳ хоҳлаганида у пайғамбарлардан кейин ўтган одамлар ўзларига очиқ ҳужжат келганидан кейин уришмаган бўлардилар”.

Агар Аллоҳ истаганида, аввалда ўтган ҳар бир пайғамбардан кейин келган ва уларнинг мўъжизаларини кўрган одамлар бир-бирлари билан уришмаган бўларди. Бироқ У Зот буни хоҳламади. Сабаби, Аллоҳ одамларни турфа хил қилиб яратган. Ҳақиқатни қабул қилишда улар турлича йўл тутадилар. Шунинг учун ўз-ўзидан ораларида ихтилоф келиб чиқади. Қалби очиқ бўлганлар пайғамбарлар келтирган нарсаларни тасдиқлаб, мўмин бўлади. Ҳидоятдан залолатни афзал билган кимсалар куфр йўлини танлайдилар.

“Аммо улар ихтилоф қилдилар. Бас, уларнинг орасида мўминлар ҳам, кофирлар ҳам бор”.

Бу ерда ихтилоф чиқариш, фитна оловини ёқишдан қайтарилмоқда. Чунки орада ихтилоф чиқса, тарафкашлик ва низо кучайиб, бир-бирини ўлдиришгача етиб бориши мумкин.

Шунингдек, бу оятда Аллоҳ одамлар орасидаги ихтилофга барҳам беришга қодир эканига ҳам ишора қилинмоқда.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло оятни қуйидаги сўзи билан тамомлайди:

“Агар Аллоҳ хоҳлаганида уришмаган бўлардилар, лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган ишини қилади”.

Аллоҳ бирон сабабга кўра улар ўртасида уруш бўлишини истамаганида, албатта шундай бўларди. Аммо У Зот ҳикмати тақозо этган ҳар қандай ишни қилишга Қодирдир. У Ўзи истаган ишни қилади. Аллоҳ ўта Улуғ Зотдир. Ҳар бир нарса Аллоҳ наздида ўлчовлидир.

Бу ояти каримада пайғамбарлар фазилат бобида бир-бирларидан афзал эканларини баён қилиб, ҳар бир замон ва маконда ихтилоф чиқариш, низолашишдан қайтармоқда. Зеро, бу ёмон оқибатларга, кўнгилсиз натижаларга сабаб бўлади.

Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фазилатлари ҳақида бир қанча ҳадислар айтилган. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мен ва мендан аввалги ўтган пайғамбарлар худди бир бинони яхшилаб чиройли қилиб қурган кишига ўхшайди. (Ўша бинонинг) бурчагида бир ғишт ўрни қолдирилган. Одамлар уни айланиб кўриб, қойил қоладилар ва: “Мана шу ғишт ҳам қўйилса эди!” дейишади. Ана ўша ғишт менман. Мен пайғамбарлар(нинг) сўнгги вакилиман” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Муслим “Саҳиҳ”да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: “Мен қиёмат куни Одам боласининг Саййидиман. Энг биринчи қабри очиладиган (яъни, қайта тириладиган) менман. Мен илк бор шафоат қилувчи ва шафоати қабул қилинувчиман”.

Имом Термизий келтирган ривоятда: “Мен қиёмат куни Одам боласининг Саййидиман. Фахр эмас-ку, ҳамд байроғи қўлимда бўлади. Одамдан тортиб барча пайғамбарлар менинг байроғим остида бўлади. Агар қиёмат куни бўлса, мен набийлар имоми бўлади”, дейилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Фахр эмас-ку, мен Парвардигорим учун Одам боласининг энг ҳурматлисиман”, дейилган. Яна бир ҳадисда: “Фахр эмас-ку, мен аввалгилар ва охиргиларнинг энг мукаррамиман”, деб айтилган.

Бу Пайғамбар алайҳиссалом фазилатлари ҳақида айтилган баъзи ҳадислар. Ким кўпроқ маълумот олмоқчи бўлса, сийрат китобларига мурожаат қилсин[6].

РАСУЛИ АКРАМ АЛАЙҲИССАЛОМГА ИТОАТ ЭТИШ ВА У ЗОТНИ ҲУРМАТ ҚИЛИШ ВОЖИБЛИГИ

Ислом шариатида таъкидланганидек, ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этиш, у зот қайтарган нарсалардан қайтиш вожибдир. Пайғамбар алайҳиссаломга осий бўлиш, буйруқларидан бўйин товлаш диндин чиқишга, дунё ва охиратда ёмон оқибатларга йўлиқишга сабаб бўлади.

Нисо сурасида Расули акрам алайҳиссаломга итоат этишга амр қилиниб, шундай дейилган:

“Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилинг ва Пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (мусулмон) ҳокимларга бўйсунинг! Борди-ю бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, – агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз – у нарсани Аллоҳга ва Пайғамбарига қайтаринглар! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир” (Нисо сураси, 59-оят).

Аллоҳга маъсият бўлмайдиган ҳолатда мусулмон раҳбарларги итоат этилади. Агар улар Ислом шариатига зид бўлган ишларга буюришса, уларга бўйсунилмайди.

Аллоҳ таоло бизларни гуноҳ бўлмаган ишларда ишбошиларга итоат этишга буюрган. Сабаби, улар шариат таълимотларини амалга оширадилар. Умматнинг иши уларга ишониб топширилади. Улар раият манфаати учун ҳаракат қиладилар. Уларга итоатсизлик – мусулмон умматининг ҳолати ёмонлашиши, ораларида ихтилоф чиқишига сабаб бўлади.

Айтилишича, оятдаги “ишбошилар”дан мурод, диёнатли уламолардир. Улар одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадилар[7].

“Ўзларингиздан” деганда, динингиздан бўлган, эътиқоди сизларники каби бўлган ишбошилар назарда тутилади.

“Борди-ю бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, – агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз – у нарсани Аллоҳга ва Пайғамбарига қайтаринглар!”

Агар мусулмонлар ўртасида, диний ишларда бирон ихтилоф келиб чиқса нима қилиш керак? Бу оятда ана шу саволнинг жавоби бор.

Яъни, эй мўминлар, агар сиз ва ишбошилар дин ишларида бирор ихтилофга борсангиз, у ҳолда ана ўша ишни Аллоҳнинг Китоби – Қуръонга ва Расулига қайтаринглар. Ҳаётлик чоғида унинг ўзидан сўранглар, вафот этганидан кейин суннатига мурожаат қилинглар[8]!

Мана шу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига амал қилиниши, ундаги кўрсатмаларга итоат этилиши кераклигига далилдир.

Ҳадиси шарифларнинг бирида у зот алайҳиссалом: “Сизларни бирон ишдан қайтарсам, ундан узоқлашинглар. Агар бирон ишга буюрсам, уни қодир бўлганингизча амалга оширинг. Сизлардан аввалгиларнинг ҳалок бўлишига кўп савол беришлари ва пайғамбарларига хилоф қилишлари сабаб бўлганди”, деганлар (Муслим ривоят қилган).

“Агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз...”

Яъни, агар имонингиз ҳақиқий бўлса, чин мўмин бўлсангиз, ораларингизда низо чиққан маҳал Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатига мурожаат қилинглар.

“Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир”.

Бирон масалада мусулмонлар орасида низо келиб чиққанда, Қуръон ва ҳадисга мурожаат қилиб, ундаги ҳукмларга эргашиш чиройли оқибатга сабаб бўлади, бу билан масала ўз ечимини топади. Бу ўша низони инсон ўз ақли билан “ҳал” қилишидан яхшироқдир.

Аллоҳ таоло бошқа оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш Ўзига эргашиш эканини баён қилган: “Ким Пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди. Ким юз ўгирса, (бунинг Сизга зарари йўқ, эй Муҳаммад алайҳиссалом. Зеро,) Биз Сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ” (Нисо сураси, 80-оят).

Яъни, қайси бир банда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъват қилаётган таълимотларга эргашса, демак, у Аллоҳга эргашган бўлади. Чунки Расулуллоҳ Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларини одамларга етказувчидирлар.

Оятнинг давомида Парвардигори олам Ўз Расулига:

– Эй Муҳаммад алайҳиссалом, ким сизга эргашмаса, айтанингизга кирмаса, у фақат ўз жонига жабр қилибди. Биз Сизни одамларга қўриқчи, ё пойлоқчи қилиб эмас, балки уларни огоҳлантирувчи ва топшириқларимизни етказувчи қилиб юборганмиз, – деган.

Қуръони каримни ўқиб тафаккур қилган киши бу хусусда келган ўнлаб оятлар борлигига гувоҳ бўлади. Жумладан, Аллоҳ шундай деган: “Айтинг: “Аллоҳга ва Пайғамбарга итоат қилинг!” Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ кофирларни севмайди” (Оли Имрон сураси, 32-оят).

Яна бир оятда шундай дейилган: “Пайғамбар сизларга берган нарсани олинглар. У зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир” (Ҳашр сураси, 7-оят).

Мана бу оятда Аллоҳ ва Расулига итоат этиш нажотга элтиши маълум қилинган: “Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида мўминларнинг сўзи “эшитдик ва бўйинсундик”, дейишдир. Ана ўшалар нажот топувчилардир” (Нур сураси, 52-оят).

Мана бу оятга ҳам эътибор қаратайлик: “Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилган – буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўзлари хоҳлаган ишларини ихтиёр қилишлари жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озибди” (Аҳзоб сураси, 36-оят).

Пайғамбар алайҳиссаломга итоат этиш вожиблиги ҳақида жуда кўп ҳадислар айтилган. Бу ерда имом Бухорий “Саҳиҳ”да ривоят қилган бир ҳадисни келтириш кифоя қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Умматимдан ҳар бир инсон жаннатга киради. Фақат ёқтирмаганлар (ёки юз ўгирганлар кирмайди), – дедилар.

Шунда:

– Ё Расулуллоҳ! Ёқтирмаганлар кимлар? – деб сўралди.

У зот:

– Ким менга итоат этса, жаннатга киради. Менга осий бўлган (амримга бўйсунмаган) кимсалар ёқтирмаганлардир, – дедилар[9].

Севимли Пайғамбар алайҳиссаломни ҳурмат қилиш, эъзозлаш ҳақида қуйидаги оятларни келтириш мумкин. Аллоҳ таоло шундай деган:

“Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари олдида қадам босманглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ Эшитувчи, Билувчидир. Эй мўминлар, амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ сўз қилманглар! Албатта Аллоҳнинг Пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган зотлар – ана ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир. Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) албатта ҳужралар ортидан туриб Сизни чақирадиган кимсаларнинг кўплари ақлсиз кимсалардир. Агар улар то Сиз ўзингиз уларнинг олдига чиққунингизча сабр қилганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлар эди. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир” (Ҳужурот сураси, 1-5-оятлар).

Яъни, эй ҳақиқий имон келтирган мўминлар! Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига суянмасдан туриб бирон сўз айтишдан ёки динга оид бирон иш қилишдан ҳазир бўлинг! Ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳга тақво қилинг! Зеро, Аллоҳ ҳар бир сўзингизни эшитиб, қилаётган амалларингизни билувчи Зотдир.

Ибн Касир шундай деганлар: “Аллоҳ таоло бу билан Ўзининг мўмин бандаларига одоб бермоқда, Пайғамбарлари билан қандай муомала қилиш, уни ҳурматлаш, эҳтиром кўрсатиш ва улуғлаш хусусида кўрсатмалар бермоқда: “Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари олдида қадам босманглар!”

Яъни, бирон нарсани ундан олдин бошламанг, балки барча ишда унга эргашинг, ортидан юринг! Ҳатто бу шаръий одоб доирасига Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг ҳадиси ҳам киради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозни Яманга юбораётиб:

– Нима билан ҳукм қиласан? – деб сўрадилар.

У:

– Аллоҳнинг Китоби билан, – деб жавоб берди.

Расулуллоҳ:

– Агар топа олмасанг, нима қилсан? – дедилар.

Муоз:

– Унда Расулуллоҳнинг суннатлари билан ҳукм қиламан, – деди.

– Агар ундан ҳам топа олмасанг, қандай йўл тутасан? – деб сўраганларида, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу:

– Ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан, – деб жавоб берган.

Муоз бунда ўз раъйи-қараши ва ижтиҳодини Қуръон ва ҳадисдан кейинги ўринга қўйган. Агар бу икки манбадан қидирмай туриб, ўз раъйини афзал деб билганида, бу нарса Аллоҳ ва Расулининг олдида қадам босиш сирасига кирарди[10]”.

Шундан кейин Аллоҳ таоло мўминларга қарата иккинчи марта нидо қилади ва Расулини ҳурмат қилиш вожиблигини таъкидлайди:

“Эй мўминлар, овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ сўз қилманглар!”

Яъни, эй, Аллоҳга ва охират кунига ишонган кишилар! Пайғамбарингизни эҳтиром қилинглар, унга ҳурмат кўрсатинглар! Унга мурожаат қилганда, овозингизни унинг овозидан баланд кўтарманг! Унга хитобан: “Эй Муҳаммад!” деб эмас, балки “Ё Расулуллоҳ”, “Эй, Аллоҳнинг Пайғамбари!” деб хитоб қилинглар.

“Амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун...”

Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида овозни кўтариш қандай оқибат билан тугаши баён этилмоқда.

Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом олдида овозингизни юқори кўтарманг, унинг исми билан чақирманг. Акс ҳолда ўзингиз сезмаган тарзда солиҳ амалларингиз савоби бекор бўлиб қолиши мумкин.

Ибн Касир айтишича, Расули акрам алайҳиссалом ҳаётликларида у зот олдиларида баланд овозда гапириш қандай макруҳ бўлган бўлса, қабрлари олдида ҳам юқори овозда гапириш макруҳдир. Сабаби, у зот тириклик чоғларида ҳам, қабрдалик вақтларида ҳам ҳурматга лойиқ инсондирлар[11].

Саҳобалар (Аллоҳ улардан рози бўлсин!) бу кўрсатмаларга тўлиқ риоя қилишган. Ривоят қилинишича, мана шу оят нозил бўлганида Абу Бакр: “Эй Расулуллоҳ! Аллоҳга қасамки, мен сизга худди пичирлаб гапирадиган одам каби мурожаат қиламан”, деганлар.

Собит ибн Қайснинг овози жуда баланд эди. Юқоридаги оят нозил бўлганида, у: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга овозини баланд кўтарадиган мен эдим. Энди жаҳаннам аҳлиданман мен. Амалим бекор бўлди!” деди ва уйида маҳзун ҳолида ўтирди. Собит айтган гап Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб борганида, у зот саҳобаларга қараб: “Йўқ, (Собит) жаннат аҳлидандир”, дедилар[12].

Қуръони каримдаги оятлар далолатига кўра, Аллоҳ таоло Ўз Расулининг исми билан хитоб қилмаган, балки унинг ҳурматлаб: “Эй Набий!”, “Эй Пайғамбар!”, “Эй либосларга ўраниб олган Зот!” деб нидо қилган.

Бошқа пайғамбарларга эса уларнинг исми билан “Эй Одам”, “Эй Иброҳим”, деб нидо қилган.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг исмлари хитоб қилинганда эмас, балки бошқа ўринларда зикр қилинган.

Пайғамбар алайҳиссаломни ҳурматлаш ва у зот ҳузурларида овозни баланд кўтаришдан қайтарилгач, Расули акрам олдиларида оҳиста гапирадиган зотлар ҳақига мақтов айтилади:

“Албатта Аллоҳнинг Пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган зотлар – ана ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилганда овозларини паст қиладиган зотлар қалбларини Аллоҳга бўлган тақво ва тоатга холис қилган инсонлардир.

“Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир”.

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурида паст овозда гапирадиган инсонларнинг гуноҳлари мағфират этилади ва уларга ҳисобини ёлғиз Аллоҳ биладиган даражада улуғ мукофотлар ато этилади.

Мана шу одобга барча мусулмонлар Расулуллоҳ ҳаётлик вақтларида ҳам, у зот ёруғ оламни тарк этганларидан кейин ҳам оғишмай амал қилиб келишган. Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб Масжидун набавийда бир киши овозини баланд кўтараётганини эшитиб қолди ва унга: “Ҳой, сен қаерликсан?” деди. “Тоифданман”, деди у. Шунда Умари одил: “Агар Мадина аҳлидан бўлганингда, уриб адабингни берардим”, дедилар.

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) албатта ҳужралар ортидан туриб Сизни чақирадиган кимсаларнинг кўплари ақлсиз кимсалардир”.

Ушбу икки оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Бани Тамимдан бир гуруҳ одамлар ҳижрий тўққизинчи йилда Мадинага келиб, қайлула[13] вақтида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам яшайдиган уй олдига келиб: “Эй Муҳаммад, бизнинг олдимизга чиқ!” деб баланд овозда чақира бошлашди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бу ишини хушламадилар.

“Ҳужралар”дан мурод, Пайғамбар алайҳиссалом аёллари яшайдиган ҳужралардир.

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, аёлларингиз ҳужралари ортидан туриб сизни чақирадиган кишиларнинг кўпи тўғри ақл юритишдан, одоб-ахлоқдан, ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдан бенасибдирлар. Улар одамларга одоб ила мурожаат қилмайдилар. Чунки улар аъробийлардир, тарбия кўрмаган, одамлар билан муомала қилишни билмайдиган одамлардир.

“Кўплари” дейилишига қараганда, уларнинг орасида оз бўлса-да, тарбия кўрганлари ҳам борлиги ойдинлашади.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло энг афзал йўлни кўрсатади:

“Агар улар то Сиз ўзингиз уларнинг олдига чиққунингизча сабр қилганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлар эди. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир”.

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Сизга ҳужралар ортидан нидо қилган кишилар олдиларига чиққунингизча сабр қилиб, одобсизлик қилмаганларида, ўзлари учун яхши бўларди. Зеро, Аллоҳ таоло мағфирати ва раҳмати кенг Зотдир.

Ушбу оятларни тадаббур қилар эканмиз, мўминларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан қай тарзда муомала қилиш лозимлиги ўргатилаётганини кўрамиз. Шунингдек, бу оятларда мўминлар динларига оид бир сўз айтиш ё иш қилишдан аввал ана ўша сўз ёки иш шаръий ҳукмга асосланганини билишлари, Аллоҳ ва Расули жорий қилган қонунлар доирасида иш қилиш лозимлигига далолат қилади.

Қолаверса, бу оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида паст овозда сўзлайдиганлар мақталиб, у зотга одобсизларча мурожаат этадиган кимсалар танқид остига олинмоқда. Бу далиллар Расули акрам алайҳиссаломни ҳурмат қилишимиз, у зотни улуғлашимиз лозимлигини кўрсатади.

ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ ДАЪВАТЛАРИНИНГ УМУМИЙЛИГИ ВА РИСОЛАТЛАРИНИНГ ЯКУНЛОВЧИ ЭКАНИ

Расулуллоҳ алайҳиссалом инсон ва жинларга пайғамбар этиб юборилганларига ва аввалда ўтган жамики пайғамбарлар алайҳимуссалом рисолатини якунловчи, сўнгги пайғамбар эканликларига имон келтириш вожибдир. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.

У зот алайҳиссалом барча инсонларга пайғамбар эканликлари Қуръони каримнинг бир қанча ўринларида зикр қилинган. Жумладан, Аъроф сурасида Аллоҳ таоло шундай деган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Эй инсонлар, албатта мен сизларнинг барчангизга (юборилган) Аллоҳнинг элчисиман. У шундай Зотки, осмонлар ва ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига – Аллоҳга ва Унинг Сўзларига ишонадиган уммий Пайғамбарга имон келтиринг ва унга эргашинг – шояд нажот топарсиз” (Аъроф сураси, 158-оят).

Яъни, эй Муҳаммад, араб ва ажамлардан иборат барча инсонларга:

– Албатта, мен Аллоҳ сизларга юборган Элчиман. Насроний ва яҳудий орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Мен барча инсонларга пайғамбар этиб юборилдим, – деб айтинг.

Қуръони карим ва суннати набавияда у зотнинг рисолатлари умумийлигини қувватловчи бир қанча далиллар келган.

Қуръони каримда мана бу оятлар бор:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) ҳақиқатан, Биз Сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 107-оят).

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Биз Сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга – (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар берувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда, Пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмайдилар” (Сабаъ сураси, 28-оят).

Пайғамбар алайҳиссалом Макка аҳлини, қолаверса, қиёматга қадар келадиган барча инсонларни огоҳлантириш учун юборилганлар. Бундан келиб чиқадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам то қиёматгача инсонларга ҳам, жинларга ҳам Пайғамбардирлар. Ҳар икки тоифа Қуръон ҳукмларига амал қилишлари лозим.

Ҳадиси шарифларда ҳам бунга етарли мисоллар бор. Жумладан, имом Бухорий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Менга ўзимдан олдинги биронтасига берилмаган беш (хислат) ато этилди: бир ойлик масофадан (душманлар қалбига) қўрқув (солиш) билан нусрат берилди. Ер юзи мен учун ибодат қиладиган жой ва покловчи қилинди. Шундай экан, умматимдан қайси бир киши намоз вақти кирса, ўша (жойда) намоз ўқисин! Менга ўлжалар ҳалол қилинди. Мендан аввалги пайғамбарларга бу ҳалол қилинмаганди. Менга шафоат қилиш изни берилди. (Аввалги) набийлар фақат ўз қавмига юборилган. Мен эса барча одамларга (элчи қилиб) юборилдим[14]”.

“Саҳиҳу муслим”да Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, бу умматдан бирон киши, у яҳудий ё насроний бўладими, эшитса ва менга имон келтирмаса, албатта дўзахга киради[15]”.

Ибн Касир айтади: “Бу ҳақида оятлар жуда кўп. Шунингдек, ҳадислар ҳам сон-саноқсиздир бу борада. Шу нарсадан маълум бўладики, Расулуллоҳ барча инсонларга Пайғамбардирлар[16]”.

(Юқорида келтирилган оятлар тафсирини давом эттирамиз) Шундан кейин Аллоҳ Ўз қудрати ва ваҳдонияти ҳақида хабар беради:

“У шундай Зотки, осмонлар ва ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир”.

Яъни, эй Муҳаммад, одамларга:

– Мен сизларга Аллоҳ тарафидан юборилган Элчиман. Осмонлар ва ердаги барча тасарруф унинг измидадир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Тирилтириш ҳам, ўлдириш ҳам У Зотнинг қўлидадир. Мана шундай сифатга эга бўлган Ягона Илоҳга итоат этиш, қайтарган ишларидан қайтиш, Расулини тасдиқлаш вожибдир, – деб айтинг.

Шундан кейин имон келтиришга чақирилади:

“Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига – Аллоҳга ва Унинг Сўзларига ишонадиган уммий Пайғамбарга имон келтиринг ва унга эргашинг – шояд нажот топарсиз”.

Яъни, эй одамлар! Барчангиз Яккаю Ягона Аллоҳга имон келтиринг. Шунингдек, У Зотнинг Элчиси, Аллоҳга ишонадиган, ўзидан илгари ўтган пайғамбарлар китобини тасдиқлайдиган ва улар йўлидан юрадиган Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам имон келтиринг, унинг изидан юринг. Агар Элчимиз буюрган ишларни бажариб, қайтарганларидан тийилсангиз, тўғри йўлда бардавом бўласиз.

Ушбу оятлар Пайғамбар алайҳиссалом жинларга ҳам Пайғамбар эканликларини тасдиқлайди: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитиб, (ўз қавмларига қайтиб боришгач:) “Ҳақиқатан, биз ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга имон келтирдик. Бизлар (энди) Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмаймиз”, дедилар” (Жин сураси, 1-2-оятлар).

Аҳқоф сурасида шундай дейилган: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) эсланг, Биз Сизнинг олдингизга бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик. Бас, улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): “Жим туринглар”, дедилар. (Тиловат) тугатилгач, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлган ҳолларида қайтиб кетдилар. Улар: “Эй қавмимиз, дарҳақиқат, бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (Илоҳий Китоб)ларни тасдиқ қилувчи, Ҳақ (Дин)га ва тўғри йўлга ҳидоят қиладиган бир Китоб – Қуръонни тингладик. Эй қавмимиз, Аллоҳга даъват қилувчи (Муҳаммаддаъвати)ни қабул қилинглар ва унга имон келтиринглар. (Шунда Аллоҳ) гуноҳларингизни мағфират қилади ва сизларга аламли азобдан паноҳ беради. Ким Аллоҳга даъват қилувчини қабул қилмаса, бас, у ер юзида (бирон жойга) қочиб қутулувчи эмас ва унинг учун (Аллоҳдан) ўзга дўстлар ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ залолатдадирлар”, дедилар” (Аҳқоф сураси, 29-32-оятлар).

Уламолар ушбу ояти карималардан қуйидаги ҳукмни олишган: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатлари инсон ва жинларга тегишлидир. Чунки бу ўринда баъзи жинларнинг у зот алайҳиссаломга имон келтиргани, ўз қавмидагиларни ҳам имонга даъват қилганлари айтилмоқда.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг рисолатлари самовий рисолатнинг энг сўнггиси экани ҳақида бундай дейилган:

“(Эй мўминлар,) Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмас, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билувчи Зотдир” (Аҳзоб сураси, 40-оят).

Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам орангизда бирон кишининг ҳақиқий отаси бўлмаган. Бироқ у сизларни куфр зулматидан имон нурига олиб чиқиш учун Аллоҳ тарафидан юборилган Пайғамбардир. Шунингдек, Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарларнинг энг сўнггисидир. Ундан кейин энди қиёмат кунигача пайғамбар келмайди.

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг инсонларга пайғамбар қилиб юбориши уларга нисбатан Аллоҳнинг раҳматидир. Кейин у зот билан набийлар ва пайғамбарлар силсиласини ниҳоялаш, ҳаниф динни комил қилиш билан Пайғамбар алайҳиссаломни шарафлади. Аллоҳ таоло Ўз Китобида ва Расули ҳадисларда хабар қилишича, Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин ҳеч қандай пайғамбар келмайди. Бундан сўнг бу улуғ мақомни даъво қилган ҳар қандай кимса, гарчи одатдан ташқари нарсаларни кўрсатса ҳам, сеҳрнинг анвойи турларини намойиш қилса ҳам, барибир у каззоб, бўҳтончи, дажжол, адашган ва адаштирувчидир[17]”.

РАСУЛУЛЛОҲ АЛАЙҲИССАЛОМ РОСТГЎЙЛИКЛАРИНИНГ ДАЛИЛЛАРИ

Саодат асри тарихига назар ташлар эканмиз, барча далиллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг болаликдан ростгўй бўлганликларини тасдиқлайди. Зеро, у зот то пайғамбар бўлгунига қадар ҳам ҳаё, поклик, ақл-заковат ва сахийликда кишиларга намуна эдилар. Фикрининг теранлиги, зеҳнининг ўткирлиги, нутқининг фасоҳати ва омонатдорлиги билан бошқалардан ажралиб турардилар. У зот ҳар доим ва ҳар қандай шароитда адолат тарафида бўлардилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам жисмоний, ҳам руҳий тарафдан мукаммал инсон эдилар. У зотдан олдин ҳам, кейин ҳам бундай улуғ хислатлар бирон кишига берилган эмас. Парвардигоримиз у зот ҳақларида: “Албатта, Сиз буюк хулқ соҳибидирсиз” дегани Расули акрам учун етарли мақтовдир.

Аллоҳ таоло у зотга бундай гўзал одоб ва хислатлардан ташқари пайғамбар эканликларини тасдиқлайдиган, улуғ мўъжизалар ато этганди. Бу мўъжизаларнинг энг аввалида, шубҳасиз, Қуръони карим туради. Бу илоҳий Каломга ботил яқин келолмайди. Қуръон ҳикматли ва мақтовга энг муносиб зот тарафидан туширилгандир.

Муҳтарам Пайғамбар алайҳиссалом одамларга қарата:

– Мен сизларга Аллоҳ тарафидан юборилган Пайғамбарман. Сизларни жаҳолат ва куфрдан илм ва имон нури сари олиб чиқиш учун келдим. Ростгўйлигимга далолат қилувчи ҳужжат, мана бу Қуръондир. Агар бундан зиғирча шубҳангиз бўлса, Қуръонга ўхшаш каломни келтиринг-чи! – деб хитоб қилдилар.

Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “У ҳолда агар ростгўй бўлсалар, ўзлари ҳам ўша (Қуръон)га ўхшаган бирон сўз – китоб келтирсинлар-чи” (Тур сураси, 34-оят).

Шундан кейин Қуръон Аллоҳнинг Каломи эканини инкор қиладиганлардан ўнта сура келтириш талаб этилади:

“Ёки: “Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммад) тўқиб чиқарган”, дейдиларми? Айтинг: “У ҳолда, агар ростгўй бўлсангиз, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларингизни (ёрдамга) чорлаб сизлар ҳам шунга ўхшаш ўнтагина тўқилган сура келтиринг!” (Ҳуд сураси, 13-оят).

Сўнгра эса кофирларга яна енгиллик қилинди, Қуръони каримга ўхшаш бир донагина сура келтириш талаб қилинди. Каломуллоҳга қулоқ тутайлик, у бизга мана шу ҳақда маълумот беради:

“Агар Биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаш биргина сура келтиринглар ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринглар – агар ростгўй бўлсангиз. Энди агар бундай қилолмасангиз – ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам – у ҳолда кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингларки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир” (Бақара сураси, 23-24-оятлар).

Яъни, эй мушриклар, Биз бандамиз Муҳаммадга нозил қилган Қуръондан шубҳада бўлсангиз, унга ўхшаш улуғ каломни келтиринглар-чи! Бунинг учун бутларингизни, яна сизларга кўмак бериши мумкин бўлганларнинг барчасини чақиринг. Агар Қуръонга бас келиш ҳақидаги даъвойингиз рост бўлса, шундай қилинглар!

“Шубҳада бўлсангиз” дейилишига сабаб шуки, Қуръони карим Аллоҳдан эканига ҳеч қандай шубҳа йўқлиги, фақат мушрикларгина бунга шубҳа билан қарашганига далолат қилади.

“Бандамизга” деганда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутилмоқдалар. Бандаликнинг Аллоҳга нисбат берилиши у зотнинг Аллоҳ даргоҳидаги мартабаларига ишора қилади.

Шунингдек, бу билан умматларига Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг банда эканликлари эслатилмоқда. Токи улар пайғамбарни улуғлашда ҳаддан ошиб, унга илоҳлик нисбатини бермасинлар. Маълумки, аввалда ўтган айрим қавмлар пайғамбарларини жуда кўкларга кўтариб, уни ўзларига худо қилиб олишган. Бу билан улар қаттиқ адашишган.

“Унга ўхшаш” деганда, чиройли услуб, балоғат, фасоҳат ва ҳикматли сўзлар борасида Қуръонга ўхшаш сўз назарда тутилади. Қуръоннинг ҳар бир сураси ва оятида мана шу хусусият бордир. Бу жиҳатдан биронта сўз Қуръонга бас келолмайди.

“Аллоҳдан ўзга гувоҳлар”дан мурод, мушрикларнинг бут-санамларидир. Уларнинг даъвосига кўра, илоҳлари уларга қиёмат куни ёрдам қилиб, гувоҳлик берар экан. Чунки улар ўзларини ҳақ йўлда деб ҳисоблар эдилар.

Мушрикларга қаратилган бу чақириқ – жонсиз бутларни чақириш, ақлсиз ва гапира олмайдиган санамларни гувоҳликка чорлашга буюриш билан уларнинг устидан истеҳзо қилинмоқда. Шояд улар бу билан жаҳолатда эканликларини, жонсиз ва ҳеч қандай манфаат етказолмайдиган бутларга сиғиниб юрганларини тушуниб, залолатдан ҳидоят томон юрсалар.

“Агар ростгўй бўлсангиз...”

Агар “Қуръонга бас кела оламиз”, деган даъвойингиз рост бўлса, унда Қуръон сурасига ўхшаш бир сура келтиринг-чи! Бунинг учун илоҳларингизни, барча балоғат ва фасоҳат билимдонларини, жамики инсониятни чақиринг. Улар сизларга ёрдам беришади ва Қуръон каби бир сўз келтираётганингизга гувоҳ бўлиб туришади.

“Энди агар бундай қилолмасангиз – ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам – у ҳолда кофирлар учун тайёрлб қўйилган дўзахдан қўрқингларки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир”.

Яъни, агар Қуръонга ўхшаш мўъжизали каломдан бир сурани ҳам келтиролмасангиз (сизларга таъкидлаб айтаманки, келажакда ҳам келтиролмайсизлар), у ҳолда Аллоҳ ҳозирлаб қўйган жаҳаннам оловидан қўрқинг! Унинг ўтини одамлар ва тошлардан бўлади.

“Тошлар” мушриклар сиғинадиган бут-санамлардир. Бошқа ўринда бу ҳақида шундай дейилган: “(Эй мушриклар,) сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир. Сизлар у (жаҳаннамга) тушувчисизлар” (Анбиё сураси, 98-оят).

Мушриклар ўзлари топинган тошлар билан бирга жаҳаннамга киритилишлари уларнинг азоби ва ҳасрату надомати оғир бўлишидан дарак беради.

Жаҳаннамга одамлар ва тошлар ёқилғи бўлишининг таъкидланиши дўзахда улардан бўлак нарсалар бўлмаслигини билдирмайди. Бошқа оятларда келишича, жинлар ва шайтонлар ҳам жаҳаннамга кирадилар.

“Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган”.

Яъни, уларга шай қилиб қўйилган, фақат кофирлар кириб, унда абадий қоладиган жаҳаннамдир.

Аслида фосиқлар ҳам дўзахга киради. Бу ерда кофирларнинг хосланиши улар ўзлари учун тайёрланган махсус жойга тушишларига ишорадир.

Юқорида келтирилган оят келажакда содир бўладиган ишлардан хабар қилмоқда. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик чоғларида ҳам, у зотдан кейин ҳам, ҳатто ҳозирги кунимизда ҳам Қуръонга тенг келадиган бирон каломни бирон кимса келтиролгани йўқ.

Аслида бу илоҳий хитоблар ўша пайтларда ўзларини сўз устаси, назм арбоби деб биладиган одамларга қарата айтилган эди. Тўғри, уларнинг ичида ҳам балоғат ва ҳикматга йўғрилган сўзлар айтишга қодир кимсалар йўқ эмасди. Чунки ўша даврда адабиёт соҳасида арабларнинг олдига тушадигани халқ йўқ эди ҳисоб. Уларнинг табиатига мана шундай хислатлар сингдирилганди. Бироқ шунга қарамай Қуръонга ўхшаш каломни, ҳатто биргина сурани ҳам ижод қила олмадилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга ҳужжат келтирдилар ва уларни илмий баҳс майдонига чорладилар. Бироқ улар ҳужжат ва илм тарафидан ожиз қолишгач, қилич билан таҳдид қилишга ўтишди. Улар мағлуб бўлишларини аниқ билганлари учун илмий баҳсга киришганлари йўқ. Мана шундан ҳам билиш мумкин, Аллоҳ таолонинг “Энди агар бундай қилолмасангиз – ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам” деган каломи мўъжизадир! Зеро, Аллоҳ таъкидлаганидек, Қуръонга ўхшаш бир сура келтиришга мушрикларнинг қурби етмади.

Балоғат ва фасоҳатни сув қилиб ичиб юборган араблар бу ишни қилолмадиларми, демак, бошқалар унинг уддасидан чиқолмасликлари аниқ. Бу, ўз навбатида, Қуръон инсон боласининг сўзи эмас, балки оламларни яратган Зот – Аллоҳ таолонинг Каломи эканини тасдиқлайдиган, инкор қилиб бўлмас ҳужжатлардан биридир[18].

У ЗОТ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ ШАРИАТЛАРИНИНГ ОЧИҚ-ОЙДИНЛИГИ

Аллоҳ таоло бандалари учун рози бўладиган Ислом дини ақидада, ибодатларда, муомалаларда, амр ва қайтариқларда очиқ-ойдинлиги билан ажралиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигори оламдан етказган барча нарсаларда – шариат ҳукмлари ва одоб-ахлоқ масалаларида равшанлик, аниқлик бор (Шариат кўрсатмаларида ноаниқ ва тушунарсиз жиҳатнинг ўзи йўқ. – таржимон).

Зеро, Ислом инсоннинг асл фитратига мос энг тўғри диндир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом,) ўзингизни доимо тўғри бўлган Динда (яъни, Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни (сақланг)! Аллоҳнинг яратиши ўзгартирилмайди. Энг тўғри Дин мана шудир. Лекин кўп одамлар билмайдилар” (Рум сураси, 30-оят).

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, мана шу ҳақ динда собитқадам бўлинг! Унга бирон ботил нарса яқин келолмайди. Соғлом инсон табиати Ислом билан роҳатланади, қалби таскин топади. Зеро, бу Дин унга муносибдир. Инсон Ислом билан саодатга, хотиржамлик ва мазмунли ҳаётга эришади.

Ислом динида машаққат, қийинчилик, танглик, чигаллик, такаллуф ва сунъийлик, ҳукмларда бирон жумбоқлик, ечилмай қолган сирли тилсимлар йўқдир. Шариат аҳкомларининг барчаси кундай равшан, очиқ-ойдиндир.

Сўзимизни қуйидаги ояти карималар тасдиқлайди. Аллоҳ таоло шундай деган:

“Айтинг: “Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай: У Зотга бирон нарсани шерик қилмангиз; ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирманг – сизларни ҳам, уларни ҳам Биз ризқлантирамиз – бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган бирон жонни ўлдирманг, магар ҳақ билан (бўлса жоиз). Шояд ақл юритсангиз, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди. Етимнинг молига то у вояга етгунича фақат энг чиройли йўллар билан яқинлашинг! Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортинг! Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Сўзлаганингизда, гарчи қардошингиз(га қарши) бўлса ҳам, адолат қилинг! Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг! Шояд эслатма (насиҳат) оласизлар, деб (Аллоҳ) сизларни мана шунга буюрди. Албатта мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни йўлидан узиб қўяди. Шояд тақво қилсангиз, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди” (Анъом сураси, 151-153-оятлар).

Ушбу оятларни мушоҳада қилар эканмиз, унда инсоннинг Парвардигори билан, оиласи ва жамият аъзолари билан қандай муносабатда бўлиши лозимлигини билиб оламиз. Шунингдек, бу ерда мол ва обрўни оёқ ости қилувчи жиноятлар йўли тўсилганини ҳам кўриб турибмиз. Бу кўрсатмаларга оғишмай амал қилсак, албатта бахту саодатга эришамиз, улуғ мукофотларга сазовор бўламиз.

Уламолар “(Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди” деган қавлидан келиб чиқиб, бу оятларни “Ўнта васият (буйруқ)” деб номлашган.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло Пайғамбарига ўзини араб қабилаларига таништиришни буюрганида, у зот Минога чиқдилар. Ўшанда мен ва Абу Бакр билан ёнларида эдик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавм турадиган масканларга келиб, уларга салом бердилар. Улар саломга алик олишди. Қавм ичида Мафруқ ибн Амр, Ҳонеъ ибн Қабийса, Мусанно ибн Ҳориса ва Нўъмон ибн Шарик бор эди. Мафруқ ибн Амр қавмининг тили ўткир ва фасоҳат соҳиби эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб: “Эй Қурайшлик биродар, нимага даъват қиляпсан?” деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ экани ва мен Аллоҳнинг Пайғамбари эканимга гувоҳлик беришга, менга ёрдам беришга, Аллоҳ буюрган вазифани адо этишимда кўмаклашишга даъват қиламан. Зеро, Қурайш Аллоҳнинг амрига қарши чиқиб, Унинг Расулини ёлғончига чиқарди, ботилни ушлаб олиб ҳақдан юз ўгирди. Аллоҳ махлуқотларидан Беҳожат ва мақтовга энг муносиб Зотдир”, дедилар. Шунда Мафруқ у зотга: “Эй қурайшлик биродар, яна нимага даъват қиласан?” деб савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлса: “Айтинг: “Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай...” деб бошланувчи оятни ўқидилар. Мафруқ: “Эй қурайшлик биродар, яна нимага даъват қиласан? Аллоҳга қасамки, бу ер аҳлининг сўзи эмас. Агар шундай бўлганида, биз буни билардик” деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Албатта, Аллоҳ адолат ва эҳсонга амр қилади” оятини тиловат қилдилар. Мафруқ бўлса: “Аллоҳга қасамки, сен энг гўзал одобларга, чиройли амалларга даъват қилдинг. Сени ёлғончи қилган ва қарши чиққан кимсалар туҳмат қилишибди!” деди. Ҳонеъ ибн Қабийса: “Эй Муҳаммад, гапингни эшитдим, сўзингни маъқулладим. Айтган гапинг менга ёқди”, деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом улар имон келтирсалар, Форс ерлари ва Кисро ариқлари мусулмонларники бўлиши ҳақида уларга башорат бердилар. Нўъмон бўлса: “Ё Аллоҳ! Эй қурайшлик биродар, улар сеники бўладими?!” деб ажабланди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), ҳақиқатан, Биз Сизни (қиёмат кунида барча умматлар устида) гувоҳлик берувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар берувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У Зотга даъват қилувчи қилиб ва (ҳақ йўлни кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб юборганмиз[19]” оятини тиловат қилдилар” (Байҳақий ривоят қилган).

Бу мазкур уч оят фазилати ҳақида нақл қилинган ривоятлардан биридир. Унга кўра, бу оятлар арабларга қаттиқ таъсир қилган. Келинг, энди бир бошидан ўша оятларнинг мазмуни билан танишиб чиқамиз.

Айтинг: “Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай...”

Яъни, эй Муҳаммад, ўз ҳавойи нафсларига эргашиб ҳалол ё ҳаромни ўзларича белгилаб олган кимсаларга қарата:

– Олдимга келинглар, Парвардигорингиз сизларга нимани ҳаром қилганини тушунтириб бераман, Раббингиз сизларни нимага буюргани, нимадан қайтаргани ҳақидаги оятларни ўқиб бераман. Агар менга итоат этсангиз, саодатга эришасиз! – деб айтинг.

“Айтинг” дейиш билан, бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг эмас, балки Аллоҳнинг кўрсатмалари эканига алоҳида урғу берилмоқда. Расули акрам бу ерда етказувчилар, холос. Бандаларни бирон ишга буюриш ё қайтариш Аллоҳ тарафидан бўлади.

Ана энди, қуйида ўнта васиятни кўриб чиқамиз.

Биринчи васият: “У Зотга бирон нарсани шерик қилманг”.

Яъни, ибодатларда Аллоҳга бирон нарсани шерик қилманглар! Ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилинглар, итоат этинглар. Зеро, Аллоҳ барча нарсани яратувчи Яккаю Ягона Илоҳдир.

Аллоҳ таоло ўнта васиятни ширкдан қайтариш билан бошламоқда. Сабаби, ширк энг оғир гуноҳ, инсон фитратини бузувчи энг хавфли иллатдир. Ширк Аллоҳ тарафидан кечирилмайдиган жуда оғир жиноятдир. Ширкдан ўзга гуноҳлар кечирилиши мумкин. Аллоҳ таоло шундай деган: “Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечиради. Ким Аллоҳга (бирон кимса ёки нарсани) шерик қилса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди” (Нисо сураси, 48-оят).

Қуръони каримдаги юзлаб оятларда Аллоҳга имон келтиришга чақирилган, ширкдан қайтарилган ва Аллоҳнинг ягоналигига далолат қилувчи ёрқин мисоллар ва кучли далиллар келтирилган.

Иккинчи васият: “Ота-онага яхшилик қилинг”.

Яъни, ота ва онага яхши муомалада бўлинг, уларга азият етказманг, дилларини оғритманг!

Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтирмаслик ва ота-онага яхшилик қилиш ҳақидаги буйруқни ёнма-ён зикр қилмоқда. Бошқа оятларда ҳам шу тартибда келтирилган. Яъни, “Аллоҳга ширк келтирманг, ота-онага яхишилик қилинг!” деган маънода оятлар бор. Бу нарса ота-онага яхши муомалада бўлиш нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади. Аллоҳ таоло яратувчи ва неъматлар ато этувчи Зотдир. Унга шукр қилиш вожиб. Ота-она эса инсон дунёга келишига сабабчи зотлар. Уларга ҳам яхшилик қилиш, ҳурмат кўрсатиш вожибдир.

Учинчи васият: “Болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирманг – сизларни ҳам, уларни ҳам Биз ризқлантирамиз”.

Яъни, камбағал бўлиб қолишдан қўрқиб ёш болаларингизни ўлдирманг! Чунки сизларнинг ҳам, уларнинг ҳам ризқини етказиш Бизнинг зиммамизда. Барчангизни Биз ризқлантирамиз.

Ер юзида қимирлаган тирик жон борки, барчасига Аллоҳ ризқ беради.

Катталар яшашга қандай ҳақли бўлсалар, ёш болалар ҳам шундай ҳуқуққа эгалар. Уларнинг ҳақларини поймол қилиш аниқ зулмдир. Қашшоқлашиб қолишдан қўрқиб уларнинг ҳаётига қасд қилиш хиёнатдир. Ваҳоланки, сизларни ҳам, фарзандларингизни ҳам Аллоҳ ризқлантиради.

Қашшоқлик ёки уят сабабидан болаларни ўлдиришга рухсат бериладиган жамиятда ҳаёт пароканда бўлади. Ундаги одамлар фақат моддий манфаатни ўйлаб, худбинлик ва ўзини ўта яхши кўриш иллатидан қутулолмай юрадилар. Мана шундай номаъқул ишлар урчиган жамиятда яшайдиган одамлар шумланиш, руҳий безовталик, ёмон хаёллар ва тинчлик бермас ўйлар гирдобида қолиб кетади. Улар инсонларни Аллоҳ яратиб, ишларини тадбир қилиб туришини, ризқларини етказишини билишмайди ёки ишонишмайди. Шунинг учун келиши кутилаётган “муаммо”нинг олдини олиш мақсадида бегуноҳ жонларга жабр қилишади. Мана шу очиқ залолатдир.

(Бугун Ғарб давлатларида мана шу нарсани кўриш мумкин. Улар ўз роҳатлари ва фаровонликларини ўйлаб, кўп фарзанд кўрмаслик учун одам шаклига келган ҳомилани-да олдиришдан ҳайиқишмайди, ёки фарзанд кўришни умуман исташмайди. Оқибатда руҳий тушкунлик, қариганда хорликка мубтало бўлишади. – таржимон).

Шу маънода Исро сурасида ҳам қайтариқ келган. Аллоҳ таоло шундай деган: “Камбағалликдан қўрқиб фарзандларингизни ўлдирманг. Уларни ҳам, сизларни ҳам Биз ризқлантирамиз”.

Ушбу икки оят ташқи кўринишдан ўхшаш бўлса ҳам ҳар бири муайян ҳолатни муолажа қилади.

Аллоҳ таоло камбағал бўлиб қолиш хавфи бўлганида жондек азиз фарзандларни ўлдиришдан қайтармоқда. Ўша болаларни ҳам, уларнинг ота-оналарини ҳам Аллоҳ ризқлантиришимни айтмоқда. Оятнинг фасоҳатига диққат қилинг: болалар биринчи зикр қилинмоқда. Сабаби ота айнан ўша боласи таомга шерик бўлишидан қўрқиб уни ҳалок қилиши мумкин. Аллоҳ болаларни ризқлантиришини биринчи зикр қилмоқда. Мақсад ана шундай ёмон хаёлга борадиган кишиларга уларни Аллоҳ ризқлантиришини уқтиришдир. Болалар фақат оталарига қараб қолмаганлар. Уларга меҳрибон Зот бор, Раззоқ Аллоҳ бор.

Ҳайвонларга эътибор берсак, улар боласи учун борини бериб, унинг тинчлиги йўлида ҳатто жонини фидо қилишга ҳам тайёр туради. (Ақлли инсон ҳайвонлардан фарқли ўлароқ фарзандига меҳрибонроқ бўлиши, фақат бекаму кўст еб-ичириш эмас, балки уларни яхши тарбиялашга ҳам эътибор қаратиши лозим. – таржимон)

Тўртинчи васият: “Бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг”.

(Бузуқ иш араб тилида “фаҳш” дейилади) Сўз ё иш бўлсин, энг қабиҳ хатти-ҳаракатлар фаҳш, дейилади. Ўғрилик, зино, ғийбат, гап ташувчилик ва ёлғон гувоҳлик берувчи одам “фоҳиш”, яъни ўта қабиҳ жиноятларни содир этувчи кимсадир.

Оятнинг мазмуни қуйидагича: Мен сизларни хоҳ ошкора, хоҳ махфий бўлсин, энг қабиҳ жиноятлардан, ёмон сўз ва амаллардан қайтараман!

Энг ёмон жиноятлар олди олинадиган ва унга қарши кураш олиб бориладиган, яхши хислатлар ва гўзал одоблар қадрланадиган жамият покиза ва фазилатли жамиятдир.

Фазилат ҳам, қабиҳлик ҳам тенг бўлган жамиятда яхши амалларни қилиш ва ёмонликлардан тийилиши орасида унчалик фарқ кўзга ташланмайди. Бундай макон тез орада таназзулга юз тутади, бахтсизлик ва хорликка учрайди.

Бу ерда фаҳш ишларга яқинлашмасликнинг таъкидланиши, унинг яқинига ҳам келмаслик лозимлигига далолат қилади. Зеро, ким унинг атрофида айланса, жиноят кўчасига кириб қолиши мумкин. Қабиҳликка яқин келмасликка ундаш ислоҳ қилишнинг бир кўринишидир. Ваҳоланки, фаҳш ишлар яқинига ҳам келмаслик таъкидланаётган экан, ўша ишнинг ўзини амалга оширишдан бундан ҳам қаттиқроқ қайтарилади.

Бешинчи васият: “Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган бирон жонни ўлдирманг, магар ҳақ билан (бўлса жоиз)”.

Яъни, Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган, Ислом омонлик берган жонни ўлдирманг! Магар шариат рухсат берган ўринларда бўлса, жоиз.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва мен Аллоҳнинг Пайғамбари эканимга гувоҳлик берувчи мусулмон кишини қатл қилиш ҳалол эмас. Магар уч (тоифа): зино қилган оилали (эркак ё аёл), жонга жон (қасос олиш), динини тарк этган ва жамоатдан ажраган кимса (бундан мустасно)” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Ислом динида инсонга нисбатан Аллоҳ бино қилган иморат сифатида қаралади. Буни, рухсат этилган ўринларда ташқари, бирон киши бузишга ҳаққи йўқ. Шу сабаб, ҳар бир жон ҳимоялангани, бир инсонни ноҳақ ўлдирган кимса бутун инсониятнинг жонига қасд қилган билан баробар экани таъкидланади: “Ана ўша (қотиллик) сабабли Биз Бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) битдик: кимки бирон жонни (ўлдирмаган) ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган бир одамни ўлдирса, демак, у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, (яъни, ўлдиришдан бош тортса ёки ўлимдан қутқарса,) демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди” (Моида сураси, 32-оят).

Шундан сўнг Аллоҳнинг қуйидаги қавли билан оят якунланади: “Шояд ақл юритсангиз, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди”.

Яъни, сизлар ақлларингизни ишлатиб, қабиҳликка қўл уришдан сақланарсизлар, деб Аллоҳ улуғ насиҳатларни, ҳикматли топшириқларни зиммангизга юклади.

Олтинчи васият: “Етимнинг молига то у вояга етгунича фақат энг чиройли йўллар билан яқинлашинг!”

Яъни, меҳрибон отасини йўқотган етим боланинг молига яқин кела кўрманг, унинг ҳақига тажовуз қилманг, мулкига кўз олайтирманг! Магар етимга ҳозир ҳам, келажакда ҳам манфаат етказадиган шаклда (масалан, уни тарбиялаш, ўқитиш, молини ҳимоя қилиш ва кўпайтириш мақсадида) бўлса, майли.

Демак, етимнинг молига фақат унга манфаатли бўлган йўллар билангина яқинлашилади. Унинг ҳақини поймол қилиш, етимнинг ҳақини ейиш, мутлақо жоиз эмас.

“То у вояга етгунча” бирикмаси, етим балоғатга етгунча молини сақланглар. Шундан кейин молини ўзига топширинглар, деган маънода тушунилади.

Еттинчи васият: “Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортинг!”

Яъни, агар одамларга бирон нарсани ўлчаб берсангиз, адолат қилинг, тарозидан уриб қолманг! Ўзингиз учун бирон нарса тортиб олганда ҳам тўғри ўлчанг, бировнинг ҳақидан ҳазар қилинг!

Бу оятда Аллоҳ таоло ўзаро муомала қилганда адолатни жорий қилиш, ҳақдор ўз ҳақини камайтирмасдан тўлиқ олиши, олиши керак бўлган миқдордан кўпайтириши ҳам жоиз эмаслигини баён қилмоқда.

Мана бу васиятга амал қилиш инсонлар ўртасида адолат ва тенглик ўрнатилишига сабаб бўлади. Ҳар бир жамият бу қоидага муҳтождир. Бир-бировини алдамайдиган, ўзгалар ҳақини емайдиган инсонлар яшайдиган жамият энг тинч ва хотиржам жамиятдир. Шунингдек, бирон нарса ўлчаб олаётганда, ўз ҳақидан ортиқча олишга уринмайдиган, сотувчи ҳақидан эҳтиёт бўладиган инсонлар яшайдиган жамият ҳам энг фаровон ва сокин жамият саналади.

“Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз”.

Аллоҳ бирон жонни тоқати етмайдиган ишга буюрмайди, унга машаққат туғдирмайди.

Бу жумланинг тарозини тўғри тортишдан кейин келиши, тижорий олди-бердида икки тараф тўлиқ адолат қилолмасликларини (граммигача, ёки миллиметригача тўғри тортиш имкони йўқлигини) кўрсатади. Зеро, ўзаро муомала вақтида кўз илғамас қисми у ёки бу тарафга ўтиб кетиши мумкин.

Саккизинчи васият: “Сўзлаганингизда, гарчи қардошингиз(га қарши) бўлса ҳам, адолат қилинг!”

Яъни, гарчи айтилаётган гап яқинларингиз учун зарар бўлса ҳам, ҳақ гапни айтинг, адолат тарафида туринг!

Адолат тўғри қарор чиқаришнинг асосидир.

Бу ўринда инсонларнинг адолат қилишга алоҳида буюрилишининг боиси, бу иш ҳаётда жуда кўп учрайди. Жумладан, гувоҳлик бериш ва ҳукм чиқаришда адолатли сўз айта олиш матлуб саналади.

“Гарчи қариндошингиз(га қарши) бўлса ҳам...” деб, инсонлар орасида кенг тарқалган бир иллат муолажа қилинмоқда. Кўп ҳолларда бирон қарор чиқаришда яқинларига, таниш-билишларига ён босиш ва гарчи ҳақ бўлсалар ҳам бегоналарга зулм қилиш кузатилади. Аллоҳ бундай номақбул ишдан бандаларини қайтармоқда.

Тўққизинчи васият: “Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг!”

Яъни, ибодатда ҳам, муомалада ҳам Аллоҳга берган аҳдингизга, У Зот буюрган нарсаларга вафо қилинг!

Вафодорлик шундай фазилатки, яхшилик ҳам, салоҳият ҳам айнан аҳдга вафо қилиш билан ҳосил бўлади. Одамларнинг ишлари вафодорлик асосига қурилса, жамиятда ривожланиш кузатилади.

“Шояд эслатма (насиҳат) оласизлар, деб (Аллоҳ) сизларни мана шунга буюрди”.

Яъни, сизларга бу Китобда тиловат қилинган васиятлар унинг буйруқлари ва қайтариқларидир. Сизлар ибрат олсангиз, тўғри йўлга кириб, Парвардигорингиз кўрсатмаларига амал қилсангиз, деб Аллоҳ сизларга буларни баён қилди.

Ўнинчи васият: “Албатта мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни йўлидан узиб қўяди”.

Яъни, сизларга баён қилинган буйруқлар ва қайтариқлар Аллоҳнинг тўғри йўлидир. Унда бирон эгрилик йўқ. Шундай экан, сизлар ана ўша йўлдан юринг, Парвардигорингиз кўрсатмаларига риоя этинг! Ботил динларга, бидъат ва залолатга эргашманг. Акс ҳолда Аллоҳнинг тўғри йўлидан адашиб кетасиз. Аллоҳ сизлар учун Исломни дин қилиб танлади ва мусулмон бўлишингиздан рози бўлди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир тўғри чизиқ чиздиларда: “Мана шу Аллоҳнинг йўлидир”, дедилар. Кейин ўнг ва чап томонларига бир қанча чизиқларни чиздилар: “Мана бу (ботил) йўллардир. Бу йўлларнинг ҳар бири бошида шайтон туриб, ўша (йўлга) чақиради”, дедилар ва “Мана шу Менинг тўғрим йўлимдир” оятини қироат қилдилар” (Аҳмад ривоят қилган).

Аллоҳ таоло бу ерда тўғри йўлни бирликда, ботил йўлларни кўплик шаклида ифодаламоқда. Чунки ҳақ йўл битта. Ботил йўллар эса жуда кўп. Бунга нотўғри ақидалар, ботил динлар, бидъатлар, шубҳа-гумонлар, залолатга кетган фирқалар ва ҳоказолар киради.

Аллоҳ таоло оятни мана бу қавли билан якунлаган: “Шояд тақво қилсангиз, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди”.

Яъни, шояд ҳақ динда бўлиб, нотўғри йўллардан сақлансангиз, деб Аллоҳ сизларни ботил эътиқодлардан ҳазир бўлишга буюрди.

Юқорида кўриб чиққанимиз ўнта васиятда, аввало, соғлом ақида – Аллоҳнинг ягоналиги барча нарсанинг асосини эканини билиб олдик. Қолаверса, бахтли оила ота-онага яхшилик қилиш ва фарзандларга ғамхўрлик қилишга асослангани, жамиятда хотиржамлик ва фаровонлик бўлиши учун қандай ишлар йўлга қўйилиши лозимлиги ҳақида ҳам маълумотга эга бўлдик. Мана шу васиятларнинг барчаси Аллоҳга тақво қилишга боғлиқ. Қалбда тақво бўлса, Аллоҳнинг амр ва қайтариқлари амалга оширилади.

Мана шу улуғ васиятларга амал қиладиган мусулмон қаерда? Агар улар Аллоҳнинг васиятларига, кўрсатмаларига амал қилолсалар, дунёда азизу мукаррам бўладилар, охиратда ҳам уларнинг ҳолига ҳавас қилинади. Қани, бу илоҳий кўрсатмаларга риоя этадиган кишилар борми?

Ё Парвардигор! Бизларни Ўзинг рози бўладиган йўлга бошла! Сен рози бўлмайдиган ишлардан узоқ қил бизларни!

Баъзи оқил кишилар Наҳл сурасидаги бир ояти каримага қулоқ тутиб, ундаги маънолари равшан ва ҳикматли кўрсатмалардан завқ олиб, беихтиёр: “Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигори ҳузуридан олиб келган таълимот дин бўлмаган тақдирда ҳам, бу одамлар урфида чиройли нарса, деб қабул қилинарди”, дейишган.

Уларни мутассир қилган оятр эса ушбудир: “Албатта Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошларга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтаради. У Зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилади” (Наҳл сураси, 90-оят).

Яъни, эй мусулмонлар, Парвардигорингиз Аллоҳ таоло сизларни доим сўзда ҳам, ишда ҳам адолатли ва инсофли бўлишга, ҳамиша ўзаро бағрикенг бўлиб, бир-бирингизни авф қилиш ва Аллоҳ кузатиб турганини ҳис қилиб яшашга буюради.

Шунингдек, Аллоҳ сизларни қариндош-уруғларингизга яхшилик қилиш, уларга имконингиз етганича кўмак беришга буюради. Мана шу фазилатлар орангизда ёйилса, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бахтга эришасиз. Адолат ҳукм сурган жойда ҳар бир ҳақдор ўз ҳиссасини тўлиқ олади. Ўзаро яхшилик ва хайр-эҳсон тарқалган жамиятда инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат пайдо бўлади. Қариндошлар билан яхши муносабат ўрнатиш файз ва баракага, ҳамкорликнинг янада кучайишига туртки бўлади.

Аллоҳ таоло бандаларини энг гўзал фазилатларга ундагач, энди энг қабиҳ иллатлардан қайтаради:

“Ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтаради”.

Яъни, Аллоҳ таоло сизларни адолатли бўлиш ва бир-бирингизга яхшилик қилишга, қариндошларга гўзал муносабатда бўлишга буюрганидек, ҳар қандай ёмон ва қабиҳ ишлардан, тажовузкорликдан, Аллоҳ белгилаб берган чегарадан ташқарига чиқишдан қайтаради.

Мана шу разолат қайси жойда кенг тарқалса, ўша уммат таназзулга кетади, оқибати вой бўлади. Покиза инсон фитрати мазкур ёмонликларни қилиш у ёқда турсин, ҳатто яқинига ҳам боришдан ор қилади. Чунки бу иллатлар соғлом одам ақлига умуман ўрнашмайди, тўғри табиатли инсон боласи ундан ҳазар қилади.

Маълумки, соғлом инсон танасига бирон ёт нарса кирса, тананинг ўзи уни ташқарига чиқариб ташлайди. Худди шунга ўхшаб, соғлом қалб ва соғлом табиат соҳиби бўлган инсон мазкур разолатдан узоқ юради, агар нафсида улардан бирон нарсани сезса, зудлик билан бартараф этади.

Таъсирчан ва ҳикматли ояти карима мана бу қавл билан ниҳоясига етади: “У Зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилади”.

Яъни, Аллоҳ таоло, шояд ўзингиз учун эслатма олсангиз, Парвардигорингиз таълим берган йўлдан юрсангиз, деб сизларни огоҳлантиради.

Ҳофиз Абу Яъло “Маърифатус саҳоба” китобида ривоят қилишича, Аксам ибн Сойфийга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабарлари етиб борди. Шунда у Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурларига боришга ошиқди. Аммо қавми бунга кўнмади. Шунда Аксам:

– У ҳолда унинг ҳузурига кимдир бориб, даъват қилаётган таълимотининг ҳикмати сўраб келсин! – деди. Шунда икки киши ўрнидан туриб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига йўл олишди. Келиб:

– Биз Аксам ибн Сойфийнинг элчиларимиз. У сенинг кимлигинг ва нимага даъват қилаётганингни сўрамоқда, – дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳман. Аллоҳнинг бандаси ва Расулиман, – деб жавоб қайтардилар. Кейин уларга: “Албатта Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошларга яхшилик қилишга буюради” оятини ўқиб бердилар. Улар:

– Бу гапни қайтаргин, – дейишди. Шунда у зот ҳалиги оятни такрорладилар ва у иккиси уни ёдлаб олишди. Аксам олдига бориб:

– У бизга насабини айтишдан (ёки улуғлашдан) бош тортди. Унинг насл-насабини бошқалардан сўраб, энг покиза наслдан эканини билдик. У бизга бир қанча сўзларни айтди, уни эшитдик, – дедилар.

Аксам улар келтирган сўзларга қулоқ тутгач:

– У сизларни гўзал хулқларга буюриб, энг ярамас одатлардан қайтарибди. Мана шу ишда бош бўлинглар, орқада қолманглар! Муҳаммад Парвардигори ҳузуридан олиб келган нарса дин бўлмаган тақдирда ҳам, бу одамлар урфида чиройли нарса, деб қабул қилинади, – деди[20].

Аъроф сурасидаги биргина оятда ҳам очиқ-ойдин кўрсатмалар келган, Аллоҳ таоло бандаларига рухсат берган покиза нарсалар ва ҳаром қилган нопокликлар баён этилган. Бу оятларни тафаккур билан тушуниб ўқиган ҳар бир инсон Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳдан етказган Ислом шариати соғлом ақлга жуда мос эканини, бу дин сабабидан қалблар қулфи очилиб, тўғри табиатга эга нафслар ундан ором олишига амин бўлади.

Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй Одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланинг (яъни, тоза либосда бўлинг) ҳамда (хоҳлаганингизча) еб-ичаверинглар. Фақат исроф қилманглар. Зотан, (Аллоҳ) исроф қилувчиларни севмайди” (Аъроф сураси, 31-оят).

Яъни, ҳар сафар намоз ўқиганингизда ёки тавоф қилганингизда авратингизни ёпиб турадиган энг чиройли либосларни кийинг!

Солиҳ салафлар ибодатда, Аллоҳ олдида турганларида энг чиройли ва покиза кийимларини кийишарди. Масалан, имом Ҳасан ибн Али намоз ўқишга турса, энг яхши либосини кийиб оларди. Ундан: “Эй, Расулуллоҳнинг набираси, чиройли кийимингизни нега кийяпсиз?” деб сўралса, у: “Албатта Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Мен фақат Парвардигорим учун чиройли бўламан. Чунки У Зот: “Эй Одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланинг” деган”, деб жавоб қайтарган экан[21].

Шундан сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларини исроф ва бахиллик қилмаган ҳолда неъматларидан баҳраманд бўлишга буюради:

“Ҳамда (хоҳлаганингизча) еб-ичаверинглар. Фақат исроф қилманглар. Зотан, (Аллоҳ) исроф қилувчиларни севмайди”.

Яъни, покиза егуликлардан истеъмол қилинг, ҳалол ичимликларни ичинг! Аммо зийнат бобида ҳам, таомланиш ва ичимлик ичишда ҳам исроф қила кўрманг. Чунки Аллоҳ исроф қиладиган кимсаларни ёмон кўради.

Ибн Касирга кўра, баъзи салафлар: “Аллоҳ оят ўртасида – “Еб-ичинг, фақат исроф қилманг” оятида тиббиётнинг ярмини жамлаган”, дейишган. Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Хоҳлаганингни е, истаганингни кий, лекин икки нарсадан: исроф ва мақтанчоқликдан сақлан[22]”.

Мана шу оятларда исроф ва ношукрлик қилмаган ҳолда Аллоҳ ҳалол қилган покиза нарсалардан баҳраманд бўлиш жоизлиги таъкидланмоқда. Сўнгра ўзларига қийин қилиб қўядиган, таркидунёчиликка муккадан кетадиган одамларга танбеҳ берилади:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Аллоҳ бандалари учун чиқарган безак (либосларни) ва ҳалол-пок ризқни ким ҳаром қилди?!” Айтинг: “Улар ҳаёти дунёда имон эгалари учун (бўлиб,) қиёмат кунида эса фақат (мўминларнинг) ўзларига хосдир”. Биз биладиган қавм учун оятларни мана шундай муфассал қиламиз” (Аъроф сураси, 32-оят).

Яъни, эй Муҳаммад, покиза неъматларни истеъмол қилишдан ўзларини тийиб турган кимсаларга:

– Сизлар Аллоҳ ҳалол қилган баъзи нарсаларни ўзингиз учун ҳаром қилдингиз! Бу ҳукмни қаердан олдингиз?! – деб айтинг.

Бу савол улар қилаётган ишга раддия сифатида берилмоқда.

Шундан сўнг Аллоҳ Расулига мана бундай жавоб қилишни буюради:

“Улар ҳаёти дунёда имон эгалари учун (бўлиб,) қиёмат кунида эса фақат (мўминларнинг) ўзларига хосдир”.

Яъни, эй Пайғамбар! Умматингизга:

– Бу зийнатлар ва покиза ризқлар мана шу ўткинчи дунёда мўминларга берилади. Бунда уларга мушриклар ҳам шерик бўлишади. Бироқ охиратдаги неъматлар фақат мўминларнинг ўзларига хос бўлади. Аллоҳдан ўзга нарсаларни Унга шерик қилган кимсалар охиратдаги насибадан маҳрум бўладилар, – деб айтинг.

“Биз биладиган қавм учун оятларни мана шундай муфассал қиламиз”.

Аллоҳ мана шу ҳукмни баён қилгани каби, биладиган инсонлар учун юксак одоб-ахлоқ ва ҳикматли кўрсатмалардан иборат бўлган бошқа аҳкомларни ҳам баён қилади.

Шундай кейин Аллоҳ таоло бандалари учун ҳаром қилинган баъзи ишларни баён этади:

“Айтинг: “Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос” (Аъроф сураси, 33-оят).

Яъни, эй Муҳаммад, Аллоҳ кенглик яратиб қўйганига қарамай ўзлари учун танглик-машаққат туғдириб олган кимсаларга:

– Аллоҳ Китобида ва Пайғамбарлари орқали ҳаром қилган нарса беш хилдир: хоҳ махфий, хоҳ ошкора бўлсин, энг қабиҳ сўзларни айтиш, гуноҳ ишларни қилиш, маъсиятга ботиш, одамларга зулм қилиш, уларни менсимаслик, ҳадидан ошиш, бирон ҳужжати бўлмаган ҳолда Аллоҳга шерик қилиш, шунингдек, ибодатлар, муомалалар ва ҳаром қилинган нарсалар бобида ҳужжат-далилсиз (илмсиз тарзда) бирон сўз айтишдан қайтарган, – деб айтинг.

Ушбу оятда мушриклар устидан истеҳзо қилинмоқда, қаттиқ танқид остига олинмоқда. Чунки улар Аллоҳга шерик қилаётган нарсалари ҳақида ҳеч қандай далиллари йўқ эди. Қилаётган ишлари ақлан ва нақлан ҳақиқатга тўғри келмасди.

“Ал-манор” муаллифи шундай деган: “Ким мана шу оятни яхшилаб тафаккур қилса, динда Аллоҳ ва Расули тарафидан баён қилинган очиқ-ойдин далили бўлмасдан туриб бандаларга бирон нарсани ҳаром қилмайди ёки вожиб этмайди. Балки ҳужжати бўлмай туриб: “Бу мандуб”, “Бу макруҳ”, дейишдан сақланади. Мана шу нарсани яхши тушуниб етмайдиган, фатво беришга журъат қиладиган ғофиллар қанча![23]”

Юқорида келтирилган оятлар мисолида кўриш мумкинки, Расули акрам олиб келган Ислом шариати очиқ-ойдинлиги ва тушунарли экани билан ажралиб туради. Шариат ҳукмлари билан нафс хотиржам бўлади, соғлом ақл унга рағбат қилади, куфр, ҳасад ва жаҳолатдан холи қалб Аллоҳнинг кўрсатмалари билан таскин топади.

Шунингдек, Ислом шариати инсонлар манфаатини кўзлаши, бағрикенглиги, осонлиги, ҳикматли экани билан ҳам ажралиб туради. Шариатда ҳеч қандай машаққат йўқ. Аллоҳ биз мўмин бандаларидан қийинчиликларни кўтарган. У Зот шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди” (Бақара сураси, 185-оят).

Бошқа ўринда шундай дейилган: “Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади” (Ҳаж сураси, 78-оят).

Ҳа, булар Ислом шариатининг баъзи хусусиятлари, холос. Аллоҳ таоло ҳидоят йўлига бошлаган инсон доим Парвардигорини эслаб: “Бизларни бу (неъматларга) йўллаган Зот – Аллоҳга ҳамду санолар айтамиз. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида, ҳаргиз йўл топа олмас эдик[24]”, деб шукр қилиши лозим.

ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ РИСОЛАТЛАРИДАН ШУБҲАЛАРНИ АРИТИШ

Мушриклар ва қалбида касаллиги бор кимсалар Пайғамбар алайҳиссалом рисолатлари ҳақида турли-туман асоссиз гапларни, эътироз ва бўҳтонларни тарқатишди.

Қуръони каримда уларнинг бу гаплари, фитнаю бўҳтонларини очиқ-ойдин келтирилган ва уларга муносиб жавоблар берилган. Ана ўша оятлар мўминларнинг имонларини зиёда қилади, саботларига янада сабот қўшади.

Мушриклар тарқатган фитналар, ёлғон хабарларинг баъзиси Аллоҳнинг ваҳдонияти билан, баъзилари Ҳабибимиз алайҳиссалом шахсиятлари билан, қолганлари, охиратда ҳисоб қилиниш билан, Қуръони карим ва қазои қадар билан боғлиқдир.

Ана шундай оятлардан бири Сод сурасида келган. Аллоҳ таоло шундай деган:

“(Макка мушриклари) уларга ўзларидан (яъни, инсон авлодидан) бўлган бир огоҳлантирувчи – Пайғамбар келганидан ажабландилар ва у кофирлар: “Бу бир ёлғончи сеҳргардир. (Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса!” дедилар[25]. Улардан катталари (бир-бирларига шундай дея тарқалиб) кетдилар: “Юринглар ва ўз худоларингизга (сиғинишда) қаноат қилинглар! Албатта бу исталадиган нарсадир. Бизлар бу ҳақида сўнгги миллат – динда(гилардан ҳам, яъни насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир, холос. Бизларнинг орамизда (шунча бой-зодагонлар туриб) ўша (Муҳаммад)га Эслатма – Қуръон нозил қилинган эканми?!” Балки улар Менинг Эслатмам – Қуръондан шак-шубҳададирлар, балки улар ҳали Менинг азобимни тотиб кўрганлари йўқ. Ёки Қудратли ва Саховатли Парвардигорингизнинг раҳмат хазиналари уларнинг олдиларидамикан-а?! Ёки осмонлар ва ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг подшоҳлиги уларникимикан-а?! У ҳолда (уларни осмонларга элтадиган) нарвонларга чиқаверсинлар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Макка мушриклари) ўша ернинг ўзида енгилиб битувчи фирқалардан бир тўдадир, холос!” (Сод сураси, 4-11-оятлар).

Муфассирлар бу оятлар нозил бўлишига қуйидаги воқеани сабаб қилиб келтиришган. Қурайш қабиласидаги бир гуруҳ одамлар оқсоқоллари олдида йиғилишиб, бир-бирларига:

– Абу Толибнинг олдига бориб, жияни ҳақида гаплашиб олайлик! – дейишди. Улар Абу Толибнинг уйига киришгач:

– Сен улуғимиз ва саййидимизсан. Шундай экан, жиянингни инсофга чақириб қўй! Илоҳларимизни ҳақорат қилишни бас қилсин, бизни ва илоҳларимизни ўз ҳолимизга қўйсин! – дейишди. Бас, Абу Толиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга:

– Эй жиян! Анави Қурайш оқсоқоллари уларнинг илоҳларини ҳақорат қилмаслигингни, даъватингдан воз кечиб, илоҳларини ўз ҳолига қўйишингни сўрашди, – деди. Шунда Жанобимиз алайҳиссалом:

– Эй амаки, ахир мен уларни ўзлари учун яхшироқ бўлган нарсага чақиряпман! – дедилар. Амакилари:

– Нимага чақиряпсан уларни? – деб савол берди. У зот бўлса:

– Мен уларни шундай сўзни айтишга чақиряпманки, агар менинг сўзларимни тасдиқласалар, араблар ичида юксалиб, ажамлар устидан ҳукмронлик қиладилар, – дедилар. Қавм орасидан Абу Жаҳл:

– У нима экан? – деб қизиқди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

– Лаа илааҳа иллаллоҳ, деб гувоҳлик берасизлар, – дедилар. Абу Жаҳл бу гапни хушламади.

– Бундан бошқа нарсани сўра биздан! – деди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Агар қўлимга қуёшни олиб келиб қўйсангиз ҳам сизлардан бундан бошқасини сўрамайман! – дедилар. Улар дарғазаб ҳолда ўринларидан туриб кетишди.

– Аллоҳга қасамки, биз ўзингни ҳам, сени пайғамбар қилиб юборган илоҳингни ҳам ҳақорат қиламиз, – дейишди[26].

“(Макка мушриклари) уларга ўзларидан (яъни, инсон авлодидан) бўлган бир огоҳлантирувчи – Пайғамбар келганидан ажабландилар”.

Ширкнинг ёмон оқибатидан огоҳлантирувчи ва Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирувчи бир Пайғамбар келганида кофирлар бундан ҳайрон бўлишди.

Ва у кофирлар: “Бу бир ёлғончи сеҳргардир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирларни ҳақ динга даъват қилган чоғларида, улар:

– Бу сеҳргар одам экан. Чунки биз билмаган қизиқ нарсаларни айтмоқда. “Мен Аллоҳ тарафидан юборилганман”, деб ёлғон айтяпти, – дейишди.

Ҳа, улар кофирликлари сабаб ҳақиқатни кўрмадилар, кўра олмадилар ва покиза инсонни сеҳргарлик ва ёлғончиликда айбладилар. Куфр уларнинг кўзларини кўр қилиб қўйганди.

Кейин ўзларининг ботил гапларига қўшимча қилиб:

“(Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса!” – дейишди.

Бу савол инкор қилиш маъносида берилмоқда.

Яъни, Муҳаммад бир қанча илоҳларни битта худо қилиб олибдими?! Биздан ўша худога сиғиниш ва итоат этишни талаб қиляптими?! Биздан талаб қилинаётган бу иш жуда ажиб, бу ақлга сиғмайди!

Аллоҳ таоло уларнинг ҳолатини жуда аниқ ва тиниқ ифодаламоқда: жаҳолат қаърига ботиб кетганлари ва куфр кўзларини кўр қилиб қўйгани учун энг ҳақ нарсани “жуда қизиқ иш-ку”, деб қабул қилмоқдалар.

Мушриклар ота-боболари давридан қолган ширк ақидасига зид бўлгани учун тавҳид эътиқодини ажиб нарса, дедилар. Улар ўзларини ҳақ деб билардилар. Аслида эса кўзлари ҳақиқатни кўришдан ожиз эди.

Шундан кейин уларнинг одамларни ҳақ диндан тўсиш йўлидан қилган саъй-ҳаракатлари ажойиб суратда тасвирланади:

“Улардан катталари (бир-бирларига шундай дея тарқалиб) кетдилар: “Юринглар ва ўз худоларингизга (сиғинишда) қаноат қилинглар!”

Қурайш қабиласининг раҳбарлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзларини ғазаблантирадиган ва умидларини пуч чиқарган гапларни эшитишгач, Абу Толиб олдидан тарқалишди ва кетиш олдидан:

– Ота-бобонгиз қилиб келган ишни қилинг! Уларнинг йўлида юришда давом этинг! Муҳаммад илоҳларимизни енгил санаб, бизни бу ишдан қайтарса ҳам, сизлар ўз худоларингизга сиғинишда бардошли бўлинг! – деб “насиҳат” қилишди.

“Албатта бу исталадиган нарсадир”.

“Бу” деганда, Пайғамбар алайҳиссалом даъват қилаётган нарса – Ягона Аллоҳга ибодат қилиш назарда тутилмоқда.

Яъни, Муҳаммад бизлардан талаб қилаётган нарса, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз ва илоҳларимизга сиғинишни бас қилишимиздир. У бизлардан мана шуни қаттиқ туриб талаб қилмоқда. Бизлар ҳам унга жавобан худоларимизга топинишда бардавом бўлайлик!

Шунингдек, “бу” мушриклар эътиқодини ҳам англатиши мумкин. У ҳолда оятнинг маъноси мана бундай бўлади: биз эътиқод қилиб келаётган динда собитқадам бўлиш биздан талаб қилинадиган нарсадир. Ота-боболаримиз ҳам шу йўлда бўлишган. Бас, Муҳаммад бизни ўз динига киргизишга ҳарчанд уринмасин, барибир ўз йўлимиздан қайтмаймиз!

“Бизлар бу ҳақида сўнгги миллат – динда(гилардан ҳам, яъни насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз”.

Яъни, Муҳаммад бизни даъват қилаётган динни ота-боболаримиз замонидаги араблардан ҳам, охирги миллатлардан – Исо алайҳиссаломга эргашганлардан ҳам эшитмаганмиз. Насронийлар издошлари уч худолик эътиқодига чақиришади. Уларнинг айтишича, Исо уларни шунга буюрган экан.

“Бу фақат бир уйдирмадир, холос”.

Яъни, Муҳаммад айтаётган гапларнинг биронтасини ҳам илгари эшитганимиз йўқ. Бас, у бизларни алдаяпти, бу гапларни унинг ўзи тўқиб чиқарган, ундан олдин бирон киши бундай демаганди.

Шундан кейин мушрикларни имонга келишдан тўсиб турган энг асосий парда нима экани айтилади.

“Бизларнинг орамизда (шунча бой-зодагонлар туриб) ўша (Муҳаммад)га Эслатма – Қуръон нозил қилинган эканми?!”

Улар қалблари ҳасадга тўла бўлгани учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом пайғамбарликларини тан олишни истамадилар.

Бу ердаги савол инкор қилиш, тан олмаслик мазмунидадир.

Яъни, Қурайш зодагонлари ҳасад ва нафрат билан:

– Биз бой ва улуғ кишилар бўлсак, Муҳаммад қандай қилиб пайғамбарликни даъво қилмоқда, унга Қуръон туширилибдими?! Ахир у биздан молу давлат ва мартабада пастроқда-ку! Биз орамиздан фақат унга пайғамбарлик берилганини инкор қиламиз, тан олмаймиз буни! – дейишди.

Қуръони каримда кўп ўринларда мушрикларнинг Расулуллоҳ алайҳиссаломга ҳасад қилганликлари айтилган. Жумладан, Анъом сурасида шундай дейилган: “Қачон уларга (Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар экани ҳақида) бирон оят келса: “То бизга ҳам Аллоҳнинг пайғамбарларига берилган оятларга ўхшаш (оятлар) берилмагунича ҳаргиз имон келтирмаймиз”, дейдилар. Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни яхшироқ Билувчидир” (Анъом сураси, 124-оят).

Яна бошқа бир оятда: “Яна улар: “Бу Қуръон икки қишлоқ(нинг бири)дан бўлган улуғ одамга нозил қилинганида эди”, дедилар[27]” (Зухруф сураси, 31-оят).

Бир киши Абу Жаҳлга савол берганида у қалбидаги ҳасадни очиқчасига баён қилган. Яъни, Абу Жаҳлдан:

– Муҳаммад ҳақида фикринг қандай? У тўғри йўлдами ёки залолатдами? – деб сўралганида, у:

– Албатта Муҳаммаднинг йўли ҳақ, бироқ биз қачон Бани Ҳошимга тобеъ бўлганмиз?! – деб жавоб берган.

Бошқа ривоятда айтилишича, Абу Жаҳл: “Биз Бани Абдуманоф билан доим шараф талашиб келганмиз. Улар очларга таом беришган, биз ҳам берганмиз. Улар оғир вазифаларни зиммаларига олишган, биз ҳам шундай қилганмиз. Улар беришган, биз ҳам берганмиз. Бунда улар ҳам, биз ҳам бир хилмиз. Мана шундай бир пайтда Бани Ҳошим: “Орамизда пайғамбар бор. Унга осмондан ваҳий келади”, деб турибди. Биз бу борада уларга қачон етиб оламиз?! Аллоҳга қасамки, биз ўша пайғамбарга ишонмаймиз, уни зинҳор тасдиқламаймиз!” деган.

“Балки улар Менинг Эслатмам – Қуръондан шак-шубҳададирлар”.

Бу ерда мушриклар тазйиқидан азият чеккан ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссаломга тасалли берилмоқда.

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, улар Сизнинг шаънингизни булғаганлари йўқ. Улар ҳеч нарсага суянмаган ҳолда гапирмоқдалар. Улар Биз нозил қилган Қуръон ҳақида шубҳадалар. Шу сабабли, Сизни баъзида сеҳргар, баъзида коҳин, шоир, демоқдалар. Агар ақлларини ишлатганларида, инсоф қилганларида, Сизга ишониб, тасдиқлаган бўлардилар.

“Балки улар ҳали Менинг азобимни тотиб кўрганлари йўқ”.

Оятда “ҳали” дейилишидан мушриклар бошига тушажак азобнинг яқин экани маълум бўлади.

Яъни, эй Пайғамбар, уларнинг бундай нопок қилиқларидан, асоссиз гапларидан хафа бўлманг! Улар Менинг азобимни тотиб кўрганларича йўқ ҳали. Шу сабабдан бундай ишларни қилмоқдалар. Агар азобимни тотиб кўрганларида, ҳасадлари ва шубҳалари кетиб, Сиз ҳақиқатан пайғамбар эканингиз ва ўзлари эса ботил йўлдаликларини аниқ билардилар.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло мушрикларнинг инкор қилишларига жавобан қуйидаги раддияни келтиради:

“Ёки Қудратли ва Саховатли Парвардигорингизнинг раҳмат хазиналари уларнинг олдиларидамикан-а?!”

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, улар Парвардигорингиз раҳмати хазиналарига эга эмаслар, хоҳлаганларига бериб, хоҳлаганларидан ман қилолмайдилар. Улар истаган арбобларига пайғамбарлик ато этиб, Сизни бу улуғ мақомдан маҳрум этолмайдилар. Бу ишларнинг барчаси Қудратли ва Саховатли Аллоҳ таолонинг измидадир.

Бу ерда Аллоҳ таолонинг “Саховатли (Ал-ваҳҳоб)” сифати келтиришига сабаб, пайғамбарлик Аллоҳ тарафидан берилган улуғ неъмат экани, У Зот бандалари орасидан кимга хоҳласа, ўша инсонга нубувват неъматини ато этишига ишора қилади.

“Ёки осмонлар ва ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг подшоҳлиги уларникимикан-а?!”

Яъни, анави кофирларда Парвардигорингиз хазиналари йўқдир. Улар улвий (юқори) ва суфлий (пастки) оламда бирон нарсага молик эмаслар. Балки Аллоҳ яратган махлуқотлар ичидан бир кичик мавжудотдирлар, холос.

“У ҳолда (уларни осмонларга элтадиган) нарвонларга чиқаверсинлар”.

Мана шу ерда уларни ожиз қолдирадиган, устларидан истеҳзо қилиб, гаплари ва даъволарини йўққа чиқарадиган хабар келтирилмоқда.

Яъни, агар мушрикларда Аллоҳнинг раҳмат хазиналари бўлса, марҳамат, осмонларга олиб чиқадиган нарвонларига чиқаверсинлар! Шунда бу ишларни ўзлари тасарруф қилиб, ораларидан кимга хоҳласалар, ўшанга пайғамбарликни берадилар ва ваҳий нозил қиладилар!

(Мана шу оят мушриклар оғзини буткул ёпиб, овозлари чиқмайдиган қилиб қўяди. Чунки бу ерда ўртага ташланган таклиф ҳар қандай одамни мажолини кетказиб, даъвосидан воз кечишга ундайди. – таржимон)

Энди Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга нусрат башоратини беради:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Макка мушриклари) ўша ернинг ўзида енгилиб битувчи фирқалардан бир тўдадир, холос!”

Бу оятда мушриклар Аллоҳнинг қудрати олдида ўта ҳақир ва ожиз эканликлари таъкидланмоқда. Шунингдек, мўминларга душманлари устидан зафар қучишлари ҳақида башорат берилмоқда.

Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, анави мушриклар қилаётган ишдан ғамга ботманг, уларнинг гуруҳ-гуруҳ эканидан қайғурманг! Улар кўп ё оз бўлишининг фарқи йўқ. Бизнинг қудратимиз олдида улар ҳеч қандай қийматга эга эмас. Қанча кўп қўшин тўплаб келмасинлар, барибир мағлуб бўладилар.

Бошқа ўринда мана бундай дейилган: “Балки, улар: “Биз ғолиб жамоатмиз”, дейишар?! Яқинда ўша жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қоладилар[28]!” (Қамар сураси, 44-45-оятлар).

Бу оятларда кўрдикки, мушриклар пуч даъволарни илгари суриб, таҳдид қилишди. Лекин уларнинг ботил гаплари асоссиз экани тасдиқланиб, мўминларга нусрат ҳақида хушхубар берилди.

Исро сурасида ҳам мушрикларнинг Аллоҳнинг ваҳдонияти борасидаги гумонлари ҳақида ҳикоя қилиниб, ундан кейин ботил гапларига муносиб раддия берилган. Аллоҳ таоло шундай деган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Агар улар айтганларидек, Аллоҳ билан бирга (бошқа) илоҳлар ҳам бўлса эди, у ҳолда ўша (илоҳлар) Арш Соҳибига қарши йўл излаган бўлар эдилар”. (Аллоҳ) улар айтган нарсадан Пок ва ниҳоят даражада Юксакдир. Етти осмон, ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) пок деб ёд этади. Мавжуд бўлган барча нарса (Аллоҳга) ҳамду сано айтиш билан У Зотнинг поклигини эътироф этади. Лекин сизлар (эй инсонлар,) уларнинг тасбеҳини англамайсизлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ Ҳалим ва Мағфиратли Зотдир” (Исро сураси, 42-44-оятлар).

Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга хитобан:

– Агар даъво қилаётганингиздек, Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳлар ҳам бўлганида, унда ўша илоҳлар Арш Эгаси – Аллоҳ томонга йўл излаб, У билан подшоҳликни талашган бўлишарди.

Шу маъно бошқа оятларда ҳам таъкидланган: “Аллоҳнинг боласи йўқдир ва У Зот билан бирга бирон илоҳ йўқдир. Акс ҳолда албатта ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетиб, бир-бирларидан устун бўлиб олар эдилар (яъни, ҳар бир “илоҳ” ўз ҳукмини ўтказишни истаб, натижада еру осмон бузилиб кетган бўлар эди). Аллоҳ улар айтаётган шериклардан Покдир” (Мўминун сураси, 91-оят).

Бошқа оятда шундай дейилган: “Агар (осмону заминда) Аллоҳдан ўзга худолар бўлганида (у худоларнинг ҳар бири ўз хоҳиш-иродасини амалга оширмоқчи бўлар ва бунинг натижасида еру осмоннинг) ҳар иккиси бузилиб кетар эди. Бас, Арш Эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) Покдир” (Анбиё сураси, 22-оят).

Аллоҳ таоло мушриклар айтаётган нарсадан Покдир. Унинг шериги ҳам, фарзанди ва ота-онаси ҳам йўқ. Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ. Фақат Аллоҳнинг Ўзи бор. Аллоҳ Яккаю Ягонадир.

Шундай кейин коинотдаги барча нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтиши баён қилинади:

“Етти осмон, ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) пок деб ёд этади. Мавжуд бўлган барча нарса (Аллоҳга) ҳамду сано айтиш билан У Зотнинг поклигини эътироф этади. Лекин сизлар (эй инсонлар,) уларнинг тасбеҳини англамайсизлар”.

Етти осмон ва ердаги инсонлар, жинлар, фаришталар ва бошқа ҳисобсиз махлуқотлар Аллоҳга тасбеҳ айтиб, У Зотни мақтайди, улуғлигини эътироф этади. Лекин Одам болалари уларнинг тасбеҳларини тушунмайди. Чунки уларнинг тили ўзгачадир. Уни тушунишга инсоннинг фаҳми ожизлик қилади. Махлуқотлар айтадиган тасбеҳларни уларни яратган Зот – Аллоҳ таоло билади.

Мана шу оят қалбимизда Аллоҳдан қўрқув ҳисини пайдо қилади. Чунки бу ерда барча нарсалар – инсон, жин, ҳайвон, қушлар, ҳашаротлар, хуллас, борлиқдаги ҳамма нарса Аллоҳнинг борлигини тасдиқлаб, У Зотга тинмай тасбеҳ ва ҳамду санолар айтиб туриши таъкидланмоқда.

Ўз навбатида бу оят оқил инсонни Аллоҳга итоат этишга, Унга ихлос билан ибодат қилишга, доим Аллоҳни зикр қилишга ундайди. Токи махлуқотлар ичида энг ақлли ва шарафлиси бўлган инсон сусткашлик қилиб Аллоҳга бошқа махлуқотлардан камроқ итоат этувчи бўлиб қолмасин.

“Ҳақиқатан, Аллоҳ Ҳалим ва Мағфиратли Зотдир”.

Бу оятда бандалар У Зотни зикр қилиш ва тасбеҳ айтишда камчиликка йўл қўйсалар ҳам Аллоҳ уларга меҳрибон ва мағфиратли экани эслатилмоқда. Аллоҳ тоатда орқада қолган бандани жазоламайди, балки унга муҳлат беради, гуноҳдан тўхташи учун имконият яратади. Тавба қилиб, имон йўлига кирган, солиҳ амалларни бажариб, тўғри йўлда мустаҳкам тура олган кишилар гуноҳини Аллоҳ кечиради.

Мушриклар Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсиятлари ҳақида тарқатган гап-сўзлари ва бўҳтонлари Каломуллоҳдаги бир қанча ўринларда келтирилган. Жумладан, Фурқон сурасида шундай дейилган:

“Кофир бўлган кимсалар: “(Бу Қуръон) фақат (Муҳаммад) ўзи тўқиб олган бир ёлғондир. Унга бу (ёлғонни тўқишда) бошқа бир қавм ёрдам қилган”, деб куфр келтирдилар ва бўҳтон қилдилар. Яна улар: “(Бу) аввалгиларнинг афсоналаридир, (Муҳаммад) уларни кўчириб олган. Бас, унга эрта-ю кеч ўқиб берилади”, дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сиз уларга) айтинг: “Уни осмонлар ва ердаги барча сир-асрорларни биладиган Зот нозил қилган. Албатта (Аллоҳ) Мағфиратли ва Меҳрибондир” (Фурқон сураси, 4-6-оятлар).

Кофирлар Аллоҳ таоло Пайғамбари алайҳиссаломга нозил қилган Қуръони карим ҳақида:

– Бу Қуръон фақат ёлғон ва бўҳтондан иборат. Уни Муҳаммаднинг ўзи тўқиган. Бу ишда унга яҳудийлар ва бошқалар, жумладан, Ҳувайтиб ибн Абдулъуззонинг мавлоси Аддос, Алоъ ибн Ҳазрамийнинг мавлоси Ясор, Абу Фукайҳа[29] кабилар ёрдам беришган, – дедилар.

“Ва бўҳтон қилдилар”.

Бу ерда кофирларнинг бузуқ даъволарига раддия берилмоқда.

Яъни, анави кофирлар катта зулм ва улуғ бўҳтон ишни қилдилар. Улар ботилни ҳақ ўрнига қўйиб, ёлғонни рост сифатида қабул қилдилар.

Шундай кейин уларнинг бошқа асоссиз даъволари келтирилади:

Яна улар: “(Бу) аввалгиларнинг афсоналаридир, (Муҳаммад) уларни кўчириб олган. Бас, унга эрта-ю кеч ўқиб берилади”, дедилар.

Куфр йўлини танлаганлар Қуръон ҳақида янада ёмонроқ гапни тарқатишди. Уларнинг даъвосига кўра, Қуръон аввалгилардан қолган тўқима хабар ва афсона эмиш. Муҳаммад алайҳиссалом уни аввалги китоблардан ёзиб олганмиш. Шундан кейин ёдлаб олиш, саҳобаларига етказиш учун у зотга эрта-ю кеч имло қилинганмиш!

Бу ботил гапга қарши мана бундай жавоб қайтариш ўргатилган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сиз уларга) айтинг: “Уни осмонлар ва ердаги барча сир-асрорларни биладиган Зот нозил қилган”.

Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, Қуръонни тўқима афсона, Муҳаммаднинг ўзи ўйлаб топган деяётган кимсаларга жавобан:

– Бекор айтибсиз! Гапингиз ёлғон. Сизлар Қуръон оддий калом эмаслигини, унинг ўзгача ҳаловати борлигини биласизлар. Қуръон қалбларга қаттиқ таъсир этишини ҳам инкор қилолмайсиз. Бас, шундай экан, бу Қуръонни менга осмонлар ва ердаги барча сирларни билувчи Аллоҳ нозил қилган, – деб айтинг.

Ояти карима гуноҳдан қайтувчилар учун тавба эшиклари очиқ эканини баён этиш ва уларни оламлар Парвардигорига имон келтиришга чақириш ила ниҳоясига етади:

“Албатта (Аллоҳ) Мағфиратли ва Меҳрибон Зотдир”.

Куфрни тарк этиб, имонга юзланган, исённи бас қилиб Аллоҳга итоат этган бандалар гуноҳи мағфирати кенг Аллоҳ томонидан кечирилади. Зеро, Аллоҳ Меҳрибон ва гуноҳларни кечирувчи Зотдир.

Аллоҳ таолонинг карамини қаранг: кофирлар Аллоҳ ҳақида шунча нолойиқ гапларни тақатсалар ҳам, Қуръон ҳақида куракда турмайдиган гапларни айтсалар ҳам, Аллоҳ уларни тавбага чарқимоқда, ихлос билан итоат сари юрсалар, гуноҳларини кечириб юборишини маълум қилмоқда!

Аллоҳ таоло шундан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаънларига кофирлар томонидан айтилган гапларни келтиради:

“Яна улар (масхара қилишиб): “Нега бу Пайғамбар (оддий одамлардек) таом ейди ва бозорларда юради?! Унга бирон фаришта туширилиб, у билан бирга қўрқитувчи бўлса эди. Ёки унга (осмондан) хазина ташланса эди, ёхуд унинг учун бир боғу-бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди”, дедилар. Бу золим кимсалар (мўминларга): “Сизлар фақат бир сеҳрланган – ақлдан озган кишига эргашмоқдасизлар”, дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) қаранг, улар Сиз учун қандай мисоллар келтирдилар-а?! Бас, улар (ҳақ йўлдан) оздилар. Энди улар йўл топишга қодир эмаслар. Агар хоҳласа, Сиз учун (шу дунёдаёқ) ўшандан яхшироқ нарсани – остидан дарёлар оқиб ўтадиган жаннатларни қилиб бера оладиган ва Сиз учун қаср-саройларни қилиб бера оладиган Зот – Аллоҳ Баракотли Буюкдир. Йўқ, улар (қиёмат) соатини ёлғон деганлар. Биз эса у соатни ёлғон деган кимсалар учун дўзах ўтини тайёрлаб қўйганмиз!” (Фурқон сураси, 7-11-оятлар).

Ушбу оятлар нозил қилинишига муфассирлар томонидан қуйидаги ривоят сабаб қилиб келтирилган. Қурайш қабиласининг бир гуруҳ одамлари Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга:

– Агар мақсадинг молу дунёга эришиш бўлса, ҳар биримиз сенга мол йиғиб берамиз. Токи орамизда энг бойи сен бўласан. Агар подшоҳликка эришиш мақсадинг бўлса, сени ўзимизга бошлиқ этиб тайинлаймиз, – дейишди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

– Сизлар айтаётган нарсаларни хоҳламайман. Аллоҳ мени сизларга Пайғамбар этиб юборди, менга бир Китоб нозил қилди, сизларга башорат берувчи ва огоҳлантирувчи бўлишимни амр қилди. Мен сизларга Парвардигорим рисолатини етказдим, насиҳат қилдим. Агар келтирган нарсаларимни қабул қилсангиз, бу дунё ва охиратда саодатга эришасиз. Агар рад этсангиз, Аллоҳ ўртамизда ҳукм қилгунича сабр қилиб тураман, – дедилар. Шунда улар:

– Агар таклифимизни қабул қилмайдиган бўлсанг, у ҳолда Парвардигорингдан сўра: айтаётган гапларингни тасдиқлайдиган бир фариштани туширсин. Парвардигорингдан яна сен учун боғлар ва саройлар қилиб беришини сўра! – деб талаб қилишди. Уларнинг бу сўровига жавобан Ҳабибимиз алайҳиссалом:

– Мен бундай қилмайман. Парвардигоридан бундай нарсаларни сўрайдиганлардан эмасман. Аллоҳ мени сизларга бунинг учун юборгани йўқ. Балки башорат берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборди Аллоҳ, – дедилар. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг бу гапи ҳақида мазкур оятларни нозил қилди[30].

“Яна улар (масхара қилишиб): “Нега бу Пайғамбар (оддий одамлардек) таом ейди ва бозорларда юради?!”

Макка мушриклари Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган, Қуръон олдинги ўтган қавмларнинг афсонаси, дейиш билан чекланмай, истеҳзо оҳангида:

– Муҳаммад қандай қилиб пайғамбар бўлади4 Ваҳоланки, биз унинг бошқа одамларга ўхшаб таом еяётганини, ризқ талабида бозорларда юрганини кўриб турибмиз-ку! – дедилар.

“Унга бирон фаришта туширилиб, у билан бирга қўрқитувчи бўлса эди. Ёки унга (осмондан) хазина ташланса эди, ёхуд унинг учун бир боғу-бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди”, дедилар.

Яъни, бир фаришта тушиб Муҳаммадни қўллаб-қувватлаб турса, унинг пайғамбар эканига гувоҳлик берса, ўша фаришта Муҳаммадга хилоф қилганлар оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантирса эди...

Ёки бу пайғамбарга оддий одамлар каби ризқ истаб бозорларда юришига ҳожат қолдирмайдиган тарзда катта бир хазина тушганида, ёки мевали дарахтлар билан тўла бир боғи бўлганида, ўзи ҳам, биз ҳам ўша боғ меваларидан еган бўлардик.

Бу золим кимсалар (мўминларга): “Сизлар фақат бир сеҳрланган – ақлдан озган кишига эргашмоқдасизлар”, дедилар.

Золим кимсалар мўминларга қарата:

– Сизлар ақлдан озган ва тўғри тасарруф қила олмайдиган бир кимсага эргашяпсизлар! – деб таъна қилишди.

Кўриниб турибдики, Макка мушриклари нима қилиб бўлса ҳам одамларни Расул акрам алайҳиссаломга эргашишдан қайтариб, имон йўлига киришларига тўсқинлик қилиш пайида бўлишган.

Аллоҳ таоло уларнинг бу ботил даъволари ва асоссиз иддаоларини бекор кетказиш, уларнинг ҳолидан ажабланиш ва Расули алайҳиссаломга тасалли бериш мақсадида шундай деган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) қаранг, улар Сиз учун қандай мисоллар келтирдилар-а?! Бас, улар (ҳақ йўлдан) оздилар. Энди улар йўл топишга қодир эмаслар”.

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар бу золимлар ҳолига бир назар ташланг! Қанчалик ажабланарли уларнинг ҳолати! Улар сизни баъзан сеҳрда, баъзан шоирликда, айрим ҳолларда коҳинликда айбламоқдалар. Улар Сиз ҳақингизда айтган барча гаплари нотўғри, бу борада адашганлар. Улар айро йўлда ҳайрон бўлган ҳолларида адашиб юрибдилар, ҳақиқат йўлини топишга қодир бўлмайдилар.

Шундан кейин Пайғамбар алайҳиссалом қалбларига мана бу сўзлар билан ҳам тасалли берилади:

“Агар хоҳласа, Сиз учун (шу дунёдаёқ) ўшандан яхшироқ нарсани – остидан дарёлар оқиб ўтадиган жаннатларни қилиб бера оладиган ва Сиз учун қаср-саройларни қилиб бера оладиган Зот – Аллоҳ Баракотли Буюкдир”.

Аллоҳнинг шаъни улуғдир, яхшиликлари бисёрдир. Агар Аллоҳ хоҳласа, эй Муҳаммад алайҳиссалом, мана шу дунёдаёқ улар айтаётган нарсаларидан ҳам яхшироқ неъматларни ато этади: дарахтлари тагидан ариқлар шилдираб оқиб турадиган сўлим боғу роғларни, улкан саройлар ва муҳташам қасрларни беришга Қодир Аллоҳ. Бироқ У Зот буни истамайди. Чунки Сиз учун заҳира қилиб олиб қўйган улуғ мукофотлар яхшироқ ва боқий қолувчидир. Аллоҳ хоҳласа, Сизга мана шу ўткинчи дунёда ҳам улар айтган нарсаларни берарди. Аммо охиратдаги мукофотлар яхшироқдир.

“Йўқ, улар (қиёмат) соатини ёлғон деганлар. Биз эса у соатни ёлғон деган кимсалар учун дўзах ўтини тайёрлаб қўйганмиз!”

Анави кофирлар Аллоҳдан ўзга илоҳларга сиғинганлари етмаганидек, яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом устиларидан ҳам кулишди, масхара қилишди у зотни. Устига-устак бу нонкўрлар қиёмат кунини инкор этишди. Охиратда бўладиган қайта тирилиш, ҳисоб қилиниб, яхшиларга мукофот ва ёмонларга жазо берилишини тан олишмади. Аллоҳ таоло қиёматни рад этган кимсалар учун ловуллаб ёнувчи жаҳаннамни тахт қилиб қўйган.

Бу оятдан қиёмат кунини инкор қилиш куфр экани, бу жаҳаннамда абадий қолишга сабаб бўлишини билиб оламиз.

Қуръони каримни ўқир эканмиз, мушрикларнинг охират кунига бўлган ишончлари йўқ экани, ундаги савоб ва жазони инкор этишларини жуда кўп ўринларда келганига гувоҳ бўламиз.

Қуръони карим уларнинг ҳар бир сўзига нақлий ва ақлий далилларни келтириб, даъволари пуч эканини исботлайди. Бу далил ҳар бир соғлом ақл ва покиза қалб соҳибини, албатта қаноатлантиради.

Энди қуйидаги оятларга эътибор қаратайлик. Аввал мушрикларнинг қиёматни ёлғон деганлари келтирилиб, кейин даъволари асоссиз экани таъкидланади. Аллоҳ таоло шундай деган:

“Улар: “Суяк ва (чирик) мурдаларга айланиб кетгач, яна янгитдан яралиб қайта тириламизми?!” дедилар. Айтинг: “Сизлар хоҳ тош ё темир бўлинглар ёки кўнгилларингизда (ҳаётлигини тасаввур қилиш) жуда қийин бўлган бошқа бирон махлуқ бўлинглар, (ҳар ҳолда Аллоҳ сизларни тирилтиради)”. Ҳали улар: “Бизларни ким тирилтира олади?” дейдилар. “Сизларни илк бор яратган Зот”, деб айтинг! Ҳали улар Сизга бошларини ликиллатиб: “У (кун) қачон бўлади?” деб (сўрайдилар). “Шоядки яқин бўлса”, деб айтинг! “У Зот сизларни чорлайдиган кунда Унга ҳамду сано билан жавоб берасизлар ва ўзларингизнинг (дунёда) жуда оз (муддат) турганларингизни ўйлаб қоласизлар” (Исро сураси, 49-52-оятлар).

Мушрикларнинг бу саволи қиёмат кунини инкор қилиш ва бўлиши мумкин эмас, деган маънода берилмоқда.

Яъни, Аллоҳнинг яккалигини, бир кун келиб қиёмат бўлиши, ўша кунда ҳисоб қилинишни тан олмайдиган кимсалар Пайғамбар алайҳиссаломга:

– Эй Муҳаммад! Қара, агар ўлгандан кейин чириган суякларга айланиб, тупроқ бўлиб кетсак ҳам яна ҳаётга қайтариламизми?! Руҳимиз танамизга қайтиб кирадими-а?! Дунёда бўлгани каби яна танамизга ҳаёт қайтариб бериладими?! – деб инкор оҳангида савол ташлашди.

Уларнинг бу саволи мушрик ва кофирлар Аллоҳ таолонинг қудратидан бутунлай ғофил бўлганларига далолат қилади. Ваҳоланки, Аллоҳ барча нарсага қодир Зотдир.

Айтинг: “Сизлар хоҳ тош ё темир бўлинглар ёки кўнгилларингизда (ҳаётлигини тасаввур қилиш) жуда қийин бўлган бошқа бирон махлуқ бўлинглар, (ҳар ҳолда Аллоҳ сизларни тирилтиради)”.

Бу ерда Пайғамбар алайҳиссаломга қайта тирилишни тан олмаётган кимсаларга қандай жавоб қайтариш ўргатилмоқда.

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, уларга жавобан:

– Агар қўлингиздан келса, ўзингиз ибодат қилаётган тош ёки ҳаётингизда ишлатадиган темир каби бўлиб олинглар! Ё бўлмаса, тош ва темирдан ташқари, сизлар ҳаётга қайтиши оғир деб биладиган бирон нарсага айланиб олинглар! Ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ сизларни яна ҳаётга қайтаришга қодир. Ана ўшанда У Зот сизларни ҳисоб қилади, қилган жиноятларингизга яраша жазо беради, – деб айтинг.

Ҳали улар: “Бизларни ким тирилтира олади?” дейдилар.

Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, ҳали улар Сизга:

– Биз тош ёки темир ё бошқа нарсаларга айланиб қолганимиздан кейин бизларни ким ҳам ҳаётга қайтара оларди? – дейдилар.

Уларга жавобан мана бундай дейиш буюрилган:

“Сизларни илк бор яратган Зот”, деб айтинг!

Яъни, сизларни ўзига хос тарзда яратган Аллоҳ таоло ўлганингиздан кейин яна тирилтиришга Қодир.

Бу ҳақида бошқа оятда шундай дейилган: “У (Аллоҳ) аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат куни) Ўзи яна қайта яратадиган Зотдир. (Қайта тирилтириш) У Зот учун (илк бор йўқдан бор қилишдан кўра) осонроқдир. Осмонлар ва ердаги энг юксак мисол – хислат (яъни, тенгсиз ягоналик хислати) Уникидир. (Аллоҳ) қудрат ва ҳикмат Эгасидир” (Рум сураси, 27-оят).

Улар Пайғамбар алайҳиссаломдан мана шу жавобни эшитганларида, бунга қандай муносабат билдиришлари қуйидаги оятда келтирилади:

Ҳали улар Сизга бошларини ликиллатиб: “У (кун) қачон бўлади?” деб (сўрайдилар).

Яъни, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жавобни эшитганларида масхара қилиш учун бошларини қимирлатадилар ва:

– Сен айтаётган қиёмат қачон бўлади? – деб сўрайдилар.

“Шоядки яқин бўлса”, деб айтинг!

Мана бу жавобда қиёматни инкор қилган кимсалар қаттиқ огоҳлантирилиб, ёмон оқибатдан қўрқитилмоқда.

Яъни, сизлар бўлишига шубҳа билан қараётган қиёмат куни жуда яқин орада қоим бўлиб қолса ажаб эмас, – деб жавоб беринг.

Қиёматнинг яқинлигига шубҳа йўқ. Унинг содир бўлиш вақти жуда ҳам яқин қолган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен қиёмат соати мана бундай бўлган ҳолда юборилганман”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилганлар.

Ана энди қайта тирилишни зўр бериб инкор қилаётган кимсалар қиёматда қай кўйга тушишлари баён қилинади:

“У Зот сизларни чорлайдиган кунда Унга ҳамду сано билан жавоб берасизлар...”

Оятда зикр қилинган чорловчи Исрофил алайҳиссаломдир. Аллоҳ таоло унга сурга пуфлаш учун рухсат берганида у халойиқни чорлайди. Бу ҳақда шундай дейилган: “Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзотлар ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни, барча халойиқ қайта тирилди ва қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутадилар” (Зумар сураси, 68-оят).

Яна шундай дейилган: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) энди Сиз улардан юз ўгиринг! Чорловчи (Исрофил фаришта) нотаниш бўлган бир нарсага (яъни, қиёматдаги кофирлар учун бўладиган даҳшатли ҳисоб-китобга) чорлайдиган кунда улар (кофирлар) кўзлари (қўрқувдан) қуйига боққан ҳолларида гўё ёйилган чигирткалар каби қабрларидан чиқиб келадилар. Чорловчи томонига шошганларича (кетар эканлар,) кофирлар: “Бу оғир кундир”, дейдилар” (Қамар сураси, 6-8-оятлар).

Яъни, эй, ёлғонга чиқарувчилар! Исрофил сизларни қайта тирилишга чорлайдиган вақтини эсланг! Ўшанда сиз унинг даъватига лаббай деб ижобат қилиб, Аллоҳнинг қудрати комиллигига гувоҳлик бериб, У Зотга ҳамду санолар айтган ҳолда келасизлар, дунёда қайта тирилиш ва ҳисобни инкор этганингиз ёдингиздан кўтарилади.

Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинишича, улар бошларидан тупроқни қоқиб ташлаб: “Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдик”, дейдилар[31].

“Ва ўзларингизнинг (дунёда) жуда оз (муддат) турганларингизни ўйлаб қоласизлар”.

Яъни, улар қайта тирилганларида дунёда ёки қабрларида жуда оз фурсат тургандек бўладилар.

Қатода шундай деган: “Улар қиёмат кунидаги қўрқинчларни кўрганларида дунё кўзларига жуда паст ва кўз очиб юмгунча ўтиб кетгандек кўринади. Кейин ана шу гапни айтадилар”.

Бу ҳақида яна шундай дейилган: “Улар у (қиёмат соати)ни кўрадиган кунда (бу дунёда) гўё биргина пешиндан сўнг ёки чошгоҳ пайтида тургандек (яъни,бир кун ҳам яшамагандек) бўлиб қоладилар!” (Нозиот сураси, 46-оят).

Ёсин сурасидаги ояти карималарда охиратдаги қайта тирилиш ҳақлиги ва Аллоҳ нақадар қудратли Зот эканига ёрқин далиллар келтирилган. Аллоҳ таоло шундай деган:

“Инсон Биз уни нутфадан – бир томчи сувдан яратганимизни, энди эса ўша (ожиз инсон) баногоҳ (ўзимизга) очиқ қаршилик қилувчи бўлиб қолганини кўрмадими?! У Бизга “Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олади?” деб мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган Зотнинг Ўзи қайта тирилтиради. У (Ўзи яратган) барча халқни Билувчидир”. У сизлар учун ям-яшил дарахтдан оловни пайдо қилган Зотдир. Бас, сизлар ўшандан ўт ёқасизлар. Осмонлар ва ерни яратган Зот ўхшашини яратишга қодир эмасми?! Йўқ, (албатта қодирдир), Унинг Ўзигина Яратувчи ва Билувчидир. Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина “Бўл”, дейишдир. Бас, у (нарса) бўлади – вужудга келади. Бас, барча нарсанинг эгалиги – подшоҳлиги измида бўлган (Аллоҳ ҳар қандай айбу нуқсондан) Покдир. Ва (албатта) сизлар Ёлғиз Унгагина қайтариласизлар” (Ёсин сураси, 77-83-оятлар).

Ривоят қилинишича, Убай ибн Халаф қўлида чириган бир суяк билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб, уни майдалаб сочиб юборди ва:

– Эй Муҳаммад, Аллоҳ мана шуни қайта тирилтиради, деб даъво қиляпсанми? – деди. Шунда Жанобисиз алайҳиссалом:

– Ҳа, Аллоҳ сени ўлдиради, кейин қайта тирилтиради ва дўзахга киритади! – деб қатъият билан жавоб бердилар. Шунда юқоридаги оятлар нозил қилинди.

“Инсон Биз уни нутфадан – бир томчи сувдан яратганимизни, энди эса ўша (ожиз инсон) баногоҳ (ўзимизга) очиқ қаршилик қилувчи бўлиб қолганини кўрмадими?!”

“Инсон”дан мурод, инсон зотидир. Бунга биринчи навбатда қайта тирилишни инкор этадиган кимсалар киради.

“Нутфа” эса эркакдан аёлга жисмига ўтувчи манийдир.

“Очиқ қаршилик қилувчи”дан мурод, ботилни ушлаб олиб тортишувчи кофир одам.

Яъни, бу одамнинг жоҳиллигига эътибор беринг: Биз уни эркак сулбидан чиқиб, аёл бачадонига тушадиган ҳақир бир сувдан яратган эдик. Йўқдан бор қилган Зот уни яна ҳаётга қайтаришга Қодирдир.

Инсон бу ҳақда тафаккур қилиб, унинг ҳақиқатини англаб етиши керак эди. Бироқ ғофиллиги ва ношукрлиги сабаб жанжаллашишга ошиқди.

У Бизга “Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олади?” деб мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди!

Яъни, ботилни ушлаб олиб тортишадиган кимса бу билан чекланмади. Балки Бизга жуда ғаройиб мисол келтирди. Нимадан яратилганини фикр қилмай туриб:

– Мана шу чириб битган суякларни ким ҳам ҳаётга қайтара оларди? – деб қудратимизни инкор этди, қиёматдаги қайта тирилишга ишонмади.

Шундан кейин инкон этувчилар оғзини ёпиб қўядиган жавоб келтирилади:

(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган Зотнинг Ўзи қайта тирилтиради. У (Ўзи яратган) барча халқни Билувчидир”.

Яъни, ўлимдан кейин таналарга ҳаёт қайтарилишини тан олмаётган кимсаларга қарата:

– Бу чириган таналарни Аллоҳ қайта тирилтиради. Аввал эсланмайдиган нарса ҳолида уни йўқдан бор қилганди. Йўқ нарсадан вужудга келтирган Зот бир жоннинг вафотидан кейин уни ҳаётга қайтаришга шубҳасиз Қодир. Аллоҳ таоло махлуқотлари ҳолидан мутлоқ хабардордир. Ерда ҳам, кўкда ҳам бирон нарса Аллоҳдан сир бўлиб қолмайди, – деб айтинг.

“У сизлар учун ям-яшил дарахтдан оловни пайдо қилган Зотдир. Бас, сизлар ўшандан ўт ёқасизлар”.

Мана бу қайта тирилтиришнинг ҳақлилига яна бир далилдир.

Икки дарахтни бир-бирига урса, ҳўл бўлишига қарамай Аллоҳнинг изни билан ундан ўт чиқади. Бу ҳам Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи ҳужжатлардандир.

Яшил дарахтдан ўт чиқишини жорий этган Зот жисмлар йўқ бўлиб кетганидан кейин ҳам уларни қайта тирилтиришга албатта Қодир.

“Осмонлар ва ерни яратган Зот ўхшашини яратишга қодир эмасми?!”

Осмонлар ва ерни яратишга қодир бўлган Аллоҳ кичик ҳажмдаги ва жуссаси заиф бўлган инсон боласини қайта тирилтиролмайдими?

“Йўқ, (албатта қодирдир), Унинг Ўзигина Яратувчи ва Билувчидир”.

Аллоҳ уларга ўхшашини яратишга ва яна қайта ҳаёт ато этишган шубҳасиз қодир. Аллоҳ махлуқотларни яратувчи ва барча нарсани мутлоқ билувчи Зотдир.

“Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина “Бўл”, дейишдир. Бас, у (нарса) бўлади – вужудга келади”.

Аллоҳ бирон нарсани яратишни истаса: “Мавжуд бўл, ярал!” дейди, холос. Ана ўша нарса айнан Аллоҳ хоҳлаганидек бўлади.

“Бас, барча нарсанинг эгалиги – подшоҳлиги измида бўлган (Аллоҳ ҳар қандай айбу нуқсондан) Покдир. Ва (албатта) сизлар Ёлғиз Унгагина қайтариласизлар”.

Ҳа, У ҳамма нарсанинг Эгасидир. Барча нарсалар тўлиқ измида бўлган Аллоҳ ҳар қандай нуқсондан Покдир. Аллоҳга қайтиш бордир. У Зот қиёмат куни бандаларини ҳисоб қилиш учун қайта тирилтиради. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Шунингдек, мушриклар ўзлари маҳкам ушлаб олган ширк ақидасини оқлаш учун баъзи шубҳаларни тарқатишган, пуч даъволарни илгари суришган. Масалан, улар бундай нотўғри ишлари Аллоҳнинг изни билан қилинаётганини айтишган. Қуйидаги оятларда шу ҳақида маълумот берилган. Аллоҳ таоло айтади:

“Ҳали мушрик бўлган кимсалар: “Агар Аллоҳ хоҳлаганида на биз, на ота-боболаримиз мушрик бўлмаган ва бирон нарсани ҳаром қилиб олмаган бўлар эдик”, дейишади. Улардан аввалгилар ҳам то азобимизни тотгунларича (ўз пайғамбарларини) мана шундай ёлғончи қилганлар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Олдиларингда бизга кўрсатадиган бирон ҳужжатингиз борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз, сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз!” Айтинг: “Аллоҳнинг эса етук ҳужжати бордир. Бас, агар У Зот хоҳлаганида барчангизни ҳидоят қилган бўлар эди”. Айтинг: “Аллоҳ мана шу (яъни, мазкур нарсаларни) ҳаром қилганига гувоҳлик берадиган гувоҳларингизни келтиринг!” Энди агар улар (ёлғон) гувоҳлик берсалар, Сиз улар билан гувоҳлик берманг! Ва Бизнинг оятларимизни ёлғон дейдиган, охиратга имон келтирмайдиган кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Улар Парвардигорларига (ўзгаларни) тенглаштирадилар” (Анъом сураси, 148-150-оятлар).

Мана шу оятларда қадимдан бўлиб келган даъволарга кучли раддия берилмоқда. Қадимги дейишимизга сабаб, аввалда ўтган пайғамбарлар билан талашиб-тортишган кимсалар мана шу сўзлар билан ўзларини оқлашга уринишган. Қолаверса, ҳар бир замонда ўтадиган исёнкор кимсалар ўзларининг даъволарини ва ботил ақидаларини илгари суриш учун мана шундай гумон аралашган нарсаларни маҳкам ушлаб оладилар ва бошқаларни ҳам тўғри йўлдан урмоқчи бўладилар.

Оятда айтилаётган тоифалар энг қабиҳ ишларни қилишга қилиб: “Бу Аллоҳнинг буйруғи, Аллоҳ шуни хоҳлаган экан. Агар Аллоҳ бундай бўлишини истамаганида, қилмасдик бу ишларни. Аллоҳ бизга шундай қилишни тақдир этган экан, бизнинг гуноҳимиз нима? Нима сабабдан бизни азоблайди?” дейишади. Улар бу билан Аллоҳнинг амри ва қайтариқларини енгил санаб, шариат доирасидан чиқишни ва ўз билганларича яшашни истайдилар, холос.

Эй ўқувчи! Бу оятларга эътибор қаратинг! Қуръони карим бизга уларнинг асоссиз даъволарини баён қилиб, кейин уни ҳақ ила барбод қилмоқда, кучли ҳужжат билан улар оғзидан чиққан гаплар бекор экани тасдиқланмоқда.

Ҳали мушрик бўлган кимсалар: “Агар Аллоҳ хоҳлаганида на биз, на ота-боболаримиз мушрик бўлмаган ва бирон нарсани ҳаром қилиб олмаган бўлар эдик”, дейишади.

Яъни, анави мушриклар:

– Агар Аллоҳ таоло хоҳлаганида, биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам Унга бирон нарсани шерик қилмаган бўлардик! Лекин Яратган Зот буни хоҳламади. Балки ибодатда Ўзига мана шу бутларни шерик қилишимизни истади! Аллоҳ бизнинг бу ишимизга рози бўлган. Эй Муҳаммад, яна нега Аллоҳнинг иродасига қарши чиқяпсан, Аллоҳ бизни буюрмаган динга киришга даъват қиляпсан? – дейишади.

Мушрикларнинг куракда турмайдиган бундай гаплари бошқа оятларда ҳам келтирилган: “Мушрик бўлган кимсалар: “Агар Аллоҳ хоҳлаганида биз (ҳам), ота-боболаримиз (ҳам) ундан ўзга бирон нарсага ибодат қилмаган ва у(нинг ҳукми)сиз бирон нарсани ҳаром қилмаган бўлар эдик”, дедилар. Улардан аввал ўтган (кофир) кимсалар ҳам мана шундай қилган эдилар (яъни, ўз ихтиёрлари билан куфр йўлини танлаб, сўнгра: “Бизнинг кофирлигимизга Аллоҳнинг ўзи сабаб”, деб Аллоҳ таоло шаънига туҳмат қилган эдилар). Пайғамбарлар зиммасида (одамларни мажбуран динга киритиш эмас, балки) фақат (Аллоҳ нозил қилган ваҳийни) очиқ-ойдин етказиш бордир” (Наҳл сураси, 35-оят).

“Улардан аввалгилар ҳам то азобимизни тотгунларича (ўз пайғамбарларини) мана шундай ёлғончи қилганлар”.

Макка мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динни ёлғонга чиқарганлари каби улардан олдинги қавмлар ҳам ўз пайғамбарларини инкор этишганди. Уларнинг бошига Аллоҳнинг азоби тушмагунича улар исёнда давом этдилар.

Ботилни қаттиқ ушлаб олиб тортишаётган мушриклар оғзи ёпилганидан кейин Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига улар даъво қилаётган нарсага далил келтиришни сўрашга амр қилган:

(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Олдиларингда бизга кўрсатадиган бирон ҳужжатингиз борми?”

Яъни, эй Муҳаммад, уларни тергаш ва ожиз қолдириш учун:

– Айтаётган гапингиз тўғрилигини тасдиқлайдиган бирон ишончли ҳужжатингиз борми? Агар бўлса, бизга кўрсатинг уни, сиз билан ўша ҳақда баҳслашамиз, мен сизларга ўзим келтирган очиқ ҳужжат-далилларни ҳам ҳавола қиламан. Ақлли киши илмсиз тарзда бирон нарсани сўзламайди, – деб айтинг.

Мушрикларнинг ҳақиқий ҳолати қандайлиги қуйида баён этилади: “Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз, сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз!”

Яъни, сизларда илм йўқ, ҳужжат йўқ. Айтаётган сўзингиз ва қилаётган ишларингиз, ақидангиз, ҳаммаси шубҳа-гумондан иборат. Гумон ҳеч ҳам ҳақиқат ўрнига ўтмайди. Сиз бу даъвойингиз билан Аллоҳ шаънига ёлғон тўқимоқдасиз.

Мушрикларнинг гумонга ишониб иш тутаётганлари айтилгач, энди Аллоҳ таолонинг ҳужжати улуғлиги, бирон далил унинг олдига туша олмаслиги таъкидланади:

Айтинг: “Аллоҳнинг эса етук ҳужжати бордир. Бас, агар У Зот хоҳлаганида барчангизни ҳидоят қилган бўлар эди”.

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар гумон ва ёлғонга асосланиб эътиқод қилаётган ва даъволарига энг оддий далил келтиришга-да ожиз қолган бу кимсаларга:

– Ёлғиз Аллоҳнинг очиқ-ойдин ва мукаммал ҳужжати бордир. У Зотнинг ҳужжати кучли, шубҳаларни даф этувчидир. Агар Аллоҳ сизларни тўғри йўлга бошлашни хоҳлаганида, шундай қилган бўларди. Зеро, У Зот бирон нарсадан ожиз қолмайди. Лекин Аллоҳ сизларни ҳидоят қилишни истамади. Ичларидан баъзиларини тўғри йўлга бошлади. Улар ҳақ динга мойил бўлдилар. Қолганлари эса залолат йўлини афзал билиб, ботил динга кириб кетдилар, – деб айтинг!

Аллоҳнинг мулкидаги барча нарса У Зотнинг хоҳиши билан содир бўлади. Итоат этувчи ирода остидадир. Осий ҳам ирода остидадир. Лекин Аллоҳ бирон кишини тоат ё маъсиятга мажбурламайди. Аллоҳнинг қазоси бўладиган воқеа ва ҳодисаларни улар содир бўлишидан олдин билишидир. Бу илм таъсир қилиш ё мажбурлаш эмас. Аллоҳ ирода қилган нарсани биз билмаймиз. Биз фақат ўзимизга буюрилган ва қайтарилган ишларнигина биламиз.

Аллоҳ таоло инсон табиатига яхшилик ва ёмонликка мойил бўлиш хусусиятини берган, тўғри йўлдан юриши учун унга ақл ато этган. Ақлга суяниб адашиб кетмасликлари учун пайғамбарлар орқали уларни ҳақ йўлга даъват қилган.

Шундай экан, банда ҳидоят ёки залолат сари қадам ташлашидан қатъи назар, Аллоҳнинг иродаси аниқ амалга ошади. Банда адашиб кетса, жазоланади. Ҳидоят йўлидан юрса, мукофотини олади. Аллоҳ бандани икки йўлдан бирини танлашга имкон берган. Банданинг ихтиёри ўзида. Хоҳласа, имон йўлдан юрсин, хоҳласа, залолатга кетсин. Яхши бўлса, нажот топади. Ёмон бўлса, азобга йўлиқади. Бу Аллоҳнинг ўзгармас қонунидир. Аллоҳнинг тақдирини ҳеч ким ўзгартиролмайди.

Шундай экан мушриклар: “Аллоҳ бизни мажбур қилгани учун шундай бўлдик. Биз ундан қутулолмаймиз”, деб айтаётган гаплари ёлғон ва асоссиздир. Бу гапнинг ҳужжати йўқ, илмдан узоқ, соғлом ақлга умуман тўғри келмайди. Зеро, Аллоҳ бандаларини итоатга ҳам, маъсиятга ҳам мажбурламайди.

Мана бу оятга эътибор қаратайлик: “Шак-шубҳасиз, сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз хилма-хилдир. Ана энди ким (ўз молидан камбағалларга) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса ҳамда гўзал оқибатни (яъни, жаннат борлигини) тасдиқласа, бас, Биз уни осон йўлга муяссар қиламиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат қилса ҳамда гўзал оқибатни (яъни, Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса, бас, Биз уни оғир йўлга муяссар қиламиз!” (Лайл сураси, 4-10-оятлар).

Шундан кейин мушрикларни ожиз қолдирувчи яна бир талаб ўртага ташланади:

Айтинг: “Аллоҳ мана шу (яъни, мазкур нарсаларни) ҳаром қилганига гувоҳлик берадиган гувоҳларингизни келтиринг!”

Яъни, Аллоҳ таоло сизларга айрим нарсаларни ҳаром қилганини даъво қилаётган бўлсангиз, марҳамат, ҳақиқатан ҳам шу нарсаларнинг ҳаром қилинганига гувоҳларингизни чақиринг!

Бундан мақсад, уларнинг устидан истеҳзо қилиш ва уларнинг асосли бир ҳужжати йўқ эканини таъкидлашдир.

Кейин Аллоҳ шундай дейди: “Энди агар улар (ёлғон) гувоҳлик берсалар, Сиз улар билан гувоҳлик берманг!”

Яъни, агар улар гувоҳ келтирган тақдирларида ҳам, гувоҳлигини қабул қилманг, тасдиқламанг ва уларнинг қошида сукут ҳам сақламанг! Зеро, бундай вақтдаги сукут розилик аломатидир. Сиз Аллоҳ берган ҳужжат-далиллар билан қилаётган даъволари асоссиз эканини исботлаб беринг!

“Ва Бизнинг оятларимизни ёлғон дейдиган, охиратга имон келтирмайдиган кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг!”

Яъни, одамларга ҳидоят ва нур бўлиши учун Аллоҳ туширган оятларни инкор этадиган кимсалар гапига кирманг, уларга эргашманг асло! Чунки улар гувоҳлик келтирган тақдирда ҳам шаҳодатлари ҳойи ҳавас ва залолат асосига қурилгандир.

“Улар Парвардигорларига (ўзгаларни) тенглаштирадилар”.

Яъни, Аллоҳнинг оятларини инкор қилиб, охиратга ишонмайдиган, Аллоҳга бошқа нарсаларни шерик қиладиган кимсаларга итоат этманг! Ваҳоланки, Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир. У Зотнинг шериги йўқ.

Мана шу оятларни тадаббур қилар эканмиз, Қуръони карим мушриклар оғзидан чиққан ёлғон даъволар ва пуч иддаоларни қандай рад этгани, одамларни тўғри йўлдан уришга чиранган кимсаларни ожиз қолдирувчи талабларни ўртага ташлаганини кўрамиз. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига ваҳий қилиб дин душманларига қандай муомала қилишни таълим берди, кучли ҳужжат-далиллар билан уларнинг оғзини ёпиб қўйди. Аллоҳ таоло: “Йўқ, Биз Ҳақ – Қуръонни ботил-жаҳолатнинг устига отамиз, бас, (ҳақиқат ботилни) эзиб-янчиб, баногоҳ (ботил) йўқ бўлади. Сизлар учун эса, (эй мушриклар, Аллоҳнинг “Хотини, боласи бор” деб нолойиқ сифатлар билан) сифатлаганингиз сабаб ҳалокат бўлади[32]” деб нақадар рост айтган!

ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМГА ТАСАЛЛИ БЕРИЛИШИ ВА СОБИТҚАДАМ ҚИЛИНИШЛАРИ

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳаётлари ҳақидаги маълумотларни ўқир эканмиз, у зотнинг душманлари турли хил азиятлар беришгани, макр-ҳийла ишлатганлари, исён қилганлари, Аллоҳ берган фазлни кўролмай ҳасаддан ичлари олов бўлиб ёнганини кўрамиз. Меҳрибон Ҳабибимиз қавмлари томонидан қилинаётган бундай ишлардан сиқилардилар, даъватни қабул қилмаётганидан ғам-андуҳга ботардилар, икки дунё саодатига элтувчи энг нурафшон йўлни четлаб ўтаётганлари сабабли қайғуга ботардилар.

Лекин Аллоҳ таоло у зотнинг қалбларига кучли имон нурини жойлади, ҳимматларини баланд қилди, керакли кўрсатмалар бериб, Ўз ҳимоясига олди. Шунинг натижасида Расулуллоҳ алайҳиссалом зиммаларига юклатилган вазифани мукаммал адо этдилар, ҳеч қандай тараддудсиз Аллоҳнинг амрларини одамларга етказдилар.

У зот алайҳиссаломга турли йўллар билан тасалли бериб турилди. Бу билан душманлар етказаётган азиялардан ғамгин қалбларига юпанч берилди. Баъзида душманлар айтаётган гаплар аввалги пайғамбарларга ҳам айтилгани зикр қилинган. Аллоҳ таоло шундай деган: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сизга ҳам (кофирлар томонидан) фақат Сиздан аввалги пайғамбарларга айтилган сўзларгина айтилади (яъни, агар мушриклар Сизга озор етказаётган бўлсалар, Сиз бунга сабр қилинг. Чунки аввалги пайғамбарларга ҳам кофирлар томонидан худди шунга ўхшаган азиятлар етган эди). Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз ҳам мағфират Соҳибидир, ҳам аламли азоб Соҳибидир” (Фуссилат сураси, 43-оят).

Баъзи вақтларда Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳга кўп ибодат қилишга ундаш билан тасалли берилган. Чунки ибодат қалбдаги ғам-ташвишларни аритади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Шак-шубҳасиз, Биз улар (Сизни масхара қилиб) айтаётган сўзлардан дилингиз сиқилишини биламиз. Бас, Сиз Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У Зотни “шерик”лардан) пок деб ёд этинг ва сажда қилувчилардан бўлинг. (Шунингдек,) то Сизга аниқ нарса (яъни, ўлим соати) келгунча Парвардигорингизга ибодат қилинг!” (Ҳижр сураси, 97-99-оятлар).

Яъни, эй Муҳаммад, агар мушриклар айтаётган хунук сўзлардан қалбингиз сиқилса, бас, Бизга тасбеҳ, ҳамду сано айтинг ва кўп ибодат қилинг. Шунда Аллоҳнинг изни билан ғам-анҳуд ва ташвишлардан фориғ бўласиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тасалли берилган баъзи оятларда душманлар аянчли оқибатга йўлиқиши, Расулуллоҳ алайҳиссалом ва мўминлар мавриди келиб ғалабага эришиб, охиратда нажот топишлари башорати берилади.

Яна айрим оятларда у зот сабр қилишга буюрилганлар: “Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом,) сабр-тоқат қилинг! Шубҳасиз, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. (Охиратга) ишонмайдиган кимсалар Сизни ҳаргиз бетоқат қилмасинлар” (Рум сураси, 60-оят).

“Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз ҳам (ўтган) пайғамбарлар орасидаги улул азм – матонат эгалари сабр қилганларидек (мушриклар озорларига) сабр қилинг...” (Аҳқоф сураси, 35-оят).

“Ва улар (мушриклар) айтаётган сўзларига сабр қилинг ҳамда уларни чиройли тарк этинг!” (Муззаммил сураси, 10-оят).

Мана бу оятда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга тасалли берувчи умумий кўрсатмалар келган. Аллоҳ таоло шундай деган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) албатта Биз уларнинг гаплари Сизни маҳзун қилишини биламиз. Зотан, улар Сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар. Маълумки, Сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончи қилинганлар. Сўнг, то уларга Бизнинг ёрдамимиз келгунича ёлғончи қилинганларига ва чеккан азиятларига сабр қилганлар. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартира олувчи бирон кимса йўқдир. Ахир Сизга ўтган пайғамбарларнинг хабарларидан ҳам келган-ку! Агар Сизга уларнинг (имондан) юз ўгиришлари оғир ботиб (сабр қила олмасангиз,) у ҳолда Сиз ерга (кириб кетадиган) бирон тешик ёки осмонга (чиқиб кетадиган) бирон нарвон истаб – топиб, уларга оят-мўъжиза келтиришга қодир бўлсангиз, (шундай қилаверинг). Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта уларни ҳидоят устида жамлаган бўлар эди-ку! Бас, ҳаргиз жоҳиллардан бўлманг! Албатта эшита оладиган зотларгина (Сизнинг даъватингизни) қабул қиладилар. Ўликларни (кофирларни) эса (қиёмат куни) Аллоҳ тирилтиради. Сўнгра Ўзига қайтариладилар” (Анъом сураси, 33-36-оятлар).

Аллоҳ таоло юқоридаги оятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга тасалли бериб:

– Эй Муҳаммад, қавмингиз Сизни ёлғончига чиқаргани учун ғамга ботганингизни биламиз. Улар айни пайтда Сизни ёлғонда айблаётганлари йўқ. Лекин ҳақни инкор қилмоқдалар, диллари билан унга қаршилик қилишмоқда, – деб тасалли бермоқда.

Бу ҳақиқатни мушрикларнинг ўзлари ҳам тан олишган. Ривоят қилинишича, Абу Жаҳл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб:

– Эй Муҳаммад, биз сени ёлғончисан, демаймиз. Балки сен олиб келган нарсаларни инкор этамиз, – деган.

Абу Язид Маданийдан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлда Абу Жаҳл билан учрашиб қолдилар ва у билан кўришдилар. Шунда бир киши унга:

– Диндан қайтган мана шу одам билан кўришяпсанми?! – деди. Абу Жаҳл бўлса:

– Аллоҳга қасамки, мен унинг пайғамбар эканини аниқ биламан. Лекин биз Бани Абдуманофга қачон тобеъ бўлганмиз?! – деди.

Абу Язид кейин “Зотан, улар Сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар” оятини тиловат қилди[33].

Пайғамбаримиз алайҳиссалом қавмларининг мусулмон бўлишига ўта ҳарис эдилар. Мушриклар юз ўгириб кетганларини кўрсалар, маҳзун бўлардилар. Бу маънода жуда кўп оятлар келган. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай деган: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) агар улар ушбу сўзга – Қуръонга имон келтирмасалар, эҳтимол Сиз уларнинг ортидан афсус-надомат билан ўзингизни ҳалок қиларсиз!” (Каҳф сураси, 6-оят).

“Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом,) жонингиз уларнинг (имон келтирмаганлари) устида ҳасрат-надоматлар чекиб кетмасин. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган ҳунарларини Билувчидир” (Фотир сураси, 8-оят).

“Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сизни уларнинг сўзлари ғамгин қилмасин! Зотан, Биз уларнинг яширадиган нарсаларини ҳам, ошкор қиладиган нарсаларини ҳам биламиз” (Ёсин сураси, 76-оят).

Шундан кейин ўтган пайғамбарлар ҳам қавми томонидан ёлғончи қилингани айтилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга тасалли берилади:

“Маълумки, Сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончи қилинганлар. Сўнг, то уларга Бизнинг ёрдамимиз келгунича ёлғончи қилинганларига ва чеккан азиятларига сабр қилганлар”.

Яъни, эй Муҳаммад, Сиздан олдинги набийлар ҳам қавми тарафидан инкор этилган, турли озорларга учраганди. Сиз эшитаётган ва тортаётган азиятлар биринчиси эмас. Бундай синовлар бошқа пайғамбарларнинг ҳам бошига тушган. Мазкур анбиёлар қавмининг куфри ва жоҳиллигига сабр қилишди. Натижада, Аллоҳ уларга нусрат берди. Сиз пайғамбарларнинг имоми ва якунловчисисиз. Бас, Сиз ҳам ғалабага эришиш учун сабр қилинг.

“Аллоҳнинг сўзларини ўзгартира олувчи бирон кимса йўқдир”.

Аллоҳнинг суннатини (тақдирини, қонунини) ўзгартирувчи йўқ. Ҳеч бир макон ва замонда У Зотнинг солиҳ бандаларига нусрат бериши ҳақидаги сўзи ўзгармайди.

Муҳаққиқ уламоларга кўра, “Аллоҳнинг сўзлари”дан мурод, У Зотнинг шариати, сифатлари, ҳукмлари, борлиқдаги жорий қилган қонунларидир. Бунга биринчи навбатда, анбиёлар ва солиҳ кишиларга ваъда қилинган кўмак ва ғалаба киради.

“Ахир Сизга ўтган пайғамбарларнинг хабарларидан ҳам келган-ку!”

Яъни, Сизга аввалги анбиёлар хабари келди, Аллоҳ Қуръонда буни баён қилди. Улар азиятларга мардонавор сабр қилишди ва Аллоҳнинг мукофотига сазовор бўлишди – ғанимлар устидан зафар қучишди.

Шундан кейин анави инкор этувчиларнинг имони Аллоҳнинг иродасига боғлиқ экани таъкидланади:

“Агар Сизга уларнинг (имондан) юз ўгиришлари оғир ботиб (сабр қила олмасангиз,) у ҳолда Сиз ерга (кириб кетадиган) бирон тешик ёки осмонга (чиқиб кетадиган) бирон нарвон истаб – топиб, уларга оят-мўъжиза келтиришга қодир бўлсангиз, (шундай қилаверинг)”.

Яъни, эй Муҳаммад! Қавмингиз имондан юз ўгиргани Сизга оғир ботаётган бўлса, улар талаб қилган оятларнинг келтирилиши имонларига сабаб бўлади, деб ўйлаётган бўлсангиз, у ҳолда ер қаърига элтувчи йўлни, ёки осмонга чиқарувчи нарвонни талаб қилишга қодир бўлсангиз, шундай қилинг! Зеро, бунинг фойдаси йўқ. Чунки анави мушрикларни ростгўйлигингизни тасдиқловчи ҳужжат-далиллар қониқтирмайди. Улар даъватингиздан юз ўгириб кетадилар.

“Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта уларни ҳидоят устида жамлаган бўлар эди-ку! Бас, ҳаргиз жоҳиллардан бўлманг!”

Яъни, агар Аллоҳ уларни Сиз олиб келган ҳидоятда жамлашни хоҳлаганида, шундай бўларди, мушрикларни имонга йўллар, улар ҳам имон келтиришарди. Бироқ Аллоҳ бундай бўлишини истамади. Сабаби улар ўткинчи дунё ҳаётини афзал кўришди. Шундай экан, Аллоҳ махлуқларида жорий қилган ҳикматдан, У Зотнинг илми тақозо этган ишлардан жоҳил бўлиб қолманг!

Ана энди имон аҳли ким экан, кимлар пайғамбарларга ижобат этиши баёни келади:

“Албатта эшита оладиган зотларгина (Сизнинг даъватингизни) қабул қиладилар”.

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, сизнинг даъватингизга тадаббур билан эшитадиган зотлар ижобат қиладилар. Аммо мана бу кимсалар қалбини Аллоҳ муҳрлаб қўйган. Бас, улар эшитган нарсаларини тушунмайдилар.

“Ўликларни эса (қиёмат куни) Аллоҳ тирилтиради. Сўнгра Ўзига қайтариладилар”.

Бу ердаги “ўликлар”дан мурод, қалби ўлик кофирлардир. Аллоҳ таоло уларни танаси ўлик одамларга ўхшатмоқда. Бу уларнинг шаънини оёқ ости қилиш ва истеҳзо маъносидадир[34].

Яъни, даъватни тафаккур билан эшитмайдиган мушрикларни Аллоҳ қиёмат куни қабрларидан турғизади ва жуда оғир ҳисоб қилади. Сабаби улар дунёда ботил сўзларни айтган ва ёмон ишларни қилишганди.

Қуйидаги оятларда ҳам Пайғамбар алайҳиссаломга тасалли берилиб, тўғри йўлда мустаҳкам бўлишга чақирилган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Биз Сизга пайғамбарларнинг хабарларидан дилингизни мустаҳкам қиладиган барча қиссаларни сўйлаб берамиз ва бу қиссаларда Сизга ҳақиқат ҳамда барча мўминлар учун панд-насиҳат ва эслатмалар келди. Имон келтирмайдиган кимсаларга айтинг: “Ўзларингиз билган амалларингизни қилаверинг, биз ҳам ўз амалимизни қилувчимиз, ҳамда кутувчилармиз”. Осмонлар ва ернинг сирлари Ёлғиз Аллоҳникидир ва барча ишлар Унинг Ўзига қайтарилади. Бас, Унга ибодат қилинг ва Ўзига суянинг! Парвардигорингиз сизлар қилаётган амалларингиздан ғофил эмас” (Ҳуд сураси, 120-123-оятлар).

Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, Биз сизга аввалда ўтган ҳурматли пайғамбарлар қиссасини сўзлаб берамиз. Бундан мақсад, қалбингизни мустаҳкамлаш, ишончингизни кучайтириш, Сизга тасалли бериш, одамларни ҳақ йўлга даъват қилиш чоғида етган азиятларга сабр қилишга чақиришдир.

“Бу қиссаларда Сизга ҳақиқат ҳамда барча мўминлар учун панд-насиҳат ва эслатмалар келди”.

Яъни, бу ва бошқа сураларда воқеликка мувофиқ келувчи ҳақиқат, ҳикматли насиҳатлар, керакли эслатмалар бордир. Мўминлар бундан ўзларига манфаат оладилар. Бироқ Қуръон суралари қалбида касаллик бор кимсаларнинг нопокликларига нопокликни зиёда қилади ва улар кофир ҳолларида ўлиб кетадилар.

Шундан кейин Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни душманлар таҳдидига парво қилмасдан ҳақ йўлда бардавом бўлишга ундайди:

Имон келтирмайдиган кимсаларга айтинг: “Ўзларингиз билган амалларингизни қилаверинг, биз ҳам ўз амалимизни қилувчимиз, ҳамда кутувчилармиз”.

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, даъват йўлингизга тиконлар ташлаётган анавий мушрикларга:

– Менга нисбатан қўлингиздан келган макр-ҳийлани ишлатаверинг. Қандай бўлмасин, мен ва асҳобларим Аллоҳ бизни ҳидоят қилган ҳақ йўлдан оғишмай йўлимизда давом этамиз. Сизнинг дўқ-пўписангизга эътибор бермаймиз. Сизлар Аллоҳ бошингизга туширадиган азобни кутиб тураверинглар. Биз ҳам сиз билан уни кутамиз! – деб айтинг.

Ҳуд сураси қуйидаги ояти билан ниҳояланади: “Осмонлар ва ернинг сирлари Ёлғиз Аллоҳникидир ва барча ишлар Унинг Ўзига қайтарилади. Бас, Унга ибодат қилинг ва Ўзига суянинг!”

Аллоҳнинг Ўзи осмонлар ва ердаги ғайб нарсаларни билади. Барча ишлар: тирилтириш ва ўлдириш, ҳидоятга бошлаш ва залолатга йўллаш, сиҳҳат ва касаллик, нусрат ва мағлубиятга учратиш Ёлғиз Аллоҳга тегишлидир (яъни, бу ишларни Аллоҳ қилади).

Шундай экан, Аллоҳга ихлос билан ибодат қил, У Зотга таваккул қил!

“Парвардигорингиз сизлар қилаётган амалларингиздан ғофил эмас”.

Аллоҳ бандалар қилаётган ҳар битта амални кўриб туради. У Зотдан бирон нарса махфий қолмайди. Шундай экан, Аллоҳ ёмонлик содир этганларга муносиб жазо беради, гўзал амаллар қилганларни мукофотлайди.

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМГА ЙЎЛ-ЙЎРИҚ КЎРСАТИЛИШИ

Аллоҳ таоло Ўз Расулини “ҳаводан гапирмайди” деб гувоҳлик берди. Ўз фазлу марҳатмати ила Пайғамбар алайҳиссаломни ҳақ ва адолат йўлида барқарор қилди. Гоҳо афзал нарсанинг хилофини амалга оширганларида, у зот алайҳиссаломга енгил дакки ҳам берди. Бунинг ҳикмати шу эдики, Аллоҳ таоло бу билан Расулуллоҳ алайҳиссаломни башариятнинг энг афзали, шу билан бирга бошқаларга ўхшаган инсон эканликларини ва у ҳам йўл-йўриққа муҳтож эканликларини билдириш эди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳ Сизга Китоб ва ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга қилган фазлу марҳамати улуғ бўлди” (Нисо сураси, 113-оят).

Қуръони каримни тадаббур билан ўқир эканмиз, Аллоҳ таоло турли ҳолатларда Ўз пайғамбарига енгил ва ҳикматли усулда танбеҳ берганини кўрамиз. Жумладан, Абаса сурасида Парвардигори олам шундай дейди:

“(Пайғамбар алайҳиссалом) ўзининг олдига кўзи ожиз киши келгани учун қош чимирди ва (ундан) юз ўгирди[35]. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз қаердан биласиз, эҳтимол у (ўз гуноҳларидан) покланар. Ёки панд-насиҳат олар-да, сўнг бу панд-насиҳат унга фойда берар! Энди (ўз мол-мулки билан имондан) истиғно қилиб турган кимса бўлса, бас, Сиз ўшанга иқбол қилиб – юзланмоқдасиз! Ҳолбуки, у (ўзининг куфридан) покланмаслиги сабабли Сизга бирон зиён етмас! Энди (Аллоҳдан) қўрққан ҳолида олдингизга югуриб-елиб келган зот бўлса, бас, Сиз ундан чалғиб – юз ўгириб олмоқдасиз! Йўқ, (Сиз асло бундай қилманг)! Албатта (Қуръон оятлари) бир панд-насиҳатдир. Бас, ким хоҳласа ундан панд-насиҳат олади. (У оятлар Аллоҳ наздида) азизу мукаррам, қадри баланд, покиза саҳифаларга мукаррам, итоатли мирзолар (яъни, фаришталар) қўллари билан (Лавҳул Маҳфуздан кўчириб битилгандир)” (Абаса сураси, 1-16-оятлар).

Ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кунларнинг бирида Қурайш катталарини Исломга даъват қилаётганларида кўзи ожиз Абдуллоҳ ибн Умму Мактум келиб:

– Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ Сизга ўтгатган нарсалардан менга ҳам таълим беринг! – деди. У Расулуллоҳ алайҳиссалом Қурайш зодагонларини Ислом чақириш билан машғул эканларини билмагани учун бу сўзини яна такрорлади. Абдуллоҳ қайта-қайта сўрайверганидан кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом муборак юзларини ундан бурдилар. Шунда Аллоҳ таоло мазкур оятларни нозил қилди ва бунинг учун Пайғамбарига танбеҳ берди. Шу воқеадан кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни кўриб қолсалар, ҳурмат бажо келтириб: “Эй, менга Парвардигоримдан танбеҳ олиб берган зот, хуш келибсиз!” деб ридоларини унга тўшардилар[36].

Алусий бундай дейди: “Абдуллоҳ ибн Умму Мактум Хадижа бинти Хувайлиднинг тоғасининг ўғлидир. Исми Амр ибн Қайс. Умму Мактум онасининг куняси, исми Отика бинти Абдуллоҳ Махзумиядир. Расулуллоҳ алайҳиссалом Ибн Умму Мактумни бир неча бор Мадинага ўринбосар этиб қолдирганлар. У аввалги муҳожирлардандир. Айтишларича, у Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу замонида Қодисияда Мадоин фатҳ қилинган кунда шаҳид бўлган[37]”.

“(Пайғамбар алайҳиссалом) ўзининг олдига кўзи ожиз киши келгани учун қош чимирди ва (ундан) юз ўгирди”.

“Кўзи ожиз киши” деб Абдуллоҳ ибн Умму Мактум қадри ерга урилаётгани йўқ. Балки унинг Расулуллоҳ алайҳиссалом суҳбатларини бўлганига қандай узр сабаб экани маълум қилинмоқда. Абдуллоҳ Ҳабибимиз алайҳиссалом Қурайш бошлиқларини Исломга даъват қилаётганларини кўрмаган.

Аллоҳ таоло бу ерда танбеҳни ҳикоя шаклида келтирмоқда (яъни, “Сиз юзингизни буриштирдингиз” эмас, балки “юзини буриштирди”, деб зикр қилинмоқда. – таржимон). Бу Аллоҳнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббати, карами ва марҳамати сабабидандир.

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз қаердан биласиз, эҳтимол у (ўз гуноҳларидан) покланар. Ёки панд-насиҳат олар-да, сўнг бу панд-насиҳат унга фойда берар!”

Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом бошқалар билан суҳбатлашиб турган вақтида кўзи ожиз инсон келиб унга хитоб қилгани сабаб юзини буриштирди ва унга орқа ўгириб олди.

Эй муҳтарам Пайғамбар! Сиз юз ўгирган кўзи ожиз инсон ҳолини қаердан ҳам билардингиз! Балки у Сиздан ўрганган нарсалари сабаб покланар, оламлар Парвардигори Аллоҳга хушу билан ибодат қилар, Сиздан эшитган насиҳатлар унга манфаат келтирар!

“Энди (ўз мол-мулки билан имондан) истиғно қилиб турган кимса бўлса, бас, Сиз ўшанга иқбол қилиб – юзланмоқдасиз! Ҳолбуки, у (ўзининг куфридан) покланмаслиги сабабли Сизга бирон зиён етмас!”

Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, имондан юз ўгирган ва Сизнинг гапингизга қулоқ солмайдиган кимсаларга эътибор бермоқдасиз. Ўша одам куфридан покланмай қолиб кетса, Сизга қандай зарари тегади? Бунда Сиз учун ҳеч қандай танглик йўқ. Сиз фақат етказувчисиз, огоҳлантирувчисиз, ҳисоб қилиш Бизнинг зиммамизда. Зотан, Сиз ўзингиз яхши кўрган кишиларни тўғри йўлга бошлай олмайсиз, балки Аллоҳ Ўзи хоҳлаган одамларни ҳидоят қилади.

“Энди (Аллоҳдан) қўрққан ҳолида олдингизга югуриб-елиб келган зот бўлса, бас, Сиз ундан чалғиб – юз ўгириб олмоқдасиз!”

Яъни, Аллоҳнинг азобидан қўрққан ва мукофотидан умид қилган, яхшилик, ҳидоят ва илм талабида ҳузурингизга шошиб келган инсонга эътибор бермаяпсиз! Анави кимсаларни имонга келиши учун ҳаракат қиляпсиз.

“Йўқ, (Сиз асло бундан қилманг!) Албатта (Қуръон оятлари) бир панд-насиҳатдир”.

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Қурайш катталари мусулмон бўлишидан умид қилиб уларга юзланманг, яхшилик талабида олдингизга келган инсонга бепарво бўлманг, ундан юз ўгирманг! Зотан, Қуръони карим оятлари ҳар бир оқил инсон учун эслатма ва насиҳатдир.

“Бас, ким хоҳласа ундан панд-насиҳат олади”.

Ким бу эслатмадан ибрат олса, ўзига манфаат касб қилса, албатта ютуққа эришади. Ким бундан бошқасини хоҳласа, мағлуб бўлади, касодга учрайди.

Бу оятда мавъизадан, панд-ансиҳатни қулоғига илмай, беэътибор бўладиган кимсаларга таҳдид қилинмоқда. Шу билан бирга инсон ихтиёри ўзида экани, хоҳласа, эслатмалардан ибрат олиб, тўғри йўлда юриши мумкинлиги ҳам таъкидланмоқда.

“(У оятлар Аллоҳ наздида) азизу мукаррам, қадри баланд, покиза саҳифаларга мукаррам, итоатли мирзолар (яъни, фаришталар) қўллари билан (Лавҳул Маҳфуздан кўчириб битилгандир)”.

Қуръони карим оятлари Аллоҳ таоло наздидаги улуғ саҳифалардадир. Бу саҳифаларнинг мартабаси улуғ ва ҳар қандай нопоклик тегишидан саломатдир. Қуръони карим оятлари Аллоҳ таолонинг амри билан У Зотга итоаткор ва ҳурматли фаришталар томонидан битилган.

Юқоридаги зикр қилинган оятларда жуда кўп ҳукмлар ва одоблар жамланган. Жумладан, Ислом шариатида инсонлар ўртасидаги афзаллик мезони имон ва тақво саналади. Кўзи ожиз бир инсон илм ва яхшилик талабида башарият Саййиди олдига келганида, унга эътиборсиз бўлингани учун Аллоҳ таоло Ўз Расулига танбеҳ берди.

Мана шу оятларда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга баъзида енгилроқ, баъзан эса қаттиқроқ дакки берилганини кўриш мумкин. Бу ҳам инсонлар ўртасидаги афзаллик тақво асосига қурилганини англатади. Аллоҳ таоло: “Албатта сизларнинг энг ҳурматлиларингиз тақводорроғингиздир”, деб марҳамат қилган.

Расулуллоҳ алайҳиссалом мана шу воқеадан кейин ўз ҳаётларини адолат мезони асосига қурдилар. У зотнинг Абдуллоҳ ибн Умму Мактумга кўрсатган ҳурматлари бунга мисол бўлади.

Бундан ташқари, камбағал ва мискинлигига қарамай, ҳақиқий мўмин инсонларга нисбатан мана шу муомалада бўлганлар ул муҳтарам зот. Расулуллоҳ тарафларидан ҳурмат кўрган жуда кўп одамларнинг на бир обрў-эътибори, на молу давлати ва на бола-чақаси бор эди. Мисол учун, Муъта ғазотида Зайд ибн Ҳорисани бутун бошли мусулмонлар қўшинига амир этиб тайинлаганлар. Ваҳоланки, ўша қўшин ичида катта саҳобалар бор эди.

Қолаверса, Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга ҳам муносиб муомалада бўлганлар: “Салмон биздан – аҳли байтдандир”, деб айтганлар.

Аммор ибн Ёсир у зот ҳузурларига кириш учун рухсат сўраганида: “Унга изн беринглар! Хуш келибсиз, эй ўта покиза инсон!” деб марҳамат қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни ҳам ҳурматлаб, унга аҳли байтларидан бир инсон сифатида қараганлар.

Абу Бакр ва Салмон, Суҳайб ва Билол ўртасида Абу Суфён борасида гап ўтиб қолганида, Абу Бакрга қараб: “Эй Абу Бакр, балки сиз уларни ғазаблантиргандирсиз. Агар шундай қилган бўлсангиз, Парвардигорингизни ғазаблантирган бўласиз”, деганлар (Шу маънодаги ривоятни имом Муслим нақл қилган[38]).

Хулафои рошидинлар ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мана шу суннатларини маҳкам ушлаб, фақирлар ҳурматини жойига қўйишган. Ривоят қилинишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Абу Суфён, Суҳайл ибн Амрдан олдин Суҳайб ва Билолга кириш учун рухсат берган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Бакр ҳақида: “У бизнинг саййидимиз, (яъни, Билол ибн Абу Рабоҳни) озод қилган”, деб айтган.

Анфол сурасида ҳам Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга Бадр ғазотида тушган асирлар билан боғлиқ воқеа ҳақида танбеҳ берилган. Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Ҳеч бир пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунларича, асир олиш жоиз эмас эди. (Эй мўминлар,) сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди. Аллоҳ Қудратли, Ҳикматлидир[39]. Агар Аллоҳ томонидан (билмасдан қилган хатони кечириши) ёзиб қўйилмаганида эди, албатта сизларга (товон) олганинглар сабабли улуғ азоб етган бўлар эди. Энди ўлжа қилиб олган нарсаларингизни ҳалол-пок ҳолда еяверинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир” (Анфол сураси, 67-69-оятлар).

Имом Муслим “Саҳиҳ”да Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр куни мушрикларга қарадилар. Улар минг нафар эди. У зотнинг саҳобалари эса 319 нафар эди. Шунда у зот қиблага юзланиб, қўлларини осмонга чўзиб: “Ё Аллоҳ! Менга ваъда қилганингни амалга ошир!” деб Парвардигорига тазарру қила бошладилар. Ўша куни мусулмонлар мушриклардан етмиш нафарини ўлдириб, яна етмиш кишини асир олишди (Ибн Аббос шундай ривоят қилади). Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр ва Умарга: “Манави асирлар ҳақида нима дейсизлар?” деб мурожаат қилдилар. Абу Бакр: “Ё Расуллуллоҳ, улар амакиларингизнинг ўғиллари ва қариндошларингиздир. Менимча, улардан товон ундирганингиз маъқул. Улардан олинган товон пули кофирларга қарши бизга қувват бўлади. Шояд Аллоҳ уларни Исломга ҳидоят қилса!” деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Эй Ибн Хаттоб, сен нима дейсан?” деб унга юзландилар. У: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, эй Расулуллоҳ, мен Абу Бакрнинг фикрига қўшилмайман. Балки бизга имконият беришингизни ва уларнинг бўйниларига уришни таклиф қиламан. Токи қалбимизда мушрикларга нисбатан кўнгилчанлик йўқ экани маълум бўлсин! Зеро, булар куфр йўлбошчилари ва йирик намоёндаларидир”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меникини эмас, Абу Бакрнинг сўзини маъқулладилар.

Эртаси куни борсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр йиғлаб ўтиришган экан. Мен: “Эй Расулуллоҳ, нега йиғлаяпсизлар?”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Товон (пули) олган дўстларингиз йўлиқадиган азоб учун йиғлаяпман. Уларнинг азоби мана бу дарахтдан ҳам яқинроқ кўрсатилди”, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло “Ҳеч бир пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунларича, асир олиш жоиз эмас эди” оятини нозил қилди”.

“Ҳеч бир пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунларича, асир олиш жоиз эмас эди”.

Бу ердаги “пайғамбар”дан мурод, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Бу сўзнинг ноаниқ шаклда (“ал”сиз) келишига сабаб, у зотга лутф қилиш ва танбеҳни айнан у кишига йўналтирмаслик учундир.

Яъни, набийлардан биронтаси учун ўзи ва даъватига қаршилик қилган кимсаларни қаттиқ азобламагунча, куфрни хорлаш учун оғир жазога тортмагунича, асир олиш жоиз эмас эди.

“(Эй мўминлар,) сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди”.

“Дунё нарсалари”дан мурод, Бадр ғазотида тушган асирлардан ундирилган товон пули.

Яъни, эй мўминлар, сизлар асир тушган душманларингиздан ўткинчи дунё матоҳини ундиришни истаяпсиз. Бироқ Аллоҳ таоло сизлар учун охират савобини хоҳлайди. У Зот охират саодатига эриштирувчи амалларни қилишингиздан рози бўлади.

“Аллоҳ Қудратли, Ҳикматлидир”.

Аллоҳ таоло Ўз ишига ғолиб ва ҳар бир ишини ҳикмат билан амалга оширувчи Зотдир.

Мана шу оятларда мўминлар душманларидан ўч олиш ўрнига товон пули ундирганлари учун қаттиқ танқид қилинмоқда. Чунки Бадр маъракаси имон ва ширк ўртасидаги ҳал қилувчи тўқнашув бўлган. Ўша вақтда мусулмонлар сони жуда оз, мушриклар эса кўпчиликни ташкил этарди. Агар ғолиб бўлган мусулмонлар мушрикларни муносиб жазолаганларида, бу иш ширк ва мушриклар шавкатини синдиришга туртки бўларди.

Бу оятда яна шу нарса таъкидланмоқдаки, мўмин бандалар наздида Аллоҳнинг сўзи дунёнинг ўткинчи молу давлатидан устун туради. Гарчи яқинлари бўлса ҳам, агар улар Аллоҳ ва Расулига қарши курашишса, мўминлар қалбида уларга нисбатан муҳаббат бўлмайди.

Шундан кейин Аллоҳ таоло мўминларга раҳм қилгани баён этилади:

“Агар Аллоҳ томонидан (билмасдан қилган хатони кечириши) ёзиб қўйилмаганида эди, албатта сизларга (товон) олганинглар сабабли улуғ азоб етган бўлар эди”.

Уламолар ушбу оятни турлича тафсир қилишган:

1. Бундан мурод, Аллоҳ таолонинг Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйган ҳукмидир.

2. Аллоҳ таоло ижтиҳодида хатога йўл қўйган бандани азобламайди.

3. Аллоҳ бандаларни бирон ишдан қайтармай туриб уларни ўша сабабидан азобламайди. Улар товон пули олишдан қайтарилмаган эдилар.

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ораларида экан, Аллоҳ уларни зинҳор жазоламайди.

5. Аллоҳ Бадрда қатнашган мусулмонлардан биронтасини жазолаймайди.

Имом Розий бу қавлларни келтириб, мулоҳаза юритади ва оятдаги “ёзиб қўйилиш”дан мурод, Аллоҳ таоло азалда мана шу воқеа хусусида бандаларини авф қилиш ҳақидаги ҳукмидир, деган қавлни маъқуллаган. Зотан, Аллоҳ Ўзига раҳматни (яъни, бандаларига раҳм қилишни) ёзган. У Зотнинг раҳмати ғазабидан устундир.

Бироқ Ибн Жарир бу оят умумий хабар эканини айтиб, уни биргина маъно билан чеклаб қўйиш тўғри эмаслигини таъкидлаган[40].

Бизнингча, Ибн Жарирнинг фикри маъқулроқ. Чунки оятдаги “ёзиб қўйилиш”ни Аллоҳнинг илми, тақдири деб чеклаш ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан биронта саҳиҳ ҳадис ривоят қилинмаган.

Ибн Исҳоқ ривоят қилади: “Агар Аллоҳ томонидан (билмасдан қилган хатони кечириши) ёзиб қўйилмаганида эди”, ояти нозил бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар осмондан азоб тушганида, Саъд ибн Муоздан бўлак бирон киши соғ қолмасди. Чунки у: “Эй, Аллоҳнинг Пайғамбари! Мушрикларни тирик қолдирмаслик лозим. Ахир биз жангда ғолиб бўлдик”, деган эди[41]”.

Шундан кейин Аллоҳ таоло мўминларга шундай марҳамат қилган:

“Энди ўлжа қилиб олган нарсаларингизни ҳалол-пок ҳолда еяверинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир”.

Яъни, сизлар асирлардан хун олганингиз билан боғлиқ воқеада йўл қўйган хатоларингизни кечирдим ва ўлжалардан фойдаланишга рухсат бердим. Энди тушган ўлжаларни бемалол еяверинглар, бунда ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ва ҳар қандай ҳолатда Аллоҳдан қўрқинглар, У Зот сизларни кузатиб турганини ҳис қилиб яшанглар! Зеро, Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, ҳақиқий тавба қилган бандаларини кечиради.

Тавба сурасида ҳам Аллоҳ таоло Ўз Расулига енгил танбеҳ берган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Аллоҳ Сизни авф қилди. (Лекин) нима учун то Сизга ростгўй кишилар аниқ бўлиб, ёлғончиларни ҳам аниқ билгунингизча, (сабр қилиб турмай, ёлғон қасамларига ишониб) уларга изн бердингиз?!” (Тавба сураси, 43-оят).

Маълум бўлишича, бу оят бир гуруҳ мунофиқлар ҳақида нозил бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳоли маълум бўлмасидан олдин уларга ўзлари билан Табук ғазотига чиқмасликка рухсат бергандилар.

“Авф” сўзи гуноҳи эвазига жазолашни тарк этиш мазмунини ифодалайди. Шунингдек, афзал ишни қилмагани учун жазоламаслик ҳам “авф” дейилади. Оятда мана шу маъно ирода қилинган.

Яъни, эй Муҳаммад, Аллоҳ Сизни авф қилди, манави мунофиқларга Табук ғазотидан қолишга рухсат берганингиз учун кечирди. Улар Сизга ёлғон узрларини рўкач қилишганди. Аслида Сиз уларнинг ҳолати маълум бўлгунича изн бермасдан кутиб туришингиз лозим эди.

Аллоҳ таоло бу ерда танбеҳдан олдин авф қилганини зикр қилмоқда. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Парвардигорлари ҳузурида қандай улуғ мақомга эга эканларини кўрсатади.

Уламолар мана шу оят тафсирида бир қанча масалаларни зикр қилишган:

1. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи вақтларда ўз ижтиҳодларига кўра ҳукм чиқарганлар. “Ал-манор” китоби муаллифи бу масалада жуда кўп маълумот келтирган. Унда айтилишича, ваҳий тушмаган ҳолда пайғамбарлар алайҳимуссалом томонидан қилинган ижтиҳодларда хато бўлиши мумкин. Бунда у зотлар хатодан масъум эмаслар. Иттифоқ қилинган масъумлик шуки, пайғамбарлар Аллоҳ тарафидан келтирган нарсаларни етказишда хатодан масъумлар. Бирон пайғамбар Аллоҳ таоло тарафидан етказилган нарсада ёки унга амал қилишда хато қилиши мумкин эмас. Бу фикримизни Талҳанинг хурмо гулини чанглатиш ҳақидаги ривояти тасдиқлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар хурмо гулини чанглатаётганларини кўриб: “Менимча, бунинг фойдаси бўлмайди”, дедилар. Бас, улар бу нарса дин ишидан деб ўйлаб гулни чанглатишни тарк этишди. Натижада хурмо гуллари тушиб кетиб, ҳосил яхши бўлмайди. Бу воқеа у зотга хабар қилинганида, Пайғамбар алайҳиссалом: “Агар фойдаси бўлса, қилаверсинлар. Мен шундай деб ўйлагандим. Бунинг учун мени маъзур тутасизлар! Бироқ мен Аллоҳ тарафдан бирон нарса айтсам, уни (маҳкам) ушланглар. Зеро, мен Аллоҳ (шаъни)га ёлғон гапирмайман”, дедилар.

Усулул фиқҳ уламолари набийлар алайҳимуссалом ижтиҳодда хатога йўл қўйишлари мумкин эканини таъкидлашган. Лекин Аллоҳ уларга тўғри йўлни баён қилади[42].

2. Мусулмон банда бирон иш юзасидан ҳукм чиқаришга шошилмаслиги керак. Имом Фахриддин Розий: “Бу оят шошилмаслик лозимлиги, босиқлик, ишларнинг ташқи тарафига қараб ҳукм чиқармаслик вожиблигига далолат қилади. Бу нарса ҳар бир ҳақ эгасига муносиб муомала қилиш имконини беради”.

Юқорида келтирилганлар Расулуллоҳ алайҳиссалом башариятнинг энг афзал, энг шарафли ва энг ақлли вакили бўлишлари билан бирга Аллоҳ таолонинг иршоди ва таълимига муҳтож эканларини кўрсатади. У зотдан бошқалар эса бунга янада кўпроқ муҳтожлар. Аллоҳ таолодан ҳар биримизга тавфиқ беришини, ҳимоясига олишини сўраб дуо қиламиз!

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ ЗАВЖАЛАРИ МЎМИНЛАРНИНГ ОНАЛАРИДИР

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам яқинроқ – ҳақлироқдир, унинг аёллари эса уларнинг оналаридир...” (Аҳзоб сураси, 6-оят).

Ҳа, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларга ўзларидан ҳам яқинроқдир. Агар у зот мўминларни бир ишга буюрсалар, нафслари унинг зиддига буюриб турса ҳам нафсига ҳай бериб Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганларига амал қилиш вожиб бўлади. Чунки у зот мўминларни фақат яхшиликка ва фойдали ишларга чақирадилар. Нафс эса залолатга бошлаши мумкин.

Саҳиҳ ҳадисда: “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, мен сиз учун ўзингиз, молингиз, фарзандларингиз ва барча одамлардан кўра севимлироқ бўлмагунимча (ҳақиқий) мўмин бўлолмайсизлар”, дейилган.

“Унинг аёллари эса уларнинг оналаридир...”

Яъни, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари мўминлар учун эҳтиром қилиш, улуғлаш, икром кўрсатиш ва уйланишнинг жоиз эмаслигида худди туққан оналари мақомидадир. Бироқ бундан бошқа шаръий ҳукмларда: уларга хитоб қилиш ва мерос олишда худди бегона аёллар кабидирлар.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сизлар учун Аллоҳнинг Пайғамбарига озор бериш ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз ҳеч қачон дуруст эмас. Чунки бу Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир” (Аҳзоб сураси, 53-оят).

У зот алайҳиссаломнинг энг афзал завжалари, саййида Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳодир. Расулуллоҳ алайҳиссалом унга йигирма беш ёшларида уйланганлар. Ўшанда Хадижа онамиз қирқ ёшда бўлганлар.

Ҳабибимиз Хадижа онамиз билан тахминан йигирма беш йил умргузаронлик қилдилар. Хадижа онамиз ҳаётлик чоғида бошқасига уйланмадилар. Хадижа онамиз кучли имони, вафодорлиги, Аллоҳ ва Расулини рози қиладиган ишларга ташналиги сабабли, Расулуллоҳ алайҳиссаломга ниҳоятда севимли бўлдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом Хадижа онамиздан олти нафар фарзанд кўрдилар: Қосим, Тоййиб, Руқайя, Умму Кулсум, Зайнаб ва Фотима. Фотимадан бўлак барча фарзандлари Пайғамбар алайҳиссаломдан олдин вафот этишган. Фотима розияллоҳу анҳо эса у зотдан бир неча ой ўтиб оламни тарк этганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа розияллоҳу анҳодан кейин уйланган аёллардан фақатгина Мориядан Иброҳим исмли фарзанд кўрдилар. Аммо у ҳам Ҳабибимиз тириклик вақтларида вафот этди.

Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо пайғамбарликнинг ўнинчи йилида, олтмиш беш ёшида вафот этган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қаттиқ қайғуга ботганлар. Ўша йилни “Маҳзунлик йили” деб номланган.

Хадижа бинти Хувайлид вафотидан кейин Савда бинти Замъага уйландилар. Ўшанда у аёлнинг ёши олтмиш бешда эди. Савда эри Сакрон ибн Амр билан мусулмон бўлган, мушриклар тазйиқи кучайганидан кейин иккови Ҳабашистонга ҳижрат қилишганди. Маккага қайтиб келишгач, эри вафот этган. Савда бинти Замъанинг оиласи ҳали ҳам мушрик эдилар. Савда улар олдига қайтиб борса, динидан чиқаришидан қўрқди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳимояларига олиш учун унга уйланганлар.

Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида, саксондан ўтиб вафот этган. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин!

Шундан кейин ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммул мўминин Оиша бинти Абу Бакр Сиддиққа уйландилар.

Бу никоҳ Оишанинг отаси Абу Бакрга икром ва шараф юзасидан бўлганди. Расулуллоҳ алайҳиссалом Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларининг биринчи йилида Оиша онамиз билан яшай бошладилар.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиз Расулуллоҳ алайҳиссалом аёллари ичида ёши энг кичиги, имони кучли, зеҳнли, фаҳм-фаросатли ва Расулуллоҳни рози қиладиган ишларга ҳарислиги сабабли мўминлар оналари орасида энг севимлиси эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳо ҳижрий 58 йилда, дин йўлидаги хизматларини мукаммал адо қилиб оламни тарк этганлар.

Рожиҳ (тўғри) қавлга кўра, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳижрий учинчи йилда Ҳафса бинти Умар ибн Хаттобга уйланганлар. Никоҳдан кўзланган сабаб, ўзлари ва оталари Форуқ ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, унга ҳурмат кўрсатиш, Хунайс ибн Ҳузофа вафотидан кейин Ҳафсани ўз ҳимояларига олиш эди.

Ҳафса розияллоҳу анҳо зукко ва хотираси кучли аёллардан эди. У Шифо бинти Абдуллоҳдан ёзишни ўрганган. Ҳафса доим рўза тутувчи, қоим бўлувчи муслималардан эди. Ҳижрий 45 йилда вафот этган.

Ҳижрий учинчи йилда Пайғамбар алайҳиссалом Зайнаб онамизга уйландилар. Эри Убайда ибн Ҳорис Бадр ғазотида шаҳид бўлганидан кейин Зайнаб бинти Хузайма тул қолгандилар. Бу никоҳдан кўзланган мақсад, Зайнаб онамизни ҳимояси остига олиш эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга уйланганларидан бир неча ой ўтиб, Зайнаб бинти Хузайма розияллоҳу анҳо вафот этган. У зот сахийлиги сабаб “Уммул масокин” (мискинлар онаси) деб чақириларди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрий 4 йилда Умму Салама розияллоҳу анҳога уйландилар. Умму Салама, Ҳинд бинти Абу Умайядир. Эри Абу Салама – Абдуллоҳ ибн Абдулъасад Уҳуд ғазотида жароҳатланиб, кейинчалик вафот этган эди.

Умму Салама ва эри Исломнинг аввалида имон келтирган зотлардан эди. Умму Салама аввалги эридан тўрт фарзанд кўрган, унинг ўлимидан қаттиқ ғамга ботган. Бу онамиз эридан ажралганида ёши ўттизда эди. Шундан кейин турмушга чиқишни рад этдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болалари ва ўзини ҳимояларига олмоқчи эканларини билгач, у зот билан бир ёстиққа бош қўйишга рози бўлдилар.

Умму Салама розияллоҳу анҳо ҳижрий 59 йилда, саксон ёшдан ошганида вафот этган. Аллоҳ таоло ул зотдан рози бўлсин!

Ҳижрий 5 йилда Бани Мусталиқ ғазотидан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом Жувайрия бинти Ҳорис розияллоҳу анҳога уйландилар. Унинг отаси Бани Мусталиқ қабиласи бошлиғи эди. Жувайрия онамиз Бани Мусталиқ ғазотда асир тушган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб, ўзи ва қавмининг ҳолидан у зотга шикоят қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳолига ачиниб, Исломни таклиф қилганлар. Жувария онамиз бу таклифни қабул қилган. Пайғамбар алайҳиссалом Бани Мусталиқ ғазотидан сўнг Мадинага қайтганларида уни никоҳларига олганлар.

Одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жувайрияга уйланганларини билиб, унинг қавмидан бўлган асирларни озод қилишди. Жувайриянинг отаси ва биродарлари мусулмон бўлишди. Бу никоҳ Жувайриянинг ўзига ҳам, қавмига ҳам хайрли ва баракали бўлди. Шу сабаб, Оиша розияллоҳу анҳо: “Қавмига Жувайриячалик барака келтирган аёл йўқдир. Унинг сабабидан қавмининг юзлаб оилалари озод этилди”, деганлар.

Жувайрия бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо ҳижрий 56 йилди вафот этган. У зот кўп рўза тутувчи ва ибодатда қоим бўлувчи эдилар. Аллоҳ таоло Жувайрия онамиздан рози бўлсин!

Ҳижрий 7 санада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳабиба – Рамла бинти Абу Суфёнга уйландилар. Рамла эри Абдуллоҳ ибн Жаҳш билан Исломга аввал кирганлардан ва Ҳабашистонга ҳижрат қилганлардан эди. Эри ўша ерда Ислом динидан чиқиб, насронийликка ўтиб кетган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан хабар топиб, саҳобаларидан бирини Ҳабашистонга – Рамлага совчи қилиб юборганлар. Мақсад: бегона юртда паришон бўлиб қолган Рамлани ҳимоясига олиш эди. Нажоший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан унга маҳр бериб, Мадинаи мунавварага юборганлар.

Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг синглисига кўрсатган иззат-икромидан хабар топиб, ниҳоятда хурсанд бўлган эди.

Бу никоҳ билан ул зот алайҳиссалом Қурайш бошлиғининг қизини фитнадан сақлаб қолдилар. Ҳабашистондек ўлкада ғариб бўлиб, тахминан ўн беш йил тоқат билан яшагани сабабли, Рамлага муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатдилар. Рамла розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга турмушга чиққанидан кейин тахминан уч йилни нубувват хонадонида ўтказди. У ҳижрий 44 йилда вафот этди. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин!

Ҳижрий 7 йилда, Хайбар ғазотидан кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом исломни қабул қилгач София бинти Ҳуяй ибн Ахтобга уйландилар. Бу никоҳ Софияга меҳрибонлик ва ҳурмат кўрсатиш учун бўлди. София розияллоҳу анҳо онамиз ҳижрий 52 йилда вафот этганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан тахминан икки йил олдин Маймуна бинти Ҳорис Ҳилолияга уйландилар. Расулуллоҳнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб у зот ва араб қабилалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун бу никоҳ ташаббуси билан чиққан эди. Аббос розияллоҳу анҳу Маймунага ўз молидан 400 дирҳам маҳр бергандилар[43].

Маймуна розияллоҳу анҳо ҳижрий 51 йилда вафот этган.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари ичида Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо ҳам бор. Бу зот ҳақида кейинроқ тўхталишимиз боиси шуки, Расулуллоҳ алайҳиссалом Зайнаб бинти Жаҳшга уйланиш сабаблари ҳақида кенгроқ маълумот беришни хоҳлаган эдик.

Зайнаб бинти Жаҳш онасининг исми Умайма бинти Абдулмутталибдир. Демак, Зайнаб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари қизи бўлади. Унга Расулуллоҳдан олдин Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу уйланган эди.

Зайд Хадижа розияллоҳу анҳо қўл остидаги қул эди. Расулуллоҳ алайҳиссаломга турмушга чиққанидан кейин Хадижа онамиз Зайдни у зотга ҳадя қилганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Зайдни озод қилиб, уни ўзларига ўғил қилиб олганлар. Шу сабаб “Зайд ибн Муҳаммад” ҳам дейиларди.

Одамлар анча муддатгача уни “Зайд ибн Муҳаммад” деб чақириб юришди. Мана бу оят нозил қилиниши билан бу одатга барҳам берилди: “Уларни ўз оталари (исми) билан чақиринглар – атанглар. Шу Аллоҳ наздида тўғрироқдир. Энди агар уларнинг оталарини билмасангиз, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир (яъни, у ҳолда уларни биродарим Фалончи ёки дўстим Фалончи, деб атанглар, лекин боқиб олган отасининг номи билан чақирманглар)” (Аҳзоб сураси, 6-оят).

Шундан кейин одамлар Зайдни ўзининг ҳақиқий отаси ном билан – Зайд ибн Ҳориса, деб чақирадиган бўлишди. Лекин улар одатларига кўра, киши тутинган ўғлининг хотинига уйланиши мумкин эмас, деб ҳисоблашарди. Аллоҳ таоло бу одатни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавллари ва амаллари билан бекор қилишни хоҳлади.

Саййида Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо Зайд ибн Ҳорисага турмушга чиқиши ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Менга Қурайш қабиласидан бир қанча одамлар совчи қўйди. Шунда синглим Ҳамнани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига маслаҳат сўраш учун юбордим. У зот синглимга: “У Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатини биладиган кишига қандай қилиб тенг бўла оларди?” дедилар. Синглим: “У ким, эй Расулуллоҳ?” деб сўрабди. У зот: “Зайд ибн Ҳориса”, дебдилар. Шунда Ҳамнанинг қаттиқ жаҳли чиқиб: “Эй Расулуллоҳ, аммангизнинг қизини озод қилган қулингизга турмушга берасизми?!” дебди. Бас, Ҳамна келиб буни менга хабар қилди ва аввалгидан ҳам қаттиқроқ ғазабланди. Мен у айтган гапдан ҳам оғирроқ гап айтдим. Шунда Аллоҳ таоло: “Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилган – буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўзлари хоҳлаган ишни ихтиёр қилишлари жоиз эмас. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озиш билан адашибди[44]” оятини нозил қилди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб: “Мен энди Аллоҳга ва Расулига итоат этаман. Сиз нимага буюрсангиз, шуни қиламан. Мени Зайдга турмушга беринг”, дедим. (Тўйдан сўнг) мен Зайдга тазйиқ ўтказардим. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга устимдан шикоят қилди. У зот мени койидилар. Кейин қайтиб бориб, уни тилим билан жазоладим. Кейин Зайд Расулуллоҳ алайҳиссаломга яна шикоят қилди. Шунда у зот Зайдга: “Хотинингни ўз ҳузурингда ушла! Аллоҳга тақво қил!” дедилар. Зайд: “Эй Расулуллоҳ, мен уни талоқ қиламан”, деди ва мени талоқ қилди”.

Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайнаб бинти Жаҳшни никоҳларига олдилар. Бу билан одамлар орасида илдиз отиб кетган одатга барҳам беришни ирода қилдилар.

Расулуллоҳнинг Зайнаб бинти Жаҳшга уйланишлари ҳақида мана бу оят нозил бўлган. Аллоҳ таоло шундай деган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) эсланг, Сиз Аллоҳ (Исломга ҳидоят қилиш билан) инъом-марҳамат қилган ва Сиз ҳам (қулликдан озод қилиб, ўзингизга ўғил қилиб олиш билан) инъом қилган кишига (яъни, Зайд ибн Ҳорисага:) “Жуфтингни ўз ҳузурингда ушлагин, Аллоҳдан қўрққин”, деб Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизга яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишингиз ҳақлироқ бўлгани ҳолда, Сиз одамлардан (яъни, уларнинг таъна қилишларидан) қўрққан эдингиз. Бас, қачонки Зайд ундан (яъни, Зайнабдан) ҳожатини адо қилгач, Биз Сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо қилишгач, уларнинг (хотинларига уйланишларида) танглик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Ва Аллоҳнинг амри иродаси қилинувчи бўлди. Аллоҳ Пайғамбарига фарз қилган нарсада унга бирон танглик бўлмайди. (Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Аллоҳнинг йўли – қонунидир. Аллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди. Улар (яъни, ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг амру-фармонини (бандаларга) етказадиган, У Зотдан қўрқадиган ва Аллоҳдан ўзга бировдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи етарли ҳисоб қилувчидир. (Эй мўминлар,) Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмас, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билувчи бўлган Зотдир” (Аҳзоб сураси, 37-40-оятлар).

Аллоҳ таоло ушбу оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланишлари ва бу билан жоҳилият даврида араблар орасида кенг тарқалган бир одат бекор бўлгани баён этилмоқда.

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) эсланг, Сиз Аллоҳ (Исломга ҳидоят қилиш билан) инъом-марҳамат қилган ва Сиз ҳам (қулликдан озод қилиб, ўзингизга ўғил қилиб олиш билан) инъом қилган кишига (яъни, Зайд ибн Ҳорисага:) “Жуфтингни ўз ҳузурингда ушлагин, Аллоҳдан қўрққин”, деб Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизга яширган эдингиз...”

Яъни, эй Муҳаммад, Аллоҳ уни имон неъмати билан сийлаган ва Сиз ҳам озод қилиш, яхши тарбия бериш ва иззат-икром ила марҳамат кўрсатган Зайд ибн Ҳорисага:

– Хотининг Зайнаб бинти Жаҳшни ўзингда ушлаб қол, уни талоқ қилма! У ҳақида Аллоҳдан тақво қил. Ундан ўтган ишларга сабр қил! – деб айтганингизни эсланг!

Зайд ибн Ҳориса Зайнаб бинти Жаҳшнинг мағрурлиги, насл-насаби билан фахрланиши ва унга қўпол муомала қилишидан Расулуллоҳ алайҳиссаломга шикоят қилиб:

– Ё Расулуллоҳ! Мен уни талоқ қилмоқчиман! – деган эди.

“Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизга яширган эдингиз...”

Яъни, Аллоҳ ошкор қилган нарсани Сиз қалбингизда сақлаган эдингиз. Бу, Зайд Зайнабни талоқ қилиши ва Аллоҳ азза ва жалланинг амри билан унга уйланишингиз эди[45].

Баъзи уламоларга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ичларида яширган нарса: Зайднинг Зайнабдан ўзига ёқмайдиган гапларни эшитиши ва у билан бирга яшашга тоқат қилолмаслиги сабаб, уни талоқ қилишга қатъий қарор қилишидир.

Аллоҳнинг ошкор қилиши эса, Зайднинг Зайнаб билан муносабатини одамлар билиши, Зайнабнинг унга қўпол муомала қилиши ва насаби билан фахрланишидан хабар топишларидир.

“Ва Аллоҳдан қўрқишингиз ҳақлироқ бўлгани ҳолда, Сиз одамлардан (яъни, уларнинг таъна қилишларидан) қўрққан эдингиз”.

Яъни, Сиз Зайдга шундай дедингиз ва Аллоҳ ошкор қилган нарсани ичингизда махфий тутдингиз. Зайд ва Зайнаб билан боғлиқ ишни одамларга ошкор бўлишидан қўрқдингиз. Ваҳоланки, Аллоҳ барчадан кўра қўрқишга ҳақлироқ, муносиброқ Зотдир!

Мана бу жумлада Аллоҳ Ўзининг Пайғамбари алайҳиссаломга енгил танбеҳ бермоқда ва муаммони осон ва тўғри ҳал қилиш учун у зотни энг афзал йўлга бошламоқда.

Шундан сўнг Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Зайнабга уйланишларидан кўзланган ҳикмат баён этилади:

“Бас, қачонки Зайд ундан (яъни, Зайнабдан) ҳожатини адо қилгач, Биз Сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо қилишгач, уларнинг (хотинларига уйланишларида) танглик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Ва Аллоҳнинг амри иродаси қилинувчи бўлди”.

Бу ердаги “ҳожат”дан мурод нима?” дейилса, айтамизки, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Зайнаб бинти Жаҳшдан ўз ҳожатини адо қилиб бўлганди. Зайдда унга нисбатан рағбат қолмаган, балки ундан ажрашни хоҳлаб турганди.

Оятнинг мазмуни бундай: Зайд Зайнабдан ҳожатини раво қилгач, уни талоқ қилди. Зайнабнинг иддаси чиққанидан кейин Биз уни Сизга никоҳладик. Мақсад, мўминлар асраб олган болалари хотинларини талоқ қилишгач, идда тугаганидан кейин уларга уйланишда танглик йўқ эканини билдиришдир. Бу борада Расулуллоҳ алайҳиссаломда гўзал намуна бордир. Аллоҳ хоҳлаган ишнинг бўлишида ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Ибн Касир бу оят тафсирида бундай дейди: “Зайд Зайнабни талоқ қилгач, Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломни Зайнабга никоҳлади. Бу никоҳни Аллоҳ таолонинг Ўзи амалга оширди. Яъни, Расулига Зайнаб олдига валийсиз, маҳрсиз, ақдсиз ва инсонлардан бўлган гувоҳларсиз киришни ваҳий қилди.

Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Зайнаб бинти Жаҳш Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига мақтаниб: “Сизларни ўз оила аъзоларингиз никоҳлаган. Мени эса, Аллоҳ етти осмонлар устидан никоҳлаган”, деб айтарди[46]”.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланишларидан кўзланган ҳикматни баён қилгач, Зайнаб ҳақида зеҳнларга келган баъзи нарсаларни аритиш учун шундай дейилган:

“Аллоҳ Пайғамбарига фарз қилган нарсада унга бирон танглик бўлмайди”.

Аллоҳ таоло асраб олинган ўғил – Зайд ибн Ҳориса Зайнабни талоқ қилганидан кейин уни никоҳига олишни Расулуллоҳ алайҳиссаломга ҳалол қилганидан кейин у зотга ҳеч қандай танглик ва маломат бўлмайди. Чунки Аллоҳнинг Ўзи шунга буюрди, буни тақдир қилди.

“(Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Аллоҳнинг йўли – қонунидир. Аллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди”.

Бу ерда Аллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга фарз қилган нарсанинг сиҳҳати (тўғрилиги, аниқлиги) яна бир бор таъкидланмоқда. Аллоҳ хоҳлаган иш аниқ амалга ошади. Бунга тўсиқ бўладиган нарса йўқ.

Шундан кейин ҳеч бир ҳадиксиз Аллоҳнинг фармонларини бажарадиган зотлар ҳақига мақтов айтилади:

“Улар (яъни, ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг амру-фармонини (бандаларга) етказадиган, У Зотдан қўрқадиган ва Аллоҳдан ўзга бировдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи етарли ҳисоб қилувчидир”.

Аллоҳнинг амрини етказадиган, фақат Аллоҳдан қўрқадиган, қилаётган иши ва айтаётган гапида фақат Яратгандан қўрқадиган зотлар... Аллоҳ бандалари қалбидаги ниятларини, аъзолари билан нима иш қилаётганларини, тиллари қандай сўзларни айтаётганини билувчи ва уни ҳисобга олиб қўювчи Зотдир.

“(Эй мўминлар,) Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмас, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир”.

Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ичингизда биронтангизнинг ҳақиқий отаси эмас. Хусусан, Зайд ибн Ҳориса у зотнинг ўғли эмас. Зайд талоқ қилган Зайнабга Муҳаммад алайҳиссаломнинг уйланишида ҳеч қандай танглик йўқ. Муҳаммад энг сўнгги Пайғамбардир. Ундан кейин то қиёмат ҳеч қандай набий келмагай.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мен (ўзимдан олдин ўтган) пайғамбарлардан олти (жиҳат) билан афзал қилиндим: менга жавоме ул калим берилди, қўрқув билан нусрат ато этилди, мен учун ўлжалар ҳалол қилинди, ер (юзи) мен учун покловчи ва намоз ўқийдиган жой қилинди, мен барча халойиққа (пайғамбар этиб) юборилдим ва мен билан пайғамбарлар (силсиласи) тугатилди”.

Ибн Касир ҳазратлари ушбу ҳадисни келтиргач, шундай дейди: “Бу бобда ҳадислар жуда кўп. Аллоҳ таоло бандаларига Муҳаммад алайҳиссаломни юбориб марҳамат кўрсатди. Пайғамбаримиз билан барча набийлар силсиласини ниҳоялаш ила у зот мартабаларини юқори кўтарди, у зот билан ҳаниф динни комил қилди. Аллоҳ таоло Ўз Китобида ва Расули мутавотир суннатда хабар қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ҳеч қандай пайғамбар бўлмайди. Одамлар яхши билиб олсинлар, бундан кейин кимда-ким пайғамбарлик мақомини даъво қиладиган бўлса, гарчи ғайриоддий нарсаларни кўрсата ҳам, фирибгарлик қилса ҳам, сеҳрнинг турфа хилларини намойиш қилса ҳам, ана ўша кимса каззоб, туҳматчи, дажжол, адашган ва адаштирувчидир[47]”.

“Аллоҳ барча нарсани билувчи бўлган Зотдир”.

Аллоҳ азза ва жалла махлуқотлари ҳолидан мутлоқ хабардордир. У зот Ўзи яратган нарсаларга нима фойдали эканини билади. Шу сабаб сизларга керакли бўлган ҳукмларни жорий қилган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўнгги пайғамбар қилган. Бас, сизлар бунга шукр қилиб, Аллоҳга итоат этинглар. Шунда Аллоҳ Ўз фазлу карамини янада зиёда қилади.

Юқорида келтирилган маълумотлардан шу нарса маълум бўладики, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мўминлар оналарига уйланишлари ўткинчи ҳузур ва лаззатланиш учун бўлмаган, балки бу ришталардан улуғ мақсадлар кўзланган эди.

Қуръони каримда мўминлар оналарига гоҳида тарғиб ва тарҳиб қилинган, гоҳида башорат берилган ёки огоҳлантирилган, баъзи ҳолларда керакли кўрсатмалар берилган. Жумладан, Аҳзоб сурасида Аллоҳ таоло шундай деган:

“Эй Пайғамбар, жуфтларингизга айтинг: “Агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд қилай ва чиройли кузатиш билан кузатай (яъни, ажрашайлик). Агар сизлар Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилувчилар учун улуғ мукофот – жаннатни тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб сураси, 28-29-оятлар).

Мана шу икки оятда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ алайҳиссалом аёлларига у зот билан бирга қаноат қилиб яшашлари ёки у зотдан айрилиб, дунё зийнатларидан истаганларича баҳраманд бўлишлари мумкин эканини маълум қилмоқда.

Имом Қуртубий шундай деган: “Уламоларимиз айтишларича, бу оят Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга азият етказишдан қайтариш ҳақидаги оятга боғлангандир. Завжалари ичидан баъзилар у зотга азият беришган. Айтишларича, улар дунё матоҳларидан бирон нарса ёки нафақани кўпайтиришни сўрашган.

Бухорий ва Муслим[48] Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшиклари олдида одамлар тўпланиб турарди. Лекин улардан биронтасига кириш учун рухсат берилмаганди. Шунда Абу Бакр келиб, у зотнинг ҳузурларига кириш учун рухсат сўради. Бас, Абу Бакрга изн берилиб ичкарига кирди. Кейин Умар келиб изн сўради. Унга ҳам изн берилди. Кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари у зот атрофларида тўпланиб туришган экан. Шунда Умар:

– Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кулдирадиган бир нарса айтаман, – дедилар, – эй Расулуллоҳ! Бинти Хорижа (Умарнинг хотини) мендан нафақа сўраётганини кўрганингизда эди...

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар.

– Кўриб турганингдек, улар (аёлларим) атрофимда (туриб) мендан ҳам нафақа сўрашмоқда, – дедилар.

Шунда Абу Бакр қизи Оишанинг, Умар бўлса, қизи Ҳафсанинг адабини бериш учун ўрнидан турди. Икккови ҳам:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда йўқ нарсани сўраяпсизларми?! – дейишди.

Улар:

– Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳда йўқ нарсани зинҳор у зотдан сўрамаймиз! – деб айтишди.

Кейин мана шу икки оят нозил бўлди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом аввал Оиша розияллоҳу анҳога юзландилар:

– Эй Оиша! Сенга бир ишни таклиф қилмоқчиман. Оталаринг билан маслаҳатлашмагунимча мени шоширмаслигингни хоҳлайман, – дедилар. Шунда Оиша:

– У нима экан, ё Расулуллоҳ? – деб сўради. У зот мана шу икки оятни ўқидилар.

Оиша бўлса:

– Эй Расулуллоҳ, сиз ҳақингизда отам билан маслаҳатлашаманми?! Йўқ, мен Аллоҳ, Расули ва охират диёрини ихтиёр этаман! – деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қолган аёллари ҳам Оиша айтган гапни айтишди[49].

Ибн Касир шу маънодаги бир қанча ҳадисларни келтиргач: “Ўша вақтда Расулуллоҳ алайҳиссалом қўл остиларида тўққиз нафар аёл бор эди. Уларнинг беш нафари Қурайшдан эди: Оиша, Ҳафса, Умму Ҳабиба, Савда ва Умму Салама. Қолган тўрт нафари бошқа қабилалардан эди: София бинти Ҳуяй Назрия, Маймуна бинти Ҳорис Ҳилолия, Зайнаб бинти Жаҳш Асадия ва Жувайрия бинти Ҳорис Мусталиқия (Аллоҳ улардан рози бўлсин)”, деган.

“Эй Пайғамбар, жуфтларингизга айтинг: “Агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд қилай ва чиройли кузатиш билан кузатай (яъни, ажрашайлик)”.

Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, ҳимоянгиздаги аёлларга:

– Агар мендаги кифоя қилувчи энг зарурий нарсалардан ташқари дунё ҳаётида фаровонликни истасангиз, еб-ичиш ва кийинишда бемалоллик ва зеб-зийнатларни хоҳласангиз, мен билан яшашга тоқат қилолмасангиз, мени тарк этишингиз мумкин. Сизларни рози қиладиган мутъа[50] беришга, сизларга зарар ва зулм етказмасдан талоқ қилишга тайёрман, ҳақингиздан кўпроқ бераман, – деб айтинг.

“Агар сизлар Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилувчилар учун улуғ мукофот – жаннатни тайёрлаб қўйгандир”.

Яъни, агар сизлар дунё ҳаётини эмас, балки Аллоҳнинг савоби, Расули алайҳиссалом билан қолишни хоҳласангиз, охират диёрини дунёнинг ўткинчи зийнатларидан афзал билсангиз, у ҳолда билингларки, ичингиздаги яхшилик қилувчиларнинг имони ва эҳсони сабаб, уларга миқдорини фақат Аллоҳ биладиган тарзда жуда кўп ажр-мукофотлар беради.

Мана шу билан Аллоҳ таоло Расули орқали мўминлар оналарини саодат йўлига бошламоқда, уларнинг ихтиёрлари ўзларида эканини маълум қилмоқда ва керакли кўрсатмалар бермоқда.

Шундан кейин Аллоҳ таоло мўминлар оналарига хитоб қилиб, мақталган фазилатга эга бўлиш ва ёмон ишлардан четланишга буюради. Чунки улар бошқа муслима аёлларга ўрнакдирлар. Қолаверса, улар яшаб турган хонадонда Расулуллоҳ алайҳиссаломга ваҳий нозил қилинади. Парвардигори олам шундай дейди:

“Эй, Пайғамбар аёллари, сизлардан ким аниқ гуноҳни қилар экан, унинг учун азоб икки баробар қилинади. Бу Аллоҳга осон бўлган ишдир. (Эй, Пайғамбар аёллари,) сизлардан ким Аллоҳ ва Пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини ҳам икки ҳисса қилиб берамиз ва унинг учун улуғ ризқни тайёрлаб қўйганмиз. Эй, Пайғамбар аёллари, сизлар аёллардан биронтаси каби эмассизлар (яъни, бирон аёл фазлу мартабада сизлар каби бўла олмайди). Бас, агар тақводор бўлсангиз (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида касаллик бўлган кимса тамаъ қилиб қолади. Яхши – тўғри сўзни сўзланг! Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар. (Бирон ҳожат учун чиққанингизда эса) илгари динсизлик (даври)даги каби ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо қилинглар, закотни (ҳақдорларга) беринглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва Пайғамбарига итоат этинглар! (Эй Пайғамбар алайҳиссалом) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос. Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикматдан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр қилинглар! Албатта Аллоҳ Меҳрибон ва Огоҳ бўлган Зотдир” (Аҳзоб сураси, 30-34-оятлар).

Мана бу оятларда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига панд-насиҳат қилмоқда ва уларга одоб бермоқда.

“Эй, Пайғамбар аёллари, сизлардан ким аниқ гуноҳни қилар экан, унинг учун азоб икки баробар қилинади”.

Яъни, эй, Пайғамбар алайҳиссаломнинг аёллари! Орангизда кимда-ким очиқ маъсиятга қўл урса, Аллоҳ унга икки ҳисса азоб беради. Чунки мартабаси баланд одамнинг гуноҳи учун қаттиқроқ жазо белгиланади.

Ривоят қилинишича, бир киши Зайнулъобидин ибн Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳуга:

– Сизлар аҳли байтсизлар, гуноҳларингиз кечириб юборилган, – деди.

Бу гапдан Зайнулъобидиннинг жаҳли чиқди.

– Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига жорий қилган нарса бизга ҳам жорий бўлиши муносиброқдир. Бас, бизлардан гуноҳ қилганларга икки баробар азоб бўлади. Яхшилик қилганларга эса икки ҳисса кўп савоб берилади, – дедилар.

Шундан кейин мўминлар оналарининг юқори мақомлари уларнинг азобга гирифтор бўлишларига парда бўлолмаслиги баён этилади:

“Бу Аллоҳга осон бўлган ишдир”.

Яъни, улар гуноҳ қилган тақдирда икки ҳисса азоб бериш Аллоҳ учун қийин эмас. У Зот барча нарсага қодир.

“(Эй, Пайғамбар аёллари,) сизлардан ким Аллоҳ ва Пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини ҳам икки ҳисса қилиб берамиз ва унинг учун улуғ ризқни тайёрлаб қўйганмиз”.

Яъни, эй, Пайғамбар алайҳиссалом аёллари! Сизлардан ким Аллоҳга хушу билан ибодат қилса, Унга тўлиқ бўйсунса, Расулини рози қиладиган амалларга ҳарис бўлса, солиҳ амаллар қилса, Аллоҳ фазлу карами ила уларга икки баробар кўп ажр-мукофот беради. Бундан ташқари, миқдорини фақат Аллоҳ биладиган тарзда улуғ ризқ ато этади.

“Эй, Пайғамбар аёллари, сизлар аёллардан биронтаси каби эмассизлар (яъни, бирон аёл фазлу мартабада сизлар каби бўла олмайди)”.

Яъни, Аллоҳ сизларга шундай улуғ мақом ва юксак мартабалар берди. Уни сизлардан бошқаларга бермаган. Сизлар бошқа аёлларга ўрнаксизлар. Агар тақво қилсангиз, Аллоҳ таоло қайтарган ишлардан сақлансангиз, мана шу даражага эришасиз.

Бу ерда мўминлар оналари тақво эвазига шундай буюк даражаларга эришишларига урғу берилмоқда.

Шундан кейин қалбида нифоқ ва бузуқлик бўлган кимсалар билан суҳбатлашиш борасида кўрсатма берилган:

“(Парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида касаллик бўлган кимса тамаъ қилиб қолади”.

Яъни, эй, Пайғамбар алайҳиссалом аёллари! Бегона эркаклар шаҳватини қўзғайдиган тарзда майин овозда гапирманг. Қалбида касаллик бўлган кимса сизлар билан бу оҳангда гаплашса, бузуқлик ниятида бўлади. Ўз эридан бошқа бегона эркакларга бу тахлит гапиришдан сақланиш муслима аёлга хос хислатдир.

Ҳар бир замон ва макондаги муслима аёллар учун ибрат бўлсин деб Аллоҳ таоло мўминлар оналарини ноҳмарам кишиларга майин овозда мурожаат қилишдан қайтармоқда.

“Яхши – тўғри сўзни сўзланг!”

Яъни, қалбида шаҳвати бор кимса сизлар ҳақингизда ёмон хаёлга борадиган ҳар қандай гапни гапирманг.

“Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар”.

Яъни, эй, Пайғамбар алайҳиссалом аёллари! Сизлар уйларингизни лозим тутинг! Фақат шаръий зарурат билангина ташқарига чиқинг!

Бу хитоб нафақат мўминлар оналарига, балки бошқа муслима аёлларга ҳам тегишлидир.

Бу ерда умуман уйдан чиқмаслик эмас, балки муслима аёлнинг асосий вақти ўз хонадонида ўтиши кераклиги, фақат энг муҳим ишлар учун ташқарига чиқиши жоизлиги айтилмоқда. Фақат шарти шуки, аёл ташқарига чиқса, авратини тўлиқ ёпган бўлиши керак. Шу сабаб, Аллоҳ таоло юқоридаги буйруқдан кейин: “(Бирон ҳожат учун чиққанингизда эса) илгари динсизлик (даври)даги каби ясан-тусан қилманглар!” – демоқда.

Яъни, эй, Пайғамбарнинг аёллари! Сизлар уйларингизни лозим тутинг! Фақа шаръий зарурат ила кўчага чиқинг! Агар чиқсангиз, одми ва авратингизни ёпиб турадиган либосларни кийинг. Сизлардан биронтаси Аллоҳ беркитишни буюрган аъзосини очиб юрмасин. Жоҳилият давридаги аёлларга ўхшаб қолманг! У даврдаги аёллар эркаклар шаҳватини қўзғаб, уларнинг нигоҳини ўзларига қаратишарди.

“Намозни тўкис адо қилинглар, закотни (ҳақдорларга) беринглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва Пайғамбарига итоат этинглар!”

Яъни, намозни вақтида хушу ва хузу билан рисоладагидек адо этинг, Аллоҳ фарз қилган закотни ҳақдор одамларга беринг! Ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ ва Расулига итоат этинг!

Аллоҳ таоло бу икки ибодатни хослашига сабаб, намоз ва закот бадан ва мол билан қилинадиган ибодатларнинг асосидир.

“(Эй Пайғамбар алайҳиссалом) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос”.

Яъни, Аллоҳ зиммангизга мана шу амр ва қайтариқларни юклаш билан сизларни гуноҳ ва нуқсонлардан поклашни, барча нолойиқ нарсалардан тўлиқ тозалашни истайди.

“Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикматдан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр қилинглар! Албатта Аллоҳ Меҳрибон ва Огоҳ бўлган Зотдир”.

Яъни, уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг мўъжизали оятларини ва Расулининг ҳикматли ҳадисларини зикр қилинглар. У сизлар учун дунё ва охират ишларини тўғрилайдиган шариатни нозил қилди. Аллоҳ қилаётган ҳамма ишингиздан хабардордир.

Аллоҳ таоло мўминлар оналарининг уйларини Қуръон ва ҳадислар тушиши учун бир макон қилди. Шундай экан, улар бошқалардан кўра кўпроқ эслаб, солиҳ амалларга рағбат қилишлари лозим.

Биз бу китобимизда башарият отаси – Одам алайҳиссаломдан то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган пайғамбарларнинг ибратга тўла ҳаёти билан танишиб чиқдик. Ҳар бир қисса сўнггида улардан келиб чиқадиган ибратларни ҳам зикр қилдик. Сиз мароқ билан ўқиган қиссаларда ақл эгалари учун намуна бордир. Аллоҳ таолонинг мана бу сўзлари нақадар ҳақ: “Ҳақиқатан, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки у ўзидан аввалги нарсаларни (яъни, самовий китобларни) тақсдиқловчи, (унга) имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир китоб)дир” (Юсуф сураси, 111-оят).

Сўзимиз охирида оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду сано айтамиз, Саййидимиз Муҳаммадга, у зотнинг оилалари ва саҳобаларига кўпдан-кўп салавот ва саломлар йўллаймиз!

[1] Ўн бешинчи боб: “Пайғамбарларнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида айтган башоратлари” фасли.

[2] “Тафсиру ибни касир”, 3-жуз, 254-бет.

[3] “Тафсиру ибни касир”, 1-жуз, 123-бет.

[4] “Тафсирул қуртубий”, 8-жуз, 301-бет.

[5] “Тафсирул қуртубий”, 8-жуз, 302-бет.

[6] Масалан, Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ат-тожул жомеъ лил усул фий аҳодисир расул” номли китобига (3-жуз, 228-бет) мурожаат қилсин.

[7] “Тафсирул кашшоф”, 1-жуз, 524-бет.

[8] Имом Қуртубий: “Бу Мужоҳид, Аъмаш ва Қатоданинг қавлидир. Бу гап саҳиҳдир”, деган (“Тафсирул қуртубий”, 5-жуз, 261-бет).

[9] Қаранг: Мансур Али Носиф, “Ат-тожул жомеъ лил усул фий аҳодисир расул”, 1-жуз, 42-бет.

[10] “Тафсиру ибни касир”, 7-жуз, 345-бет.

[11] “Тафсиру ибни касир”, 7-жуз, 348-бет.

[12] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 7-жуз, 347-бет; “Тафсирул қуртубий”, 16-жуз, 304-бет.

[13] (Пешин намозидан сўнг бироз ухлаб дам олиш “қайлула”, дейилади. – таржимон)

[14] “Саҳиҳул бухорий”, “Таяммум” боби, 1-жуз, 17-бет.

[15] “Саҳиҳу муслим”, “Масжидлар” китоби.

[16] “Тафсиру ибни касир”, 2-жуз, 255-бет.

[17] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 6-жуз, 424-бет.

[18] Қаранг: “Тафсирул қосимий”, 2-жуз, 77-бет.

[19] Аҳзоб сураси, 45-46-оятлар.

[20] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 2-жуз, 583-бет.

[21] “Тафсирул алусий”, 8-жуз, 108-бет.

[22] “Тафсиру ибни касир”, 2-жуз, 21-бет.

[23] “Тафсирул манор”, 8-жуз, 399-бет.

[24] Аъроф сураси, 43-оят.

[25] Макка мушриклари Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толибнинг олдига келиб: “Муҳаммадга айтгин, бизларнинг динимизни айблашни ва худоларимизни ҳақорат қилишни бас қилсин”, дейишганида, уларнинг талабларидан хабардор бўлган Ҳазрат: “У ҳолда менинг биргина сўзимни қабул қилинларки, сизлар у сўз шарофатидан арабу ажамга подшоҳ бўласизлар”, дедилар. Шунда мушриклар шодланиб: “У қандай сўз экан-а? Агар айтганларинг рост бўлса, бир эмас ўн сўзингни ҳам қабул қиламиз”, дейишганида, Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “У сўз – Лаа илааҳа иллаллоҳдир – яъни, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”. Улар бу сўзни эшитишгач, даҳшатга тушдилар ва юқоридаги ояти каримада эслатилган сўзларни айтдилар ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларидан чиқиб кетдилар (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[26] “Тафсиру ибни касир”, 7-бет, 46-бет.

[27] Икки қишлоқдан мурод Макка ва Тоиф шаҳарларидир. Мушриклар назарида Макканинг улуғи ўша жойлик боёнлардан Валид ибн Муғийра бўлса, Тоифнинг улуғи Урва ибн Масъуд Сақафий номли бой эди. У мушриклар ҳам барча замонлардаги кимсалар каби улуғликни мол-давлат ва салтанат билан ўлчар эдилар. Шунинг учун улар: “Агар бу Қуръон ҳақ китоб бўлганида Муҳаммадга ўхшаган бир етим ва камбағалга эмас, балки Валид ва Урва каби улуғ зотларга тушган бўлар эди”, дедилар (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[28] Ушбу оят Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чин пайғамбар эканларига далолат қиладиган, келажакда содир бўладиган ҳодиса ҳақидаги хабарлардан биридир. Ҳақиқатан, мана шу оят нозил бўлганидан сўнг кўп вақт ўтмай, Бадр жангида ўша мағрур мушриклар енгилиб, ортларига қараб қочиб қолдилар (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[29] Номи зикр қилинган кишилар аҳли китоблар ичидан мусулмон бўлганлардир.

[30] “Тафсирул алусий”, 18-жуз, 237-бет.

[31] “Тафсирул кашшоф”, 2-жуз, 672-бет.

[32] Анбиё сураси, 18-оят.

[33] “Тафсиру ибни касир”, 2-жуз, 130-бет.

[34] Айтилишича, ўликлардан мурод, ҳақиқий маййитлардир. Чунки Аллоҳ таоло уларнинг барчасини охиратда тирилтиради. Кейин ёмонлик қилганларни жазолайди, чиройли амал қилганларга мукофот беради.

[35] Ривоят қилинишича, бир куни Пайғамбар алайҳиссалом Қурайш зодагонларидан бир гуруҳини Исломга даъват қилиб турганларида олдиларига Абдуллоҳ ибн Умму Мактум исмли кўзи ожиз бир саҳоба келиб, бир неча бор: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ Сизга билдирган нарсалардан менга таълим беринг”, деб такрорлади. Чунки у киши аъмо бўлганлари сабабли Пайғамбаримизнинг бошқалар билан банд эканларини сезмаган эди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳалиги Қурайш катталари Исломни қабул қилишса, уларга эргашиб орқаларидаги тобеълари ҳам мусулмон бўлиб қолади, деган умид билан берилиб сўзларётганлари сабаб, мана шу пайтда Абдуллоҳ ибн Умма Мактум келиб сўзларини бўлганидан аччиқланиб қовоқ солдилар ва у кишига орқа ўгириб Қурайш катталари билан суҳбатлашишда давом этдилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга танбеҳ бўлиб мазкур ва қуйидаги оятлар нозил бўлди.

Шу ўринда биз муҳтарам ўқувчи эътиборини мазкур оятлардаги икки ибратли нуктага жалб этмоқчимиз.

Биринчидан, Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби ва сўнгги Пайғамбарига танбеҳ берар экан, у кишига бевосита хитоб қилмади, балки учинчи шахс ҳақида гапираётгандек танбеҳ бердики, бу Дўст Дўстга қиладиган муомаланинг беназир намунасидир.

Иккинчидан, агар бизда Аллоҳ таолонинг Ўзи: “Шак-шубҳасиз, Сиз улуғ хулқ узрадирсиз” (Қалам сураси, 4-оят) деб таърифланган Пайғамбаримиз мазкур воқеада бир аъмо кишига озор бердиларми, деган савол туғилса, бундай саволнинг жавоби ҳам ўша воқеаинг ўзида мавжуддир. Яъни, юқоридаги оятлар гувоҳлик беришича, Пайғамбар алайҳиссалом у кишининг дилига озор берадиган бирон қаттиқ сўз айтганлари йўқ, балки фақатгина қовоқларини уюб, юз ўгирдилар, холос. Бундай ҳолатда кўзи ожиз одам кўра олмагани учун озор тополмаслиги аниқдир.

Аллоҳ таолонинг танбеҳидан сўнг Расулуллоҳ алайҳиссалом қачон Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни кўриб қолсалар: “Марҳабо, эй, менга (унинг сабабидан) Парвардигорим дакки берган зот”, деб у кишига пешвоз чиқадиган бўлган эканлар (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[36] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 7-жуз, 342-бет.

[37] “Тафсирул алусий”, 30-жуз, 39-бет.

[38] Қаранг: “Риёзус солиҳин” китоби, 142-бет, “Етимлар, қизлар ва бошқа заифларга лутф кўрсатиш” боби.

[39] Бу оят Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобаларга берилган танбеҳдир. Улар мушрикларнинг етмиш аскарини асир олиб, сўнг маълум товон-тўлов эвазига бўшатиб юборганларида мана шу оят нозил бўлган (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[40] Қаранг: “Тафсиру ибни жарир”, 10-жуз, 44-бет.

[41] “Тафсиру ибни жарир”, 10-жуз, 48-бет.

[42] “Тафсирул манор”, 10-жуз, 453-бет.

[43] Айтилишича, Маймуна розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўзини бағишлаган аёл бўлган.

[44] Аҳзоб сураси, 36-оят.

[45] Қаранг: “Тафсирул алусий”, 22-жуз, 24-бет.

[46] “Тафсиру ибни касир”, 6-жуз, 420-бет.

[47] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 6-жуз, 424-бет.

[48] Ривоят лафзи имом Муслимга тегишли.

[49] “Тафсирул қуртубий”, 14-жуз, 123-бет.

[50] Эр хотинини талоқ қилгандан кейин аёлга берадиган мол ёки ҳадя мутъадир. Бу аёлнинг шариат тарафидан белгилаб қўйилган ҳуқуқидир.

👉https://t.me/kitobxon_viktorina

Имтиҳон (6)га тайёргарлик! ҚУРЪОНИ КАРИМ ҚИССАЛАРИДАН
АСҲОБУЛ КАҲФ ҚИССАСИ

Қуръони каримда муҳтарам пайғамбарларнинг қавмлари билан бўлган ҳодисаларни ёритувчи қиссалар билан бирга бошқа қавмлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Булар Қуръон ҳақ Калом эканига, Аллоҳнинг даргоҳидан нозил қилинганига далолат қилади. Зеро, уларда оқил кишилар учун ибрат ва панд-насиҳатлар бордир.

Аллоҳ таоло айтади: “Ҳақиқатан, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқарилган сўз эмас. Балки ўзидан аввалги нарсаларни (самовий китобларни) тасдиқловчи, (унга) имон келтирадиганқ қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир Китоб)дир” (Юсуф сураси, 111-оят).

Қуръони каримда пайғамбарлар қиссасидан ташқари яна асҳобул каҳф қиссаси, чоҳ эгалари қиссаси, боғ эгалари қиссаси, қишлоқ эгалари қиссаси, фил эгалари қиссаси, Зулқарнайн қиссаси, кучли сел ёпирилгани ҳақидаги қиссалар келтирилган. Ана шундай қиссалардан бири Асҳобул каҳф воқеасидир.

Асҳобул каҳф қиссаси Қуръони каримнинг Каҳф сурасида келтирилган. Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Балки Сиз каҳф (ғор) ва битик эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг оятларимизнинг энг ажойиби деб ўйлагандирсиз[1]? Эсланг, ўшанда у (мўмин) йигитлар ғорга паноҳ истаб боришиб: “Парвардигоро, бизларга Ўз ҳузурингдан раҳмат – марҳамат ато эт ва бизларнинг ишимизни ўнгла”, дедилар. Бас, Биз ўша ғорда бир неча йил уларнинг қулоқларига уриб (ухлатиб) қўйдик. Сўнгра (уларнинг ичидаги қанча ухлаганлари ҳақида тортишадиган) икки гуруҳдан қайси бири турган муддатларини (тўғри) ҳисоблаганини билиш учун уларни уйғотдик” (Каҳф сураси, 9-12-оятлар).

Имом Розий шундай деган: “Билгинки, Қурайшдан бир гуруҳ одамлар асҳобул каҳф қиссасидан ажабландилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни имтиҳон қилиш учун улар ҳақида сўрадилар. Шунда Аллоҳ: “Балки Сиз каҳф (ғор) ва битик эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг оятларимизнинг энг ажойиби деб ўйлагандирсиз?” деди. Яъни, бундай ўйлама! Зеро, Бизнинг оятларимизнинг ҳаммаси ажойибдир. Осмонлар ва ерни яратишга, ерни ўсимликлар, ҳайвонлар ва маъданлар билан зийнатлашга, кейин қуруқ ер қилиб қўйишга қодир бўлган Зотга одамлардан баъзи тоифаларни Ўз ҳимоясига олиш учун 300 йилдан зиёд ухлатиб қўйиш қийин эмас. Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодирдир[2]”.

Муфассирлар Асҳобул каҳф қиссаси нозил бўлишига бир қанча сабабларни келтиришган. Қисқаси, Қурайш қавми Назр ибн Ҳорис ва Уқба ибн Абу Муайтни Мадинадаги яҳудий олимлари олдига юборишган. “Улардан Муҳаммад ҳақида сўранглар. Уларга сифатини айтиб беринглар. У нима деяётганини хабар қилинглар. Зеро, улар аввалги аҳли китоблардир. Улар пайғамбарлар ҳақида биз билмаган нарсаларни билишади”, дейишди.

Бас, иккиси йўлга тушиб, Мадинага етиб келишди ва яҳудий олимларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида сўрашди ва ўз навбатида, у зотнинг сифатларини зикр қилишди. Яҳудий олимлари у иккисига: “Муҳаммаддан уч нарса ҳақида сўранглар. Агар у сизларга ўшалар ҳақида хабар берса, у ҳолда ҳақиқий пайғамбардир. Агар хабар қилолмаса, ёлғончи кишидир.

Аввало, сизлар бориб ундан “Ғор соҳиблари” хусусида сўранглар. Улар ҳақида хабар берсин. Бу борада ажойиб қисса бор. Кейин машриқ ва мағрибни айланган киши ҳақида хабар берсин. Сўнгра руҳ ҳақида сўранглар. Руҳ нима эканини айтиб берсин. Агар Муҳаммад сизларга шу нарсаларни айтиб берса, бас, у пайғамбардир. Унга итоат этинглар!” дейишди яҳудий олимлари.

Назр ва Уқба ортга қайтиб, қавми олдига келишди.

– Эй, Қурайш жамоаси! Яҳудий олимлари Муҳаммаддан баъзи нарсаларни сўрашимизни буюрди, – дейишди.

Шундан сўнг улар Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб, яҳудийлар ўргатган саволларни беришди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сўраган нарсаларингиз ҳақида сизларга эртага хабар қиламан”, дедилар. Бироқ “Иншааллоҳ” (яъни, “Агар Аллоҳ хоҳласа”) демадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ ваҳий туширишини ўн беш кун кутиб қолдилар. Жаброил алайҳиссалом у зот ҳузурларига келмади. Шунда Макка аҳли иғво тарқатиб: “Муҳаммад эртага хабар қилишни ваъда берганди. Бугун ўн бешинчи кун ҳам ўтяптики, сўраган нарсамиз ҳақида бирон нарса дегани йўқ”, деб ичларидан севинишди. Пайғамбар алайҳиссалом ваҳий келмаётганидан ва Макка аҳлининг гапини эшитиб маҳзун бўлдилар. Ниҳоят, Жаброил алайҳиссалом Аллоҳдан Асҳобул каҳф қиссасини олиб келди. Шунда у зот уларга мўмин йигитлар ва ер юзини айланиб чиққан киши ҳақида хабар бердилар. Руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳ таоло шундай жавоб қилди: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ Ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир”. Сизларга жуда оз илм берилган[3]” (Исро сураси, 85-оят).

Асҳобул каҳф қиссаси баёни мана бу жумлалар билан бошланади:

“Балки Сиз каҳф (ғор) ва битик эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг оятларимизнинг энг ажойиби деб ўйлагандирсиз?”

“Каҳф” сўзи ичи кенг ғор маъносини англатади. Бу ердаги ғордан мурод, мўмин йигитлар ўзлари учун макон тутган жойдир.

Кучли қавлга кўра, “битик”дан мурод, асҳобул каҳф исмлари, насаблари ва қиссалари ёзилган лавҳ.

Яъни, эй муҳтарам пайғамбар, Биз сизга сўзлаб бераётган асҳобул каҳф қиссаси қудратимизга далолат қилувчи оятларнинг энг ажойиби деб ўйлаётгандирсиз? Йўқ, бундай ўйламанг. Зеро, Бизнинг қудратимиз чексиздир. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.

Шундан кейин йигитлар ғорга жойлашганларидан кейин айтган сўзлари келтирилади:

Эсланг, ўшанда у (мўмин) йигитлар ғорга паноҳ истаб боришиб: “Парвардигоро, бизларга Ўз ҳузурингдан раҳмат – марҳамат ато эт ва бизларнинг ишимизни ўнгла”, дедилар.

Бу ердаги “раҳмат” манзилдаги омонлик, ризқнинг кенглиги ва гуноҳларнинг мағфират этилишини ўз ичига олади.

Яъни, ўша йигитлар эътиқодларини сақлаш учун ўз масканларини тарк этиб, ғордан паноҳ топиб, у ерни ўзлари учун қароргоҳ қилиб олгач:

– Ё Парвардигор! Бизлардан марҳаматингни дариғ тутман. У билан қалбимиз таскин топсин, ишларимиз ўнглансин! Биз динимизни сақлаш, имонда мустаҳкам туриш ва тоатингда бардавом бўлиш йўлида ҳаракат қилмоқдамиз. Ўзинг ишимизни осон қил, бизларга тавфиқ бер! – дея илтижо қилган вақтларини эсла!

Имонини сақлаш учун йўлга чиққан йигитлар камчилик эди. Улар жуда ёш бўлишларига қарамай имонлари саломатлиги учун борларини беришга тайёр эдилар. Ояти карима сиёқидан кўриниб турибдики, улар йўлларида учраган ғорни ўзлари учун маскан қилиб олганлар. Ҳа, улар эътиқодларини асраш йўлида қулай ва шинам уй-жойларини ташлаб, ғорни маскан тутдилар. Ғорга кириб, жойлашгач, дарров Аллоҳга тазарру қилдилар, У Зотдан яхшилик умидида дуо қилдилар.

“Бас, Биз ўша ғорда бир неча йил уларнинг қулоқларига уриб (ухлатиб) қўйдик”.

Бу ерда “қулоққа уриш” деганда ғорга кириб паноҳ топган йигитларнинг узоқ муддатга ухлатиб қўйилиши назарда тутилмоқда. Қулоққа уриш билан улар атрофидаги нарсаларни ҳис қилмайди, эшитмайди.

Яъни, йигитлар ғорга кирганларидан кейин Аллоҳ таолога дуо-илтижолар қилганларида, Аллоҳ уларнинг қулоқларини эшитмайдиган қилиб парда билан тўсиб қўйди. Натижада, улар уйғотиб юбориши мумкин бўлган нарсаларни эшитмайдиган бўлиб қолдилар ва қаттиқ уйқуга кетдилар.

Бу ерда “бир неча йил” деб умумий тарзда айтиляпти. Аммо қисса сўнггида улар ғорда 300 йилдан кўпроқ ухлаганлари баён қилинган.

Ўша йигитлар ҳис қилиш аъзоларининг барчаси тўсилганига қарамай Аллоҳ бу ерда қулоқни хослашига сабаб, айнан қулоқ инсоннинг уйғонишига асосий омилдир. Қулоқнинг эшитиш вазифаси ишдан чиқса, одамнинг ухлаши қийин бўлмайди.

Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эрта турмайдиган бир киши ҳақида: “Унинг қулоғига шайтон бавл қилибди”, деганлар. Яъни, ўша нарса уни қуёш чиқишидан олдин туришига монеълик қилган.

Узоқ давом этган уйқудан кейин нима бўлгани қуйида баён қилинади:

“Сўнгра (уларнинг ичидаги қанча ухлаганлари ҳақида тортишадиган) икки гуруҳдан қайси бири турган муддатларини (тўғри) ҳисоблаганини билиш учун уларни уйғотдик”.

Кўпчилик муфассирлар наздида, икки гуруҳдан бири асҳобул каҳф, иккинчиси шаҳар аҳлидир. Аллоҳ асҳобул каҳфни шаҳар аҳлининг замонида (яъни, орадан уч юз йил ўтиб) уйқудан уйғотган эди. Улар мўмин йигитларнинг хабарларини билишарди.

Айтилишича, мўмин йигитларни уйғотган шаҳар аҳолиси икки тоифага: мўмин ва кофирга бўлинган. Улар ғорда қанча муддат турганлари ҳақида ихтилоф қилишган.

Қалб таскин топадиган қавл шуки, икки гуруҳ ҳам асҳобул каҳфдан бўлган. Чунки Аллоҳ таоло “Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун Биз уларни ана шундай уйғотдик”, деган.

Оятдаги “билиш”дан мурод, ҳақиқатни изҳор қилишдир. Балки қайси бир гуруҳ тўғрироқ ҳисоблашини билиш маъносида бўлиши ҳам мумкин.

Имонини саломат сақлаш мақсадида бўлган йигитларни Аллоҳ 300 йилдан ортиқ ухлатиб қўйиб, кейин бирон жойларини ўзгармаган ҳолда турғазиши У Зотнинг қудратига, Унга ихлос билан ибодат қилиш лозимлигига, ўлгандан кейин тирилиш ҳақлигига далолат қилувчи аломатлардандир.

Юқорида асҳобул каҳф қиссаси умумий тарзда келтирилди. Энди мазкур қисса мукаммалроқ суратда баён қилинади. Аллоҳ таоло шундай дейди:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Биз Сизга уларнинг хабарларини рўй-рост сўйламоқдамиз. Ҳақиқатан, улар Парвардигорига имон келтирган ва Биз имонларини зиёда қилган йигитлардир. Биз уларнинг дилларини (имон билан) қувватладик. Ўшанда улар туриб дедилар: “Бизнинг Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир. Бизлар Ундан ўзга “илоҳ”га ҳаргиз дуо-илтижо қилмаймиз. Акс ҳолда ноҳақ (сўзни) айтган бўламиз. Ана у қавмимиз эса Ундан ўзга “илоҳ”ларни (худо) қилиб олдилар. Улар ўзлари учун аниқ бир ҳужжат келтирсалар эди. Бас, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! (Йигитлар!) Модомики, сизлар улардан ва Аллоҳдан ўзга – улар сиғинаётган нарсалардан четланган – юз ўгирган экансизлар, энди ғорга паноҳ топиб боринг. Парвардигорингиз сизларга Ўз раҳмат-марҳаматини кенг қилади ва сизларнинг ишларингизни ўнглайди” (Каҳф сураси, 13-16-оятлар).

Яъни, эй Муҳаммад, Сизга ва умматингизга бу қиссани Биз сўзлаб берамиз. Бу қисса ердаги ва кўкдаги нарсалардан хабардор Парвардигорингиз томонидан нозил қилингандир. Унинг ростлигида шубҳа йўқ.

Аллоҳнинг: “Биз Сизга уларнинг хабарларини рўй-рост сўйламоқдамиз” дейишидан мўмин йигитлар ҳақидаги қисса баъзи одамларга маълум экани, аммо унга хурофот ва ботил нарсалар аралашиб кетганига ишора қилади.

“Ҳақиқатан, улар Парвардигорига имон келтирган ва Биз имонларини зиёда қилган йигитлардир”.

Ўша йигитлар Яратганга ихлос қилган, Парвардигорларига тўлиқ бўйин эгган, унинг ҳақлигига имон келтирган эдилар. Аллоҳ таоло уларнинг ихлосларини, ҳақ йўлда собитқадамликларини бардавом қилди. Ҳидоятларига ҳидоят, имонларига имонни зиёда қилди.

Ибн Касир шундай деган: “Аллоҳ таоло уларни йигитлар, демоқда. Ёшлар кексалардан кўра ҳақни қабул қилишга мойил бўладилар. Сабаби, ёши қарилар бирон нарсани маҳкам ушлаб олсалар, ундан воз кечишлари қийин бўлади. Шу сабаб, Аллоҳ ва Расулига ижобат қилувчиларнинг кўпи ёш йигитлар бўлишган. Қурайш қабиласининг кексалари ўз эътиқодларидан (яъни, ширкдан) воз кечишмади. Жуда оз қисми имонга мушарраф бўлди.

Бир қанча имомлар, жумладан, Бухорий “Биз уларнинг имонларини зиёда қилдик” оятини имон зиёда бўлиши ва камайишига далил қилганлар[4].

Биз уларнинг дилларини (имон билан) қувватладик. Ўшанда улар туриб дедилар: “Бизнинг Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир. Бизлар Ундан ўзга “илоҳ”га ҳаргиз дуо-илтижо қилмаймиз”.

Оятдаги “қалбни қувватлаш”дан мурод, уларнинг қалбларини мустаҳкамлаш, ҳақ йўлда сабот билан туришга йўллаш ва тасалли беришдир.

Улар қавмлари қилаётган нотўғри ишларни тарк этиш ва имон йўлида ҳар қандай машаққатга чидашга аҳд қилаётганларида шундай сўзларни айтишган. Ёки подшоҳлари уларни бут-санамларга сиғинишга ундаганида, сабот билан туриб ширк ва залолат йўлига юрмасликларини баралла эълон қилишган[5].

Нима бўлганда ҳам, ғордан паноҳ топган мўмин йигитлар қалби мустаҳкам, ҳаққа бўйин эгган ва Аллоҳнинг зикри билан диллари хотиржам бўлган ёшлар эди. Аллоҳ таоло уларнинг имонларини зиёда қилган, қалбларини саботли, бардошли қилган, Ўз паноҳида асраган.

“Бизнинг Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир. Бизлар Ундан ўзга “илоҳ”га ҳаргиз дуо-илтижо қилмаймиз”, дедилар.

Яъни, улар Аллоҳдан ўзга бирон нарсага ибодат қилмасликларини душманлари қаршисида туриб эълон қилдилар. Улар қатъият ва шижоат билан:

– Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир. У барча нарсани яратган Зотдир. Биз Аллоҳдан ўзга “илоҳ”ларга ҳаргиз топинмаймиз! – дедилар.

Алусийга кўра, мўмин йигитлар: “Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир”, деб тавҳидур рубубияга, “Ундан ўзга “илоҳ”га ҳаргиз дуо-илтижо қилмаймиз”, деб тавҳидул улуҳияга ишора қилишган[6].

“Акс ҳолда ноҳақ (сўзни) айтган бўламиз”.

Яъни, Биз Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаймиз. Агар фаразан, Ундан ўзгасига дуо ва ибодат қилсак, у ҳолда ҳақиқат доирасидан узоқ гапни айтган бўламиз.

Бу оят ўша йигитлар имони қай даражада кучли бўлганини кўрсатади. Қайси банда ҳақ йўлда улар каби сабот билан тура олса, Аллоҳ таоло унинг қалбини қувватлантиради, қийинчилик ва машаққатларга сабрли қилади. Шунингдек, бу оят Аллоҳга ширк келтириш инсоннинг асл фитратига тескари эканига ҳам далолат қилади. Аллоҳнинг мана бу сўзлари нақадар ҳақ: “Ким Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қулагану, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган (кимса) кабидир” (Ҳаж сураси, 31-оят).

Йигитлар ўз имонларини ошкор қилиш билан бир қаторда қавмларининг ботил эътиқодини ҳам очиб ташладилар ва уларни инкор қилдилар:

“Ана у қавмимиз эса Ундан ўзга “илоҳ”ларни (худо) қилиб олдилар. Улар ўзлари учун аниқ бир ҳужжат келтирсалар эди”.

Маълумки, уларнинг қавми қилаётган ширк амалларига бирон нарсани далил қилиб келтиролмасдилар. Йигитлар бу ерда уларнинг ана ўша ожиз тарафларига урғу беришмоқда.

Яъни, ғайратли мўмин йигитлар Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга, ҳар қандай ширк амални тарк этишга аҳд қилишгач, қавмлари қилаётган нотўғри ишларин инкор қилиш мақсадида:

– Манави қавмимиз жаҳолат домига тушиб қолишган. Улар бут-санамларни Аллоҳга шерик қилишяпти. Улар мана шу бут-санамлар Аллоҳга шерик қилиши жоизлигини қувватлайдиган бирон ҳужжат келтира оладиларми?! Шубҳасиз, улар бундай қилишдан ожиздирлар! – дедилар.

Бу оят динда ҳар бир нарсанинг собит ҳужжати бўлиши кераклигини ҳам кўрсатади.

Мушрикларнинг нозик жойини ушлаб, уларни ожиз қолдирувчи оят Қуръони каримнинг бошқа ўрнидан ҳам келтирилган: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга) айтинг: “Сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган (бутларингиз) ҳақида хабар беринглар – менга кўрсатинглар-чи, улар ердан нимани яратганлар? Ёки улар учун осмонлар(ни яратиш)да шериклик борми?! Агар ростгўй бўлсангиз, менга ушбу (Қуръон)дан илгари (нозил бўлган ва сизларнинг бутларга сиғинишингизни тасдиқлайдиган) бирон китобни ёки бирон илмий асарни (яъни, аввалги уламолардан қолган бирон аниқ ҳужжатни) келтиринглар!” (Аҳқоф сураси, 4-оят).

Шундан сўнг мўмин йигитлар қавмларини зулмда айблаганлари баён қилинади:

“Бас, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?!”

Аллоҳ номига ёлғон тўқиган, Унга ибодат қилиш ва итоат этишда шерик қилганлардан ҳам золимроқ кимса йўқдир! Зеро, Аллоҳ шерикдан пок Зотдир!

(Йигитлар!) Модомики, сизлар улардан ва Аллоҳдан ўзга – улар сиғинаётган нарсалардан четланган – юз ўгирган экансизлар, энди ғорга паноҳ топиб борингиз. Парвардигорингиз сизларга Ўз раҳмат-марҳаматини кенг қилади ва сизларнинг ишларингизни ўнглайди”.

Қисса давомида мўмин йигитлар ғордан паноҳ топиб, узоқ уйқуга кетганларидан кейинги ҳолатлари баён қилинади. Аллоҳ таоло шундай деган:

“Қуёш чиқишда уларнинг ғорларидан ўнг тарафда ўтиб кетганини, ботишда эса улардан сўл томонга ўтиб кетганини, улар (ғорнинг) тўрида эканларини кўрасан. Бу ҳам Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидандир. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, унинг учун тўғри йўлга йўлловчи бирон дўст топа олмайсан. Уйқуда эканлар, сен уларни уйғоқ, деб ўйлайсан. Биз уларни ўнг томонга, сўл томонга айлантириб турамиз. Уларнинг итлари эса олди оёқларини остонага ёзиб ётади. Агар уларнинг устидан чиқиб қолсанг, (аҳволидан) даҳшатга тушиб юз ўгириб қочган бўлар эдинг” (Каҳф сураси, 17-18-оятлар).

Эй инсон, агар сен ғор эгаларини мана шу ҳолатда кўрсанг, қуёш машриқдан чиқиб, ғорларига нисбатан ўнг томонга ўтиб кетганини, ботишда уларнинг чап томонига ботганининг гувоҳи бўласан. Иккала ҳолатда ҳам қуёш зиёси уларга етиб бормайди. Бу Аллоҳ таолонинг ҳимоясидир. Қуёш тафти уларга азият етказмаслиги, рангларини ўзгартириб, либосларини чиритиб юбормаслиги учун шундай қилинди.

“Улар (ғорнинг) тўрида эканларини кўрасан”.

Яъни, улар ғорнинг ўртасида, кенг жойда ухлаб ётганларининг гувоҳи бўласан.

Ушбу оят тафсирида уламолар икки хил фикрдалар. Имом Розий буни қисқача шундай ифодалаган: “Биринчи қавл шуки, ўша ғорнинг оғзи шимол томонга очилган эди. Агар қуёш чиқса, ғорнинг ўнг томонида бўларди. Қуёш ботаётганида ғорнинг чап томонида бўларди. Қуёш зиёси ғор ичига етиб бормаган. Лекин ёқимли шабада ва ҳаво ғорга кириб турган.

Иккинчи тоифа уламоларга кўра, қуёш чиққанида Аллоҳ таоло унинг зиёсини ғорга тушишдан тўсган. Қуёш ботаётганида ҳам худди шундай бўлган. Бу одатдан ташқари ҳолат бўлган. Аллоҳ асҳобул каҳфга хослаган улуғ кароматдир бу[7]”.

Иккала фикрда ҳам жон бор. Аммо қалб иккинчи қавлга мойил бўлади. Чунки Аллоҳ таоло “улар (ғорнинг) тўридадирлар” деган сўзи улар ғор ўртасида ухлаб ётганларини кўрсатади. Шунга қарамай уларга қуёш зиёси етиб бормаган. Бу уларнинг ҳоли ажиб бўлганидан дарак беради.

“Бу ҳам Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидандир”.

Мана шу оят ҳам ғорга кириб паноҳ топган мўмин йигитларнинг ҳоли оддий эмас, ғаройиб, одатдан ташқари бўлганига ишора қилади.

Яъни, Биз уларга кўрсатган марҳаматимиз чексиз қудратимизга далолат қилувчи, иродамизга бирон нарса тўсқинлик қилолмаслигига ишора қилувчи аломатлардандир.

Оят мана бу жумла билан тугайди:

“Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, унинг учун тўғри йўлга йўлловчи бирон дўст топа олмайсан”.

Аллоҳ кимни ҳақ йўлга ҳидоят қилса, ана ўша инсон ҳидоят топибди. У икки дунё саодатини қўлга киритибди. Аллоҳ қайси бандани тўғри йўлдан оздириб қўйса, эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сиз унинг учун ҳақ йўлга йўлловчи биронта ҳам йўлбошчини топа олмайсиз.

Шундан кейин ғор ўртасида ухлаб ётган йигитларнинг ғаройиб кўриниши тасвирланади:

“Уйқуда эканлар, сен уларни уйғоқ, деб ўйлайсан”.

Яъни, эй хитоб қилинаётган инсон, агар сен уларни кўришга қодир бўлганингда, ухлаб ётган бўлсалар ҳам уларни уйғоқ деб ўйлаган бўлардинг.

Бунга сабаб, уларнинг кўзлари очиқ ва дам-бадам у ёқдан-бу ёққа ўгирилиб олишлари эди:

“Биз уларни ўнг томонга, сўл томонга айлантириб турамиз”.

Яъни, ухлаётганларида уларни ўнг ва чап томонга ўгириб қўямиз. Бу таналарини ҳимоя қилиш, кўп ухлаганлари сабаб ер жисмини чиритиб юбормаслиги учун қилинган эди.

Асҳобул каҳф уйқу ҳолатида неча марта ўнг ва чап томонга ўгириб қўйилганини фақат Аллоҳ билади. Муфассирлар бу борада биронта ҳам саҳиҳ ривоятни келтиришмаган. Шунинг учун бу масалани четлаб ўтамиз.

Кейин ғор эгаларининг ити шундай тасвирланади:

“Уларнинг итлари эса олди оёқларини остонага ёзиб ётади”.

Асҳобул каҳфга сафарда ҳамроҳ бўлган ит ғор оғзида икки оёғини чўзиб ётарди. Гўё ит эгаларини ҳимоя қилиб, уларнинг олдига биров киришига тўсқинлик қилиб тургандек.

“Агар уларнинг устидан чиқиб қолсанг, (аҳволидан) даҳшатга тушиб юз ўгириб қочган бўлар эдинг”.

Яъни, агар сен уларни шу ҳолатда кўрганингда, қўрқувдан ортингга қарамай қочган, қиёфаларидан даҳшатга тушган бўлардинг.

Уламолар бу оятдан бир қанча ҳукмларни чиқаришган. Жумладан, Ибн Касир шундай деган: “Ит, одатдагидек, эшик олдида ётган. Бу унинг одати ва табиатидир. Ит эшик олдида уларни қўриқлаб турган. У уй ташқарисида эди. Саҳиҳ ҳадисда айтилганидек, ит бор уйга фаришталар кирмайди. Уларнинг итлари ғор эгалари баракасига шерик бўлди. Улар шу ҳолатда ухлаб қолишди. Бу яхши кишиларга суҳбатдош бўлишнинг фойдасидир. Мана шу сабаб ит зикр қилинган, у ҳақида хабар берилди[8]”.

Ибн Атийя отасидан ривоят қилади: “Мен Абулфазл Жавҳарий ҳижрий 469 йилда Миср жоме масжидида ваъз қилиб: “Ким аҳли хайрни яхши кўрса, уларнинг баракасидан насибадор бўлади. Бир ит фазилат аҳлини яхши кўрди ва уларга ҳамроҳ бўлди. Шу сабабдан Аллоҳ ўша итни Каломининг муҳкам оятларида зикр қилди”, деганини эшитганман”.

Қуртубий айтмоқчики, баъзи итлар солиҳлар ва авлиёларга ҳамроҳ бўлиб шундай улуғ даражага эришган экан, у ҳолда мўмин бандаларнинг валий ва солиҳлар билан аралашиб юриши ҳақида нима деб ўйлайсиз? Бу ерда камолот даражасига чиқа олмаган, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда у зот оилаларини яхши кўрадиган мўминлар қалбига тасалли берилмоқда.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан масжиддан чиқдим. Масжид эшиги олдида бир кишини кўрдик. У: “Ё Расулуллоҳ, қиёмат қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У кунга нима тайёрлагансан?” дедилар. Бу саволдан ҳалиги киши хокисор бўлиб қолди (шашти тушиб кетди). Кейин: “Ё Расулуллоҳ, қиёмат кунига намоз, рўза ва садақа амалларидан кўпини ҳозирлай олмадим. Бироқ мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман”, деди. Шунда у зот: “Бас, сен ўзинг яхши кўрганлар билан бирга бўласан”, дедилар” (Бухорий ривоят қилган).

Анас розияллоҳу анҳу шундай деган: “Бас, мен Аллоҳ ва Расулини, Абу Бакр ва Умарни яхши кўраман. Гарчи улар каби амал қилолмасам ҳам, (жаннатда) улар билан бирга бўлишдан умид қиламан[9]”.

Қисса давомида уйқудан уйғонган йигитларнинг ҳолати ва ўрталарида бўлиб ўтган суҳбат ҳақида ҳикоя қилинади:

“Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун Биз уларни ана шундай уйғотдик. Улардан бири деди: “Қанча (муддат ухлаган ҳолда) турдинглар?” Улар(нинг айримлари): “Бир куни ё ярим куни турдик”, дедилар. (Қолганлари эса:) “Қанча (ухлаб) турганингизни Ёлғиз Парвардигорингиз билади. Энди бир кишини мана бу пулингиз билан шаҳарга жўнатинглар, у энг сара, покиза таомларни танлаб, сизларга ундан ризқ – насиба олиб келсин. У эҳтиёт бўлсин ва сизларни бировга сездириб қўймасин. Чунки улар (яъни, шаҳар аҳли) сизлардан огоҳ бўлиб қолсалар, сизларни тошбўрон қиладилар ёки яна ўзларининг динларига қайтарадилар. У ҳолда, ҳеч қачон қутула олмайсизлар”, дейишди” (Каҳф сураси, 19-20-оятлар).

Аллоҳ таоло “Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун Биз уларни ана шундай уйғотдик”, дейиш билан асҳобул каҳф узоқ давом этган уйқудан нима сабаб уйғотилганини баён қилмоқда. Уйқудан турғазишнинг бошқа сабаблари ҳам бор. Аммо бу ерда қисқа қилиб биргина сабаб зикр қилинмоқда.

Яъни, Биз мўмин йигитларни чуқур уйқуга кетказганимиздан кейин, улар бир-бирларидан сўрашлари учун уйқудан турғаздик.

Хўш, улар уйғониб, бир-бирларига қандай саволларни беришди?

Улардан бири деди: “Қанча (муддат ухлаган ҳолда) турдинглар?” Улар(нинг айримлари): “Бир куни ё ярим куни турдик”, дедилар”.

Йигитлардан бири:

– Бу ғорда қанча ухлаб ётдингиз? – деб сўради. Унинг саволига бошқалари:

– Бир кун ёки ярим кун ухлаган бўлсак керак. Қанча ухлаганимизни аниқ билмаймиз, – деб жавоб қайтарди.

Шундан кейин ғор эгаларидан баъзилар бунинг илмини Аллоҳга хослагани баён этилади:

(Қолганлари эса:) “Қанча (ухлаб) турганингизни Ёлғиз Парвардигорингиз билади”, дейишди.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу мана шу оятни далил қилиб, асҳобул каҳф етти нафар бўлган, деб айтган. Чунки оятда “Улардан бири”, дейилмоқда. Бу бир киши. Унга берилган жавобда: “Бир ёки ярим кун турдик”, дейилмоқда. Бу кўпликдир. Унинг энг оз миқдори уч кишидир. Кейин “Қанча (ухлаб) турганингизни Парвардигорингиз билади”, дейилмоқда. Бу бошқа бир жамоа (уч кишининг) гапидир. Шу билан улар етти киши бўлади[10].

“Энди бир кишини мана бу пулингиз билан шаҳарга жўнатинглар”.

Яъни, бу ерда қанча муддат турганингиз ҳақида баҳслашишни тўхтатинг! Буни фақат Аллоҳ билади. Сизларлар ҳозир ичингиздан бир кишини манави кумуш тангалар билан яқин атрофдаги шаҳарга юборинглар. Бирон егулик олиб келсин. Ҳозир таомга муҳтожмиз.

Айтилишича, оятдаги шаҳардан мурод, ғорга киргунларича ўзлари яшаган шаҳардир.

“У энг сара, покиза таомларни танлаб, сизларга ундан ризқ – насиба олиб келсин. У эҳтиёт бўлсин ва сизларни бировга сездириб қўймасин”.

Яъни, шаҳарга етиб борса, бозорни қидириб топиб, ундаги энг ҳалол, покиза, сифатли ва баракали таомлардан олиб келсин! Очликни қондирувчи энг сара егуликларни танласин. Шаҳарга киришда ва чиқишда эҳтиёт бўлсин. Уни биронтаси сезиб қолмасин! – деди.

“Чунки улар (яъни, шаҳар аҳли) сизлардан огоҳ бўлиб қолсалар, сизларни тошбўрон қиладилар ёки яна ўзларининг динларига қайтарадилар. У ҳолда, ҳеч қачон қутула олмайсизлар”, дейишди.

Шаҳарга сездирмай кириб-чиқиш сабаби баён қилинмоқда бу оятда.

Яъни, шаҳарга таом олишга борадиган киши энг тоза егуликлардан олсин ва сизларнинг хабарингизни бировга айта кўрмасин! Зеро, улар турган жойингизни билиб қолишса, тошбўрон қилишади ёки ўзларининг ботил динларига қайтаришга ҳаракат қилишади. Аллоҳ сизларга нажот берганидан кейин ўша нотўғри йўлларга кирсангиз, у ҳолда дунёда ҳам, охиратда ҳам нажотга эришолмайсиз!

Ақидасини кўз қорачиғидай асраш пайида бўлган бу мўмин йигитлар орадан 300 йилдан зиёд вақт ўтиб кетганини, замон ўзгариб, авлодлар алмашганини, ўзлари яшаб келган шаҳарларининг ташқи кўриниши ҳам бутунлай ўзгариб кетганини билишмасди. Аслида уларни ширкка масжбурлаган кимсаларнинг даври даврони аллақачон ўтиб кетган эди.

Ушбу ибратли қисса қуйидагича давом эттирилади:

“Шундай қилиб, Аллоҳнинг (қайта тирилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақ эканини ва (қиёмат) соатининг (келиши) шак-шубҳасиз эканини билишлари учун (одамларни ғордаги йигитлар аҳволидан) огоҳ қилдик. Ўшанда (яъни, ғордаги йигитлар уйқудан уйғониб, одамлар бу мўъжизанинг гувоҳи бўлганларидан кейин, улар ажаллари етиб вафот этишгач,) ўзаро уларнинг ишлари ҳақида талашиб-тортиша бошладилар. Бас, (айрим кишилар:) “Уларнинг устига уйлар бино қилинглар. Парвардигори уларни жуда яхши Билувчидир”, дедилар. Уларнинг устида ҳукмрон бўлганлар: “Албатта биз улар устида бир масжид қуриб оламиз”, дейишди” (Каҳф сураси, 21-оят).

Аллоҳ таоло асҳобул каҳф хабарини одамларга маълум қилишининг ҳикмати мана шу оятда баён этилмоқда.

Яъни, одамлар Аллоҳ таолонинг қайта тирилиш ҳақидаги ваъдаси ҳақ эканини кўзлари билан кўришлари, қиёмат қоим бўлишига шубҳа йўқ эканини билишлари учун ғордаги йигитлар хабарини уларга маълум қилинди.

Зеро, кимда-ким ғордаги йигитлар ҳолатини билса, узоқ муддат ухлаб ётиб кейин уйғонганларини кўрса, Аллоҳ таоло инсонларни қайта тирилтириб, қиёмат куни ҳисоб қилиш учун маҳшаргоҳга тўплашига кўзи билан кўриб тургандек аниқ ишонади.

Ривоят қилинишича, ғордаги мўмин йигитларнинг шериги таом сотиб олиш учун кумуш тангаларни олиб шаҳарга борганида, озиқ-овқат сотаётган бир киши олдига келиб, пулни унга берди. Сотувчи тангани кўриб, ҳайрон бўлди. Чунки ушбу танга анча йиллар олдин зарб қилинганди. Бундан бошқа савдогарлар ҳам хабар топишди ва унга: “Бу тангаларни қаердан олдинг?” дейишди. У: “Кеча шу тангага озроқ хурмо сотиб олгандим. Мен шаҳар аҳлиданман. Мушриклар тазйиқидан қўрқиб шерикларим билан ғордан паноҳ топганмиз”, деди. Бас, савдогарлар уни подшоҳ ҳузурига олиб боришди ва танга билан шаҳарга келган йигит қиссасини айтиб беришди. Подшоҳ бундан хурсанд бўлиб, бошқа шерикларини ҳам кўриш учун у билан ғорга келди. Асҳобул каҳфни кўргач, уларга салом берди. Шундан кейин Аллоҳ таоло уларни вафот эттирди[11].

Асҳобул каҳф вафотидан сўнг шаҳар аҳолиси нима қилгани қуйида келтирилади:

“Ўшанда (яъни, ғордаги йигитлар уйқудан уйғониб, одамлар бу мўъжизанинг гувоҳи бўлганларидан кейин, улар ажаллари етиб вафот этишгач,) ўзаро уларнинг ишлари ҳақида талашиб-тортиша бошладилар”.

Одамлар ғордан паноҳ топган йигитлар вафотидан кейин улар ҳақида ихтилоф қила бошладилар. Улардан баъзилар: “Улар фалон даврда яшаган”, деса, бошқалар: “Улар ғорда фалон йил туришган”, деб айтарди. “Уларнинг устига мана бундай бино қурамиз”, деганлар ҳам бор эди улар орасида.

Талашиб тортишганлар ичидан баъзилари мўмин, баъзилари кофир эди.

Бас, (айрим кишилар:) “Уларнинг устига уйлар бино қилинглар. Парвардигори уларни жуда яхши Билувчидир”, дедилар.

Ихтилоф қилаётганлар ичида айрим одамлар:

– Улар турган ғор оғзига бир уй қуринглар. То одамлар у ерга бориб, уларга азият етказмасин, – дедилар.

Улар ичидан баъзилари орадаги низога барҳам бериш, беҳуда тортишиш олдини олиш учун:

– Жанжални бас қилинг! Аллоҳ таоло уларнинг хабарларини билувчи Зотдир! – дедилар.

“Уларнинг устида ҳукмрон бўлганлар: “Албатта биз улар устида бир масжид қуриб оламиз”, дейишди”.

Шаҳардаги сўзи ўтадиган, гапи ерда қолмайдиган кишилар:

– Уларни табаррук қилиш учун устларига бир масжид – ибодат қиладиган жой қурамиз, – дейишди.

Алусий шундай деган: “Бу оят солиҳлар қабри устига бино қуриш, у ерда масжид қуриш, намоз ўқиш жоизлигига далил қилинган. Жумладан, Шиҳоб Хафожий Байзовий тафсирига ёзган ҳошиясида буни зикр қилган. Бу ботил ва ўта нотўғри гапдир. Чунки Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можа Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Аллоҳ қабрларни зиёрат қиладиган аёлларни ва унинг устига масжидлар ва ўриндиқлар қилиб оладиганларни лаънатлаган”, дейилган.

Имом Муслим ривоятида шундай дейилган: “Огоҳ бўлингларки, сизлардан олдингилар пайғамбарлари қабри устида масжид (қуриб) олишган. Мен сизларни бу ишдан қайтараман”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олган яҳудий ва насронийларни лаънатлаган” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Шундан сўнг асҳобул кафҳ неча киши бўлгани ҳақидаги низо ва унинг ечими келтирилади:

“Ҳали улар (яъни, Пайғамбар алайҳиссаломга замондош бўлган яҳудий ва насронийларнинг айримлари ўша асҳобул каҳфни:) “Учтадир, тўртинчилари итларидир”, десалар, айримлари: “Улар бешта бўлиб олтинчилари итларидир”, деб ғайбга тош отадилар. Яна: “Улар еттитадир, саккизинчилари итларидир”, ҳам дейдилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз “Уларнинг ададларини энг яхши биладиган Зот Парвардигоримдир. Уларни жуда оз киши билади”, денг! Бас, улар хусусида фақат (ўзингизга нозил бўлган ваҳий воситасида) очиқ мужодала – мунозара қилинг ва (асҳобул каҳф) ҳақида уларнинг биронтасидан фатво – савол сўраманг!” (Каҳф сураси, 22-оят).

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, одамлар асҳобул каҳф ҳақида баҳслашадилар. Улардан баъзилар: “Улар учта бўлган. Тўртинчилари итларидир”, деса, бошқалар: “Улар бештадир. Олтинчилари итларидир”, деб аниқ билмаган нарсалари ҳақида гап сотадилар.

“Ғайбга тош отадилар” деб, “учтадир, тўртинчилари итлари”, “бештадир, олтинчилари итлари”, деб ихтилоф қилган кишиларга раддия берилмоқда.

“Ғайбга тош отиш”дан мурод, ҳужжат-далили бўлмаган ҳолда тахмин ва шубҳа-гумон билан гапириш, ўзи аниқ билмаган нарса ҳақида талашиб-тортишишдир.

Шундан кейин ҳақиқатга яқинроқ бўлган қавл келтирилади:

Яна: “Улар еттитадир, саккизинчилари итларидир”, ҳам дейдилар.

Яъни, мўминлар: “Асҳобул каҳф еттитадир, саккизинчилари итлари”, дейишади.

Ибн Касир шундай деган: “Аллоҳ таоло бу ерда асҳобул каҳф ҳақида одамларнинг ихтилофини келтирган ва уч хил қавлни зикр қилган. Тўртинчи гапни ҳеч ким айтмаган. У Зот “Ғайбга тош отадилар”, деб аввалги икки гап заиф (аҳамиятсиз, нотўғри) эканига ишора қилган. Кейин “Улар еттитадир, саккизинчилари итларидир”, деб учинчи қавлни келтириб, сукут қилган ёки тасдиқлаган. Бу охиргиси тўғри экани, ҳақиқат айнан шундайлигига далолат қилади[12]”.

Кейин Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга асҳобул каҳф сони ҳақида тортишаётганларга қандай хитоб қилишни ўргатади:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз “Уларнинг ададларини энг яхши биладиган Зот Парвардигоримдир. Уларни жуда оз киши билади”, денг!”

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, ғор эгалари сони ҳақида баҳслашаётганларга:

– Парвардигорим азза ва жалла ғор эгаларининг сонини сизлардан яхшироқ билади. Сизлар эса фақат гумон қилмоқдасизлар. Парвардигоримнинг илми эса аниқ ва батафсилдир. Аллоҳ барча нарсани қамраб олган Зотдир. Асҳобул каҳф сони қанчалигини жуда ҳам оз одамлар билади, – деб айтинг.

Бу ерда имонларини сақлаш учун ғордан паноҳ топган мўмин йигитлар сони қанчалигини кам одамлар билиши таъкидланмоқда.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Мен ана ўша камчилик одамларданман. Улар етти нафар бўлишган”, деган ва исмларини бирма-бир зикр қилган.

“Бас, улар хусусида фақат (ўзингизга нозил бўлган ваҳий воситасида) очиқ мужодала – мунозара қилинг ва (асҳобул каҳф) ҳақида уларнинг биронтасидан фатво – савол сўраманг!”

Яъни, шундай экан, ғор соҳиблари хусусида бирон киши билан баҳслаша кўрманг! Илло ўзингизга ваҳий қилинган нарсалардан четга чиқмаган ҳолда очиқ мунозара қилинг! Мўмин йигитлар ҳақида улардан сўраманг! Сабаби Сизга ваҳий қилинаётган қисса аҳли китобдан сўрашга ҳожат қолдирмайди.

Шундан кейин келажакда бирон ишни қилишдан олдин, албатта “Иншааллоҳ”, дейиш лозимлиги таъкидланади:

“Ва бирон нарса ҳақида: “Мен албатта бу ишни эртага қилувчиман”, дея кўрманг. Магар “Иншааллоҳ! – Аллоҳ хоҳласа”, (денг. Бу сўзни айтишни) унутиб қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан) Парвардигорингизни зикр қилинг ва: “Шояд Парвардигорим мени бундан ҳам (яъни, асҳобул каҳф ҳақида хабар беришдан ҳам) яқинроқ (менинг ҳақ Пайғамбар эканимга яхшироқ далолат қиладиган) тўғри йўлга ҳидоят қилса”, денг[13]!” (Каҳф сураси, 23-24-оятлар).

Имом Қуртубий шундай деган: “Кофирлар руҳ, мўмин йигитлар ва Зулқарнайн ҳақида сўрашганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саволингизга эртага жавоб қайтараман”, деб “Иншааллоҳ”, демаганлари учун Аллоҳ Расулига танбеҳ берган[14].

Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, бирон ишни келажакда бажаришга қарор қилсангиз, “Мен буни эртага қиламан!” деб айтманг. Балки ишингизни Аллоҳнинг изни-иродасига боғланг. “Мен бу ишни эртага Аллоҳнинг изни ва хоҳиши билан бажараман”, денг. Зеро, сиз ва бошқалар томонидан қилинадиган иш-ҳаракат Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқдир. Бандалар қиладиган барча ишлар Аллоҳга аён. Агар У Зот хоҳласа, ўша иш содир бўлади, хоҳламаса, йўқ.

Бу ерда келажакка оид режа тузиш, эртанги қилинадиган ишларни ният қилишдан эмас, балки қиладиган иши ҳақида: “Мен буни шубҳасиз амалга ошира оламан”, деб аниқ ўзига ишонишдан қайтарилмоқда. Зеро, эртага нима бўлишини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди.

Оқил киши Аллоҳ жорий қилган сабабларни юзага келтиради. Кейин уни Аллоҳнинг иродасига боғлайди, “Эртага фалон ишларни аниқ бажараман”, деб айтмайди, балки “Агар Аллоҳ хоҳласа, мана бу ишларни қиламан”, деб барча нарсани Аллоҳга ҳавола қилади. Мўмин банда Аллоҳнинг хоҳиши ўзининг хоҳишидан устун эканини, ожизона тадбиридан кўра Аллоҳнинг ҳикматли тадбири мутлоқ олий эканига аниқ имон келтиради.

Ҳаётда қанчадан-қанча инсонлар ўзларича бирон ишни қилмоқчи бўлиб, унга обдон тайёргарлик кўрадилар. Кейин Аллоҳнинг иродаси унинг ўйлаган режасини ўзгартириб юборади. Сабаби ўша одамлар ишни бошлашдан олдин Аллоҳнинг хоҳиши ўзларинкидан устун келишини хаёлларига келтирмагандилар. Аллоҳ ожиз банда ўрганиб қолган одатларни бузишга, кутилмаган ишларни қилишга қодирдир. Аллоҳ ҳикматли ва меҳрибон Зотдир.

“(Бу сўзни айтишни) унутиб қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан) Парвардигорингизни зикр қилинг”.

Яъни, бирон ишни қилишдан олдин “Иншааллоҳ”, деб айтинг. Агар ишларни Аллоҳнинг иродасига боғлаш ёдингиздан кўтарилса, эслашингиз билан айтинг.

Бу оятдан маълум бўладики, бирон ишни қилишдан олдин, албатта “Иншааллоҳ” – агар Аллоҳ хоҳласа қила оламан бу ишни, деб айтиш лозим. Агар унутиб қўйса, эслаган вақтида айтади. Шунда ишларни Аллоҳга ҳавола қилган, оятда айтилган кўрсатмани бажарган бўлади.

“Шояд Парвардигорим мени бундан ҳам яқинроқ тўғри йўлга ҳидоят қилса”, денг!

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, бирон иш қилмоқчи бўлсангиз, Парвардигорингиз хоҳишини илгари қўйинг. Агар унутсангиз, эслаган вақтингизда айтинг ва шояд Парвардигорим менинг Пайғамбар эканимга далолат қилувчи асҳобул каҳф қиссасидан ҳам яхшироқ ҳужжат-далилни берса, деб айтинг!

Аллоҳ таоло у зот алайҳиссалом сўраган нарсани ато қилди: Расули акрамга анбиёлар қиссаларини, ғайб хабарларини етказди.

Асҳобул каҳф ҳақида одамлар томонидан қилинган баҳс-мунозара баёнидан кейин Аллоҳ таоло мўмин йигитлар ғорда қанча муддат турганларини очиқ-ойдин маълум қилган:

“Улар ғорларида уч юз йил турдилар ва яна тўққиз йилни зиёда ҳам қилдилар[15]. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Уларнинг қанча турганларини Аллоҳ яхшироқ билувчидир. Осмонлар ва ернинг сирлари Ёлғиз Уникидир. У Зот нақадар Кўрувчи, Эшитувчидир! Одамлар учун Ундан ўзга дўст-мадакор йўқдир. У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмайди” (Каҳф сураси, 25-26-оятлар).

Йигитлар ғорда 300 йил ухладилар. Бунга яна тўққиз йилни зиёда қилишди.

Бу ерда Аллоҳ таоло мўмин йигитлар ғорда қанча муддат ухлаганлари ҳақида хабар қилмоқда. Буни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким аниқ билмайди. Одамларнинг бу ҳақидаги гаплари тахмин, шубҳа-гумондан иборатдир.

Баъзилар айтишича, “улар ғорларида уч юз йил турдилар” жумласи аҳли китобга тегишлидир. Аллоҳ уларга раддия бериб, “Уларнинг қанча турганларини Аллоҳ яхшироқ билувчидир”, деган.

Имом Ибн Касир иккала қавлни келтириб, улардан аввалгисини тўғрироқ деб билган ва: “Бу билан Аллоҳ таоло Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга асҳобул каҳф ғорда қанча муддат турганларини хабар қилмоқда. Улар қамарий йил ҳисобига кўра, 309 йил, шамсий йил ҳисобига кўра, 300 йил ухлашган. Қамарий ҳисоб ҳар 100 йилда шамсийдан 3 йилга фарқ қилади. Шу сабаб Аллоҳ уч юз йилдан кейин “яна тўққиз йилни зиёда қилдилар”, деган[16]”.

“Осмонлар ва ернинг сирлари Ёлғиз Уникидир”.

Бу ерда йигитлар ғорда қанча турганларини фақат Аллоҳ аниқ билиши алоҳида таъкидланмоқда.

Яъни, осмонлар ва ердаги барча нарсани Аллоҳ билади. У Зотдан ҳеч нарса махфий қолиб кетмайди.

“У Зот нақадар Кўрувчи, Эшитувчидир!”

Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб туради, барча нарсани эшитиб туради. Хоҳ катта, хоҳ кичик, хоҳ махфий, хоҳ ошкора бўлсин, бирон нарса Унинг назари ва эшитишидан четда қолмайди. (Аллоҳнинг кўриши ва эшитиши одамларникига умуман ўхшамайди. Аллоҳ таоло Ўзи яратган мавжудотларга ўхшашдан Пок Зотдир. – таржимон).

Аллоҳ таоло оятни қуйидаги жумла билан тамомлайди:

“Одамлар учун Ундан ўзга дўст-мадакор йўқдир. У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмайди”.

Осмонлар ва ер аҳли орасида Аллоҳдан ўзга кўмакчи, мадад берувчи, ишларни тадбир қилувчи йўқдир. Аллоҳ таоло Ўз ҳукмида яратганларидан биронтасини шерик қилмайди.

Муфассирлар юқоридаги оятлар тафсирида қуйидаги масалаларни зикр қилишган:

Мўмин йигитлар қўним топган ғорнинг қаерда жойлашгани ва улар қайси замонда яшаб ўтишгани.

Уламолар асҳобул каҳф турган ғор қаердалиги ҳақида бир қанча фикрларни айтишган. Улар ичида энг машҳурига кўра, у ғор Эфес деб аталадиган шаҳар яқинидадир. Бу шаҳар ҳозир Туркия ҳудудида. Айтилишича, у Измир шаҳридан 40 мил масофа узоқликдадир. Ҳозир “Аёзбук” номи билан танилган.

Бошқа бир қавлга кўра, ғор “Абсус” дейиладиган мамлакатдадир.

Яна бир қавлга кўра, ўша ғор Ақаба кўрфази ва Фаластин оралиғидаги Петра номли мамлакатдадир. Бу ҳақида бошқа фикрлар ҳам айтилган. Аммо уларни зикр қилишдан бирон манфаат бўлмагани боис сўзни қисқароқ қилишни лозим топдик.

Жумҳур муфассирларга кўра, мўмин йигитлар мелодий III асрда, Рим императори Дақёнус замонида яшаб ўтишган. Дақёнус одамларни бут-санамларга сиғинишга мажбур қилар, сўзига кирмаганларни қаттиқ азобларди.

Қуйида асҳобул каҳф қиссасидан олинадиган энг муҳим фойдаларни қисқача зикр қиламиз:

1. Асҳобул каҳф қиссаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан етказган нарсаларнинг ҳақ эканига далолат қилади. Одамлар мўмин йигитлар ҳақидаги қисса борасида жуда кўп ихтилоф қилишди. Аллоҳ Ўз Расулига ваҳий қилиб, улар тортишаётган масалани очиқ-ойдин баён қилиб берди.

2. Имон қалбга маҳкам ўрнашса, банда учун ҳамма нарса осон бўлади.

3. Мўмин банда доим, айниқса, қийин дамларда, ғам-ташвишга ботганда Аллоҳ таолога дуо қилиши керак. Киши Аллоҳга тақво қилса, У Зотга итоат этса, Аллоҳ унга машаққатдан чиқар йўлни пайдо қилади, ғам-ташвишдан халос қилиб, уни ўйламаган томонидан ризқлантиради ва турли шикаст-балолардан сақлайди.

4. Холис ният ва тўғри фикр кишини ҳақиқат сари бошлайди. Покиза қалб соҳиблари яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қиладилар.

5. Шаръий сабабларни юзага келтириш Аллоҳга таваккул қилишга зид эмас. Йигитлар Аллоҳга таваккул қилиб йўлга чиқдилар ва ҳожат бўлганида ишлатиш учун пул ҳам олдилар. Демак, оқил мўминнинг Аллоҳга таваккули ва сабабларни юзага келтириши орасида зиддият пайдо бўлмайди.

6. Асҳобул каҳф қиссаси Аллоҳ таоло Ўзи яратган мавжудотларни қайта тирилтиришга қодир эканига ишора қилади.

7. Мўмин киши бирон ишни қилишни қалбига тугса, албатта “Иншааллоҳ”, дейиши керак. Зеро, у барча нарса Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ эканига имон келтиради.

ИККИ БОҒ ЭГАЛАРИ ҚИССАСИ

Қуръони каримдаги бу қисса дунё зийнати билан мағрурланган, Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қилган кимса ҳаётидан мисол қилиб келтирилган. Унда ношукрлик ҳамда камтарликнинг оқибати ҳақида ҳикоя қилинади. Бу албатта, қалб кўзи очиқ инсонлар учун улуғ ибратдир.

Икки боғ эгаларининг қиссаси Каҳф сурасида келган. Аллоҳ таоло шундай дейди:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, кофирларга) икки киши (ҳақидаги) масални келтиринг! Улардан бири учун Биз икки узумзор боғ қилиб, иккисини ҳам хурмолар билан ўраган ва ўрталарини экинзор қилган эдик. Ҳар икки боғ ҳосилларини бекаму кўст берар, Биз уларнинг ўртасидан бир анҳор ҳам ўтказган эдик. Яна (ўша кишининг) мол-давлати ҳам бор эди. Бас, у биродарига мақтаниб: “Менинг мол-дунёим сеникидан кўпроқ ва одамларим кучлироқ, қувватлироқ”, деди. Ва (кофирлик билан) ўзига зулм қилган ҳолда, боғига кирар экан, айтди: “Бу ҳеч қачон йўқ бўлмайди, деб ўйлайман. Ва (ҳеч қачон) қиёмат қоим бўлмайди, деб ўйлайман. Қасамки, агар Парвардигоримга қайтарилсам ҳам, албатта бундан-да яхшироқ оқибат – бахтни топаман” (Каҳф сураси, 32-36-оятлар).

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Аллоҳга эртаю кеч дуо қиладиган, фақат Унинг розилигини истайдиган мўминларга, дунё ҳаёти билан ғурурга кетган кофирларга, икки киши ҳолатини мисол келтиринг.

Аллоҳ таоло ўша икки кишидан бирига, яъни, кофирга иккита узумзор боғни ато этганди. Боғнинг атрофи ҳимоя учун хурмолар билан ўралганди. Боғлар ўртасида экинзор ҳам бор эди. Бу ерда бошқа мевалар, озиқ-овқатлар етиштириларди.

“Ҳар икки боғ ҳосилларини бекаму кўст берар, Биз уларнинг ўртасидан бир анҳор ҳам ўтказган эдик”.

Ана ўша боғлар – узум, хурмо ва турфа хил меваларни бекаму кўст берарди. Бу баракали боғ ўртасидан бир анҳор ҳам оқиб ўтарди.

Аллоҳ таоло мана шу икки боғни жуда гўзал суратда тасвирламоқда. Ундаги меваларнинг турфа хиллиги, йил бўйи ҳосил бериши, боғнинг хурмо билан ўраб қўйилгани ва ўртасидан зилол сувларнинг оқизиб қўйилгани, барчаси унга берилган неъматларнинг улуғлигига далолат қилади.

“Яна (ўша кишининг) мол-давлати ҳам бор эди”.

Икки боғ эгасининг бундан бошқа олтин-кумуш, чорвалардан иборат молу давлати, ер-мулки ҳам бор эди.

“Бас, у биродарига мақтаниб: “Менинг мол-дунёим сеникидан кўпроқ ва одамларим кучлироқ, қувватлироқ”, деди.

Бу сўзлардан турфа неъматлар билан сийланган кофир кимсанинг ғурури ва нонкўрлиги яққол кўриниб турибди.

Яъни, икки боғ эгаси шукрли мўмин кишига:

– Бойлигим сеникидан кўпроқ. Бола-чақа, дўсту ёр ва ёрдамчилар борасида ҳам сендан устунман, – деб кўкрак керди.

Албатта, бундай гап қалб кўзи кўр кимсалардан чиқади. Улар дунё зийнатлари билан кўмилганлари сари ўзларини энг зўр ва кучли деб ўйлайдилар.

Шундан кейин бундан ҳам ёмонроқ сўзлари келтирилади:

“Ва (кофирлик билан) ўзига зулм қилган ҳолда, боғига кирар экан, айтди: “Бу ҳеч қачон йўқ бўлмайди, деб ўйлайман. Ва (ҳеч қачон) қиёмат қоим бўлмайди, деб ўйлайман. Қасамки, агар Парвардигоримга қайтарилсам ҳам, албатта бундан-да яхшироқ оқибат – бахтни топаман”.

Ўша кофир банда мўмин танишига мақтаниш билан чекланмади, у энди боғлари томон юрди. Боққа келиб:

– Менинг бу боғларим сира йўқ бўлмаслигига аниқ ишонаман. Қиёмат бўлмайди, деб биламан. Аллоҳга қасамки, фараз қилайлик, агар Парвардигоримга қайтсам, ҳозиргидан ҳам яхшироқ оқибатга эришаман, – деб ўзига юқори баҳо берди.

Ҳа, у охиратга ишонмасди, у боғи мангу ўзида қолади, ҳеч йўқ бўлмайди, бойликларим абадий, деб ўйларди. Кофирлиги сабабли шундай хаёллар уни чалғитиб қўйди.

Молу давлати билан ғурурга кетган кимсалар ҳақида Қуръони каримда яна шундай дейилган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Бизнинг оятларимизга кофир бўлган ва: “Қасамки, албатта (охиратда ҳам) менга мол-мулк ва бола-чақа ато этилади”, деган кимсани кўрдингизми?” (Марям сураси, 77-оят).

“Яна улар: “Бизларнинг мол-дунё ва болаларимиз имон келтирганларникидан кўпроқ, (бинобарин бизлар Аллоҳ наздида улардан обрўлироқмиз ва) бизлар азобланувчи эмасмиз”, дедилар” (Сабаъ сураси, 35-оят).

Юқоридаги оятларни тафаккур қилсак, икки боғ эгаси афзаллик мезони бойлик ва бола-чақа деб билгани, у ҳаётини ғурур ва манманлик асосига қургани, дунё ҳаёти зийнатлари абадий қолади, деб нотўғри ўйлагани, охират кунига ишонмагани, ўша кунда ҳисоб қилиниб, мукофот ё жазо берилишини инкор этганини кўрамиз.

Шунингдек, ўша кофир кимса охиратда ҳам худди дунёдагидек улуғ неъматларга эришаман, деб хомхаёл қилган.

У орзуларининг кўплиги, ҳирсининг кучлилиги, ғафлат уйқусида экани, ғурур отига мингани учун ҳам боғим ҳеч қачон йўқ бўлмайди, деб ўйлаганди. Афсуски, мана шу иллат ўзини мусулмон санайдиган кишиларда ҳам бор. Буни тиллари билан очиқ айтмасалар-да, қилаётган ишлари шундан гувоҳлик беради.

Кейин кофир кимсага жавобан мўмин киши айтган сўзлар келтирилади. Аллоҳ таоло шундай деган:

“Биродари унга хитоб қилиб деди: “Сен ўзингни тупроқдан, сўнг нутфа – бир томчи сувдан яратиб, сўнгра инсон қилиб ростлаган Зот – Аллоҳга кофир бўлдингми?! Мен эса: “У – Аллоҳ Парвардигоримдир”, (дейман) ва Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмайман. Сен боғингга кирган пайтингда: “Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлади). Бор куч-қувват Ёлғиз Аллоҳ биландир”, десанг эди! Агар сен мени мол-давлат ва бола-чақа жиҳатидан ўзингдан камроқ деб билсанг, шоядки, Парвардигорим менга сенинг боғингдан яхшироқ (бир боғ) ато этар, (сенинг боғингга эса) осмондан чақмоқлар юборади, бас, у сип-силлиқ ерга айланиб қолади. Ёки унинг суви (ер остига) сингиб кетиб, сен уни истаб ҳам топа олмай қоласан” (Каҳф сураси, 37-41-оятлар).

Камбағал мўмин мағрур ва ношукр кофир кимсага қарата:

– Эй сен! Отанг Одам алайҳиссаломни тупроқдан, сени бир томчи сувдан яратиб, комил инсон қилган, кўринишингни чиройли қилган Аллоҳни инкор қиласанми?! – деб хитоб қилди.

“Кофир бўлдингми?!” дейиш билан инсонни мукаммал суратда яратган зот – Аллоҳга имон келтириши, ихлос билан ибодат қилиш ва берган неъматларига шукр қилиш лозимлигини таъкидланмоқда.

Шундан кейин солиҳ киши ўз ҳолатини дадиллик билан шундай ифодалайди:

“Мен эса: “У – Аллоҳ Парвардигоримдир”, (дейман) ва Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмайман”.

Яъни, агар сен Яратувчи Аллоҳни инкор қилсанг, мен ундай қилмайман. Мен мўминман. Аллоҳни Ягона Илоҳ деб эътироф этаман ва Унга ибодат қиламан. Ёлғиз Аллоҳ менинг Парвардигоримдир. Унга ҳеч нарсани шерик қилмайман.

Сен боғингга кирган пайтингда: “Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлади). Бор куч-қувват Ёлғиз Аллоҳ биландир”, десанг эди!

Яъни, агар боғингга кирганингда, у ердаги дарахтлар ва мевалар кўзингни қувнатганида, Аллоҳ берган неъматлар учун, молу давлат ва фарзандлар учун У Зотга ҳамду сано айтсанг, Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлади, куч-қувват Аллоҳгагина хосдир, деб айтсанг, мақсадга мувофиқ бўларди!

Баъзи салафлар: “Ким ўз моли, фарзандлари ёки бойлигидан кўзи қувонча, бас, “Маа шаа-аллоҳу лаа қуввата иллаа биллааҳ, деб айтсин”, дейишган. Бу айнан шу оятдан олинган. Бу ҳақида марфу ҳадис ҳам ворид бўлган. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло бандасига неъмат берганида, у: “Маа шаа-аллоҳу лаа қуввата иллаа биллаҳ”, деб айтса, то умрининг охригача Аллоҳ таоло у бандадан ҳар қандай офатни даф қилади. Сўнгра “агар боғингга кирганингда...” оятини тиловат қилдилар” (Байҳақий, Абу Яъло, Ибн Мардавайҳ ривоят қилган).

Мўмин банда қаршисидаги нодон кимсани шукр қилишга чақирганидан кейин унинг мағрурлиги ва мақтанчоқлигини инкор қилади:

– Агар сен мени мол-давлат ва бола-чақа жиҳатидан ўзингдан камроқ деб билсанг, шоядки, Парвардигорим менга сенинг боғингдан яхшироқ (бир боғ) ато этар, (сенинг боғингга эса) осмондан чақмоқлар юборади, бас, у сип-силлиқ ерга айланиб қолади.

Яъни, эй мағрур одам! Агар мени бойлик ва фарзандлар бобида ўзингдан пастда деб билсанг, мен Қодир Аллоҳдан дунёда ва охиратда сенинг боғингдан кўра яхшироғини ато этишини, осмондан чақмоқ ёки кучли шамол келиб, боғингни хонавайрон қилишини, ям-яшил боғу бўстонинг гиёҳсиз теп-текис ерга айланиб қолишини тилайман!

“Ёки унинг суви (ер остига) сингиб кетиб, сен уни истаб ҳам топа олмай қоласан”.

Яъни, ё бўлмаса, боғингдаги зилол сувлар тупроқ остига сингиб кетишини истайман. Ана ўшанда сен сувни талаб қилишга қодир бўлолмайсан. Чунки сувни чиқариш фақат Аллоҳнинг ишидир.

Мўмин киши кофир кимсани мана шу йўл билан куфрдан қайтарди, ношукрлик оқибати ёмон бўлишини маълум қилди.

Қисса сўнггида нонкўр кимсанинг оқибати қандай бўлгани баён этилади:

“(Ҳақиқатан,) унинг мева-боғи ҳалок қилинди. Ўзи эса ҳувиллаб қолган ишкомларини (кўриб) ва уларга сарфлаган нарсаларни (ўйлаб,) чапак чалганича (афсус-надомат чекканича:) “Қани эди, мен ҳам Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмаганимда!” деб қолаверди. Шунингдек, унинг учун Аллоҳдан ўзга на бир ёрдам берадиган жамоат бўлди ва на унинг ўзи (ўзига) ёрдам бера олувчи бўлди. У жойда салтанат ҳақ Аллоҳникидир. У энг яхши савоб – мукофот ато этувчи ва энг хайрли оқибатни берувчи Зотдир” (Каҳф сураси, 42-44-оятлар).

Кофир кимса Аллоҳнинг ҳисобсиз неъматларига ношукр бўлгани сабабли, молу давлати, боғлари ҳалок қилинди. Унинг ҳеч вақоси қолмади. Кечагина яшнаб турган боғу бўстон бугун шамоллар учириб кетадиган хас-ҳашакка айланиб қолди. Нонкўр кимса икки қўлини бир-бирига уриб чапак чалганича бу боғни обод қилиш, уни зийнатлаш учун сарфлаган пулларига қаттиқ надомат чекиб қолаверди. У мана шу боғни кўз қувнатувчи қилиш учун озмунча сарф-харажат қилганмиди? Ҳазилакам уринганмиди унинг ободлиги йўлида? Неъматлар қадрини билмаслик оқибатида ҳаммаси бекор бўлди.

“Қани эди, мен ҳам Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмаганимда!” деб қолаверди.

Ўша кимса боғидан айрилгани, бор будидан маҳрум бўлгани учун афсус-надоматга қолди.

– Эҳ, дўстимнинг гапига кирсам бўларкан! Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасам бўларкан! – деб армонда қолди.

Кўп одамларнинг ҳолати худди шундай: бошларига мусибат тушса, оғир жудоликка мубтало бўлсалар, Аллоҳни эслаб қоладилар. Ваҳоланки, ишлари юришиб, ошиғлари олчи бўлиб турганида Аллоҳга дуо қилиш хаёлларига ҳам келмайди.

Бу қиссадан яна шу нарса маълум бўладики, одам бошига катта бир мусибат кутилмаганда тушса, бирданига гапиролмайди, бирон гап айтишга ожиз қолади. Кейинроқ ўзига келгач, гапиришга чоғланади. Гувоҳи бўлганимиздек, кофир кимса боғидан айрилганида, унинг кули кўкка совурилганини кўрганида, ҳеч нарса демасдан чапак чалганича қолаверди. Кейинроқ ўзига келгач:

– Қани эди, мен ҳам Парвардигоримга ҳеч нимани шерик қилмаганимда! – деб оҳу нола чекди.

Инсон табиатига хос ўта нозик жиҳатларнинг тасвирланиши Қуръони карим оламлар Парвардигори Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинганини исботлайдиган далиллардандир.

Икки боғ эгаси қиссаси Аллоҳнинг қудрати улуғлиги, амри сўзсиз бажо этилишининг баёни билан ниҳояланади:

“Шунингдек, унинг учун Аллоҳдан ўзга на бир ёрдам берадиган жамоат бўлди ва на унинг ўзи (ўзига) ёрдам бера олувчи бўлди. У жойда салтанат ҳақ Аллоҳникидир. У энг яхши савоб – мукофот ато этувчи ва энг хайрли оқибатни берувчи Зотдир”.

Бойлигига ишониб ўзига бино қўйган кимса бор-будидан айрилганида унга кўмак берадиган бирон киши – на оила аъзолари, на дўсту биродарлари топилди. Унинг бошидан балони тўсиб қолувчи бирон зот йўқ эди. Бу ишга фақат Аллоҳ қодирдир. Неъматлар қадрига етмаган у кимсага мадад берилмади. Чунки у имондан куфрни, шукрдан нонкўрликни афзал билиб, яхшилик йўлларини беркитиб қўйганди.

“У жойда салтанат ҳақ Аллоҳникидир” жумласи уч хил тушунтирилган:

1. Ана шу ҳолатда боғланиш ва ришта Ёлғиз Аллоҳга хосдир. Кофир азобни кўрганида, Аллоҳнинг ваҳдониятини эътироф этган. Бу ҳақида бошқа оятда шундай дейилган: “Энди қачонки улар Бизнинг азобимизни кўришгач, “Якка-ю Ягона Аллоҳга имон келтирдик ва (илгари Аллоҳга) шерик қилиб олганимиз бутларга кофир бўлдик”, дедилар. (Лекин) Бизнинг азобимизни кўрган вақтдаги имонлари уларга фойда берувчи бўлмади” (Ғофир сураси, 84-85-оятлар).

2. Ана ўшанда ҳақиқий салтанат оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога хосдир. Бу ҳақида шундай дейилган: “Ўша кунда ҳақ – собит подшоҳлик (Ёлғиз) Раҳмон учун бўлади. У кун кофирларга анча қийин бўлади” (Фурқон сураси, 26-оят).

“У энг яхши савоб – мукофот ато этувчи ва энг хайрли оқибатни берувчи Зотдир”.

Яъни, Аллоҳ таоло Ўзининг валий бандаларига жуда кўп яхшиликлар ва мукофотлар беради, имон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотларнинг оқибатини чиройли қилади.

Биз бу қиссада мағрур ва ношукр кимсаларнинг оқибати нима билан тугашини, камтар, мўмин инсонлар қандай мақомларга эришишини, имон ва солиҳ амал банданинг нажот топиши учун васила бўлишини англадик.

Шунингдек, Аллоҳдан ўзга ҳукм қилувчи йўқ эканини, У Зот мутлоқ Қодирлигини, хоҳлаган ишини қилишини билиб, ундан етарлича ибрат олдик.

ЗУЛҚАРНАЙН ҚИССАСИ

Зулқарнайн – Аллоҳ таоло тарафидан кенг мулк ва куч-қувват ато этилган, неъматларга шукр қилган ва ер юзини ислоҳ қилиш йўлида жидду жаҳд қилган инсондир. У ҳақдаги қисса Каҳф сурасида келган. Аллоҳ таоло шундай дейди:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) яна Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Энди мен сизларга у ҳақидаги хабарни тиловат қиламан”. Ҳақиқатан, Биз унга (Зулқарнайнга) бу ерда салтанат – ҳукмронлик бердик ва барча нарсасига йўл-имконият ато этдик. Бас, у (аввал ғарбга қараб) йўл олди. (Кетаётиб) кун ботадиган жойга етгач, (қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва (булоқ) олдида бир қавмни учратди. Биз: “Эй Зулқарнайн, сен ё азобга дучор қиласан ёки уларга яхши муомалада бўласан”, дедик. У айтди: “Золим бўлган кимсани, албатта азоблаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У Зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблайди. Энди имон келтириб, яхши амал қилган зотга келсак, унинг учун гўзал оқибат – жаннат мукофот бўлади. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини буюрамиз”. Сўнгра у (шарққа қараб) йўл олди. (Кетаётиб) кун чиқишига етиб боргач, (қуёшнинг) бир қавм устига чиқаётганини кўрдики, Биз у (қавм) учун қуёшдан (сақлайдиган) бирон парда қилмаган эдик. Худди илгаригидек бўлди. Аниқки, Биз унинг барча ишларидан хабардормиз – (уни) иҳота қилиб олгандирмиз. Сўнгра у яна йўл олди. (Кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, (тоғлар ортида) бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди. Улар: “Эй Зулқарнайн, шак-шубҳасиз, Яъжуж ва Маъжуж (номли қавмлар) ер юзида бузғунчилик қилувчилардир. Бизлар сенга бир харажат – тўлов тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир тўғон қуриб берасанми?” дедилар. (Зулқарнайн) айтди: “Парвардигорим менга ато этган (салтанат сизлар берадиган мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга куч-қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай. Менга темир парчаларини келтиринглар! (Темир парчалари) иккала тоғ билан биробар бўлгач, “Дам уринглар!” деди. Бас, қачонки, у ўт қилгач, деди: “Менга эритилган мис ҳам келтиринглар, у (темир парчаларининг) устидан қуяман. Энди улар (тўсиқ) устига чиқишга ҳам қодир эмаслар, уни тешик ўтишга ҳам қодир эмаслар. Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим ваъда қилган вақт келганида, ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўяди. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир”, деди у” (Каҳф сураси, 83-98-оятлар).

Биқоий айтади: “Мусонинг Хизр билан қилган сафари илм талабида бўлганди. Зулқарнайннинг сафари эса Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш учун бўлди. Илм жидду жаҳднинг асоси бўлганидан, (Каҳф сурасида) аввал Мусо ва Хизр қиссаси, кейин Зурқарнайн қиссаси келтирилган[17]”.

Зулқарнайн ҳақида сўровчилар Қурайш кофирларидир. Асҳобул каҳф қиссасида зикр қилинганидек, яҳудийлар қурайш вакилларига: “Муҳаммаддан уч нарса ҳақида: аввалда ўтган йигитлар, машриқ ва мағрибни айланиб чиққан киши ва руҳ ҳақида сўранглар”, дейишган.

Муфассирлар Зулқарнайн ҳақида жуда кўп қавлларни келтиришган. Улар ичида ҳақиқатга энг яқини Алусий айтган гаплар бўлса ажаб эмас: “Абу Райҳон Беруний “Ўтмиш қавмлардан қолган осори атиқалар” номли китобида зикр қилишича, Зулқарнайн – бу, Абу Курайб Ҳимярийдир. У Яман подшоҳларидан бўлган. Яман ҳукмдорлари “Зу” лақаби билан чақирилган. Масалан, Зунаввос, Зуязин ва ҳоказо[18]”.

Қатъий айтиш мумкинки, Зулқарнайн Арастунинг шогирди Александр Македонский эмас. Чунки Александр бутларга сиғинувчи бўлган. Зулқарнайн эса Аллоҳга имон келтирган, қайта тирилиш ва ҳисоб қилишга ишонган мўмин бандалардан эди.

Рожиҳ қарашга кўра, Зулқарнайн пайғамбар эмас, солиҳ банда бўлган.

Баъзилар Зулқарнайн Мусо алайҳиссаломдан кейин яшаган, дейишади. Бироқ бундан бошқача маълумотлар ҳам бор.

Маълумки, Қуръони карим қиссаларни келтиришда қайси замон ёки маконда бўлганига эмас, асосий ибратли ва насиҳатли жиҳатларига эътиборни қаратади.

Фотиҳ ҳукмдорнинг “Зулқарнайн” деб аталишига сабаб, унинг машриқ ва мағрибни фатҳ қилганидир.

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) яна Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Энди мен сизларга у ҳақидаги хабарни тиловат қиламан”.

Яъни, эй Муҳаммад, қавмингиз Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. Уларга жавобан:

– Мен сизларга унинг хабарини етказаман. Аллоҳ менга буни ваҳий орқали билдиради, – деб айтинг.

Шундан кейин Зулқарнайнга берилган неъматлар санаб ўтилади:

“Ҳақиқатан, Биз унга (Зулқарнайнга) бу ерда салтанат – ҳукмронлик бердик ва барча нарсасига йўл-имконият ато этдик”.

Яъни, Биз Зулқарнайнга хоҳлаган ишини амалга ошира олиши учун кучли салтанат ато этдик. Яна мақсадига эришсин деб, истаган нарсаини бердик.

Аллоҳ таоло Зулқарнайнга қандай неъматлар бергани ҳақида саҳиҳ ҳадис айтилмаган. Шунинг учун биз Аллоҳ Зулқарнайнга мулкини мустаҳкамлаши учун кўп неъматлар ато этганига имон келтирамиз. Баъзи муфассирлар келтирган заиф қавлларга эътибор бермаймиз.

“Бас, у (аввал ғарбга қараб) йўл олди. (Кетаётиб) кун ботадиган жойга етгач, (қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва (булоқ) олдида бир қавмни учратди”.

Зулқарнайн салтанатини мустаҳкамлаш истагида қуёш ботадиган томонга йўл олди. У мағриб тарафдаги обод ерларнинг сўнгги чегарасига етиб боргач, қуёш гўё бир булоққа ботиб кетаётганини кўрди. Аслида эса бундай эмасди. Одатда, инсон билан қуёш уфқи орасида сув бўлса, қуёш худди сувдан чиқиб, сувга ботаётгандек туюлади. Шунингдек, теп-текис жойда инсон қуёшни ердан чиқиб, ерга ботаётганини кўради.

Оятнинг зоҳирига кўра, бу қавм Аллоҳни танмасди. Зулқарнайн уларни Аллоҳга ибодат қилишга чақирди. Улар ичида кимлардир имон келтирди, кимлардир кофир бўлди. Аллоҳ Зулқарнайнга ихтиёр берди:

Биз: “Эй Зулқарнайн, сен ё азобга дучор қиласан ёки уларга яхши муомалада бўласан”, дедик.

Аллоҳ таоло илҳом қилиш ёки фаришта орқали:

– Эй Зулқарнайн, бу кофир ва фосиқ қавмни қатл қилиш ё бошқа йўллар билан азоблайсан ёки уларга гўзал суратда муносабатда бўласан, – деди.

Мана бу жавоб Зулқарнайннинг фикри соғломлигидан дарак беради:

“Золим бўлган кимсани, албатта азоблаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У Зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблайди. Энди имон келтириб, яхши амал қилган зотга келсак, унинг учун гўзал оқибат – жаннат мукофот бўлади. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини буюрамиз”.

Зулқарнайн қавм иши борасида Аллоҳ берган ихтиёрга жавобан:

– Ё Раббим! Улардан ким куфрда, фосиқлик ва исёнда оёқ тираб туриб олса, ўша кимсани биз дунёда турли йўллар билан азоблаймиз. Кейин у Парвардигорига қайтарилади ва У Зот охиратда жаҳаннамнинг қаттиқ азоби билан жазо беради. Бироқ ким имон келтириб, солиҳ амалларни қилса, унга икки дунёда чиройли оқибат, ажр-мукофот ва жаннат бўлади. Биз имон келтирган ва солиҳ амалларни бажарган инсонларга енгиллик қиламиз, уларни зинҳор машаққатга қўймаймиз.

“Сўнгра у (шарққа қараб) йўл олди. (Кетаётиб) кун чиқишга етиб боргач, (қуёшнинг) бир қавм устига чиқаётганини кўрдики, Биз у (қавм) учун қуёшдан (сақлайдиган) бирон парда қилмаган эдик”.

Зулқарнайн қуёш ботиш тарафда мақсад қилган ишларини амалга оширгач, энди машриққа – кун чиқиш томонга йўл олди. У машриқ томондаги обод ерларнинг сўнгги чегарасига етиб боргач, қуёш бир қавм устидан чиқиб келаётганини кўрди. Уларни қуёшдан тўсиб турувчи либос ҳам, иморат ҳам йўқ эди. Бу қавм ер остида ва ғорларда яшарди.

“Худди илгаригидек бўлди”.

Аллоҳ Зулқарнайнга худди шундай амр қилди. У Зот Зулқарнайнга жуда кўп имкониятлар ато қилган эди. Унинг мулки машриқ ва мағрибгача етиб борганди.

“Аниқки, Биз унинг барча ишларидан хабардормиз – (уни) иҳота қилиб олгандирмиз”.

Аллоҳ Зулқарнайн ишини тўлиқ қамраб олганди. Аллоҳдан бирон нарса махфий бўлиб қолмайди. Аллоҳ Зулқарнайннинг қанча қўшини борлиги, куч-қуввати ва аслаҳаларини, подшоҳлиги ва салтанати билан боғлиқ барча нарсаларни мукаммал билади.

“Сўнгра у яна йўл олди. (Кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, (тоғлар ортида) бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди”.

Зулқарнайн мағриб ва машриқдан кейин улар ўртасидаги учинчи йўлга отланди. У икки тоғ орасига етиб келганида, у ерда тилини тушуниб бўлмайдиган бир қавмни учратди. Тилининг нотанишлиги, ақллари калталиги сабабли, уларнинг гапни тушуна олмасди.

Айтилишича, бу икки тоғ – Арманистон ва Озарбайжон тарафдаги икки тоғдир. Бу ҳақда бошқа қавллар ҳам бор.

Улар: “Эй Зулқарнайн, шак-шубҳасиз, Яъжуж ва Маъжуж (номли қавмлар) ер юзида бузғунчилик қилувчилардир”, дедилар.

Яъжуж ва Маъжуж насаби ҳақида ихтилоф қилинган. Айтилишича, улар Нуҳнинг ўғли Ёфас наслидандир. Турклар ҳам улардан саналади. Яна бошқалар, Яъжуж турклардан, Маъжуж дайламдандир, дейишган.

Яъни, бир гапни англаб ололмайдиган бу қавм Зулқарнайнда куч-қувват ва салоҳиятни кўргач:

– Эй Зулқарнайн! Яъжуж ва Маъжуж қабиласи ер юзида фисқу фасод, босқинчилик, товламачиликдан иборат турли ёмон ишларни қиладилар, – дейишди.

“Саҳиҳайн”да Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзлари қизарган ҳолда уйқудан уйғондилар ва: “Лаа илааҳа иллаллоҳ! Яқинлашган ёмонлик сабаб арабларнинг ҳолига вой бўлсин! Бугун Яъжуж ва Маъжуж деворидан мана шунчаси очилди”, деб қўлларини ҳалқа қилдилар. Мен: “Ичимизда солиҳ кишилар бўлса ҳам ҳалок қилинамизми?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Ҳа, агар нопокликлар кўпайиб кетса”, дедилар”.

“Бизлар сенга бир харажат – тўлов тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир тўғон қуриб берасанми?” дедилар.

Икки тоғ ортида яшовчи қавм Зулқарнайнга ишонганларидан унга бир манфаатли ишни таклиф қилишди. Уларнинг саволидан, қавм ўз ишларини Зулқарнайнга топширишга рози эканликлари маълум бўлади.

Яъни, эй Зулқарнайн, сенга жуда катта миқдорда бойлик берсак, бизларни Яъжуж ва Маъжужнинг хуружидан сақлайдиган мустаҳкам бир тўсиқ қуриб бера оласанми?!

Зулқарнайн уларнинг таклифига қуйидагича жавоб қайтарди:

– Парвардигорим менга ато этган (салтанат сизлар берадиган мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга куч-қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай”.

Яъни, Зулқарнайн бир гапни тушунмайдиган қавмнинг таклифига жавобан:

– Аллоҳ таоло менга берган кенг ризқ, бойлик ва куч-қувват сизлар бермоқчи бўлган ҳақдан кўра яхшироқдир! Бойлигингиз ўзингизга буюрсин! Унинг ўрнига мен тарафда туриб девор қуришда ёрдам беринглар. Шунда мен сизлар билан Яъжуж ва Маъжуж ўртасига мустаҳкам девор тиклайман, – деди.

“Менга темир парчаларини келтиринглар! (Темир парчалари) иккала тоғ билан биробар бўлгач, “Дам уринглар!” деди.

Яъни, менга катта-катта темир парчаларини олиб келинглар, – деди Зулқарнайн.

Бас, улар Зулқарнайн талаб қилган нарсани олиб келишди. Темир парчаларини иккала тоғ билан баробар бўлгач:

– Икки тоғ орасидаги темир парчалари устига олов пурканглар! – деб айтди.

Бас, қачонки, у ўт қилгач, деди: “Менга эритилган мис ҳам келтиринглар, у (темир парчаларининг) устидан қуяман”.

Темир парчалари қип-қизил олов каби бўлганида, Зулқарнайн:

– Менга эритилган мис олиб келинг! – деди.

Зулқарнайн аввалига темир парчалари олиб келишни буюрди. Қавм талабни бажо келтиришгач, устма-уст қилиб икки тоғ орасини темир парчалари билан тўлдирди. Тоғ бўйи баробарида темир бўлакларини тиклагач, “Олов ёқинглар, босқонлар билан пуфланглар!” деди. Улар Зулқарнайн айтганини қилишди. Тоғ орасига тиклаб қўйилган темир оловдек қизил тус олганида: “Менга эритилган мис олиб келинглар. Бу темирни янада мустаҳкам қиламан”, деди Зулқарнайн.

Зулқарнайн тоғ ортида яшовчи қавм таклифини лаббай, деб қабул қилди ва уларнинг талабини бажо келтирди: Яъжуж ва Маъжуж хуружидан сақлайдиган бир салобатли девор қад қўтарди.

Қуръони карим хабар беришича, бу бақувват тўсиқни ошиб ўтишга Яъжуж ва Маъжуж қабиласи қодир бўлмайди:

Энди улар (тўсиқ) устига чиқишга ҳам қодир эмаслар, уни тешик ўтишга ҳам қодир эмаслар”.

Яъжуж ва Маъжуж энди тоғ устига чиқишга имкон топа олмайдилар, уни тешиб ўтишга ҳам қодир эмаслар.

Зулқарнайн бундай улкан ишни бажариб, ўзини катта олгани йўқ. Балки Парвардигорига шукр қилиб, Унинг қудрати олдида ожиз экани эътироф этди:

“Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим ваъда қилган вақт келганида, ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўяди. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир”.

Яъни, икки тоғ орасига бино қилинган девор Парвардигорим Аллоҳ таолонинг марҳаматидир. У Зотнинг раҳмати ҳамма нарсадан кенгдир.

Дунё охирлаганда ёки Яъжуж ва Маъжуж чиқиш вақти келганида, бу девор теп-текис қилиб қўйилади. Аллоҳ таоло бандаларига савоб ва жазо бериш ҳақидаги ваъдаси ҳақдир, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.

(Имонида содиқ, Парвардигорига хокисор ва шукрли бандалар шундай бўлади. Улар инсонлар нигоҳида қанча катта ишларни бажармасинлар, ўзларини кичик олиб, қилган ишлари Аллоҳ таолонинг марҳамати, фазлу карами сабабидан бўлганини эътироф этадилар ва бунинг учун Аллоҳга ҳамду санолар айтадилар. – таржимон).

Зулқарнай қиссасидан қуйидаги манфаатлар олинади:

1. Ер юзидаги имкониятни Аллоҳ хоҳлаган бандасига беради. Бу Аллоҳ тарафидан улуғ неъматдир.

2. Ҳақни юзага чиқариш, ботилни даф қилиш учун ер юзи бўйлаб саёҳат қилиш содиқ мўминлар сифатларидандир.

3. Адолатли раҳбар золимларни зулмдан қайтаради, адолатли кишиларга яхшилик қилади.

4. Мурувватли инсонлар қўлидан келганича муҳтожларга ёрдам беради, зулм кўраётганлардан жабр-истибдодни қайтаришга ҳаракат қилади.

5. Муҳтож инсонга яхшилик қилганда бунинг савобини Аллоҳдан умид қилиш ва муҳтожларни тоқатидан ортиқ нарсага ундамаслик фазл эгаларига хос хислатдир.

6. Содиқ мўминлар ҳар бир яхшиликни Аллоҳга нисбат берадилар ва У Зотга шукр қиладилар. Аллоҳ уларга фазлини зиёда қилгани сари улар ҳам Парвардигорларига ҳамду сано айтиб ва шукр қилишни кўпайтириб борадилар. Зулқарнайн қиссаси қуйидаги жумла билан тамомлангани қандай гўзал: “Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим ваъда қилган вақт келганида, ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўяди. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир”.

УЛКАН СЕЛ ҲАҚИДАГИ ҚИССА

Аллоҳ таоло Сабаъ қабиласига жуда кўп улуғ неъматларни ато этганди. Аммо улар ношукрлик қилиб, ўзларига юқори баҳо бердилар. Натижада, Аллоҳ улардан бу неъматларни олиб қўйди. Шу маънодаги қисса Сабаъ сурасида келтирилган. Қуръони карим оятларига қулоқ тутайлик:

“Аниқки, Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида бир аломат бор эди – ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб, (Биз уларга:) “Парвардигорингиз (берган) ризқу рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У Зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) мағфират қилувчи Парвардигордир”, (деган эдик). Бас, улар юз ўгиришгач, Биз устларига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор “боғлар”га алмаштириб қўйдик. Кофир бўлганлари сабаб уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина жазо берамиз. Биз улар билан ўзимиз баракотли қилган қишлоқ-шаҳарларининг орасида кўриниб турадиган қишлоқларни барпо қилиб (қўйган) ва улар орасида юришни ҳам ўлчаб-белгилаб (уларга:) “Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар”, (деган эдик). Улар эса (бу неъматларга ношукрлик қилиб:) “Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин”, дейишиб, ўзларига зулм қилдилар. Бас, Биз уларни (одамлар гапириб юрадиган) чўпчак-ҳикояларга айлантириб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб (ҳар томонга тарқатиб юбордик). Албатта бунда ҳар бир сабр-қаноат қилувчи, шукр қилувчи учун оят-ибратлар бордир. Ҳақиқатан, иблис уларнинг устидаги гумонини рўёбга чиқарди. Бас, (Сабаъ қабиласи иблисга) эргашдилар. Фақат бир гуруҳ мўминларгина (унга эргашмадилар). (Иблиснинг) улар устидаги ҳукмронлиги – фақат Биз охиратга имон келтирадиган кишиларни, ундан шак-шубҳада турган кимсалардан билиб-ажратиб олишимиз учун бўлгандир. Парвардигорингиз барча нарсани кузатиб турувчидир” (Сабаъ сураси, 15-22-оятлар).

Сабаъ аслида одамнинг исмидир. Яъни, унинг насаби: Сабаъ ибн Яшжаб ибн Яъраб ибн Қаҳтон ибн Ҳуд. Сабаъ Яман подшоҳларининг аввалгисидир.

Бу ерда Сабаъдан мурод, унинг исми билан номланган тураржой ёки қабила. Улар Ямандаги Маърабда истиқомат қилишарди. Уларнинг ери жуда унумдор, боғу роғлари бор, турли хил мевали дарахтларга бой эди. Тўғон қурганларидан кейин фаровонликлари янада зиёда бўлди. Улар ёмғир сувларини тўплаб, ҳожати тушганида ундан фойдаланишарди. Бу тўғон “Маъраб тўғони” номи билан машҳур бўлган. Бироқ Сабаъ қабиласи Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилмади. Оқибатда, қўлларидаги улуғ неъматлардан айрилдилар.

Ибн Касир шундай деган: “Сабаъ Яман подшоҳлари ва аҳли эди. Табобиалар (яъни, Яман ҳукмдорлари) улардан эди. Билқис ҳам улардан эди. Улар жуда фаровон ҳаёт кечирардилар. Аллоҳ таоло уларни Ўзи берган ризқларидан истеъмол қилиб, шукр қилиш, Ёлғиз Ўзига ибодат қилишга чақириш учун пайғамбарларни юборган эди. Бироқ улар пайғамбарлар гапига қулоқ солмадилар. Шунда сел юборилиши билан жазоландилар.

Имом Аҳмад Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Сабаъ ҳақида “Ким у? Эркакми, аёлми ёки жой номими?” деб сўради. Шунда у зот: “У эркак кишидир. Унинг ўн нафар ўғли бор эди. Улардан олти нафари: Мазҳиж, Кинда, Азд, Ашъарий, Анмор, Ҳимяр Яманда яшаган. Қолган тўрт нафари: Лахм, Жузом, Омила ва Ғассон эса Шомда яшаган”, дедилар[19]”.

“Аниқки, Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида бир аломат бор эди”.

Яъни, Аллоҳга қасамки, Сабаъ қабиласи учун ўзлари яшаб турган масканларида Аллоҳнинг қудратига, У Зотнинг бандаларига меҳрибонлиги ва Унга шукр қилиш вожиблигига, ношукр кимсалар бошига балолар тушишига далолат қилувчи белги-аломатлар бор эди.

“Ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб...”

Сабаъ аҳли учун ўнг томонда ҳам, чап томонда ҳам боғу роғлар бор эди. Бу боғлар тотли мевалар билан тўлиб тошганди.

Хабарларда келишича, гар бир аёл бошига сават қўйиб ўша боғлардан ўтса, дарахтлардан тўкилган мевалар саватини тўлдириб қўяр экан.

(Биз уларга:) “Парвардигорингиз (берган) ризқу рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У Зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) мағфират қилувчи Парвардигордир”, (деган эдик).

Яъни, Биз уларга пайғамбарларимиз ва солиҳ бандаларимиз тилидан:

– Парвардигорингиз сизларга ато этган мана шу ризқ-рўзлардан енглар, мазали мевалардан баҳраманд бўлинглар! У Зотга шукр қилинглар! Агар шукр қилсангиз, Аллоҳ сизларга янада зиёда қилади. Бу неъматларни берган Парвардигорингиз Аллоҳ мағфирати ва раҳмати кенг бўлган Зотдир, – дедик.

Шундан сўнг уларнинг ношукрликлари сабаб бошларига ёғилган мусибат ҳақида хабар қилинади:

“Бас, улар юз ўгиришгач, Биз устларига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор “боғлар”га алмаштириб қўйдик”.

Улар сувни тўсиш учун улкан бир тўғон барпо қилгандилар. Аллоҳга итоат этмаганликлари, неъматларга ношукрлик қилганларидан, қолаверса, тўғон ишига бепарво қараб, уни вақтида ислоҳ қилишни тарк этганликларидан сўнг тўғон бузилиб, катта миқдордаги сув ҳосилдор ерларини вайрон этиб, экинзору боғларини пайҳон қилди. Уларнинг уй-жойлари вайронага айланди. Ўзлари эса турли юртларга тарқалиб кетдилар. Уларнинг бу забун ҳоли ҳатто зарбулмасал бўлиб кетди. Яъни, хотиржамликни йўқотган, беҳаловат одамларга нисбатан “Сабаъ қабиласи каби тарқалиб кетди” ибораси ишлатилади.

Нонкўрликлари учун ширин мевалари еб бўлмас, аччиқ ва тахир меваларга айланиб қолди.

Бу улкан мусибатдан кейин Сабаъ қабиласининг баъзи уруғлари, жумладан, Авс ва Хазраж Мадинаи мунавварага, Азд қабиласи Уммонга, Ғассон қабиласи эса Шомга кўчиб ўтди.

Мана шу оятда неъматларни қадрига етмаслик, уни Аллоҳ рози бўладиган йўлларга сарфламаслик, ўша неъматнинг завол топишига, унинг ўрнига азоб-уқубат келишига ишора қилади. Шу сабаб қисса давомида:

“Кофир бўлганлари сабаб уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина жазо берамиз”, дейилган.

Яъни, Аллоҳ Сабаъ қабиласини неъматларга ношукрлик қилгани учун жазолади. Бу адолатли жазо эди. Аллоҳ оятларини инкор қилган, неъматларига нонкўрлик қилган, ҳидоятдан залолатни, тоатдан исённи афзал билган кимсаларни мана шундай жазолайди.

Шундан кейин уларнинг жоҳилликлари ва аҳмоқликлари сабабли йўлиққан бошқа бир мусибат зикр қилинади:

“Биз улар билан ўзимиз баракотли қилган қишлоқ-шаҳарларининг орасида кўриниб турадиган қишлоқларни барпо қилиб (қўйган) ва улар орасида юришни ҳам ўлчаб-белгилаб (уларга:) “Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар”, (деган эдик).

Яъни, Аллоҳ таоло қудрати ва раҳмати билан Сабаъ аҳли орасида бир-бирига яқин қишлоқларни барпо қилган эди. Бир қишлоқдан иккинчисига бориш вақти ҳам белгилаб қўйилганди. Бунинг учун ярим кун ёки ундан камроқ вақт кетарди.

Айтилишича, мусофир бир қишлоқдан йўлга чиқса, қош қорайгунича нариги қишлоққа етиб оларди.

“Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар”, (деган эдик).

Яъни, Биз уларга:

– Яхшиликлар билан тўла мана шу қишлоқлар орасида кундузи ҳам, кечаси ҳам тинч-хотиржам юраверинглар. Сизлар учун ҳар қандай ҳолатда ҳам тинчлик таъминлангандир, – дедик.

Мана шу оятларда Аллоҳнинг Сабаъ аҳлига берган улуғ неъматларидан бири зикр қилинмоқда. Улар учун муборак қишлоқлар орасида сафар қилиш жуда осон қилиниб, сафар давомида тинчлик ва омонлик таъминланганди. Бунинг улуғлигини фақат сафар қилган, йўл машаққатларини бошидан ўтказган одамгина билади.

Лекин Сабаъ қабиласидагилар бу неъмат қадрига етмадилар. Балки жоҳиллик қилиб, Аллоҳ таолога қуйидагича дуо қилдилар:

– Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин.

Аллоҳ уларга фазлу марҳаматидан улуғ неъматларни берганди. Бироқ фикри тор, ақли калта, сўқир кимсалар бунинг қадрига етмасдан:

– Ё Парвардигор! Бу қишлоқлар ўртасида саҳроларни пайдо қил! Масофани узоқлаштир! – деб Аллоҳга ёлвордилар.

“Ал-кашшоф” муаллифи айтганидек, улар фаровонлик ва хотиржамлик қадрини билмадилар, фаровонликдан зерикдилар, офиятни хушламадилар. Ўзлари учун бахтсизлик ва машаққатни сотиб олдилар. Бани Исроил ширинлик ва бедана ўрнига пиёз билан саримсоқ сўраганидек улар ҳам ўзлари учун шуни афзал билишди”.

“Ўзларига зулм қилдилар”.

Улар мана шу ёмон сўзни айтиб ўзларига жабр қилдилар. Уларнинг дуолари қабул қилинди. Натижада, осонгина сафар қилиш имконидан маҳрум бўлиб, машаққат ва қийинчиликка дучор бўлдилар.

“Бас, Биз уларни (одамлар гапириб юрадиган) чўпчак-ҳикояларга айлантириб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб (ҳар томонга тарқатиб юбордик)”.

Яъни, уларнинг талабларини бажо келтирдик. Одамлар гапириб юрадиган, зарбулмасал қиладиган, ҳикоялар қилиб қўйдик ва турли юртларга тарқатиб юбордик. Улардан баъзилари Шомга, бошқалари эса Ироққа кўчиб ўтишди. Улар аввалда якдил бир уммат эдилар. Юртлари фаровон, хотиржам ва баракали диёр эди. Молу давлатлари, обрў-эътиборлари ҳам бор эди. Лекин берилган имкониятни қўлдан чиқардилар.

“Албатта бунда ҳар бир сабр-қаноат қилувчи, шукр қилувчи учун оят-ибратлар бордир”.

Аллоҳ томонидан берилган неъматларнинг қадрига етмагани учун уларнинг бошига шундай кўргиликлар солинди. Бунда Аллоҳнинг тоатига сабр қилувчи, У Зотнинг неъматларига шукр қилувчи оқил бандалар учун очиқ-равшан аломатлар бордир.

Шундан кейин Сабаъ қабиласининг куфри ва ношукрлиги сабаби баён қилинади:

“Ҳақиқатан, иблис уларнинг устидаги гумонини рўёбга чиқарди. Бас, (Сабаъ қабиласи иблисга) эргашдилар. Фақат бир гуруҳ мўминларгина (унга эргашмадилар)”.

Шайтон уларни тўғри йўлдан оздирди, Аллоҳга итоат этишдан қайтарди. Улар Парвардигорларига шукр қилмадилар, шайтон макрига алдандилар. Фақат бир гуруҳ мўминлар Аллоҳга ихлос билан ибодат қилганликлари учун иблис уларни йўлдан уролмади. Улар мустаҳкам арқонни ушлаб, ҳидоят йўлида бардавом бўлдилар.

Сабаъ қабиласи мажбурлаб йўлдан оздирилмади, балки улар ўз ихтиёрлари билан исёнга қўл урдилар. Нопок нарсани покизадан ажратиш учун шундай қилинганди:

“(Иблиснинг) улар устидаги ҳукмронлиги – фақат Биз охиратга имон келтирадиган кишиларни, ундан шак-шубҳада турган кимсалардан билиб-ажратиб олишимиз учун бўлгандир”.

Улар шайтонга мажбуран эргашганлари йўқ. Иблис васвасасини қайтариш имкони бор эди. Агар Аллоҳга мустаҳкам боғланганларида унинг васвасасидан сақланардилар. Аллоҳ қайси банда охиратга имон келтирувчи ва қайси бири охиратдан шубҳада эканини ажратиб олиш учун шайтонга одам боласини васваса қилиш имконини берган.

“Парвардигорингиз барча нарсани кузатиб турувчидир”.

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Парвардигорингиз ҳар нарсани кузатиб, кўриб турувчидир. Бирон нарса У Зотнинг ҳифзи ҳимояси, кузатиши, илми ва қудратидан четга чиқолмайди.

ҚИШЛОҚ АҲЛИ ҚИССАСИ

Аллоҳ таоло Ўзигагина ихлос билан ибодат қилишга чақириш, мақталган хулқлар билан хулқланиш, ширк амаллардан қайтариш учун қишлоқ аҳлига пайғамбарларни юборганди. Бироқ жуда озчилик одамлар набийларга имон келтирдилар.

Қишлоқ аҳли ҳақидаги қисса Ёсин сурасида қуйидагича келтирилган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз уларга (Антокия) қишлоғининг аҳли – у жойга элчилар келган пайтини мисол келтиринг[20]! Ўшанда Биз уларга икки (элчини) юборганимизда у иккисини ёлғончи қилишгач, Биз (уларни) учинчи (элчи) билан қувватлантирдик. Бас, (уччала элчи:) “Ҳақиқатан, биз сизларга (юборилган) элчилармиз”, деган эдилар, улар: “Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамларсиз. Раҳмон (яъни, Аллоҳ) бирон нарса нозил қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзлаяпсизлар”, дедилар. (Элчилар) айтдилар: Парвардигоримиз биладики, бизлар шак-шубҳасиз, сизларга (юборилган) элчилармиз. Ва бизларнинг зиммамизда фақат очиқ-равшан етказишгина бордир”. Улар дедилар: “Ҳақиқатан, биз сизлар ҳақингизда бадгумондамиз. Қасамки, агар тўхтамасангизлар, албатта сизларни тошбўрон қиламиз ва сизларга биз томондан бир аламли азоб етади”. (Элчилар) айтдилар: “Бадгумонингиз ўзларингиз биландир! Сизларга ваъз-насиҳат қилинса (қабул қилиш ўрнига бадгумонда бўлиб, дўқ-пўписа қиласизларми?!) Йўқ, сизлар ҳаддан ошган қавмдирсиз!” (Ёсин сураси, 13-19-оятлар).

Қуртубий шундай деганлар: “Жумҳур уламоларга кўра, бу қишлоқ Антокиядир. Айтилишича, Исо алайҳиссалом Аллоҳга даъват қилиш учун Антокия шаҳрига ўз элчиларини юборган[21]”.

Қуртубий ва бошқа муфассирлар айтган гапни Ибн Касир маъқулламаган. Балки у киши: “Кўплаб салафлардан нақл қилинишича, бу қишлоқ Антокиядир. Элчилар эса Исо алайҳиссалом томонидан юборилган эканлар. Бир қанча сабабларга кўра, бундай мулоҳазалар бор:

Биринчидан, оятнинг зоҳирига кўра, ўша элчилар Исо алайҳиссалом тарафидан эмас, Аллоҳ томонидан юборилган: “Ўшанда Биз уларга икки (элчини) юборганимизда у иккисини ёлғончи қилишгач, Биз (уларни) учинчи (элчи) билан қувватлантирдик”.

Иккинчидан, Антокия аҳли Исо алайҳиссалом элчиларига имон келтирган. Масиҳ алайҳиссаломга илк имон келтирган шаҳар ҳам Антокиядир. Шу сабабли, насронийлар наздида масиҳий дин уламолари бор тўрт шаҳардан бири Антокиядир.

Учинчидан, Антокия аҳли билан Исо алайҳиссалом асҳоблари – ҳаворийлар қиссаси Таврот нозил қилинганидан кейин бўлган. Абу Саид Худрий ва бошқалар ривоят қилишича, Аллоҳ таоло Тавротни нозил қилганидан кейин бирон уммат бошига азоб туширмаган. Балки мўминларга мушрикларни қатл қилишга буюрган.

Шундан маълум бўладики, мазкур қишлоқ Антокия эмас. Чунки “Антокия” номи билан шуҳрат қозонган қишлоқ насроний замонида ҳам, бошқа даврларда ҳам ҳалок қилингани маълум эмас[22]”.

Бизнингча, аллома Ибн Касирнинг гаплари ҳақиқатга яқинроқ. Сабаби, Қуръони каримда қишлоқ аҳли кимлар экани айтилмаган. Шу ва бошқа қиссаларда ундан олинадиган панд-насиҳат ва ибратларга эътибор қаратилади.

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз уларга (Антокия) қишлоғининг аҳли – у жойга элчилар келган пайтини мисол келтиринг!”

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Макка мушрикларига куфр ва ўжарликда бардавом бўлган қишлоқ аҳлининг аҳволини мисол қилиб келтиринг! Уларнинг оқибати ҳам худди шу қишлоқ аҳлиники каби бўлишидан огоҳлантиринг!

Эй Муҳаммад алайҳиссалом, элчилар қишлоқ аҳлини тўғри йўлга бошлаш учун келгандилар. Макка мушриклари ҳам Сизга нисбатан худди улар каби муомала қилмоқдалар.

Ўшанда Биз уларга икки (элчини) юборганимизда у иккисини ёлғончи қилишгач, Биз (уларни) учинчи (элчи) билан қувватлантирдик. Бас, (уччала элчи:) “Ҳақиқатан, биз сизларга (юборилган) элчилармиз”, деган эдилар.

Яъни, Биз ўша қишлоққа икки нафар элчимизни юборгандик. Аммо улар икковини ёлғончига чиқариб, уларнинг даъватидан юз ўгиришди. Шунда Биз уларни учинчи элчи билан қувватлантирдик. Уччала элчи қишлоқ аҳлига қарата:

– Ҳақиқатан, биз сизларга юборилган Аллоҳнинг элчиларимиз. Бас, бизга итоат этинглар, Парвардигорингиз Аллоҳга чин ихлос ила ибодат қилинглар, бут-санамларга сиғинишни бас қилинглар! – дейишди.

Шундан кейин элчилар ва қишлоқ аҳли ўртасида кечган қизғин баҳс-мунозара ҳақида сўз юритилади:

Улар: “Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамларсиз. Раҳмон (яъни, Аллоҳ) бирон нарса нозил қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзлаяпсизлар”, дедилар.

Қишлоқдагилар элчиларни инкор қилиб, уларга ҳурматсизлик кўрсатдилар.

– Сизлар худди биз каби оддий одамларсиз, биздан фарқли жиҳатингиз йўқ сизларнинг! – дедилар.

Уларнинг даъвосига кўра, пайғамбарлар оддий инсонлардан қандайдир жиҳатлари билан ажралиб туриши керак эди.

Улар сўзларига қуйидагиларни қўшимча қилишди:

– Даъват қилаётган нарсаларингиздан Аллоҳ бирон нарсани нозил қилмаган. “Биз пайғамбарлармиз”, деб ёлғон айтяпсизлар, – дейишди.

Шундай қилиб, қишлоқ аҳли ўзларига юборилган элчиларни тан олишмади. Уларни ёлғончиликда айблашди. Лекин элчилар бу гапларга сабр-тоқат қилиб, қишлоқ аҳлига:

– Парвардигоримиз биладики, бизлар шак-шубҳасиз, сизларга (юборилган) элчилармиз. Ва бизларнинг зиммамизда фақат очиқ-равшан етказишгина бордир, – деб жавоб қайтаришди.

Яъни, улар ишонч ва одоб билан:

– Ёлғиз Парвардигоримиз сизларга пайғамбар эканимизни билади. Унинг илми кифоя қилади. Зиммамизда сизларга Парвардигоримиз топшириғини етказиш бор, холос. Бунда ҳеч қандай ноаниқлик ва адашиш йўқдир, – дедилар.

Кўриниб турибдики, Аллоҳнинг элчилари қишлоқ аҳлига улар каби жоҳиллик билан жавоб қайтарганлари йўқ. Балки уларнинг жавобида кучли мантиқ бор эди. Ақл эгалари бу сўзларни эшитиб, уларнинг ҳақ элчилар эканини билиб оларди.

Бироқ қишлоқ аҳолиси соғлом мантиққа асосланган сўзларга эътибор қилмадилар. Уларга бу тарзда раддия бердилар:

– Ҳақиқатан, биз сизлар ҳақингизда бадгумондамиз. Қасамки, агар тўхтамасангиз, албатта сизларни тошбўрон қиламиз ва сизларга биз томондан бир аламли азоб етади.

Яъни, орамизда турганингиздан шумланяпмиз. Бу ердалингизгизни хушламаяпмиз. Юзингизга қарашни ёқтирмаймиз. Қасамки, агар бу ердан қорангизни ўчирмасангиз ва бўлмағур гапларингизни бас қилмасангиз, сизларни тошбўрон қиламиз, қаттиқ азоблаймиз! – деб дағдаға қилишди.

Лекин элчилар ҳам бўш келмадилар, уларга сабот ва ҳикматли йўл билан қуйидагича жавоб қайтаришди:

– Бадгумонингиз ўзларингиз билан! Сизларга ваъз-насиҳат қилинса (қабул қилиш ўрнига бадгумонда бўлиб, дўқ-пўписа қиласизларми?!) Йўқ, сизлар ҳаддан ошган қавмдирсиз!

Яъни, аслида шумланишингизга биз сабабчи бўлмадик, балки шумланиш ўзингиздандир. Куфрда оёқ тираб туриб олганингиз, ҳақдан юз ўгирганингиз учун шундай кўйга тушгансизлар! Сизлар маъсиятларга кўмилиб кетдингиз, ҳақдан ботилни афзал билдингиз, яхши гумондан кўра шумланишни устун қўйдингиз. Сизлар ҳаддан ошган бир қавмсиз! – деб жавоб қайтаришди элчилар.

Шундан кейин қишлоқ аҳли ва солиҳ бир инсон ўртасида бўлиб ўтган суҳбат келтирилади. Аллоҳ таоло шундай дейди:

“(Шу пайт) бир киши шаҳарнинг бир чеккасидан шошганча келиб деди: “Эй қавмим, бу элчиларга эргашинглар! Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамайдиган зотларга эргашинглар[23]!” (Бу сўзларни эшитган қавми: “Ҳали сен ҳам шуларнинг динидамисан?!” деганларида, у айтди:) “Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин?! Сизлар ҳам Ёлғиз Унгагина қайтариласизлар. Мен У Зотни қўйиб (жонсиз бутларни) худо қилиб олайми?! (Ҳаргиз ундай қилмайман. Чунки) агар Раҳмон менга бирон зиён етказишни истаса, у (бут)ларнинг қўллаб-қувватлашлари мени бирон нарсадан беҳожат қила олмайди ва улар мени қутқара олмайдилар. У ҳолда мен шак-шубҳасиз, очиқ залолатда бўламан. Ҳақиқатан, мен Парвардигорингизга имон келтирганман. Бас, мени тингланг!” (Лекин жоҳил қавм Ҳабиб Нажжорнинг сўзларига қулоқ солмасдан қатл қилишгач, унга:) “Жаннатга кир”, дейилди. У айтди: “Қани эди қавмим ҳам мени Парвардигорим мағфират қилгани ва азиз-мукаррам кишилардан қилганини билсалар эди”. Биз кейин унинг қавми устига осмондан бирон қўшин туширмадик. Биз (ҳеч нарса) туширувчи бўлмадик. Фақат бирданига даҳшатли қичқириқ бўлди-ю, баногоҳ улар “ўчиб” қолдилар. Бандаларга ҳасрат-надомат бўлгай! Уларга бирон пайғамбар келмас, магар улар унинг устидан масхара қилиб кулувчи бўладилар. Ахир улар ўзларидан илгари ҳам Биз қанча асрларни (яъни, авлодларни) ҳалок қилганимизни – ўшалар уларнинг олдига қайтиб келмасликларини кўрмадиларми?! Ҳеч шак-шубҳасиз, барчалари Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилинувчилардир” (Ёсин сураси, 20-32-оятлар).

Пайғамбарлар келгани ҳақидаги хабар бутун қишлоққа овоза бўлди. Одамлар ичидан баъзилари уларга таҳдид қилишганини билиб, шаҳар чеккасида яшайдиган бир ақли соғлом киши қавмига насиҳат қилиш, пайғамбарларга азият етказишдан қайтариш учун қавми олдига ошиқди:

“(Шу пайт) бир киши шаҳарнинг бир чеккасидан шошганча келиб...”

Айтилишича, бу кишининг исми Ҳабиб Нажжордир. У дурадгорлик билан шуғулланган.

Баъзи муфассирлар унинг касби-кори ва ҳолати ҳақида зикр қилишган. Ўйлаймизки, буларни келтиришдан бирон наф йўқ. Чунки муфассирлар айтган гапларни тасдиқлайдиган битта ҳам саҳиҳ ривоят ворид бўлмаган.

Аллоҳ таоло у кишининг исми, касби ва ҳолатини зикр қилмаган. Парвардигори олам уни Қуръони каримда зикр қилишининг ўзи унинг учун улуғ фахрдир. Биздан талаб қилинадигани солиҳ кишиларга эргашиш ва имонда собитқадамлик билан улар ортидан юришдир.

Қисса аввалида пайғамбарлар юборилган жой қишлоқ дейилганди. Бу ерда эса шаҳар деб айтилмоқда. Бу, унинг ҳудудлари жуда кенг бўлгани, элчилар ҳақидаги хабар бутун юрт бўйлаб дув-дув овоза бўлганидан дарак беради.

“Шошганча келиб...” дейишилидан ўша мўмин кишининг нафси пок, қалби соғлом, ҳиммати баланд, қатъиятли эканини билиб оламиз. У пайғамбарлар ва қавми олдига келиб, ҳақ сўзни баралла айтишга шошилди. Кўпчилик каби жимгина ўтиравермади. Балки қавмини яхшиликка йўллаб, ёмонликдан қайтариш умидида улар томон шошилди.

“Эй қавмим, бу элчиларга эргашинглар!”

Бу ерда Ҳабиб Нажжор қавми олдига етиб борганида айтган сўзлари келтирилмоқда.

Яъни, у қавмига насиҳат қилиб:

– Эй қавмим! Сизларни энг тўғри йўлга бошлаш, очиқ залолатдан қутқариш учун келган пайғамбарларга эргашинг! – деб хитоб қилди.

“Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамайдиган зотларга эргашинглар!”

Яъни, Парвардигорингиз юборган бу зотлар ортидан юринг, насиҳатларини қабул қилинг. Улар ўзлари тўғри йўлдадирлар, соғлом ақидаларида собитқадамлар, тўғри йўлга бошлаганлари учун сизлардан ҳақ талаб қилмайдилар. Агар бу элчиларга эргашсангиз, молингиз камайиб қолмайди. Балки дунёда ҳам, охиратда ҳам нажот топасизлар.

Бу сўзларни эшитган қавми: “Ҳали сен ҳам шуларнинг динидамисан?!” деганларида, у айтди:

– Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин?! Сизлар ҳам Ёлғиз Унгагина қайтариласизлар. Мен У Зотни қўйиб (жонсиз бутларни) худо қилиб олайми?! (Ҳаргиз ундай қилмайман. Чунки) агар Раҳмон менга бирон зиён етказишни истаса, у (бут)ларнинг қўллаб-қувватлашлари мени бирон нарсадан беҳожат қила олмайди ва улар мени қутқара олмайдилар. У ҳолда мен шак-шубҳасиз, очиқ залолатда бўламан. Ҳақиқатан, мен Парвардигорингизга имон келтирганман. Бас, мени тингланг!

Яъни, солиҳ киши қавмига қарата:

– Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишдан мени нима тўсиб туради?! Мен аввалда ҳеч нарса эмасдим. У Зот йўқдан бор қилди мени. Вафот этганимиздан кейин яна Аллоҳга қайтамиз. Аллоҳ сизлар дунёда бажарган ишларингизни ҳисоб қилади. Шунга қараб, мукофот ёки жазо беради, – деб насиҳат қилди.

“Мен У Зотни қўйиб (жонсиз бутларни) худо қилиб олайми?!

Бу ердаги савол инкор ва рад этиш маъносидадир.

Яъни, Аллоҳга ибодат қилишда бирон нарсани шерик қилиш жоиз эмас!

(Ҳаргиз ундай қилмайман. Чунки) агар Раҳмон менга бирон зиён етказишни истаса, у (бут)ларнинг қўллаб-қувватлашлари мени бирон нарсадан беҳожат қила олмайди ва улар мени қутқара олмайдилар”.

Яъни, агар Аллоҳ менга зарар етказишни истаса, ўша бутлар мендан бирон нарсани қайтаролмайди, мени қўллаб-қувватлашга ҳам қодир бўлмайди. Агар Парвардигорим бошимга бирон мусибат тушишини ирода қилса, бу жонсиз санамлар мендан азобни тўсиб қололмайдилар!

“У ҳолда мен шак-шубҳасиз, очиқ залолатда бўламан”.

Яъни, агар мен ибодатда Аллоҳга бошқа “илоҳлар”ни шерик қилсам, у ҳолда адашиб кетишим аниқ.

Шундан кейин шижоат билан ўз имонини эълон қилди:

– Ҳақиқатан, мен Парвардигорингизга имон келтирганман. Бас, мени тингланг!

Яъни, сизларни яратган ва ризқлантирувчи Парвардигорингизга имон келтирдим. Бас, мен айтаётган гапларга қулоқ солинг! Аллоҳга ишонганимга, манави бутларни инкор қилиб, Парвардигоримга бирон нарсани шерик қилмаслигимга гувоҳ бўлинг!

Қалбида имон мустаҳкам ўрнашган мўмин киши ҳақни муносиб тарзда ҳимоя қила олди. У маломатчининг таънаю дашномларидан ҳеч ҳам чўчимади. Қавмини турли йўллар билан тўғри йўлга бошлади, уларни ширк амаллардан қайтарди. Лекин жоҳил қавм Ҳабиб Нажжорнинг ҳикматли насиҳатларига кирмади. Оятнинг сиёқига кўра, қавм солиҳ кишини қатл қилишгач, унга:

– Жаннатга кир, – дейилди.

Солиҳ киши вафот этаётганида фаришталар унга башорат бериб:

– Имонинг ва эзгу амалинг сабаб жаннатга кир! – дейишди.

Бу ердаги буйруқдан мурод, жаннатга киришга изн берилишидир. Бу, қишлоқ аҳлига юборилган элчиларни тасдиқлаган солиҳ киши дунёдан ўтганига ишорадир. Ибн Масъуддан ривоят қилинишича, ўша киши айтадиган гапларини айтиб бўлганидан кейин қавм уни қатл қилган.

Айтилишича, бу ердаги буйруқ изн эмас, балки жаннатга кириш ҳақидаги башоратдир. Яъни, ўлим фаришталари унга аҳли жаннатдан эканини, қиёмат куни қайта тирилиб ҳисоб қилингандан кейин мўминлар билан бирга жаннатга киришини башорат беришган[24]”.

У айтди: “Қани эди қавмим ҳам мени Парвардигорим мағфират қилгани ва азиз-мукаррам кишилардан қилганини билсалар эди”.

Бу ерда солиҳ кишининг башоратдан кейин айтган гаплари келтирилмоқда.

Яъни, солиҳ кишига: “Имонинг ва солиҳ амалларинг сабаб жаннатга кир!” дейилди. Шунда у:

– Мени қатл қилган, насиҳатларимга қулоқ солмаган қавмим Парвардигорим берган мукофотни, У Зот мени мағфират қилиб, фазлу карами ила мукаррам бандаларидан қилганини билишса эди! – деб айтди.

Ибн Касир шундай деган: “Агар қавм аъзолари солиҳ киши эришган савоб, неъматларни кўрганларида, албатта пайғамбарларга эргашган бўлардилар. Аллоҳ ўша солиҳ кишига раҳм қилсин, ундан рози бўлсин! У қавмининг ҳидоятга келишини жуда хоҳлаганди, уларнинг тўғри йўлга юришларидан умидвор бўлганди[25]”.

“Ал-кашшоф” муаллифи шундай деганлар: “Бу ерда жоҳилларга мулойим муомала қилиш, ғазабни босиш, ўзига ёмонлик қилганларга ҳам яхши муомала қилиш, уларга холислик қилиш, манфаати йўлида жонини фидо қилиш, уларни дуоибад қилмаслик лозимлигига ишора бордир. Ахир солиҳ киши ўзини қатл қилган, бут-санамларга сиғинган кофир кимсаларга яхшиликни соғинганини кўрмайсанми[26]?”

Шундан кейин қишлоқ аҳли бошига тушган кўргилик ҳақида хабар берилади:

“Биз кейин унинг қавми устига осмондан бирон қўшин туширмадик. Биз (ҳеч нарса) туширувчи бўлмадик”.

Яъни, Биз унинг ўлимидан кейин қишлоқ аҳлини ҳалок қилиш учун осмондан азоб фаришталарини туширмадик. Чунки бирон нарса қилишимизга арзимас эдилар. Уларнинг шаъни пастлиги ва ҳоли хароб экани учун Биз осмондан бирон нарса туширувчи бўлмадик.

“Фақат бирданига даҳшатли қичқириқ бўлди-ю, баногоҳ улар “ўчиб” қолдилар”.

Уларнинг бошига туширган уқубатимиз биргина қичқириқдан иборат бўлди. Жаброил Бизнинг амримиз билан қаттиқ қичқирди. Натижада, улар қимирлашга ҳам мажоллари келмайдиган маййитларга айландилар, барчалари, битта қолмай ҳалок бўлдилар. Улар аввал ловуллаб ёниб турган олов эдилар. Кейин эса бирдан ўчиб қолдилар.

Элчиларни ёлғончига чиқариб, насиҳатини қабул қилмаган, солиҳ кишиларни қатл қилган кўрнамак кимсалар оқибати мана шундай бўлади.

Аллоҳ таоло ёлғончи кимсалар оқибатидан хабар бергач, барча инсонларни вақт борида панд-насиҳат олишга, тўғри йўлдан юришга амр қилади:

– Бандаларга ҳасрат-надомат бўлгай! Уларга бирон пайғамбар келмас, магар улар унинг устидан масхара қилиб кулувчи бўладилар.

Қўлдан чиқарилган имконият сабабидан қаттиқ ғамга ботиш, надомат чекиш “ҳасрат” дейилади.

Бу ердаги “бандалар”дан мурод, элчиларни инкор қилган кишилардир. Улар тўғри йўлдан кўра сўқирликни афзал билишди. Бу ерда, аввало, ана ўша кимсалар назарда тутилмоқда. Кофир кимсалар ҳолидан ажабланилмоқда. Уларнинг ҳоли ҳайратланишга, ажабланишга ва ибрат олишга муносиб экани баён қилинмоқда. Ахир уларнинг бошига тушган мусибат ва кўргилик мана шунга далолат қилади.

Оятнинг маъноси қуйидагича: куфрлари сабаб ҳалок қилинган ўша бандаларга ҳасрат-надомат бўлсин! Улар ҳидоят элчилари бўлмиш пайғамбарлар устидан кулиб, масхара қилиб, уларни камситишди, даъватларига унашмади. Аслида ақлларини ишлатганларида, анбиёлар даъватига лаббай деб ижобат қилган, Аллоҳга итоат этган бўлишарди.

Сўнгра ўзларидан олдин ўтган қавмлар қиссасидан ибрат олмайдиган Макка кофирлари танқид остига олинади:

“Ахир улар ўзларидан илгари ҳам Биз қанча асрларни (яъни, авлодларни) ҳалок қилганимизни – ўшалар уларнинг олдига қайтиб келмасликларини кўрмадиларми?!”

Яъни, Биз куфрда қаттиқ туриб олганлари, пайғамбарларини истеҳзо қилганлари туфайли олдин ўтган қанчадан-қанча умматларни ҳалок қилганимизни Макка кофирлари наҳотки билмасалар?! Ҳалок қилинган ўша қавмлар улар олдига келиб, бошларига тушган мусибат ҳақида асло хабар беролмайдилар. Улар бунга қодир эмаслар. Аллоҳ ирода қилган ҳикматга кўра шундай бўлади.

Бироқ улар қиёмат куни қабрларидан чиқиб, ҳисоб қилиниш учун У Зот ҳузурида тўпланадилар:

“Ҳеч шак-шубҳасиз, барчалари Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилинувчилардир”.

Макка аҳли ва бошқалар билдиларки, Биз аҳли золим бўлган жуда кўп қишлоқларни ҳалок қилдик. Ҳалок қилинган кимсалар дунёда Макка аҳли олдига қайтиб келганлари йўқ. Бироқ аввалги ва охирги авлодлар жамоаси қиёмат куни албатта Бизнинг ҳузуримизга қайтиб келадилар. Биз уларнинг амалларига мувофиқ ҳисоб қиламиз. Уларга мукофот ё жазо берамиз.

Бу ҳақида бошқа оятда шундай дейилган: “Қасамки, албатта барча (халойиққа) қилган амалларининг (жазосини) Парвардигорингиз комил қилиб беради. Албатта У Зот улар қилаётган амалларидан Хабардордир” (Ҳуд сураси, 111-оят).

Бу ҳикматли қиссадан қуйидаги хулосалар чиқади:

1. Аллоҳ таоло бандаларига марҳамати чексиздир. У Зот уларга бир эмас, бир қанча пайғамбарларни юборган.

2. Оқил кишилар жоҳиллар жаҳолатига, тентак кимсалар нодонлигига мулойимлик ва сабр-бардош билан жавоб қайтарадилар.

3. Ҳар қандай уммат ичида қалби пок, одоб-ахлоқ эгаси бўлган инсонлар топилади. Улар ҳақ тарафда туриб, адолатни ҳимоя қиладилар. Шаҳарнинг нариги четидан шошилганча келиб элчилар ҳимоясига ошиққан солиҳ киши Ҳабиб Нажжор бунга ёрқин мисол бўлади.

4. Золим қавмни ҳалок қилиш, ҳидоятдан кўра залолатни афзал билган жоҳилларни азоблаш Аллоҳнинг адолатидандир.

5. Ақлли кишилар ўзларидан аввал ўтган қавмлар қиссасидан ибрат оладилар, уларнинг хатоларини такрорламасликка ҳаракат қиладилар. Солиҳларга эргашиш ва бетавфиқлар даврасини тарк этиш фаросат соҳибларининг одатидир.

БОҒ ЭГАЛАРИ ҚИССАСИ

Боғ эгалари қиссасининг қисқача баёни шундай: бир солиҳ киши ўғилларига мевали боғини қолдириб кетади. Вафот этаётганида боғдаги меваларнинг бир қисмини камбағал ва мискинларга беришни васият қилади. Бироқ ота вафотидан кейин ўғиллар васиятни унутиб, бахиллик қилишиб, оқибатда, боғларидан айрилишади. Мевалар ҳақини адо қилмаганлари ва хасисликлари сабабидан мевали боғларига талафот етади.

Ана энди Қуръони каримга қулоқ тутамиз. Оятларда мазкур қисса ўта балоғатли ва таъсирли услубда баён қилинган. Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Ҳақиқатан, Биз уларни (Макка аҳлини очарчилик ва қаҳатчилик билан) балоладик. Биз (илгари) боғ эгаларини ҳам худди шундай (маҳрумлик билан) балолаган эдик. Ўшанда улар, албатта уни эрта тонгда (ҳақ-улуш) ажратмаган ҳолларида узиб олишга қасам ичган эдилар. Бас, улар уйқуда бўлган чоғларида унинг устида Парвардигорингиз томонидан бўлган айланувчи бир айланди-ю, узилгандек бўлиб қолди. Улар эса тонгда туришиб: “Агар (ҳосилни) узмоқчи бўлсангиз, зироатгоҳларингизга юра қолинглар”, (деб) бир-бирларини чақирдилар. Сўнг: “Бугун устларингизга бирон мискин кириб қолмасин-да”, (дейишиб) бир-бирларига пичирлашган ҳолларида жўнаб кетдилар. Улар ёмон ният билан қодир бўлган ҳолларида тонг-саҳарлаб бордилар. Энди қачон уни кўришгач, (аввал): “Шак-шубҳасиз, биз йўлдан адашиб қолдик”, дедилар. (Сўнг бу ўзларининг боғлари эканини билишгач:) “Йўқ, бизлар (боғимиздан) маҳрум бўлибмиз”, дедилар. (Шунда) уларнинг инсофлироғи: “Мен сизларга (Аллоҳга) тасбеҳ айтиб – шукр қилмайсизларми, демаганмидим?” деган эди, улар (вақт ўтгач): “Парвардигоримизга тасбеҳ айтамиз. Ҳақиқатан, бизлар (ўзимизга) зулм қилувчи бўлдик”, дедилар. Сўнг бир-бирларига боқиб, маломат қилиша бошлашди. Улар дедилар: “Эй, ўлим бўлсин сизларга! Ҳақиқатан, бизлар ҳаддан ошувчи бўлдик. Шояд Парвардигоримиз бизларга ундан ҳам яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар албатта Ёлғиз Парвардигоримизга рағбат-илтижо қилувчилармиз”. (Аллоҳнинг амридан четга чиққан кимсалар учун) мана шундай азоб бордир. Агар билсалар, охират азоби шак-шубҳасиз, янада каттароқдир. Албатта тақводор зотлар учун Парвардигори хузурида ноз-неъмат боғлари бордир” (Қалам сураси, 17-34-оятлар).

Ибн Касир шундай деганлар: “Аллоҳ таоло буни Қурайш кофирларига мисол қилиб келтирган. Аллоҳ уларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни юбориб улуғ марҳамат кўрсатган ва улкан неъматлар ато этганди. Бироқ улар муҳтарам Пайғамбарни тасдиқлаш ўрнига ёлғончига чиқаришди ва у зотга тиш-тирноқлари билан қаршилик қилишди.

Баъзи салафлар зикр қилишича, боғ эгалари Яман аҳлидан бўлишган. Улар “Заравон” дейиладиган қишлоқда яшаганлар. У Санъодан олти мил узоқликдадир. Ота болаларига бу боғни мерос қилиб қолдирганди. Улар аҳли китобдан эдилар. Оталари яхши хулқли инсон бўлган. Боғдаги меваларнинг керагини олиб, қолганини камбағалларга садақа қилиб юборарди.

Солиҳ ота вафот этгач, боғ ўғилларига мерос қолди. Улар: “Отамиз роса аҳмоқ одам бўлган. Бу боғнинг меваларидан бир қисмини камбағалларга улашган. Агар биз уларга улуш ажратмасак, молимиз янада кўпаяди!” дедилар. Улар шунга азму қарор қилишгач, ният қилган нарсаларининг тескариси содир бўлди. Уларнинг қўлидаги барча нарса ҳалок қилинди: сармоя ҳам, ундан келадиган фойда ҳам кетказилди. Қўлларида ҳеч вақоси қолмади. Бор-будидан айрилишди[27]”.

“Ҳақиқатан, Биз уларни (Макка аҳлини очарчилик ва қаҳатчилик билан) балоладик. Биз (илгари) боғ эгаларини ҳам худди шундай (маҳрумлик билан) балолаган эдик”.

Бу ердаги “балолаш”дан мурод, имтиҳон қилиш, синашдир. Бу яхшилик билан ҳам, ёмонлик билан ҳам бўлиши мумкин. Бу хусусда Аллоҳ таоло шундай деган: “Ҳар бир жон ўлимни тотиб кўрувчидир. Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам “алдаб” имтиҳон қиламиз. (Кейин барчаларингиз) фақат Бизгагина қайтариласизлар” (Анбиё сураси, 35-оят).

Бошқа ўринда эса бундай дейилади: “Биз уларни (яъни, яҳудийларни) бутун ер юзига жамоа-жамоа қилиш бўлиб юбордик. Уларнинг ораларида яхшилари (имон келтирганлари) ҳам, ундай эмаслари (имонсизлари) ҳам бор. Уларни (куфр ва исёндан) қайтишлари учун кўп яхшилик (неъматлар) ва ёмонлик (балолар) билан синаб кўрдик” (Аъроф сураси, 168-оят).

Юқоридаги оятнинг маъноси қуйидагича: Биз берган неъматларга нонкўрлик қилганлари, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни инкор қилганлари боис Қурайш мушрикларини қаҳатчилик ва очарчилик билан имтиҳон қилдик. Ҳатто ўлимтикларни едилар. Бундан илгари боғ эгаларини ҳам худди шундай имтиҳон қилгандик. Бахилликлари ва Аллоҳнинг амридан бўйин товлаганлари учун уларнинг боғини буткул вайрон қилган эдик.

Демак, боғ эгаларининг қиссаси Макка аҳли учун маълум бўлган. Шу сабаб, ибрат олишлари учун Аллоҳ хасис ўғиллар ҳақидаги қиссани мисол қилиб келтирмоқда.

Макка аҳли ва боғ эгалари орасидаги ўхшашлик шуки, икки тоифага ҳам улуғ неъматлар ато этилганди. Иккови ҳам неъматлар қадрига етмади, унинг ҳақини адо қилмади. Бунинг оқибатида қўлларидаги молу давлатдан айрилишди.

“Ўшанда улар, албатта уни эрта тонгда (ҳақ-улуш) ажратмаган ҳолларида узиб олишга қасам ичган эдилар”.

Бу ерда “улар” деб боғни оталаридан қабул қилиб олган ўғилларнинг айримлари назарда тутилмоқда, ҳаммаси эмас. Зотан, ўғиллар орасида ақли расо ва Аллоҳнинг ҳақларини адо қилувчилари ҳам бўлган.

Яъни, улар эрта тонгда боғдаги меваларни узиб олишга қасам ичишди. Бироқ мевалардан муҳтож инсонларга зиғирча ҳам ҳақ ажратмадилар. Аллоҳ таоло уларга бу ишни вожиб қилганди. Лекин улар мискин ва камбағалларни маҳрум қилиб, меваларни тўлиқ ўзлари олмоқчи бўлишди.

Шундан кейин бу ёмон қасамларининг оқибати қандай натижа билан тугагани баён қилинади:

“Бас, улар уйқуда бўлган чоғларида унинг устида Парвардигорингиз томонидан бўлган айланувчи бир айланди-ю, узилгандек бўлиб қолди”.

Ўша бахил кимсалар боғнинг меваларидан биронта ҳам камбағалга бермасликка қасам ичишди. Шунда боғ устига бало ёғилди. Натижада, боғ ёниб, кули кўкка совурилди. Ундаги мевалар худди узиб олингандек бўлиб қолди. Боғда наф келтира оладиган ҳеч вақо қолмади.

Аллоҳ таоло боққа қандай бало юборилганини зикр қилмаган. Чунки қиссани келтиришдан мақсад балонинг қандайлигини баён қилиш эмас, балки инсонларни бу ҳодисадан ибрат олишга ундашдир.

Имом Қуртубий шундай деганлар: “Ушбу оят инсоннинг қатъий қарори – қалбидаги нияти учун ҳам жазоланиши мумкин эканига далолат қилади. Ахир боғ эгалари муҳтожларга улуш ажратмасдан меваларни узиб олишга аҳд қилишди. Ҳали ниятларини амалга оширмай туриб жазоланишди. Шу маънода Аллоҳ таоло: “Ким у жойда зулм-зўравонлик билан йўлдан чиқмоқчи бўлса, (буларнинг ҳар бирига) аламли азобдан тотдириб қўямиз[28]”, деган.

Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар икки мусулмон банда қиличи билан учрашиб қолса (яъни, урушса), қотил ҳам, ўлдирилган ҳам жаҳаннамдадир”, дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, қотил (жаҳаннамга тушиши маълум). Аммо нима сабабдан ўлдирилган (ҳам дўзахга киради)?” деб сўралди. Шунда у зот: “Чунки у ҳам шеригини ўлдиришга ташна (қаттиқ хоҳлаб турган) эди”, дедилар[29]”.

Шундан кейин азму қарорларини амалга ошириш учун қандай ҳаракат қилганлари тасвирланади:

Улар эса тонгда туришиб: “Агар (ҳосилни) узмоқчи бўлсангиз, зироатгоҳларингизга юра қолинглар”, (деб) бир-бирларини чақирдилар”.

Улар биров кўриб қолмаслиги учун тонг саҳарлаб бир-бирларини чақиришди:

– Юринглар, боғимизга бориб эрта тонгда меваларни тезроқ узиб олайлик! Биров кўриб қолмасин! – дея бир-бирларига хитоб қилишди.

Сўнг: “Бугун устларингизга бирон мискин кириб қолмасин-да”, (дейишиб) бир-бирларига пичирлашган ҳолларида жўнаб кетдилар.

Улар овозларини пасайтириб боғ томон шошилганча йўл олдилар ва бир-бирларига:

– Ҳазир бўлинглар, бугун боғингизга биронта мискин кириб олмасин! – деб пичирлашиб гапиришди.

“Улар ёмон ният билан қодир бўлган ҳолларида тонг-саҳарлаб бордилар”.

Боғ эгалари эрта тонгда кечаги қарорларини амалга ошириш учун боғ томонга йўл олишди. Айни пайтда уларни бу аҳдидан ҳеч ким қайтаролмасди. Чунки улар мақсадига эришиш учун барча чораларни кўриб қўйишганди: меваларни узиб олишни сир тутишди, эрта тонгда боғ томон йўл олишди ва мискинлар кўзидан четроқ бўлиш учун бор кучларини сарфлашди.

Бироқ боққа бориб, не кўз билан кўрсинларки, боғлари ўзгариб қолибди. Уларнинг ўша вақтдаги ҳолатлари Қуръони каримда мана бундай тасвирланган:

Энди қачон уни кўришгач, (аввал): “Шак-шубҳасиз, биз йўлдан адашиб қолдик”, дедилар. (Сўнг бу ўзларининг боғлари эканини билишгач:) “Йўқ, бизлар (боғимиздан) маҳрум бўлибмиз”, дедилар.

Улар боғларини ғалати ҳолда кўришгач, аввалига:

– Ие! Адашиб бошқа йўлга кириб қолибмизми?! Бу бизнинг боғ эмас. Боғимиз кеча ғарқ пишган мевалар билан тўла эди-ку! – дейишди.

Бироқ кўз ўнгларидаги вайрона – “боғ” ўзлариники эканига иқрор бўлгач:

– Йўқ, адашмабмиз. Боғимиз шу экан. Аслида мискинлар ҳақини поймол қилганимиз учун Аллоҳ бизни боғимиздан маҳрум қилибди! – деб оҳу нола чекишди.

Шунда улар ичида ақл-заковат соҳиби бўлган бир ўғил:

– Мен сизларга (Аллоҳга) тасбеҳ айтиб – шукр қилмайсизларми, демаганмидим? – деди.

Бу ердаги “тасбеҳ” истиғфор айтиш, тавба қилиш ва ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини беришдир.

Яъни, ака-укалар ичидаги энг оқили, энг инсофлиси бўлиб ўтган воқеани ўз кўзи билан кўрганидан кейин биродарларига хитобан:

– Сизлар мискинларни боғдаги меваларнинг бир қисмидан маҳрум қилаётганингизда: “Аллоҳга тақво қилинглар, бундай қилманглар! Отангиз қилиб келган эзгу ишни давом эттиринглар! Мискинларга улуш ажратинглар!” демаганмидим. Лекин менинг гапимга қулоқ солмадинглар, ўз билганингиздан қолмадинглар. Гапимга кирмаганингиз оқибатида боғингиздан бутунлай ажраб қолдингиз! – деди.

Кўп одамлар неъмат қўлларидан кетганидан кейин унинг қадрини биладилар ва надомат чекадилар. Боғ эгалари ҳам оқил биродарларига хитобига жавобан:

– Парвардигоримизга тасбеҳ айтамиз. Ҳақиқатан, бизлар (ўзимизга) зулм қилувчи бўлдик, – дедилар.

Яъни, улар вақт ўтгандан кейин қилган гуноҳларини тан олиб, кеч бўлса ҳам:

– Парвардигоро! Биз Сенинг нуқсонлардан поклигингни эътироф этамиз. Сенга истиғфор айтамиз. Қилган айбимизни кечир! Биз бандаларинг ҳақига тажовуз қилиш билан ўзимизга жабр қилдик, – деб илтижо қилдилар.

Шундан сўнг боғлари барбод бўлганига ишонч ҳосил қилганларидан кейин ўрталарида бўлиб ўтган воқеа баён қилинади:

“Сўнг бир-бирларига боқиб, маломат қилиша бошлашди”.

Улар шу кўйга тушганларидан кейин бир-бирларини маломат қила бошлашди. Ҳар бири айбни кимгадир ағдаришга уринди: “Сен туфайли шундай мусибатга учрадик!” деб бир-бирларига танбеҳ бера бошлашди.

Улар: “Эй, ўлим бўлсин сизларга! Ҳақиқатан, бизлар ҳаддан ошувчи бўлдик. Шояд Парвардигоримиз бизларга ундан ҳам яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар албатта Ёлғиз Парвардигоримизга рағбат-илтижо қилувчилармиз”, дедилар.

Яъни, улар афсус-надомат билан:

– Э, воҳ! Ҳолимизга вой! Биз ҳадимиздан ошдик, Парвардигоримиз амридан бўйин товладик. У Зот бизга фазлу марҳаматини кенг қилган эди. Аммо биз зиқналик қилдик. Энди Аллоҳ бизга бундан ҳам яхшироқ неъматларни ато этишидан умидвормиз! Биз Ёлғиз Аллоҳга тавба ва истиғфор билан тазарру қиламиз. Умидимиз яккаю Ягона Аллоҳдан! – дедилар.

“(Аллоҳнинг амридан четга чиққан кимсалар учун) мана шундай азоб бордир”.

Аллоҳ амрига қарши чиққан Макка кофирларини ҳам, улардан бошқаларни ҳам худди боғ эгаларини ношукрликлари сабаб неъматдан айро қилгани каби азоблайди.

(Бу оятда эшитувчилар диққатини жалб қилиш учун аввал кесим (хабар), кейин эга (мубтадо) келмоқда. Буни тилимизга сўзма-сўз таржима қилинса: “Мана шундай бўлади азоб” тарзида ифодаланади. – таржимон).

“Агар билсалар, охират азоби шак-шубҳасиз, янада каттароқдир. Албатта тақводор зотлар учун Парвардигори хузурида ноз-неъмат боғлари бордир”.

Аллоҳ дунёда боғ эгаларини азоблагани каби Макка мушрикларини ҳам жазолади. Бироқ охиратдаги азоб дунёдагидан кўра оғирроқ, давомийроқ ва аламлироқдир. Агар илм ва фаҳм-фаросат эгалари билсалар, имон ва солиҳ амал билан эҳтиётларини қиладилар, уларнинг оқибатига йўлиқишдан ҳазир бўладилар.

Мана шу қиссасини тафаккур қилган киши одамзот руҳиятига хос нозик жиҳатлардан хабардор бўлади: бой бўлганида ва камбағаллигида, неъматга эришиб турганида ва ундан ажраб қолганида қай кўйга тушишидан вофиқ бўлади.

Боғ эгалари қиссасидан олинадиган энг катта ибрат шуки, Аллоҳнинг неъматларини инкор қилган, қадрига етмаган ношукр бандалар оқибати яхши бўлмайди. Нонкўрлик неъматнинг заволига сабабдир.

ЧОҲ ЭГАЛАРИ ҚИССАСИ

Чоҳ эгалари қиссасини қисқача баён қиладиган бўлсак, бир гуруҳ содиқ мўминлар жамоаси имон ва ихлосда, Аллоҳга ибодат қилишда собитқадам бўлиб туришган. Натижада, уларнинг душманлари мўминларни қаттиқ азоблашган. Бир чоҳ (чуқур) қазиб, унга олов ёқишган ва мўминларни ана ўша чуқурга ташлашган. Қуръони каримда бу қисса ажиб ва таъсирли услубда баён қилинган:

“Буржлар эгаси бўлмиш осмонга қасам. Ваъда қилинмиш кунга қасам. (Ўша кунда) гувоҳ бўлувчи ва гувоҳ бўлинувчига қасамки, чоҳ эгалари лаънатлангайлар! (У чоҳ) ўтинли оловдир! Ўшанда улар (чоҳнинг) устида ўтириб олган ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ бўлган эдилар[30]. Улар фақат (мўминлар) қудрат ва мақтов Эгаси бўлган Аллоҳга – осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган Зотга имон келтирганлари учунгина ўч олдилар! Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир! Албатта мўминлар ва мўминаларни фитнага солиб, сўнгра (бу қилмишларидан) тавба қилмаган кимсалар учун жаҳаннам азоби бор ва улар учун ўт азоби бордир! Албатта имон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Мана шу буюк саодатдир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг ушлаши қаттиқдир. Албатта Унинг Ўзи бошлайди ва қайтаради. У Мағфиратли, Муҳаббатли Зотдир. (У) Арш Соҳиби бўлмиш Буюк Зотдир. (Аллоҳ) истаган нарсасини амалга оширувчидир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сизга қўшинларнинг – Фиръавн ҳамда Самуд (қабиласининг) хабари келдими? Йўқ, кофир бўлган кимсалар (ўзларидан аввал ўтган динсиз кимсалар йўлиққан азоб-ҳалокатлардан ибрат олмай, ҳали ҳам Қуръонни) ёлғон дейишда (оёқ тираб турибдилар)! Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортидан иҳота қилиб турувчидир. Йўқ, (улар ёлғон дейишаётган нарса) Лавҳул маҳфуздаги (яъни, ҳар қандай бузилиш ва ўзгаришлардан ҳимояланган Лавҳдаги) буюк Қуръондир” (Буруж сураси, 1-22-оятлар).

“Бурж” сўзи луғатда “баланд қаср” мазмунини ифодалайди. Бу ерда “бурж”лардан мурод, юлдуз ва сайёралардир. Улар ўн иккитадир: ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жадий, далв ва ҳут.

Бурж деб аталишига сабаб, у осмон жисмларига нисбатан бир манзил-макон кабидир.

“Ваъда қилинган кун” қиёматдир. Чунки Аллоҳ таоло ушбу кунда бандалар қилган яхши амаллари учун мукофот, ёмонликлари учун жазо беришни ваъда қилган.

“Гувоҳ бўлувчи” қиёмат кунига шоҳид бўлиб, ундаги даҳшатли манзара ва ажойиботларни кўрувчидир.

“Гувоҳ бўлинувчи” эса, ёш болалар сочини оқартириб юборадиган кунда бўладиган воқеа-ҳодисалардир.

“Буржлар эгаси бўлмиш осмонга қасам. Ваъда қилинмиш кунга қасам. (Ўша кунда) гувоҳ бўлувчи ва гувоҳ бўлинувчига қасамки, чоҳ эгалари лаънатлангайлар!”

Яъни, қасамки, куфру исёнлари сабаб чоҳ эгалари лаънатлангандирлар, Аллоҳнинг раҳматидан узоқдирлар!

“Чоҳ” ердаги узун чуқурдир. У хандаққа ўхшайди.

“Чоҳ эгалари” – аввалда ўтган кофир қавм. Улар ерда катта бир чуқур кавлаб, ичида гуриллатиб олов ёқишган ва унга мўминларни ташлашган. Мўминлар Аллоҳга бўлган имонлари сабабли динсиз кимсалар томонидан шундай азобга гирифтор қилинган.

“(У чоҳ) ўтинли оловдир! Ўшанда улар (чоҳнинг) устида ўтириб олган ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ бўлган эдилар”.

Яъни, мўминларни азоблаш учун қаттиқ ёнувчи олов ёққан чоҳ эгалари Аллоҳнинг раҳматидан узоқдирлар! Улар мўминлар азобланишини томоша қилиш учун чоҳ атрофига терилиб ўтириб олишганди. Улар шу йўл билан имонли кишилардан ўч олмоқчи бўлишди.

Бу қилмишлари ўта ёвуз, золим бўлганларидан, қалбларида раҳм-шафқат ҳисси умуман бўлмаганидан дарак беради.

Шундан кейин бу золим кимсалар нима сабабдан мўминларни бундай аёвсиз тарзда қийноққа солганлари баён қилинади:

“Улар фақат (мўминлар) қудрат ва мақтов Эгаси бўлган Аллоҳга – осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган Зотга имон келтирганлари учунгина ўч олдилар! Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир!”

Ўша динсизлар мўминларни биргина сабабдан ёмон кўрардилар: мўминлар мутлоқ улуғлик ва мақтовлар Соҳиби бўлган Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишарди. Аллоҳ шундай Зотки, осмонлар ва ердаги жамики нарсалар Унга тегишли, барчаси Аллоҳнинг мулкидир. Аллоҳ барча нарсани кўриб, кузатиб туради. Бандалари қилаётган бирон ишни кўрмай қолмайди. У Зотдан ҳеч нарсани сир тутиб бўлмайди.

Бу оятларда мўминларга ноҳақ азоб берган кимсалар ҳолидан ажабланилмоқда. Зеро, улар фақат Аллоҳга ихлос ила ибодат қилганлари учун қийноққа маҳкум этилганди. Мазкур кофир кимсалар назарида, Аллоҳга имон келтириш оловда ёқишга муносиб жиноят эди.

Шайтон қўлида қўғирчоқ бўлган кимсалар, унинг ноғорасига ўйнаган одамлар назарида яхши хислатлар ҳам ёмондек туюлади. Аввалги қавмлар ҳаётига бир назар ташласак, шаҳват домига тушган кимсалар Лут алайҳиссаломга нисбатан: “Лутнинг аҳлини қишлоғингиздан (қувиб) чиқаринглар! Ҳақиқатан, улар жуда покиза кишилардир”, дейишганига гувоҳ бўламиз (Намл сураси, 56-оят).

Чоҳ эгалари мўминлардан фақат Аллоҳга бўлган имонлари сабабли ўч олишаётганди. Шунга ўхшаш оят бошқа ўринда ҳам келган: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Эй аҳли китоб, сизлар биз томонимиздан ёмон кўрадиган нарсангиз фақат бизнинг Аллоҳга, ўзимизга нозил қилинган Китобга (яъни, Қуръонга) ва илгари нозил қилинган китобларга имон келтирганимиз, сизларнинг кўпчилигингиз эса итоатсиз эканликларингиздир” (Моида сураси, 59-оят).

Ибн Касир шундай деганлар: “Бу қиссада кимлар назарда тутилаётгани ҳақида турли қавллар айтилган. Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинишича, улар Форс аҳлидир. Подшоҳлари маҳрамларни никоҳга олишни ҳалол қилишни хоҳлаганида, уламолари буни инкор қилишган. Шунда катта чуқур қазилиб, буни инкор қилган олимларни бирма-бир чоҳга ташлашган.

Яна у кишидан ривоят қилинишича, улар яманликлардир. Улар ичидаги мўминлар ва кофирлар жанг қилиб, мўминлар ғолиб чиқишган. Кейин кофирлар мўминларни мағлуб этган. Шунда бир чуқур кавлаб, уларни ўша ерда ёқишган[31]”.

Бу оятларда мўминларни имонда мустаҳкам туришга, ғанимлардан етган озорларга мардонавор чидашга тарғиб қилинмоқда. Шунингдек, аввалги ўтган мўмин инсонлар бошига бундан-да оғирроқ мусибатлар тушгани эълон қилиниб, солиҳ аждодлари каби сабрли бўлишга ундалмоқда. Зеро, чиройли оқибат тақводор инсонларга тегишли бўлади. Аллоҳнинг ўзгармас қонуни шуни тақозо этади.

Шундан кейин Қурайш кофирлари мўминларга азият етказишда давом этсалар, уларни аянчли оқибат кутиб тургани ҳақида огоҳлантирилади:

“Албатта мўминлар ва мўминаларни фитнага солиб, сўнгра (бу қилмишларидан) тавба қилмаган кимсалар учун жаҳаннам азоби бор ва улар учун ўт азоби бордир!”

Мўминлар ва мўминаларни қийнаб, уларга зулм ўтказган кимсалар гуноҳларидан тавба қилмасалар, Аллоҳга имон келтирган инсонларга жабр қилишни тўхтатмасалар, улар учун охиратда жаҳаннам азоби бўлади! Уларга яна ёндириш билан ҳам азоб берилади!

Мўминлар ва мўминаларни фитнага солганлардан мурод, Абу Жаҳл, Умайя ибн Халаф ва шу каби Қурайш мушрикларидир. Улар Билолни, Аммор ибн Ёсирни, унинг ота-онасини қаттиқ азобларга гирифтор қилишганди.

(Шунингдек, бу оят замирига мўминларни азоблаган, уларни ноҳақ қийнаган ҳар қандай кимса киради. Агар улар вақтида тавба қилмасалар, имон йўлига тўғаноқ бўлишни тўхтатмасалар, оқибатлари чоҳ эгалариники билан бир хил бўлади. – таржимон).

Бу ерда жаҳаннам азоби билан ўт азобининг жамланиши туғён ва ширк ботқоғига ботиб кетган кимсаларга жуда қаттиқ азоблар бўлишига ишорадир.

Имон йўлини танлаган инсонларга азият етказиш оқибатидан огоҳлантирилгач, энди мўминларга бериладиган мукофотлар зикр қилинади:

“Албатта имон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Мана шу буюк саодатдир”.

Имон келтирган ва эзгу ишларни қилган мўмин бандалар учун Парвардигорлари ҳузурида дарахтлари ва боғлари тагидан ариқлар оқиб ўтувчи жаннатлар бордир. Мана шу мукофотни қўлга киритиш энг катта бахтдир. Бундан улуғи бўлмайди. Ҳар қандай ютуқ Аллоҳ розилиги ва жаннатга эришиш олдида кичикдир.

Икки тоифа вакиллари оқибати қандай бўлиши баён этилгач, Аллоҳнинг қудрати чексиз эканига далолат қилувчи жумлалар келтирилади. Бу билан мўминлар қалби мустаҳкамланиб, янада сабрли бўлишга чақирилади:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг ушлаши қаттиқдир”.

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, албатта Парвардигорингиз Аллоҳнинг золим ва исёнкор бандаларни жазолаши жуда қаттиқдир. Бас, шундай экан, саҳобаларингизга буюринг, азиятларга сабр қилишсин! Зеро, охиратда чиройли оқибат уларники бўлади.

“Албатта Унинг Ўзи бошлайди ва қайтаради”.

Ёлғиз Аллоҳ дунёда махлуқотларни яратади. Кейин ҳисоб қилиш учун уларни қайта тирилтиради. Аллоҳнинг Ўзи дунёда кофирларни қаттиқ жазолайди. Сўнгра охиратда янада аламлироқ жазо беради уларга.

“У Мағфиратли, Муҳаббатли Зотдир. (У) Арш Соҳиби бўлмиш Буюк Зотдир. (Аллоҳ) истаган нарсасини амалга оширувчидир”.

Аллоҳнинг раҳмати кенг, мағфиратли Зотдир. Тавба қилган ва имон йўлидан юрган кишиларни албатта кечиради. Ўзига итоат этган ва ҳидоят йўлига кирган инсонларни яхши кўради Аллоҳ.

Аллоҳ улуғ Аршнинг Эгасидир. Аллоҳ Ўз зоти ва сифатларида ўта Буюкдир. У Зот истаган ишини амалга ошира олади. Биронтаси Унга эътироз билдиролмайди. Унинг амри бажо келтирилади, истак-хоҳиши сўзсиз амалга оширилади.

Шундан кейин Аллоҳнинг азоби қаттиқ ва амри шубҳасиз бажарилишига далолат қилувчи жумлалар келтирилади:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сизга қўшинларнинг – Фиръавн ҳамда Самуд (қабиласининг) хабари келдими?”

Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сизга ҳадидан ошган ва исёнкор Фиръавннинг хабари етиб келдими? Солиҳ алайҳиссалом ҳақидаги хабар-чи? Улар пайғамбарларини инкор қилиб, озор беришди, тегмаслик таъкидланган туяни сўйиб юборишди.

Аллоҳ таоло уларнинг куфри ва ҳадидан ошганлари сабаб қандай жазолаганини билдингизми?

Бу ерда Фиръавн ва Самуднинг алоҳида зикр қилинишига сабаб, улар бошқалардан кўра кўпроқ зулм қилишган, ўзгаларга қараганда тажовузкорроқ бўлишган. Шунингдек, Фиръавн ва Самуднинг қиссаси Макка аҳли орасида маълум эди.

“Йўқ, кофир бўлган кимсалар (ўзларидан аввал ўтган динсиз кимсалар йўлиққан азоб-ҳалокатлардан ибрат олмай, ҳали ҳам Қуръонни) ёлғон дейишда (оёқ тираб турибдилар)! Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортидан иҳота қилиб турувчидир”.

Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан замондош бўлган мушриклар ўтган қавмлар қиссасидан ибрат олмай, куфрда қаттиқ туриб олишгани назарда тутилмоқда.

Яъни, Фиръавн ва Самуд қабиласи қўшинининг оқибати ҳалокат билан тугади. Сабаби улар куфрда эдилар. Лекин, эй Муҳаммад, қавмингиз улардан ибрат олмаяптилар, Сизни ёлғончи қилишда давом этмоқдалар. Билингки, Аллоҳ уларни тўлиқ қамраб олган. Аллоҳнинг жазосидан уларни биронта ҳам чора ёки ҳийла қутқариб қололмайди. Улар Аллоҳнинг ҳукми остидадирлар. Аллоҳ Ўзи истаган вақтда уларга муносиб жазо беради.

“Йўқ, (улар ёлғон дейишаётган нарса) Лавҳул маҳфуздаги (яъни, ҳар қандай бузилиш ва ўзгаришлардан ҳимояланган Лавҳдаги) буюк Қуръондир”.

Анави мушриклар айтаётганларидек, Қуръон аввалгилардан қолган афсоналар эмас. Балки У ҳақ Каломдир, Аллоҳ таолонинг буюк Каломидир.

Қуръон Лавҳул маҳфуздадир, ўзгартиришлардан сақланган, шайтонлар унга ета олмайдилар.

Биз мўминлар Қуръони карим Лавҳул маҳфузда эканига имон келтирамиз. Аммо бунинг ҳақиқатини, Лавҳул маҳфуз қандайлигини Аллоҳга ҳавола қиламиз, бу ҳақида баҳслашмаймиз. Сабаби бу ғайб илмидир. Уни фақат Аллоҳ билади. Лавҳул маҳфуз васфи ҳақида ишончли саҳиҳ ҳадис ворид бўлмаган.

Ушбу қиссадан олинадиган энг муҳим ибрат шуки, бу ўткинчи дунё ҳаётида икки тоифа – ҳақ ва ботил аҳли ўртасида аёвсиз жанг кетади. Бироқ Аллоҳнинг суннати (тақдири, қонуни) чиройли оқибат фақат мўмин бандаларники бўлишини тақозо этади.

ЮЗ ЙИЛДАН КЕЙИН ТИРИЛТИРИЛГАН КИШИ ҲАҚИДАГИ ҚИССА

Мана шу қисса Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига, қайта тирилиш, ҳисоб қилиниши, мукофот ва савоб, жазо ва азоб ҳақлигига ишора қилади.

Бу қисса Иброҳим алайҳиссалом билан тортишган подшоҳ зикридан кейин келтирилган. Саййидимиз Иброҳим алайҳиссалом унга шундай жавоб қилганлар: “Албатта Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради. Сен уни мағрибдан чиқаргин-чи?!” Шунда бу кофир довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди[32]” (Бақара сураси, 258-оят).

Энди Аллоҳ тарафидан юз йилга ўлдирилиб, кейин қайта тирилган киши ҳақидаги қиссани кўриб чиқамиз. Парвардигоримиз шундай деган:

“Ёки бир зот ҳақидаги масални (билмадингизмики,) у зот томлари йиқилиб-ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтаркан: “Аллоҳ бу хароб бўлган (қишлоқни) қандай тирилтирар экан-а?” деди. Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб деди: “Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?” “Бир кун ё ярим кун”, деди у. Аллоҳ деди: “Йўқ, юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара – бузилган эмас. Энди эшагингни (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин. (Бу ҳодисани Аллоҳ қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят – ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплаганимизни кўргин”. Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: “Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан”, деди” (Бақара сураси, 259-оят).

Бу ерда зикр қилинаётган зотдан мурод, Узайр ибн Шархиёдир[33].

Айтилишича, қишлоқдан мурод, Байтул мақдисдир. Уни Бобил ҳукмдори Бухтанаср харобага айлантирганди. Қуръони карим шахслар ва жой номларига эътибор қаратмайди. Балки ҳолатни баён қилиб, ундан олинадиган ибратларга аҳамият беради.

“Аллоҳ бу хароб бўлган (қишлоқни) қандай тирилтирар экан-а?” деди.

Бу ўша одам қишлоқнинг вайронага айланганини кўриб, ажабланганидан айтган гаплардир.

Яъни, хароба қишлоқдан ўтаётган киши ҳақидаги қиссага эътибор бер! У ҳайратдан ёқа ушлаб:

– Бу қишлоқ кули кўкка совурилганидан кейин Аллоҳ уни қандай ёки қачон обод қилар экан-а?! – деди.

Имом Қуртубийга кўра, ўша киши аввалда гуллаб-яшнаган шаҳарнинг барбод бўлганидан афсусланиб шундай деган[34].

Бу савол вайронани қандай қилиб обод қилиш ҳақидадир, тирилтириш маъносида эмас. Чунки ўша киши қиёмат куни қайта тирилтиришга ишонган мўмин киши бўлган. У қишлоқни вайрона ҳолида кўргач, Аллоҳ уни қандай обод қилишини мулоҳаза қилиб, У Зотнинг қудратидан ҳайратланган. Шу билан бирга, шаҳар обод бўлишини истаган ва бунинг қандай рўй беришини билишга қизиққан.

Хўш, бу саволнинг натижаси қандай бўлди? Буни қуйидаги оятлардан билиб оламиз:

Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб деди: “Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?” “Бир кун ё ярим кун”, деди у.

Узайр шундай деганидан кейин Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Қишлоқ обод бўлганидан кейин унинг руҳини танасига қайтарди. Сўнг:

– Қанча муддат ўлик ҳолда ётдинг? – деб сўради.

Ҳалиги киши:

– Бир куни ё ярим кун шундай ётдим, – деди.

Бу оятда ўлим уйқуга, тирилиш эса уйқудан уйғонишга ўхшаши баён қилинмоқда. Бандалар ўлганларидан кейин уларни қайта тирилтириш Аллоҳ учун осондир. Бу ҳақида Парвардигори олам шундай дейди: “(Эй инсонлар,) сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (қиёмат кунида) қайта тирилтири ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни, шу қадар осондир). Зеро, Аллоҳ Эшитувчи, Кўрувчидир” (Луқмон сураси, 28-оят).

Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Аллоҳга қасамки, худди ухлаганингиз каби ўласизлар ва худди уйғонганингиз каби тирилтириласизлар. Кейин қилган амалларингиз бўйича ҳисоб берасизлар. Яхши амалларингиз учун мукофот, ёмон ишларингиз учун жазо оласизлар. Албатта жаннат абадийдир, дўзах ҳам абадийдир”.

Аллоҳ деди: “Йўқ, юз йил турдинг”.

Яъни, сен бир ё ярим кун эмас, балки юз йил ўлик ҳолда ётдинг.

Кейин қайта тирилиш ҳақлигига далолат қиладиган нарсаларга назар солишга ундайди:

“Таом ва ичимлигингга қара – бузилган эмас. Энди эшагингни (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин”.

Яъни, сен юз йил шу ҳолда турдинг. Агар бундан шубҳанг бўлса, ана таоминг ва ичимлигингга қара. Шунча йиллар ўтса ҳам улар ўзгармаган, тароватини йўқотмаган. Шунча замонлар ўтса-да, ўз ҳолича турибди. Ана энди эшагингнинг суяклари қандай қилиб чириб кетганига эътибор бер. Мана шу нарса орадан узоқ вақт ўтганини кўрсатади.

“(Бу ҳодисани Аллоҳ қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят – ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплаганимизни кўргин”.

Бу иш қайта тирилтиришга Аллоҳ қодир эканини кўрсатиш учун қилинди. Ана энди манави суяклар ҳақида тафаккур қил, Биз уни қандай қилиб гўшт билан қоплаганимизга эътибор бер!

Суддийдан ривоят қилинишича, Узайр эшагининг суяклари ҳар тарафга сочилиб ётарди. Бас, Аллоҳ бир шамолни юбориб, кейин ҳар бир суякни ўз жойига қўйди ва уларни гўшт билан қоплади. Буларнинг ҳаммаси Узайр кўз ўнгида содир бўлди[35].

Аллоҳ таоло оятни қуйидаги қавли билан тамомлаган:

Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: “Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан”, деди.

Узайр Аллоҳ таоло ўликларни қайта тирилтиришига далолат қилувчи очиқ-ойдин ҳужжатларни кўзи билан кўриб, аъзолари билан ҳис қилганидан кейин:

– Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодир эканига аниқ ишонаман, бунга ҳеч ҳам шубҳам йўқ! – деди.

Ушбу қисса Аллоҳ таолонинг Яккаю Ёлғиз эканига, У Зотнинг қудрати чексизлигига, шунингдек, ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақлигига далолат қилади.

ШАНБА КУНИ ҲАДИДАН ОШГАНЛАР ҚИССАСИ

Шанба куни ҳадидан ошган кимсалар қиссасининг қисқача баёни бундай: Бани Исроилдаги бир қавм шанба куни Аллоҳ таолога холис ибодат қилишга аҳд қилишган. Шунда уларга фақат шанба куни ов қилиш ман этилган. Аллоҳ уларнинг имонларини ва аҳдларига вафо қилишларини синаш учун айнан шанба куни денгиз соҳилига жуда кўп балиқлар юборган. Улар ибодат қилиш керак бўлган кунда балиқлар соҳил бўйида шундоққина кўриниб турган. Шунда ибодатга бел боғлаган қавмнинг иштаҳаси очилиб, шанба куни балиқ овлаш борасида бир ҳийла ўйлаб топадилар.

– Шанба куни балиқ билан лиқ тўладиган мана бу денгиз четига бир чуқур кавлаб қўямиз. Унга сув билан қўшилиб балиқлар ҳам киради. Шанба куни биз уларни овламаймиз, шунчаки ҳовузга қамаб қўямиз. Кейин бошқа кунларда бемалол тутаверамиз. Шу билан Парвардигоримизга берган ваъдамизга вафо қиламиз ва балиқ овидан ҳам қуруқ қолмаймиз! – дейишди.

Насиҳатгўй инсонлар уларни огоҳлантириб, бу иш Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга нисбатан ҳийла экани, балиқларни ҳовузга қамаб қўйиш овлаш билан баробар эканини тушунтиришди. Бироқ нафслари ақлларидан устун келгани боис, панд-насиҳатларга парво қилишмади, балки шайтоний ҳийлаларини амалга оширишди. Шунда Аллоҳ уларга ғазаб қилиб, уларни маймунларга айлантириб, ўзидан кейингиларга ибрат қилиб қўйди.

Ана энди Аъроф сурасига қулоқ тутамиз. Унда ўзига хос услубдаги ажойиб қисса келтирилади:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) улардан денгиз олдидаги қишлоқ ҳақида – шанба куни ҳаддан ошганлар ҳақида сўранг! Ўшанда шанбалик қилган кунларида балиқлар (сув юзида) очиқ келар эди. Шанбалик қилмаган кунларида эса келмасди. Уларни итоатсиз бўлганлари сабаб мана шундай имтиҳон қиламиз[36]. Ўшанда улардан бир жамоат: “Нима сабабдан Аллоҳнинг Ўзи (бу дунёда) ҳалок этадиган ёки (охиратда) қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қиласизлар?” деганларида, улар айтдилар: “Парвардигорингизга (қиёмат кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар Аллоҳдан) қўрқсалар, деб (насиҳат қиляпмиз)”. Бас, қачон улар ўзларига эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, Биз бу гуноҳ ишдан қайтарган зотларга нажот бердик ва золим кимсаларни итоатсиз бўлганлари сабаб қаттиқ азоб билан ушладик. Энди қачонки ўзлари қайтарилган ишдан (қайтмасдан) кибру ҳаво қилганларидан кейин уларга: “Бадбахт маймунларга айланинг!” дедик” (Аъроф сураси, 163-166-оятлар).

Бу ерда Набий алайҳиссаломга хитоб қилиниб, замондош яҳудийлардан шанба куни ҳаддан ошган кимсалар ҳақида сўраш буюрилмоқда.

Яъни, эй Муҳаммад, анави яҳудийлардан Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол қилиб олган аждодларининг ҳоли не кечгани ҳақида сўранг. Уларнинг хабари китобларида бор. Уни беркита олмайдилар.

Савол беришга ундашдан мақсад, уларни исён қилганликлари учун танқид остига олиш. Шояд тавба қилиб, ҳақ йўлга кирсалар, аввалги ўтганлар каби мусибатларга дучор бўлмасалар.

Яҳудийлар яхши биладиган бу қиссани Пайғамбар алайҳиссалом келтиришлари мўъжизадир. Ахир у зот яҳудийдар китобини ўқимаганлар. Балки Аллоҳ у зотга ваҳий орқали буни маълум қилган. Агар улар шу ҳақида фикр юритсалар, мўмин бўлардилар.

Жумҳур муфассирларга кўра, бу қишлоқ Мадян ва Тур орасида жойлашган “Айла” номли қишлоқдир[37].

“Шанба куни ҳаддан ошганлар ҳақида сўранг!”

Яъни, шанба куни ов қилиш билан Аллоҳ белгилаб берган чегарадан ўтган, ўзларига зулм қилган кимсалар ҳақида яҳудийлардан сўранг!

“Ўшанда шанбалик қилган кунларида балиқлар (сув юзида) очиқ келар эди. Шанбалик қилмаган кунларида эса келмасди”.

Яҳудийлар улуғлайдиган шанба куни катта-катта балиқлар сув юзасига қалқиб чиқиб, осонлик билан овлаш имкони туғиларди. Шанба куни ўтгач, балиқлар кўринмасди. Бу Аллоҳ таоло тарафидан синов бўлган эди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Аслида яҳудийларга ҳам жума кунини мўътабар санаш амр қилинган эди. Бироқ улар жума кунини тарк этиб, шанбани танладилар. Шунда Аллоҳ таоло уларни имтиҳон қилди: ўша кунда ов қилишни ман этиб, шанбани улуғлашни буюрди. Шанба куни келганида улар денгиз бўйида балиқларни кўрардилар. Бошқа кунларда эса балиқлар кўринмас, фақат шанба куни қайтиб келарди. Аллоҳ уларни мана шундай имтиҳон қилган. Бу Аллоҳ таолонинг “Ўшанда шанбалик қилган кунларида балиқлар (сув юзида) очиқ келар эди. Шанбалик қилмаган кунларида эса келмасди”, деган сўзи маъносидир[38]”.

Имом Қуртубий айтадилар: “Ривоят қилинишича, мазкур воқеа Довуд алайҳиссалом замонида бўлиб ўтган. Иблис уларга васваса қилиб: “Сизлар шанба куни балиқ овлашдан қайтарилдингиз. Шундай экан, денгиз четида сунъий ҳовузлар кавланг”, деди. Улар шанба куни ўша ҳовузга балиқларни ҳайдаб бориб қамаб қўйишарди. Сув камлиги сабаб балиқлар у ердан чиқиб кетолмасди. Якшанба куни эса бемалол балиқларни тутиб олишарди[39]”.

“Уларни итоатсиз бўлганлари сабаб мана шундай имтиҳон қиламиз”.

Аллоҳ шанба куни балиқларни сув юзасига чиқариш ва бошқа кунларда уларни кўрсатмаслик билан ҳаддан ошган кимсаларни имтиҳон қилади. Кимда-ким Аллоҳнинг чегараларини бузса, итоатсизлик қилса, шариат қонунлари доирасида ҳийла ишлатса, мана шундай синов билан жазоланади. Зеро, ким Аллоҳга итоат этса, У Зот дунё ишларини осон қилиб қўяди, охиратда улуғ мукофотлар билан тақдирлайди. Ким итоатсизлик қилса, Адолатли ва Қодир Зот бўлмиш Аллоҳ ўша кимсани қаттиқ жазолайди.

Энди ўша қишлоқ аҳлидаги бир қанча тоифалар ва уларнинг ҳолати тўғрисида маълумот берилади:

“Ўшанда улардан бир жамоат: “Нима сабабдан Аллоҳнинг Ўзи (бу дунёда) ҳалок этадиган ёки (охиратда) қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қиласизлар?” деганларида, улар айтдилар: “Парвардигорингизга (қиёмат кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар Аллоҳдан) қўрқсалар, деб (насиҳат қиляпмиз)”.

Ушбу оятдан тушуниш мумкинки, қишлоқ аҳли уч тоифа бўлган:

1. Шанба куни ҳаддан ошганлар, исён ва туғёнга ботиб, Аллоҳ белгилаб берган чегарадан ўтганлар.

2. Уларни ёмон ишдан қайтарган кишилар.

3. Исёнкор кимсалар тузалишидан умидини узган ва насиҳатгўйларни маломат қилган кишилар.

Юқоридаги оятга кўра, шанба куни балиқ овлаб чегарадан чиққан одамларга насиҳат қилган зотларга:

– Буларга насиҳат қилишнинг фойдаси йўқ, огоҳлантирган билан таъсир қилмайди. Нега насиҳат қиласизлар?! Чунки Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилишни тақдир этган ва ер юзини улардан тозалайди, ёмонликлари сабабли муносиб жазоларини беради, – дейилди.

Насиҳат қилувчилар бунга жавобан шундай дейишди:

– Амру маъруф ва наҳий мункар борасида камчиликка йўл қўймаслик ва уларнинг тўғри йўлга юришидан умид қилиб насиҳат қиляпмиз!

Аллоҳ шундан кейин исёнкор ва насиҳатгўй жамоанинг оқибати қандай бўлганини баён қилади:

“Бас, қачон улар ўзларига эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, Биз бу гуноҳ ишдан қайтарган зотларга нажот бердик ва золим кимсаларни итоатсиз бўлганлари сабаб қаттиқ азоб билан ушладик”.

Яъни, шанба куни ҳийла қилиб балиқ овлаган кимсалар кўр ва кар ҳолларида туғёнда давом этишиб, насиҳатни хушламаганларидан кейин ҳақ йўлга даъват қилганларга нажот бердик. Исёнкор кимсаларни эса қаттиқ азобладик.

Бу ерда балиқ овлаб ўзларини азобга гирифтор қилган кимсалар ва уларни бу қинғир йўлдан қайтарган кишилар оқибати ҳақида хабар қилинган. Бироқ насиҳатгўй инсонларни койиган кишилар ҳақида бирон нарса дейилмаган.

Баъзи муфассирлардан ривоят қилинишича, улар нажот топишмаган. Чунки ёмон ишдан қайтарганлари йўқ. Устига-устак улар панд-насиҳат қилганларни танқид қилишган.

Лекин жумҳур муфассирларга кўра, бу тоифа вакиллари ҳам нажот топган. Сабаби, улар шанба куни балиқ овлаган кимсалар қилаётган ишни ёқтиришмаган. Улар каби ман этилган ишни қилишмаган. Исёнкорларнинг инсофга келишидан умидларини узганлари боис насиҳат қилишни ўзларига эп кўришмаган.

Учинчи тоифа оқибати қандай бўлганини Аллоҳга ҳавола қиламиз. Чунки бу борада саҳиҳ матн ворид бўлмаган. Чунончи, Қуръонда насиҳатгўйлар ва ҳаддан ошганлар оқибати баён этилган. Лекин насиҳатгўйларни маломат қилганлар ҳақида бирон нарса айтилмаган.

Энди қачонки ўзлари қайтарилган ишдан (қайтмасдан) кибру ҳаво қилганларидан кейин уларга: “Бадбахт маймунларга айланинг!” дедик.

Яъни, уларга панд-насиҳат кор қилмагач, Аллоҳ таоло:

– Бадбахт ва хор маймунларга айланинг! – деди ва шундай бўлди.

Ушбу оят тафсирида айтилишича, Аллоҳ таоло ўша қавмни аввал бахтсизлик ва турмушдаги танглик азоби билан жазолаган. Улар шунда ҳам ақлларини ишлатиб, тўғри йўлга юришмагач, уларнинг жисмлари маймунларга айлантириб қўйилган. Улар ҳақиқатан маймун бўлишган. Оятнинг зоҳири шуни кўрсатади. Жумҳур уламолар мана шу қавлни маъқуллашган.

Айтилишича, улар хулқ жиҳатидан маймунга айлантирилган, худди маймун каби ёмонлик ва бузғунчилик қиладиган кимсалар бўлиб қолишган. Бу Мужоҳиддан ривоят қилинган.

Маъсиятга ботганлари, насиҳатни хушламаганлари, нафсга қарши курашишда сусткашлик қилганлари боис улар мана шундай жазога дучор бўлдилар. Улар нафсга қул бўлиб, ўзларига хорлик сотиб олдилар.

Баъзи одамлар ўзининг қинғир мақсадларига етиш, нопон ниятини амалга ошириш учун ҳийлани восита қилиб олади. Уламолар мана шу оятлардан келиб чиқиб, қабиҳ (ёмон) ҳийла жоиз эмаслигини таъкидлашган. “Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган мана бу ҳадис келтирилган: “Аллоҳ яҳудийларни ҳалок қилсин! Уларга (ҳайвон) ёғлари ҳаром қилинганди. Бироқ (яҳудийлар) уларни сотиб, пулини едилар”.

ФИЛ ЭГАЛАРИ ҚИССАСИ

Фил эгалари ҳақидаги қисса жуда машҳур саналади. Қисқача баён қиладиган бўлсак, ҳабаший Абраҳа Каъбани бузиш учун жуда катта қўшин тўплаб Макка сари отланади. Ниятини амалга оширмоқчи бўлганида Аллоҳ таоло уни ва қўшинини ҳалок этади. Мана шу қисса Қуръони каримнинг Фил сурасида қисқа ва чиройли услубда баён қилинган. Аллоҳ таоло шундай хабар қилган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Парвардигорингиз фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми? У Зот уларнинг ҳийла-найранггини барбод қилмадими? У Зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юбориб, уларни чайнаб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб юборди!” (Фил сураси, 1-5-оятлар).

Фил воқеасини Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, бошқалар ҳам жуда яхши билишарди. Ҳатто ўша ҳодиса билан тарих саналарини ҳисоблашни ҳам жорий қилишган: “Бу воқеа фил йили ёки ундан олдин ё кейин содир бўлган”, деб айтишарди.

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Парвардигорингиз фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми?”

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Парвардигорингиз фил эгаларини қандай ҳалок қилганини аниқ кўрдингиз, буни шубҳасиз биласиз. Улар Каъбаи муаззамани бузмоқчи бўлдилар. Аммо Аллоҳ уларни аянчли ҳолатда мағлуб этди. Бунда оқиллар учун ибрат бордир. Мазкур ҳодиса Бизнинг қудратимизга ва Байтимизни ҳимоя қилишимизга далолат қилади.

“Парвардигорингиз қилганини” дейилиши фил эгалари билан содир бўлган воқеани юзага келтиришга фақат Аллоҳ қодир эканига ишорадир. Зеро, У Зот суюкли Пайғамбарини ҳимоя қилиш, унга душманлари устидан нажот беришни ваъда қилган. Шунингдек, Макка аҳли ҳам Ҳабашистон қўшинлари хуружидан омон қолдирилди. Бу Аллоҳ таолонинг уларга кўрсатган марҳаматидир.

Оятда “фил эгалари” дейилишига сабаб, улар ўзлари билан улкан филлар олиб келиб, Каъбани бузиб ташламоқчи, Макка аҳлини хорламоқчи бўлишган.

“У Зот уларнинг ҳийла-найранггини барбод қилмадими?”

Аллоҳ таоло фил эгаларининг Каъбани бузиш ҳақидаги ниятларини барбод қилди. Уларнинг саъй-ҳаракатларини бекор кетказди. Аксинча, ўзларини буткул ҳалокатга дучор қилди.

“Ҳийла” (арабча матнда “кайд” сўзи билан келтирилган) махфий тарзда ўзга одамга зарар етказишни ният қилишдир. Улар кундуз куни очиқчасига Макка томон қўшин билан бостириб келганларига қарамай, Аллоҳ таоло бу оятда Абраҳанинг қилган ишини “ҳийла” демоқда. Сабаби, улар дилида Макка аҳлига нисбатан ҳасад, бузғу адоватни яшириб келган. Ҳа, уларнинг кўпи қалбида Каъбатуллоҳ ва унинг атрофидаги яшовчи аҳолига нисбатан кек-адоват сақлаб юрарди.

Аллоҳ таоло қалбда кек сақлаш ҳақида шундай деган: “Эй мўминлар, ўзларингиздан бошқаларни (яъни, ғайридинларни) сирдош – дўст тутманглар! Улар сизларга зарар етказишда кучларини аямайдилар ва сизларни қийинчилик-машаққатларга дуч келишингизни орзу қиладилар. Уларнинг сизларни ёмон кўришлари ўз оғизларидан ошкор бўлади. Дилларидаги (адоват) эса янада каттароқдир. Агар ақл юритсангиз сизлар учун оят-аломатларни аниқ-равшан қилиб бердик” (Оли Имрон сураси, 118-оят).

Шундан кейин Аллоҳ фил эгаларининг макрини қандай қилиб барбод қилганини баён этади:

“У Зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юбориб...”

Аллоҳ таоло ҳаддан ошган анави кимсалар макрини бекор кетказди: уларнинг устига гала-гала қушларни юборди. Ҳар тарафдан қушлар келиб ҳалокатига сабаб бўлди. Аллоҳ таоло: “Парвардигорингизнинг қўшинларини Ёлғиз Унинг Ўзигина билади”, деган (Муддасир сураси, 31-оят).

Баъзи уламоларнинг айтишича, гала-гала қушлар ён атрофдан учиб келиб, фил эгалари устига тошлар ёғдиришган.

Икримадан ривоят қилинади: “Қушлар уларнинг устига нўхатдек келадиган тошларни ташлаган. Агар улардан биронтасига тош тегадиган бўлса, унинг сабабидан чечак (касаллик) чиққан. Араб ерларида энг биринчи чечак ана ўша кунда пайдо бўлган”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинган: “Агар ўша тош уларнинг бошига тушса, ғурра қилган (ёки ёндириб юборган). Бу аввалги чечак эди. Айтилишича, ўша йили араб ерларида қизамиқ ва чечак касали илк бор пайдо бўлган”.

Ибн Жузо “Тафсир”ида: “Танага теккан тош вужудни тешиб ўтиб кетган. Айримларида турли касалликлар пайдо қилган. Улар батамом ҳалок бўлганлар. Абраҳанинг танаси эса илма-тешик бўлиб кетган”, деган[40].

“Уларни чайнаб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб юборди!”

Бу ерда Аллоҳ таолонинг изни билан гала-гала қушлар ташлаган тош оқибатида фил эгалари қандай аянчли ҳолатга келиб қолгани баён қилинмоқда.

Яъни, Қудратли Аллоҳ Каъбани бузмоқчи бўлганлар устига тош ёғдирувчи қушларни юборди. Оқибатда улар буткул маҳв этилди. Гўё шамол учириб кетадиган япроқ ёки ҳайвонлар томонидан чайнаб ташланган сомон каби бўлиб қолдилар.

Мана шу қиссада Аллоҳ таоло нақадар Қодир Зот эканига далолат қилувчи мисоллар келтирилди. Уни ўқиган инсоннинг имони зиёда бўлади, саботи янада ортади. Залолатда юрган кимсалар бу қиссани ўқиб, ўзларига хулоса чиқаришади, куфр, ширк ва нифоқ иллатидан покланиб, тўғри йўлдан юра бошлайдилар.

[1] Муфассирлар ёзишича, асҳобул каҳф – ғор эгаларининг қиссаси бундай бўлган экан: Исо алайҳиссалом замонларидан кейин Рум давлатларининг бирида Дақёнус номли золим шоҳ чиқиб, одамларни бутларга ибодат қилишга мажбур этар, амрига бўйсунмаган кишиларни эса ўлдирар экан. Кунлардан бирида, унга фуқароларидан бир неча йигит унинг фармонидан бош тортиб, бутларга сиғинаётганини етказибдилар. Подшоҳ уларни ўз саройига чақириб, бу хабарнинг рост-ёлғонлигини сўраганида, улар: “Бизлар Ёлғиз Аллоҳдан ўзга бирон кимса ёки нарсага сиғинмаймиз”, деб жавоб қилдилар. Шунда шоҳ уларга: “Сенлар ёш, чиройли, бақувват йигитлар экансанлар, ўз жонларингга жабр қилманглар. Мен сенларни ўлдириб юборишга кўзим қиймаяпти. Яхшиси, эрталабгача ўйлаб кўриб, эртага менга жавобини айтинглар”, деб уларга рухсат беради. Йигитлар ўзаро маслаҳатлашиб, “Аллоҳдан ўзгага бўйсунгандан кўра шу диёрни тарк этганимиз афзал”, дейишиб, тун қоронғусида шаҳарни тарк қилишади. Йўлда яйловдан ўтиб бораётганларида уларга ўша ерлик бир чўпоннинг ити ҳам эргашади. Тонгга яқин бир тоққа етиб боришиб катта ғорга кириб яширинадилар. Эрталаб бу воқеадан хабар топган шоҳ ўз аскарлари билан уларнинг ортидан тушиб, ўша ғор оғзига яқинлашгач, аскарлар унга киришга қўрқадилар. Шунда Дақёнус уларга ғордаги йигитлар очлик ва ташналикдан қирилиб кетишлари учун ғор оғзини беркитиб ташлашни буюради. Лекин Аллоҳ таоло Ўзининг садоқатли бандаларини ҳалок бўлишдан сақлайди – уларни узоқ уйқуга чўмдиради. Уйғонганларида орадан 300 йил ўтган эди. Бундан бехабар йигитлар бир ё ярим кун ухладик деб ўйлайдилар ва ораларидан битталарини яширинча шаҳарга егулик хариб қилиб келиш учун жўнатадилар. У йигит бозорга келиб таом сотиб олиб, ёнидаги тангани узатганида, сотувчи ҳайрон бўлиб: “Бу Дақёнусдан қолган танга-ку, бирон ердан хазина топиб олдингми?” деб сўрайди. Йигит ҳам ҳайрон бўлиб: “Ҳеч қандай хазина топиб олганим йўқ. Бу менинг қавмим ишлатадиган оддий танга”, деб жавоб қилиб, Дақёнусга нима бўлганини сўрайди. Бу орада тўпланиб кетган одамлар унинг аллақачон ўлиб кетганини айтишиб, йигитни подшоҳ олдига олиб боришади. Бу шоҳ мўмин, солиҳ киши эди. Йигитдан ўзи ва ўртоқлари бошидан кечган воқеаларни эшитгач, аскарлари ва шаҳар аҳли билан ўша ғор оғзига борадилар. Ичкаридаги йигитлар Дақёнус олиб кетгани келди, деб ўйлашиб, ўлим олдидан сўнгги бор ибодат қилиб олишга тутинадилар. Подшоҳ ва унинг одамлари ғорга киришиб, уларни ибодат устига кўрадилар ва намозларини тугатганларидан сўнг подшоҳ йигитларнинг ҳар бири билан қучоқлашиб кўришиб, уларнинг бошларидан кечган саргузашт Аллоҳ таоло бандаларини қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилиш учун қайта тирилтириши ҳақ эканига бир оят – аломат эканини айтади (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[2] “Тафсирул фахрир розий”, 21-жуз, 82-бет.

[3] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 132-бет.

[4] “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 139-бет.

[5] Имом Қуртубий оятдаги “туриш” уч хил маънони ифодалашини айтган. Қаранг: “Тафсирул қуртубий”, 10-жуз, 365-бет.

[6] “Тафсирул алусий”, 15-жуз, 219-бет.

[7] “Тафсирул фахрир розий”, 21-жуз, 99-бет.

[8] “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 141-бет.

[9] “Тафсирул қуртубий”, 10-жуз, 372-бет.

[10] “Тафсиру фатҳил баён”, 5-жуз, 534-бет.

[11] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 142-бет.

[12] “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 143-бет.

[13] Муфассирлар ривоят қилишича, бу икки оят нозил қилинишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган: яҳудийлар қурайшлик арабларга: “Бориб Муҳаммаддан сўранглар-чи, агар ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлса, сизларга руҳ – жон ҳақида, асҳобул каҳф ва Зулқарнайн тўғрисида хабар берсин”, деган эканлар. Улар келиб Пайғамбар алайҳиссаломдан шу ҳақида сўраганларида, у зот: “Эртага келинглар, албатта сизларга жавоб қиламан”, дебдилар-у, “Иншааллоҳ” сўзини қўшмабдилар. Шунда бир қанча вақт ваҳий келиши тўхтаб, сўнгра Пайғамбар алайҳиссаломга танбеҳ бўлиб юқоридаги оятлар нозил бўлган (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[14] “Тафсирул қуртубий”, 10-жуз, 385-бет.

[15] Ушбу оят асҳобул каҳф ўз ғорларида шамсий ҳисоб билан уч юз йил турганлари ҳақида хабар бермоқда. Кейинги тўққиз йил қўшилиши эса қамарий ҳисобидан келиб чиққан. Шамсий ҳисобдаги юз йил қамарий ҳисобда бир юз уч йилга тўғри келади (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[16] “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 146-бет.

[17] “Назмуд дурар лилбиқоий”, 12-жуз, 128-бет.

[18] “Тафсирул алусий”, 16-жуз, 27-бет.

[19] “Тафсиру ибни касир”, 6-жуз, 491-бет.

[20] Бу қисса орқали Қуръон Макка мушрикларини Муҳаммад Пайғамбар алайҳиссаломга имон келтирмасликнинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантиради (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[21] Қаранг: “Тафсирул қуртубий”, 15-жуз, 14-бет.

[22] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 6-жуз, 559-бет.

[23] Ривоят қилинишича, бу киши шаҳар четида истиқомат қилувчи художўй ва саховатли бир одам бўлиб, исми Ҳабиб Нажжор эди. У ҳамшаҳарлари ўзларини ҳақ йўлга даъват қилиш учун келган элчиларни ёлғончи қилишиб, ўлдиришмоқчи бўлиб турганларидан хабар топгач, шошганча уларнинг олдига келиб, мазкур оятлардаги сўзларни айтган (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[24] “Тафсирул алусий”, 22-жуз, 228-бет.

[25] “Тафсиру ибни касир”, 6-жуз, 558-бет.

[26] “Тафсирул кашшоф”, 4-жуз, 11-бет.

[27] “Тафсиру ибни касир”, 8-жуз, 223-бет.

[28] Ҳаж сураси, 25-оят.

[29] “Тафсирул қуртубий”, 18-жуз, 241-бет.

[30] Ушбу оятларда қадимда ўтган бир подшоҳ ва унинг малайлари мўминларни Аллоҳ таолога бўлган имон-эътиқодларидан қайтариш учун қўллаган мудҳиш чоралари ва оқибатда ўзлари қазиган чоҳга қулаб ҳалок бўлганлари ҳақида хабар берилди. Ўшанда улар мўминларни ташлаб ёқиш учун узун ва чуқур чоҳ кавлашиб, ҳар бир мўминни ўша чоҳ ёқасига келтиришгач, агар имонидан қайтмаса, мана шу ловуллаб ёниб турган чуқурга ташлашларини айтишганида, бирон мўмин имонсиз яшашни имон билан шаҳид бўлишдан ортиқ билмаган экан. Лекин улар ўша чуқурга отилган пайтларида ҳали олов баданларига тегмасидан Аллоҳ таоло уларнинг жонларини Ўз ҳузури олийсига чорлаган, мўминларнинг жасадларини куйдиришдан ор қилган олов эса юқорига кўтарилиб, чоҳ ёқасида томошабин бўлиб ўтирган кофирларни куйдириб ҳалок қилган экан (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[31] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 7-жуз, 387-бет.

[32] Подшоҳ Намруд Иброҳим алайҳиссаломга: “Сен бизларни даъват қилаётган илоҳинг қандай зот?” деганида, Иброҳим пайғамбар айтдилар: “Парвардигорим Ўз бандаларига жон бериб, жон олувчидир”. Шунда Намруд: “Бу менинг ҳам қўлимдан келади”, деб икки кишини келтирди-да, бирини ўлдириб, яна бирини қўйиб юборди. Иброҳим алайҳиссалом унинг аҳмоқлигини кўргач, дедилар: “Менинг Парвардигорим қуёшни шарқдан чиқаради. Агар сен чиндан ҳам қудрат эгаси бўлсанг, уни ғарбдан чиқаргин-чи?!” Ана шунда Намруд жавоб тополмай лол бўлиб қолди (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[33] Айтилишича, Ҳазқиёл ибн Бузодир. Бу хусусда бошқа қавллар ҳам келтирилган.

[34] “Тафсирул қуртубий”, 3-жуз, 299-бет.

[35] “Тафсиру ибни касир”, 1-жуз, 314-бет.

[36] Муфассирлардан Қуртубийнинг ёзишича, бу воқеа Довуд алайҳиссалом замонларида бўлган экан. Ўшанда шанба кунлари балиқлар сон-саноқсиз бўлиб сув юзида оқиб келар, эртасига эса дарёда биронта ҳам балиқ қолмас экан. Бу фурсатдан фойдаланган иблис яҳудийларни васвасага солиб, улар дарё четларида саёз ҳовузлар кавлашиб, шанба кунлари балиқларни қамаб олишадиган, эртасига эса ўша ҳовузлардан тутиб кетадиган бўлган эдилар. Бу қилмишлари оқибатида улар Аллоҳ таолонинг имтиҳонидан ўта олмаган эканлар. Юқоридаги оятда итоатсиз кимсаларни Аллоҳ ўтиб бўлмайдиган бало-имтиҳонларга гирифтор қилишига ҳам ишора бордир. Ўшанда яҳудийлар уч тоифага бўлиниб қолган эканлар: бир тоифа юқорида айтилган шанда кунлари балиқ овлайверадиган итоатсизлар, иккинчи тоифа ўзларини бу жиноятдан сақлаб, ўзгаларни ҳам ундан қайтарганлар, учинчи тоифа эса ўзлари у кунда балиқ тутмай, ўзгаларни ҳам ундай қайтармайдиганлар эди (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[37] Бу қишлоқ Табария ёки Мадян эди, деган қавл ҳам бор.

[38] “Тафсирул фахрир розий”, 4-жуз, 316-бет.

[39] “Тафсирул қуртубий”, 7-жуз, 306-бет.

[40] “Ҳасанайн Муҳаммад Махлуф, “Софватул баён”, 2-жуз, 569-бет.

👉https://t.me/kitobxon_viktorina

ИСО АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИ
Исо Масиҳ алайҳиссалом ва онаси Марям бинти Имрон қиссаси Қуръони каримнинг турли сураларида келтирилган. Яъни, Маккада ҳам, Мадинада ҳам нозил бўлган сураларда Исо алайҳиссалом ҳақида маълумотлар бор.

Марям бинти Имроннинг исми Қуръони каримда 34 марта, ўғли Исо алайҳиссаломнинг исми эса 25 марта такрорланган. Шунингдек, “Маборак” маъносини англатувчи Исо алайҳиссаломнинг шарафли лақаби бўлган “Масиҳ” сўзи 11 марта зикр қилинган.

Исо алайҳиссалом Фаластин диёридаги Қуддус шаҳрининг муборак ерларида туғилиб вояга етган.

Марям бинти Имрон фазилатлари ҳақида қуйидаги ривоят нақл қилинган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ерга тўртта чизиқ чиздилар. Кейин: “Бу нима, биласизларми?” деб сўрадилар. Улар: “Аллоҳ ва Расули билувчироқдир”, дейишди. Шунда у зот: “Жаннат аҳлидан бўлган аёлларнинг энг афзали тўрт нафардир: Хадижа бинти Хувайлид, Фотима бинти Муҳаммад, Осиё бинти Мазоҳим (фиръавннинг хотини) ва Марям бинти Имрондир”, дедилар”.

Исо алайҳиссалом фазилатлари ҳақида ҳам ҳадислар кўп. Жумладан, “Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом: “Туғиладиган ҳар бир болага шайтон тегади (зиён етказади). Шайтоннинг тегиши сабаб чақалоқ бақириб йиғлайди. Магар Ибн Марям ва унинг онаси бундан мустасно эди”, деганлар.

Яна Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен дунёда ҳам, охиратда ҳам одамлар ичида Исога энг ҳақли кишиман”, деганлар. Шунда одамлар: “Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашди. У зот: “Пайғамбарлар бир отадан тарқалганлар. Уларнинг оналари бошқа-бошқа. Аммо динлари бир. Мен билан (Исо) орасида биронта пайғамбар йўқ”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай деганлар: “Исо алайҳиссалом ўғрилик қилаётган бир кишини кўриб қолди ва унга: “Ўғрилик қилдингми?” деди. Ўша киши: “Ўзидан бошқа илоҳ йўқ бўлган Зотга қасамки, ундай эмас”, деди. Шунда Исо алайҳиссалом: “Сен Аллоҳга имон келтирдинг, аммо мени алдадинг”, деди” (Муслим ривоят қилган).

Қуръони каримда Исонинг онаси Марянинг ҳаёти, унинг фазилати, покдомонлиги, ўша замон аёллари ичидан энг афзали, унга Аллоҳ тарафидан кўрсатилган фазлу марҳаматлар ҳақида баён қилинган. Жумладан, Оли Имрон сурасида Марям ҳаёти ҳақида қуйидаги маълумотлар келган. Аллоҳ таоло айтади:

“Албатта Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим хонадонини ва Имрон хонадонини бутун оламлар устида (пайғамбарлик учун) танлаб олди. Уларнинг бирлари бировларига зурриёт (эдилар). Аллоҳ Эшитувчи, Билувчидир. (Эй Муҳаммад,) Имроннинг хотини: “Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен Эшитувчи, Билувчисан”, деганини эсланг! Кўзи ёригач эса, бундай деди: “Парвардигор, мен қиз туғдим”. – Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини Билувчироқдир ва (ҳар қандай) ўғил бу қиз каби эмас. – “Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг (ёмонлигидан) паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан”. Бас, Парвардигори уни (яъни, Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига – ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди. У: “Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?” деб сўраганида, (Марям) жавоб қилди: “Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ беради” (Оли Имрон сураси, 33-37-оятлар).

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни – одамзот отасини – ер юзида халифа бўлиши учун танлаб олди ва унга барча нарсаларнинг исмини ўргатди. Одамга фаришталар сажда қилишларини буюрди.

Шунингдек, Аллоҳ Нуҳ алайҳиссаломни танлаб олди. Алусий айтишича, Нуҳ алайҳиссалом “кичик Одам”, “инсониятнинг иккинчи отасидир”. Сабаби, ер юзидаги барча инсонлар Нуҳ алайҳиссалом наслидан тарқалган.

Қолаверса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Иброҳим алайҳиссалом оиласини, жумладан Исмоил, Исҳоқ ва уларнинг наслидан бўлган пайғамбарларни, Имрон хонадонини танлаб олди. Унинг оиласидан Исо алайҳиссаломни пайғамбар қилди. Унга мўъжизалар ато этди ва руҳул қудс билан Исони қувватлади.

Бу ердаги “Имрон”дан мурод Марямнинг отасидир. Имрон Исо алайҳиссаломнинг бобоси саналади. У Имрон ибн Ёшам ибн Мийшо ибн Ҳазқиёдир. Имроннинг насл-насаби ҳам Иброҳим алайҳиссаломга бориб тақалади.

Мана шу пайғамбарлар силсиласидан маълум бўладики, Аллоҳ таоло инсониятни тўғри йўлга бошлаш учун пайғамбарларни юборган. Энг аввал Одам алайҳиссаломни яратиб, уни илк пайғамбар қилган. Одамдан кейин кўп авлодлар ўтдилар. Жумладан, Нуҳ алайҳиссалом қавмини 950 йил (!) Аллоҳнинг йўлига даъват қилди. Шундан кейин Иброҳим алайҳиссалом келди. У ҳам инсонларни Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирди. Унинг хонадони Аллоҳ тарафидан танлаб олинган эди. Иброҳим наслидан Исмоил алайҳиссалом дунёга келди. Самовий рисолат силсиласининг сўнгги вакили ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

Иброҳим алайҳиссаломнинг яна бир ўғли Исҳоқ алайҳиссаломдан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорун, Имрон оиласи, Закариё, Яҳё ва Исо алайҳиссаломлар тарқалган эди.

Бир сўз билан айтганда, Одам, Нуҳ, Иброҳим ва Имрон хонадони бутун инсоният ичидан танлаб олинган. Барча пайғамбарлар уларнинг наслидан эди.

“Уларнинг бирлари бировларига зурриёт (эдилар). Аллоҳ Эшитувчи, Билувчидир”.

Юқорида зикр келган зотлар бир-бирининг наслидандир. Улар насабда бир-бирларига боғланганлар. Жумладан, Нуҳ Одам зурриётидандир. Иброҳим Нуҳ зурриётидандир. Имрон оиласи Иброҳим зурриётидандир.

Аллоҳ таоло барча нарсани эшитувчидир. Бандалар мана шу танлаб олинган зотлар ҳақида нима дейишларини ҳам эшитиб туради. Аллоҳ бандалари ҳолатини мукаммал билувчи Зотдир. Аллоҳдан бирон нарса махфий қолмайди. Ҳамма нарса У Зотга ошкордир.

Шундан кейин Имроннинг хотини ҳомиладорлик аломатларини сезганда айтган гаплари келтирилади:

“Имроннинг хотини: “Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен Эшитувчи, Билувчисан”, деганини эсланг!”

Имроннинг хотини исми Ҳунна бинти Фоқузо ибн Қунбулдир. У Марямнинг онаси, Исо алайҳиссаломга бувидир.

Юқоридаги оят маъноси қуйидагича: эй оқил банда, ўзингга панд-насиҳат олишинг учун Имроннинг хотини Парвардигорига тазарру қилиб:

– Ё Раббим! Мен байтингда хизмат қилиши учун ҳомиламни назр қилдим. Мендан ушбу холис назримни қабул айла! Зеро, Сен менинг ва барча махлуқотларинг гапини эшитувчи, менинг ниятим ва барча бандаларинг ниятини билувчи Зотсан! – деганини эсла!

Имрон хотинининг бу дуосида энг юксак одоб намунаси ва ихлос кўриниб турибди. У ўзи учун энг азиз нарсани – қорнидаги ҳомилани холис Аллоҳ учун бағишлаганини маълум қилиб, бу назрни ҳусни қабул қилишини ўтиниб сўрамоқда.

Баъзилар айтишича, бундай назр қилиш уларнинг шариатида лозим эди. Уларнинг одатича озод қилинган бола калисода (ибодатхонада) хизмат қилиши лозим бўлар, балоғатга етгунича у ерни ташлаб кетиши мумкин эмасди. Вояга етгач, унга ихтиёр бериларди: хоҳласа, истаган томонига кетади, хоҳласа, қолиб калисода хизмат қилади. Аммо ибодатхонада фақат ўғил болалар хизмат қиларди. Қизларда узрли ҳолатлар юз бергани учун Байтул Мақдисда хизмат қилишга лойиқ кўрилмасди.

“Кўзи ёригач эса, бундай деди: “Парвардигор, мен қиз туғдим”.

Айтилишича, бу ерда хабар қилиш эмас, балки афсусланиш ва маҳзунликни ифодалаш мақсад қилинган. Чунки Имроннинг хотини қорнидаги ҳомила ўғил бўлишини кутганди. Фақат ўғил болалар Байтул мақдисда хизмат қила оларди. Имроннинг аёли чақалоқ қиз эканини билгач, назрига вафо қила олмагани учун Парвардигорига юзланиб:

– Парвардигорим! Мен қиз туғдим. Аммо қиз бола мен назр қилган жойга тўғри келмайди. Ё Аллоҳ, Сен ҳар нарсага қодирсан. Қудратинг билан ўғил ва қиз чақалоқни яратишга қодирсан! – деди.

“Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билувчироқдир ва (ҳар қандай) ўғил бу қиз каби эмас”.

Аллоҳ таоло ўша аёл ўғил ё қиз туққанини ҳаммадан яхшироқ билади. Ахир бу чақалоқни Унинг ўзи қиз қилиб яратган. Аллоҳ бу қизалоқ қандай фазилатларга эга эканини ҳам билади. Мана шу қиз чақалоқдан Исо алайҳиссалом дунёга келади ва Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи аломатлардан бири бўлади.

Имроннинг хотини талаб қилган ўғил у туққан қиз сингари хайрли эмасди. Чунки туғилган қазалоқ ибодат ва мартабада ҳаммадан афзал бўлади.

“Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг (ёмонлигидан) паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан”.

Айтилишича, “Марям” исми “ибодат қилувчи аёл” маъносини англатади. Имроннинг хотини қизим Аллоҳга ибодат қилувчи бўлсин, исми жисмига монанд бўлсин, деб унга “Марям” исмини қўйди.

Марямнинг онаси Ҳунна Аллоҳ таолога илтижо қилиб:

– Ё Раббим! Мен бу чақалоқ Сенга хизмат қилиши учун ўғил бўлишини чин дилдан хоҳлагандим. Аммо Сен берган қиз фарзандга розиман. Мен унга “Марям” деб исм қўйдим. Мен унга ва зурриётларига даргоҳингдан қувилган, яхшиликдан узоқ бўлган шайтон васвасасидан паноҳ беришингни сўрайман!

“Саҳиҳи муслим”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Туғиладиган ҳар бир болага шайтон тегади (зиён етказади). Шайтоннинг тегиши сабаб чақалоқ бақириб йиғлайди. Магар Ибн Марям ва унинг онаси бундан мустасно эди”, деганлар.

Шундан кейин Абу Ҳурайра: “Агар хоҳласангиз “Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг (ёмонлигидан) паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан” оятини ўқинглар!” деди.

Имроннинг аёли ҳомиладорлик вақтида ва кўзи ёриганидан кейин Аллоҳ таолога бутун вужуди билан дуо-илтижолар қилди, У Зотнинг марҳаматидан умид қилиб, қизи ва зурриётлари ҳақига дуойи хайрлар қилди. Бу дуолар қандай натижа бергани қуйида баён қилинади:

“Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди”.

Аллоҳ таоло Марямни ҳусни қабул қилди. Бу билан қавмнинг одати бузилди. Аллоҳ Имроннинг қизи Марям худди ўғил болалар каби байтида хизмат қилишига рози бўлди. Имрон аёлининг илтижолари бесамар кетмади.

Аллоҳ таоло Марямни чиройли тарбия қилди, уни ҳар қандай ёмонликдан омон сақлади. Марям худди унумдор ердаги ўсимлик каби униб-ўсди.

Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Марямга жуда кўп марҳамат кўрсатди: қиз бола бўлишига қарамай уни байтида хизмат қилиши учун қабул этди, турли озор ва ёмонликлардан ҳимоялаб чиройли тарбия қилди ва унга ўзи ўйламаган томондан ризқ келадиган воситаларни жорий қилди. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:

“Ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига – ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди. У: “Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?” деб сўраганида, (Марям) жавоб қилди: “Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ беради”.

Аллоҳ таоло Марямга Закариёни кафил қилди. Закариё Бани Исроилдан чиққан пайғамбарлардан бири бўлиб, насл-насаби Сулаймон ибн Довуд алайҳиссаломга бориб тақалади. Закариё Марямнинг холасига уйланган эди[1].

Байтул мақдис хизматчилари ва Закариё ўртасида қуръа ташланганидан кейин Марямнинг кафолатини ким олиши маълум бўлган. Қуйидаги оят шунга далолат қилади: “(Эй Муҳаммад,) бу ғайб хабарларидандирки, бу хабарни Сизга Биз ваҳий қилмоқдамиз. Ҳолбуки, Сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлиш(ни билиш) учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида уларнинг олдиларида эмасдингиз ва талашиб-тортишганларида ҳам уларнинг олдида бўлмагансиз” (Оли Имрон сураси, 44-оят).

Ривоят қилинишича, Имроннинг хотини Ҳунна Марям туғилганида уни бир матога ўраб, масжидга олиб борган ва Байтул мақдисдаги роҳиблар олдига қўйиб:

– Назр қилинган бу қизалоқни олинглар! – деган. Шунда ибодатхонадагилар бу борада тортишиб қолишган. Сабаби, Марям имомларининг қизи эди.

Шунда Закариё алайҳиссалом:

– Мен бу қизалоққа ҳақлироқман. Унинг холаси менинг хотиним, – деган. Роҳиблар эса:

– Йўқ, аввал қуръа ташлаймиз, – дейишган.

Бас, улар дарёга бориб, қаламларини сувга улоқтирдилар. Шунда Закариё алайҳиссаломнинг қалами сув юзасига қалқиб чиқди, бошқаларники эса чўкиб кетди. Шу зайл Закариё Марямнинг кафолатини олди[2].

Меҳроб Марям Аллоҳга ибодат қилиш учун танлаган масжиддаги бир хонадир. Унинг меҳроб дейилишига сабаб, унда шайтон ва нафсга қарши жанг қилинади (“Меҳроб” сўзи “жанг қилинадиган жой” маъносини ифодалайди. – таржимон).

Мана шу оят Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодир эканига, Марямни ўз риоясига олганига, уни ризқу рўз билан таъминлаб турганига далолат қилади. Шунингдек, бу ерда авлиёларнинг каромати ҳақ эканига ҳам ишора бор.

Закариё алайҳиссалом Марям олдидаги ризқ қаердан келаётганини билмасди. Чунки Марямнинг ҳузурига ўзидан бошқа бирон киши кириб-чиқмасди. Шу сабаб, Закариё бу ҳолдан ажабланди. Қуръони карим унинг таажжубини қуйидагича ифодалайди:

“Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?!”

Яъни, эй Марям, бу улуғ ризқ сенга қаердан келди? Бунинг сабабини билолмаяпман!

Шунда Марям қуйидагича жавоб қайтарди:

– Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ беради.

Бу жавоб Марям имонининг кучли, қалбининг қордек мусаффо эканидан дарак беради.

Мана шу оятларни ўқир эканмиз, банда қалбида имон мустаҳкам ўрнашса, уни нақадар поклашига, бандага қуллик қилишдан кўра Аллоҳга ибодат қилиш билан инсон комил сифатларга эришишига гувоҳ бўламиз. Шунингдек, бу қиссада Аллоҳ солиҳ бандалар дуосини сўзсиз қабул қилиши, суюкли бандаларини ҳимоясига олиб, уларга беҳисоб насиба ато этишини ҳам билиб оламиз.

ИСО АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ТУҒИЛИШИ

Қуръони каримдаги бир қанча сураларда Исо алайҳиссаломнинг туғилиши, вояга етиши, фазилати ва мўъжизалари ҳақида хабар қилинган. Жумладан, Марям сурасида шундай дейилган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) ушбу Китобда Марям (қиссаси)ни зикр қилинг. У ўз аҳли-оиласидан четга – кун чиқар томонга бориб, улардан парда ортига беркиниб олган пайтида Биз унга Ўз Руҳимизни (яъни, Жаброилни) юбордик. Бас, у (Марямга) бус-бутун одам бўлиб кўринди. (Марям унга:) “Мен Раҳмонга сиғиниб сендан паноҳ беришини илтимос қиламан. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг, (менга зиён етказма”), деди. (Жаброил) айтди: “(Қўрқма!) Мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисиман, холос”. (Марям) деди: “Менга одамзот тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам, менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!” (Жаброил) айтди: “Шундай. Парвардигоринг айтадики: “Бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қиламиз. Бу битган ишдир” (Марям сураси, 16-21-оятлар).

Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбарига хитобан шундай демоқда:

– Эй Муҳаммад, Қуръони каримда Марям қиссасини зикр қилинг. Ўшанда у яшаб турган жойидан шарқ томонга қараб узоқлашиб кетган эди.

Марям оиласини ташлаб кетишига сабаб, холи қолиб Аллоҳга ибодат қилмоқчи, Парвардигорига яқинлаштирадиган солиҳ амалларни адо этмоқчи эди.

Имом Қуртубийга кўра, Марям нима сабабдан узоқлашгани ҳақида турли гаплар айтилган. Суддий: “Марям узрли ҳолатдан покланиш учун узоқлашган”, деган. Бошқаси: “Аллоҳга ибодат қилиш учун шундай йўл тутган”, деган. Шуниси маъқул. Унга кўра, Марям масжиднинг шарқ тарафидаги меҳробга кириб, холи тарзда ибодат қилган.

Оятда нега шарқ томон хосланмоқда, деб сўралса, чунки улар шарқ томонни улуғлашарди. Шарқ томондан нур таралади, деб жавоб берилади[3].

“У ўз аҳли-оиласидан четга – кун чиқар томонга бориб, улардан парда ортига беркиниб олган пайтида Биз унга Ўз Руҳимизни (яъни, Жаброилни) юбордик. Бас, у (Марямга) бус-бутун одам бўлиб кўринди”.

Марям Байтул мақдиснинг шарқ томонидаги жойда ибодат билан машғул бўлиш мақсадида оиласидан узоқлашди. Кейин Аллоҳ унинг олдига Жаброил алайҳиссаломни юборди. Жаброил Марямга қадди-қомати расо ва чиройли бир инсон шаклида кўринди.

Жаброил шаъни улуғ эканини билдириш учун оятда “Руҳ” дейилмоқда. Мазкур фаришта ҳақиқий маънода руҳдир. Инсоният ҳаётининг асоси руҳ. Жаброил қалбларга руҳ бағишловчи рисолатни етказгани учун ҳам шундай аталади. Зеро, жисм Руҳ билан тирикдир.

Марям чўчимаслиги ва хотиржам гаплашиши учун Жаброил алайҳиссалом инсон суратида унга кўринган. Агар асл хилқатида кўринганида, Марям бундан қўрқиб кетиб, у билан гаплаша олмасди.

Шундан кейин Марям ва Жаброил ўртасидаги суҳбат баён қилинади:

(Марям унга:) “Мен Раҳмонга сиғиниб сендан паноҳ беришини илтимос қиламан. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг, (менга зиён етказма”), деди.

Марям хушсурат одам шаклида кўринган Жаброилга қарата:

– Мен Аллоҳдан сенинг зарар етказишингдан паноҳ тилайман! Агар қалбингда тақво бўлса, менга зиён етказма, мени холи қўй, Парвардигоримга ибодат қиламан! – дея таъкидлади.

Марям унинг қалбида Аллоҳдан қўрқиш ҳисини уйғотиш ва ёмонлик қилишдан қайтариш учун унга Аллоҳни эслатди.

Марям томонидан айтилаётган бу сўзлар унинг нақадар софдил, иффатли ва Аллоҳга жуда яқин бўлганини кўрсатади.

Марямнинг талабига Жаброил алайҳиссалом шундай жавоб қилди:

– (Қўрқма!) Мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисиман, холос.

Яъни, Жаброил алайҳиссалом Марям қалбини хотиржам қилиш учун:

– Эй Марям, Сен паноҳ сўраётган Парвардигоринг элчисиман мен. Қўрқма! Аллоҳ мени Ўзининг изни ва қудрати билан сенга гуноҳ ва маъсиятдан пок, хайр-баракали ўғил фарзанд беришим учун юборди, – деди.

Бу гапдан Марямнинг ҳайрати ошди, таажжубдан ёқа ушлади ва:

– Менга одамзот тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам, менда қаёқдан фарзанд бўлсин?! деди.

Яъни, қандай қилиб фарзандли бўламан! Ахир бирон эркак менга тегинмаган бўлса, ҳали оила қурмаган бўлсам! Мен эркаклар билан кўнгилхушлик қиладиган суюқоёқ аёллардан ҳам эмасман-ку!

Оятда “тегиш” деганда шаръий никоҳ орқали эркак ва аёлнинг яқинлиги назарда тутилмоқда.

Бошқа ўринда Марямнинг ажабланиши қуйидагича ифодаланган: “Марям: “Парвардигорим, менга одамзот тегмаган бўлса, қаёқдан менда фарзанд бўлсин?!” деди. Аллоҳ айтди: “Шундай. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани (Ўзи хоҳлаган суратда) яратади. Қачон бирон ишни ирода қилса, унга: “Бўл!” дейди. Бас, у иш бўлади” (Оли Имрон сураси, 47-оят).

(Жаброил) айтди: “Шундай. Парвардигоринг айтадики: “Бу (иш) Менга осондир”.

Жаброил Марямнинг таажжубланишига жавобан:

– Айтганингдек, сенга биронта ҳам эркак тегмаган, бузуқ ишларни ҳам қилмагансан. Аммо Аллоҳ таоло мени сенга отасиз туғиладиган ўғил фарзанд бериш учун юборди. Бу иш Аллоҳ учун осондир. У Зот ҳар нарсага Қодир.

“Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қиламиз. Бу битган ишдир”.

Яъни, сендан отасиз туғиладиган бу болани қудратимизга далолат қилувчи улуғ мўъжизалардан қиламиз. Сенга ато этилажак бу болани имон келтирадиган ва даъватига ижобат қиладиганлар учун улуғ раҳмат қиламиз. Биз сенга бу болани шу ҳолатда ато қилишмиз Лавҳул Маҳфузда битилган ишдир. У шубҳасиз амалга ошиши лозим.

Шундан сўнг Марямни тўлғоқ тутганида бўлган ишлар баён қилинади. Аллоҳ таоло айтади:

“Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга йироқ бир жойга кетди. Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач,) деди: “Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсам-у, бутунлай унутилиб кетсам эди”. Шунда (хурмо дарахтининг) ортидан нидо қилди: “Ғамгин бўлма. Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди. (Мана бу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар. Энди сен еб-ичгин, шод-хуррам бўлгин. Бас, агар одамзотдан биронтасини кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса,) у ҳолда: “Мен Раҳмон йўлида сукут сақлашни назр (аҳд) қилганман. Бас, бугун бирон инсонга сўзламайман”, дегин” (Марям сураси, 22-26-оятлар).

Салафи солиҳинлардан бир қанчаси зикр қилишича, бу ердаги фариштадан мурод Жаброил алайҳиссаломдир. У Марям кўйлагининг ёқасига пуфлаган. Бу пуфлаш раҳмига тушиб, Аллоҳ таолонинг изни билан болага ҳомиладор бўлган.

Жумҳур уламолардан нақл қилинган машҳур қавлга кўра, Марям тўққиз ой ҳомиладор бўлган[4].

Оятнинг зоҳирига кўра, Марям оддий аёллар каби тўққиз ой ҳомиладор бўлган[5].

“Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга йироқ бир жойга кетди”.

Жаброил Марямга: “Мен Парвардигоринг изни билан сенга покиза ўғил бериш учун юборилдим”, деб айтганидан кейин унинг либоси ёқасидан пуфлади ва Марям Исо алайҳиссаломга ҳомиладор бўлди. Оғироёқ Марям шу ҳолида ўзи яшаб турган жойдан узоқларга бош олиб кетди.

Жумҳур уламоларга кўра, Марям Фаластиндаги Байту Лаҳм деган жойга қараб йўл олган.

Ибн Аббос: “У Байту Лаҳм водийси томон кетган. Қавми уни никоҳсиз бола туққанликда айбламасликлари учун улардан қочиб кетган”, деган.

Шундан кейин Марям кўзи ёриш арафасида қандай ҳолатга тушгани баён қилинади:

“Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач,) деди: “Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсам-у, бутунлай унутилиб кетсам эди”.

Марям Исога ҳомиладор бўлганидан кейин қавмидан узоқроқ жойга кетди. Унинг кўзи ёриш онлари яқинлашганида хурмо дарахти шохларига осилди. Ўша дамларда уни ғам-қайғу қуршаб олганди. Марям андуҳ ила:

– Кошки ҳомиладор бўлиш ва тўлғоқ азобига йўлиқишдан олдин ўлиб кетсам эди! Кошки бирон киши эсламайдиган, парво қилмайдиган бир нарса бўлиб қолсам эди! – деб фиғон чекди.

Имом Алусийга кўра, Марям Жаброил алайҳиссаломнинг ваъдасига ишонганди. Аммо одамлардан уялиб, уларнинг маломату дашномларидан қўрққани учун, ёки одамлар ўзи ҳақида нолойиқ гапларни тарқатиб гуноҳкор бўлиб қолишларидан хавфсирагани учун шундай сўзларни айтган.

“Саҳиҳ муслим”да мана бундай ҳадис ривоят қилинган: “Сизлардан бирон киши бошига тушган мусибат сабабидан ўзига ўлим тиламасин! Агар тилайдиган бўлса, бас: “Ё Аллоҳ, агар тириклик мен учун яхши бўлса, мени яшатгин! Агар вафот этиш мен учун хайрли бўлса, мени вафот эттир!” десин”.

Ким Марям оғриқ зўрлиги сабабидан ўлимни орзу қилган, деса, хато ўйлабди[6].

Қисса давомида Аллоҳ таоло Марямга оғир дамларда қандай марҳамат кўрсатгани айтилади:

“Шунда (хурмо дарахтининг) ортидан нидо қилди: “Ғамгин бўлма. Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди. (Мана бу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар. Энди сен еб-ичгин, шод-хуррам бўлгин”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишича, оятда “ортидан” деганда Жаброил алайҳиссалом назарда тутилган. Исо онаси томонидан қавми олдига олиб борилмагунича гапирмаган. Бу Марям учун мазкур ишлар одатда ташқари эканига далолат қилувчи белгидир. Бунда Аллоҳ таолонинг улуғ муроди бор эди[7].

Баъзи муфассирлар фикрича, нидо қилувчи Исо алайҳиссаломдир. Шунда оятнинг маъноси: “Унинг ўғли Исо Марям ортидан нидо қилди. У туққанида ўғли унинг ортида эди”, бўлади. Имом Ибн Жарир Табарий мана шу қавлни маъқуллаган.

Кўринишидан Ибн Жарирнинг айтган гапи ҳақиқатга яқинроққа ўхшайди. Чунки ўша онларда Исо онасига нидо қилган. Бундан мурод Марям қалбига хотиржамлик ва сакинат олиб кириш эди.

Шундан келиб чиқиб, оятнинг мазмуни қуйидагича бўлади: Марямнинг кўзи ёригач, унинг орқасидаги чақалоғи онасининг маҳзун қалбига хотиржамлик киритиш мақсадида:

– Эй онажон, хафа бўлманг! Ичиб, чанқоғингизни қондиришингиз учун Парвардигорингиз оёғингиз остидан бир жилғани оқизиб қўйди. Мана бу хурмо шохларини силкитинг, шунда устингизга янги хурмо мевалари тўкилади. Сиз ўша меваларни енг, ариқдаги зилол сувдан ичинг. Мен ёнингиздаман, зинҳор ғамгин бўлманг. Ўзингиздан ташвишни аритинг! – деди.

Уламолар мана шу оятни далил қилиб, ризқ талабида сабабларни юзага келтириш вожиб эканини таъкидлашган. Бу нарса Аллоҳга таваккул қилишга зид эмас. Мўмин банда Парвардигори амрига бўйсуниб ризқ талабида ҳаракат қилади ва ризққа етишиш йўлида сабабларни восита қилади. Мўмин банда Аллоҳ таолонинг мулкида бирон нарса У Зотнинг изнисиз бўлмаслигига шубҳасиз ишонади.

Аслида Аллоҳ таоло суюкли бандаси Марям устига хурмоларни дарахтни силкитмасдан ҳам туширишга қодир эди. Аммо буни Исо алайҳиссалом тилидан унга амр қилди. Зеро, ризқ талабида ҳаракат қилиш У Зот белгилаб қўйган қонундир.

Шунингдек, бу оятдан келиб чиқиб, аёл кўзи ёриганидан кейин унинг учун ҳўл хурмо энг яхши озуқа экани ҳам зикр қилинган. Айтилишича, агар нифосдаги аёллар учун ҳўл хурмодан яхшироқ нарса бўлганида, Аллоҳ таоло Марямга ўшани ато этарди.

“Бас, агар одамзотдан биронтасини кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса,) у ҳолда: “Мен Раҳмон йўлида сукут сақлашни назр (аҳд) қилганман. Бас, бугун бирон инсонга сўзламайман”, дегин”.

Бу Исо алайҳиссаломнинг онасига айтган сўзининг давомидир.

Яъни, Исо онаси Марямга:

– Эй онажон! Отасиз туғилганим учун ғам чекманг! Бунинг учун мамнун бўлинг! Агар мен ҳақимда сўрайдиган бирон кишига дуч келсангиз, бас, “Мен Аллоҳ йўлида гапирмасликка аҳд қилганман. Бас, бугун бу бола ҳақида бирон кишига сўз очмайман. Хабарини етказишни боламни ўзига қолдираман”, деб айтинг! – дея таъкидлади.

Айтишларича, Марям икки хил сабабга кўра гапиришдан қайтарилган:

биринчиси, онаси номидан Исо гапириши керак эди. Шунда онасига қилинадиган туҳматларни қайтариш учун кучли далил бўлади. Бунда сўзни энг муносиб одамга бериш кераклигига ишора бор.

Иккинчиси, жоҳиллар билан баҳслашиш кароҳатли экани. Жоҳиллар, эси паст кимсалар, талашиб-тортишганида уларга сукут қилиш вожибдир[8].

Қисса давомида Марям боласини олиб қавми олдига келганида, улар бунга қандай муносабат билдирганлари, Исо чақалоқ ҳолида уларга нима дегани баён қилинади. Аллоҳ таоло айтади:

“Сўнг (Марям боласини) кўтарган ҳолда ўз қавмига келганида улар: “Эй Марям, сен (ҳеч ким қилмаган) ажиб ишни қилдинг-ку! Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас эди-ку, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!” дедилар. Шунда (Марям оғиз очмасдан боласига ишора қилди). Улар айтдилар: “Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашамиз?!” (Шу пайт чақалоқ, яъни Исо тилга кириб) деди: “Мен Аллоҳнинг бандасиман. У Зот менга Китоб – Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди. Яна мени қаерда бўлсам ҳам хайру баракотли қилди ва модомики, ҳаёт эканман намозни (адо этишни) ва закотни (беришни) амр қилди. Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга итоатли – меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади. Менга туғилган кунимда ҳам, вафот этадиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлади” (Марям сураси, 27-34-оятлар).

Марям фарзанди Исонинг сўзларини эшитиб, қалбига хотиржамлик кирди, хурсанд бўлди ва ўғлини кўтариб қавми олдига борди.

Саид ибн Мансур, Ибн Асокир Ибн Аббосдан ривоят қилишича, Марям қирқ кунда нифосдан покланганидан кейин боласини қавми олдига олиб борган.

Оятнинг зоҳири ва хабарларга қараганда, Марям қавми талаб қилмасалар ҳам ўғлини улар олдига олиб борган[9].

Марям қўлидаги болани кўрган қавми унга қарата:

– Эй Марям, сен (ҳеч ким қилмаган) ажиб ишни қилдинг-ку! – дейишди.

Яъни, эй Марям, сен жуда ёмон иш қилдинг-ку! Биз сени оила қурганингни билмаган эдик. Энди бўлса, бир бола билан келибсан!

Улар Марям ношаръий йўл билан бола орттириб олган, деган маънода унга хитоб қилишди. Қуръони каримнинг бошқа оятида бу қуйидагича ифодаланган: “Яна кофирликлари ва Марям хусусида улуғ бўҳтон қилганлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган Масиҳ Исо ибни Марямни “Бизлар ўлдирганмиз”, деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик)” (Нисо сураси, 156-оят).

Уларнинг манави сўзлари ҳам Марямни фаҳш ишда айблаганларига ишора қилади:

“Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас эди-ку, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!”

Яъни, эй Марям, отанг зино қиладиган ё бузуқ ишларни содир этадиган одам эмасди-ку. Онанг ҳам бундай ишларни қилмасди?!

Бу ерда “Ҳорун” деганда Мусо алайҳиссалом биродари назарда тутилмаган. Балки Бани Исроил қавмида Ҳорун исмли солиҳ ва тақводор инсон бўлган. Улар салоҳият ва тақвода Ҳоруннинг синглиси, деб мурожаат қилишган.

Оятда зикр қилинган Ҳорун Мусо ибн Имрон алайҳиссалом укаси эмаслигига қуйидаги ривоят ҳам далолат қилади.

Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Нажронга юбордилар. Улар: “Сизлар “Эй Ҳоруннинг синглиси”, деб қироат қиласизлар, ваҳоланки, Мусо Исодан анча йил олдин ўтган”, дейишди. Бас, мен қайтиб келиб, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга зикр қилганимда, у зот: “Улар ўзларидан олдин ўтган пайғамбарлар ва солиҳлар исмини (фарзандларига) қўйишларини айтмадингми?” дедилар” (Муслим, Термизий, Насоий, Аҳмад, Табароний ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган).

Қатода шундай деган: “Ҳорун Бани Исроилдаги солиҳ кишидир. Сингил бу ерда ўхшашлик маъносидадир[10]”.

Хуллас, Бани Исроил қавми Марямга катта бўҳтон қилди. Покдомон бўлишига қарамай уни фаҳш ишда айблади.

Шунда Марям ўзини ҳимоя қилиш мақсадида “Манави болага мурожат қилинглар. У бор ҳақиқатни айтади”, дегандек чақалоғига ишора қилди. Аммо улар бу ишорадан қониқмадилар. Шунинг учун:

– Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашамиз?! – дея ажабландилар.

Яъни, улар Марямнинг гапидан таажжубланиб:

– Бешикдаги ёш бола билан қандай гаплашамиз! – дея эътироз билдиришди.

Бироқ Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни гапиртириб қўйди ва у онасининг покдомон эканига ишора қилувчи қуйидаги сўзларни айтди:

– Мен Аллоҳнинг бандасиман. У Зот менга Китоб – Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди. Яна мени қаерда бўлсам ҳам хайру баракотли қилди.

Яъни, мен Аллоҳнинг бандасиман. У Зот мени яратган. Сизлар ҳам Аллоҳга бандасизлар. Буюк Холиқ Аллоҳ менга Инжилни берди. Аллоҳ мени пайғамбарлардан қилади. Мен одамларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақираман. Қаерда бўлсам ҳам, Аллоҳ мен учун ўша ерда хайр ва баракани беради.

Исо бу сўзларни ўтган замонда ифодалаши келажакда унинг пайғамбар бўлиши, Инжил ато этиши аниқ эканига далолат қилади. Қуръони каримда кўп ўринларда келажакда бўладиган ишлар ўтган замон билан ифодаланган. Бу ҳам ўша айтилганлар шак-шубҳасиз содир бўлишини англатади[11].

Бешикдаги Исо сўзида давом этиб яна шундай деди:

– Ва модомики, ҳаёт эканман намозни (адо этишни) ва закотни (беришни) амр қилди.

Яъни, то ҳаёт эканман, намозни ўз вақтида ўқишни, закотни ҳақдорларга беришни буюрди Парвардигорим.

“Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга итоатли – меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади”.

Яъни, Аллоҳ таоло мени онамга меҳрибон, итоатли қилди. Аллоҳ таоло мени раҳмати ила мутакаббир ва мақтанчоқ кимсалардан қилмади.

“Менга туғилган кунимда ҳам, вафот этадиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлади”.

Яъни, менга туғилган кунимда, дунёдан ўтганимда ва ҳисоб қилиниш учун қиёматда тирилтирилганимда саломат ва омонлик бўлгай.

Исо алайҳиссалом ўзини бир қанча сифатлар билан васф қилди. Энг биринчи навбатда Аллоҳнинг бандаси эканини таъкидлади. Бундан мурод одамларга асл ҳақиқатни билдириш, ширкдан узоқ бўлишга чақириш. “Исо Аллоҳнинг ўғли” ёки “Исо Аллоҳдир”, “Исога ҳам ибодат қилинади”, дейдиган кимсаларга раддия беришдир.

Исонинг сўзлари ҳаётининг ҳар лаҳзасида ва вафотидан кейин ҳам Аллоҳдан омонлик умидида эканини ифодалаш билан якунланади.

Марям сурасида Исо ва онасига туҳмат қиладиганлар оқибати ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирилган. Аллоҳ таоло айтади:

“Улар шак-шубҳа қилаётган Исо ибн Марям (ҳақидаги Аллоҳнинг) ҳақ сўзи мана шудир. Аллоҳ учун ҳеч қандай бола тутиш жоиз эмас – У Зот (бундай нуқсондан) Покдир. У бирон ишни қилишни истаса, фақат унга: “Бўл”, дейди. Бас, (ўша иш) бўлади. (Исо айтди:) “Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилинг! Мана шу тўғри йўлдир”. Сўнг ҳизблар – тўдалар (Исо хусусида) ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, кофир бўлган кимсаларга улуғ кун – қиёматга гувоҳ-ҳозир бўлганларида ҳалокат бўлгай! Улар Бизга келадиган кунда жуда ҳам (аниқ) кўрадиган ва эшитадиган бўлиб қоладилар. Лекин у золимлар бугун очиқ залолатдадирлар. (Эй Муҳаммад,) сиз уларни барча иш битирилиб, улар ҳасрат-надомат қилиб қоладиган кундан – қиёматдан қўрқитинг! (Бугун) улар ғафлатдадирлар. (Шу сабабдан) улар имон келтирмайдилар. Шак-шубҳасиз, Биз Ўзимиз бу ерга ва ундаги бор жонзотга меросхўр бўламиз ва фақат Бизга қайтариладилар” (Марям сураси, 34-40-оятлар).

Юқорида келтирилган Марям ва ўғли Исо алайҳиссалом ҳақидаги гаплар Аллоҳ таолониг ҳақ сўзидир. Унга бирон ботил сўз аралашмаган. Энг ишончли ва рост гап шу Исо ҳақида. Аммо кофирлар ва залолатдаги кимсалар Исо ҳамда волидаси ҳақида турли шубҳа-гумонларни тарқатдилар, нолойиқ сўзларни айтдилар. Улар ўз залолатларида адашиб юраверадилар.

Шундан кейин Аллоҳ таоло ҳар қандай нуқсондан пок экани таъкидланади:

“Аллоҳ учун ҳеч қандай бола тутиш жоиз эмас – У Зот (бундай нуқсондан) Покдир”.

Бирон бандани Ўзига фарзанд тутиш Аллоҳ таолонинг улуғлигига тўғри келмайди. Бундай нарсани Аллоҳга хослаш тўғри эмас. Аллоҳ бундай камчиликдан покдир. Ўткинчи дунёда яшайдиган инсонлар наслни давом эттириш учун фарзанд кўрадилар. Заифлар белига қувват бўлсин деб фарзанд талаб қиладилар. Аллоҳ эса боқий ва ҳар нарсага Қодирдир. У Ўзи яратган нарсаларга муҳтож эмас.

Бошқа оятда шундай дейилган: “(Мушриклар:) “Раҳмоннинг боласи бор”, дедилар. (Эй мушриклар,) сизлар шундай оғир гап айтдингизки, унинг оғирлигидан – Раҳмоннинг боласи бор деган (гапнинг оғирлиги)дан осмонлар ёрилиб, ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб қулаб кетишига яқин бўлади. Раҳмон учун бола тутиш лойиқ эмас (яъни, Аллоҳ болага муҳтож эмас)” (Марям сураси, 88-92-оятлар).

Қисса давомида Аллоҳ таоло фарзанд тутишдан беҳожат экани эслатилади:

“У бирон ишни қилишни истаса, фақат унга: “Бўл”, дейди. Бас, (ўша иш) бўлади”.

Аллоҳнинг бола тутишини тасаввурга қилиб бўлмайди. Чунки У Зот бунга муҳтож эмас. Аллоҳ бирон ишни қилишни хоҳласа, “Бўл!” дейди. Бас, ўша заҳоти иш бажарилади.

(Исо айтди:) “Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилинг! Мана шу тўри йўлдир”.

Исо алайҳиссалом қавмига хитобан:

– Албатта Аллоҳ менинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Шундай экан, ёлғиз Аллоҳга ихлос билан ибодат қилинг, Унинг амрига итоат этинг. Мен сизларни чақираётган йўл энг тўғри йўлдир. Бу йўлдан юрган одам зинҳор адашмайди, – деди.

“Сўнг ҳизблар – тўдалар (Исо хусусида) ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, кофир бўлган кимсаларга улуғ кун – қиёматга гувоҳ-ҳозир бўлганларида ҳалокат бўлгай!”

Бу ердаги “ҳизблар”дан мурод, Исо алайҳиссалом ҳақида баҳслашган яҳудий ва насронийлар гуруҳидир.

Яъни, Исо алайҳиссалом қавмини ҳақ динга даъват қилди. Бироқ яҳудий ва насронийлар ичида залолатга кетган кимсалар у ҳақида катта ихтилоф чиқардилар, жуда қаттиқ адашдилар. Ўша гуруҳлар Исони лойиқ бўлмаган сифатлар билан васф қилдилар. Ваҳоланки, Исо улар айтаётган гаплардан покдир. Қиёмат куни ана ўша кимсаларнинг ҳолига вой бўлади! Бўҳтон ва ёлғонлари сабаб, Аллоҳ уларни жаҳаннамда қаттиқ азоблайди.

“Улар Бизга келадиган кунда жуда ҳам (аниқ) кўрадиган ва эшитадиган бўлиб қоладилар. Лекин у золимлар бугун очиқ залолатдадирлар”.

Яъни, бу кофирлар қиёмат кунида қандай қилиб кўрадиган ва эшитадиган бўлиб қолдилар. Ваҳоланки, дунёда пайғамбар олиб келган нарсаларни инкор қилишдан бошқа нарсани билмадилар-ку!?

Бу кимсаларнинг ҳоли жуда қизиқ: кўз ва қулоқлари ҳидоят сари бошлаши керак бўлганда, ҳаётлик чоғларида нажот йўлига юрмадилар. Энди эса уларнинг кўриши ва эшитиши азобланишларига восита бўлади (яъни, вақт ўтганидан кейин кўриш ва эшитишдан наф йўқ. Бу дунёда ҳидоят йўлида юриш керак эди).

“(Эй Муҳаммад,) сиз уларни барча иш битирилиб, улар ҳасрат-надомат қилиб қоладиган кундан – қиёматдан қўрқитинг!”

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар! Сиз мушрикларни қиёмат кунидаги қўрқинчлардан огоҳлантиринг! Ўша куни золимлар Аллоҳга итоат этмаганлари учун қаттиқ надомат чекадилар. Бироқ бу пушаймон энди фойда бермайди. Сабаби, Аллоҳ улар устидан ҳукм чиқариб бўлди: мўминлар нажот топиши ва фосиқлар ҳалок бўлиши ҳақида ҳукм ўқилди. Ана энди жаннат аҳли жаннат сари йўл оладилар. Дўзахийлар эса жаҳаннам қаърига равона бўладилар.

“(Бугун) улар ғафлатдадирлар. (Шу сабабдан) улар имон келтирмайдилар”.

Яъни, эй Муҳаммад, уларни бугун огоҳлантиринг! Чунки улар мана шу кунда огоҳлантиришга муҳтожлар. Улар ғафлат уйқусидадирлар, имонсиз ҳолда яшамоқдалар.

“Шак-шубҳасиз, Биз Ўзимиз бу ерга ва ундаги бор жонзотга меросхўр бўламиз ва фақат Бизга қайтариладилар”.

Яъни, Биз ер юзидаги барча тирик жонзотларни вафот эттирамиз ва Биздан бошқа бирон зот қолмас. Махлуқотлар қиёмат куни ҳузуримизга қайтадилар. Биз уларнинг амалларига қараб ҳисоб қиламиз.

Оли Имрон сурасида Марям ва Исо алайҳиссаломга берилган фазилатлар, олий мақомлар ва инсонларни ожиз қолдирувчи мўъжизалар ҳақида хабар берилган. Аллоҳ таоло шундай деган:

“Фаришталар Марямга: “Эй Марям, албатта Аллоҳ сени (аёллар орасидан) танлаб олди ва (барча гуноҳлардан) поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди. Эй Марям, Парвардигорингга итоат қил ва руку қилувчилар билан бирга сажда ва руку (яъни, ибодат) қил!” деганларини эсланг! (Эй Муҳаммад,) бу ғайб хабарларидандир. Бу хабарни сизга Биз ваҳий қилмоқдамиз. Ҳолбуки, сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлиши(ни билиш) учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида, уларнинг олдида эмасдингиз ва талашиб-тортишганларида ҳам уларнинг олдида эмасдингиз. Эсланг, фаришталар дедилар: “Эй Марям, албатта Аллоҳ Ўз томонидан бир сўз ҳақида хушхабар беради. Унинг исми Масиҳ Исо ибн Марям бўлиб, дунёю охиратда обрўли ва (Аллоҳнинг) яқинларидандир. У одамларга гўдаклик пайтида ҳам вояга етган чоғидагидек гапиради. (У) солиҳлардандир”. Марям: “Парвардигорим, менга одамзот тегмаган бўлса, қаёқдан менда фарзанд бўлсин?” деди. Аллоҳ айтди: “Шундай, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсасини (Ўзи истаган суратда) яратади. Қачон бирон ишни ирода қилса, унга: “Бўл!” дейди. Бас, у иш бўлади” (Оли Имрон сураси, 42-47-оятлар).

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга хитобан:

– Фаришталар Марямга: “Эй Марям, Аллоҳ мени ўзига итоат этиш ва байтида хизмат қилиш учун танлаб олди. Сени нопокликлардан, турли ёмон сифатлардан поклади. Исони отасиз дунёга келтириш ва уни оламларга аломат қилиш билан сени дунё аёлларидан афзал қилди”, деб нидо қилганларини эсланг! – демоқда.

Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло бу оятда Марямнинг танлаб олиниши, покланиши ва муҳаббатга сазовор қилиниши билан унинг шаънини юқори кўтариб, ҳақига мақтовлар айтмоқда.

Ҳадис китобларида Марямнинг фазилати ҳақида бир қанча ривоятлар келтирилган. Жумладан, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “(Дунё) аёлларининг энг яхшиси Марям бинти Имрон ва Хадижа бинти Хувайлиддир” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Сенга дунёдаги аёллардан Марям бинти Имрон, Хадижа бинти Хувайлид, Фотима бинти Муҳаммад ва фиръавннинг хотини Осиё бинти Мазоҳим кифоя қилади” (Термизий ривоят қилган).

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилади: “Эркаклар ичида жуда кўпчилик комил бўлдилар. Аммо аёллардан фақат фиръавннинг хотини Осиё, Марям бинти Мазоҳим комил бўлди. Оишанинг дунё аёлларидан афзаллиги сариднинг[12] бошқа таомлардан афзаллиги кабидир” (Бухорий ривоят қилган).

Жумҳур уламоларга кўра, фаришталар Марямга мушофаҳа йўли билан, яъни, калом орқали нидо қилишган. Баъзилар бу илҳом ёки уйқудаги рост туш кўринишида бўлганини айтишган. Аввалги қавл кучли саналади. Чунки бошқа бир оятда келишича, Жаброил алайҳиссалом Марямга бир хушсурат киши шаклида кўринган ва у билан сўзлашган.

Шундан сўнг фаришталар Марямни Аллоҳга кўп ибодат қилиш, У Зотга муттасил итоат этишга чақирганлари баён қилинади:

“Эй Марям, Парвардигорингга итоат қил ва руку қилувчилар билан бирга сажда ва руку (яъни, ибодат) қил!”

Яъни, эй Марям, Аллоҳга ихлос билан ибодат қил, тоатларда бардавом бўл. Зеро, тоат-ибодатлар ва намоз неъматлар бардавомлигини таъминлайди ва инсонни Парвардигорига яқинлаштиради.

Бу оятда Марям ва бошқа барча инсонлар ибодатларда қоим бўлишга, жумладан, намозни жамоат билан ўқишга даъват қилинмоқда.

Мана шу оятлар Ислом ҳақ дин эканига далолат қилади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Марям хусусида ҳақ сўзни келтирдилар. Ваҳоланки, яҳудий ва насронийлар Марям ҳақида ихтилоф қилдилар ва бу нарса уларнинг залолатига сабаб бўлди.

“(Эй Муҳаммад,) бу ғайб хабарларидандир. Бу хабарни сизга Биз ваҳий қилмоқдамиз”.

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, сизга ҳикоя қилаётганимиз бу қиссалар ғайб хабарларидандир. Уни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Биз уни Сизнинг ростгўйлигингизга далолат қилиши ва ақлли кишилар учун ибрат бўлиши учун ваҳий қиляпмиз.

“Ҳолбуки, сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлиши(ни билиш) учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида уларнинг олдида эмасдингиз ва талашиб-тортишганларида ҳам уларнинг олдида эмасдингиз”.

Яъни, эй Муҳаммад, улар Марям хусусида қандай тадбир қилганларини кўрмагансиз. Улардан қайси бири Марямга кафил бўлишини билиш учун қуръа ташлаганларида ва шу сабабдан ихтилоф қилганларида у ерда эмасдингиз.

Пайғамбар алайҳиссалом Марям ва Закариё алайҳиссалом билан замондош бўлмаганлар. Уларнинг хабарларини бирон китобдан ўқимаганлар. Шундай бўлса-да, у зот аҳли китобларга ҳақиқатни баён қилганлар. Бу Аллоҳ таолонинг ваҳийси билан бўлган.

Шундай кейин фаришталар Марямга етказган башоратлари келтирилади:

“Эсланг, фаришталар дедилар: “Эй Марям, албатта Аллоҳ Ўз томонидан бир сўз ҳақида хушхабар беради”.

Яъни, фаришталар Марямга:

– Эй Марям, албатта Аллоҳ ўз калимаси сабабидан вужудга келган бир ўғил фарзанд ҳақида сенга башорат беради, – деб хитоб қилган вақтини эсланг.

Исо алайҳиссаломнинг “сўз” дейилишига сабаб, у зот Аллоҳнинг “Бўл!” деган амри билан вужудга келди.

Одатда, инсон ота ва она сабабидан дунёга келади. Бу ҳам Аллоҳнинг қудрати билан бўлади. Бироқ Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг биргина “”Бўл!” деган буйруғи билан яратилган. Ҳа, Исо отасиз дунёга келди. Бу ғайриоддий ҳолат Аллоҳ таолонинг чексиз қудрат Соҳиби эканини кўрсатади.

“Унинг исми Масиҳ Исо ибн Марям бўлиб...”

“Масиҳ” сиддиқ ва форуқ каби шарафли лақаблардандир. Асли ибронийча “машиҳ”дир. Мазкур сўз “муборак” маъносини англатади. Баъзилар “масиҳ” ибодат учун саёҳат қилувчи мазмунига эга эканини айтишган. Яна бир тоифа уламолар фикрича, “Масиҳ” гуноҳлардан покланган маъносини билдиради.

“Исо” мазкур пайғамбар исми бўлиб, оқлик, сафо ва поклик мазмунига эга.

“Ибн Марям” Исо алайҳиссаломнинг куняси. Бу куня унинг насаби онасига тегишли экани, Аллоҳнинг ўғли эмаслигига далолат қилади.

Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло бу оятда Исо алайҳиссаломни уч хил сифат билан васф қилган. Буларнинг биронтасида Исо алайҳиссаломга ҳеч ким шерик бўлмайди.

Қуйидаги тўрт хил сифат ҳам Исо алайҳиссаломнинг мартабасининг улуғлигидан дарак беради:

“Дунёю охиратда обрўли ва (Аллоҳнинг) яқинларидандир. У одамларга гўдаклик пайтида ҳам вояга етган чоғидагидек гапиради. (У) солиҳлардандир”.

Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломнинг дунё ва охиратдаги мақомини баланд қилди. Зеро, Исо одамларни тўғри йўлга бошлади, уларни залолатдан ҳидоят нурига чиқарди, гўзал хулқлар билан сифатланишга чақирди. Шунингдек, Исо алайҳиссалом Аллоҳ наздида муқарраб бандалардандир.

Исо алайҳиссалом ҳали тили чиқадиган ёшга етмасиданоқ одамлар билан гаплашган. У худди балоғатга етган йигит каби сўзларди. Исо бешикдалигида ҳам, вояга етганида ҳам пайғамбарларга хос тарзда мукаммал суратда гапирган. Бу Исо алайҳиссаломнинг мўъжизаларидан биридир.

Исо алайҳиссаломнинг тўртинчи сифати унинг солиҳлардан эканидир. Мазкур пайғамбар рисолатни ўз зиммасига олиб, уни одамларга етказгани, ер юзини ислоҳ қилиб, Аллоҳга итоат этгани учун солиҳ бандалар қаторида зикр қилинган.

Айтишларича, банда учун солиҳликдан улуғроқ мартаба йўқ. Сабаби, барча яхши сифатларни ўзида жамлаган, қалб ва тана билан қилинадиган амалларда пешқадам бўлган зотларгина бу мақомга эришадилар. Намл сурасининг 19-оятида айтилишича, Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ рози бўладиган амалларга йўллаши ва солиҳ бандалардан қилишини сўраб Парвардигорига илтижо қилган.

Қуйида Исо алайҳиссалом туғилишини эшитган Марям бунга қандай муносабат билдиргани баён қилинади:

Марям: “Парвардигорим, менга одамзот тегмаган бўлса, қаёқдан менда фарзанд бўлсин?” деди.

Марям Исо ҳақидаги башоратни ажабланиш билан қарши олди. Одатда, фарзанд дунёга келиши учун унинг сабабларини вужудга келтириш талаб этилади. Марям назарида ана ўша иш бўлмагани учун ўғил кўриши ҳақидаги хабардан таажжубланди.

Марямнинг “Парвардигорим” деб нидо қилиш унинг Аллоҳ таолога ишончи кучли бўлганини, У Зотнинг қудратига зиғирча шубҳаланмаганини кўрсатади.

Оятдаги “тегиш” икки хил изоҳланган. Биринчиси, фарзанд дунёга келишига сабаб бўлувчи муносабат. Иккинчиси, Марямга маҳрамларидан бошқа бегона эркак қўлини ҳам текказмаганидир. Чунки у ўта иффатли, маъсума аёл эди. Қолаверса, у масжидда ибодат билан машғул бўлган.

Марямнинг бу хушхабардан ажабланиши мана бу сўзлар билан кетказилди:

Шундай, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсасини (Ўзи истаган суратда) яратади. Қачон бирон ишни ирода қилса, унга: “Бўл!” дейди. Бас, у иш бўлади”.

Аллоҳ Марямга воситасиз ёки фаришталар орқали:

– Биз сен учун мана шу тарзда фарзанд ато этамиз. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани ҳеч қандай сабабсиз ҳам ярата олади. Унинг иродасига қарши чиқувчи йўқ. Аллоҳнинг ҳукмини ҳеч ким муҳокама қилмайди, – деди.

Аллоҳнинг қудрати чексиздир. Хоҳласа, инсонни Одам алайҳиссалом каби ота-онасиз дунёга келтиради. Хоҳласа, Закариё алайҳиссалом каби ёши ўтиб фарзанд кўришдан умидини узганларга ҳам фарзанд ато этади. Истаса, ҳали оила қурмаган бокира аёлдан ҳам фарзанд вужудга келтиради. Мана шу далилларнинг барчаси Аллоҳнинг қудрати чексиз эканига ишорадир. Ақл эгалари учун бунда катта ибрат бор.

Оли Имрон сурасида Исо алайҳиссалом ҳақида яна шундай дейилган:

“Ва унга (Исога) ёзиш ва ҳикмат – илмни, Тавротни ва Инжилни таълим беради. (Уни) Бани Исроил қавмига пайғамбар қилади. (Исо Бани Исроилга дейди:) “Мен сизларга Парвардигоримдан оят-далил келтирдим: мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясайман, сўнг унга пуфласам, у Аллоҳнинг изни-иродаси билан ҳақиқий қуш бўлади. Ва яна кўр, пес касалларни тузата оламан ва Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман ҳамда сизларга ейдиган ва уйларингизда сақлайдиган нарсаларингизни айтиб бера оламан. Агар мўмин бўлсангизлар, албатта бу ишларда сизлар учун аниқ оят-далиллар бордир[13]. (Мен сизларга) ўзимдан олдинги Тавротнинг (ҳақ эканини) тасдиқловчи бўлган ҳолда ва сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун (келдим). Ва сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилинг! Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилинг! Мана шу тўғри йўлдир!” (Оли Имрон сураси, 48-51-оятлар).

Бу оятларда Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга берган пайғамбарлик мўъжизалари ҳақида сўз юритилган.

“Ва унга (Исога китоб[14]) ёзиш ва ҳикмат – илмни, Тавротни ва Инжилни таълим беради. (Уни) Бани Исроил қавмига пайғамбар қилади”.

Исо алайҳиссалом илм-маърифат ривожланган бир умматга пайғамбар қилиб юборилганди. Аллоҳ таоло у зотни ҳар бир соҳада оддий одамлардан афзал қилиб қўйди.

Бу ерда Бани Исроил қавмининг хосланишига сабаб, Исо алайҳиссалом уларга юборилган, айнан Бани Исроил қавмидан чиққан эди. Бани Исроил бошқалардан кўра Исони кўпроқ тасдиқлашлари, унга эргашишлари лозим эди. Аммо ундай бўлмади. Қавм ичида кўпчилик Исони ёлғончига чиқаришди. Бу ҳам етмаганидек, ўзи ва онаси ҳақида нолойиқ гапларни тарқатишди.

Қуйида Исо алайҳиссалом қавмига айтган сўзлар келтирилади:

“Мен сизларга Парвардигоримдан оят-далил келтирдим...”

Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ёзишни, ҳикмат, Таврот ва Инжилни ўргатди ва Бани Исроил қавмига пайғамбар қилди. У қавмига нидо қилиб:

– Эй қавмим, мен сизларга ростгўйлигимга далолат қилувчи мўъжизалар келтирдим. Бу мўъжизалар Парвардигорим ҳузуридандир! – деди.

Шундан кейин бешта илоҳий мўъжиза зикр қилинади:

“Мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясайман, сўнг унга пуфласам, у Аллоҳнинг изни-иродаси билан ҳақиқий қуш бўлади”.

Яъни, Аллоҳ менга берган мўъжизалардан бири шуки, лойдан бир қуш шаклини ясайман. Кейин унга пуфласам, Аллоҳнинг изни билан унга жон киради, ҳақиқий қушга айланади.

Бу мўъжизада уч хил жиҳат бор. Иккитаси Исо алайҳиссаломга хос: Исо лойдан қуш шаклини ясаган ва унга пуфлаган. Бироқ лойдан ясалган жонсиз ҳайкалга жон киритиш фақат Аллоҳнинг ишидир. Ундан ўзгаси бу ишга қодир эмас. Шу сабаб, оятда қушга жон кириши Аллоҳнинг изни-иродаси билан бўлишига алоҳида урғу берилмоқда.

“Ва яна кўр, пес касалларни тузата оламан ва Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман”.

Яъни, мен туғма кўрларни даволайман, пес касаллигига мубтало бўлганларга шифо бераман, ўликларни ҳаётга қайтараман. Буларнинг биронтасини мен ўз куч-қувватим ё илмим билан қилмайман. Балки Аллоҳнинг изни ва амри билан қила оламан!

Оятда туғма кўр ва мохов касалигининг зикр қилиниши Қуръони каримнинг ҳақ Калом эканига далолат қилади. Зеро, бу иккиси бедаво касалликлардан бўлиб, замонамий тиббиёт бунга ҳалигача мукаммал шифо топа олгани йўқ.

Бу мўъжизалар Исо алайҳиссаломга Аллоҳ тарафидан берилганди. Булар ҳақида фикр қилган банда унинг ортида Улуғ ва Қудратли Яртатувчи бор эканига амин бўлади.

Ўликларни қайта тирилтириш инсон қўлидан келадиган иш эмас. Илм-фан қанча тараққий этмасин, бунинг иложи топилмайди. Ҳар бир инсон ажали етиб, ёруғ оламни тарк этган одамни тирилтириш амримаҳол эканини яхши билади. Одамлар бу ишга бўлиши мумкин эмас нарса, деб қарайдилар. Исо алайҳиссаломга берилган бу улуғ мўъжиза унинг ҳақиқий пайғамбар эканига ишора қилувчи энг катта ва таъсирли аломат эди.

Муфассирлар зикр қилишича, Исо алайҳиссаломнинг туғма кўр ва песларни даволаши, ўликларни тирилтириши дуо қилиш орқали бўлган. Исо алайҳиссалом: “Я ҳайю, я қойюм!” деб дуо қилгани[15], аввал ўтганлардан Сом ибн Нуҳни тирилтиргани зикр қилинган[16].

Бешинчи мўъжиза ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:

“Ҳамда сизларга ейдиган ва уйларингизда сақлайдиган нарсаларингизни айтиб бера оламан”.

Исо алайҳиссалом қавмига мурожаат қилиб:

– Сизларга етказаётганим Аллоҳ таолодан эканига, ростгўйлигимга далолат қилувчи мўъжизалардан яна бири, сизлар уйларингизда нима еётганингизни ва келажакда истеъмол қилиш учун қандай егуликларни заҳира қилиб олиб қўйганингизни айтаман.

Имом Қуртубий шундай деган: “Исо улар учун ўликларни тирилтирганда, яна бошқа мўъжиза талаб қилишди ва: “Уйимизда нима еётганимиз ва эртанги кунга нима олиб қўйганимизни айтиб бер!” дейишди. Бас, Исо алайҳиссалом уларга хабар қилди: эй фалончи, сен манави-манави нарсаларни ейсан, эй фалончи, сен эса мана бу нарсаларни истеъмол қиласан ва эртанги кунга бундай егуликларни олиб қўйгансан, деб айтди[17]”.

Исо алайҳиссаломнинг ким уйида нима еяётгани ва қандай нарсаларни олиб қўйганини хабар қилиши пайғамбар эканига етарли далилдир. Чунки муҳтарам пайғамбар ким нима қилаётганини кўзи билан кўрмаган. Барчаси Аллоҳ таолонинг ваҳийси билан бўлган. Инсон зоти ғайб илмини билмайди. Баъзи ғайб нарсаларни пайғамбарларга Аллоҳ билдиради.

“Агар мўмин бўлсангиз, албатта бу ишларда сизлар учун аниқ оят-далиллар бордир”.

Яъни, эй Бани Исроил, агар Аллоҳнинг оятларига ишонсангиз, ҳаққа бўйин эгсангиз, Аллоҳ тарафидан берилган бу мўъжизалар ростгўй пайғамбарлигимга далолат қилади.

“(Мен сизларга) ўзимдан олдинги Тавротнинг (ҳақ эканини) тасдиқловчи бўлган ҳолда ва сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун (келдим)”.

Исо қавмига хитоб қилишда давом этиб:

– Аллоҳ сизларни тўғри йўлга бошлашим учун юборди. Сиз кўрган мана шу мўъжизалар ростгўйлигимга ишорадир. Мен ўзимдан олдинги Таврот китобини тасдиқловчи, унга имон келтирувчи ҳолимда келдим. Мусо алайҳиссалом шариатида сизлар учун ҳаром қилинган баъзи нарсаларни ҳалол қилиш учун Аллоҳ тарафидан юборилдим, – деди.

Исо алайҳиссалом шариати Мусо алайҳиссалом шариатини мукаммал қилган ва баъзи ҳукмларни амалдан қолдирган. Зулм ва тажовузкорликлари сабаб, Бани Исроил қавмига баъзи покиза нарсалар ҳаром қилинганди. Бу ерда Исо ана ўша нарсаларни ҳалол қилиши ҳақида хабар берилмоқда.

Айтишларича, Исо алайҳиссалом ҳалол қилган нарсалар: туя гўшти ва ёғи, айрим балиқлар ва қушлардир[18].

“Ва сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилинг!”

Бу ерда Исо алайҳиссалом даъват қилаётган нарсага ижобат этишга тарғиб қилинмоқда.

Имом Фахриддин Розийга кўра, Исо алайҳиссалом мўъжиза олиб келганини яна такрорлашига сабаб, киши ўрганиб қолган нарсани бирдан тарк қилиш осон эмас. Агар унга бирон нарса такрор-такрор таъкидланса, айтилаётган гап қалбга таъсир қилади ва инсон табиатини яхши томонга ўзгартириши мумкин. Исо қавмини Аллоҳга тақво қилиш ва ўзига итоат этишга чақирди. Аллоҳга тақво қилган одам пайғамбарга бўйсунади. Иккиси бир-бирини тақозо этади.

“Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилинг! Мана шу тўғри йўлдир!”

Яъни, Исо алайҳиссалом қавмини Аллоҳ йўлига даъват қилиб:

– Аллоҳ мени ҳам, сизларни ҳам яратган. У зот мени ва сизларни тарбият қилган. Шундай экан, сизлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинглар. Зеро, Аллоҳга бўйсуниш, унга қуллик қилиш, айтганини бажариш энг тўғри йўлдир.

Моида сурасида Исо алайҳиссаломга Аллоҳ тарафидан берилган мўъжизалар ва фазилатларнинг бошқа жиҳати ҳақида хабар қилинган. Аллоҳ таоло шундай деган:

“Эсланг, Аллоҳ: “Эй Исо ибн Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни – сени Руҳул қудус билан қувватлантирганимда одамларга бешикда ҳам балоғатга етган ҳолингдаги каби сўзлаганингни, сенга китоб – хат ва ҳикмат – илмни, Таврот ва Инжилни билдирганимни ва Менинг изним-ихтиёрим билан лойдан қуш тимсолини ясаганингни, сўнгра унга пуфлаганингда изним-ихтиёрим билан ростакам қушга айланганини, Менинг изним билан кўр ва песларни тузатганингни ва изним билан ўликларни (тирилтириб қабрларидан) чиқарганингни эсла! Яна Бани Исроилга бу мўъжизаларни келтирган пайтингда уларни сени (ҳалок қилишдан) тўсганимни эсла! Ўшанда уларнинг ораларидаги кофир бўлган кимсалар: “Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга нарса эмас”, дейишган эди” (Моида сураси, 110-оят).

Яъни, эй банда, ибрат олишинг учун Аллоҳ таоло Исо ибн Марямга:

– Эй Марям, сенга ва онангга берган турфа неъматларимни ёдга ол! – деб хитоб қилганини эсла!

Оятда зикр қилинган хитоб Исо алайҳиссаломга қиёмат куни айтилади. “Аллоҳ айтди” деб ўтган замонда ифодаланишига сабаб, охиратда бунинг ҳеч қандай шак-шубҳасиз содир бўлишига далолат қилади.

“Неъматлар”дан мурод, Исонинг онаси Марямни турли шубҳалардан поклагани ва уни бутун дунёдаги аёллар ичидан танлаб олганидир.

Оятда “Эй Исо ибн Марям” деб, Исо Марямнинг ўғли эканига ишора қилинган. У Марямнинг ўғлидир, бошқасининг эмас. Исо отасиз дунёга келди. Шундай бўлганидан кейин Исонинг илоҳ бўлиш мутлақо мумкин эмас. Зеро, Илоҳ туғилмайди, янги пайдо бўлган эмас. (Аллоҳ бундай нуқсонлардан пок Зотдир. – таржимон).

“Сени Руҳул қудус билан қувватлантирганимда одамларга бешикда ҳам балоғатга етган ҳолингдаги каби сўзлаганингни...”

Бу ерда Исо алайҳиссаломга ато этилган неъматлар саналмоқда.

“Руҳул қудус” Жаброил алайҳиссалом дейилган. Сабаби, Жаброил фаришта билан Аллоҳ пайғамбарларини қўллаган, илоҳий таълимот билан қувватлаган, мададга муҳтож паллада Жаброил алайҳиссалом воситасида пайғамбарларини собитқадам қилган[19].

Яъни, эй Исо, сени Руҳул қудус – Жаброил алайҳиссалом билан қувватлаганимни, гўдаклик чоғингда худди вояга етган кишилардек бирон хатосиз гапирганингни эсла!

Бу хусусият Исо алайҳиссаломдан олдин ҳам, кейин ҳам бирон пайғамбарга берилмаган эди.

Ибн Касир ушбу оятни қуйидагича шарҳлаган: “Сени отасиз яратганимни, қудратим чексиз эканига далил-аломат қилганимни, золим ва жоҳиллар онангни ёмон ишларда айблаганларида унинг поклигига ишора қилувчи белгиларни қилганимни, сени Жаброил алайҳиссалом билан қўллаганимни, кичиклигингда ҳам, катта бўлганингда ҳам Аллоҳ йўлида даъват қилувчи пайғамбар қилганимни, бешикдалик чоғингда сени гапиртирганимни, менга бандаликни эътироф этганингни эсла[20]”

“Сенга китоб – хат ва ҳикмат – илмни, Таврот ва Инжилни билдирганимни...”

“Китоб”дан мурод, китобат, яъни ёзишдир. Исо алайҳиссалом оми бўлмаган. Балки ўқиш ва ёзишни билган. Айтишларича, “Китоб”дан мурод, Довуд алайҳиссаломга туширилган Забур, Иброҳимнинг саҳифалари ва пайғамбарларнинг хабарларидир.

“Ҳикмат”дан мурод, ўткир фаҳм-фаросат, тушунган нарсасига амал қилиш ва билганини одамлар етказиш, уларни яхшиликка чақиришдир.

Яъни, сенга ёзишни ва илмлар сир-асрорларини билишинг учун ҳикматни ато этганимизни, шунингдек, биродаринг Мусога берилган Таврот аҳкомларини таълим берганимизни ва сенга Инжилни нозил қилганимизни ёдга ол!

“Ва Менинг изним-ихтиёрим билан лойдан қуш тимсолини ясаганингни, сўнгра унга пуфлаганингда изним-ихтиёрим билан ростакам қушга айланганини...”

Яъни, менинг қудратим ва амрим билан қуш шаклини ясаб, унга пуфлаганингда тирик қушга айланганини эсла!

“Менинг изним билан кўр ва песларни тузатганингни ва изним билан ўликларни (тирилтириб қабрларидан) чиқарганингни эсла!”

Бу ерда Исо алайҳиссалом давосиз дардларни тузатгани, қабрдаги маййитларни тирилтиргани эслатилмоқда. Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг изни ва қудрати билан бўлган.

(“Менинг изним билан” деб такрор-такрор айтилиши бу борада эътиқодни тўғри қилиш лозимлигига ишорадир. – Таржимон).

Аллоҳ пайғамбарига ато этган мўъжизаларни зикр қилгач, уни турли зиёнлардан ҳимоя қилганини эслатади:

“Яна Бани Исроилга бу мўъжизаларни келтирган пайтингда уларни сени (ҳалок қилишдан) тўсганимни эсла! Ўшанда уларнинг ораларидаги кофир бўлган кимсалар: “Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга нарса эмас”, дейишган эди”.

Яъни, эй Исо, сен Бани Исроилга мўъжизалар кўрсатдинг, уларга башорат бердинг ва огоҳлантирдинг. Бироқ улар сенга азият беришга, сени қатл қилишга уриндилар. Мен эса уларнинг озорларидан асрадим сени. Бани Исроил қавми орасидаги кофир кимсалар сен келтирган мўъжизаларни тан олмадилар. Балки: “Эй Исо, келтирганинг бу мўъжизалар очиқ сеҳрдан бўлак ҳеч нарса эмас. Бу аниқ кўзбўямачиликдир”, дедилар.

Исо алайҳиссалом кўрсатган илоҳий мўъжизалар кофирларнинг куфрини зиёда қилди, холос. Улар аниқ далиллардан кўз юмишди ва Исонинг пайғамбар эканини рад этишди.

ИСО АЛАЙҲИССАЛОМ ҲАҚИДА ЭНГ ТЎҒРИ ГАП

Қуръони каримда зикр қилинишича, Исо алайҳиссалом Аллоҳ таоло тарафидан Бани Исроилни тўғри йўлга даъват қилиш учун юборилган пайғамбарлардан биридир. Бу хусусда Оли Имрон сурасида шундай дейилган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сизга тиловат қилаётганимиз бу (қисса Аллоҳнинг) оятлари ва ҳикматли эслатмаларидандир. Албатта Исонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидир. (Аллоҳ) уни тупроқдан яратиб, сўнгра “Бўл!” деди. Бас, у (жонли одам) бўлди. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган ҳақ (сўздир). Бас, шубҳа қилувчилардан бўлманг! Энди Сизга келган (мана шу ҳақ) маълумотдан кейин (насронийлардан) кимда-ким Сиз билан талашиб-тортишмоқчи бўлса, (ундай кимсаларга) айтинг: “Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлаб-йиғайлик, сўнгра Аллоҳга тазарру билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларни Аллоҳ лаънатлашини сўрайлик”. Албатта бу ҳақ-рост қиссадир (Яъни, Исо ҳеч қандай худо эмас, балки Аллоҳнинг бошқа пайғамбарлари каби оддий одам зотидандир). Ва ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Аллоҳнинг Ўзи бор. Ва албатта Аллоҳнинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат Эгасидир. Энди ҳам (ҳақиқатдан) юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ бузғунчиларни Билувчидир” (Оли Имрон сураси, 59-63-оятлар).

Яъни, эй Муҳаммад, Биз Сизга келтираётган бу қиссалар ростгўй пайғамбар эканингизга далолат қилувчи ҳикматли панд-насиҳатлардандир, дея Аллоҳ таоло Ҳабибига хитоб қилмоқда.

Шундан сўнг Исони отасиз дунёга келтириш Аллоҳ учун қийин эмаслиги баён этилади:

“Албатта Исонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидир”.

Одам ва Исо алайҳимуссаломни Аллоҳ таоло отасиз дунёга келтирган. Бу жиҳатдан улар бир-бирига ўхшаш. Бироқ Исодан фарқли ўлароқ Одам алайҳиссаломнинг ота-онасиз, тупроқдан яратди. Имом Замахшарийга кўра, улар бир тарафдан ўхшашдирлар.

Мана шу оятда Исо алайҳиссаломни илоҳ ё Аллоҳнинг ўғли дейдиганларга кучли мантиқий раддия берилган.

Исо алайҳиссаломни илоҳ дейдиганларга қарата гўё:

– Агар Исонинг отасиз туғилгани уни илоҳ қилиб олишингизга сабаб бўлса, у ҳолда Одам алайҳиссалом ундан кўра муносиброқдир. Чунки у ота-онасиз дунёга келган. Модомики, бирон киши Одам алайҳиссаломни илоҳ деб даъво қилмаган экан, сизларнинг Исони ўзингизга худо қилиб олишингиз ботил ишдир, – дейилаётгандек.

“(Аллоҳ) уни тупроқдан яратиб, сўнгра “Бўл!” деди. Бас, у (жонли одам) бўлди”.

Аллоҳ таоло Одамни тупроқдан яратишни ирода қилди. Унга лойдан шакл берди. Шундан кейин унга: “Инсон бўл!” деди. Бас, Одам танаси ва руҳи комил инсонга айланди.

Ояти карима Аллоҳ таолонинг амри сўзсиз бажо келтиришини ажойиб суратда тасвирламоқда. У Зот бирон ишни қилишни хоҳласа, “Бўл!” дейди, холос. Шу заҳоти Аллоҳ истаган иш содир бўлади.

Шундан кейин Аллоҳ бандаларига Исо алайҳиссалом хусусида хабар берган нарсалар ҳақиқат экани таъкидланади:

“(Эй Муҳаммад, бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган ҳақ (сўздир). Бас, шубҳа қилувчилардан бўлманг!”

Шубҳа инсонни гумонларга асосланиб, бирон ҳужжати бўлмаган ҳолда жанжаллашишга, ихтилоф чиқаришга сабаб бўлади.

Оят маъноси қуйидагича: эй Муҳаммад, Биз Сизга Исо алайҳиссалом ҳақида етказган хабарлар ҳақдир, аниқ собит бўлгандир. Унга ҳеч қандай шубҳа-гумон аралашмаган. Шундай экан, ҳақ йўлда собитқадам бўлинг! Биз етказган хабарлардан шубҳаланманг!

Шундан кейин ботилни маҳкам ушлаб олиб беҳуда талашиб-тортишадиганларнинг овозини ўчирадиган таклиф ўртага ташланади:

“Энди Сизга келган (мана шу ҳақ) маълумотдан кейин (насронийлардан) кимда-ким Сиз билан талашиб-тортишмоқчи бўлса, (ундай кимсаларга) айтинг: “Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлаб-йиғайлик, сўнгра Аллоҳга тазарру билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларни Аллоҳ лаънатлашини сўрайлик”.

Яъни, эй Муҳаммад, ҳақиқатни баён қилганимиздан кейин ҳам аҳли китобдан кимда-ким Сиз билан Исо хусусида баҳслашадиган бўлса, уни илоҳ ё Аллоҳнинг ўғли деб даъво қиладиган бўлсалар, улар билан талашиб-тортишманг! Ахир улар инкор қилувчилардир. Ҳақиқат аниқ бўлса ҳам тан олмайдилар. Лекин ундай гумроҳларга қарата:

– Эй жанжалкашлар! Келинглар, барчамиз фарзандларимиз ва аёлларимизни бир жойга тўплаб, кейин бир бўлиб Аллоҳга илтижо қиламиз, сўнг ҳақни инкор қилаётганларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўраймиз! – деб айтинг.

Агар аҳли китоблар даъвоси ҳақ бўлганида, ўзларига ишонганларида бу мубоҳалани (ёлғончиларга лаънат бўлишини сўрашни) қабул қилишарди. Аммо мазкур таклифдан кейин уларнинг овози чиқмай қолди. Шу билан аҳли китоблар Исо алайҳиссалом борасида айтаётган гаплари нотўғри экани яна бир бор тасдиқланди.

Мана шу оят “мубоҳала ояти” дейилади. Уламолар зикр қилишича, Нажрон насронийлари Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Исо алайҳиссалом хусусида баҳслашишганида уларга раддия сифатида мазкур оят нозил бўлган.

Ибн Касирга кўра, Нажрон насронийлари Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб, у зот билан Исо алайҳиссалом ҳақида баҳслашишди, унга илоҳликни нисбат беришди. Бу оят уларга раддия тарзида нозил қилинди. Нажрон насронийлари олтмиш нафар эди. Уларнинг раҳбарлари уч киши бўлиб, амирлари Абдулмасиҳ, Айҳам, олимлари Абу Ҳорис ибн Алқама эди. Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан амр келганида, у зот насронийларни мубоҳалага чақирдилар. Шунда насронийлар: “Эй Абулқосим, шошмай тур, биз ўйлаб кўрайлик”, дейишди. Кейин раҳбарлари олдига бориб: “Эй Абдулмасиҳ, нима дейсан?” деб сўрашди. У: “Аллоҳга қасамки, эй насронийлар жамоаси, сизлар Муҳаммад Аллоҳ тарафидан юборилган пайғамбар эканини биласизлар. У соҳибингиз ҳақида ҳақни ботилдан ажратувчи сўзни олиб келди. Биласизларки, бирон қавм пайғамбарни лаънатламаган. Агар шундай қилсангиз, ёшу қарини ҳалок қиласизлар”, деди. Улар Пайғамбар алайҳиссалом олдиларига боришганида уларни хирож беришга кўндирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мени ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар улар билан лаънат айтишганимизда, бу водий (насронийлар) устига олов ёғдирилган бўларди[21]”.

Фарзандлари ва аёлларини, жигарбандлари ҳаётини ўртага қўйиб, лаънат айтишишни таклиф этишлари Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбар эканларига далолат қилувчи ҳужжатлардан биридир.

“Албатта бу ҳақ-рост қиссадир (Яъни, Исо ҳеч қандай худо эмас, балки Аллоҳнинг бошқа пайғамбарлари каби оддий одам зотидандир). Ва ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Аллоҳнинг Ўзи бор. Ва албатта Аллоҳнинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат Эгасидир”.

Яъни, Биз Исо ҳақида келтирган қисса ҳақдир. Уни ҳеч ким инкор қилолмайди. Ёлғиз Аллоҳ илоҳликка муносибдир. Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ. Албатта Аллоҳ қудратли, ғолиб ва ҳар бир ишини ҳикмат билан амалга оширувчи Зотдир.

“Энди ҳам (ҳақиқатдан) юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ бузғунчиларни Билувчидир”.

Яъни, эй Муҳаммад, Биз очиқ-ойдин ҳужжатларни келтирганимиздан кейин ҳам Сизга итоат этмасалар, рост пайғамбарлигингизни тан олмасалар, бас, уларни хунук оқибатдан огоҳлантиринг! Аллоҳ улар ер юзида қандай бузуқ ишларни содир этаётганларини билади ва бунинг муносиб жазосини беради. Аллоҳ бузғунчи кимсаларни жазосиз қолдирмайди.

Мана шу оятларда Исо алайҳиссалом ҳақида тортишадиган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган таълимотдан юз ўгирадиган ҳар бир кимса қаттиқ огоҳлантирилмоқда.

Шундай қилиб, Қуръони карим Исо алайҳиссалом ҳақида энг рост сўзни айтди. Бу далиллар қалбни тўғри йўлга бошлайди, ақллар ундан манфаат олади ва нафсларимиз хотиржам бўлади. Бу билан улуғ пайғамбарлардан бири Исо алайҳиссалом хусусида эътиқодимиз тўғриланади.

Моида сурасида Исо алайҳиссалом қиёмат куни Аллоҳга айтадиган сўзлари келтирилган. Аллоҳ таоло шундай хабар қилган:

“Эсланг, Аллоҳ: “Эй Исо ибн Марям, сен одамларга: “Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар”, деб айтганмидинг?” деганида, (Исо) айтди: “Эй Пок Парвардигор, ҳақим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда, Сен албатта билар эдинг. Зотан, Сен дилимдаги бор нарсани биласан. Аммо мен ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмайман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларини Билувчисан. Мен уларга фақат Ўзинг менга амр қилган гапнигина айтдим: “Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилинг!” Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса Сен Ўзинг уларни кузатувчи бўлдинг. Сен ҳамма нарсага гувоҳдирсан. Агар уларни азобласанг, улар Сенинг (ожиз) бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат Эгасисан” (Моида сураси, 116-118-оятлар).

Саҳиҳ қавлга кўра, бу хитоблар қиёмат куни қилинади.

Яъни, эй муҳтарам пайғамбар, Аллоҳ бандаси ва пайғамбари Исодан:

– Эй Исо, Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни ўзларингизга илоҳ қилиб олинглар! – деб одамларга сен айтганмидинг? – деб сўрайдиган вақтини эсла!

“Эй Исо ибн Марям” деб пайғамбарликни зикр қилмасдан нидо қилинишиги сабаб, Исонинг инсон фарзанди экани, илоҳ ё Аллоҳнинг фарзанди эмаслигига урғу беришдир. Исо алайҳиссаломда илоҳликка далолат қилувчи ҳеч қандай унсур мавжуд бўлмаган. Илоҳлик ва башарият бир-бирига зиддир. Инсон боласи илоҳ бўлолмайди. Аллоҳда эса инсонга хос нуқсонлар йўқ. Аллоҳ энг улуғ ва камчиликлардан пок Зотдир.

“Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар”, деб айтганмидинг?” дейиш билан Исо ва онасига илоҳликни нисбат берганлар қаттиқ танқид қилинмоқда. Шундай қийин кунда Аллоҳ таолонинг хитоби ва Исо алайҳиссаломнинг “Мен уларни Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш учун чақирганман” дейиши кофир ва мушриклар ҳолини янада қийинлаштиради. Келтирилаётган мана шу далиллар Исо ҳеч қандай илоҳ эмаслигига очиқ-ойдин далолат қилади.

“Эй Пок Парвардигор, ҳақим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку”.

Яъни, Исо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг саволига:

– Ё Раббим, Сен барча нуқсонлардан поксан! Бундай дейишга менинг ҳам, бошқа одамларнинг ҳам ҳақи йўқ, деб жавоб қайтаради.

Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни одамларни тўғри йўлга бошлаш учун юборганди. У зот Аллоҳнинг буйруғини бажарди. Мана шундай зот қавмига қарата: “Аллоҳга ибодат қилиш ўрнига мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар!” дейиши мумкинми?!

“Агар айтган бўлганимда, Сен албатта билар эдинг. Зотан, Сен дилимдаги бор нарсани биласан. Аммо мен ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмайман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларини Билувчисан”.

Яъни, Ё Пок Парвардигор, агар “Мени ва онамни худо қилиб олинглар”, деб айтганимда, буни билган бўлардинг. Зеро, ҳеч нарса Сендан махфий қолмайди. Мендаги барча нарсаларни биласан. Аммо Сенинг зотингдаги нарсалардан бехабарман. Ё Раббим! Сен ғайбларни билувчи Зотсан.

Шундан кейин Исо алайҳиссалом қавмига айтган сўзлари келтирилади:

“Мен уларга фақат Ўзинг менга амр қилган гапни айтдим: “Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилинг!” Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим”.

Яъни, мен зинҳор уларга онам иккимизни худо қилиб олишларини айтмаганман. Балки Сен нимага буюрган бўлсанг, шуни уларга маълум қилганман – Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишларини таъкидлаганман. Ё Аллоҳ, Сен барчамизнинг Парвардигоримизсан. Одамларни Ўзингга ибодат қилишга даъват қилдим. Бу йўлда камчиликка йўл қўймадим. Қавмим ичида бўлганимда уларни ихлос билан ибодат қилишга, шариат аҳкомларига амал қилишга чақириб келдим.

“Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса Сен Ўзинг уларни кузатувчи бўлдинг. Сен ҳамма нарсага гувоҳдирсан...”

Бу ерда Исо алайҳиссалом қавмини тарк этганидан кейин унинг вазифаси тугаганига ишора қилинмоқда.

Яъни, Парвардигорим, Ўзингга маълум, қавмим ичида бўлганимда уларни тўғри йўлга бошладим. Мени Ўз ҳузурингга тирик ҳолимда кўтарганингда, фақат Ўзинг улар нима амал қилаётганларини билувчи бўлдинг. Сен ҳамма нарсани билувчи Зотсан.

Исо алайҳиссалом Парвардигори саволига муносиб жавоб қайтаргач, энди қавмининг ҳолини Аллоҳга ҳавола қилади:

“Агар уларни азобласанг, улар Сенинг (ожиз) бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат Эгасисан”.

Яъни, ё Парвардигорим, агар қавмимни азобласанг, Сен уларни ўзинг яратгансан. Уларга ўзинг эгалик қила оласан. Мулк эгаси тасарруфидагиларга қандай муомала қилишини ўзи билади. Агар уларни раҳматинг билан мағфират этсанг, гуноҳларини кечирсанг, бу қудрат Соҳибининг марҳаматидир. Сен барча нарсага қодирсан. Сен ҳар бир ишни ҳикмат билан қилувчи Зотсан!

Исо алайҳиссалом “уларни мағфират қилсанг...” деб хитоб қиляпти. Ваҳоланки, “Аллоҳ ширкни кечирмайди-ку?” деб савол берилса, жавоб шундай бўлади: Исо бу сўзларни қавмига меҳр-шафқат маъносида айтмоқда. Исо Аллоҳ кофирнинг гуноҳини кечирмаслигини билган. “Агар уларни азобласанг...” деб қавми орасидан куфрда ўлиб кетганларни, “агар уларни мағфират қилсанг...” деб эса, вафотидан олдин тавба қилганларни назарда тутмоқда[22].

Бу ерда Исо алайҳиссалом барча ишларни ва ҳукм қилишни ёлғиз Аллоҳ таолонинг иродасига ҳавола қиляпти. Зеро, Аллоҳ бандалари устидан истаган ҳукмини чиқаради. Аллоҳ қилаётган ишидан биров сўрамайди. Аммо У бандаларини ҳисоб қилади.

Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Агар уларни азобласанг...” деб бошланувчи оятни тонггача такрор-такрор тиловат қилганлар.

Имом Аҳмад Абу Заррдан ривоят қилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунларнинг бирида намоз ўқидилар. Бир оятни тонггача қайтариб чиқдилар. Ўшани ўқиб, руку ва сажда қилдилар: “Агар уларни азобласанг, бас, улар Сенинг (ожиз) бандаларингдир”. Тонг отганида мен: “Эй Расулуллоҳ, бу оятни тонг отгунча такрорлаб, руку ва сажда қилдингизми?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Мен Парвардигор азза ва жалладан умматим учун шафоат сўрадим. Бас, (Аллоҳ) менга уни берди. (Шафоат) умматга – Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмаганларга насиб бўлади, иншааллоҳ”, дедилар”.

Қисса сўнггида ростгўйларга яхши оқибат бўлиши эслатилади:

“Аллоҳ айтди: “Бу кун (яъни, қиёмат куни) ҳаққи-рост имон келтирганларга рост сўзлари фойда берадиган кундир”. Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Улар унда абадий қоладилар. Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса буюк саодатдир. Осмонлар ва ер ҳамда улардаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. (Аллоҳ) ҳамма нарсага қодир” (Моида сураси, 119-120-оятлар).

Охират куни дунёда имон ва амалларида ростгўй бўлган мўминларга ростгўйликлари фойда беради. Дунёда бажарилган ишлар қиёмат куни ҳисоб қилинади, яхши амалларга мукофот берилади. Кофирлар азобни кўрганларида рост гапиришлари энди уларга зиғирча наф келтирмайди. Ахир улар дунёда имон йўлига юрмаган эдилар. Вақт ўтганидан кейинги ростгўйлик аҳамиятсиздир.

“Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Улар унда абадий қоладилар”.

Имонида содиқ бўлган мўминлар охиратда дарахтлари ва масканлари остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга эришадилар. Улар жаннатларда абадий қоладилар, унинг неъматлари ҳам абадийдир, ҳеч завол топмайди.

“Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса буюк саодатдир”.

Аллоҳ мўмин бандаларидан рози бўлади, ҳақиқий имонлари ва солиҳ амаллари мукофотига ҳисобсиз неъматлар ато этади. Мўминлар Аллоҳнинг васфини келтиришга қалам ожиз бўлган мана шу неъматларидан рози бўлади.

Охиратда Аллоҳ розилигига эришиш ва жаннатга кириши улуғ саодатдир. Мана шу ҳақиқий бахтдир.

“Осмонлар ва ер ҳамда улардаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. (Аллоҳ) ҳамма нарсага Қодир”.

Осмонлар ва ердаги ҳамма нарса Ёлғиз Аллоҳга тегишли. Барча нарса Аллоҳнинг мулкидир, Унинг ҳукми остидадир, Унинг иродасига боғлиқдир. Аллоҳ таоло ҳар нарсага Қодир. Махлуқотларга берилган озгина қудрат Аллоҳнинг чексиз қудрати олдида ҳеч нарса эмас.

Энди ким Аллоҳнинг шериги бор деб даъво қилса, Исо ё унинг онасига илоҳликни нисбат берса, ёлғон айтибди, жаҳолат қаърига ботибди. Ким Аллоҳга бирон нарсани шерик қилса, дунёда хорлик ва охиратда азобга муносиб иш қилибди!

ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ИСО АЛАЙҲИССАЛОМ ДАЪВАТИГА ИЖОБАТИ

Қуръони каримнинг бир қанча ўринларида ҳаворийлар Исо алайҳиссалом даъватига қандай муносабат билдирганлари ҳақида сўз юритилган. Жумладан, Оли Имрон сурасида Аллоҳ таоло шундай хабар қилган:

“Энди қачон Исо улар (яҳудийлар) томондан куфрни кўргач: “Аллоҳнинг (динига даъват қилишимда) ким менга ёрдамчи бўлади?” деди. Ҳаворийлар айтдилар: “Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз. Аллоҳга имон келтирдик. (Эй Исо,) гувоҳ бўлингки, биз Аллоҳга бўйинсунгувчилармиз. Парвардигоро, нозил қилган нарсангга ишондик, пайғамбарингга итоат этдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин!” (Яҳудийлар) макр қилдилар. Аллоҳ ҳам “макр” қилди. Аллоҳ “Маккорроқ”дир” (Оли Имрон сураси, 52-54-оятлар).

Исо алайҳиссалом ростгўй даъватчи эканига ишора қилувчи ажиб мўъжизаларни олиб келди. Бироқ қавм орасида даъватни эшитувчи қулоқ топилмади. Мўъжизаларни кўзлари билан кўриб турсалар-да, шу заҳоти уни инкор қилиб қўя қолишди. Балки Исони ер юзидан йўқотиш ва йўлларида давом этиш пайида бўлдилар. Исо алайҳиссалом Бани Исроил қавмининг куфрини аниқ сезгач, ботил ақидаларига оёқ тираб туриб олаётганларини кўргач, ўзи учун ёрдамчи излаб:

– Аллоҳ йўлида ким менга ёрдам бера олади? Унинг кўмагида мен Парвардигорим буйруғини одамларга етказаман, уларни огоҳлантираман, – деб хитоб қилди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳижратдан олдин ҳаж мавсумида: “Менга Парвардигорим Каломини етказишида кўмак берадиган киши борми? Чунки Қурайш мени Раббим даъватини етказишимга тўсқинлик қилмоқда”, деганлар. Бас, Аллоҳ у зотга ёрдамчилар берди. Ана ўша ёрдамчилар Расули акрамни турли азиятлардан ҳимоя қилдилар[23].

“Аллоҳнинг (динига даъват қилишимда) ким менга ёрдамчи бўлади?” дейиш билан ҳаворийларни ҳаққа ёрдамчи бўлишга тарғиб этилмоқда. Исо уларни ўткинчи ҳою ҳавас ё лаззатлар йўлида эмас, балки Аллоҳнинг дини учун ёрдамлашишга чақирди. Зеро, ким Аллоҳнинг динига кўмакчи бўлса, ана ўша бандани Аллоҳ қўллайди.

Ояти карима маъносидан кўриниб турибдики, Бани Исроил қавми орасида кофирлар кўп бўлган. Чунки куфр бутун бошли қавмга нисбат берилмоқда. Бани Исроил орасида кофирлар сероблигидан оз сонли мўминларнинг борлиги деярли билинмасди. Исо алайҳиссалом “Ким менга ёрдамчи бўлади?”, деб қавм ичидаги саноқли мўминларни топишга ҳаракат қилган.

Қуръон хабар қилишича, Исо алайҳиссалом қалб тўридан отилиб чиққан нидога жуда озчилик бўлган мўминлар лаббай, деб жавоб бердилар. Келинг, мана бу оятларга қулоқ тутайлик:

Ҳаворийлар айтдилар: “Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз. Аллоҳга имон келтирдик. (Эй Исо,) гувоҳ бўлингки, биз Аллоҳга бўйинсунгувчилармиз”.

Ҳаворийлар Исо алайҳиссаломга имон келтириб, уни тасдиқлаган, даъват йўлида Исога холис кўмакчи бўлган мўмин зотлардир.

Айтилишича, “ҳаворий” сўзи “хос киши” мазмунини ифодалайди. Пайғамбар алайҳиссалом Зубайр ибн Аввом ҳақида: “Ҳар бир пайғамбарнинг ҳаворийси бўлади. Менинг ҳаворийим Зубайрдир”, деганлар.

“Ҳур” сўзи “оппоқ” маъносини англатади. Шу сабабли танаси оқ аёллар, ҳуснда пешқадамлар, ҳурлар, дейилади. Ҳаворийлар қалби тоза, ниятлари холис, қалблари нифоқ, алдов ва кўзбўямачиликдан холи бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло уларни “ҳаворийлар” деб зикр қилган.

Юқоридаги оят маъноси қуйдагича: Исо алайҳиссалом Бани Исроилнинг куфрда қаттиқ туришини кўргач, қавмига нидо қилиб, “Менга кўмакчи бўладиганлар борми?” деди. Шунда ўзларини Аллоҳ йўлига бағишлаган ҳаворийлар:

– Сен излаётган одамлар бизмиз. Ҳақни ҳимоя қилишда сен тарафда турамиз. Биз Аллоҳга аниқ имон келтирдик. Парвардигоримиз ҳар нарсага қодир эканига шубҳасиз ишондик. Мана шу имонимизга сен ҳам гувоҳ бўлишингни истаймиз. Эй Исо, барча пайғамбарлар қавмлари имонига шоҳид бўлганларидек сен ҳам бизнинг мусулмон эканимизга гувоҳ бўлишингни хоҳлаймиз[24]! – деб Исо алайҳиссалом даъватига ижобат қилдилар.

Оятдан кўриниб турибдики, Исо алайҳиссаломга ёрдамчи бўлиш ниятини билдирган бу зотлар имоннинг юқори даражасига чиққан, қалблари зилол сувдек мусаффо, табиатларида қинғирлик ва тойилиш бўлмаган.

Ҳа, ҳаворийлар маломатчининг маломатидан ҳайиқмадилар, ёлғиз Аллоҳдан қўрқдилар. Шунинг учун ҳақ йўлида, эзгулик йўлида кўмакчи бўлишдек бахтга эришдилар.

“Парвардигоро, нозил қилган нарсангга ишондик, пайғамбарингга итоат этдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин!”

Яъни, ҳаворийлар сўзларида давом этиб:

– Ё Парвардигор! Биз пайғамбарларингга нозил қилинган китобларга имон келтирдик, Сен юборган пайғамбарга бўйсундик. Бас, раҳматинг ва фазлу караминг-ла бизни Яккаю ягоналигингни эътироф этган, солиҳ амалларни бажарадиган зотлар қаторига ёзгин! – деб дуою илтижолар қилдилар.

Баъзи уламолар айтишича, ҳаворийлар ўн икки киши бўлишгач, Исо алайҳиссаломга кўмаклашишни лозим тутиб, ҳақ йўлда катта хизмат қилишган.

Шундан кейин Бани Исроил томонидан қилинган иш ҳақида хабар қилинади:

“(Яҳудийлар) макр қилдилар. Аллоҳ ҳам “макр” қилди. Аллоҳ “Маккорроқ”дир”.

“Макр” сўзи тадбир қилиш ё ҳийла билан бошқа тарафга буриб юбориш каби маъноларни ифодалайди. Макрга икки хил қаралади: агар макр қилишдан мақсад ёмонлик ва қабиҳлик бўлса, у қораланади. Яҳудийлар Исо алайҳиссаломга қилган макри бунга мисолдир. Агар макр қилишдан мақсад яхшилик бўлса, у ҳолда бундай макр мақталади.

Исо алайҳиссалом даъватини ёлғонга чиқарган яҳудийлар унга хиёнат қилдилар, ўлдирмоқчи бўлдилар уни. Қабиҳ ниятларини амалга ошириш учун не-не воситаларни ишга солмадилар. Бироқ ҳикматли ва қодир Зот – Аллоҳ таоло уларнинг макрларини бекор қилди, шунча чора-тадбирлари бесамар кетди. Аллоҳ пайғамбари Исо алайҳиссаломга уларнинг ёмонликларидан нажот берди. Аллоҳ “макр” жиҳатидан яҳудийлардан кучлироқ. У Зотнинг тадбири амалга ошувчидир. Аллоҳ жиноятчи кимсаларни кутмаган томонларидан жазолаб қўяди.

Моида сурасини ўқир эканмиз, бу ерда ҳаворийлар Исо алайҳиссаломга айтган гаплари, ундан нима талаб қилганларини билиб оламиз. Аллоҳ таоло шундай хабар қилган:

“Яна ҳаворийларга (сен орқали:) “Менга ва пайғамбаримга имон келтиринглар”, деб ваҳий юборганимда, улар: “Имон келтирдик. (Эй Парвардигор,) бизнинг бўйсунувчилар эканимизга Ўзинг шоҳид бўл”, деганларини эсла! Ҳаворийлар: “Эй Исо ибн Марям, Парвардигоринг бизга осмондан бир дастурхон нозил қилишга қодирми?” деган пайтларида, (Исо уларга:) “Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳдан қўрқинглар”, деб жавоб қилди. Улар дедилар: “Биз (фақатгина) у дастурхондан ейишни ва кўнгилларимиз таскин топишини ҳамда сенинг рост сўзлаганингни аниқ билиб, гувоҳ бўлувчилардан бўлишни истаймиз”. (Шунда) Исо ибн Марям: “Ё Аллоҳ, Парвардигоро, бизга осмондан бир дастурхон нозил қилгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ва Сенинг оят-мўъжизанг бўлиб қолгай. Бизни (шу неъматдан) баҳраманд қил. Ўзинг энг яхши ризқ берувчисан”, деганида, Аллоҳ айтди: “Мен уни сизларга туширувчиман. Аммо (шундан) кейин сизлардан кимда-ким кофир бўлса, уни шундай азобга гирифтор қиламанки, бутун оламлардан бирон одамни ундай азобламайман” (Моида сураси, 111-115-оятлар).

Исо алайҳиссаломга ҳаворийларнинг ёрдамчи қилиниши Аллоҳ таолонинг марҳаматидир. Ҳаворийларга қилинган ваҳий илҳомдир. Улар ўзларига илҳом қилинган нарсага бўйсунган. Бу жумҳур муфассирлар, жумладан, Ибн Касир фикридир. Баъзилар бу ердаги “ваҳий”ни буйруқ маъносида эканини ҳам айтишган.

Яъни, эй Исо, сенга берган неъматларимни, илҳом орқали ҳаворийларга ваҳий қилиб:

– Мен Ёлғиз Илоҳ эканимни, ибодатга муносиб Зот эканимни тасдиқланглар. Мен сизларни тўғри йўлга бошлаши учун юборган Исо ҳақ пайғамбар эканига имон келтиринглар! – деб хитоб қилганимни эсла!

Оятда “Менга ва пайғамбаримга” дейиш билан Исо фақат пайғамбарлардан бири эканига далолат қилинади.

“Имон келтирдик. (Эй Парвардигор,) бизнинг бўйсунувчилар эканимизга Ўзинг шоҳид бўл”, деганларини эсла!

Ҳаворийлар ҳақ динга чақирилганларида:

– Ибодатга энг муносиб Аллоҳ таолога имон келтирдик. Унинг ота-онаси ҳам, фарзандлари ҳам йўқлигига ишондик. Парвардигоро, қиёмат куни биз мўмин эканимизга, Сенга бутунлай таслим бўлганимизга гувоҳ бўл! – деб илтижо қилдилар.

Ҳаворийлар аввал имонни зикр қилдилар. Сабаби у қалб ишидир. Ундан кейин исломни зикр қилдилар. Зеро, таслим бўлиш вужуднинг амалидир. Улар гўё: “Имон қалбимизга мустаҳкам ўрнашган. Бунинг самараси ўлароқ Аллоҳ таоло Исо тилида бизга буюрган ҳар қандай амални қилишга танамиз бўйсунади”, демоқдалар.

Шундан кейин Исо ва ҳаворийлар ўртасида бўлиб ўтган суҳбат келтирилади:

Ҳаворийлар: “Эй Исо ибн Марям, Парвардигоринг бизга осмондан бир дастурхон нозил қилишга қодирми?” деган пайтларида...

Ҳаворийлар Исо алайҳиссаломга “Эй Исо ибн Марям” деб хитоб қилишлари уларнинг ақидаси тўғри бўлгани, Исони ёки унинг онасини худо деб эътиқод қилмаганларини кўрсатади.

Ҳаворийлар мўмин эдилар. Улар Аллоҳнинг қудратига шубҳаланишлари мумкин эмас эди. Бунда Аллоҳнинг қудратидан шак-шубҳа қилиш маъноси йўқ.

Яъни, ҳаворийлар Исо алайҳиссаломга юзланиб:

– Эй Исо, устимизга осмондан дастурхон туширишини Парвардигорингдан сўрай оласанми? – деб мурожаат қилдилар.

Ҳаворийларнинг бу талабига Исо алайҳиссалом шундай жавоб қайтарди:

– Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳдан қўрқинглар.

Яъни, Аллоҳга тақво қилинглар! У Зот белгилаб берган чегарадан ўтманглар! Агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, бундай талабларни ўртага ташламанг! Чин мўмин бандалар фитнага етакловчи бундай саволларни бермайди.

Шунда ҳаворийлар ўз талабларига қуйидагича изоҳ беришди:

– Биз (фақатгина) у дастурхондан ейишни ва кўнгилларимиз таскин топишини ҳамда сенинг рост сўзлаганингни аниқ билиб, гувоҳ бўлувчилардан бўлишни истаймиз.

Яъни, ҳаворийлар Исо алайҳиссаломга қарата: биз қуйидаги сабабларга кўра осмондан дастурхон туширилишини истаймиз:

1. Баракага эришиш учун ўша дастурхондан ейишни хоҳлаймиз. Сенинг рисолатингга имон келтирмаган кимсалар адоват қилиб, тирикчилигимизни танг аҳволга солиб қўйди. Бас, биз ризқ-рўзга муҳтожмиз.

2. Бу дастурхон туширилиши билан сен чақираётган йўл ҳақ эканига қалбимиз таскин топиши, кўнглимиз хотиржам бўлишидан умидвормиз. Зеро, биз сени тасдиқлаймиз. Аммо бундай далиллар қалбимиздаги имонни янада мустаҳкам бўлишига сабабдир.

3. Кейин сенинг ҳақ пайғамбар эканингга янада кўпроқ ишонишни, буни аниқ билишни истаймиз. Сен бизга ерда мўъжиза кўрсатдинг. Энди осмондан дастурхон нозил бўлиши ҳақиқатан ростгўй эканингни кўрсатади.

4. Бани Исроил қавмидан бўлган кимсалар кўрмаган мўъжизаларни кўриб, уни тасдиқлашни, бунга гувоҳ бўлишни хоҳлаймиз. Бу билан имонлилар имони зиёда бўлади. Имонга мойил кишилар шубҳа-гумондан фориғ бўлади.

Мана шу жумлалар ҳаворийлар Аллоҳнинг қудратига, ё Исо алайҳиссаломнинг пайғамбар эканига шубҳа билан қарамаганларидан дарак беради. Осмондан дастурхон туширилишини сўрашдан улар бошқа нарсани мақсад қилишган.

Ҳаворийлар нима сабабдан осмондан дастурхон тушишини сўраётганларини эшитган Исо Аллоҳга юзланиб:

– Ё Аллоҳ, Парвардигоро, бизга осмондан бир дастурхон нозил қилгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ва Сенинг оят-мўъжизанг бўлиб қолгай. Бизни (шу неъматдан) баҳраманд қил. Ўзинг энг яхши ризқ берувчисан, – деди.

Яъни, Исо алайҳиссалом ёрдамчиларининг ҳужжат-далилларини эшитгач, Парвардигорига тазарру қилди:

– Ё Аллоҳ! Дуоларимизни қабул қилувчи Сенсан! Устимизга осмондан бир дастурхон туширишингни сўраймиз. Унда егулик ва таомлар бўлсин. Бу дастурхон тушган куни биз учун байрам ва хурсандчилик вақти бўлади. Биз бунинг эвазига Сенга кўп шукрлар қиламиз. Биздан кейингилар учун ҳам бу кун шодиёна куни бўлиб қолади. Самодан тушадиган бу дастурхон менинг ростгўй пайғамбарлигимни тасдиқловчи мўъжизалардан бири бўлади. Буни кўриб уларнинг имонлари зиёда бўлади, сенинг қудратингга аниқ ишонадилар!

“Бизни (шу неъматдан) баҳраманд қил. Ўзинг энг яхши ризқ берувчисан”.

Яъни, Парвардигоро, устимизга сўраганимизни нозил қил! Бизни ризқинг билан сийла! Зеро, Сен энг яхши ризқлантирувчи Зотсан. Сендан бошқаси берган нарсалар ўткинчи ва завол топувчидир.

Исо алайҳиссалом бу таъсирчан дуода “Ё Аллоҳ” ва “Парвардигоро”ни жамлаган. Бу билан Аллоҳ таолога ўта хокисорлик изҳор қилинмоқда. Шундай қилинса, дуонинг ижобати яқинроқ бўлади.

Дастурхоннинг айнан осмондан туширилиши унинг ўта олий ва қадрли неъмат бўлиши, ҳиссий ва маънавий жиҳатдан юқори эканини кўрсатади. Ўз навбатида бу неъматнинг шукрини адо қилиш, Аллоҳга хушу-хузу билан муттасил ибодат қилиш лозим бўлади.

Фахриддин Розийга кўра, ҳаворийлар кўкдан дастурхон тушишини сўраганларида, аввал ейиш мақсадини баён қилдилар, кейин диний ва руҳоний мақсадларни келтирдилар. Исо алайҳиссалом эса биринчи диний мақсадларни зикр қилиб, кейин дуоси охирида дунёга тегишли нарсаларни эслади. Мана шу нарса бандалар орасида руҳий жиҳатдан ҳар кимнинг даражаси турлича бўлишини, баъзиларда руҳий жиҳатлар, айрим кишиларда эса жисмоний-моддий жиҳатлар устунлик қилишини кўрсатади.

Исо алайҳиссалом қалби софлигидан, комил имон эгаси бўлганидан ризқни эслаши билан кетидан ризқ берувчи Аллоҳни зикр қилган[25].

Аллоҳ айтди: “Мен уни сизларга туширувчиман. Аммо (шундан) кейин сизлардан кимда-ким кофир бўлса, уни шундай азобга гирифтор қиламанки, бутун оламлардан бирон одамни ундай азобламайман”.

Яъни, пайғамбарим Исо дуосини ижобат этаман, устингизга осмондан дастурхон тушираман. Мана шу дастурхон тушишини талаб қилганлар ичидан кимда-ким кофир бўлса, бас, Мен уни шундай азоблайманки, бундай қаттиқ азобни бирон киши тортмайди!

“Бутун оламлардан бирон кишини ундай азобламайман” дейилиши бу азобнинг жуда қаттиқ эканини билдиради.

Аллоҳнинг оятларини инкор қиладиганлар бу тахлит огоҳлантирилишига сабаб:

1. Ўзлари уни талаб қилиб, кейин инкор қилганлари.

2. Мўъжизаларни кўзлари билан кўра туриб очиқчасига ундан юз ўгирганлари.

3. Аллоҳнинг ёлғизлигига, Унинг қудратига ва Пайғамбарнинг ростгўйлигига далолат қилувчи белгиларнинг аниқ-равшан келтирилиши. Ақлли киши бундай оятларни инкор қилиши мумкин эмас.

Аллоҳнинг оятларини инкор қилишга сабаб нонкўрлик, ўжарлик ва ҳасаддир. Ношукр ва ҳасадгўй кимсалар жуда қаттиқ азобга гирифтор бўлишга лойиқдирлар.

Мана шу оятлар билан боғлиқ икки масала борки, улар ҳақида имкон қадар тўхталиб ўтамиз.

Биринчи масала: ҳаворийларнинг мусулмон бўлгани ҳақида уламолар фикри.

Иккинчи масала: дастурхон тушиши ҳақида уламолар қараши.

Ҳаворийларнинг имони борасида турли фикрлар айтилишига сабаб, уларнинг Исо алайҳиссаломга қарата: “Эй Исо ибн Марям, Парвардигоринг бизга осмондан бир дастурхон нозил қилишга қодирми?” деган сўзларидир. Зеро, оятнинг зоҳирий маъносига кўра, ҳаворийлар Аллоҳ осмондан дастурхон туширишига шубҳа билан қарашган.

Баъзи уламоларга кўра, жумладан, имом Замахшарий наздида, ҳаворийлар мусулмон бўлишмаган. Улар шунчаки имон ва исломни даъво қилишган, қалбдан бўйсунишмаган. Агар даъволари рост бўлганида, Исо алайҳиссаломга бу тарзда савол бермаган бўлардилар. Замахшарий ҳаворийлар шак қилишгани, Исо алайҳиссалом уларга: “Агар имон келтирдик, деган даъволарингиз тўғри бўлса, Аллоҳга тақво қилинглар, Унинг қудратига шубҳаланманглар. Менга бундай саволларга берманглар. Аллоҳнинг оятларини муҳокама қилманглар!” деб хитоб қилган[26].

Жумҳур уламоларга кўра, ҳаворийлар Исога: “Парвардигоринг осмондан дастурхон тушира оладими?” дейишганида мўмин бўлишган. Уларга кўра, ҳаворийларнинг Исо алайҳиссаломга айтган гаплари Аллоҳнинг қудратидан шубҳаланиш маъносида эмас. Бу гап билан улар мўминлик мартабасидан тушмайдилар. Улар қалблари хотиржам бўлиши, эшитган нарсаларини кўриш орқали янада кучлироқ имон соҳиби бўлиш учун шундай савол берганлар. “Ундан ейишни ва унинг сабабидан қалбимиз таскин топишини истаймиз”, деган гаплари шунга далолат қилади.

Иброҳим алайҳиссалом ҳам шу каби савол билан Аллоҳга мурожаат қилган эди: “Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Иброҳим: “Парвардигорим, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсатгин”, деганида, Аллоҳ: “Ишонмаганмидинг?” деди. Иброҳим: “Йўқ, (ишонаман-ку), лекин дилим (яна ҳам) таскин топиши учун”, деди” (Бақара сураси, 260-оят).

Жумҳур уламолар наздида, ҳаворийларнинг саволи феъл (ишни амалга ошириш) ҳақидадир, унга қодирлик борасида эмас.

Бизнингча, жумҳур уламолар фикри ва далиллари кучлидир. Сабаби, Аллоҳ таоло уларга илҳом қилиб имон неъмати билан сийлаганини зикр қилган. Агар ҳаворийлар мўмин бўлмаганларида, Аллоҳ буни баён қиларди. Одатда Аллоҳ таоло пайғамбарларини мунофиқлар макр-ҳийлаларидан огоҳлантирган. Агар ҳаворийлар мўмин бўлмаганларида, Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга эргашганларни имон ва ихлосда уларга тенглаштирмаган бўларди. Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй мўминлар, сизлар ҳам худди (ҳаворийлар каби) Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлинг! Исо ибн Марям ҳаворийларга: “Аллоҳга (яъни, Унинг динига даъват қилишимда) ким менинг ёрдамчим бўлади?” деганида, ҳаворийлар: “Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз”, дедилар” (Саф сураси, 14-оят).

Мана бу оятлар ҳам ҳаворийлар имон соҳиблари бўлганидан дарак беради: “Энди қачон Исо улар (яҳудийлар) томондан куфрни кўргач: “Аллоҳнинг (динига даъват қилишимда) ким менга ёрдамчи бўлади?” деди. Ҳаворийлар айтдилар: “Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз. Аллоҳга имон келтирдик. (Эй Исо,) гувоҳ бўлингки, биз Аллоҳга бўйинсунгувчилармиз. Парвардигоро, нозил қилган нарсангга ишондик, пайғамбарингга итоат этдик. Бас, бизни гувоҳ берувчилар қаторига ёзгин!” (Оли Имрон сураси, 52-53-оятлар).

Уламолар баҳс қилган иккинчи масала дастурхон тушиши билан боғлиқ. Жумҳур уламоларга кўра, дастурхон осмондан тушган. Ибн Жарир Табарий: “Бизнингча, гапнинг тўғриси шуки, Аллоҳ дастурхонни туширган. Чунки Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди. Аллоҳнинг хабарида хилоф бўлмайди. Парвардигоримиз Исо алайҳиссалом дуосига жавобан: “Мен уни тушираман”, деган. Аллоҳ устингизга дастурхон тушираман, деб кейин уни туширмаслиги мумкин эмас”, деган[27].

Ибн Касир Табарийнинг қавлини маъқуллаган ва салафлардан қилинган ривоятлар ва далиллар шунга ишора қилишини таъкидлаган.

Термизий Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Дастурхон осмонда тушди. Унда нон ва гўшт бор эди. Бас, улар хиёнат қилмаслик ва эртанги кун учун заҳира қилиб олиб қўймасликка буюрилди. Лекин улар хиёнатга қўл урдилар, (ўша таомлардан) эртанги кунга олиб қўйдилар. Бас, шунда маймун ва тўнғизларга айлантирилдилар”.

Ибн Абу Ҳотим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, улар Исо ибн Марямга: “Аллоҳга дуо қил, устимизга осмондан дастурхон туширсин!” дейишди. Шунда фаришталар дастурхонни кўтариб олиб тушишди. Унда еттита катта балиқ ва еттита нон бор эди. Аввалгилар ўша егуликлардан қандай еган бўлса, охиргиси ҳам шундай истеъмол қилди[28]”.

Баъзи муфассирлар осмондан тушган дастурхон устига қандай таомлар бўлгани, қаерга ва қандай қилиб тушгани, унинг очилиши ва ёпилиши ҳақида узундан-узоқ ривоятларни келтирадилар. Бизнингча, уларни четлаб ўтиш афзал. Чунки ўша ривоятларнинг санади заифдир.

Бу ўринда менга Ибн Жарирнинг сўзи маъқул келди. Тўғриси шуки, ўша дастурхон устида егуликлар бўлган. У балиқ, нон ё жаннат меваларидан бири бўлиши мумкин. Буни билишнинг фойдаси, билмай қолишнинг зарари йўқ. Оятни ўқиётган қори оятнинг зоҳирий маъносига иқрор бўлса кифоя[29].

Баъзи уламолар айтишича, ҳаворийлар сўраган дастурхон осмондан тушмаган. Уларга кўра, ҳаворийлар дастурхон тушиши шартини эшитганларидан кейин: “У ҳолда унинг тушишига ҳожатимиз йўқ”, дейишган ва шу зайл туширилмаган.

Бизнингча, жумҳур уламолар фикри ҳақиқатга яқинроқдир. Оятнинг зоҳирий маъносига кўра, осмондан дастурхон тушган. Буни қувватловчи ривоятлар ҳам етарли.

Саф сурасининг охирги оятларида ҳаворийлар шаънига мақтовлар айтилган, мўминлар уларга ўхшашга чақирилган. Аллоҳ таоло шундай деган:

“Эй мўминлар, сизлар ҳам худди (ҳаворийлар каби) Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлинг! Исо ибн Марям ҳаворийларга: “Аллоҳга (даъват қилишимда) ким менинг ёрдамчим бўлади?” деганида, ҳаворийлар: “Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз”, дедилар. Бас, Бани Исроилдан бир тоифа (одамлар Исога) имон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди. Бас, Биз имон келтирган зотларни душманларидан кучли қилиб, улар (кофирлар устига) ғолиб бўлиб қолдилар” (Саф сураси, 14-оят).

Яъни, эй, Аллоҳ таолога ҳақиқий имон келтирган мўминлар! Худди ҳаворийлар каби Аллоҳнинг динига доим кўмакчи бўлинглар! Исо уларни даъват қилганида, улар пайғамбарларига ёрдам бериб, унинг ёнида сабот билан турдилар.

Бу оятда мўмин бандалар қанча машаққат бўлишидан қатъи назар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида туриб, ҳақиқат йўлида курашишга, суюкли Пайғамбарга ёрдамчи бўлишга чақирилмоқда.

Исо ибн Марям ҳаворийларга: “Аллоҳга (даъват қилишимда) ким менинг ёрдамчим бўлади?” деганида, ҳаворийлар: “Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз”, дедилар.

Исо алайҳиссалом ҳаворийлар имони қай даражада қувватли эканини синаш учун уларга юзланиб:

– Аллоҳнинг динини етказишда, Унинг ўзига ибодат ва итоат этишда менга ким мадад бера олади?! – деб хитоб қилди. Ҳаворийлар Исонинг саволига жавобан:

– Мана биз ёрдамчи бўламиз Аллоҳнинг динига. Жонимиз ва молу давлатимизни бу йўлда аямаймиз. Бор кучимиз билан Аллоҳнинг сўз олий бўлиши учун ёрдам берамиз, – дедилар.

“Бас, Бани Исроилдан бир тоифа (одамлар Исога) имон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди”.

Исо ҳаворийларни имонга, дин йўлида ёрдамчи бўлишга чақирганида, улар “лаббай” деб жавоб бердилар. Аммо Бани Исроил қавмидаги бошқа одамлар Исонинг пайғамбарлигини тан олишмади.

“Бас, Биз имон келтирган зотларни душманларидан кучли қилиб, улар (кофирлар устига) ғолиб бўлиб қолдилар”.

Бу ерда икки тоифанинг икки хил оқибати ҳақида маълумот берилмоқда.

Яъни, Исо алайҳиссалом қавми ичидан унга имон келтирганлар ҳам бўлди, унга кофир бўлганлар ҳам кўп эди. Аллоҳ имонлиларни қўллаб-қувватлади, уларга нусрат ато этди, мўминларни куфр келтирган кимсалар устидан ғолиб қилди. Мўминлар Аллоҳнинг фазли билан ғалабага эришдилар.

Бу оятда ҳар бир замон ва макондаги мўминларни имонга, солиҳ амалларга тарғиб қилинмоқда. Аллоҳнинг суннати (қонуни, тақдири) мўминларга чиройли оқибат бўлишини тақозо этади.

Юқорида келтирилган маълумотлар ҳаворийлар Исо алайҳиссалом даъватига чиройли жавоб қилганлари, унинг олдида елкадош бўлиб, дин хизматида бўлганларини кўрсатади.

ИСО АЛАЙҲИССАЛОМГА ЭРГАШЛАР КИШИЛАР ҲАҚИДА ҚУРЪОНДА НИМА ДЕЙИЛГАН?

Исо алайҳиссалом Аллоҳ таоло томонидан Бани Исроил қавмига юборилганида, одамларни тавҳидга, Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват қилди, уларни ширкдан қайтарди ва одоб-ахлоқли бўлишга чақирди. Қавм орасида баъзилар Исога имон келтирди, уни тасдиқлади. Баъзилар пайғамбарни инкор қилди, ҳақ йўлдан тойилди. Яна бир тоифа одамлар Исо алайҳиссалом буюрмаган амалларни ўзларига лозим тутиб, дунё лаззатларидан юз ўгирдилар, Аллоҳ рози бўлмайдиган тарзда таркидунёчиликни афзал билдилар.

Ҳадид сурасида Исо алайҳиссаломга эргашганлар орасида баъзилар динда янгилик яратиб, бидъатларга рағбат қилганлари, бошқалар эса ҳақ йўлдан борганлари айтилади. Аллоҳ таоло шундай деган:

“Ҳақиқатан, Биз Нуҳ ва Иброҳимни пайғамбар қилиб бордик ҳамда пайғамбарлик ва Китобни (яъни, Таврот, Инжил, Забур ва Қуръонни) ҳам икковининг зурриётларига (ато) қилдик. Бас, уларнинг орасида ҳидоят топувчи (кишилар) ҳам бор, (аммо) кўплари фосиқ-итоатсиздирлар. Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам (уларнинг) ортидан юбордик ва унга Инжилни ато этдик ҳамда унга эргашган зотларнинг дилларида меҳрибонлик ва раҳм-шафқат (пайдо) қилдик. Роҳибликни эса ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга (роҳиб бўлишларини) ёзганимиз – буюрганимиз йўқ, лекин ўзлари Аллоҳнинг розилигини истаб (роҳибликни одат қилдилар-у), сўнг унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, Биз улардан имон келтирган зотларга ажр-мукофотларини ато этдик. (Аммо) улар орасида кўплари фосиқ-итоатсиздирлар” (Ҳадид сураси, 26-27-оятлар).

Аллоҳ таоло одамларни тўғри йўлга бошлаш учун жуда кўп пайғамбарлар юборди. Жумладан, Нуҳ ва Иброҳим алайҳимуссаломни юбориб, уларнинг зурриётларидан яна кўп анбиёларни чиқарди. Ўша пайғамбарларга Китобни туширди: Мусога Тавротни, Довудга Забурни нозил қилди.

Бу ерда Нуҳ ва Иброҳим алайҳимуссаломнинг хосланишига сабаб, барча набийлар шу икки пайғамбар наслидан тарқалган.

“Бас, уларнинг орасида ҳидоят топувчи (кишилар) ҳам бор, (аммо) кўплари фосиқ-итоатсиздирлар”.

Ўша пайғамбарлар зурриётидан ҳақ йўлда юрган ва имон келтирган зотлар ҳам бор. Бироқ кўплари фосиқдирлар, ҳақ йўлдан оғиб куфр ва залолат йўлини ихтиёр қилганлар.

“Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам (уларнинг) ортидан юбордик”.

Яъни, Биз пайғамбарларни кетма-кет юбордик. Исо ибн Марямни ҳам пайғамбар қилдик, қавмини ҳидоятга йўллаш учун унга Инжилни ваҳий қилдик.

Исога берилган Китобнинг “Инжил” дейилишига сабаб, у кенглик, нур ва зиё эди. Исо қавмини тўғри йўлга чорлаш ва уларга башорат бериш учун Аллоҳ Инжилни унга туширган[30].

Шундан кейин Исо алайҳиссаломга эргашган кишиларга хос баъзи сифатлар зикр қилинади:

“Ҳамда унга эргашган зотларнинг дилларида меҳрибонлик ва раҳм-шафқат (пайдо) қилдик. Роҳибликни эса ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга (роҳиб бўлишларини) ёзганимиз – буюрганимиз йўқ, лекин ўзлари Аллоҳнинг розилигини истаб (роҳибликни одат қилдилар)”.

“Роҳиблик” насроний роҳиблари Аллоҳдан қўрқиш ва дунёдан юз ўгириш учун ўзлари ўйлаб топган нарсадир.

Оятнинг маъноси қуйидагича: Аллоҳ Бани Исроил қавмига пайғамбар қилиб юборилган Исо алайҳиссаломга имон келтирган ва эргашган кишилар қалбида меҳр-шафқат ва мулойимликни, меҳрибонликни пайдо қилди. Улар орасидаги бидъатчилар ўзлари учун таркидунёчиликни ўйлаб топдилар. Аллоҳ уларни бунга буюрмаган эди. Улар Аллоҳ розилигини қозониш учун шундай қилдилар.

“Сўнг унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, Биз улардан имон келтирган зотларга ажр-мукофотларини ато этдик. (Аммо) улар орасида кўплари фосиқ-итоатсиздирлар”.

Лекин улардан кўпи роҳиблик тақозо этадиган зуҳд, тақво ва иффатни сақлашга тўлиқ риоя қилолмадилар. Уларнинг таркидунёчилиги тўғри ибодатдан холи расм-русумлардангина иборат бўлиб қолди. Насронийлар ўзлари ўйлаб чиқарган таркидунёчиликка жуда кам одамлар сабр қила олдилар. Аллоҳ Исога эргашган зотларга беҳисоб ажр-мукофотлар берди. Бироқ Исони инкор қилган ёки у келтирган нарсаларни ўзгартирган кимсалар муносиб жазоларини оладилар.

“(Аммо) улар орасида кўплари фосиқ-итоатсиздирлар” жумласи Исо алайҳиссаломни инкор қилган, Аллоҳнинг буйруқларидан бўйин товлаган кимсалар пайғамбарга эргашган кишилардан кўпроқ бўлганини билдиради.

Бу оятда Исога чиройли суратда эргашган, қалбларини нопокликлардан тозлаган ва дунёнинг ортиқча матоҳларидан четроқ бўлган кишилар шаънига мақтов айтилмоқда. Шунингдек, Исо алайҳиссалом олиб келган шариатни ўзгартириб юборган, Аллоҳнинг ғазабини қўзғатадиган гуноҳларни содир этган кимсалар қораланмоқда.

Моида сурасида Исо алайҳиссаломга эргашганлар орасида Аллоҳга ихлос билан ибодат қилган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватлари етиб келганида, унга эргашган кишилар мақталган. Аллоҳ таоло шундай деган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз мўминларга энг қаттиқ адоват қилувчи одамлар яҳудийлар ва мушриклар эканини кўрасиз. Мўминларга дўст бўлишга яқинроқ кишилар эса: “Биз насронийлармиз”, деган кишилар эканини кўрасиз. Бунга сабаб, уларнинг орасида олимлар ва роҳиблар бор экани ва уларнинг кибр-ҳаво қилмасликларидир. Улар Пайғамбарга нозил қилинган нарсани (Қуръонни) эшитган пайтларида унинг ҳақ эканини билганлари сабабли кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз. Улар дейдилар: “Парвардигоро, имон келтирдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин[31]. Бизга нима бўлдики, Аллоҳга ва бизга келган ҳақ динга ишонмаймиз-у, яна Парвардигоримиз бизни ҳам бу солиҳ қавм билан бирга (жаннатга) дохил қилишини тамаъ қиламиз?!” Бас, шу гаплари сабабли Аллоҳ уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий яшайдиган жаннатлар билан мукофотлади. Бу чиройли амал қилувчиларнинг мукофотидир. Кофир бўлган ва оятларимизни ёлғон, деган кимсалар эса жаҳаннам эгаларидир” (Моида сураси, 82-86-оятлар).

Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинади: “Нажоший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир гуруҳ одамларини юборди. Бас, улар мусулмон бўлдилар. Аллоҳ улар ҳақида “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз мўминларга энг қаттиқ адоват қилувчи одамлар яҳудийлар ва мушриклар эканини кўрасиз” оятини нозил қилди. Улар Нажоший олдига қайтиб борганларида, унга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабарларини етказдилар ва Нажоший ҳам мусулмон бўлди. Нажоший умрининг охиригача мусулмон бўлиб қолди (яъни, мусулмон ҳолида вафот этди). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биродарингиз Нажоший вафот этди. Унга намоз ўқинглар”, дедилар. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистондаги Нажошийга Мадинада туриб (ғойибона) жаноза намозини ўқидилар” (Ибн Жарир ривоят қилган).

Ибн Жарир ушбу оятлар нозил бўлишига сабаб бир қанча ривоятларни келтиргач: “Менинг наздимда тўғри гап шуки, Аллоҳ “Биз насронийлармиз”, деган қавмнинг сифатларини келтирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни имон аҳлига энг яқин ва муҳаббатли эканини кўрганлар. Бу ерда уларнинг исмлари келтирилмаган. Балки улар Нажошийнинг асҳобларидир. Балки Исо алайҳиссалом шариатига эргашган ва Ислом даъвати келганидан кейин мусулмон бўлган, Қуръон эшитиб, унинг ҳақ Калом эканини билган кишилардир[32]”.

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз мўминларга энг қаттиқ адоват қилувчи одамлар яҳудийлар ва мушриклар эканини кўрасиз”.

Яъни, эй Муҳаммад, Сиз одамларни ҳақ динга даъват қилиш чоғида Сизга ва даъват қилаётган йўлингизга эргашганларга энг қаттиқ душманлик қиладиганлар яҳудийлар ва мушриклар эканини кўрасиз. Уларнинг адоватига сабаб ҳасад, кўролмаслик, нонкўрлик ва ғурурдир. Мана шу разил иллатлар қалбга ўрнашса, уни ҳидоятдан, ҳаққа имон келтиришдан тўсиб қўяди.

“Мўминларга дўст бўлишга яқинроқ кишилар эса: “Биз насронийлармиз”, деган кишилар эканини кўрасиз”.

Яъни, эй Муҳаммад, яҳудийлар ва ширк келтирган кимсалар сизларга энг ашаддий душман бўлса, “Биз насронийлармиз”, дейдиганлар Сизга ва асҳобларингизга яқинроқ, мўминларни яхши кўрувчидирлар.

“Бунга сабаб, уларнинг орасида олимлар ва роҳиблар бор экани ва уларнинг кибр-ҳаво қилмасликларидир”.

Бунга сабаб, насронийлар ичида илм талабида ҳаракат қиладиган, ўзгаларни маърифатга бошлайдиган, Аллоҳга ибодат қилишга рағбат қилиб, дунёнинг ортиқча лаззатларидан тийиладиган кишилар борлигидир. Улар ҳаққа бўйин эгишдан ор қилмайдилар. Агар ҳақни тушунсалар, уни билсалар, камтарлик билан итоат этадилар, мағрурлик ва кибр кўчасини ҳатлаб ўтадилар.

Алусий шундай деган: “Ушбу оят тавозеъ, илм ва амалга юзланиш, шаҳватлардан тийилиш қаерда бўлса ҳам мақталган сифатлардан эканига далолат қилади”.

Шундан кейин насроний уламолари Қуръон эшитганда қандай ҳолатга тушишлари тасвирланади:

“Улар Пайғамбарга нозил қилинган нарсани эшитган пайтларида унинг ҳақ эканини билганлари сабабли кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз”.

Бу ерда “Пайғамбар”дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, “Пайғамбарга нозил қилинган нарса” эса Қуръони каримдир.

“Биз насронийлармиз”, дейдиган олим кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръонни эшитсалар, тиловатдан қалблари таъсирланади, нафслари хотиржам бўлади. Бунинг натижасида кўзларидан дув-дув ёш тўкилади. Улар Қуръон эшитиб, аввал билмаган ҳақиқатларини англаганлари учун кўз ёшларини тийиб туролмайдилар.

Мана шу оятда Қуръоннинг қалбга нақадар кучли таъсир қилиши, дил ҳақни қабул қилса, инсон кўзидан ёш тўкилиши таъкидланмоқда. Қуръон нури ва ҳидояти қалбга сингганидан кейин қувонч ва муҳаббат кўз ёшлари дийдалардан сизиб чиқади.

Шундан сўнг улар ҳақни эшитиб нима дейишлари келтирилади:

Улар дейдилар: “Парвардигоро, имон келтирдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин”.

Яъни, Парвардигоро, биз эшитган нарсамизга тўлиқ имон келтирдик. Бас, бизни Муҳаммад алайҳиссаломга имон келтирган ва одамларни зулматдан ҳидоят нурига олиб чиққан жамики пайғамбарларни тасдиқлайдиган зотлар қаторида ёзгин!

“Бизга нима бўлдики, Аллоҳга ва бизга келган ҳақ динга ишонмаймиз-у, яна Парвардигоримиз бизни ҳам бу солиҳ қавм билан бирга (жаннатга) дохил қилишини тамаъ қиламиз?!”

Яъни, Яккаю Ёлғиз Аллоҳ таолога, Муҳаммад алайҳиссалом олиб келган, инсониятни бахту саодатга бошловчи Қуръонга имон келтиришимизга нима монелик қилади?! Парвардигоримиз бизларни имонимиз сабабидан солиҳ қавмлар қаторига киритишини умид қилаётган бўлсак, (яна нима тўсқинлик қилади мусулмон бўлишимизга)?!

Кўриниб турибдики, улар Қуръонни бутун вужудлари билан тинглаганларидан кейин тиловатдан қаттиқ таъсирландилар ва кўзларидан шашқатор ёш оқди. Шундан кейин Аллоҳ таолодан уларни мўминлар қаторида ёзишини сўраб илтижо қилдилар. Булар аввалда насроний бўлиб, кейин Исломни қабул қилган зотларнинг қалби қордек оппоқ, табиатлари ҳаққа мойил, ҳақ даъватни ҳеч қандай тараддудсиз қабул қилишга илҳақ бўлганларига далолат қилади.

У зотлар имонга мушарраф бўлиб, ўзлари учун чиройли оқибат нақд эканига ишониб қолмадилар, балки Аллоҳ таолога юзланиб, мағфиратидан, раҳматидан умидвор эканларини изҳор қилдилар. Имонида содиқ мўмин шундай бўлади. У савоб амалларни қанча кўп қилмасин, Аллоҳнинг фазли-марҳамати ва ҳисобсиз неъматлари олдида ўзи қилган нуқсонли амалларни кичик санайди, Аллоҳнинг азобидан қўрқади, У Зотнинг раҳматидан умид қилади.

Қалби пок, ҳақ йўлга мойил бўлган бу зотлар оқибатда Аллоҳнинг улуғ марҳаматига сазовор бўлдилар:

“Бас, шу гаплари сабабли Аллоҳ уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий яшайдиган жаннатлар билан мукофотлади. Бу чиройли амал қилувчиларнинг мукофотидир”.

Бу зотларнинг имон ва ихлос нафаси уфуриб турган покиза сўзлари сабабидан Аллоҳ уларни мукофотлайди, дарахтлари остидан дарёлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритади. Улар жаннатда абадий қоладилар. Мана шу Аллоҳ ихлосли мўмин бандаларга амаллари ва чиройли сўзлари учун берган мукофотидир.

“Шу гаплари сабабли”, деганда “Парвардигоро, имон келтирдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин” деб қилган илтижоларини назарда тутилмоқда. Мана шу сўз уларнинг ихлосли эканига, қалбидаги имони ҳақиқий бўлганига далолат қилади. Аллоҳ айнан шу сўз туфайли уларни муносиб тақдирлади.

Бу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ уларга сўраганларидан ҳам афзалини ато қилди (Дуо қилиш бобида бу оятлар ҳар биримиз учун ибратдир. Зеро, қачон Аллоҳга ихлос билан юзлансак, Аллоҳ дилимиздаги тилакларни ортиғи билан ато этади. У Зотнинг фазлу марҳамати чексиздир. – таржимон).

Юқорида келтирилганлар пайғамбар сўзини тасдиқлаб, ҳақиқий мўмин бўлган зотларнинг мукофотидир. Бироқ имондан юз ўгирган, ҳақни қабул қилишдан бош тортган кимсаларнинг оқибати мана бу оятда баён қилинади:

“Кофир бўлган ва оятларимизни ёлғон, деган кимсалар эса жаҳаннам эгаларидир”.

Ҳақни инкор қилган, Аллоҳнинг ёлғизлигига далолат қилувчи оятларни ёлғончи чиқарган кимсалар жаҳаннамга кирадилар.

Куфр йўлини ихтиёр қилганлар оқибати бундай бошқача бўлмайди.

Кўриниб турибдики, Қуръони каримда “Биз насронийлармиз”, деб Қуръондан таъсирланган, ҳақ дин келганида уни зудлик билан қабул қилган ва имонга мушарраф бўлган зотлар шаънига мақтовлар айтилган. (Насронийми, яҳудийми, қайси миллатга мансуб бўлса ҳам, кимда-ким Аллоҳга имон келтирса ва солиҳ амалларни ихлос билан бажарса, ана ўша банданинг оқибати чиройли бўлади. – таржимон).

Куфр келтирганлар, Аллоҳнинг оятларини инкор қилганлар эса дўзах эгаларидир. Улар у ерда абадий қоладилар.

ҚУРАЙШ МУШРИКЛАРИНИНГ ИСО АЛАЙҲИССАЛОМГА БЎЛГАН МУНОСАБАТИ

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалда ўтган пайғамбар биродарларига кўп мақтовлар айтганлар. Жумладан, Исо ибн Марямни мақтаб: “Мен дунёда ҳам, охиратда ҳам одамлар ичида Исо ибн Марямга энг ҳақлироқман. Иккимизнинг орамизда бирон пайғамбар йўқдир”, деганлар. Бироқ Қурайш қавмининг мушриклари Исо ҳақида бутунлай ўзгача фикрда эдилар. Улар бу улуғ пайғамбарни инкор қилар, уни тан олгилари келмасди.

Уларнинг Исо алайҳиссаломга бўлган муносабатлари Қуръони каримда қуйидагича ифодаланган. Аллоҳ таоло айтади:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) қачонки (Исо) ибн Марям мисол келтирилса, баногоҳ қавмингиз (бу мисолдан шодланиб) қичқира бошлайдилар. Улар: “Бизларнинг илоҳларимиз яхшироқми ёки уми (яъни, Исоми)?!” дедилар. Улар (бу мисолни) Сизга фақат талашиб-тортишиш учунгина келтирдилар. Ахир улар хусуматчи-урушқоқ қавмдирлар[33]! У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир. Биз уни Бани Исроил учун бир мисол-ибрат қилдик. Агар хоҳлаганимизда, албатта сизларнинг ўрнингизга ерда халифа бўладиган фаришталарни (пайдо) қилган бўлар эдик. Албатта (Исо қиёмат) соати ҳақида билим-аломатдир. Бас, сизлар у ҳақида ҳаргиз шак-шубҳа қилмангиз! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Макка аҳлига айтинг:) “Менга эргашинглар! Мана шу тўғри йўлдир. Сизларни шайтон ҳаргиз (Аллоҳнинг динидан) тўсмасин! Албатта у сизлар учун очиқ душмандир”. Қачонки Исо аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, деди: “Мана, мен сизларга ҳикмат – Инжил билан, ўзларингиз ихтилоф қилаётган айрим нарсаларни баён қилиб бериш учун келдим. Бас, Аллоҳдан қўрқинг ва менга итоат этинг! Албатта менинг Парвардигорим ҳам, сизларнинг Парвардигорингиз ҳам Аллоҳнинг Ўзидир. (Ёлғиз) Унга ибодат қилинглар! Мана шу тўғри йўлдир”. Сўнг (насронийлар ичидан чиққан) фирқалар ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, у золим кимсаларга аламли куннинг азоби – ҳалокат бўлгай! Улар фақат ўзлари сезмаган ҳолларида (қиёмат) соати тўсатдан келиб қолишини кутмоқдалар, холос” (Зухруф сураси, 57-66-оятлар).

Муфассирлар нақл қилишича, “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Биз Сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни, улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқинг-чи, Биз Раҳмондан ўзга ибодат қилинадиган “илоҳ”лар қилганмиканмиз?!” ояти нозил бўлганида, мушриклар Исо алайҳиссалом ҳақидаги масалани кўтариб: “Насронийлар Исони худо қилиб олганларидек Муҳаммад биздан уни илоҳ қилиб олишимизни хоҳлаяпти шекил!” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло “Қачонки (Исо) ибн Марям мисол келтирилса, баногоҳ қавмингиз (бу мисолдан шодланиб) қичқира бошлайдилар” оятини нозил қилди.

Жумҳур муфассирлар бу оят Ибн Забаъро мусулмон бўлишидан олдин талашиб-тортишган масала ҳақида нозил қилинганини айтишган. Унга кўра, “(Эй мушриклар,) сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир” ояти (Анбиё сураси, 98-оят) нозил бўлганида, Ибн Забаъро:

– Эй Муҳаммад, насронийлар Масиҳга, яҳудийлар Узайрга ва Бани Мулайҳ фаришталарга сиғинганлар-ку? Агар улар дўзахда бўлса, биз ҳам, илоҳларимиз ҳам дўзахда бўлишига розимиз! – деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Қавминг тилини билмайсанми?! (Араб тилидаги) “маа” ҳарфи ақл юритмайдиган (ғайри оқил) нарсаларга ишлатилишини тушуниб етмадингми?! – дедилар. Бошқа ривоятда айтилишича, у зот: “Улар шайтонга сиғинишган”, деганлар. Шунда юқоридаги оятлар нозил қилинган[34].

Яъни, Ибн Забаъро Исо ибн Марямни мисол келтириб, Сиз билан тортишганида, Қурайш кофирлари бақиришиб, шодланганларидан қичқириб юбордилар. Чунки Ибн Забаъронинг гапини эшитиб, “Биз Муҳаммадни жангда енгдик, мот қилдик уни деб ўйлагандилар.

Улар: “Бизларнинг илоҳларимиз яхшироқми ёки уми (яъни, Исоми)?!” дедилар.

Бу ерда савол беришдан мақсад Исо алайҳиссаломни ўз илоҳларидан афзал билишдир. Гўё мушриклар: “Сен Исо Аллоҳнинг пайғамбарларидан бири эканини, у илоҳларимиздан яхшироқ эканини айтган эдинг. Агар у қиёмат куни жаҳаннам оловида бўлса, биз ва сиғинаётганимиз илоҳлар ҳам жаҳаннамга тушишга розимиз”, дейишаётгандек.

Аллоҳ уларнинг даъвосини мана бу сўзи билан ботилга чиқарди:

– Улар (бу мисолни) Сизга фақат талашиб-тортишиш учунгина келтирдилар.

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, мушриклар оғзидан чиқаётган гапларга парво қилманг! Улар Исо ибн Марямни фақат Сиз билан тортишиш учун мисол қилиб келтирдилар. Уларнинг нияти ҳақиқат тагига етиш эмас.

“Ахир улар хусуматчи-урушқоқ қавмдирлар!”

Яъни, гапларига эътибор берманг, ботилни ушлаб олиб талашиб-тортишаверсинлар. Улар ўзлари жанжалга мойил хусуматчи кимсалардир. Ботил билан жанжаллашишни хуш кўрадилар.

Аслида Исо ибн Марям ҳақидаги мисолни Ибн Забаъронинг ўзи келтирганди. Лекин бу оятда “мисол келтирдилар” деб кўплик шаклида баён қилинмоқда. Сабаби Қурайш мушриклари Ибн Забаъронинг сўзини қўллаб-қувватлаб, қилаётган ишига рози бўлишган. Шунинг учун бир одам қилган иш бошқаларга ҳам нисбат берилмоқда.

Шундан кейин Исо алайҳиссалом ҳақида энг рост сўз айтилади:

“У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир. Биз уни Бани Исроил учун бир мисол-ибрат қилдик”.

Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаларидан биридир. Унга пайғамбарлик неъмати ато этилган. Аллоҳ Исо алайҳиссаломни отасиз яратиб, унга очиқ-ойдин мўъжизаларни берди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг Яккаю Ёлғизлигидан, қодир Зотлигидан, Аллоҳ истаган ишини қила олишидан дарак беради.

“Агар хоҳлаганимизда, албатта сизларнинг ўрнингизга ерда халифа бўладиган фаришталарни (пайдо) қилган бўлар эдик”.

Бу оятда ҳам Аллоҳ ҳеч нарсадан ожиз қолмаслиги, хоҳлаган нарсасини жорий қила олишини таъкидланмоқда.

Ушбу оят икки хил тафсир қилинган:

1. Эй кофирлар, агар сизларни ҳалок қилишни истаганимизда, вафотингиздан кейин ўрнингизга фаришталарни ўринбосар қилган бўлардик. Бироқ Ўзимизгагина маълум ҳикматга кўра бундай қилмаймиз.

2. Эй Қурайш эркаклари, агар хоҳласак, сизлардан аёллар воситасисиз фаришталарни дунёга келтирган бўлардик. Бу Биз учун жуда осон ишдир.

“Албатта (Исо қиёмат) соати ҳақида билим-аломатдир. Бас, сизлар у ҳақида ҳаргиз шак-шубҳа қилмангиз!”

Оятда “у” дейилганда Исо алайҳиссалом назарда тутилмоқда. “Илм” эса аломат, белгидир.

Яъни, Исо алайҳиссаломнинг охири замонда осмонда тирик ҳолида тушиши қиёмат жуда яқин эканини, дунё охирлаб қолганини билдирувчи белгидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исо алайҳиссалом қиёматдан олдин одил ҳакам бўлиб осмондан тушиши ҳақида хабар қилганлар. Бу ривоятлар мутавотир даражасига етган[35].

(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Макка аҳлига айтинг:) “Менга эргашинглар! Мана шу тўғри йўлдир”.

Яъни, эй одамлар мен олиб келган шариатга итоат этинглар. Мана шу тўғри йўлдир. Бу йўл сизларни дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатга элтади.

“Сизларни шайтон ҳаргиз (Аллоҳнинг динидан) тўсмасин! Албатта у сизлар учун очиқ душмандир”.

Шайтон сизларни менга итоат этишдан зинҳор тўсиб қўймасин! Шайтоннинг сизларга душманлиги аниқ. Унинг макр-ҳийлалари очиқ-ойдиндир.

Шундан кейин Исо алайҳиссалом қавмига пайғамбар қилиб юборилганида, улар нима деганлари келтирилади:

“Қачонки Исо аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, деди: “Мана, мен сизларга ҳикмат – Инжил билан, ўзларингиз ихтилоф қилаётган айрим нарсаларни баён қилиб бериш учун келдим”.

Оятдаги “ҳикмат”дан мурод, шариат ҳукмлари, буйруқлари, панд-насиҳатларни ўз ичига олган Инжил китобидир. Аллоҳ уни Исо алайҳиссаломга нозил қилган.

Аллоҳ таоло Исони қавмига пайғамбар қилганида, у одамларга насиҳат қилиб:

– Эй қавмим, сизларга менинг ростгўйлигимни тасдиқлайдиган мўъжизалар келтирдим. Шунингдек, одоб-ахлоқ, шариат ҳукмларидан иборат илоҳий ҳикматларни олиб келдим сизларга, – деди.

“Ўзларингиз ихтилоф қилаётган айрим нарсаларни баён қилиб бериш учун келдим”.

Яъни, сизлар ихтилоф қилаётган, талашиб-тортишаётган баъзи нарсаларни баён қилиш учун Инжилни олиб келдим.

“Бас, Аллоҳдан қўрқинг ва менга итоат этинг! Албатта менинг Парвардигорим ҳам, сизларнинг Парвардигорингиз ҳам Аллоҳнинг Ўзидир. (Ёлғиз) Унга ибодат қилинглар! Мана шу тўғри йўлдир”.

Яъни, шундай экан, Аллоҳга тақво қилинглар! У Зот ёмон кўрадиган ишлардан ўзларингизни тийинг. Мен нимага буюрсам, унга итоат этинг, нимадан қайтарсам, ўша нарсадан тийилинг! Менинг Парвардигорим, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Бас, Унга ихлос билан ибодат қилинглар, бўйин эгинглар У Зотга! Мана шу энг тўғри йўлдир. Бошқа эгри йўллар сизларни бахту саодатга олиб боролмайди.

Шундан сўнг аҳли китоб Исо алайҳиссалом даъватига қандай муносабатда бўлгани айтилади:

“Сўнг (насронийлар ичидан чиққан) фирқалар ўзаро ихтилоф қилдилар”.

Насронийлар Исо алайҳиссалом ҳақида ихтилоф қилдилар. Баъзилар: “Исо Аллоҳдир”, дейишди. Айримлар: “Исо Аллоҳнинг ўғлидир”, дедилар. Бошқалар: “Исо учта илоҳдан биридир”, деб даъво қилишди.

Алусийга кўра, насронийлар уч гуруҳга: малкония, мастурия ва яъқубияга ажралиб кетишди[36].

“Бас, у золим кимсаларга аламли куннинг азоби – ҳалокат бўлгай!”

Бу ерда ўзаро ихтилоф қилган, ҳадидан ошган ва Исо алайҳиссаломга туҳмат тошларини отган кимсаларга қаттиқ азоблар бўлишидан огоҳлантирилмоқда.

“Улар фақат ўзлари сезмаган ҳолларида (қиёмат) соати тўсатдан келиб қолишини кутмоқдалар, холос”.

Бу ерда ҳаққа даъват қилинганида, ундан юз ўгирган Макка кофирларига хитоб қилинмоқда. Бу билан улар молу давлат ва бола-чақа наф беролмайдиган қиёмат кунидан олдин имон йўлига кириб, фойдали амалларни қилишга жалб этилмоқда.

Яъни, манави мушриклар фақат қиёмат вақтини кутяптилар, холос. Қиёмат уларнинг устига тўсатдан келади. Уларнинг биронтаси ҳам унинг келганини сезмай қолади. Ана ўшанда улар қилган ишлари учун қаттиқ надомат чекадилар. Бироқ ўша онларда афсусланишдан наф чиқмайди. Агар ақллари жойида бўлганида, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларга итоат этган бўлардилар.

ИСО АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ

ҲАҚЛАРИДАГИ БАШОРАТИ

Саф сурасида Исо алайҳиссалом қавмига ўзидан кейин одамларни ҳидоят йўлига даъват қилиш учун бир Пайғамбар келишини башорат қилгани очиқ-ойдин баён этилган. Бу – Пайғамбар Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар. Аллоҳ таоло шундай хабар қилади:

“Эсланг, Исо ибн Марям: “Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган “Аҳмад” исмли бир Пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)”, деган эди. Бас, (Исо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, улар: “Бу очиқ сеҳрдир”, дедилар” (Саф сураси, 6-оят).

Яъни, Исо ибн Марям қавмига юзланиб:

– Эй Бани Исроил, Аллоҳ сизларни куфр ва ширк зулматидан имон нури томон олиб чиқиши учун мени пайғамбар қилиб юборди! – деб айтган вақтини эсланг. – Аллоҳ менга Инжилни нозил қилди. Мен Мусога туширилган Тавротни тасдиқловчиман. Шундай экан, сизлар менга имон келтиринглар ва ортимдан эргашинглар! Мен Тавротга хилоф бўлган шариатни олиб келганим йўқ. Менинг келтирганларим ростдир. Шундай экан, қандай қилиб мендан юз ўгириб кетасизлар?!

“Ва ўзимдан кейин келадиган “Аҳмад” исмли бир Пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)”.

Башорат қалбга хурсандчилик олиб кирувчи хабардир. “Башаро” инсон териси мазмунини ифодалайди. Башоратни эшитган одам терисида таъсирланиш бўлади. “Башорат” сўзи ҳам асли шундай олинган.

“Аҳмад” исми Пайғамбар алайҳиссалом исмларидан биридир. Бу исм Аллоҳ таолога бошқалардан кўра кўпроқ ҳамду сано айтувчи маъносини англатади. Бундан ташқари, “Аҳмад” исми, гўзал хулқи учун бошқалардан кўра кўпроқ мақталадиган инсон мазмунини ҳам ифодалайди. (Ҳақиқатан, инсоният ичида энг кўп мақталадиган зот, шубҳасиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. – таржимон).

Мана шу оят билан Исо алайҳиссалом Пайғамбар алайҳиссалом ҳақида берган башоратлари қатъий собит бўлган. Инжилнинг баъзи нусхаларида бу башорат йўқ. Аҳли китоб олимлари Инжилни ўз раъйиларига қараб ўзгартирганлар, ёқмаган жойларини олиб ташлаганлар.

Инжил китобининг айрим нусхаларида, жумладан, Юҳанно Инжилининг 14-бобида бу башорат келган. Унда: “Мен отамдан сизларга Форқлитни ато этишини талаб қиламан. У тоабад сизлар билан бирга бўлади”, дейилган. Форқлит – бу, ҳақиқат ва яқийн руҳидир[37].

Айрим уламоларга кўра, “Форқлит” сўзи юнонча бўлиб, “Аҳмад” ёки “Муҳаммад” маъносини англатади[38].

Мана бу оят эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатлари Таврот ва Инжилга келганини тасдиқлайди: “Улар шундай кишиларки, уммий (ўқиш ва ёзишни ўрганмаган) Пайғамбарга – номини ўз олдиларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолда топишадиган – элчимизга (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга) эргашадилар” (Аъроф сураси, 157-оят).

Қуйидаги оятларда Бани Исроил пайғамбарларни инкор этгани баён қилинади:

“Бас, (Исо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, улар: “Бу очиқ сеҳрдир”, дедилар”.

Исо алайҳиссалом Бани Исроилга ўзининг ростгўйлигини исботловчи очиқ-ойдин мўъжизаларни келтирганида, улар:

– Бу аниқ сеҳр-ку. Унинг сеҳр экани ҳеч кимга сир эмас! – дедилар.

Маълумки, Бани Исроил Исо алайҳиссаломни ёлғончи, деб унга ва онасига туҳмат қилишди. Қолаверса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган таълимотни ҳам рад этишди ва уни сеҳр дейишди. Аслида пайғамбарлар кўрсатган мўъжиза сеҳр эмаслигини яхши билишарди. Бироқ қалбларида куфр иллати ҳақни айтишдан, ҳақиқат олдида бўйин эгишдан уларни ман қилган эди.

ИСО АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ОСМОНГА КЎТАРИЛИШИ

Аллоҳ таоло пайғамбари Исо алайҳиссаломни самога кўтаргани Қуръони карим оятларида баён қилинган. Хусусан, Оли Имрон сурасида шундай дейилган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Аллоҳ айтган бу сўзларни эсланг: “Эй Исо, албатта Мен сени ердан бус-бутун (яъни, ҳеч қандай зарар етказмасдан) олувчи ва Ўз ҳузуримга кўтарувчиман. Ва сени кофирлардан халос қилувчиман ҳамда то қиёмат кунигача сенга эргашган зотларни кофирлардан юқори қўювчиман. Сўнгра менга қайтасизлар. Бас, Ўзим сизлар талашиб-тортишган нарсалар ҳақида ораларингизда ҳакамлик қиламан. Бас, кофир бўлган кимсаларга дунё ва охиратда қаттиқ азоб билан азоб бераман. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмайди. Имон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга эса (Аллоҳ) ажрларини комил суратда беради. Аллоҳ зулм қилувчиларни севмайди” (Оли Имрон сураси, 55-57-оятлар).

Уламолар Аллоҳ таолонинг “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Аллоҳ айтган бу сўзларни эсланг: “Эй Исо, албатта Мен сени ердан бус-бутун олувчи ва Ўз ҳузуримга кўтарувчиман” деган сўзи ҳақида бир қанча фикрларни айтишган. Уларнинг ичида иккитаси жуда машҳурдир: биринчиси, жумҳур уламоларга кўра, оятнинг маъноси қуйидагича: эй Исо, Мен сени ердан олувчи, жасадинг ва руҳинг билан осмонга кўтарувчиман.

Бу фикр эгалари оятдаги “таваффий”ни (вафот эттиришни) жонини олиш деб изоҳлашмаган. Бу сўз бирон нарсани тўлиқ олиш мазмунини ифодалайди.

Ҳасан ва Ибн Журайж оятни “сени олувчиман ва тириклайин осмонга кўтарувчиман” деб тафсир қилишган[39].

Иккинчиси, айрим уламоларга кўра, оятнинг маъноси қуйидагича: эй Исо, Мен сенинг жонингни олиб, мартабангни баланд қиламан, руҳингни ҳузуримга кўтараман.

Бу фикр соҳиблари “таваффий”ни жонни олиш, осмонга кўтаришни эса руҳнинг кўтарилиши деб изоҳлашган.

Қалб таскин топадигани биринчи фикрдир. Чунки Аллоҳ таоло Нисо сурасида: “Уни (яъни, Исони) ўлдирмаганлари аниқдир. Балки Аллоҳ уни Ўз ҳузурига кўтарган. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир” дейилган (157-158-оятлар).

Қолаверса, ҳадиси шарифларда қиёмат жуда яқин қолганида Исо алайҳиссалом осмондан тушиб, ер юзини адолатга тўлдириши ҳақида хабар берилган. Бу ривоятлар маънан мутавотир даражасига етган[40].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Исо ибн Марям ораларингизга одил ҳакам бўлиб тушишига оз қолди. У Дажжолни қатл қилади, тўнғизни ўлдиради, хочни синдиради, жизяни бекор қилади. (Ўша вақтда) бойлик кўпаяди, ҳатто уни бирон киши қабул қилмайди. Ҳатто бир марта сажда қилиш дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқ бўлади” (Бухорий ривоят қилган).

Бу бобда келган саҳиҳ ҳадислардан хулоса қиладиган бўлсак, Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни руҳи ва танаси билан осмонга қандай кўтарган бўлса, охири замонда худди шу ҳолатда ерга тушади.

“Ва сени кофирлардан халос қилувчиман ҳамда то қиёмат кунигача сенга эргашган зотларни кофирлардан юқори қўювчиман”.

Исо алайҳиссаломга эргашганлардан мурод, Аллоҳга ихлос қилган, Унинг ягоналигини тан олган, Исони ҳақ пайғамбар билиб, “Исо Аллоҳдир” ёки “Аллоҳнинг ўғлидир”, деган нотўғри ақидадан узоқ бўлган зотлардир.

Юқори қўйилишдан мурод, уларнинг руҳий ва моддий жиҳатдан устунликлари, имон қувватлари, ҳис қилиш қобилиятлари, ақл-идрок ва шижоат бобида кофирлардан афзал эканликларидир.

Яъни, мен сени кофирлардан узоқ қиламан, уларнинг макрларидан асрайман, сен ва онанг ҳақида қилган туҳматларидан поклайман. Сенга имон келтириб, тасдиқлаган, Аллоҳ юборган барча пайғамбарларга ишонган мўмин бандаларни ҳужжат-далиллар билан, тўғри ақидалари билан қиёмат кунигача сени инкор қилувчи кимсалардан афзал қиламан.

“Сўнгра менга қайтасизлар. Бас, Ўзим сизлар талашиб-тортишган нарсалар ҳақида ораларингизда ҳакамлик қиламан”.

Яъни, эй одамлар, сизлар кейин Аллоҳга қайтариласиз. У Зот ихтилоф қилаётган ишларингиз борасида адолатли ҳукм чиқаради.

“Бас, кофир бўлган кимсаларга дунё ва охиратда қаттиқ азоб билан азоб бераман. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмайди”.

Яъни, Аллоҳ кофир кимсаларни дунёда ораларига адоват солиш, уруш-жанжаллар, парчаланиш, турли хил касалликлар ва бахтсизлик билан, охиратда эса, жаҳаннам қийноғи билан қаттиқ азоблайди. Дўзахийларни азобдан ҳеч ким қутқариб қололмайди.

Мана шу кофирларнинг муносиб жазосидир. Мўмин бандаларнинг мукофоти эса қуйидагича баён қилинган:

“Имон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга эса (Аллоҳ) ажрларини комил суратда беради. Аллоҳ зулм қилувчиларни севмайди”.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларга имонлари ва дунёда қилган солиҳ амаллари сабабидан жуда кўп марҳамат кўрсатади, уларга ҳисобсиз мукофотлар беради. Жумладан, уларни остидан дарёлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритади, покиза жуфтлар беради. Аллоҳнинг розилиги ва жамоли эса ҳаммасидан кўра улуғроқдир.

Мана шу оятда “Парвардигоримиз Аллоҳдир”, деб тўғри йўлда собитқадам бўлган мўминларга улуғ башорат берилмоқда. Шундан сўнг Парвардигори олам ишларни ўз ўрнига қўя олмайдиган жабру зулм аҳлини хуш кўрмаслиги таъкидланмоқда.

Нисо сурасида Бани Исроилнинг кирдикорлари, макру ҳийлалари ва пуч даъволари мана бундай баён қилинган. Аллоҳ таоло айтади:

“Яна кофирликлари ва Марям хусусида улуғ бўҳтон қилганликлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари Масиҳ Исо ибн Марямни “Бизлар ўлдирганмиз”, деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар (Исони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Исога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта (Исо) ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда ҳеч ҳам билимлари йўқ, фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки Уни Аллоҳ Ўз ҳузурига кўтарган. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир. Ҳар бир аҳли китоб ўлими олдидан унга (Исога) албатта имон келтиради. Қиёмат кунида эса буларнинг зарарига гувоҳ бўлади” (Нисо сураси, 156-159-оятлар).

“Яна кофирликлари” дейилганда, улар Исо алайҳиссаломни инкор қилишгани кўзда тутилмоқда. Бўҳтон эса, ақл қабул қилмайдиган даражадаги ёлғон гапдир.

Яъни, ҳақ йўлга, ҳидоят йўлига бошлаш учун юборилган Исо алайҳиссаломни инкор қилишгани, Марям ҳақида нолойиқ гапларни тарқатишгани яҳудийларнинг лаънатланишига, хорликка юз тутишларига сабаб бўлди.

“Ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари Масиҳ Исо ибн Марямни “Бизлар ўлдирганмиз”, деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар (Исони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Исога) ўхшатиб қўйилди, холос”.

Яҳудийлар кўкрак кериб, ўзларича мақтаниб:

– Аллоҳнинг Пайғамбари Исо ибн Марямни биз ўлдирганмиз! – дедилар. Аллоҳ таоло қабиҳ жиноятлари сабаб уларни лаънатлади. Улар ғазабга дучор бўлдилар. Улар улкан жиноятни содир этишгани етмаганидек, худди муҳим ишни қойиллатиб бажариб қўйгандек, мақтанишни ҳам ўрнига қўйдилар.

Яҳудийлар тилидан чиққан бу сўзлар ҳақиқатан Исо алайҳиссаломни ўлдирмоқчи бўлганликларига, Исони ёлғончи, фирибгар деб даъво қилганликлари далолат қилади. Улар Исони осиш учун душманларга топширмоқчи бўлишган. Гўёки уни тутиб, ниятларига етишди ҳам. Бироқ Аллоҳ таоло уларнинг саъй-ҳаракатларини бекор кетказди, макрлари бир пул бўлди. Яҳудийлар дилидаги ниятнинг акси содир бўлди. Аллоҳ Ўз пайғамбари Исо алайҳиссаломни уларнинг макр-ҳийлаларидан сақлаб, ҳузурига руҳи ва жасади билан кўтарди.

Имом Замахшарийнинг айтишларича, улар Исо алайҳиссаломни сеҳргар деб айблашган. Исони “Аллоҳнинг Пайғамбари” деб истеҳзо қилишган[41].

“Ҳолбуки, улар (Исони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Исога) ўхшатиб қўйилди, холос”.

Бу ерда яҳудийлар мақтанаётган ишнинг асл моҳияти ҳақида хабар қилинмоқда. Яҳудийлар “Биз Исони ўлдирдик” деб ёлғон гапиряптилар. Бу уларнинг даъвоси. Улар Исони ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Аслида улар Исо алайҳиссаломга қуйиб қўйгандек ўхшаш бошқа кишини ўлдирганлар. Кейин Исони ўлдирдик, деб ўйлаганлар ва одамларга мақтанганлар.

Шайх Ҳасанайн Муҳаммад Махлуф шундай дейди: “Яҳудийларнинг кўпи “Масиҳни биз ўлдирдик, дорга осдик”, деб даъво қилдилар. Аллоҳ уларни ёлғончи қилди: бошқа бир кишини Исо алайҳиссаломга ўхшатиб қўйди. Улар Исони ўлдириш учун келганларида унинг қиёфадошини кўрдилар ва ўлдирдилар. Улар Исога ўхшаш одамни пайғамбар деб ўйлагандилар. Аслида эса, Ибн Марямни ўлдирмагандилар. Аллоҳ Исони осмонга кўтарди ва уни душманлар ёмонлигидан сақлади[42]”.

Муфасирлар бошқа кишининг Исога ўхшатиб қўйилиши ҳақида бир қанча қавлларни келтирганлар. Уларнинг ичида энг мақбул саналган икки хил қарашни келтирамиз.

Биринчиси, Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга хиёнат қилган ва уни қатл қилишда “ташаббус” кўрсатганлардан бирини унга ўхшатиб қўйган. Ўша киши Яҳузо Исхарбутийдир. У Исо алайҳиссалом кетидан юриб, душманлар фойдасига жосуслик қилган. Яҳузо Исо алайҳиссалом турган жойни душманларга кўрсатиб: “Олдингиздан биринчи чиққан одам Масиҳ бўлади. Уни ушлаб, қатл қилинглар!” деди. Бас, у Исо алайҳиссаломни кўрсатиш учун унинг уйига кирганида Аллоҳ Исони осмонга кўтарди. Ҳалиги мунофиқни Исо алайҳиссаломга ўхшатиб қўйди. Душманлар етиб келиб, Яҳузони Исо деб ўйлашди ва қатл қилишди.

Мана шу қавл Инжилнинг баъзи нусхаларида келтирилган. Алусий бунга қуйидаги сўзлари билан ишора қилган: “Ҳаворийлардан бир киши Исо алайҳиссаломга душманлик қилиб, кетидан пойлоқчилик қиларди. Душманлар Исони ўлдирмоқчи бўлганларида, у: “Мен кўрсатаман сизларга Исони”, деди. Бунинг эвазига 30 дирҳам пул ҳам олди. Шундай қилиб, ўша киши Исо алайҳиссалом уйига кирди. Аллоҳ пайғамбарини осмонга кўтарди ва иккиюзламачи кимсани Исога ўхшатиб қўйди. Душманлар хоинни Исо алайҳиссалом деб ўйлаб, қатл қилишди[43]”.

Иккинчиси, яҳудийлар Исони қатл қилмоқчи бўлишганда, Аллоҳ таоло пайғамбарининг мухлис шогирдларидан бирини унга ўхшатиб қўйган. Исо шогирдларига хитоб қилиб: “Орангизда ким менга ўхшатилиб, кейин қатл қилинишни ва жаннатга киришни хоҳлайди?” деди. Шунда бир киши: “Мен”, деб розилик берди. Бас, Аллоҳ уни Исо алайҳиссалом суратига киргизди. Ғанимлар уни қатл қилдилар.

Ибн Касир мана шу қавлни қувватлайдиган бир қанча ривоятларни келтирган. Жумладан, Ибн Аббосдан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни осмонга кўтаришни ирода қилганида, у шогирдлари олдига чиқди. Уйда ҳаворийлардан ўн икки киши бор эди. Исо уларга қарата: “Орангизда мендан кейин имон келтирганидан сўнг ўн икки марта кофир бўладиганлар бор”, деди. Сўнгра: “Ичингизда қайси бирингиз менга ўхшатилиб, ўрнимга қатл қилинишни истайди? У жаннатда мен билан бирга бўлади”, деди. Шунда ораларида энг ёши кичиги ўрнидан турди. Исо унга: “Ўтир!” деди. Кейин ҳалиги савол билан яна мурожаат қилди. Яна ўша йигит ўрнидан турди. Исо яна: “Ўтир!” деб амр қилди. Аллоҳнинг пайғамбари учинчи марта мурожаат қилганида ҳам ўша йигит: “Мен розиман”, деди. Шунда Исо унга: “Сен ўшасан”, деди. Шунда ёш йигит Исо алайҳиссаломга ўхшатиб қўйилди. Исо алайҳиссалом эса осмонга кўтарилди. Яҳудийлар Исони қидириб келишди. Унинг қиёфадошини топиб, қатл қилишди. Ҳаворийлар ичидан баъзилар буни кўриб ўн икки марта кофир бўлди”.

Ибн Касир айтади: “Ибн Аббосдан нақл қилинган бу ривоят санади саҳиҳ. Уни Насоий Абу Курайбдан, у Абу Муовиядан ривоят қилган. Бир қанча салафларнинг айтишича, Исо ҳаворийларга: “Сизлардан қайси бирингиз менга ўхшатилиб, ўрнимга қатл қилинишни ва жаннатда мен билан бирга бўлишни истайди?” деган[44]”.

Биз Қуръони карим оятларига суянган ҳолда, Исо алайҳиссалом ўлдирилмаган, осилмаган, балки Аллоҳ уни ҳузурига кўтарган, яҳудийлар ўлдириб дорга осган Исо эмас, бошқа одам, деб эътиқод қилишимиз лозим.

“Албатта (Исо) ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда ҳеч ҳам билимлари йўқ, фақат гумонларга бериладилар, холос”.

Аҳли китоб Исо алайҳиссалом ҳақида ихтилоф қиладилар. Уларда Исо алайҳиссалом ҳақида қатъий илмнинг ўзи йўқ. Улар Исо ҳақида ҳужжат-далилсиз фақат гумонни гапирадилар.

Ҳақиқатан аҳли китоб вакиллари Исо алайҳиссалом ҳақида жуда кўп ихтилоф қилганлар. Баъзилари уни “Аллоҳнинг ўғли”, дейишган. Баъзилар “Исода инсоний унсур билан бирга илоҳий унсур ҳам мавжуд”, деб даъво қилишган.

Улар Исонинг қатл қилиниши ҳақида ҳам кўп талашиб-тортишишган. Баъзи яҳудийлар: “Исо ёлғончи эди. Биз уни ҳақиқатан ўлдирганмиз”, дейишган. Бошқалари бунга эътироз билдириб: “Агар Исо ўлдирилган бўлса, бизнинг соҳибларимиз қаерда? Агар соҳибларимиз ўлдирилган бўлса, у ҳолда Исо қаерда?” дейишган. Улар ичида: “Юз Исоники, бадан эса соҳибимизники”, деганлар ҳам бор. Хуллас, жуда кўп ихтилоф қилишган. Уларнинг биронтаси ҳам Исо ҳақида ҳақ гапни айтмаган[45].

“Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки Уни Аллоҳ Ўз ҳузурига кўтарган. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир”.

Бу ерда яҳудийлар даъвоси ёлғон экани, Исо алайҳиссаломга Аллоҳ нажот бергани таъкидланмоқда.

Яъни, яҳудийларнинг даъвоси ҳақиқатан анча йироқ. Аслида улар Исони ўлдирмаганлар. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аллоҳ Исони осмонга кўтарди ва ёмонликлардан сақлади. Аллоҳ таоло қудратли ва ҳикматли Зотдир. Қайси банда Ундан паноҳ сўраса, Аллоҳ унга паноҳ беради, уни азиз қилади. Аллоҳ тақдир қилган ҳар бир ишда ҳикмат бордир.

Демак, жумҳур уламолар наздида, Аллоҳ Исо алайҳиссаломни фақат руҳи билан эмас, балки танаси ва руҳи билан осмонга кўтарган.

“Ҳар бир аҳли китоб ўлими олдидан унга, албатта имон келтиради. Қиёмат кунида эса буларнинг зарарига гувоҳ бўлади”.

Муфассирлар бу оятни икки хил тафсир қилишган:

Биринчиси, “Ўлими олдидан унга” деганда, Исо алайҳиссалом кўзда тутилган. У ҳолда оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: аҳли китобдан бўлган ҳар бир одам Исо алайҳиссалом охири замонда осмондан тушганида унга аниқ имон келтиради. Қиёмат куни эса, Исо алайҳиссалом аҳли китобни Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақиргани, Унга бошқа нарсаларни шерик қилишдан қайтарганига гувоҳлик беради.

Мана шу қавлни кўпчилик муфассирлар маъқуллашган. Маъқуллаганларнинг аввалида муфассирлар устози Ибн Жарир Табарий туради. У киши турли қавлларни келтирганидан кейин: “Саҳиҳлик жиҳатидан энг афзал қавл шуки, аҳли китобдан бўлган ҳар бир киши Исо алайҳиссалом ўлимидан олдин Исога имон келтиради[46]”.

Ибн Касир Ибн Жарир афзал билган қавлни изоҳлаб шундай деган: “Ибн Жарир айтган гапнинг саҳиҳлигига шубҳа йўқ. Чунки оятнинг келтирилшидан мақсад яҳудийлар “Исони биз ўлдирганмиз” деган даъволарини бекор қилишдир. Аллоҳ хабар қилишича, асл ҳақиқат бундай эмас. Улар Исога ўхшаш одамни қатл қилганлар. Буни ўзлари аниқ билмайдилар. Шундан кейин Аллоҳ Исони ҳузурига кўтарди. Исо тирикдир, қиёматдан олдин ерга тушади”.

Шундан кейин Ибн Касир Исо алайҳиссалом замон охирлаганида осмондан ер юзига тушиши ҳақидаги ривоятларни бирма-бир келтирган[47].

Иккинчи қавлга кўра, “ўлими олдидан” деганда оятда ишора қилинган ҳар бир китобий – яҳудий ва насроний назарда тутилган. У ҳолда оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: ҳар бир китобий ўлимидан олдин Исо алайҳиссаломга имон келтиради. Сабаби, ўлим арафасида яҳудий ва насронийларга ҳақиқат ошкор бўлади. Улар инкор қилиб келган таълимотнинг ростлиги аён бўлади. Ана ўшанда ҳар бир яҳудий ва насроний Исо алайҳиссаломга имон келтиради. У Аллоҳнинг бандаси ва расули эканига, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига иқрор бўлади. Лекин бу вақтдаги имоннинг фойдаси йўқ. Ахир фурсат ўтиб бўлди. Жон чиқиш вақтидаги имон аҳамиятсиздир (Фиръавн сувга ғарқ бўлаётганида ўлими аниқ эканини билгач, “Аллоҳга ишондим, Мусонинг Парвардигорига ишондим!” деб айтган. Аммо Аллоҳ унинг жон чиқиш вақтидаги имонини қабул қилмаган. Демак, инсон ҳаётлик чоғини ғанимат билиб, Аллоҳ буюрган йўлдан юриши керак, танадан руҳнинг олиниши вақтидаги имон ҳам, тавба ҳам аҳамиятсиздир. Таржимон).

Бизнингча, иккала фикр ўртасида қарама-қаршилик йўқ, иккиси ҳам ҳақ. Зеро, ҳар бир китобий вафотидан олдин Исо алайҳиссалом ҳақ пайғамбар эканини билади ва унга имон келтиради. Шунингдек, ҳар бир китобий охири замонда Исо алайҳиссаломнинг тушишига гувоҳ бўлади. Унга имон келтириб, ортидан эрашади.

Биз юқорида Исо алайҳиссалом ва унинг онаси Марям ҳақидаги қиссаларни ўқидик. Бу қиссалар ўзида жуда кўп ҳикматларни, ваъз-насиҳатларни жамлаган. Қуйида уларни қисқа суратда келтирамиз:

1. Аллоҳ таоло Имроннинг қизи Марямнинг шарафини олий қилган, унга кўп марҳамат кўрсатган. Парвардигори олам Марям ҳақида шундай деган: “Яна (Аллоҳ имон келтирган зотлар ҳақида) ўз номусини сақлаган аёлни – Марям бинти Имронни (мисол келтирди). Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Исога ҳомиладор бўлди). У Парвардигорининг сўзларини ва китобларини тасдиқ этди ҳамда (Аллоҳнинг амрига) итоат этувчилардан бўлди” (Таҳрим сураси, 12-оят).

2. Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг солиҳ бандаларидан биридир. Аллоҳ унга жуда кўп каромат кўрсатди, рисолат ва нубувват билан унинг шарафини баланд қилди. Исо улул азм пайғамбарлардандир. У Парвардигорининг рисолатини одамларга етказди, уларни ихлосга, тоатга чақирди, ширкдан қайтарди. Исо ва онаси Марям Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи аломатлардандир. Аллоҳ таоло шундай деган: “(Кейин) Биз Марямнинг ўғли (Исони отасиз дунёга келтириш билан) ва унинг онаси (Марямни эрсиз фарзандли қилиш билан қудратимизга далолат қиладиган) оят-аломат қилдик ва иккисини бир оқар сувли баланд-кўркам қароргоҳга жойладик” (Мўминун сураси, 50-оят).

Айтилишича, кўркам қароргоҳдан мурод, Фаластиндаги Байтул Мақдисдир.

3. Исо алайҳиссалом ва онаси залолатдагилар, кофир ва мушриклар айтган ҳар қандай айблардан покдирлар. Улар иккиси ҳам Аллоҳнинг бандасидир.

4. Исо алайҳиссалом қавмида ҳам Аллоҳга ихлос билан ибодат қилган, Парвардигорга тўлиқ итоат этган содиқ мўминлар бор эди. Шунингдек, Исога имон келтириб, аммо динда бидъатларни – янги нарсаларни ўйлаб чиқарганлар ҳам бор эди. Ваҳоланки, Аллоҳ уларни бунга буюрмаганди. Исо алайҳиссалом қавми ичида, шунингдек, ҳақ йўлдан оғиб, шайтонга малай бўлган фосиқ кимсалар ҳам мавжуд эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: “Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам (уларнинг) ортидан юбордик ва унга Инжилни ато этдик ҳамда унга эргашган зотларнинг дилларида меҳрибонлик ва раҳм-шафқат (пайдо) қилдик. Роҳибликни эса ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга (роҳиб бўлишларини) ёзганимиз – буюрганимиз йўқ, Лекин ўзлари Аллоҳнинг розигини истаб (роҳибликни одат қилдилар-у), сўнг унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, Биз улардан имон келтирган зотларга ажр-мукофотларини ато этдик. (Аммо) улар орасида кўплари фосиқ-итоатсиздирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят).

Парвардигоримиз Аллоҳ азза ва жалладан барчамизни тўғри йўлда бардавом қилишини сўраймиз!

[1] Айтилишича, Закариё Марямнинг опасига уйланган эди.

[2] “Тафсирул кашшоф”, 1-жуз, 357-бет.

[3] “Тафсирул қуртубий”, 11-жуз, 90-бет.

[4] Икрима: “Саккиз ой”, деган.

[5] “Тафсиру ибни касир”, 3-жуз, 116-бет.

[6] “Тафсирул алусий”, 16-жуз, 82-бет.

[7] “Тафсирул қуртубий”, 11-жуз, 92-бет.

[8] “Тафсирул фахрир розий”, 5-жуз, 535-бет.

[9] “Тафсирул алусий”, 16-жуз, 87-бет.

[10] “Тафсирул алусий”, 16-жуз, 88-бет.

[11] Қаранг: Наҳл сураси, 1-оят; Зумар сураси, 68-оят.

[12] (Нон солинган гўштли шўрва “сарид” дейилади. – таржимон)

[13] Пайғамбарлар тарихидан шу нарса маълумки, ҳар бир пайғамбар ўзининг замонида ривожланиб, тараққий этган соҳада замондошларидан устун ва пешқадам бўлади. Масалан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида араб оламида адабиёт ниҳоят даражада ривожланган бўлиб, адиблар орасида тез-тез мусобақалар ўтказилиб турар ва ғолибларнинг асарларини Каъба деворларига осиб қўйишарди. Кунлардан бир куни саҳобалардан бири Қуръондаги энг кичик сура бўлган Кавсар сураси ёзилган варақни ғолиб асарлар ёнига илиб қўяди. Шунда бу сурани ўқиган ва ундаги илоҳий балоғат ва фасоҳатдан лол қолган шоирлар бир овоздан: “Бу инсоннинг сўзи эмас!” деб гувоҳлик берадилар.

Исо алайҳиссалом даврида эса табобат илми шундай тараққий этган эди. Ўша вақтда дунёда давосиз дард йўқ, деб ҳисобланарди. Шунда Исо алайҳиссалом келди ва ҳеч бир табибнинг кўлидан келмайдиган ишни қилди – ўликларни тирилтирди! Шунинг учун ҳам Қуръони каримда у кишининг номига “Масиҳ” – силовчи лақаби қўшилган. Яъни, у кишининг қўллари теккан, силаган ўликка жон кирар эди. Бундай мўъжизалар, табиийки, одамлар ўз пайғамбарларига имон келтиришларига сабаб бўлар эди (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[14] Баъзилар оятдаги “китоб”дан мурод илоҳий китоблардир, дейишган.

[15] (Баъзилар “Я ҳайю, я қоюйм” исми аъзам эканини айтишган. – таржимон).

[16] “Тафсирул алусий”, 3-жуз, 169-бет.

[17] “Тафсирул қуртубий”, 4-жуз, 95-бет.

[18] “Тафсирул алусий”, 3-жуз, 171-бет.

[19] Айтилишича, “Руҳул қудус”дан мурод, Исо алайҳиссалом руҳидир. Аллоҳ уни покиза руҳоний табиат билан қувватлаган.

[20] “Тафсиру ибни касир”, 2-жуз, 115-бет.

[21] “Тафсиру ибни касир”, 1-жуз, 368-бет.

[22] “Тафсирул қуртубий”, 6-жуз, 378-бет.

[23] “Тафсиру ибни касир”, 1-жуз, 365-бет.

[24] Ҳаворийлар Исо алайҳиссаломдан мўмин бўлганларига, холис Аллоҳ учун ибодат қилганларига қиёмат куни гувоҳ бўлишини сўрамоқдалар.

[25] “Тафсирул фахрир розий”, 2-жуз, 131-бет.

[26] “Тафсирул кашшоф”, 1-жуз, 693-бет.

[27] “Тафсиру ибни жарир”, 7-жуз, 135-бет.

[28] “Тафсиру ибни касир”, 2-жуз, 116-бет.

[29] “Тафсиру ибни касир”, 7-жуз, 135-бет.

[30] “Тафсирул фахрир розий”, 7-жуз, 171-бет.

[31] Ушбу оятлар Ҳабаш давлатидаги насронийлар ҳақида нозил бўлган. Исломнинг илк даврларида Макка мушриклари Пайғамбар алайҳиссаломга имон келтирган саҳобаларга турли тазйиқлар ўтказиб, мусулмонлар учун Маккада яшаш ниҳоятда қийинлашиб кетганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча саҳобага Ҳабаш юртига ҳижрат қилишни буюрдилар. У ерда насронийлар яшар эдилар. Мусулмонлар борганида Ҳабашистон подшоҳи Нажоший улардан ким эканларини ва қайси динга ишонишларини сўраб-суриштирди. Булар ўзларининг араб юртидан келганларини, динлари Ислом, пайғамбарлари Муҳаммад алайҳиссалом эканини айтдилар. “Нажоший: “Бу қандай дин ва қайси Китобга амал қилади, у қандай пайғамбар?!” деб сўраганида, мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида маълумот бериб, Исломнинг моҳиятини сўзлаб бердилар ва Қуръон оятларидан тиловат қилдилар. Шунда Нажоший ва бошқа насроний уламолар ва роҳиблари Ислом ҳақ дин эканига, Қуръоннинг илоҳий Китоблигига тан бердилар ва бу Китоб оятларининг таъсиридан кўз ёшларини тўхтата олмай қолдилар. Нажоший эса: “Бу Китоб билан бизнинг Инжилимизнинг асли – манбаи биттадир”, деди ва мусулмонларга бу юртда бемалол яшашлари учун қулайликлар ҳозирлаб беришни буюрди (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[32] “Тафсиру ибни жарир”, 7-жуз, 3-бет.

[33] Бу оятлар мушриклар Исо ибн Марямни мисол қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни мулзам этмоқчи бўлишгани ҳақидадир. Пайғамбар алайҳиссалом қурайшликларга: “(Эй мушриклар,) сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир” оятини (Анбиё сураси, 98-оят) тиловат қилганларида, мушриклар ғазабга миниб: “Эй Муҳаммад, бу фақат бизларга тегишлими ёки барча миллатларгами?” деб сўрашади. Ҳазрат уларга: “Бу оят барча замонлардаги мушриклар ва улар сиғинадиган нарсаларга тегишлидир”, деб жавоб бергач, улардан бири бу жавобдан шодланиб: “Ахир сен Исо Аллоҳнинг пайғамбари деган эдинг-ку! Ҳолбуки, насронийлар уни худо деб сиғинадилар. Бас, агар Исо насронийлар уни худо қилиб олганлари сабабли дўзахга тушадиган бўлса, бизлар ҳам ўз худоларимиз билан дўзахга тушишга розимиз. Энди бизларга айт-чи, бизнинг худоларимиз яхшироқми ёки Исоми?!” деб қичқиради. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлиб, Исо алайҳиссалом Аллоҳ таоло ҳузурига кўтарилганидан кейин насронийлар у зотни худо қилиб олишгани учун у киши айбдор эмасликлари, бу мушриклар эса фақат талашиб-тортишиш учунгина бундай беҳуда мисолларни келтиришлари баён этилади (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[34] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 7-жуз, 220-бет; Шавконий, 4-жуз, 561-бет; Алусий, 25-жуз, 94-бет.

[35] “Тафсиру ибни касир”, 7-жуз, 223-бет.

[36] “Тафсирул алусий”, 25-жуз, 97-бет.

[37] Қаранг: “Тафсирул фахрир розий”, 8-жуз, 139-бет.

[38] Қаранг: “Тафсирул қосимий”, 16-жуз, 5788-бет.

[39] “Тафсирул қуртубий”, 4-жуз, 100-бет.

[40] “Тафсиру ибни касир”, 1-жуз, 578-бет.

[41] “Тафсирул кашшоф”, 1-жуз, 587-бет.

[42] Шайх Ҳасанайн Махлуф, “Тафсиру софватил баён”, 178-бет.

[43] “Тафсирул алусий”, 6-жуз, 10-бет.

[44] “Тафсиру ибни касир”, 1-жуз.

[45] Бу масалада кўпроқ маълумот олмоқчи бўлсангиз, у ҳолда “Тафсирул қосимий” (5-жуз, 1629-1716-бетлар) ва “Тафсирул манор” (6-жуз, 23-59-бетлар) китобларига мурожаат қилинг.

[46] “Тафсиру ибни касир”, 2-жуз, 23-бет.

[47] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 2-жуз, 577-бет.

👉https://t.me/kitobxon_viktorina

АЙЮБ, ЮНУС, ИЛЁС, АЛ-ЯСАЪ ВА ЗУЛКИФЛ АЛАЙҲИМУССАЛОМ ҚИССАСИ
Қуръони каримда Нуҳ, Иброҳим ва Мусо алайҳимуссалом қиссалари мукаммал тарзда баён этилган. Илёс, Идрис, Ал-Ясаъ алайҳиссаломлар ҳақида эса қисқа маълумотлар келтирилган. Бунинг сабаби ва ҳикмати Аллоҳ таологагина аён. У Зот бизга манфаатли бўлган қиссаларни баён қилган. Бизнинг вазифамиз эса уларни ўқиб, ибрат олишдир.

Аллоҳ таоло хабар беришича, У Зот одамларни тўғри йўлга бошлаш учун жуда кўп пайғамбарларни ер юзига юборган. Улар ичидан баъзиларининг хабарини бизга маълум қилган. Баъзи пайғамбарлар ҳақида эса хабар бермаган.

Аввал Айюб алайҳиссалом қиссаси кўриб чиқамиз. Сод сурасида мазкур пайғамбар ҳаётининг бир жиҳати ҳақида сўз юритилган. Аллоҳ таоло айтади:

“(Эй Муҳаммад,) бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: “Дарҳақиқат, мени шайтон бало ва азоб билан ушлади”, деган пайтини эсланг! (Шунда унга айтилди:) “Оёғинг билан (остингдаги ерни) тепгин!” Мана шу чўмиладиган жой ва муздек сувдир. Ва Биз Ўз томонимиздан меҳрибонлик кўрсатиб ҳамда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бўлсин деб, (Айюбга) аҳли оиласини ва улар билан қўшиб, яна ўшаларнинг мислича (бола-чақа) ҳадя этдик. (Яна Биз Айюбга айтдик:) “Қўлингга бир боғ (навдани) олиб, у билан (хотинингни) ур – қасамингни бузма”. Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши бандадир. Ҳақиқатан, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтувчидир” (Сод сураси, 41-44-оятлар).

Айюб алайҳиссалом, бу Ибн Амвас ибн Барзоҳдир. Унинг насл-насаби Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳиссаломга бориб тақалади. Рожиҳ (энг афзал, энг тўғри) қавлга кўра, Айюб алайҳиссалом Мусо ва Юсуф алайҳимуссалом орасида пайғамбар қилиб юборилган.

Айюбнинг молу дунёси жуда кўп, ўзи эса серфарзанд киши бўлган. Аллоҳ таоло уни моли, фарзандлари ва танасида имтиҳон қилди. Айюб бу синовларга жуда чиройли сабр қилди. Аллоҳ унинг сабри эвазига Айюбни мукофотлади. Унинг дуосини қабул қилди ва аввалгидек молу давлат ва фарзандлар ато этди.

“(Эй Муҳаммад,) бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: “Дарҳақиқат, мени шайтон бало ва азоб билан ушлади”, деган пайтини эсланг!”

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, биродарингиз Айюб алайҳиссалом Парвардигори таолога дуо қилиб:

– Ё Раббим! Сенга маълумки, шайтон мени қаттиқ ғам-қайғу ва тинимсиз оғриқлар билан ушлади. Бунинг оқибатида танам касалликка чалинди, дармонсизланди! – деб тазарру қилган вақтини эсланг.

Айюб алайҳиссалом бу ерда бало ва азобни шайтонга нисбат бермоқда. Бу билан ёмонликларни Парвардигорига хосламасдан, барча яхшиликлар Аллоҳ таолодан эканига ишора қилмоқда.

Мана шу дуода жуда юксак одоб намунаси бор. Зеро, Айюб алайҳиссалом ҳолини биргина сўз билан баён қилмоқда. Бошқа нарсаларни айтиб шикоят қилмаяпти. Шу билан бирга Аллоҳ таолодан муайян бир нарсани талаб қилаётгани ҳам йўқ. Фақатгина ўзининг ҳолатини маълум қилмоқда, холос. Айюб алайҳиссалом шундай йўл тутмоқдаки, уни эшитганда Айюбга раҳм қилинади. Мана шу маънода бошқа оятда шундай дейилган: “Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: “(Парвардигорим,) мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилувчиларнинг раҳмлироғисан”, деб илтижо қилган пайтини (эсланг!)” (Анбиё сураси, 83-оят).

Баъзи муфассирлар зикр қилишича, Айюб алайҳиссалом узоқ вақт касал бўлиб ётади. Бутун танасини қуртлар илма-тешик қилиб ташлайди. Танасида биронта ҳам соғ жой қолмайди.

Лекин бу маълумотлар ҳақиқатдан йироқдир. Ҳаммаси беҳуда гаплар. Чунки Аллоҳ таоло пайғамбарларни одамлар жирканадиган касалликлардан пок қилган. Бу танадаги ё руҳий касалликлар бўлишининг фарқи йўқ. Анбиёлар бундай камчиликлардан саломатдирлар.

Биз шундай эътиқодда бўламиз, Аллоҳ таоло пайғамбари Айюб алайҳиссаломни баъзи касалликлар билан синаган. Аммо бу одамлар нафратланадиган дард бўлмаган. Бундай иллатлар пайғамбарлик мақомига умуман тўғри келмайди. Айюб алайҳиссалом Аллоҳнинг синовларига мардонавор сабр қилган ва сабр бобида зарбулмасал бўлган. Ирода кўрсатгани боис Аллоҳ пайғамбаридан балоларни кўтариб, унга яна аввалги мол-дунё ва фарзандларни ато этди. Сабр қилишнинг мукофоти мана шундай бўлади.

“(Шунда унга айтилди:) “Оёғинг билан (остингдаги ерни) тепгин! Мана шу чўмиладиган жой ва муздек сувдир”.

Айюб алайҳиссалом бошига мусибат тушганида, Аллоҳ таолога илтижо қилиб, раҳмат ва шифо сўради. Шунда Парвардигори унинг дуосини қабул қилди ва шифо бўладиган нарсага йўлланди:

– Оёғинг билан ерни тепгин! – дедик.

Айюб шундай қилган эди, оёғлари остидан чашма отилиб чиқди. Шунда Аллоҳ таоло унга:

– Мана шу булоқ сувида чўмилсанг ва сувидан ичсанг, дарддан фориғ бўласан, – деди.

Айюб Парвардигори амрини бажо қилганида барча иллатлардан саломат бўлди.

Аллоҳ таоло пайғамбарига кўрсатган марҳамати фақат унинг дардига даво бериш эмас, балки Аллоҳ унга аҳли оиласини ҳам ато этди:

“Ва Биз Ўз томонимиздан меҳрибонлик кўрсатиб ҳамда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бўлсин деб, (Айюбга) аҳли оиласини ва улар билан қўшиб, яна ўшаларнинг мислича (бола-чақа) ҳадя этдик”.

Айюб оёғи остидан отилиб чиққан булоқ сувида чўмилгач соғайиб кетди. Кейин Аллоҳ унга аввалгидек фарзандлар ато этди. Балки уларнинг сони олдингисидан ҳам кўпайиб кетди.

Бу Аллоҳнинг марҳаматидир. Бунда ақл эгалари учун ибрат бор. Улар мусибат чоғида Айюбга каби сабр қилсалар, Аллоҳга дуою илтижолар қилсалар, У Зотнинг раҳматига, улуғ мукофотларга ноил бўладилар.

Жумҳур уламоларга кўра, Аллоҳ таоло Айюб оиласидан вафот этганларни тирилтириб, касалларига шифо берган. Тарқалиб кетган бошқа фарзандларини жам қилган. Бу мукофотлар Айюб алайҳиссаломга мана шу дунёда берилган [1].

(Яна Биз Айюбга айтдик:) “Қўлингга бир боғ (навдани) олиб, у билан (хотинингни) ур – қасамингни бузма”.

Бу ҳақда кўп ривоятлар зикр қилинган. Улардан бирида айтилишича, Айюб алайҳиссалом хотинини юмуш билан бир жойга юборган. Хотини вақтида келмаган, анча кеч қолган. Шунда Айюб алайҳиссалом дарддан соғайиб кетса, хотинини юз дарра уришга қасам ичган. Айюб алайҳиссалом касалликдан фориғ бўлгач, Аллоҳ таоло унга юзта навдадан иборат бир қамчи олиб, хотинини бир марта енгил уришга рухсат берган. Шу билан Айюб ичган қасамига вафо қилган, касаллик чоғида қошида парвонадек хизмат қилган хотинига ҳам шафқат қилинган.

Уламолар бу рухсат ҳақида икки хил фикр билдирганлар. Баъзилар: “Агар бир киши фалончини юз марта ураман, деб қасам ичса, оятда айтилганидек йўл тутса бўлади. Сабаби бизлардан олдингилар шариати бизлар учун ҳам шариатдир”, дейишган. Қолганлар: “Бу рухсат фақат Айюб алайҳиссаломга тегишли. Бошқаларга унинг дахли йўқ. Сабаби бу ерда фақат Айюбга хитоб қилинмоқда. Аллоҳ бу оятда қандай қасам ичишни, кимни калтаклашни баён қилмаган”, деб айтишган[2].

Шундан сўнг Айюб алайҳиссалом сабр қилгани учун унга йўл очилгани, Аллоҳ рози бўладиган амалларни бажаргани туфайли нажот берилгани айтилади:

“Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши бандадир. Ҳақиқатан, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтувчидир”.

Яъни, Биз Айюб алайҳиссалом бошига тушган балоларни сабрли эканини кўрдик. У қандай ҳам яхши банда! Айюб ҳар қандай ҳолатда Бизга дуо-илтижо қилувчидир!

Анбиё сурасида Айюб алайҳиссалом ҳақида бошқа маълумотлар келтирилган. Аллоҳ таоло айтади:

“Айюбнинг[3] Парвардигорига нидо қилиб: “(Парвардигорим,) мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилувчиларнинг раҳмлироғисан”, деб илтижо қилган пайтини (эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб ва барча ибодат қилувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб (Айюбга) аҳли-оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг мислича (бола-чақа) ато этдик” (Анбиё сураси, 83-84-оятлар).

Аллома Ибн Касир бундай дейди: “Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссалом бошига тушган мусибатлар, унинг моли, фарзандлари ва танасига етган шикастларни зикр қилмоқда. Айюб алайҳиссаломнинг жуда кўп чорвалари, мол-ҳоллари, деҳқончилик қиладиган ерлари бор эди. Фарзандлари ҳам кўп эди. Аллоҳ уни буларнинг барчасида синади. Биронта ҳам молу мулки қолмади. Кейин Айюбнинг танасига ҳам мусибат юборди. Унинг хотинидан бошқа меҳрибон инсони қолмади. Аллоҳнинг пайғамбари Айюб сабр бобиди ибратдир. Унинг бардоши зарбулмасал бўлган[4]”.

Алусийнинг айтишича, Айюб, бу Ибн Амвас ибн Барзоҳ ибн Ийс ибн Исҳоқ алайҳиссаломдир. Ибн Асокир ҳикоя қилишича, унинг онаси Лутнинг қизи бўлган. Отаси эса Иброҳим алайҳиссаломга имон келтирганлардан эди. Шундан маълум бўладики, Айюб Мусо ва Ҳорун алайҳимуссаломдан олдин пайғамбар қилиб юборилган[5].

Юқоридаги оятларда айтилишича, Айюб алайҳиссалом Аллоҳга илтижо қилиб, танасига етган озорлардан шикоят қилган ва Аллоҳнинг раҳматидан умид қилган.

Кўриниб турибдики, Айюб алайҳиссалом “(Парвардигорим,) мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилувчиларнинг раҳмлироғисан”, дейишдан нарига ўтмаган ва Аллоҳни энг улуғ сифатлар билан васф қилган. Бу унинг одоби ва ихлосидан дарак беради.

Аллоҳ таоло пайғамбари Айюбнинг ихлос билан қилинган дуосини ижобат этди ва унинг танасидаги балоларни даф қилди. Айюб аввалгидек соғ-саломат ҳолига қайтди.

Устига-устак Аллоҳ унга аввалгидек молу давлат ва фарзандлар ҳам ато қилди. Айюб сабр қилгани учун Аллоҳ уни мукофотлади.

Ибн Мардавайҳ ва Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан нақл қилишича, Аллоҳ Айюб алайҳиссаломга хотинини қайтариб берди, хотини янада ёшариб кетди. Ҳатто унга йигирма олти нафар ўғли фарзанд туғиб берди.

Қатодадан ривоят қилинишича, Аллоҳ Айюбнинг мусибат чоғида ҳалок бўлган болаларини тирилтириб, дунёда уларнинг сонича яна фарзанд ато этган[6].

“Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб ва барча ибодат қилувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб...”

Яъни, Биз Айюбнинг дуосини қабул қилдик, унга кўп яхшиликлар ато этдик. Бу Бизнинг раҳматимиздир. Бунда ибодат қилувчи мўминлар учун ибратлар бордир. Улар ҳам мусибатларга Айюб сингари бардошли бўлсинлар, яхши ва ёмон кунларда Бизга шукр қилсинлар!

Аллоҳ таоло ибодат қилувчиларни хослаб зикр қилишига сабаб, одамлар ичида ибодатли мўминлар бошқалардан кўра синовларга кўпроқ учрайдилар. Ҳадиси шарифда айтилганидек: “Энг қаттиқ балога учрайдиганлар пайғамбарлар, кейин солиҳлар, ундан кейин шунга ўхшаш, шунга ўхшаш (кишилардир)”.

Юнус алайҳиссалом қиссаси турли оятларда келтирилган. Жумладан, Соффот сурасида шундай дейилади:

“Юнус ҳам шак-шубҳасиз, пайғамбарлардан эди. Эсланг, у тўла бўлган кемага қараб қочган эди. Бас, у (кемадагилар билан) қуръа ташлашиб мағлуб бўлгач, (уни денгизга улоқтирдилар). Бас, уни маломатга лойиқ бўлган ҳолида бир наҳанг балиқ ютиб юборди. Энди агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтувчилардан бўлмаса эди, албатта (балиқ) қорнида то қайта тириладиган кунгача қолиб кетган бўлар эди. Бас, Биз уни хаста ҳолида қуруқликка отдик. Ва унинг устида қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик. Биз уни юз минг, балки ундан-да кўпроқ (одамга) пайғамбар қилдик. Бас, улар (Юнусга) имон келтирдилар. Сўнг Биз уларни бир муддатгача баҳраманд этдик” (Соффот сураси, 139-148-оятлар).

Юнус ибн Матто алайҳиссалом ҳақида “Саҳиҳайн”да шундай ҳадис келган: “Бирон банда: “Мен Юнус ибн Маттодан яхшироқман”, дейиши тўғри эмас”.

Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломни тахминан милоддан аввалги 8 асрда Ироқдаги Найнаво аҳлига пайғамбар қилиб юборган. Юнус қавмини Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишга чақирган. Аммо улар пайғамбар гапига қулоқ солишмаган, унга осий бўлишган. Бундан Юнус алайҳиссалом жуда сиқилган ва қавмининг бошига уч кун ичида азоб ёғилишини хабар қилган. Учинчи кун келганда Юнус алайҳиссалом қишлоғидан бош олиб чиқиб кетган. Аллоҳ ҳали унга чиқишга рухсат бермаганди. Қавми унинг йўқолиб қолганини кўргач, тавба қилиб, имонга келишган. Шундан кейин Аллоҳ таолога илтижолар қилиб тушиши айтилган азобни даф қилишини сўрашган.

Юнус қавми бошига бирон кулфат ёғилмаганини кўриб, уларнинг олдига боришдан истиҳола қилди. Ўзига-ўзи: “Қавмимнинг олдига ёлғончи деган ном билан бораманми?!” деди. Кейин боши оққан тарафга қараб кетди. Бас, бир кемага минди. Бироқ кема ўрнидан қимирламай тураверди. Шунда кема эгаси: “Ораларингизда бир шумқадам одам бор. Шунинг учун жойимиздан қўзғалолмаяпмиз!” деди. Бас, улар қуръа ташлашиб, қуръа кимга тушса, уни денгизга улоқтирмоқчи бўлишди. Қуръа Юнусга тушди. Қайтадан ташлашди. Яна Юнусга тушди. Буни кўриб турган Юнус ўзини денгизга отди. Кейин уни катта бир балиқ ютиб юборди[7].

Юқори келтирилган оятлар маъноси қуйидагича: албатта Юнус алайҳиссалом Бизнинг пайғамбарларимиздан эди. Биз уни рисолатимизни одамларга етказиш учун танлаб олганмиз.

Юнус алайҳиссалом Парвардигори изнисиз қавмидан қочиб кетди ва одамлар билан лиқ тўла бир кемага чиқди. Кемадагилар қуръа ташладилар. Қуръа айнан Юнусга тушди. Буни кўрган Юнус ўзини сувга отди. Наҳанг балиқ Юнусни ютиб юборди. Балиқ ютаётган пайтда Юнус маломатга лойиқ эди. Чунки у Аллоҳнинг рухсатисиз қавмини ташлаб кетганди.

“Энди агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтувчилардан бўлмаса эди, албатта (балиқ) қорнида то қайта тириладиган кунгача қолиб кетган бўлар эди”.

Агар Юнус алайҳиссалом балиқ қорнида туриб тасбеҳ айтмаганида, Аллоҳ таолони мудом зикр қилмаганида, қиёмат кунигача ўша ерга қолиб кетарди.

Мана шу оят ғам-ташвиш кўпайган вақтда Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш муаммолар ечимига, қийинчиликлар аришига сабаб эканига далолат қилади. Бу, албатта, Аллоҳнинг изни ва раҳмати билан бўлади. Ҳадиси шарифда айтилади: “Фаровонлик пайтида Аллоҳни эсла, шунда қийинчилик вақтида Аллоҳ сени эслайди”.

Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳ азза ва жалла Юнус тасбеҳ айтувчилардан бўлган, унинг тасбеҳи нажот топишига сабаб бўлганини хабар қилмоқда. Шу сабаб айтиладики, солиҳ амал соҳиби қоқилганида уни юксалтиради.

Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Сизлардан ким солиҳ амални заҳира қилиб қўйишга имкони бўлса, шундай қилсин!” дейилган. Бас, банда жудду жаҳд қилиб эзгу ишларни амалга ошириши керак. Парвардигорига ихлос билан ибодат қилсин. Муҳтож кунлари учун солиҳ амални заҳира қилиб қўйсин. Қилган амалини одамлардан яширсин, риё қилмасин. Куни келиб банда муҳтож ҳолга тушганида ана ўша қилган яхши амаллари унга асқотади[8]”.

“Бас, Биз уни хаста ҳолида қуруқликка отдик”.

Юнус алайҳиссаломни балиқ ютиб юборганидан кейин Аллоҳ таолога кўп тасбеҳлар айтди, У Зотга дуою илтижолар қилди. Унинг дуоси бесамар кетмади: Аллоҳ таоло балиққа уни қуруқликка чиқариб ташлашни амр қилди. Юнус ўша вақтда бетоб ва жуда хорғин эди.

“Ва унинг устида қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик”.

Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломга соя солиши ва уни иссиқдан сақлаши учун бир қовоқ дарахтини ўстирди.

“Биз уни юз минг, балки ундан-да кўпроқ (одамга) пайғамбар қилдик. Бас, улар (Юнусга) имон келтирдилар. Сўнг Биз уларни бир муддатгача баҳраманд этдик”.

Яъни, Биз Юнусни балиқ қорнидан чиқарганимиздан кейин уни Ўз ҳимоямизга олдик ва Юнусни юз минг ёки ундан ҳам кўпроқ одамга пайғамбар қилдик. Уларнинг барчаси унга имон келтирдилар. Биз маълум муддатгача ҳаётда ҳузурланишларига имкон бердик.

Ибн Касирга кўра, Юнусга имон келтирганлар аввалги уммати бўлиши мумкин. Бағавийнинг нақл қилишича, балиқ қорнидан чиқарилган Юнус алайҳиссалом бошқа умматга пайғамбар қилиб юборилган. Улар юз минг нафар ё ундан ҳам кўпроқ эди[9].

Демак, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир. Агар банда ҳақиқий тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул этади. Тасбеҳ айтиш, Аллоҳни зикр қилиш ғам-ташвиш ва бошга тушган қийинчиликнинг аришига сабаб бўлади.

Анбиё сурасида Юнус алайҳиссалом ҳаётининг бошқа жиҳатлари ҳақида сўз юритилган. Аллоҳ таоло шундай деган:

“Зуннун (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматларда туриб: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Ўзинг борсан. Эй Пок Парвардигор! Албатта мен (ўз жонимга) жабр қилувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берамиз” (Анбиё сураси, 87-88-оятлар).

“Зуннун”дан мурод Юнус ибн Матто алайҳиссаломдир. “Нун” наҳанг – катта балиқ маъносини билдиради. Юнус балиқ томонидан ютиб юборилгани учун “Зуннун”, яъни, “балиқ эгаси”, дейилади.

Яъни, эй банда, ўзингга панд-насиҳат олишинг учун Юнус алайҳиссалом қавмидан ғазабланган ҳолида уларни ташлаб чиқиб кетган вақтини эсла! Сабаби, қавми унинг даъватига ижобат қилмаганди.

“Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини...”

Бу ерда Юнус қавмидан дарғазаб ҳолида чиқиб кетаётганида нима ҳақида ўйлагани айтилмоқда.

Яъни, қавми ижобат қилмаганидан қаттиқ ғазабланган Юнус уларни тарк этди ва бу иши учун “Аллоҳ мени жазоламайди”, деб ўйлади.

“Сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматларда туриб: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Ўзинг борсан. Эй Пок Парвардигор! Албатта мен (ўз жонимга) жабр қилувчилардан бўлдим”, деб нидо қилди!”

Бу ердаги “зулматлар”дан мурод денгиз зулмати, балиқ қорни ва тун қоронғисидир.

Юнус алайҳиссалом Аллоҳнинг рухсатисиз қавмини ташлаб чиқиб кетганидан кейин уни балиқ ютиб юборди ва қоронғиликда туриб:

– Ё Аллоҳ! Сендан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. Сен Ёлғизсан! Менинг Парвардигоримсан! Ибодат қилишга фақат Сен муносибан. Сенга тасбеҳлар айтаман, нуқсонлардан поклигингни тасдиқлайман. Рухсатингсиз қавмимни ташлаб чиқиб ўзимга зулм қилдим. Хатойимни тан оламан. Ё Парвардигор! Тавбамни қабул эт! Гуноҳимни кечир! – деб Аллоҳга тавба-тазарру қилди.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У билан дуо қилинса, ижобат этиладиган, у билан сўралса, бериладиган Аллоҳниг исми (аъзами) Юнус ибн Маттонинг дуосидир”, деб айтганларини эшитдим ва: “Эй Расулуллоҳ, бу фақат Юнусга хосми ёки мусулмонлар жамоасига ҳам тегишлими?” деб сўрадим. Расули акрам: “У Юнусга ва (ўша калималар) билан дуо қилсалар, (қолган) мўминларга ҳам хосдир. Сен Аллоҳнинг “Худди шунингдек мўминларга ҳам нажот берамиз”, деганини эшитмаганмисан?” Бу Аллоҳга дуо қилганлар учун У Зот (тарафи)дан шартдир”, дедилар[10]”.

Яна Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Қайси бир мусулмон киши Зуннун[11] наҳанг қорнида туриб, “Лаа иллааҳа иллаа анта субҳаанака инний кунту миназ золимийн”, деб қилган дуоси билан илтижо қилса, Аллоҳ унга ижобат этади”, дедилар[12]”.

Ривоят қилинишича, Расули акрам шундай марҳамат қилганлар: “Мен сизларни Аллоҳнинг исми аъзамига далолат қилайми? Бу Юнуснинг “Лаа иллааҳа иллаа анта субҳаанака инний кунту миназ золимийн”, деб қилган дуосидир. Қайси бир мусулмон (банда) ўша (дуо) билан касаллиги вақтида қирқ кун Парвардигорига дуо қилса, унга шаҳидлик ажри берилади. Агар тузалиб кетса, гуноҳлари мағфират қилинган ҳолида соғаяди[13]”.

Шундан кейин Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссалом дуосини ижобат қилгани айтилада:

“Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик”.

Аллоҳ Юнуснинг илтижоларини қабул қилиб, уни ғам-ғуссадан қутқарди.

Бошқа оятда айтилишича, агар Юнус алайҳиссалом кўп тасбеҳ айтмаганида, балиқ қорнида қиёмат кунигача қолиб кетган бўларди.

“Биз мўминларга мана шундай нажот берамиз”.

Хулуси ниятда, чин дилдан тавба қилиш ва хушу билан дуо қилишда Юнус алайҳиссаломга эргашадиган мўмин бандалар учун башорат берилмоқда бу оятда.

Юнус сурасида айтилишича, Юнус алайҳиссалом қавмининг тавбаси Аллоҳ томонидан қабул қилинган:

“Қани энди (Биз ҳалок қилган қишлоқлар ичида) бирон қишлоқ (аҳли ўз пайғамбарлари айтган азобни сезган вақтларида) имон келтирсалар эди, албатта имонлари фойда қилган (яъни, ҳалок бўлмаган) бўлар эдилар. Фақат Юнус қавмигина (шундай қилди). Имон келтиришгач, улардан ҳаёти дунёдаги расволик азобини кетказдик ва уларни маълум бир вақтгача (яъни, ўз ажаллари билан вафот этгунларича) фойдалантирдик” (Юнус сураси, 98-оят).

Имом Қуртубий айтишича, Юнус алайҳиссалом қавми Ироқнинг Найнаво деган жойида яшарди. Улар бут-санамларга сиғинарди. Бас, Аллоҳ уларга Юнус алайҳиссаломни юбориб, Ўзигагина ихлос билан ибодат қилишга чақирди. Аммо улар пайғамбар сўзини инобатга олишмади, ўз ишларида давом этишди. Айтилишича, Юнус қавмини тўққиз йил даъват қилган. Кейин уларнинг имон келтиришидан умидини узган. Шунда унга: “Қавмингга хабар қил, яқин уч кун ичида бошларига азоб тушади”, дейилди. Юнус уларни азоб ҳақида огоҳлантирди. Қавми: “Юнус алдоқчи эмас. Уни кузатинглар!” дейишди. Агар у ораларингизда яшаб турса, ҳечқиси йўқ. Агар бу ердан бош олиб кетса, демак, азоб тушишига шубҳа йўқ”, дейишди.

Кеч кирганида Юнус сафар учун керакли нарсаларни ҳозирлаб, қишлоғидан чиқиб кетди. Тонг отганда қавм Юнусни топа олмадилар. Шундан кейин унинг пайғамбар эканига имон келтириб, қилмишларига пушаймон бўлишди ва тавбага юзланишди. Улар Аллоҳга дуо-илтижолар қилишди. Жундан тикилган либос кийиб, одамлардан аёллар ва болалар ҳамда ҳайвонлар орасини ажратиб, зулмни қайтардилар.

Зажжожга кўра, Юнус алайҳиссалом қавми азобни эмас, унинг аломатини кўрган. Агар азобни кўрганида, имон келтирганлари фойда бермасди[14].

“Қани энди (Биз ҳалок қилган қишлоқлар ичида) бирон қишлоқ (аҳли ўз пайғамбарлари айтган азобни сезган вақтларида) имон келтирсалар эди, албатта имонлари фойда қилган (яъни, ҳалок бўлмаган) бўлар эдилар”.

Яъни, манави ёлғончилар пайғамбарлари олиб келган нарсани тасдиқлаб, ҳақиқатни қабул қилганларида, Аллоҳга имон келтирганларида, аламли азобдан қутулиб қолган бўлардилар. Худди Юнус алайҳиссалом қавми каби нажот топган бўлардилар. Юнус қавми пайғамбар уларни огоҳлантиргач, азоб келишининг аломатларини кўриб, тавба қилди ва имон келтирди. Шунда Аллоҳ улар бошига тушай деб турган азобни даф қилди ва ажаллари етгунича фурсат берди.

Бу оятда айтилишича, Юнус алайҳиссалом қавмидан бошқа барча қавмлар пайғамбарларини ёлғончига чиқаришган ва оқибатда бошларига турфа балолар ёғилган.

Саҳиҳ ҳадисда шундай дейилган: “Менга пайғамбарлар кўрсатилди. Бир пайғамбар жуда кам сонли одамлар билан ўтиб борарди. Яна бир пайғамбар бир киши билан, яна бири икки киши билан, бошқа пайғамбар эса ёлғиз ўзи ўтиб борарди[15]”.

Бу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тасалли берилмоқда. Чунки у зотнинг қавми ҳам Ҳақ таоло таълимотидан юз ўгиргандан ғам-ғуссага ботиб қолардилар. Бу билан Макка аҳли имонга чақирилиб, куфр ва нонкўрлик оқибати кўрсатилмоқда. Уларни худди Юнус алайҳиссалом қавмига ўхшашга даъват этилмоқда.

Илёс алайҳиссалом қиссаси Қуръони каримнинг Соффот сурасида келган. Аллоҳ таоло айтади:

“Илёс ҳам шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир. Эсланг, у ўз қавмига деган эди: “(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?! Сизлар Баъл (номли олтиндан ясалган бут)га сиғиниб, сизларнинг ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигорини – энг гўзал-афзал Яратувчи Аллоҳни тарк қиласизларми?!” Бас, (қавми Илёсни) ёлғончи қилди. Энди, албатта улар (дўзах азобига) ҳозир қилинувчидирлар. Магар Аллоҳнинг покиза бандаларигина (азобга дучор бўлмаслар). Биз кейинги (авлод)лар орасида (Илёс) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик. Илёсга салом бўлгай! Албатта Биз чиройли амал қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз. Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир” (Соффот сураси, 123-132-оятлар).

Илёс, бу Ибн Фанҳос ибн Ийзор ибн Ҳорун алайҳиссаломдир. Илёснинг ҳам насл-насаби Иброҳим алайҳиссаломга бориб тақалади.

Илёс алайҳиссалом исми исроилликлар китобида “Иля” шаклида келган. Аллоҳ таоло бу пайғамбарни “Баъл” номли бутга сиғинадиган қавмга юборган эди.

Айтилишича, Илёс алайҳиссалом пайғамбарлиги милоддан аввалги 10 асрларда ўтган Бани Исроил подшоҳларидан бир Охобнинг даврига тўғри келади.

“Илёс ҳам шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир. Эсланг, у ўз қавмига деган эди: “(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?! Сизлар Баъл (номли олтиндан ясалган бут)га сиғиниб, сизларнинг ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигорини – энг гўзал-афзал Яратувчи Аллоҳни тарк қиласизларми?!”

Яъни, Илёс ҳам Биз одамларни куфр зулматидан имон нурига чиқариш учун юборган пайғамбарлардан бири эди. Бас, у қавмига насиҳат қилиб:

– Аллоҳдан қўрқмайсизларми?! У Зотнинг азоби ва ғазабидан хавфда эмасмизмизлар?! – деди.

Кейин уларни ширкдан қайтариб:

– Эй, сизлар! Зарар ҳам, фойда ҳам келтиролмайдиган мана шу жонсиз “Баъл” номли бутга топинасизларми?! Буни ўз қўлларингиз билан ясаб олган бўлсангиз. Илоҳликка энг муносиб Зот – Аллоҳга ибодат қилишни мана шу бут сабабидан тарк қиласизми?! Ваҳоланки, сизларни яратиб, ризқу рўз берадиган Зот Аллоҳ-ку! Аллоҳ нафақат сизларнинг, балки аввал ўтган ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигоридир! – деди.

“Баъл” улар сиғинадиган бутнинг номидир. Айтилишича, мана шу бут номидан Шомдаги Баълабакка шаҳри номи келиб чиққан. Илёс алайҳиссалом қавми ўша шаҳарда яшарди. Бошқа қавлга кўра, “баъл” яманликлар тилида “Парвардигор” маъносини англатади.

“Бас, (қавми Илёсни) ёлғончи қилди. Энди, албатта улар (дўзах азобига) ҳозир қилинувчидирлар”.

Илёс алайҳиссалом жон куйдириб қавмини Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга, бут-санамларга топинишдан воз кечишга чақирди. Аммо қавм ўз йўлини маъқул билди. Илёсни ёлғончига чиқариб, унинг даъватидан юз ўгирди. Уларнинг мана шу қилмиши сабабли вақти келиб улар жаҳаннам оловига улоқтириладилар.

“Магар Аллоҳнинг покиза бандаларигина (азобга дучор бўлмаслар)”.

Аллоҳнинг холис мўмин бандалари жаҳаннамдан узоқлаштирилади. Улар қиёмат куни жаннатга киритилиб, у еда иззат-ҳурмат топадилар.

“Биз кейинги (авлод)лар орасида (Илёс) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик. Илёсга салом бўлгай!”

Яъни, Биз Илёс алайҳиссалом учун кейинги умматлар орасида омонлик ва салом қолдирдик.

Ал-Ясаъ алайҳиссалом, бу Ибн Шофотдир. Айтилишича, Илёс уни ўзидан кейин Бани Исроил қавмига ўринбосар қилиб қолдирган. Кейин Аллоҳ унга пайғамбарлик берган. Унинг вафоти тахминан милоддан аввалги 840 йилга тўғри келади. Ал-Ясаъ алайҳиссалом Сомирада дафн этилган.

“Ал-Ясаъ” исми Қуръони каримда икки марта келган. Аллоҳ таоло айтади: “Закариё, Яҳё, Исо ва Илёсни (ҳам Биз ҳидоят қилдик). Барчалари солиҳ пайғамбарлардир. Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни (ҳам Биз ҳидоят қилдик) ва барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик” (Анъом сураси, 85-86-оятлар).

Аллоҳ таоло Сод сурасида шундай деган: “Яна Исмоил, ал-Ясаъ ва Зул-кифлни эсланг! Барчалари яхши кишилардандир” (Сод сураси, 48-оят).

Зулкифл ҳақида эса, “У Айюб алайҳиссаломнинг ўғлидир. Аллоҳ уни отасидан кейин пайғамбар қилган. У Шомда истиқомат қиларди”, дейилган. Жумҳур уламоларга кўра, Зулкифл пайғамбардир. Аллоҳ уни пайғамбарлар қаторида зикр қилган.

Зулкифлнинг исми ҳам Қуръони каримда икки марта келган. Биринчиси Анбиё сурасининг 85-оятида, иккинчиси Сод сурасининг 48-оятида.

Аллоҳ таоло бизларни солиҳ бандалар қаторида қилишини сўраймиз!

[1] “Тафсирул алусий”, 2-жуз, 207-бет.

[2] “Тафсирул қуртубий”, 15-жуз, 212-бет.

[3] Айюб алайҳиссалом асли Рум мамлакатидан бўлиб, серфарзанд ва бой-бадавлат киши эди. Сўнгра бошига оғир кунлар тушиб, мол-дунёсидан ажралди, лекин қаноат қилди; болалари бирин-кетин ҳалок бўлишиб, улардан ҳам жудо бўлди, сабр қилди; саломатлигидан ажраб, оғир хасталикларга дучор бўлди, шикоят қилмади. Айрим кимсалар: “Бу энг ёмон гуноҳларни қилганки, Худо унга шундай балоларни юборган”, деганларини эшитгандан кейингина сабр косаси тўлиб, Аллоҳ таолога илтижо қилиб, ўз ҳолидан шикоят қилган ва Ҳақ таолога пайғамбарининг дуоларини ижобат қилиб, саломатлигини ҳам, мол-давлатини ҳам қайтариб берган. Ҳалок бўлган етти ўғил, етти қизларини ҳам ато этиб, яна етти ўғил ва етти қиз кўрган.

Мазкур оятдаги “барча ибодат қилувчиларга эслатма-ибрат бўлсин”, деб деган сўзларнинг маъноси шуки, бошларига бирон бало тушган кишилар Айюб алайҳиссалом каби сабр-қаноат қилсалар, албатта Аллоҳ таоло уларнинг балоларини кетказиб, аввалгидан ҳам зиёда неъматлар ато этади (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

[4] “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 354-бет.

[5] Айтилишича, Шуайбдан кейин, бошқа ривоятда, Сулаймондан кейин пайғамбар қилиб юборилган дейилган (“Тафсирул алусий”, 17-жуз, 80-бет).

[6] “Тафсирул алусий”, 17-жуз, 81-бет.

[7] Қаранг: “Тафсирул алусий”, 23-жуз, 143-бет.

[8] “Тафсирул қуртубий”, 15-жуз, 127-бет.

[9] “Тафсиру ибни касир”, 7-жуз, 35-бет.

[10] Ибн Жарир ривоят қилган.

[11] (“Нун” сўзи “балиқ” маъносини англатади. “Зуннун” исми “балиқ эгаси” маъносидадир. Бу Юнус алайҳиссаломнинг исми. Бир гуруҳ пайғамбарларнинг (алайҳимуссалом) икки хил исми бор. Масалан, Исо ва Масиҳ, Иброҳим ва Халил, Муҳаммад ва Аҳмад. – таржимон)

[12] Термизий, Аҳмад, Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ.

[13] Ҳоким ривоят қилган.

[14] “Тафсирул қуртубий”, 8-жуз, 387-бет.

[15] “Тафсирул қосимий”, 6-жуз, 3400-бет.

👉https://t.me/kitobxon_viktorina

ЗАКАРИЁ ВА ЯҲЁ АЛАЙҲИМУССАЛОМ ҚИССАСИ
Закариё ва Яҳё алайҳисмусалом қиссаси Оли Имрон, Марям ва Анбиё сураларида келган. Закариё алайҳиссаломнинг исми Қуръони каримда етти марта, ўғли Яҳё алайҳиссаломники эса олти марта такрорланган.

Закариё алайҳиссалом Азан ибн Баркиёнинг ўғлидир. Унинг насл-насаби Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳимуссаломга бориб тақалади.

Закариё Исо ибн Марямга яқин бир даврда яшаган. Қуръони каримда айтилишича, Закариё Исо алайҳиссаломнинг онаси Марямнинг кафолатини олган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Бас, Парвардигори уни (яъни, Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига – ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-рўз кўрди. У: “Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?” деб сўраганида, (Марям:) “Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ беради”, деб жавоб қилди” (Оли Имрон сураси, 37-оят).

Ҳадиси шарифларда Закариё ва Яҳё алайҳимуссалом ҳақида қуйидагилар айтилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Закариё алайҳиссалом дурадгор эди” (Муслим ривояти).

Закариё алайҳиссалом қўл меҳнати билан тирикчилик қиларди. Одамлардан бирор нарса таъма қилмасди. Ҳадисда айтилганидек, бирон киши ўз меҳнати билан топган таомидан яхшироқ таомни емайди.

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: “Бирон киши: “Мен Яҳё ибн Закариё алайҳиссаломдан яхшироқман!” дейиши тўғри эмас, чунки у бирон марта ҳам гуноҳ қилиш ҳақида ўйламаган”.

Марям сурасининг илк оятларида Закариё алайҳиссалом ҳақида шундай дейилган:

“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, ушбу қисса) Парвардигорингиз Ўз бандаси Закариёга қилган марҳаматининг зикри-қиссасидир. Эсланг, у Парвардигорига хуфёна дуо-илтижо қилиб, деган эди: “Парвардигорим, дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан сочим оқарди. Парвардигорим, Сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) ноумид бўлган эмасман. Мен ортимда қоладиган қариндош-уруғларим (динимни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним туғмас бўлиб қолган. Энди Сен Ўз даргоҳингдан менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр (пайғамбар) бўладиган бир дўст (яъни, фарзанд) ҳадя эт ва уни (Ўз наздингда) рози бўлинадиган (солиҳ) кишилардан қил!” (Марям сураси, 2-6-оятлар).

Суранинг бошида Аллоҳ таоло Ўз суюкли Пайғамбарига хитоб қилиб:

– Эй Муҳаммад, Сизга зикр қилинаётган қисса Закариё алайҳиссаломга Аллоҳ тарафидан кўрсатилган марҳаматлардан бирининг баёнидир, – деган.

“Эсланг, у Парвардигорига хуфёна дуо-илтижо қилиб...”

Яъни, Закариё алайҳиссалом Биздан солиҳ зурриёт умидида махфий тарзда дуо-илтижо қилган вақтини эсланг.

Закариё алайҳиссалом дуони одамлардан яширинча қилганига сабаб, бу риёдан узоқ бўлиш учун яхши ва ихлосга яқиндир. Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида махфий дуо қилишга амр қилган.

Кўринишидан, Закариё алайҳиссаломнинг бу дуоси Марям ҳузурида ризқу рўзни кўрганидан кейин қилинган. Мана бу оят шунга далолат қилади: “Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига – ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-рўз кўрди. У: “Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?” деб сўраганида, (Марям): “Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ беради”, деб жавоб қилди. Ўшанда Закариё Парвардигорига дуо қилиб: “Парвардигорим, менга ҳам Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт – фарзанд ҳадя эт! Албатта Сен дуо-илтижоларни эшитувчисан”, деди” (Оли Имрон сураси, 37-38-оятлар).

Шундан кейин дуодан нима сўралгани айтилади:

“Парвардигорим, дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан сочим оқарди. Парвардигорим, Сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) ноумид бўлган эмасман”.

Яъни, ё Аллоҳ! Мен қариб заифлашиб қолдим. Сочимга оқ оралади. Анча кексайиб қолдим. Умрим давомида Сенга дуо қилишдан умид узган эмасман. Сенинг раҳматингдан, дуоларимни ижобат қилишингдан умидворман! Ё Аллоҳ, аввалда дуоларимни қабул қилганингдек, илтижоларимни ижобат эт!

“Мен ортимда қоладиган қариндош-уруғларим (динимни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним туғмас бўлиб қолган. Энди Сен Ўз даргоҳингдан менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр (пайғамбар) бўладиган бир дўст (яъни, фарзанд) ҳадя эт ва уни (Ўз наздингда) рози бўлинадиган (солиҳ) кишилардан қил!”

Бу ерда “қариндош-уруғлари”дан мурод Закариё алайҳиссаломнинг амакиваччаларидир. Айнан улар Закариё вафотидан кейин ишини давом эттиришлари кутилаётганди. Аммо Закариё уларга ишонмас, ахлоқлари ёмонлиги сабабли, ўзидан кейин ҳолат қандай бўлишидан хавотирда эди.

Яъни, Закариё қалбидаги ғам-ташвишларини Аллоҳга арз қилиб, шундай деди:

– Ё Раббим! Ортимда қоладиган яқин қариндошларим мендан кейин дин ишларини зое қилишларидан, унинг ҳақларини адо қилолмасликларидан қўрқаман. Хотиним эса бепушт. Бас, Ўз қудратинг-ла менга солиҳ фарзанд ато эт! У илм ва пайғамбарликда менга ва Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимга гўзал сифатларда меросхўр бўлади. Парвардигоро, уни Ўз даргоҳингда рози бўлинадиган зотлардан қил!

Кўриниб турибдики, Закариё алайҳиссалом дунё истагида эмас, балки охират ғамида, дин ишларини давом эттириш ҳақида қайғуриб, Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд сўрамоқда.

Қуръони каримнинг бошқа бир сурасида келтирилишича, Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом хотинидан бепуштлик дардини кетказиб, уни туғишга яроқли аёллардан қилиб қўяди. Аллоҳ шундай деган: “Закариёнинг: “Парвардигорим, мени ёлғиз ҳолда ташлаб қўйма, Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан (яъни, ҳамманинг ортидан қолувчисан)”, деб нидо қилган пайтини (эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда унинг учун жуфтини ўнглаб (туғмайдиган кампирни бола кўришга қодир қилиб) қўйдик. Дарҳақиқат, (мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилардилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар” (Анбиё сураси, 89-90-оятлар).

Уламолар Яҳё алайҳиссалом отаси Закариёга илм, пайғамбарлик ва Аллоҳ йўлига даъват ишларида меросхўр бўлганини таъкидлашган.

Қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом дуосини ижобат қилиб, унга “Яҳё” исмли ўғил башоратини бергани айтилади:

“(Аллоҳ айтди:) “Эй Закариё, Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берамизки, унинг исми “Яҳё” бўлиб, Биз илгари унга бирон (кимсани) номдош қилган эмасмиз”. (Закариё) деди: “Парвардигорим, хотиним туғмас бўлиб қолган, ўзим эса кексаликнинг (умримнинг) ниҳоясига етиб қолган бўлсам, менда қандай фарзанд (бунёд) бўлсин?!” (Аллоҳ) айтди: “Шундай. Парвардигоринг айтадики, бу (иш) Менга осондир. (Ахир) Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда сени (ҳам) яратган эдим-ку!”. “Парвардигорим, мен учун бирон белги-аломат қилсанг”, деди (Закариё). (Аллоҳ) айтди: “Сенга белги шуки, соппа-соғ бўлган ҳолингда уч кунгача одамларга гапира олмайсан”. Бас, (Закариё) меҳробдан – ибодатхонадан ўз қавмининг олдига чиқиб, уларга эртаю кеч (Аллоҳга) тасбеҳ айтишни ишора қилди” (Марям сураси, 7-11-оятлар).

Аллоҳ таоло пайғамбари Закариё алайҳиссалом қалб тўридан отилиб чиққан дуосини қабул қилди ва унга ўғил фарзанд хушхабарини берди.

Бошқа оятда келишича, Закариё алайҳиссалом меҳробда намоз ўқиётганида фаришталар келиб, унга хушхабар беришган: “Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида фаришталар унга нидо қилдилар: “(Эй Закариё,) Аллоҳ сенга Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган (ўз қавмига) хожа бўладиган, (ўзини шаҳватлардан) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган “Яҳё” исмли фарзанд хушхабарини беради” (Оли Имрон сураси, 39-оят).

“Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берамизки, унинг исми “Яҳё” бўлиб, Биз илгари унга бирон (кимсани) номдош қилган эмасмиз”.

Яҳё алайҳиссаломдан олдин бирон киши бундай чиройли исм билан чақирилмаган эди. Инсоният тарихида илк бор Яҳё ибн Закариёга шу ном қўйилган.

(Закариё) деди: “Парвардигорим, хотиним туғмас бўлиб қолган, ўзим эса кексаликнинг (умримнинг) ниҳоясига етиб қолган бўлсам, менда қандай фарзанд (бунёд) бўлсин?!”

Қалбга сурур бағишловчи бу хушхабарни эшитган Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолога шундай хитоб қилди:

– Ё Раббим! Хотиним туғмас кампир бўлса, менинг ҳам ёшим ўтиб қолган. Қандай қилиб фарзандли бўламиз?!

“Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ҳар нарсага қодирлигини била туриб нега бундай савол бермоқда?” деб сўраладиган бўлса, жавобимиз шу: Закариё буни ажабланиш маъносида айтмоқда. У киши қариган вақтида фарзанд хушхабаридан севинганидан шундай деган.

Нима бўлганда ҳам, Закариё алайҳиссалом Аллоҳнинг қудратига аниқ ишонган. Фақат ёши ўтиб қолгани ва аёлининг бепуштлигидан, фарзандли бўлиши ҳақидаги башоратни ҳайрат билан қабул қилган.

Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом саволига қуйидагича жавоб берди:

“Шундай. Парвардигоринг айтадики, бу (иш) Менга осондир. (Ахир) Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда сени (ҳам) яратган эдим-ку!”

Яъни, аёлинг туғмас, ўзинг қариб қолган бўлсанг ҳам Менинг иродам тақозо қилган ишнинг бўлишига ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайди. Мен ҳар нарсага қодирман. Туғмас аёлдан фарзанд дунёга келтириш Бизга жуда осондир. Сени ҳам йўқдан бор қилган Мен эдим. Бас, сенга фарзанд беришга қодирман!

Бу ерда мантиқий далил келтирилиб, Аллоҳ қудрати чексиз эканига далолат қилинмоқда. Шу йўл билан Закариё алайҳиссалом кўнгли хотиржам қилиняпти.

Шунда Закариё алайҳиссалом Парвардигоридан қуйидаги нарсани сўради:

– Парвардигорим, мен учун бирон белги-аломат қилсанг.

Яъни, эй Раббим, менга башорат амалга ошишига далолат қилувчи бир аломатни кўрсат. Токи қалбим сурурга тўлсин, кўнглим хотиржам бўлсин. Хотиним бу болага ҳомиладор бўладиган вақтни билиб, Сенга кўпроқ шукр қилай, Сени тинимсиз зикр қилай.

(Аллоҳ) айтди: “Сенга белги шуки, соппа-соғ бўлган ҳолингда уч кунгача одамларга гапира олмайсан”.

Аллоҳ таоло Закариёга жавобан:

– Фарзанд берилиши аломати шуки, сен уч кеча-ю уч кундуз одамларга гапира олмайсан. Ваҳоланки, сенда соқовлик иллати бўлмайди. Фақат Бизнинг амримиз билан одатдан ташқари ҳолда маълум муддатга гапиришдан ожиз қоласан.

“Бас, (Закариё) меҳробдан – ибодатхонадан ўз қавмининг олдига чиқиб, уларга эртаю кеч (Аллоҳга) тасбеҳ айтишни ишора қилди”.

Бу ерда “меҳроб” деганда намоз ўқийдаган жой назарда тутилмоқда. Уларнинг масжидлари меҳроб дейилган. Сабаби, меҳробда шайтонлар билан жанг (ҳарб) қилинади.

Закариё алайҳиссалом намоз ўқиган жойидан чиқиб, одамларга:

– Туну кун Аллоҳга тасбеҳ айтинглар! – маъносида ишора қилди ёки ёзиб берди.

Марям сурасининг давомида Яҳё алайҳиссалом ҳақида ва унга берилган баъзи фазилатлар хусусида сўз боради. Аллоҳ таоло шундай дейди:

“(Биз унга:) “Эй Яҳё, Китобни (яъни, Тавротни) маҳкам ушлагин”, (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат-маърифат ато этдик. Яна (унга) Ўз даргоҳимиздан меҳр ва (гуноҳлардан) поклик (ато этдик). У тақволи бўлди. У ота-онасига итоали – меҳрибон бўлиб, жабру ситам қилувчи, қулоқсиз эмас эди. Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (қиёмат) кунида ҳам тинчлик-омонлик бўлади” (Марям сураси, 12-15-оятлар).

Яҳё туғилиб, вояга етгач, Аллоҳ таоло унга ваҳий қилиб:

– Эй Яҳё, Тавротни маҳкам ушла! Унинг маъноларини тўғри тушун, ҳукмларига амал қил, одоблари билан зийнатлан! – деди.

Аллоҳ таоло Яҳёга болалигидаёқ Тавротни тушуниш ва унга амал қилиш салоҳиятини ато қилди.

Айтилишича, ўшанда Яҳё алайҳиссалом ўн етти ёшда бўлган.

Ривоят қилинишича, болалар Яҳё ибн Закариёга: “Юр, бирга ўйнаймиз”, дейишганида, Яҳё: “Биз ўйнаш учун яратилмаганмиз”, деб жавоб берган[1].

“Яна (унга) Ўз даргоҳимиздан меҳр ва (гуноҳлардан) поклик (ато этдик). У тақволи бўлди”.

Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломга шафқат, меҳр-мурувват, муҳаббат неъматини берганди. У инсонларга ғамхўр, яхшилик қилувчи эди. Яҳёнинг қалби покиза, Аллоҳ қайтарган ишларга хоҳиши йўқ, фитрати ўта пок инсон эди. Яҳё Аллоҳ амр қилган ва қайтарган ҳар бир ишда У Зотга итоат этувчи тақволи зотлардан бўлган.

“У ота-онасига итоали – меҳрибон бўлиб, жабру ситам қилувчи, қулоқсиз эмас эди”.

Яҳё алайҳиссалом ота-онасига меҳрибон, уларга яхшилик қилувчи эди. У зинҳор мутакаббир, мақтанчоқ ва бебош бўлмаган.

Улуғ пайғамбар шаънига мақтовлар айтилганидан кейин унинг оқибати чиройли бўлиши хабар берилади:

“Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (қиёмат) кунида ҳам тинчлик-омонлик бўлади”.

Яъни, Яҳё алайҳиссаломга туғилган кунида, бу ўткинчи дунёни тарк этганида ва охиратда Аллоҳ тарафидан омонлик ва салом бўлади.

Бу уч вақтнинг зикр қилинишига сабаб, инсон мана шу уч даврда парваришга (яъни, кўмакка) муҳтож бўлади. Шу маънода Суфён ибн Уяйна шундай деганлар: “Киши уч хил ҳолатда жуда муҳтож бўлади:

1. Туғилган кунида. У аввал онаси қорнида эди, энди бўлса, у ерга тушди.

2. Вафот этган кунда. У аввал кўрмаган одамларни кўради.

3. Қиёмат кунида. У ўзини улкан маҳшаргоҳда кўради”.

Оли Имрон сурасида Закариё ва Яҳё алайҳимуссалом ҳақида баъзи маълумотлар келтирилган. Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Ўшанда Закариё Парвардигорига дуо қилиб деди: “Парвардигорим, менга ҳам Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт – фарзанд ҳадя эт! Албатта Сен дуо-илтижоларимни Эшитувчисан”. Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар: “(Эй Закариё,) Аллоҳ сенга Аллоҳнинг Сўзини тасдиқлайдиган, (ўз қавмига) хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган Яҳё исмли фарзанд хушхабарини беради”. “Парвардигорим, менга кексалик етган, хотиним туғмас бўлса, мендан қандай фарзанд бўлсин?!” деди (Закариё). (Аллоҳ) айтди: “Шундай, Аллоҳ истаган ишни қилади”. “Парвардигорим, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги – аломат қилсанг”, деди у. (Аллоҳ) айтди: “Сенга белги шуки, уч кун одамларга фақат имо-ишора билангина гапира оласан. Парвардигорингни мудом ёд қил ва туну кун У Зотга тасбеҳ айт!” (Оли Имрон сураси, 38-41-оятлар).

Закариё алайҳиссалом Марям билан учрашган покиза маконда ундаги фазилатлар ва ажойиб нарсаларни кўриб, Закариёнинг оталик меҳри жўшиб кетди. Ёши бир жойга бориб қолган бўлса-да, қўлини самога кўтариб, солиҳ фарзанд сўраб Аллоҳга дуо-илтижо қилди.

Закариёнинг таъсирчан дуоси Қуръони каримда мана бундай келтирилган:

“Парвардигорим, менга ҳам Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт – фарзанд ҳадя эт! Албатта Сен дуо-илтижоларимни Эшитувчисан”.

Яъни, Парвардигоро! Сен мени яратгансан, барча нарсага қодирсан. Менга кўзимни қувонтирадиган, ортимда қолиб ўрнимни эгаллайдиган солиҳ фарзанд бер! Ё Аллоҳ, дуойимни эшитувчисан, Ўзингга дуо қилувчиларга ижобат этувчисан. Ўз фазлинг билан дуойимни қабул эт, Парвардигорим!

Шундай қилиб Закариё алайҳиссалом Аллоҳдан умид қилиб, дунё ва охиратда яхшилик келтирувчи солиҳ фарзанд сўради.

Имом Қуртубийга кўра, ушбу оят фарзанд сўрашга далолат қилади. Бу пайғамбарлар ва сиддиқлар суннатидир. Кўп ҳадисларда инсонга дунёда ва охиратда манфаат келтирувчи фарзанд сўрашга даъват қилинган. Ҳадиси шарифларнинг бирида айтилишича, банда вафот этганида амали тўхтайди. Лекин уч тарафдан савоб келиб туради. Ана ўшалардан бири ҳақига дуо қиладиган солиҳ фарзанд экани айтилган[2].

Закариё алайҳиссалом хушу билан қилган дуоси натижаси қандай бўлди? Суранинг давомида шу ҳақида баён қилинган:

“Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар: “(Эй Закариё,) Аллоҳ сенга Аллоҳнинг Сўзини тасдиқлайдиган, (ўз қавмига) хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган Яҳё исмли фарзанд хушхабарини беради”.

Закариё меҳробда Парвардигорига муножот қилаётганди. Шу пайт фаришталар келиб, Аллоҳ унга “Яҳё” исмли ўғил фарзанд бериши ҳақидаги хушхабарни етказди.

Оятнинг арабий матнига эътибор берсак, Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом дуосини жуда қисқа фурсатда ижобат қилгани маълум бўлади[3].

Бир гуруҳ муфассирларга кўра, Закариё алайҳиссаломга башорат берган фаришта Жаброил алайҳиссаломдир. Лекин бошқалар оятнинг зоҳирий маъносидан келиб чиқиб, Закариё ва хотинига бир гуруҳ фаришталар томонидан хушхабар етказилганини таъкидлашган.

Оятда Яҳё алайҳиссалом сифати қуйидагича келтирилган:

“Аллоҳнинг Сўзини тасдиқлайдиган, (ўз қавмига) хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган...”

Аллоҳнинг Сўзини тасдиқлаш Яҳё алайҳиссаломнинг биринчи сифатидир. Уламолар буни тушунтиришда икки хил фикрдалар:

1. Жумҳур уламоларга кўра, оятдаги “Аллоҳнинг Сўзи”дан мурод, Исо алайҳиссаломдир. Чунки Исо Аллоҳнинг Сўзи деб сифатланган. Закариё Исони тасдиқлаган ва у Аллоҳнинг пайғамбари эканига имон келтирган.

2. Бошқа уламоларга кўра, оятдаги “Аллоҳнинг Сўзи”дан мурод, У Зотнинг Китобидир.

Бизнингча, биринчи қавл тўғри бўлса керак. Сабаби, Қуръони каримнинг бир қанча жойида Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг сўзи деб васф қилинган. Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй аҳли китоб, (Исони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошманг! Аллоҳ шаънига фақат ҳақ сўзни айтинг! Албатта Масиҳ Исо ибн Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга ташлаган Сўзи ҳамда Унинг томонидан бир руҳ (соҳибидир), холос. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига имон келтиринг!” (Нисо сураси, 171-оят).

Яҳё алайҳиссаломнинг иккинчи сифати қавмига хожа бўлишидир. Бундан мурод, унинг шараф, тақво ва иффатни сақлашда бошқалардан устунлиги. Яҳё нафсига ҳоким бўлиш билан шундай мақомга эришган.

Яҳё ибн Закариё алайҳиссаломнинг учинчи сифати шаҳватлардан ўзини сақловчи эканидир. Яъни, Яҳё алайҳиссалом уйланишга қодир бўла туриб аёллардан узоқ юргани, иффатини сақлагани айтилган.

Қози Иёзга кўра, бу Яҳё алайҳиссаломнинг гуноҳлардан масъум эканини, биронта ҳам гуноҳ иш қилмаганини билдиради.

Уламолар Яҳё алайҳиссалом уйланишга қодир бўлгани, унда ҳеч қандай айб-нуқсон бўлмаганини таъкидлашган. Ёдингизда бўлса, Закариё алайҳиссалом Аллоҳдан солиҳ зурриёт, ишларини давом эттирувчи ўғил сўраган эди. Бу Закариё алайҳиссалом ҳақида айтилган ҳар қандай нолойиқ гапларни аритади ва унинг соғлом ва шаҳватлардан ўзини тийиб юрганини исботлайди.

Яҳё алайҳиссаломнинг тўртинчи сифати солиҳлардан бўлган пайғамбарлигидир.

Закариё алайҳиссаломга келажакда солиҳ пайғамбарлардан бўладиган бир ўғил башорати берилди. Мана шу сифат энг улуғидир. Сабаби, пайғамбарлик мартабасига биронта фазилат тенг келолмайди.

Фаришталар Закариё алайҳиссаломга ўғил фарзанд башоратини етказганларида, пайғамбар шундай деди:

– Парвардигорим, менга кексалик етган, хотиним туғмас бўлса, мендан қандай фарзанд бўлсин?!

Яъни, эй Парвардигорим, мен қариб заифлашиб қолган бўлсам, устига-устак хотиним туғмас бўлса, қандай қилиб фарзандли бўламан?! – деди.

Закариё алайҳиссалом буни инкор қилиш маъносида айтмаган. Балки башоратдан таажжубга тушган. Пайғамбарлар Аллоҳнинг қудратига зинҳор шубҳа қилишмаган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Закариёга Яҳё ҳақида башорат берилганида унинг ёши бир юз йигирмага етганди. Хотини эса ўшанда тўқсон саккиз ёшда бўлган[4]”.

Аллоҳ тарафидан Закариё қалбига хотиржамлик соладиган жавоб қилинди:

“Шундай, Аллоҳ истаган ишни қилади”.

Яъни, Аллоҳ хоҳлаган ишини қилади. Хоҳласа, ёши ўтиб, фарзанд кўришдан умидини узганларга фарзанд беради. Зеро, Аллоҳ сабабларни яратади. Борлиқда бирон нарса Аллоҳни ожиз қолдиролмайди. У Зот ҳар нарсага қодирдир. Одамлар орасида одат бўлган нарсаларни ўзгартириш Аллоҳ учун қийин эмас.

Шунда Закариё алайҳиссалом башорат юзага чиқишига далолат қилувчи бирон белги кўрсатишни сўради:

“Парвардигорим, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги – аломат қилсанг”.

Яъни, Закариё Парвардигорига муножат қилиб:

– Раббим! Сендан хотиним ҳомиладор бўлганига далолат қилувчи бирон аломат кўрсатишингни сўрайман. Мақсадим менга берадиганинг улуғ неъматнинг шукрини адо этиш ва ҳақларини тўлиқ бажариш, – деди.

Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом сўровига жавобан шундай марҳамат қилди:

“Сенга белги шуки, уч кун одамларга фақат имо-ишора билангина гапира оласан. Парвардигорингни мудом ёд қил ва туну кун У Зотга тасбеҳ айт!”

Яъни, эй Закариё, сенга аломат шуки, тилингда бирон камчилик бўлмаган ҳолда уч кун одамларга гапира олмайсан. Уларга имо-ишора билан фикрингни тушунтирасан. Эй Закариё, одамларга гапиришдан ожиз бўлганингда, сенга берилган ҳисобсиз неъматларга шукр сифатида Аллоҳга туну кун тасбеҳ айт!

Закариё алайҳиссаломга буюрилган мана шу иш ҳар бир оқил банда учун ҳам хосдир. У туну кун Аллоҳ таолони зикр қилиши, тасбеҳлар айтиши, тил шукрини адо этиши керак. Зеро, Аллоҳнинг зикри билан қалблар ором олади, диллар таскин топади. Парвардигорини эслаган одам хотиржам бўлади. Зикруллоҳ гуноҳ ва нуқсонларга каффорат бўлади.

Ривоят қилинишича, Закариё алайҳиссалом уч кун одамларга гапира олмаган. Унинг тили фақат Аллоҳни зикр қилиш, Унга тасбеҳ айтиш билан машғул бўлган.

“Ал-кашшоф”да келтирилишича, Закариё алайҳиссалом тили уч кун гапиришдан ман қилинишига сабаб, Закариё шукр қилиш учун Аллоҳдан аломат сўраганида, Аллоҳ унинг тилини фақат шукр билан ҳаракатланадиган қилиб қўйган[5].

Юқоридаги оятларда Закариё алайҳиссалом ҳаётининг бир қисми ҳақидаги қисса келтирилди. Бу қисса ибрат ва насиҳатларга тўла. Уни ўқиб, мушоҳада қилган банда ўзи учун кўп манфаатлар олади.

Анбиё сурасида Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолога қилган дуою илтижоси келтирилган. Аллоҳ таоло айтади:

“Закариёнинг: “Парвардигорим, мени ёлғиз ҳолда ташлаб қўйма. Ўзинг ворисларнинг яхшироғисан”, деб нидо қилган пайтини (эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда унинг учун жуфтини ўнглаб қўйдик. Дарҳақиқат, улар (яъни, мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга умид ва қўрқув билан дуо-илтижо қилардилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар” (Анбиё сураси, 89-90-оятлар).

Яъни, эй банда, Закариё алайҳиссалом Парвардигорига нидо қилиб:

– Раббим! Мени зурриётсиз қолдирма! Сен энг яхши боқий қолувчисан, – деб дуо-илтижо қилган вақтини эсла!

Закариё алайҳиссаломнинг хулуси ният ва сидқидилдан самога кўтарилган қўли бўш қайтмади. Аллоҳ таоло унинг дуосини қабул қилди:

“Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда унинг учун жуфтини ўнглаб қўйдик”.

Яъни, Биз Закариёнинг дуосини ижобат қилдик ва фазлу марҳаматимиз билан унга ўғли Яҳё алайҳиссаломни ато этдик. Закариёнинг аёли туғмас эди. Биз уни фарзанд кўришга лаёқатли қилиб қўйдик. Бу уларга кўрсатган марҳаматимиздир.

“Дарҳақиқат, улар (яъни, мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга умид ва қўрқув билан дуо-илтижо қилардилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар”.

Бу ерда нима сабабдан марҳамат кўрсатилгани келтирилмоқда.

Яъни, Биз аввалги пайғамбарларга, жумладан, Закариё ва Яҳё алайҳимуссаломга турфа неъматларни бердик. Чунки улар Бизни рози қиладиган яхшиликларга шошилар, Биз буюрган ишларни қилишга жидду жаҳд қилишарди. Улар Бизга қалбдан дуо-илтижо қилишар, раҳматимиздан умид қилиб, азобимиздан қўрққан ҳолда Бизга юкинишарди. Улар ўзларини хокисор тутишарди. Зинҳор кибру ҳаво қилишмас эди.

Ўтмишда ўтган пайғамбарлар саналган мана шу сифатлар сабабидан Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлишди.

Қуйида Закариё ва Яҳё алайҳимуссалом қиссасидан олинадиган ибратли жиҳатларни қисқача баён қиламиз:

1. Ақлли кишилар Парвардигор азза ва жаллага дуо қилиб, рушду ҳидоятли, Аллоҳга ихлос билан ибодат қиладиган солиҳ фарзанд сўрайдилар.

Закариё алайҳиссалом Аллоҳга холис дуо қилиб, илм, фазилат ва пайғамбарликда ортидан ўринбосар бўлувчи солиҳ фарзанд ато этишини сўради. Сабаби, қариндошлари орасида ҳақдан тойилишни кўрган, улар Аллоҳ фарз қилган амалларни бажаришда сусткашликка йўл қўяётгандилар.

Эслатиб ўтиш лозимки, Закариё алайҳиссалом ўз нафси учун, мақтаниш, одамлар орасида ғурурланиш учун сўрамади фарзандни. Балки Аллоҳ дини йўлида хизмат қилиши, мақталган одоб-ахлоқни ҳимоя қилиб, одамлар орасини ислоҳ қилиш учун фарзанд талабида бўлди.

2. Аллоҳ таоло ҳар бир ишга қодирдир. Банда бўлиши мумкин эмас, деб ўйлаган ишларни-да қилишга қодирдир Аллоҳ. Мисол учун, Закариё алайҳиссалом ёши бир жойга бориб қолган, заифлашган, устига-устак хотини ҳам туғмас кампир ҳолида Аллоҳ уларга Яҳё алайҳиссаломни берди. Бу башоратдан ҳайратга тушган пайғамбарга Аллоҳ Закариёни ҳам йўқдан бор қилгани, У Зот истаган ишини қила олишини билдирди.

3. Покиза қалбдан чиққан дуонинг ижобатидан умид қилинади. Буни Закариё алайҳиссалом мисолида кўриш мумкин. У зот тазарру билан қўлини кўкка кўтариб, Аллоҳ таоло раҳматидан умид қилган ҳолда Парвардигорига илтижо этди. Натижада, Аллоҳ пайғамбари дуосини ижобатсиз қолдирмади, уни ноумид қилмади. Ҳа, Закариё алайҳиссалом ва ундан аввалги пайғамбарлар яхши амалларга шошилар, Парвардигорига умид ва қўрқув билан дуо қилардилар. Улар ибодатда хушу қилар эдилар, зинҳор кибрланмасдилар. Аллоҳ берган неъматлар шукрини адо қилишарди. Шу сабабли, Аллоҳ уларни ҳисобсиз неъматлар билан сийлаган.

[1] “Тафсиру ибни касир”, 3-жуз, 113-бет.

[2] “Тафсирул қуртубий”, 4-жуз, 72-бет.

[3] (Оятнинг арабча матнида “фанаадатҳу” деб келган. – таржимон).

[4] “Тафсирул фахрир розий”, 8-жуз, 42-бет.

[5] “Тафсирул кашшоф”, 1-жуз, 361-бет.

👉https://t.me/kitobxon_viktorina

ДОВУД ВА СУЛАЙМОН АЛАЙҲИМУССАЛОМ ҚИССАСИ
Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом қиссаси Қуръони каримнинг турли сураларида, жумладан, Анбиё, Намл, Сабаъ, Сод сураларида келган.

Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом икки ҳурматли пайғамбар, икки улуғ подшоҳ бўлишган. Аллоҳ таоло иккисига пайғамбарлик ва подшоҳлик неъматини берган.

Довуд алайҳиссалом насаби Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳиссаломга тақалади. Довуд Исо алайҳиссалом туғилишидан тахминан 1000 йилча олдин Фаластин диёрида таваллуд топган. У зот алайҳиссаломнинг исмлари Қуръони каримнинг турли сураларда 10 марта такрорланган. Жумладан, Бақара сурасида шундай дейилади:

“Қачонки Жолут ва унинг лашкарлари кўринганида, айтдилар: “Парвардигоро, устимиздан сабру тоқат ёғдиргин, қадамларимизни собит қил ва Ўзинг бизни бу кофир қавм устига ғолиб қил!” Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни енгдилар. Ва (Толутнинг аскарларидан бўлган) Довуд Жолутни ўлдирди. Ва Аллоҳ унга (Довудга) подшоҳлик, пайғамбарлик ато қилади ва Ўзи хоҳлаган нарсаларидан таълим берди. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз, ер фасодга дучор бўлади. Лекин Аллоҳ барча оламлар устида фазлу карам Соҳибидир” (Бақара сураси, 250-251-оятлар).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биродарлари Довуд алайҳиссалом ҳаққига жуда кўп мақтов айтганлар. Жумладан, “Саҳиҳу муслим”да Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло учун энг севимли рўза Довуднинг рўзасидир. У бир кун рўза тутар, бир кун оғзи очиқ бўларди. Аллоҳ учун энг афзал (тунги) намоз Довуднинг намозидир. У ярим тунгача ухлаб, туннинг учдан бирида қоим бўлар, туннинг олтидан бирида ухлар эди”, деганлар.

Сулаймон ибн Довуд алайҳиссалом исми Қуръонда 17 марта такрорланган. Жумладан, Бақара сурасининг 102-оятида шундай дейилган: “Ва Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашдилар. Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар”.

Яъни, Бани Исроил қавмидан залолатга кетган кофир кимсалар Сулаймон алайҳиссалом подшоҳлигига қарши тўқиб чиқарган уйдирмаларга эргашдилар. Уларга кўра, Сулаймон подшоҳлиги сеҳр асосига қурилган экан. Ҳақиқат шуки, Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ азза ва жаллага ихлос билан ибодат қилган зотлардан эди. Лекин шайтонлар кофир бўлдилар. Улар бузғунчилик ва адаштириш учун сеҳрни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатдилар.

Набавий ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биродарлари Сулаймон алайҳиссаломни мақтаганлар. “Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у зот шундай деганлар: “Жинлардан бўлган ифрит бугун эрта тонгда намозни бузиш учун менга дуч келди. Аллоҳ менга унинг устидан (ғолиб келишимга) имкон берди. Мен тонг отганида сизлар кўришингиз учун уни масжид устунларидан бирига боғлаб қўймоқчи эдим. Лекин биродарим Сулаймоннинг: “Парвардигорим, Ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин биронтаси учун муяссар бўлмайдиган бир мулку давлат ҳадя этгин. Зеро, Ёлғиз Сенинг Ўзинггина ҳадя этувчисан”, деган гапини эслаб, бундай қилмадим”.

Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом даврида Бани Исроил тинчлик-хотиржамликда ва фаровонликда умргузаронлик қилишди. Тарихда энг тинч ҳаётлари айнан ўша даврларга тўғри келади.

Анбиё сурасида бу икки буюк пайғамбар ҳақида шундай дейилган:

“Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм қилаётган пайтларини (эсланг!) Ўшанда унга қавмнинг қўйлари бўшалиб кириб (уни пайҳон қилиб юборган) эди. Биз улар (чиқарган) ҳукмга шоҳид эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик. Биз ҳар иккисига ҳукм – пайғамбарлик ва илм ато этдик. Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик. Биз шундай қила олувчидирмиз. Яна (Довудга) сизларга зиён етишидан сақлайдиган совут ясашни таълим бердик. Бас, сизлар, шукр қилувчимисиз? Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб,) унинг амри билан Биз муборак қилган заминга эсадиган (қилиб қўйдик). Биз барча нарсани Билувчимиз. Яна шайтон-жинлардан (Сулаймон) учун ғаввослик қиладиган ва бундан бошқа ишларни ҳам адо этадиган кимсаларни (яратдик). Ва Биз уларни қўриқлаб турувчи бўлдик” (Анбиё сураси, 78-83-оятлар).

Муфассирлар бу оятлар тафсирида турли ривоятларни келтирадилар. Қисқача қилиб айтганда, икки киши Довуд алайҳиссалом олдига келишди. Уларнинг бири экинзор эгаси, бошқаси эса қўйларнинг соҳиби эди. Экинзори бор одам Довуд алайҳиссаломга қараб:

– Эй, Аллоҳнинг пайғамбари! Манави одамнинг қўйлари экинзоримни пайҳон қилди, ундан ҳеч вақо қолмади! – деди.

Шунда Довуд алайҳиссалом зарарни қоплаш учун экинзор эгаси қўйларни олиши кераклиги ҳақида ҳукм чиқарди.

Улар Довуд алайҳиссалом ҳузуридан чиқиб кетаётганларида йўлда Сулаймон алайҳиссаломга дуч келишди ва отаси қандай ҳукм чиқарганини хабар беришди. Шунда Сулаймон алайҳиссалом отаси ҳузурига кириб:

– Эй, Аллоҳнинг пайғамбари! Бу ҳукм сиз чиқарган ҳукм эмас!

– Қандай қилиб?

– Қўйларни экинзор эгасига фойдаланиши учун беринг, экинзорни эса қўйлар эгасига топширинг. Токи у экинзорни аввалги ҳолига қайтарсин. Кейин иккиси бир-бирининг мулкларини қайтаради: экинзор эгаси ерини олади, қўйлар соҳиби эса қўйларини қайтариб олади, – деди Сулаймон алайҳиссалом.

– Ҳукм сен чиқарганинг каби бўлади, эй Сулаймон! – деди Довуд алайҳиссалом[1].

Юқорида келтирилган оят маъноси қуйидагича: “Эй, карим сифатли Пайғамбар! Сиз Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом қўйлар пайҳон қилган экинзор хусусида ҳукм қилган вақтларини эсланг!

Имом Қуртубий айтади: “Оятда уларнинг ҳукм қилишгани бирга зикр қилинаётган бўлса-да, Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом алоҳида-алоҳида ҳолда ҳукм чиқаришган. Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан тушунувчироқ эди[2]”.

“Биз улар (чиқарган) ҳукмга шоҳид эдик”.

Яъни, Довуд ва Сулаймон ҳукм чиқараётган нарсаларига гувоҳ эдик, ҳозир эдик. У иккиси айтган бирон нарса Биздан узоқ бўлмаган.

“Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик”.

Яъни, Биз икки киши мурожаат қилган муаммони ҳал қилишда Сулаймонга муносиб ҳукм чиқаришни тушунтирдик.

Уламоларнинг айтишларича, Довуд алайҳиссалом фақат экинзор эгасига эваз қайтариш билан ҳукм чиқарди. Бу ҳам адолатли ҳукм. Бироқ Сулаймон алайҳиссалом чиқарган ҳукм адолат билан бирга обод қилиш, бузилганнинг ўрнини тўлдиришни ҳам ўзида жамлаган эди. Бу ҳукмни Аллоҳ таоло унга илҳом қилди. Буни У зот Ўзи хоҳлаган бандасига беради.

“Биз ҳар иккисига ҳукм – пайғамбарлик ва илм ато этдик”.

Бу ерда Аллоҳ таоло тарафидан Довуд ва Сулаймон алайҳимуссаломга мақтов айтилмоқда. Бундан мақсад, Довуд алайҳиссалом ҳукмида тўғри йўл тутмади, деб ўйлаган баъзи кишилардан ёмон гумонларни аритишдир.

Яъни, Биз Довуд ва Сулаймон алайҳимуссаломга Ўз ҳузуримиздан нубувват, сўз ва амалда тўғри иш қилишлик, динда фақиҳлик ва ишларни тўғри англаб етиш салоҳиятини бердик.

“Экинзор ва қўй эгаси борасида Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом чиқарган ҳукм ваҳий орқали бўлганми ёки уларнинг ижтиҳодига асосан чиқарилганми?” деган масалада баъзи муфассирлар жуда кўп қавлларни келтиришган. Айрим муфассирлар рожиҳ (тўғрироқ) санаган қавлга кўра, ўша ҳукм иккисининг ижтиҳоди билан бўлган. Бир гуруҳ уламолар: “Довуд ва Сулаймоннинг экинзор масаласида чиқарган ҳукмлари ваҳий орқали бўлган, фақат Сулаймон алайҳиссаломга ваҳий қилинган нарса Довуд алайҳиссаломга ваҳий қилинган ҳукмни насх қилган (яъни, амалдан қолдирган)”, дейишган.

Оят маъносига кўра, уларнинг ҳукми ваҳий билан эмас, ижтиҳод билан бўлган. Бунда Сулаймон тўғри йўл тутган. Ижтиҳод қилгани ва масалани тўғри ечиб бергани учун Аллоҳ уни мақтаган. Довуд алайҳиссалом ҳукм қилишда ижтиҳод қилгани учун мақталган. Унга маломат ҳам, мазаммат ҳам қилинмаган. Аллоҳ таоло “Биз уни Сулаймонга англатдик”, деб Сулаймон алайҳиссалом масалани тўғри ҳал қилгани учун унга мақтов айтмоқда. Кейин “Биз ҳар иккисига ҳукм ва илм ато этдик”, деб ота-бола пайғамбарлар – Довуд ва Сулаймон алайҳимуссаломларни мақтамоқда.

Икки пайғамбарнинг икки хил ҳукм чиқаргани ҳам бу ижтиҳод орқали қилинганини тасдиқлайди.

Экинзор ва қўй эгаси хусусидаги ҳукм зикр қилинганидан кейин, Аллоҳ таоло Ўз фазлу карами ила Довуд алайҳиссаломга ато этган неъматлар эслатилади:

“Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик. Биз шундай қила олувчидирмиз”.

Яъни, Биз тоғлар ва қушларни Довуд алайҳиссалом билан бирга тасбеҳ айтишлари учун бўйсундирдик.

Ибн Касир айтади: “Бу Довуд алайҳиссаломнинг овози чиройли ва Забурни хуш овозда ўқигани сабабидандир. Довуд Забурни тиловат қилса, осмонда учиб кетаётган қушлар жойида тўхтаб қолиб, унга ижобат қилар, тоғлар ҳам Довуд алайҳиссаломга ижобат қиларди. Шу сабабли ҳам Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу кечаси Қуръон ўқигаётганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдидан ўтганларида, жойларида бироз тўхтаб туриб, қироатга қулоқ тутар ва: “Бу кишига Довуд оиласининг найларидан (яъни, чиройли овозидан) берилган экан!” деб айтардилар[3]”.

“Кашшоф” муаллифи Маҳмуд Замахшарий айтади: “Нима сабабдан оятда аввал тоғлар, кейин қушлар зикр қилинган?” дейилса, мен айтаманки, тоғларнинг бўйсундирилиши ва тасбеҳ айтиши ажиброқдир, Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчироқ ва мўъжиза бўлишига яқинроқдир. Тоғлар жонсиз нарса. Қушлар эса жонзотдир. Фақат уларда тил-забон йўқ. Ривоят қилинишича, Довуд алайҳиссалом тасбеҳ айтиб тоғлар олдидан ўтса, улар Довудга жавоб қайтаришар экан. Довуд қаерга борса, улар ҳам бирга юришар экан[4]”.

Тоғлар ва қушларнинг Довуд алайҳиссаломга қўшилиб тасбеҳ айтишлари ҳақиқий тасбеҳдир. Лекин бунинг қандай эканини фақат Аллоҳ билади. У Зот шундай деган: “Етти осмон, ер ва улардаги бор жонзотлар (Аллоҳга) тасбеҳ айтади. Мавжуд бўлган барча нарса (Аллоҳга) ҳамду сано айтиш билан У Зотни тасбеҳ айтади. Лекин сизлар (эй инсонлар,) уларнинг тасбеҳларини тушунмайсизлар” (Исроъ сураси, 44-оят).

Юқоридаги оят маъносига мувофиқ келадиган бошқа оятлар ҳам бор:

“Аниқки, Биз Довудга Ўз томонимиздан (улуғ) бир фазл-мартаба (пайғамбарлик) ато этдик ва дедик: “Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!” Ва Биз унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик” (Сабаъ сураси, 10-оят).

“(Эй Муҳаммад,) Сиз улар айтаётган сўзларга сабр қилинг ва Бизнинг бандамиз – (тоат-ибодатда ва сабр-қаноатда) қувват соҳиби бўлган Довудни эсланг! Дарҳақиқат, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтувчидир. Албатта Биз тоғларни кечки пайт ва эрталаб у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик” (Сод сураси, 17-19-оятлар).

Довуд алайҳиссалом билан бирга тоғлар ва қушлар тасбеҳ айтиши зикр қилинганидан кейин инсониятга берилган бошқа неъмат эслатилади.

“Яна (Довудга) сизларга зиён етишидан сақлайдиган совут ясашни таълим бердик. Бас, сизлар, шукр қилувчимисиз?”

Яъни, Биз Довудга берган неъматларимиздан бири шуки, унга ўз даргоҳимиздан моҳирлик билан совут ясашни ўргатдик. Бу либослар сизларни жанг майдонида омон сақлайди, қилич зарбидан соҳиби саломат қолишига, камон ўқларидан омон чиқишига сабаб бўлади. Бас, шундай экан, сизлар бунинг учун Аллоҳга шукр қилинглар ва ўша неъматларни Унинг розилиги йўлида ишлатинглар!

Қуртубий ёзади: “Бу оятда саноат (касб-ҳунар) ва сабабларни қўллаш учун асос бор. Бу ақл-идрок эгаларининг гапидир. “Бу заифлар учун жорий қилинган”, деб айтадиган жоҳиллар гапи эмас. Сабабларни юзага келтиришни Аллоҳ махлуқотларига тақдир қилган. Ким бунга қарши чиқса, Китоб ва суннатга қарши чиққан бўлади. Аллоҳ таоло хабар беришича, Довуд алайҳиссалом совут ясар, ўз меҳнати орқасидан тирикчилик қиларди. Шунингдек, Одам алайҳиссалом деҳқон, Нуҳ алайҳиссалом дурадгор, Луқмон тикувчи, Толут тери ошловчи эди. Касб-ҳунар сабабидан инсон ўзини одамлардан беҳожат қилади, ўзидан зарар ва шикастларни узоқ қилади. Ҳадисда айтилаганидек, Аллоҳ иффатини сақлайдиган меҳнаткаш мўмин бандани яхши кўради. Хиралик билан одамларни нарса сўрайдиган кимсани хушламайди[5]”.

Шундай сўнг Сулаймон ибн Довуд алайҳиссаломга Аллоҳ таоло тарафидан инъом этилган неъматлар зикр қилинади:

“Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб,) унинг амри билан Биз муборак қилган заминга эсадиган (қилиб қўйдик)”.

Яъни, Сулаймон учун шамолни қаттиқ эсадиган қилиб қўйдик. Биз тоғлар ва қушлар унинг отаси билан тасбеҳ айтадиган қилиб қўйгандик.

Ўта кучли шамолни Сулаймоннинг амри билан Биз тарафдан муборак қилиб қўйилган Шом диёрига эсадиган қилиб қўйдик.

Бу оятда Сулаймон алайҳиссаломга бўйсундирилган шамол қаттиқ эсиши айтилмоқда. Сод сурасининг 36-оятида унинг майин эсиши айтилган. Балки Сулаймонга бўйсундирилган шамол Аллоҳ таолонинг ҳикмати билан баъзида қаттиқ, баъзида майин эсган бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!

“Биз барча нарсани Билувчимиз”.

Яъни, Биз борлиқда бўлаётган ҳар бир нарсани билиб турамиз. Бизнинг илмимиз махлуқотларимизникига ўхшамайди. Аллоҳнинг илми мутлоқдир. Махлуқотлар билган нарса чегараланган.

Ушбу жумлада Аллоҳ таоло Ўз илми билан ҳамма нарсани қамраб олгани айтилмоқда ва Сулаймон алайҳиссаломга берилган неъматлар ҳам Аллоҳнинг иродаси ва илми билан бўлгани таъкидланмоқда.

“Яна шайтон-жинлардан (Сулаймон) учун ғаввослик қиладиган ва бундан бошқа ишларни ҳам адо этадиган кимсаларни (яратдик). Ва Биз уларни қўриқлаб турувчи бўлдик”.

Яъни, Биз Сулаймонга сув остига тушиб, ундаги гавҳар, маржон ва дурларни олиб чиқадиган жинларни яратдик. Улар бу ишни ўзларининг манфаатлари учун қилмасдилар. Балки фақат Сулаймон алайҳиссалом фойдасига хизмат қилардилар.

“Ва бундан бошқа ишларни ҳам адо этадиган кимсаларни (яратдик)”.

Сулаймон алайҳиссаломга бўйсундирилган жинларнинг вазифаси фақат сув остига шунғиб, қимматбаҳо тошларни олиб чиқиб бериш эмас эди. Улар Сулаймон амри билан бундан бошқа жуда кўп ишларни, жумладан, шаҳар ва қасрлар қуриш, ҳайкаллар ва меҳроблар ясаш билан ҳам машғул эдилар. Бу ҳақида бошқа оятда шундай дейилган: “Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиган кимсаларни (бўйсундириб қўйганмиз). Улардан ким Бизнинг амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўямиз. Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни – ибодатхоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берадилар. (Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг) шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилувчи (зотлар жуда) оздир” (Сабаъ сураси, 12-13-оятлар).

Аллоҳ таоло ояти каримани қуйидаги қавли билан тамомлайди:

“Ва Биз уларни қўриқлаб турувчи бўлдик”.

Яъни, Биз бу жинларни Сулаймон амридан чиқиб кетмасликлари, ўзларига буюрилган ишдан бош тортмасликлари учун кузатиб-қўриқлаб турувчи бўлдик.

Сабаъ сурасида Аллоҳ таоло Довуд ва Сулаймон алайҳимуссаломга берган бошқа неъматлари ҳақида сўз юритилган. Аллоҳ таоло айтади:

“Аниқки, Биз Довудга Ўз томонимиздан (улуғ) бир фазл-мартаба ато этдик ва дедик: “Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!” Ва Биз унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик. (Ва унга дедик:) “Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин!” (Эй Довуд хонадони,) яхши амал қилинглар! Зеро, Мен қилаётган амалларингизни кўриб турувчиман”. Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиган кимсаларни (бўйсундириб қўйганмиз). Улардан ким Бизнинг амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўямиз. Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни – ибодатхоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берадилар. (Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг) шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилувчи (зотлар жуда) оздир. Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимига фақат асосини еяётган ер жонивори (қурти) далолат қилди. Бас, қачонки у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билувчи бўлганларида бу хор қилувчи азобда-меҳнатда қолмаган бўлардилар” (Сабаъ сураси, 10-14-оятлар).

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга жуда кўп улуғ неъматларни: фазл, барака ва буюк салтанатни ато қилган эди.

Аниқки, Биз Довудга Ўз томонимиздан (улуғ) бир фазл-мартаба ато этдик ва дедик: “Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!”

Яъни, Биз Довудга улуғ марҳамат кўрсатдик ва:

– Эй тоғлар, Довуд билан бирга Бизга тасбеҳ айтинглар, Бизни пок деб ёд этинглар, Бизга мақтовлар айтинглар, – дедик.

Ибн Касирга кўра, Довуд алайҳиссалом тасбеҳ айтганида у билан бирга пурвиқор тоғлар, самода учиб юрган қушлар, турфа тилларда тасбеҳ айтарди[6].

Маҳмуд Замахшарийга кўра, бу оятда тоғлар худди ақл соҳиблари сингари ўзларига амр қилинган буйруққа бўйсунувчи, эшитган нарсасига итоат этувчи ва ижобат қилувчи сифатида васф қилинмоқда. Бу шунга далолат қиладики, ҳайвонми, тоғу тошларми, гапирадими ёки йўқ, барчаси Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниши, Унинг иродасига қарши бора олмаслигига ишорадир[7].

“Ва Биз унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик”.

Яъни, Биз Довуд учун қаттиқ темирни хамирдек юмшоқ қилиб қўйдик. У темирни оловда қиздирмай туриб, болға билан урмасдан ҳам истаган шаклига кирита оларди.

(Ва унга дедик:) “Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин!”

Яъни, Биз Довуд учун темирни юмшоқ қилиб бердик ва унга:

– Эй Довуд, мустаҳкам ва пишиқ совутлар ясагин, уларга яхшилаб ишлов бер, кўриниши мукаммал бўлсин! – дедик.

Ривоят қилинишича, Довуд алайҳиссаломгача бўлган даврда ясалган совутлар инсон танасини сиқиб қўяр, натижада жанг майдонида кўзланган мақсадга эришиб бўлмасди. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга танани сиқиб қўймайдиган, ўқ ва қилич тешиб ўтолмайдиган мустаҳкам совут ясашни илҳом қилди.

Шундай кейин Довуд алайҳиссалом ва оиласи солиҳ амаллар қилишга буюрилади:

(Эй Довуд хонадони,) яхши амал қилинглар! Зеро, Мен қилаётган амалларингизни кўриб турувчиман”.

Яъни, сизлар Мени рози қиладиган солиҳ амалларни қилинглар. Зеро, Мен қилаётган ҳар бир амалингизни кўриб-билиб тураман. Қиёмат куни сизларни ҳисоб қиламан.

Қуртубий ёзади: “Ушбу оятда фазл аҳлининг касб-ҳунар ўрганиши яхши экани, бирон ҳунар билан шуғулланиш уларнинг шарафларини тушириб қўймаслигига далолат қилинган. Балки бу нарса уларнинг фазлларига фазл қўшади. Фазл аҳлининг қўл меҳнати билан шуғулланиши уларнинг камтарин ва одамлардан беҳожат бўлишларини таъминлайди. Ҳалол касб орқали топилган даромад миннатдан холидир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинишича, кишининг ўз қўл меҳнати билан топганидан ейиши энг яхшисидир Албатта Аллоҳнинг пайғамбари Довуд қўл меҳнати орқасидан кун кўрар эди[8]”.

Аллоҳ Сулаймон ибн Довуд алайҳимуссаломга бошқа неъматларни ато қилган эди. Бу ҳақида шундай дейилган:

“Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик)”.

Яъни, Биз Сулаймон алайҳиссаломга шамолни бўйсундириб қўйдик. Ўша шамол Сулаймон амри билан эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик йўлни босиб ўтарди. Бу шамол шундай тез эсардики, одамлар бир ойда босиб ўтадиган йўлни бир зумда босиб ўтарди.

“Ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик”.

Яъни, Довудга темирни юмшоқ қилганимиз каби, Сулаймонга мисни эритиб бердик. У ўша мис булоғини ўз ҳожатларига ишлатарди. Бу Бизнинг фазлу марҳаматимиз ва қудратимиз нишонасидир.

“Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиган кимсаларни (бўйсундириб қўйганмиз). Улардан ким Бизнинг амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўямиз”.

Яъни, Биз Сулаймонга жинларга бўйсундириб қўйдик. Улар Сулаймон хизматида эдилар. Агар улардан биронтаси Сулаймонга итоат этишдан бўйин товласа, Биз унинг бошига аламли азобни ёғдирамиз. Натижада у дунё ва охиратда хор бўлади.

Шундай сўнг жинлар Сулаймон алайҳиссалом учун қандай ишларни бажаришлари келтирилади:

“Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни – ибодатхоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берадилар”.

Қуртубийга кўра, ҳайкаллар ҳайвон ёки бошқа шаклларда ясалган. Улар ойна, мис ва мармардан бўлган. Зикр қилинишича, ўша пайғамбарлар ва уламолар ҳайкали бўлган. Одамлар кўриб, ибодат ва ихлослари зиёда бўлиши учун ҳайкаллар ясалиб масжидларга қўйилган. Бу шунга далолат қиладики, бу иш Сулаймон алайҳиссалом замонида мубоҳ (мумкин) бўлган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатлари билан насх қилинган[9].

Юқорида келтирилган оят маъноси қуйидагича: жинлар Сулаймон алайҳиссалом хоҳишига кўра, масжидлар ва қасрлар, турли сурат ва ҳайкаллар, жуда катта ҳажмли лаганлар, оғирлигидан жойида мустаҳкам турувчи катта-катта қозонлар ясашарди.

“(Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг) шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилувчи (зотлар жуда) оздир”.

Яъни, Биз Сулаймон алайҳиссаломга мана шу неъматларни ато этдик. Кейин унга ва оиласига:

– Эй Довуд оиласи, сизларга қилинган яхшиликлар эвазига солиҳ амаллар қилинглар, Менга шукр қилинглар! – дедик.

Шукрнинг моҳияти бирон неъматни Аллоҳ берганини тан олиб, У Зотга ҳамду санолар айтиш ва Аллоҳ берган ўша неъматларни фақат Ўзи рози бўладиган жойларга ишлатишдир.

Шукрли банда Парвардигори неъматларини эътироф этиб, Холиқига туну кун мақтовлар айтади, қалби, тили ва тана аъзолари билан Аллоҳга шукр қилади.

Шундан кейин Сулаймон алайҳиссаломнинг вафоти билан боғлиқ бир воқеа ҳақида сўз юритилади:

“Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимига фақат асосини еяётган ер жонивори (қурти) далолат қилди”.

Сулаймон алайҳиссалом хизматини бажариб турган жинлар унинг вафот этганини билишмади. Шу сабаб, машаққатли ишларида давом этишди. Қачонки ёғочларни кемирувчи қурт Сулаймон алайҳиссалом суяниб турган асони еб битирганидан сўнг улуғ пайғамбар ерга қулаб тушди. Унинг ўлимига фақат ёғоч ейдиган қурт далолат қилди. Унгача жинлар Сулаймон фоний дунёни тарк этганини билишмаганди.

“Бас, қачонки у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билувчи бўлганларида, бу хор қилувчи азобда-меҳнатда қолмаган бўлардилар”.

Агар баъзи жинлар даъво қилганидек, улар ғайбдан воқиф бўлганларида, Сулаймон алайҳиссалом олдинроқ вафот этганини билар, у буюрган машаққатли хизматлардан озод этилган бўлишарди.

Ибн Касир айтади: “Аллоҳ таоло ушбу оятда Сулаймон алайҳиссаломнинг вафоти ва жинлар бундай бехабар қолиб, анча вақтгача оғир меҳнатда қийналишганини хабар қилмоқда. Сулаймон вафотидан кейин тахминан бир йилгача ҳассасига суяниб турган. Ёғоч қурти унинг ҳассасини еб битиргач, Сулаймон ерга қулаб тушган. Жинлар шундагина Сулаймон анча олдин вафот этганини билиб қолишган. Шундай кейин маълум бўлдики, жинлар ва инсонлар ўйлаганидек, жинлар ғайбни билишмас экан[10]”.

Сод сурасида Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом ҳақида турфа хил маълумотлар келган. Аллоҳ таоло айтади:

“(Эй Муҳаммад,) Сиз улар айтаётган сўзларга сабр қилинг ва Бизнинг бандамиз – қувват соҳиби бўлган Довудни эсланг! Дарҳақиқат, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтувчидир. Албатта Биз тоғларни кечки пайт ва эрталаб у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик. Ва тўпланувчи бўлган қушларни ҳам (тасбеҳ айтадиган қилиб қўйдик. Тоғлар ва қушларнинг) барчалари қайтувчидир. Яна Биз унинг мулку давлатини кучли қилдик ва унга ҳикмат ҳамда аниқ-равшан хитоб ато этдик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сизга жанжаллашувчи – даъволашувчи (икки жамоат) хабари келдими? Ўшанда улар меҳробга чиқишиб, Довуднинг олдига киришган эди, (Довуд) улардан қўрқиб кетди. Улар дедилар: “Қўрқмагин. (Бизлар) бир-биримизга зулм қилган икки даъволашувчимиз. Бас, сен бизларнинг ўртамизда ҳақ – адолат билан ҳукм қилгин ва жабр қилмагин ҳамда бизларни текис – тўғри йўлга бошлагин”. (Даъвогарлардан бири деди:) “Дарвоқеъ, мана бу менинг биродарим бўлиб, унинг тўқсон тўққиз совлиқ қўйи бор, менинг эса биргина совлиғим бордир. Бас, у: “Ўшани менга топширгин”, деди ва мени бу сўзда – жанжалда енгиб қўйди. (Довуд) деди: “Дарҳақиқат, у сенинг совлиғингни сўраб ўз совлиқларига (қўшиб олиш) билан сенга зулм қилибди. Дарвоқеъ, кўп ошна-оғайнилар бир-бирларига зулм қиладилар. Фақат имон келтирган ва яхши амаллар қилган кишиларгина (зулм қилмаслар. Аммо) улар жуда оздир”. Довуд Биз уни имтиҳон қилганимизни билди-да, Парвардигоридан мағфират қилишни сўради ва (саждага) эгилган ҳолида йиқилиб, тавба-тазарруъ қилди. Бас, Биз уни мағфират қилдик. Шак-шубҳасиз, унинг учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибати бордир. Эй Довуд, дарҳақиқат, Биз сени ерда халифа қилдик. Бас, сен одамлар орасида ҳақ билан ҳукм қилгин ва хоҳишига эргашиб кетмагин! Акс ҳолда у сени Аллоҳнинг йўлидан оздиради. Албатта Аллоҳнинг йўлидан озадиган кимсалар учун ҳисоб-китоб кунини унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир” (Сод сураси, 18-26-оятлар).

“Сиз улар айтаётган сўзларга сабр қилинг...” деб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинмоқда.

Яъни, эй карим сифатли Пайғамбар, сиз душманларингиз томонидан ўзингиз ва динингиз ҳақида айтилаётган турли гапларга сабрли бўлинг. Сизни “сеҳргар”, “мажнун”, “коҳин”, “шоир”, дедилар. Қуръони каримни “аввалгилардан қолган асотирлар”, дедилар. Сиз буларнинг барига сабрли бўлинг! Зеро, сабр ютуқ калитидир. Жоҳил қавмнинг қилиқларига сабр қилиш сиздан аввал ўтган пайғамбарлар шиори эди.

“Ва Бизнинг бандамиз – қувват соҳиби бўлган Довудни эсланг! Дарҳақиқат, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтувчидир”.

Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Аллоҳ ўрталарингизда ҳукм қилгунича қавмингиздан етган озорларга сабр қилинг ва собитқадам бўлишингиз учун бандамиз Довуд алайҳиссалом ҳолини эсланг. У Бизга ибодат қилишда, итоат этишда, Аллоҳнинг душманларидан ғолиб келишда қувватли эди. Довуд Бизни рози қиладиган амалларга қайтувчи эди.

“Албатта Биз тоғларни кечки пайт ва эрталаб у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик”.

Яъни, Биз қудратимиз билан тоғларни Довудга бўйсундириб қўйдик. Улар кечки пайт ва эрталаб Довуд билан бирга тасбеҳ айтишар эди.

Оятда “у билан бирга” дейилишидан, тоғлар тасбеҳ айтишда Довуд алайҳиссаломга иқтидо қилишгани маълум бўлади. Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолога тасбеҳ айтганида тоғлар ҳам унинг ортидан тасбеҳни такрорлашган.

Тоғларнинг қандай тасбеҳ айтишини фақат Аллоҳ билади. Бандалар буни тасдиқлайдилар, холос. Бошқа бир оятда келтирилишича, етти осмон, ер ва улардаги нарсалар Аллоҳга эртаю кеч тасбеҳ айтиб туради. Аммо инсонлар уларнинг тасбеҳини тушунмайди[11].

Аллоҳ таоло тасбеҳ айтиш вақтини кечки пайт ва эрталаб билан хослашидан, бу вақтларда зикр қилиш фазилатли экани маълум бўлади.

“Ва тўпланувчи бўлган қушларни ҳам (тасбеҳ айтадиган қилиб қўйдик. Тоғлар ва қушларнинг) барчалари қайтувчидир”.

Яъни, Биз тоғларни Довуд алайҳиссалом билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундирдик. Қушлар ҳам у билан қўшилиб тасбеҳ айтарди.

Оятда “тўпланувчи бўлган қушлар” дейилишидан маълум бўлмоқдаки, айрим турдаги қушлар Довуд алайҳиссалом билан тасбеҳ айтиш учун бир ерга тўпланганлар эканлар.

“Барчалари қайтувчилар” жумласи икки хил изоҳланган:

1. Тоғлар ҳам, қушлар ҳам Довуднинг тасбеҳи учун қайтувчи эдилар.

2. Довуд алайҳиссалом, тоғлар ва қушлар – барчалари кўп тасбеҳ айтиш билан Аллоҳга қайтувчилар.

“Яна Биз унинг мулку давлатини кучли қилдик ва унга ҳикмат ҳамда аниқ-равшан хитоб ато этдик”.

Яъни, Биз Довудга пайғамбарлик, кенг илм, солиҳ амал ва чиройли мантиқ, ҳақ билан ботил орасини ажратувчи балоғатли нутқ ато этдик.

“(Эй Муҳаммад,) Сизга жанжаллашувчи – даъволашувчи (икки жамоат) хабари келдими? Ўшанда улар меҳробга чиқишиб, Довуднинг олдига киришган эди, (Довуд) улардан қўрқиб кетди”.

Бу ердаги савол таажжубланиш ва нафсни ўзидан кейинги нарсани билишга қизиқтириш учундир.

“Меҳроб” Довуд алайҳиссалом Аллоҳга ибодат қилиш ва зикр тасбеҳ айтиш учун ўтирадиган жойдир.

Яъни, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Сизга бир-бири билан даъволашувчи икки кишининг хабари келдими? Улар Довуд алайҳиссалом ибодат қилаётганида хонасига рухсатсиз киришдилар. Довуднинг улар келишидан хабари йўқ эди.

Эй Муҳаммад, агар сизга мазкур хабар келмаган бўлса, у ҳолда Биз уни Сизга баён қиламиз.

“Ўшанда улар меҳробга чиқишиб, Довуднинг олдига киришган эди, (Довуд) улардан қўрқиб кетди”.

Яъни, ўша икки киши меҳробдан ошиб ўтиб, Довуд алайҳиссалом олдига киришгач, Довуд бундан қўрқиб кетди. Чунки улар эшикдан келмагандилар. Устига-устак одамлар билан учрашиш ва ҳукм қилиш учун белгиланган вақтда эмас, айнан ибодат соатларида келишганди.

Бундан ғайриоддий нарсани кўрган ҳар қандай одам қўрқиб кетиши табиий.

Шундай сўнг Довуд алайҳиссаломдаги қўрқув аломатини кўрган икки даъвогар унга айтган сўзлари келтирилади:

“Қўрқмагин. (Бизлар) бир-биримизга зулм қилган икки даъволашувчимиз. Бас, сен бизларнинг ўртамизда ҳақ – адолат билан ҳукм қилгин ва жабр қилмагин ҳамда бизларни текис – тўғри йўлга бошлагин”.

Яъни, Довуд алайҳиссалом олдига бевақт келган икки киши улуғ пайғамбарга юзланиб:

– Биздан қўрқма! Биз бир-бирига зулм қилган икки даъволашувчи кишимиз. Ўртамизда адолат билан ҳукм қил, биронтамизга ён босма. Бизни ҳақиқат ва адолат йўлига бошла! – деб илтимос қилдилар.

Шундан сўнг ўз муаммоларини айта кетдилар:

“(Даъвогарлардан бири деди:) “Дарвоқеъ, мана бу менинг биродарим бўлиб, унинг тўқсон тўққиз совлиқ қўйи бор, менинг эса биргина совлиғим бордир. Бас, у: “Ўшани менга топширгин”, деди ва мени бу сўзда – жанжалда енгиб қўйди”.

Бундаги “биродарлик”дан мурод диндаги ёки насабдаги биродарликдир.

Яъни, олдимда ўтирган манави менинг биродарим бўлади. Унинг тўқсон тўққизта қўйи бор. Менинг бир донагина қўйим бор. У менинг мана шу бир дона қўйимга ҳам таъма қилиб, “Уни менга топшир, менга мулк бўлсин”, деди ва баҳсда мендан ғолиб келди. Сабаби, у кучлироқ ва тили бурродир.

Довуд алайҳиссалом бунга жавобан шундай деди:

“Дарҳақиқат, у сенинг совлиғингни сўраб ўз совлиқларига (қўшиб олиш) билан сенга зулм қилибди”.

Яъни, Довуд алайҳиссалом даъвогарнинг сўзларини эшитгач ва гапи тўғрилигини тасдиқлангач:

– Аллоҳга қасамки, агар сен даъво қилаётган нарса ҳақ бўлса, у ҳолда биродаринг биргина қўйингни ўзининг қўйларига қўшиб олишни сўраш билан сенга зулм қилибди! – деди.

Биз айтамизки, Довуд алайҳиссалом икки тарафнинг сўзини эшитиб, даъвогарнинг гапи тўғрилиги ҳақида ҳукм чиқарди. Маълумки, қози баҳслашаётган томонлар гапини эшитганидан кейингина адолатли ҳукм чиқариши мумкин. Фақат бир тарафнинг даъвоси билан ҳукм қилиб бўлмаслиги маълум ва машҳурдир.

Қуръони каримда Довуд алайҳиссалом иккинчи тараф сўзини эшитгани айтилмаган. Сабаби, бу ҳамма шариатларда маълум бўлган нарса.

Шундан сўнг Довуд алайҳиссалом гапини давом эттириб деди:

– Дарвоқеъ, кўп ошна-оғайнилар бир-бирларига зулм қиладилар. Фақат имон келтирган ва яхши амаллар қилган кишиларгина (зулм қилмаслар. Аммо) улар жуда оздир.

Яъни, Довуд алайҳиссалом шикоят қилувчига тасалли бериш учун:

– Кўп шериклар бир-бирига зулм қиладилар, бир-бирининг молига кўз тикадилар. Фақат Аллоҳга имон келтирганлар бундай қилмайдилар. Чунки уларнинг имонлари бақувват. Улар Аллоҳ рози бўлмайдиган ҳар қандай ишдан узоқ юрадилар. Бироқ шерикчиликда ва ҳукм қилишда адолат билан иш олиб борувчи мухлис мўмин бандалар сони жуда камдир.

Шу билан Довуд алайҳиссалом икки басҳлашувчи ўртасида адолат билан ҳукм қилди, ҳақни юзага чиқарди, ботилни инкор қилди.

Шундан кейин икки киши орасида ҳукм қилган Довуд алайҳиссалом хаёлига келган нарса ҳақида хабар берилади:

“Довуд Биз уни имтиҳон қилганимизни билди-да, Парвардигоридан мағфират қилишни сўради ва (саждага) эгилган ҳолида йиқилиб, тавба-тазарруъ қилди”.

Яъни, Довуд алайҳиссалом олдига кирган икки кишининг мақсади тажовуз қилиш деб ўйлади ва Аллоҳ уни имтиҳон қилаётганини билди. Кейин бу гумони тўғри эмаслигини билиб, Аллоҳга сажда қилган ҳолида йиқилди ва хушу билан Аллоҳга тавба-тазарру қилди.

“Бас, Биз уни мағфират қилдик. Шак-шубҳасиз, унинг учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибати бордир”.

Абу Довуд алайҳиссалом ҳузурига келган икки кишини тажовуз қилиш ниятида келишган бўлса керак, деб ўйлади. Улар Довуд алайҳиссалом ўрталарида адолатли ҳукм чиқариши учун келганларини билганидан кейин Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба қилди ва Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, Довуд алайҳиссалом учун Аллоҳ даргоҳида улуғ мақом ва чиройли оқибат, жаннат бордир.

Қисса Аллоҳ таолонинг қуйидаги хитоби билан якунланади:

“Эй Довуд, дарҳақиқат, Биз сени ерда халифа қилдик”.

Яъни, Бизни сени Ўз фазлимиз билан одамларни ҳақ йўлга бошлашинг ва улар ўртасида адолат ўрнатишинг учун сени ер юзида ўринбосар қилдик.

“Бас, сен одамлар орасида ҳақ билан ҳукм қилгин ва хоҳишига эргашиб кетмагин!”

Яъни, шундай экан, одамлар ўртасида Аллоҳ сенга амр қилганидек ҳақ ила ҳукм қил. Ҳар қандай ҳолатда шундай йўл тут. Нафс шаҳватларига итоат этма. Зеро, нафс фақат ёмонликка буюради.

“Акс ҳолда у сени Аллоҳнинг йўлидан оздиради. Албатта Аллоҳнинг йўлидан озадиган кимсалар учун ҳисоб-китоб кунини унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир”.

Ҳавойи нафсларига эргашиб одамларни ҳақ йўлдан адаштирадиган кимсалар учун қаттиқ азоб бордир. Унинг миқдорини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Одамларни йўлдан оздирадиганлар ҳисоб кунини унутган ва ўша куни Аллоҳ бандаларига муносиб тарзда мукофот ё жазо беришини инкор қилувчи кишилардир.

Уламолар юқоридаги оятлардан кўплаб ҳукмлар ва хулосаларни чиқаришган. Жумладан:

1. Довуд алайҳиссаломнинг Аллоҳ даргоҳида улуғ мартаба соҳиби экани. Ушбу қисса аввалида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга биродарлари Довуд алайҳиссалом қиссасини зикр қилишни амр қилган. Бундан мақсад, Муҳаммад алайҳиссаломни Қурайш қавмидан етган азиятларга сабр қилишга ундаш ва у зотга тасалли беришдир.

Кейин Довуд алайҳиссалом динда қувватли экани, Аллоҳ рози бўладиган ишларни қилишда ғайратли бўлгани айтилиб, унга берилган неъматлар санаб ўтилади.

Қисса сўнггида Довуд алайҳиссаломга мақтов айтилиб, у ер юзида ўринбосар экани, Аллоҳ даргоҳида мақоми баландлиги айтилади.

Бухорий “Тарих”да нақл қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Довуд алайҳиссаломни эслаган вақтларида: “У инсониятнинг энг обиди эди”, деб айтганлар.

2. Довуд алайҳиссалом олдига девор ошиб тушган икки даъвогар қиссаси ҳақиқийдир. Улар қўйлар борасида келишолмай қолишганди. Улар Довуд алайҳиссалом олдига эшикдан эмас, балки девор ошиб тушишди ва Довуд алайҳиссаломнинг улардан ҳадиксирашига сабаб бўлишди. Бу ҳолни кўрган Довуд улардан ёмон гумон қилди, тажовузкор одамлар деб ўйлади. Иккиси Довуддан ўрталарида адолатли ҳукм қилишини сўраб келишганини билгач, Довуд алайҳиссалом Аллоҳга истиғфор айтди ва Парвардигор уни мағфират қилди.

Баъзи муфассирлар Довуд алайҳиссалом меҳробига девор ошиб тушган икки киши ҳақидаги қиссада соғлом ақл қабул қилмайдиган мункар ривоятларни келтиришган. Жумладан, Табарий ва бошқалар нақл қилишича, Довуд алайҳиссалом меҳробда намоз ўқиётганида, деразадан ташқарига қараб, бир гўзал аёлни кўриб қолади. Ўша аёл олдига одам юбориб, уни ҳузурига келтиришади. Довуд ундан турмушга чиқишни сўрайди. Бироқ аёл унинг “Уриё” исмли эри борлиги, ҳозир душман билан жанг қилаётганини айтади. Довуд алайҳиссалом қўшин бошлиғига Уриё ғанимга нишон бўлиши учун уни олдинги қаторга ўтказишни буюради. У жангда ҳалок бўлганидан кейин Довуд ўша аёлга уйланади[12].

“Ал-кашшоф” муаллифига кўра, Довуд алайҳиссалом Уриёни жангда олдинги қаторда ўтказиш билан қатл қилишни буюрмаган. Балки ундан аёлидан воз кечишни сўраган. Бас, унинг аёли Уриёдан кўра Довудни афзал билган[13]...

Кўриниб турибдики, бу гапларнинг барчаси ҳақиқатдан йироқдир. Уни нақл ҳам, ақл ҳам қабул қилмайди. Мўмин банда бундай хабарларни тасдиқлаши тўғри эмас.

Бу каби хабарларнинг биронтаси саҳиҳ йўл билан нақл қилинмаган. Балки ёлғон хабар экани собит бўлган.

Ибн Касир айтишича, бундай хабарларнинг кўпи исроилиётлардир ва барчасининг санади заиф[14].

Суютий айтади: “Довуд алайҳиссаломга ёқиб қолгани айтилаётган аёл ҳақидаги қиссани Ибн Абу Ҳотим Анасдан марфуъ тарзда ривоят қилган. Унинг санадида Ибн Лаҳийъа бор. Унинг ҳоли маълум. Ибн Лаҳийъа буни Ибн Сахордан, у Зайд Риқошийдан ривоят қилган. Зайд заиф ровийдир.

Биқоъий шундай деган: “Бу ва шунга ўхшаш қиссалар яҳудийларнинг ёлғон хабарларидир. Улардан мусулмон бўлганлари менга хабар қилдики, яҳудийлар Довуд алайҳиссалом шаънига атайлаб бўҳтон тўқийдилар. Сабаби, Исо алайҳиссалом унинг зурриётидир. Агар улар Довуд шаънини булғасалар, Исо алайҳиссаломга таъна қилишга йўл очилади[15]”.

Демак, бундай қисса ва қавллар нақл жиҳатидан саҳиҳ эмас. Чунки уларниг ровийлари заиф ва исроилиётлардан нақл қилинган.

Ривоят қилинишича, Али ибн Абу Толиб шундай деган: “Ким Довуд ҳақида қиссачилар айтаётган гапларни айтса, унга 160 дарра урдираман. Бу пайғамбарларга туҳмат қилишнинг жазосидир[16]”.

Довуд ҳақида келтирилган қисса ақл жиҳатидан ҳам тўғри эмас. Ахир Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломни Қуръонда мақтаган. У зотга бўҳтон қиладиганлар гапига қараганда, Довуд бир аёлга ошиқ бўлиб, ҳийла йўли билан эрини ўлдириб юборган экан. Кейин уни ўз никоҳига олган эмиш!

Бундай ишдан пайғамбар бўлмаган оддий одамларнинг ҳам кўпи сақланадилар. Пайғамбардек шарафли зот бундай номаъқул ишни қилиши мумкинми?

3. Баъзи муфассирлар зикр қилишича, Довуд алайҳиссаломнинг истиғфорига икки хусуматчидан бириниг гапини эшитиб ҳукм чиқаргани сабабдир. Бизнингча, бу гап ҳақиқатдан йироқ. Чунки бу Довуд алайҳиссалом мартабасига тўғри келмайди. Аллоҳ таоло унга ҳикмат ва балоғатли нутқ ато қилганди. Ҳукм қилиш бобида шу нарса маълум ва машҳурки, қози икки тарафнинг даъво ва шикоятларини эшитганидан кейингина ҳукм чиқаради. Довуд алайҳиссалом борасида бундай фикрларни айтиш тўғри эмас.

Бизнингча, девор ошиб тушган икки кишини тунаш ниятида деб ўйлаши Довуд алайҳиссаломнинг истиғфорига сабаб бўлган. Довуд алайҳиссалом улар адолатли ҳукм талабида келганларини билгач, Аллоҳга истиғфор айтган.

Сод сурасида Сулаймон алайҳиссаломга берилган неъматлар, унинг Аллоҳга илтижо қилиши, Парвардигоридан мағфират сўраши ҳақида баён қилинган. Аллоҳ таоло айтади:

“Биз Довудга Сулаймонни ҳадя этдик. (Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Дарҳақиқат, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтувчидир. Эсланг, унга кечки пайт гижинглаб тутувчи учқур отлар рўбарў қилинган эди. Бас, у деди: “Дарҳақиқат, мен Парвардигоримни эслашдан бу суюкли отларни суюб-эркалашга берилиб кетибман! Ҳатто парда ортига беркинибди. У (от)ларни менга қайтаринглар-чи!” Бас, у оёқ ва бўйинларини силашга киришди. Дарҳақиқат, Биз Сулаймонни имтиҳон қилдик ва унинг тахти устига бир (жонсиз) жасадни ташладик. Сўнгра у тавба-тазарруъ қилиб деди: “Парвардигорим, Ўзинг мени мағфират қил ва менга ўзимдан кейин биронтаси учун муяссар бўлмайдиган бир мулку давлат ҳадя эт. Зеро, Ёлғиз Сенинг Ўзинггина ҳадя этувчисан”. Бас, Биз (Сулаймонга) унинг амри билан, у истаган томонга майин эсаверадиган шамолни бўйсундирдик. Яна барча бино қилувчи ва ғаввос шайтонларни (унга бўйсундирдик). Бошқаларни эса кишанлар билан боғланган ҳолга солдик (ва Сулаймонга дедик:) “Мана бу Бизнинг ато этган нарсаларимиз. Бас, сен бергин ёки бермагин, ҳисоб-китоб қилинмас”. Шак-шубҳасиз, (Сулаймон) учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат бордир” (Сод сураси, 30-40-оятлар).

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга Сулаймон алайҳиссаломни ато қилди. Сулаймон алайҳиссалом динида, хулқу одобида ва Аллоҳга шукр қилишда ўрнакдир. У қандай ҳам яхши банда?! Сулаймон Аллоҳни рози қилувчи амалларга қайтувчидир.

“Эсланг, унга кечки пайт гижинглаб тутувчи учқур отлар рўбарў қилинган эди”.

Яъни, эй оқил банда, Сулаймон алайҳиссаломга кечки пайт жуда чиройли ва учқур отлар кўрсатилганини эсла!

Бас, у: “Дарҳақиқат, мен Парвардигоримни эслашдан бу суюкли отларни суюб-эркалашга берилиб кетибман! Ҳатто парда ортига беркинибди”, деди.

Яъни, Сулаймон алайҳиссалом отларни кўздан кечирар экан:

– Мен Аллоҳга итоат этиб, динига нусрат бериш учун шу учқур отларни кўздан кечириб, уларни Аллоҳ йўлида жангга тайёрлашни хуш кўрибман. Ҳатто кеч кириб, қуёш ботибди, деди.

“У (от)ларни менга қайтаринглар-чи!”, деди. Бас, у оёқ ва бўйинларини силашга киришди.

Яъни, Сулаймон аскарларига:

– Учқур отларни менга қайтаринглар! Уларни яна бир кўздан кечирай! – деди.

Сулаймон амри бажо келтирилгач, отларнинг оёқлари ва бўйинларини силай бошлади. Сулаймон Аллоҳ йўлида жанг қилишга шу отлар ёрдам бергани учун уларни яхши кўрди.

Мана шу, қалб таскин топадиган тафсирдир. Чунки бунда пайғамбарлар алайҳисмуссалом шаънига нолойиқ гаплар йўқ.

Аммо баъзи муфассирлар қуйидаги ривоятга суяниб, бошқача йўл тутишган. Айтишларича, Сулаймон алайҳиссалом отларини кўздан кечириб, қуёш ботганини билмай қолган ва аср намозини ўқиёлмаган. Бундан қаттиқ қайғурган Сулаймон ўзини Аллоҳнинг зикридан чалғитган отларнинг оёқлари ва бўйинларига қилич уриб, шу йўл билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилган.

Ибн Аббос ва аксар муфассирларга кўра, Сулаймон алайҳиссалом отларнинг оёқлари ва бўйинларига қилич урган[17].

Имом Фахриддин Розий оятни бундай тафсир қилишга рози бўлмаган. Унга кўра, “парда ортига беркинибди”, деган жумла “отлар”га тегишли. Сулаймон алайҳиссалом отларга қилич урмаган, балки уларни яхши кўриб, оёқлари ва бўйинларидан силаган.

Имом Розий шундай дейди: “Қўшинни жангга ҳозирлаш Сулаймон алайҳиссалом динида мандуб бўлган. Шунингдек, Исломда ҳам бу иш жорий қилинган. Сулаймон отларни жангга ҳозирлаган ва учқур отларни дунё учун эмас, фақат Аллоҳ амрини бажариш, динини қувватлаш учун учун яхши кўришини билдирган. Кейин отларни ҳозирлаш ва жиҳозлашга амр қилганида, отлар кўздан ғойиб бўлган. Сулаймон отларнинг мураббийларига уларни ўз ҳузурига олиб келишни амр қилган. Амри бажо келтирилгач, Сулаймон уларнинг оёғи ва бўйнидан силаган. Бундан мақсад душманни даф қилишда мана шу отлар асосий ёрдамчи эканини билдириш ва уларни эъзозлашдир. Бундан яна бир мақсад шуки, Сулаймон отлар ва уларнинг касалликларидан хабардор бўлган. У оёқлари ва бўйинларини силаб, ҳайвонларнинг қайси бирида касаллик борлигини аниқлаган[18]”.

Баъзи уламолар Ибн Ҳазмдан нақл қилиб шундай дейишган: “Сулаймон алайҳиссалом уни намоздан чалғитгани учун отларни ўлдиргани тўқиб чиқарилган хурофотдир. Бу қавлда отларни сабабсиз ўлдириш, манфаат олинадиган молни бирон сабабсиз зое қилиш, пайғамбардек улуғ зотга намозни тарк қилиш айбини тақаш, ўз хатоси деб айбсиз отларни жазолаш камчилиги бор[19]...”

Хулоса шуки, жумҳур муфассирлар айтганидек, Сулаймон алайҳиссалом отларни деб аср намозидан чалғимаган, уларнинг оёқлари ва бўйинларига қилич урмаган. Бунинг бирон саҳиҳ далили ҳам йўқ, соғлом ақлга ҳам тўғри келмайди.

Имом Фахриддин Розий ва Ибн Ҳазм томонидан қилинган тафсир, бизнинг наздимизда, мақбулдир.

Шундан сўнг Сулаймон алайҳиссаломнинг имтиҳон қилиниши ҳақида сўз юритилади:

“Дарҳақиқат, Биз Сулаймонни имтиҳон қилдик ва унинг тахти устига бир (жонсиз) жасадни ташладик. Сўнгра у тавба-тазарруъ қилиб...”

Алусий айтишича, Сулаймон алайҳиссалом: “Мен бир кечада хотинларимдан етмиш нафари билан яқинлик қиламан. Улардан ҳар бири Аллоҳ йўлида ҳаракат қиладиган бир жангчини дунёга келтиради”, деб аҳд қилди, бироқ: “Иншааллоҳ”, демади. Бас, Сулаймон алайҳиссалом аёллари билан яқинлик қилди. Аммо бор-йўғи биргина аёли ундан ҳомиладор бўлди. Унинг ҳам боласи чала туғилди.

Буни икки шайх Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ тарзда ривоят қилишган.

Оятда келтирилган “жасад”дан мурод, Сулаймон алайҳиссалом хотини туққан чала боладир. Доя хотин уни олиб келиб, Сулаймон кўриши учун яримта болани унинг курсисига ташлайди[20].

Зикр қилинишича, Сулаймон алайҳиссалом яхшилик умидида: “Хотинларимдан ҳар бири Аллоҳ йўлида ҳаракат қиладиган бир отлиқ аскарга ҳомиладор бўлади”, деб айтган ва солиҳ зурриёт илинжида ҳаракат қилган.

Бироқ Сулаймон алайҳиссалом тили билан “Иншааллоҳ”, яъни, “Агар Аллоҳ хоҳласа, шундай бўлади”, демади. Бу гапни унутди. Шу сабаб, Сулаймон алайҳиссалом унутишни истиғфор айтишга лойиқ деб билиб, Аллоҳ таолодан мағфират сўради.

Уламолар айтишича, Сулаймоннинг имтиҳон қилиниши ўзи истаган ишни Аллоҳнинг иродасига боғлашни тарк қилганидир. Бунинг “жазо”си ўлароқ, у ниятига ета олмади (яъни, етмиш нафар хотиндан Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи фарзанд кўра олмади).

Фикримизча, оятни мана шундай тафсир қилиш тўғрироқдир. Чунки бу тафсир “Саҳиҳайн”да келган ҳадисга асосланган. Қолаверса, бу тафсир Сулаймон алайҳиссаломнинг унутиш ва хато қилиш камчилигидан холи эканига мувофиқдир. Аллоҳ пайғамбарлар зиммасига юклаган ишларни тарк қилишдан бошқа ўринларда у зотларнинг “унутиши” жоиздир.

Сулаймон алайҳиссаломнинг Аллоҳ тарафидан имтиҳон қилиниши ҳақида бошқа қавлларда ҳам айтилган. Аммо ҳақиқатдан йироқ, соғлом ақлга тўғри келмагани учун уларни зикр қилишдан тийилдик.

“Парвардигорим, Ўзинг мени мағфират қил ва менга ўзимдан кейин биронтаси учун муяссар бўлмайдиган бир мулку давлат ҳадя эт. Зеро, Ёлғиз Сенинг Ўзинггина ҳадя этувчисан”, деди.

Яъни, Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ тарафидан имтиҳон қилингач:

– Ё Парвардигор, менинг хатоларим ва гуноҳларимни кечир! Ва менга бошқаларга насиб қилмайдиган улуғ мулк бер. Зеро, Сенинг караминг кенг! Хоҳлаганингга ҳисобсиз неъматлар берасан! – дея илтижо қилди.

Сулаймон алайҳиссалом бу ерда аввал мағфиратни, кейин дунёга тегишли неъматни сўрамоқда. Бу, Сулаймон наздида Аллоҳниг мағфирати мулку давлатдан муҳимроқ бўлганига далолат қилади.

Имом Розий айтади: “Бу оят далолатига кўра, динга оид муҳим ишларни дунё ишларидан олдин қўйиш керак. Сабаби, Сулаймон биринчи Аллоҳдан мағфират, кейин подшоҳликни сўради. Бу ерда Аллоҳдан мағфират сўраш дунёдаги неъматлар сари йўл очишига далолат қилинган. Чунки Сулаймон алайҳиссалом аввал Аллоҳ кечиришини сўраб, кейин бу мағфиратни мулку давлат талабида васила қилган”.

Дунёдаги барча нарса охират олдида ҳеч нарса бўлмаса-да, Сулаймон алайҳиссалом дунёдаги доимий неъматларни сўраб, Аллоҳга илтижо қилди. Сулаймон алайҳиссаломнинг мақсади Аллоҳнинг динига хизмат қилиш, ер юзида Аллоҳнинг амри устун бўлишини таъминлаш, одамлар ҳақ-ҳуқуқларини адо қилиш, улар орасида адолат ўрнатиш, мазлумга инсоф қилиш, муҳтожларга кўмак бериш, бир сўз билан айтганда, ер юзида Аллоҳнинг шариатини жорий қилиш бўлган.

Сулаймон алайҳиссалом ҳукмронликни жабру зулм ё зўравонлик қилиши учун эмас, балки ер юзини обод қилиш учун сўраган.

Имом Қуртубийга кўра, Сулаймон алайҳиссалом дунёнинг ўзини сўрамаган. Чунки пайғамбарлар дунё неъматларидан энг кўп зуҳд қилувчи зотлардир. Аввалда Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ учун ер юзидаги бор нарсалар ҳалок қилинишини сўраганидек, Сулаймон Аллоҳ учун, ер юзини обод қилиш мақсадида мулку давлат сўраган. Икки ҳолатда Нуҳ ва Сулаймон алайҳиссалом дуоси мақтовга сазовор ва мустажоб дуолардандир[21].

“Бас, Биз (Сулаймонга) унинг амри билан, у истаган томонга майин эсаверадиган шамолни бўйсундирдик”.

Сулаймон алайҳиссалом ўзидан кейин бирон кишига насиб етмайдиган мулк беришини Аллоҳдан сўраганди. Аллоҳ унинг дуосини қабул этиб, унга амри билан истаган томонига майин эсадиган шамолни бўйсундирди.

“Яна барча бино қилувчи ва ғаввос шайтонларни (унга бўйсундирдик)”.

Яъни, Сулаймонга шайтонларни бўйсундирдик. Улар ичидан баъзилари Сулаймон амри билан улкан бинолар қуришар, баъзилар сув остига шўнғиб, Сулаймон учун қимматбаҳо тошлар, маржон, дуру марваридларни олиб чиқишарди.

“Бошқаларни эса кишанлар билан боғланган ҳолга солдик”.

Баъзи шайтонлар Сулаймон алайҳиссалом амри билан бинолар қуриб, сувдан қимматбаҳо тошларни олиб чиқарди. Аммо шундай шайтонлар ҳам бор эдики, уларнинг ёмонлиги ва итоатсизлиги сабаб уларга кишан солинганди.

Шундан кейин Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга ўз мулкида истаганича тасарруф қилиш имконини бергани айтилади:

“Мана бу Бизнинг ато этган нарсаларимиз. Бас, сен бергин ёки бермагин, ҳисоб-китоб қилинмас”. Шак-шубҳасиз, (Сулаймон) учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат бордир”.

Яъни, эй Сулаймон, мана шулар Биз сенга ато қилган неъматлардир. Ундан ўзинг истаганини одамга бер, истаганингни улардан маҳрум қил. Сен берганинг ё ман қилганинг учун ҳисоб қилинмайсан. Албатта Сулаймон учур охиратда бизга яқинлик ва чиройли оқибат бордир.

Намл сурасидаги узун қиссада Сулаймон алайҳиссалом ҳаётига оид бошқа жиҳатлар ҳақида маълумот берилган. Аллоҳ таоло айтади:

“Дарҳақиқат, Биз Довуд ва Сулаймонга (етук) билим ато этдик ва улар: “Бизларни кўп мўмин бандалардан афзал қилиб қўйган Зот – Аллоҳга ҳамду сано айтамиз”, дедилар. Сулаймон (пайғамбарлик ва илмда) Довудга ворис бўлди ва айтди: “Эй одамлар, бизга қушларнинг тили билдирилди ҳамда барча нарсалардан берилди. Албатта бу очиқ фазлу марҳаматнинг ўзидир. Сулаймоннинг (амри билан) унинг жин, инс ва қушлардан бўлган лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар. То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: “Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар”, деган эди, (Сулаймон) унинг сўзидан кулиб-табассум қилди ва деди: “Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматларингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларни қилишга муваффақ эт ва мени ҳам Ўз фазлу раҳматинг билан солиҳ бандаларинг қаторига кирит!” (Намл сураси, 15-19-оятлар).

Аллоҳ таоло Довуд ва унинг ўғли Сулаймон алайҳимуссаломга Ўз даргоҳидан жуда кенг илм берганди. Улар Аллоҳнинг фазли ила дин ва дунё илмларини билишарди.

Довуд алайҳиссаломга Забур илми берилганди. У зот Забурни чиройли овозда ўқирди. Шунингдек, Довудга совут ясаш ўргатилганди.

Сулаймон алайҳиссаломга эса ўзидан кейин бирон кишига насиб етмайдиган мулку давлат, подшоҳлик берилган. Шунингдек, унга жинлар ва шамол бўйсундириб қўйилган.

Довуд ва Сулаймон алайҳиссалом бу неъматларни эътироф этиб, Аллоҳ таолога мақтовлар айтишди:

“Бизларни кўп мўмин бандалардан афзал қилиб қўйган Зот – Аллоҳга ҳамду сано айтамиз”, дедилар.

Яъни, Ўз фазлидан бизларни жуда кўп мўмин бандалардан афзал қилиб қўйган Аллоҳ мақтовга энг муносиб Зотдир. Унга ҳамду санолар айтамиз, дедилар.

“Ал-кашшоф” муаллифига кўра, бу оятда илмнинг шарафлилиги, аҳли илмлар бошқалардан кўра афзароқ эканига далолат қилинмоқда. Кимга илм берилган бўлса, у Аллоҳнинг бошқа бандаларидан кўра кўпроқ фазилатга лойиқ кўрилгандир.

Икки улуғ пайғамбарнинг “кўп мўмин бандалардан” дейишлари уларнинг одоблари ва камтарликларига ишора қилади. Зеро, улар “Аллоҳ бизни барча одамлардан афзал қилиб қўйган”, дейишмаяпти. Балки кўп мўминлар орасида афзал қилганини айтиб, Аллоҳга мақтов айтишмоқда.

“Сулаймон (пайғамбарлик ва илмда) Довудга ворис бўлди”.

Сулаймон алайҳиссалом илмда, пайғамбарлик ва подшоҳликда отаси Довуд алайҳиссаломга ворис бўлди.

Ибн Касир айтишича, Сулаймон отасига подшоҳлик ва пайғамбарликда ворис бўлган. Бу ерда мол-дунёга меросхўр бўлиш назарда тутилмаган. Агар шундай бўлганида, Сулаймоннинг ёлғиз ўзи Довуд фарзандлари ичидан хосланмаган бўларди. Балки бундан мурод, подшоҳлик ва нубувватдаги меросхўрликдир. Зеро, пайғамбарлар мол-дунёни мерос қолдиришмайди. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биз пайғамбарлар жамоаси мерос қолдирмаймиз. Қолдирган нарсамиз садақадир”, деганлар[22]”.

Кейин Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг неъматларини зикр қилиб шундай дегани келтирилади:

“Эй одамлар, бизга қушларнинг тили билдирилди ҳамда барча нарсалардан берилди. Албатта бу очиқ фазлу марҳаматнинг ўзидир”.

Яъни, эй одамлар, Аллоҳ таоло бизга фазлу марҳамати билан ҳар бир қушнинг тилини билдирди. У Зот бизларга дунё ва охиратда бизлар учун манфаатли, бизга керакли ҳар бир нарсани ато этди! – деди.

Бу ерда қушлар тилининг ўргатилгани аввал зикр қилиняпти. Бу ишда Сулаймон алайҳиссаломга бирон киши шерик бўлолмайди. Қушлар ва бошқа жонзотлар тилини билиш Сулаймон алайҳиссаломнинг мўъжизаларидан биридир.

Сулаймон алайҳиссалом бу сўзларни зинҳор мақтаниш ё кибрланиш учун айтаётгани йўқ. Пайғамбарлар бундай иллатлардан покдирлар. Балки Сулаймон бу билан Аллоҳ уларга берган неъматларини зикр қилмоқда ва тил ила неъматлар шукрини адо этмоқда.

“Сулаймоннинг (амри билан) унинг жин, инс ва қушлардан бўлган лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар”.

Сулаймон алайҳиссаломнинг жинлар, инсонлар ва қушлардан иборат қўшини унинг ҳузурида тўпланди. Улардан биронтаси ўз ўрнини тарк қилиши, вазифасига масъулиятсиз қараши мумкин эмас. Барчаси кучли тартиб-интизомга риоя этишади. Демак, Сулаймон алайҳиссаломнинг аскарлари қанчалик кўп бўлмасин, улар орасида тартибсизлик, бошбошдоқлик бўлмаган.

Баъзи муфассирлар Сулаймон алайҳиссалом қўшини сони қанча бўлгани ҳақида турли маълумотларни келтиришган. Бироқ бу далиллар кучсиз бўлгани боис, эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топмадик. Аслида эса бу қўшиннинг аниқ сонини фақат Аллоҳ билади, дейиш тўғри бўлади. Қуръони каримда келтирилган юқоридаги оятга кўра, Сулаймон алайҳиссалом қўшини жуда кўп ва ўта тартибли бўлган. Шуниси маълум.

Қисса давомида интизомли улкан қўшинни кўрган чумоли ўз шерикларини огоҳлантиргани айтилади:

“То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: “Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар”, деган эди”.

Сулаймон алайҳиссалом ҳузурига қўшини жамланди ва барчалари йўлга тушишди. Улар Сулаймон алайҳиссалом салтанатидаги чумолилар яшайдиган водийга етиб келишганида, бир чумоли уларни кўриб, қолган чумолиларни огоҳлантириш учун:

– Эй чумолилар, уйларингизга киринглар! Йўлдан қочинглар! Сулаймон алайҳиссалом ва унниг улкан қўшини билмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар! – деди.

“(Сулаймон) унинг сўзидан кулиб-табассум қилди ва деди: “Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматларингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларни қилишга муваффақ эт ва мени ҳам Ўз фазлу раҳматинг билан солиҳ бандаларинг қаторига кирит!”

Яъни, Сулаймон алайҳиссалом ўша чумолининг гапини эшитиб, шерикларини огоҳлантиргани учун ёки ўзи ва қўшини ҳақида гапиргани сабаб табассум қилди ва:

– Раббим, мени Ўзингга шукр қилишга илҳомлантир, менга ва ота-онамга берга неъматларингга ношукрлик қилишдан сақла! Мени Ўзинг рози бўладиган солиҳ амаллар қилишга йўлла. Мени солиҳ бандаларинг қаторида қил! – деди.

Шундан сўнг Сулаймон алайҳиссалом ва ҳудҳуд ўртасида бўлган воқеа ҳақида сўз юритилади. Аллоҳ таоло айтади:

“У қушларни кўздан кечириб (улар орасида ҳудҳудга кўзи тушмагач:) “Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у ғоиб бўлувчилардандир. Албатта мен уни қаттиқ азоб билан азоблайман ё сўйиб юбораман ёки у менга (узрини баён қилиб) очиқ ҳужжат келтиради”, деди. Сўнг узоққа қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: “Мен сен огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ бўлдим ва сенга (Яман мамлакатидаги) Сабаъ (шаҳри)дан аниқ бир хабар келтирдим. Дарҳақиқат, мен бир аёлни кўрдим. У (Сабаъ шаҳри аҳолисининг) маликаси экан. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, унинг катта тахти ҳам бордир. Мен у ва қавми Аллоҳни қўйиб қуёшга сиғинаётганларини кўрдим”. Шайтон уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (ҳақ) йўлдан тўсиб қўйгандир. Бас, улар Аллоҳга сажда қилмагунларича ҳидоят топмаслар. (Аллоҳ) осмонлар ва ердаги барча сирларни ошкор қиладиган ҳамда сизлар яширадиган ва ошкор қиладиган барча нарсаларни биладиган Зотдир. Аллоҳ – ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. (У Зот) улуғ Арш Эгасидир” (Намл сураси, 20-26-оятлар).

Сулаймон алайҳиссалом мамлакати аҳолиси ҳолидан хабар олиб, уларни кўздан кечирди. Қушларни бир-бир текширганидан кейин:

– Нега ҳудҳуд кўринмайди? У қаерга ғоиб бўлди? – деди.

Сулаймон алайҳиссалом шундан сўнг рухсатсиз кетиб қолгани учун ҳудҳуд устидан қуйидагича ҳукм чиқарди:

– Албатта мен уни қаттиқ азоб билан азоблайман ё сўйиб юбораман ёки у менга (узрини баён қилиб) очиқ ҳужжат келтиради.

Яъни, мен ҳудҳудни қаттиқ азоблайман ёки сўйиб юбораман. Ё менга кетиб қолиши сабабини изоҳлайдиган қониқарли бир ҳужжат-далил келтиради. Шунда мен уни азобламаслигим ё сўйиб юбормаслигим мумкин, – деди.

Сўнг узоққа қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: “Мен сен огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ бўлдим ва сенга (Яман мамлакатидаги) Сабаъ (шаҳри)дан аниқ бир хабар келтирдим”.

Сулаймон таҳдидидан ҳеч қанча вақт ўтмасидан ҳудҳуд келди ва Сулаймонга:

– Мен сен билмаган нарсаларни билдим, – деди.

Ҳудҳуд сўзни бу тариқа бошлашига сабаб, Сулаймон алайҳиссалом диққатини тортиш ва ўзининг узрини қабул қилишга мойиллик туғдириш эди.

“(Яман мамлакатидаги) Сабаъ (шаҳри)дан аниқ бир хабар келтирдим”.

“Сабаъ” шаҳар номи бўлиб, аслида Сабаъ ибн Яшжаб ибн Яъраб ибн Қаҳтоннинг исмидир. Сабаъ ўтганидан кейин унинг исми авлодлари яшайдиган қабилага ёки Ямандаги “Маъраб” шаҳрига ном бўлиб қолган. Сабаъ ва Санъо орасида 3 мил масофа бор.

Яъни, ҳудҳуд Сулаймон алайҳиссаломга хитобан:

– Мен сен билмаган нарсалардан воқиф бўлдим ва Сабаъ қабиласидан улуғ бир хабар келтирдим, – деди.

Ҳудҳуд шундай кейин кўрган-кечирганларини ҳикоя қилишга ўтди:

“Дарҳақиқат, мен бир аёлни кўрдим. У (Сабаъ шаҳри аҳолисининг) маликаси экан. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, унинг катта тахти ҳам бордир”.

Оятда зикр қилинаётган аёл Билқис бинти Шароҳил ибн Молик ибн Райёндир. Подшоҳлик унга отасидан мерос қолганди.

Яъни, мен Сабаъ қабиласини бир аёл бошқараётганини кўрдим. Ўша аёл мамлакатни шундай идора қилар эдики, унинг ҳукмига бирон киши эътироз билдириб, қарорини муҳокама қилолмасди. Унинг тасарруфида мамлакатни бошқаришда керак бўладиган барча нарса бор экан. Бундан ташқари, ўша маликанинг жуда катта тахти бор экан. Бу ўша аёлнинг жуда бадавлат, мамлакати касб-ҳунарда илғор эканига далолат қилади.

“Мен у ва қавми Аллоҳни қўйиб қуёшга сиғинаётганларини кўрдим”.

Яъни, кўрган нарсаларим ичида энг ажабланарлиси, ўша аёл ва қавми Аллоҳ таолога ибодат қилиш ўрнига У Зот яратган нарсалардан бири – қуёшга сиғинишар экан.

“Шайтон уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (ҳақ) йўлдан тўсиб қўйгандир”.

Шайтон уларга Аллоҳга осий бўлиб, У Зотга куфр келтириш, фисқу фужур ишларни зийнатлаб кўрсатган экан. Иблис уларни ҳақ йўлдан тўсиб қўйган экан.

“Бас, улар Аллоҳга сажда қилмагунларича ҳидоят топмаслар. (Аллоҳ) осмонлар ва ердаги барча сирларни ошкор қиладиган ҳамда сизлар яширадиган ва ошкор қиладиган барча нарсаларни биладиган Зотдир”.

Яъни, улар осмонлар ва ердаги барча нарсадан хабардор Зот – Аллоҳга сажда қилишни тарк этганлари сабаб шайтон уларга қуёшга сиғинишга чиройли қилиб кўрсатган эди.

“Аллоҳ – ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. (У Зот) улуғ Арш Эгасидир”.

Яъни, сизлар Ёлғиз Аллоҳга сажда қилинглар, Ундан ўзгасига қуллик қилманглар! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳдан ўзгаси ибодат қилишга муносиб эмас.

Воқеалар ривожи Намл сурасида қуйидагича баён қилинган. Аллоҳ таоло айтади:

“(Сулаймон) деди: “Сен рост сўзладингми ёки ёлғончилардан бўлдингми, кўрамиз. Мана бу мактубимни олиб бориб уларга ташла, сўнгра улардан четланиб кузатгин-чи, нима (жавоб) қайтарар эканлар”. (Қачонки ҳудҳуд Сулаймоннинг мактубини олиб келиб малика Билқиснинг олдига ташлагач,) у деди: “Эй одамлар, ҳақиқатан, менга улуғ бир мактуб ташланди. Албатта у Сулаймондандир ва у (мактубда шундай битилгандир:) “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан. Сизлар менга кибру ҳаво қилмай, ҳузуримга бўйсунган ҳолингизда келинг!” (Малика) айтди: “Эй одамлар, менга бу ишда фатво-маслаҳат беринглар. Мен то сизлар гувоҳ бўлмагунингизча бирон иш ҳақида ҳукм қилувчи эмасман”. Улар дедилар: “Бизлар куч-қувват ва журъат-матонат эгаларимиз. (Қандай ишга) буюриш сенинг ўзингга ҳавола. Бас, нимага буюришни ўйлаб кўравер, (бизлар сенга итоат этамиз)”. У айтди: “Аниқки, подшоҳлар қачон бирон қишлоққа (бостириб) кирсалар уни вайрон этадилар, аҳолисининг обрў-эътиборлиларини хор-зор қиладилар. Уларнинг қилмиш-одатлари шудир. Мен уларга бир ҳадя юбориб кўрай-чи, элчиларим нима (хабар) билан қайтар эканлар” (Намл сураси, 27-35-оятлар).

Сулаймон алайҳиссалом ҳудҳуд келтирган хабарга нисбатан муносабат билдирар экан шундай деди:

– Эй ҳудҳуд, гапингни текшириб кўрамиз. Сен рост гапирдингми ё алдадингми, билиб оламиз!

Сулаймон алайҳиссалом ҳудҳуд келтирган хабарни тасдиқлаш ё ёлғонга чиқаришга шошилмади. Балки аввал уни текшириб кўришни лозим топди. Аллоҳ таоло пайғамбарлик, подшоҳлик ва ҳикмат ато этган Сулаймон алайҳиссаломга лойиқ иш эди бу.

Айтган гапини текшириб кўришни билдирган Сулаймон алайҳиссалом ҳудҳудга шундай деди:

“Мана бу мактубимни олиб бориб уларга ташла, сўнгра улардан четланиб кузатгин-чи, нима (жавоб) қайтарар эканлар”.

Яъни, мен манави мактубимни Сабаъ аҳлига олиб бор, улар олдига ташла ва яқинроқдан кузатиб тур. Улар бир-бирларига нима жавоб қилишларига эътибор бер. Нима дейишганини келиб менга хабар қиласан, деди.

(Қачонки ҳудҳуд Сулаймоннинг мактубини олиб келиб малика Билқиснинг олдига ташлагач,) у деди: “Эй одамлар, ҳақиқатан, менга улуғ бир мактуб ташланди. Албатта у Сулаймондандир ва у (мактубда шундай битилгандир:) “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан. Сизлар менга кибру ҳаво қилмай, ҳузуримга бўйсунган ҳолингизда келинг!”

Сабаъ маликаси Билқис Сулаймон алайҳиссалом мактубини ўқиб, унда нима ёзилганини тушунгач, атрофидаги аъёнларига қараб:

– Эй, қавмнинг ашрофлари! Менга ҳикматли, ажойиб услубди битилган бир мактуб келди. У Сулаймондандир. Унда “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Такбаббурлик қилмасдан ҳақ динга киринглар. Менинг олдимга Аллоҳнинг ҳукмига бўйсунган ҳолда келинглар”, деб ёзилгандир, – деди.

Малика ашрофларини Сулаймон ёзган мактуб мазмуни билан таништиргач, уларга хитобан шундай деди:

– Эй одамлар, менга бу ишда фатво-маслаҳат беринглар. Мен то сизлар гувоҳ бўлмагунингизча бирон иш ҳақида ҳукм қилувчи эмасман”.

Яъни, эй, қавмнинг ашфролари! Сулаймон ёзган бу хатга қандай жавоб қайтарай, менга маслаҳат беринг! Унинг талабига нима деб жавоб қайтарамиз? Биласизларки, мен мамлакат ҳаёти билан боғлиқ ишларни фақат сизлар билан маслаҳатлашган ҳолда бажараман. Фикрингизни олмай туриб бирон қарорга келмайман.

Бу ҳолат Сабаъ маликасининг гўзал тадбири, ўткир фаҳму фаросатига далолат қилади. У бирон иш қилишдан олдин мамлакатнинг кўзга кўринган одамлари билан маслаҳлашиб, кейин бир қарорга келарди. Маликанинг бу одати одамларнинг унга бўлган ишончини орттирар, мамлакат аҳолиси малика чиқарган ҳукмлардан рози бўлишарди.

Улар дедилар: “Бизлар куч-қувват ва журъат-матонат эгаларимиз. (Қандай ишга) буюриш сенинг ўзингга ҳавола. Бас, нимага буюришни ўйлаб кўравер, (бизлар сенга итоат этамиз)”.

Малика Билқис аъёнлари аскарлари бақувват ва кучли қўшинга эга эканларини айтиб, ҳар бир ишда унинг амрига итоат этишларини билдиришди.

Шунда малика теран фикр ва ақл-заковат билан шундай деди:

– Аниқки, подшоҳлар қачон бирон қишлоққа (бостириб) кирсалар уни вайрон этадилар, аҳолисининг обрў-эътиборлиларини хор-зор қиладилар. Уларнинг қилмиш-одатлари шудир”.

Яъни, агар подшоҳлар бирон юртни куч билан босиб олсалар, уни вайронага айлантирадилар, бошқаларга ибрат бўлиши учун юртнинг обрўли кишиларини хорлайдилар. Уларнинг қиладиган иши шу.

Малика бу билан қавмини урушишдан кўра тинчлик яхши эканига ишонтириб, Сулаймон алайҳиссалом билан яхшиликча муомалада бўлиш унга қарши чиқишдан афзалроқ эканини маълум қилмоқчи эди.

“Мен уларга бир ҳадя юбориб кўрай-чи, элчиларим нима (хабар) билан қайтар эканлар”.

Яъни, мен ўйлаб кўриб, Сулаймонга шоҳона бир туҳфа жўнатишга қарор қилдим. Кўрамиз, Сулаймон юборган ҳадямни кўриб элчиларимга қандай жавоб қайтарар экан!

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, малика қавмига: “Агар у ҳадяни қабул қилса, бас, у подшоҳлардан бўлади, у билан урушаверасизлар. Агар юборган ҳадямни қабул қилмаса, бас, у пайғамбардир, унга итоат этасизлар”, деган.

Шундан сўнг Билқис томонидан юборилган ҳадяга Сулаймон алайҳиссалом қандай муносабат билдиргани айтилади:

“Бас, қачон (Билқиснинг элчилари унинг юборган ҳадясини олиб) Сулаймон (ҳузурига) келгач, у деди: “Сизлар менга мол-дунё билан мадад бермоқчимисиз?! У ҳолда (билингки,) Аллоҳ менга ато этган (пайғамбарлик ва мулку давлат) У Зот сизларга берган (мол-дунё)дан яхшироқдир. Балки сизлар ҳадяларингиз билан хурсанд бўларсизлар, (лекин менинг унга эҳтиёжим йўқ). Сен (қавмингга) қайтиб бориб (айтгин, агар ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келмасалар,) албатта биз уларга шундай қўшин билан борамизки, улар унга асло бас келолмаслар ва албатта биз уларни (қишлоқларидан) мағлуб ҳолларида хор қилиб қувиб чиқарамиз” (Намл сураси, 36-37-оятлар).

Билқиснинг қимматбаҳо ҳадялари Сулаймон алайҳиссаломга кўрсатилгач, пайғамбар бунга шундай муносабат билдирди:

– Сизлар менга мол-дунё билан мадад бермоқчимисиз?! У ҳолда (билингки,) Аллоҳ менга ато этган (пайғамбарлик ва мулку давлат) У Зот сизларга берган (мол-дунё)дан яхшироқдир. Балки сизлар ҳадяларингиз билан хурсанд бўларсизлар, (лекин менинг унга эҳтиёжим йўқ).

Яъни, мен сизларни Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш, ширк амаллардан қайтаришни бас қилишим учун мана шу арзимас совғаларни менга келтирдингизми! Йўқ! Мен бу ҳадяларингизга эътибор бермайман. Аллоҳ менга ато этган пайғамбарлик ва улуғ подшоҳлик сизлардаги бор молу давлатдан яхшироқдир!

Сулаймон алайҳиссалом шу зайл уларнинг ҳадяларини инкор қилиб, ўз вазифасини адо қилишини билдирди.

“Балки сизлар ҳадяларингиз билан хурсанд бўларсизлар, (лекин менинг унга эҳтиёжим йўқ)”.

Сабаъ юрти вакиллари олиб келган совғалари Сулаймон алайҳиссаломга маъқул келиб, уларни тинч қўйиши ҳақида ўйлаётгандилар. Бироқ Сулаймон алайҳиссалом келтирган туҳфаларига парво ҳам қилмади.

– Эй элчилар! Сизларни ҳузуримга юборган одамга: “Аллоҳ Сулаймонга берган неъматлари сизлар берган нарсалардан яхшироқ экан. Туҳфаларингиз ўзингизга буюрсин. Ундан ўзингиз фойдаланаверинглар ва бундан хурсанд бўлинглар. Зеро, сизлар фақат ўткинчи дунё матоҳлари учун севинасизлар. Мен бундай нарсаларга эҳтиёжим йўқ. Сизлардан талабим Ёлғиз Аллоҳга имон келтиришингиздир”, деб айтинглар! – дея хитоб қилди.

“Сен (қавмингга) қайтиб бориб (айтгин, агар ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келмасалар,) албатта биз уларга шундай қўшин билан борамизки, улар унга асло бас келолмаслар ва албатта биз уларни (қишлоқларидан) мағлуб ҳолларида хор қилиб қувиб чиқарамиз”.

Сулаймон алайҳиссалом Билқис юборган элчилардан бирига:

– Ҳадянгни олиб, ортингга қайтиб бор, уларни огоҳлантир! Агар сизлар бўйсунмасангиз, биз шундай бир қудратли қўшинни юборамизки, унга қарши туришга тоқатингиз етмайди. Кейин сизларни Сабаъ юртидан хору зор қилиб ҳайдаб чиқарамиз. Аввал иззат-ҳурматга лойиқ кўрилган бўлсангиз, энди обрў-эътиборингиздан маҳрум бўласизлар!

Билқис элчилари умидлари сўниб ортларига қайтиб кетишди.

Шундан кейин Сулаймон алайҳиссалом қўшинларидан талаб қилган нарса ҳақида зикр қилинади:

“Эй одамлар, улар менинг ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келишларидан илгари қайси бирингиз менга унинг (яъни, Билқиснинг) тахтини келтира олади”, деди. (Шунда) жинлардан бир паҳлавони айтди: “Мен уни ўрнингдан туришингдан илгари сенга келтираман. Албатта мен бунга қодир ва ишончлиман”. Китобдан огоҳлиги бор бўлган зот эса: “Мен уни кўз очиб юмгунингча сенга келтираман”, деди. (Сулаймон тахтнинг) ўз ҳузурида турганини кўргач, деди: “Бу Парвардигоримнинг мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қилманми, имтиҳон этиш учун берган фазлу марҳаматидандир. Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўз (фойдаси) учун шукр қилади. Ким куфрони неъмат қилса, бас, албатта Парвардигорим беҳожат ва фазлу карам Эгасидир” (Намл сураси, 38-40-оятлар).

Билқиснинг элчилари унинг олдига ҳадя билан қайтиб бориб, Сулаймон алайҳиссаломнинг жавобини етказгач, у: “Бу оддий подшоҳ эмаслигини билган эдим”, деди ва Сулаймон пайғамбарга: “Мен сенинг қиличингни ва даъват қилаётган дининг қандай дин эканини билиш учун ўз аъёнларим билан ҳузурингга бормоқдаман”, деган хабар билан чопар юборди ва кетидан ўн икки минг одам билан йўлга тушди. Улар Сулаймон алайҳиссалом қароргоҳига етиб келишларига бир фарсах қолганида, у зот бундан хабар топиб, уларга ўзининг ҳақ пайғамбар эканини исботлайдиган бир мўъжиза кўрсатиш ва малика Билқиснинг фаҳму фаросатини синаш мақсадида қўл остидаги халойиққа қараб:

– Эй одамлар, улар менинг ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келишларидан илгари қайси бирингиз менга унинг (Билқиснинг) тахтини келтира олади”, деди.

Яъни, сизлардан биронтангиз Сабаъ маликаси ўз қўшини билан ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келишидан олдин унинг юртида қолган тахтини олиб кела оласизми? – деди.

Сулаймон алайҳиссалом Ямандан Байтул Мақдисга маликанинг тахтини келтиришни сўрашига сабаб, у Аллоҳ таоло берган улуғ пайғамбарлик ва мулку давлатни кўрсатиш, ўзидаги одатдан ташқари имкониятларни билдириш бўлган бўлса, ажаб эмас.

Сулаймоннинг талабига биринчи бўлиб жинлардан бўлган Ифрит жавоб берди:

(Шунда) жинлардан бир паҳлавони айтди: “Мен уни ўрнингдан туришингдан илгари сенга келтираман. Албатта мен бунга қодир ва ишончлиман”, деди.

Ифрит жинларнинг куч-қувватлиси бўлиб, Аллоҳ таоло уни Сулаймон алайҳиссаломга бўйсундирган эди. Ана ўша паҳлавон жин Сулаймон алайҳиссалом даъватига ижобат қилиб:

– Сен қавминг билан қурган масжилисинг тугагунича ўша маликанинг тахтини ҳузурингга олиб келаман. Шунча узоқ масофадаги оғир тахтни келтиришга қодирман. Мен ваъдамнинг устидан албатта чиқаман, деди.

Китобдан огоҳлиги бор бўлган зот эса: “Мен уни кўз очиб юмгунингча сенга келтираман”, деди.

Оятдаги “Китобдан огоҳлиги бор зот” Осиф ибн Бархиё эди. У Бани Исроил қавми ичидаги солиҳ кишилардан бўлган. Аллоҳ таоло унга Ўз ҳузуридан илм ато этганди. Осиф Сулаймон алайҳиссалом вазири бўлган.

Айтилишича, у Аллоҳнинг исми аъзамини биларди. Агар у билан дуо қилса, Аллоҳ дуосини ижобат этарди[23].

Яъни, Аллоҳ тарафидан илм берилган бир киши ўрнидан туриб:

– Эй Сулаймон, сен кўз очиб юмгунингча Билқиснинг улкан тахтини ҳузурингга келтираман, – деди.

Бу ўша ишнинг жуда тез суръатда бажарилишидан киноядир.

Шу зайл Билқиснинг Ямандаги тахти ақлбовар қилмас тезликда Байтул Мақдисга олиб келинди.

(Сулаймон тахтнинг) ўз ҳузурида турганини кўргач, деди: “Бу Парвардигоримнинг мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қилманми, имтиҳон этиш учун берган фазлу марҳаматидандир”.

Сулаймон Билқиснинг тахтини ўз ҳузурида кўриб, кибрга кетмади, ғурурланмади, балки:

– Тахтнинг бундай тез фурсатда олиб келиниши Парвардигорим менга берган фазли ва неъматидир. У зот бунга шукр қиламанми ё куфрони неъмат қиламанми, имтиҳон қилади, – деди.

“Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўз (фойдаси) учун шукр қилади. Ким куфрони неъмат қилса, бас, албатта Парвардигорим беҳожат ва фазлу карам Эгасидир”.

Яъни, ким Аллоҳ берган неъматларга шукр қилса, Аллоҳ уларни янада кўпайтиради. Агар кимда-ким Парвардигори ато этган неъматларни инкор қилса, Аллоҳ махлуқотларидан беҳожат ва фазлу марҳамат соҳибидир.

Намл сурасида келган ушбу қизиқарли қисса қуйидаги воқеалар тафсилоти билан якунланади. Аллоҳ таоло айтади:

“(Маликанинг келиши яқинлашиб қолгач, Сулаймон унинг фаҳм-фаросатини синаш учун) деди: “Унинг тахтини танимайдиган қилиб – ўзгартириб қўйинглар! У (ўз тахтини танишга) йўл топадими ёки йўл топа олмайдиган кимсалардан бўладими, кўрамиз”. Қачон у келгач: “Сенинг тахтинг шундаймиди?” дейилди. У (ҳайратга тушиб:) “Худди ўшанинг ўзи-ку”, деди. (Шунда Сулаймон алайҳиссалом айтди:) “Бизларга ундан илгари илм-маърифат берилиб, мусулмон бўлганмиз. Уни эса ўзи Аллоҳни қўйиб ибодат қилган нарсаси (Аллоҳга имон келтириб мусулмон бўлишдан) тўсган. Чунки у кофир қавмдан эди”. (Маликага:) “Саройга кир”, дейилди. Энди қачон (саройни) кўргач, уни сув (тўлқин) деб ўйлаб оёқларини очган эди, (Сулаймон:) “Бу ойнадан ясалган баланд қасрдир”, деди. (Шунда малика) айтди: “Парвардигорим, дарҳақиқат, мен (қуёшга сиғиниш билан) жонимга зулм қилибман. (Энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар Парвардигори – Аллоҳга бўйсундим” (Намл сураси, 41-44-оятлар).

Билқис тахти Сулаймон ҳузурига келтирилгач, хизматкорларига:

– Маликанинг тахтини танимайдиган қилиб ўзгартиринглар. Кўрамиз, у ўз тахтини танирмикан ё беписандлик билан қарармикан! – деди.

Бундан мақсад малика Билқис ақлу заковатини синаш эди.

Қачон у келгач: “Сенинг тахтинг шундаймиди?” дейилди. У (ҳайратга тушиб:) “Худди ўшанинг ўзи-ку”, деди.

Билқис Сулаймон алайҳиссалом ҳузурига етиб келгач, унга баъзи белгилари ўзгартирилган тахтини кўрсатди.

– Юртингда қолдириб келган тахтинг шундаймиди? – деди.

Фатонатли малика Сулаймон алайҳиссалом саволига шундай жавоб қилди:

– Бу худди менинг тахтимга ўхшар экан!

Билқис бунда тахтни ўзиники ё бошқа тахт эканини аниқ айтмади. Балки ўзининг тахтига ўхшашига шаъма қилди. Бу саволга муносиб жавоб эди.

(Шунда Сулаймон алайҳиссалом айтди:) “Бизларга ундан илгари илм-маърифат берилиб, мусулмон бўлганмиз”.

Баъзи муфассирларга кўра, бу Билқис сўзининг охиридир. Шунда унинг маъноси қуйидагича бўлади: “Биз кўриб турган бу ҳолатдан олдин бизга Сулаймоннинг пайғамбарлиги ҳақида илм берилганди ва унинг амрига бўйсуниб мусулмон бўлган эдик”.

Баъзи муфассирлар фикрича, бу Сулаймон алайҳиссалом сўзидир. У ҳолда оятнинг маъноси шундай бўлади: “Билқис тўғри жавоб қилди. Ҳақни билди. Лекин Билқис Сабаъдан келишидан олдин бизга илм берилган эди ва биз Аллоҳга бўйсунган эдик”.

Бизнингча, бу Билқиснинг сўзидир. Сабаби, оятнинг сиёқидан малика айтган жумлага ўхшамоқда.

“Уни эса ўзи Аллоҳни қўйиб ибодат қилган нарсаси (Аллоҳга имон келтириб мусулмон бўлишдан) тўсган. Чунки у кофир қавмдан эди”.

Бу ерда Билқисни Исломга киришдан тўсган нарса зикр қилинмоқда.

Яъни, маликани Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишдан қуёшга сиғиниши тўсиб турган эди. Бу аёл Аллоҳга куфр келтирувчи, Унинг неъматларига ношукрлик қилувчи қавмдан эди.

(Маликага:) “Саройга кир”, дейилди. Энди қачон (саройни) кўргач, уни сув (тўлқин) деб ўйлаб оёқларини очган эди, (Сулаймон:) “Бу ойнадан ясалган баланд қасрдир”, деди.

Сулаймон алайҳиссалом биллурга ўхшаш соф ойнадан улкан сарой қурдирган бўлиб, тагидан оқиб ўтаётган сув шундоқ кўриниб турарди.

Сулаймон Сабаъ маликаси Билқисга:

– Манави қасрга кир! – деди.

Малика саройнинг нақадар гўзаллиги ва улуғлигини кўриб, уни оқаётган дарё деб ўйлади ва этагим ҳўл бўлмасин, деб либосини кўтарди.

Сулаймон ундаги ҳайратни бироз босиш учун:

– Сен дарё деб ўйлаган нарса ойнадан барпо қилинган қасрдир. Бу остидаги сувни ўтказмайди.

(Шунда малика) айтди: “Парвардигорим, дарҳақиқат, мен (қуёшга сиғиниш билан) жонимга зулм қилибман. (Энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар Парвардигори – Аллоҳга бўйсундим”.

Малика Билқис Аллоҳ таолонинг қудратига лол қолиб, шундай деди:

– Парвардигоро, мен шу вақтга қадар Сендан ўзгага ибодат қилиб нафсимга зулм қилдим. Энди Сулаймон билан оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога бўйсундим!

Бу қисса ўзида жуда кўп ҳикмат ва ибратларни жамлаган. Қуйида уларнинг айримларини кўриб чиқамиз.

1. Аллоҳ таоло Довуд ва Сулаймон алайҳимуссаломга пайғамбарлик, подшоҳлик ва кенг илм неъматларини ато этган. Улар бу неъматларга шукр қилиб, уларни яхшилик йўлида тасарруф қилишган.

2. Сулаймон алайҳиссалом давлати Аллоҳ таолога бўлган имон, илм ва кучли адолат асосига қурилган эди.

3. Сулаймон алайҳиссалом ер юзида Аллоҳга ибодат қилишни таъминлаш ва ширкдан поклаш учун юборилганди.

Ҳудҳуд унга қуёшга сиғинувчи қавм ҳақида хабар келтирганида, Сулаймон тезда уларга мактуб жўнатиб, Аллоҳгагина имон келтиришга, махлуқотларга сиғинишдан воз кечишга чақирди.

4. Сулаймон алайҳиссалом қўл остидаги раиятини қаттиқ назорат қилиб турган, уларнинг ҳолидан хабардор бўлган, каттаю кичик ишларни бошқариб турган. Ҳатто минглаб қўшини орасидаги бир кичик қушнинг кўринмай қолганига эътибор қаратган.

5. Малика Билқис Сулаймон алайҳиссалом мактубини олганидан сўнг қавмининг ашрофларини бир жойга йиғиб, уларга маслаҳат солди. Улар малика Билқисга ишонишлари, бу борада ўзи билган ишни қилаверишни таъкидлашди.

6. Агар бир киши ҳадя берганда унинг мақсади ҳақни поймол қилиш ва ботилни юзага чиқариш бўлса, ундан ҳадяси қабул қилинмайди. Сулаймон алайҳиссалом Билқиснинг қимматбаҳо туҳфасини ўзига қайтариб юборгани бунга мисолдир.

[1] “Тафсиру ибни жарир”, 17-жуз, 38-бет; “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 349-бет.

[2] “Тафсирул қуртубий”, 11-жуз, 307-бет.

[3] “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 352-бет.

[4] “Ал-кашшоф”, 3-жуз, 129-бет.

[5] “Тафсирул қуртубий”, 11-жуз, 321-бет.

[6] “Тафсиру ибни касир”, 6-жуз, 485-бет.

[7] “Тафсирул кашшоф”, 3-жуз, 571-бет.

[8] “Тафсирул қуртубий”, 14-жуз, 267-бет.

[9] “Тафсирул қуртубий”, 14-жуз, 282-бет.

[10] “Тафсиру ибни касир”, 6-жуз, 489-бет.

[11] Исроъ сураси, 44-оят.

[12] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 23-жуз, 93-бет; “Тафсирул қуртубий”, 15-жуз, 161-бет.

[13] “Тафсирул кашшоф”, 4-жуз, 80-бет.

[14] “Тафсиру ибни касир”, 7-жуз, 51-бет.

[15] “Тафсирул қосимий”, 14-жуз, 5088-бет.

[16] “Тафсирул кашшоф”, 4-жуз, 81-бет.

[17] Қаранг: “Ҳошиятул жамал алал жалолайн”, 3-жуз, 573-бет.

[18] Қаранг: “Тафсирул фахрир розий”, 7-жуз, 192-бет.

[19] Қаранг: “Тафсирул қосимий”, 14-жуз, 5101-бет.

[20] “Тафсирул алусий”, 23-жуз, 198-бет.

[21] “Тафсирул қуртубий”, 15-жуз, 304-бет.

[22] “Тафсиру ибни касир”, 6-жуз, 192-бет.

[23] Айтилишича, “Китобдан огоҳлиги бор зот”дан мурод Сулаймон алайҳиссаломнинг ўзидир. Бу ифритга хитобан айтилган. Гўё у тахтни келтиришни ваъда қилган вақт жуда секин бўлиб, уни енгил санаш маъносида: “Кўз очиб юмгунингча олдингга ўшу тахтни келтираман”, дейилаётгандек.

Бошқа қавлда, бундан мурод Жаброил алайҳиссалом дейилган. Аввалги қавл муфассирлар орасида машҳурдир.

👉@KITOBXON_VIKTORINA

ШУАЙБ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИ
Шуайб алайҳиссалом қиссаси турли сураларда ҳикоя қилинади. Жумладан, Аъроф сурасида шундай дейилган:

“Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Сизларга Парвардигорингиз томонидан очиқ ҳужжат келди. Бас, ўлчов ва тарозини тўла тортинг ва одамларнинг нарсаларидан уриб қолманг ҳамда Ер (пайғамбарлар юбориш билан) ўнглаб қўйилганидан кейин, унда бузғунчилик қилиб юрманглар! Агар мўмин бўлсаларингиз, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир. Ҳар кўчада (кишиларни) қўрқитиб ва Аллоҳга имон келтирган зотларни Унинг йўлидан тўсиб ҳамда у йўлни бузишга ҳаракат қилиб ўтирманг! Озчилик бўлган пайтингизда сизларни кўпайтирганини эсланг ва бузғунчи кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг. Агар сизлардан бир тоифа менга юборилган динга имон келтириб, бошқа бир тоифа эса имон келтирмаса, у ҳолда то Аллоҳ ўртамизда Ўз ҳукмини чиқармагунича сабр қилинг! У ҳукм қилувчиларнинг яхшироғидир” (Аъроф сураси, 85-87-оятлар).

Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссаломни Мадян аҳлига пайғамбар қилиб юборди. Мадян қабила номи бўлиб, у Мадян ибн Иброҳим алайҳиссаломга нисбат берилади. Мадян аҳли Ҳижоз ва Шом ҳудуди оралиғидаги “Маон” деб аталадиган минтақада истиқомат қилишарди. Аллоҳ таоло уларга Шуайб алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди.

Шуайб, Ибн Майкийл ибн Яшжар ибн Мадян ибн Иброҳимдир. Шуайб Мадян аҳлининг насабдаги биродарлари саналади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шуайб алайҳиссаломни зикр қилсалар: “У қавмига чиройли мурожаат қилгани ва ҳужжатининг кучлилиги сабаб анбиёлар хатибидир”, дердилар.

Мадян аҳли куфру исёнда эди. Хусусан, улар тарозидан уриб қолиш, бир-бирларининг ҳаққини ноҳақ йўллар билан ейиш сингари гуноҳларга мубтало бўлишган эди. Шуайб алайҳиссалом қавмини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват қилди. Уларни хиёнатдан ва ёмон хулқлардан қайтарди.

Суддий ва Икримадан ривоят қилинишича, Шуайб алайҳиссалом икки умматга юборилган. Биринчиси, Мадян аҳли. Улар кучли овоз билан ҳалок қилинганлар. Иккинчиси, Асҳобул айка. Уларни Аллоҳ соялар кунидаги азоб билан жазолаган. Шуайб алайҳиссаломдан бошқа бирон пайғамбар икки умматга юборилмаган.

Лекин муҳаққиқ уламоларга кўра, улар бир умматдир. Яъни, Мадян аҳли бу, Асҳобул айкадир. Улар қаттиқ зилзила, кучли овоз ва соялар кунидаги азоб билан жазоланганлар. Бу азоблар олдинма-кетин содир бўлган.

Шуайб қавмини Аллоҳнинг ваҳдониятига чақириб, уларга хитобан шундай деди:

– Сизларга Парвардигорингиз томонидан очиқ ҳужжат келди.

Яъни, мен сизларга пайғамбар эканимни тасдиқловчи очиқ мўъжизалар келтирдим. Бу сизларни мен келтирган нарсага ишонишга, буюрганларимни олиб, қайтарганларимдан қайтишга ундайди.

Шундан сўнг у Мадян қавмини ораларида кенг тарқалган бир иллатдан қайтарди:

“Бас, ўлчов ва тарозини тўла тортинг ва одамларнинг нарсаларидан уриб қолманг”.

Яъни, тарози ва ўлчовларни тўғри тортинглар, ҳақ эгаси ўз ҳақини тўлиқ олсин, бирон нарсани камайтирманглар, олаётган одам кўпайтириб ҳам олмасин! Адолатли бўлинглар! Ораларингиздаги ўзаро муомала вақтида одамлар ҳақидан уриб қолманглар!

Шундан сўнг Шуайб уларни умумий бузғунчиликдан қайтарди:

“Ер (пайғамбарлар юбориш билан) ўнглаб қўйилганидан кейин, унда бузғунчилик қилиб юрманглар!”

Яъни, ер юзида зулм ва босқинчилик қилиш билан, куфру исён билан фисқу фасод қилманглар! Ваҳоланки, ер юзи пайғамбарлар ва уларнинг солиҳ издошлари тарафидан ислоҳ қилинган, обод этилган. Сизлар обод маконни вайронага айлантирманглар!

Шундан кейин қавми қалбида имон келтириш туйғусини уйғотиш учун шундай мурожаат қилди:

– Агар мўмин бўлсаларингиз, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир.

Яъни, мен сизларга буюрган ва қайтарган нарсалар дунёю охиратингиз учун яхшидир. Бас, агар айтганларимни тасдиқласангиз, Аллоҳ тарафидан юборилган ҳукмларга амал қилсангиз, менга ижобат қилинглар!

Шуайб шу гапларни айтганидан кейин қавмини ҳаётининг бир қисмига айланиб қолган бошқа разолатлардан қайтарди:

“Ҳар кўчада (кишиларни) қўрқитиб ва Аллоҳга имон келтирган зотларни Унинг йўлидан тўсиб ҳамда у йўлни бузишга ҳаракат қилиб ўтирманг!”

Яъни, одамлар ўтадиган ҳар бир йўл четига ўтириб олиб, менга имон келтирган кишиларни ўлдириш билан таҳдид қилманглар, одамларга озор берманглар! Менга имон келтириш умидида бўлганларни: “Шуайб ёлғончи. У сизларни тўғри йўлдан оздирмоқчи”, деб кишиларни ҳақ динни қабул қилишдан чалғитманглар! Уларнинг кўнглига турли шубҳа-гумонларни солманглар!

Кейин уларга Аллоҳнинг неъматлари эслатилди: “Озчилик бўлган пайтингизда сизларни кўпайтирганини эсланг”.

Яъни, авваллари сизлар камчилик эдингиз, Аллоҳ сизларнинг сонингизни кўпайтирди. Илгари молу давлатингиз оз эди. Аллоҳ сизларга кўп давлат ҳадя қилди. Бу неъматлар эвазига Аллоҳга имон келтириб, У Зотга шукр қилишингиз керак. Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш ва Аллоҳ буюрган йўлдан юриш билан неъматлар шукри адо этилади.

“Ва бузғунчи кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!”

Яъни, аввалда ўтган қавмлар ҳаётига бир назар ташланг, Лут, Солиҳ қавмининг бошига не кунлар тушганига ибрат кўзи билан боқинг! Улар ер юзида бузғунчилик қилганлари сабаб балога гирифтор бўлдилар, қилмишларига яраша жазосини олдилар.

Бас, шундай экан, Аллоҳга тақво қилинглар ва менга итоат этинглар! Аввал ўтган ва туғёнга кетган қавмлар йўлидан юрманг. Акс ҳолда ўша бузғунчи қавмлар каби ҳалок қилинасизлар!

Шундан кейин уларни адолат қилишга, бағрикенг бўлишга, ўзига итоат этганларни тинч қўйишга чақирилади:

“Агар сизлардан бир тоифа менга юборилган динга имон келтириб, бошқа бир тоифа эса имон келтирмаса, у ҳолда то Аллоҳ ўртамизда Ўз ҳукмини чиқармагунича сабр қилинг! У ҳукм қилувчиларнинг яхшироғидир”.

Яъни, сизлардан баъзилар мен келтирган нарсаларни тасдиқлади. Баъзилар эса ўз куфрида оёқ тираб туриб олди. Бас, шундай экан, Аллоҳ икки тоифа ўртасида адолатли ҳукм чиқаргунича кутиб туринглар. Бу мўминларга нусрат бериш ва золим кимсаларни ҳалокатга учратиш билан бўлади. Зеро, Аллоҳ энг адолатли ҳукм қилувчи Зотдир!

Шуайб алайҳиссалом даъват қилишда энг ҳикматли услубни қўллади. У киши залолатдаги қавмни биринчи навбатда Аллоҳга имон келтиришга, куфрдан, ширкдан бутунлай воз кечишга чақирди. Зеро, бу Ислом ақидасининг асоси, диннинг рукнидир. Ақида масалалари баён қилингач, Мадян қавми орасида жуда оммалашиб кетган ижтимоий иллатлар зикр қилиниб, уларни ўнглаш лозимлиги баён қилинди. Жумладан, ўзаро муомалада адолатли бўлиш, тарози ва ўлчовларни тўғри тортиш, одамлар ҳақидан уриб қолмаслик, ер юзида бузғунчилик қилмаслик лозимлиги, йўл четига ўтириб олиб, турли ёмон ишларни қилмаслик кераклиги уқтирилди.

Шунча таъсирли ваъз-насиҳатларни эшитган қавм дарров имон келтириб, қилиб юрган разил ишларидан тийилишлари керак эди. Аммо қалби тошдан қаттиқ, маънан сўқир қавм учун бу насиҳатлар қумга сепилган сувдек бесамар кетди.

Қуйидаги оятларга қулоқ солайлик. Бунда қавмнинг Шуайб алайҳиссаломга қай тарзда муомала қилганлари келтирилади:

“(Шунда) унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар: “Эй Шуайб, ё сени ё сен билан бирга имон келтирган кишиларни қишлоғимиздан ҳайдаб чиқарамиз ёки сизлар бизнинг динимизга қайтасизлар”, дейишди. У айтди: “Агар (динингизни) ёмон кўрсак ҳам-а? Агар Аллоҳ бизга ўша динингиздан нажот берганидан кейин яна унга қайтсак, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган бўламиз-ку? Биз учун у динга қайтиш жоиз эмас, магар Парвардигоримиз – Аллоҳ хоҳласагина (қайтишимиз мумкин). Парвардигоримиз илми ҳамма нарсани қамраб олгандир. Биз Аллоҳнинг Ўзига таваккул қилдик. Парвардигоро, биз билан қавмимиз ўртасида ҳақ билан ҳукм қилгайсан. Ўзинг ҳукм қилувчиларнинг яхшироғидирсан”. (Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган кимсалар: “Қасамки, агар Шуайбга эргашсанглар, албатта зиён кўрувчи бўласизлар”, дейишди. Бас, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар. Шуайбни ёлғончи қилган кимсалар гўё у ерда яшамагандек бўлиб қолдилар. Шуайбни ёлғончи қилган кимсаларнинг ўзлари зиён кўрувчи бўлдилар. Кейин (Шуайб) улардан юз ўгириб, деди: “Эй қавмим, мана, мен Парвардигоримнинг вазифасини сизларга етказдим ва насиҳатлар қилдим. Энди кофир қавмга қандай қайғурай?!” (Аъроф сураси, 88-93-оятлар).

Мадян аҳлининг мутакаббир ашрофлари Шуайб алайҳиссаломнинг таъсирли насиҳатларига жавобан:

– Қасамки, эй Шуайб, биз сени ва сен билан бирга бўлган одамларни қишлоғимиздан ҳайдаймиз. Сизларни ёмон кўрамиз. Кўргани кўзимиз йўқ. Шу йўл билан фитналарингиздан бошимиз тинчийди. Ёки сизларни ота-боболаримиздан мерос қолган динимизга қайтарамиз. Эй Шуайб, сизлар бу икки ишдан бирини танланглар: ё қишлоғимиздан чиқиб кетинглар, ё бўлмаса, бизнинг динимизга қайтасизлар! – деб дағдаға қилишди.

Молу давлати ва обрўсига ишониб ғурурга кетган кимсалар Шуайб алайҳиссалом ва у кишининг издошларига шундай таҳдид қилишди. Уларнинг қасам ичишлари ният қилган ишларини амалга оширишга қатъий ҳаракат қилганларини кўрсатади.

Уларнинг “динимизга қайтасизлар” деган гапи Шуайбга имон келтирган кишилар аввал қавмнинг динида бўлганлари, кейин ундан чиқиб, Аллоҳга имон келтирганларини билдиради. Шуайб алайҳиссалом эса пайғамбарликдан олдин ҳам, кейин ҳам ширкдан маъсум бўлган. Аллоҳ таоло у кишини катта гуноҳлардан сақлаган.

Бунга жавобан Шуайб:

– Агар (динингизни) ёмон кўрсак ҳам-а? – деди.

Яъни, биз сизлар кетаётган йўлдан юришни истамасак, буни ёмон кўрсак ҳам бизни ўз йўриғингизга солишга мажбур қиласизларми? Ишонамизки, сизларнинг динингиз ботил, соғлом ақлга, юксак хулқ-одобларга зиддир. Йўқ, сизларнинг ботил эътиқодингизга қайтмаймиз!

“Агар Аллоҳ бизга ўша динингиздан нажот берганидан кейин яна унга қайтсак, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган бўламиз-ку?”

Яъни, Аллоҳ бизни ҳақ динга йўллаганидан кейин, бизларни ширк иллатидан халос этиганидан сўнг ҳам била туриб сизларнинг ботил динингизга қайтадиган бўлсак, у ҳолда Аллоҳ шаънига энг қабиҳ ёлғонни тўқиган, ҳақни инкор қилган бўламиз!

“Биз учун у динга қайтиш жоиз эмас, магар Парвардигоримиз – Аллоҳ хоҳласагина (қайтишимиз мумкин). Парвардигоримиз илми ҳамма нарсани қамраб олгандир”.

Яъни, биз ҳеч қачон сизлар эътиқод қилган нарсага ишонмаймиз. Магар Аллоҳ хоҳласагина, шундай бўлади. Зеро, барча нарса Аллоҳнинг иродасига боғлиқ. Аллоҳ ҳар нарсага қодир Зотдир. Сизлар ва бошқалар бизни мажбурлаб ўзга эътиқодга бўйсундиролмайсизлар. Динингиз ботил, бизнинг ақидамиз ҳақ эканига ишончимиз комил. Ҳамма нарса ишларни тасарруф этувчи, илми барча нарсани тўлиқ қамраб олган Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқдир.

Қуръони карим ҳикоя қилаётган юксак одоб намунасини қаранг: Шуайб алайҳиссалом куфр ва ширк иллатига зинҳор қайтмаслигини гўзал суратда, одоб билан билдирмоқда. Шу билан бирга қавмнинг ашрофлари тарафидан таҳдид бўлиб турган таҳликали пайтда ўзи ва бошқа мўминлар имон йўлидан зинҳор қайтмасликларини, ишларини Аллоҳга ҳавола қилишини билдирмоқда.

Шуайб алайҳиссалом қавмининг таҳдидига парво қилмай, Аллоҳга дуо қилишга чоғланди:

“Биз Аллоҳнинг Ўзига таваккул қилдик. Парвардигоро, биз билан қавмимиз ўртасида ҳақ билан ҳукм қилгайсан. Ўзинг ҳукм қилувчиларнинг яхшироғидирсан”.

Яъни, биз ёлғиз Аллоҳга таваккул қилдик, ишларимизни У Зотга топширдик. Сизларнинг дўқ-пўписаларингизга Аллоҳ кифоя қилувчидир. Ким Аллоҳга таваккул қилса, У Зот унга кифоя қилади. Ё Аллоҳ, биз билан зулм қилиш пайида турган қавмимиз орасида ҳақ ила ҳукм чиқар! Зеро, Сен ҳақ ила ҳукм чиқарувчиларнинг энг яхшисисан. Сенинг ҳукминг жабру зулмдан холидир.

Мана шу ўринда ўзимиз учун оладиган бир қанча ибратлар бор. Жумладан, Шуайб алайҳиссалом мутакаббир қавм аъзоларига нисбатан ўта одоб билан муомалада бўлди. Уларнинг сўзларига ҳикмат билан жавоб қайтарди. Ортиқча тортишиш ва мужодаладан юз ўгириб, Аллоҳга юзланди ва улар ўртасида ҳақ ила ҳукм қилишни дуо қилиб сўради. Ҳа, бундай қийин вазиятда Шуайб алайҳиссалом фақат Аллоҳга суянди, бошқалардан умид қилмади.

Шуайб алайҳиссаломнинг бундай қатъиятини кўрган кофир қавм уларни ўз динларига қайтаришдан умидларини узишди ва Шуайбга эргашларни қўрқита бошлади. Қуръони карим буни ўз ҳикматли услуби билан қуйидагича баён қилади:

(Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган кимсалар: “Қасамки, агар Шуайбга эргашсанглар, албатта зиён кўрувчи бўласизлар”, дейишди.

Яъни, Шуайб қавмининг ашрофлари унга эргашаётганларга хитобан:

– Сизлар ота-бобонгиз эътиқод қилиб келган диндан юз ўгириб, Шуайбнинг йўлига кириб кетсангиз, моддий бойликлардан қуруқ қоласизлар, ҳолингиз чатоқ бўлади. Чунки у сизларни тарозидан уриб қолишдан қайтаради. Агар бунга кўнсангиз, сувдай оқиб келаётган даромаддан қуруқ қоласиз, – дейишди.

Золим кимсалар нима қилиб бўлса ҳам одамларни Шуайбга итоат этишдан тўсмоқчи бўлдилар. Қавмини ўзлариниг азалий эътиқодларига содиқ қолишга чақирдилар. Улар ўзлари залолатга кетганлари етмаганидек бошқаларни ҳам жаҳолат қаъри томон судрамоқчи бўлдилар.

Шуайб ва у кишига қарши бўлганлар орасида кечган қизғин мужодаланинг оқибати нима билан тугагани қуйидагича зикр қилинади:

“Бас, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар. Шуайбни ёлғончи қилган кимсалар гўё у ерда яшамагандек бўлиб қолдилар. Шуайбни ёлғончи қилган кимсаларнинг ўзлари зиён кўрувчи бўлдилар”.

Кечагина молу давлатига суяниб кўкрак кераётган золимлар қилмишларига яраша жазо олишди. Уларни қаттиқ зилзила тутиб, ер билан битта бўлдилар. Улар орасида қимирлаган жон топилмади.

Улар: “Шуайбга эргашгандар зиён кўради”, деб такрорлашдан чарчамаган эдилар. Уларни ўз динларига қайтаришга жуда кўп уриндилар. Бугун эса ўзлари зиён кўрувчи бўлдилар. Улар фаровон ҳаёт кечириб турган бир паллада устларига бало ёғилди ва олдинги турмуш тарзларидан асар ҳам қолмади. Худди аввал яшамагандек, дунё ҳаёти лаззатидан баҳраманд бўлмагандек бўлиб қолдилар. Шуайбни ёлғончига чиқариб, унинг даъватидан бўйин товлаган кимсалар дунё ва охиратда зиён кўрувчи бўлдилар. Улар айтганларидек, Шуайбга эргашганлар зарар кўрмади, балки уларнинг ўзлари зиён кўрдилар, қилиб юрган гуноҳлари бошларига етди.

Кейин (Шуайб) улардан юз ўгириб, деди: “Эй қавмим, мана, мен Парвардигоримнинг вазифасини сизларга етказдим ва насиҳатлар қилдим. Энди кофир қавмга қандай қайғурай?!”

Қавмнинг исёнкор ашрофлари бошига бало тушиб, буткул ҳалок бўлганларидан кейин Шуайб улардан юз ўгирди ва издошларини огоҳлантириб:

– Эй қавмим, мен сизларга Парвардигоримнинг рисолатини етказдим, ақида масалалирини тушунтирдим, ҳукмларни баён қилдим, ваъз-насиҳат қилдим. Сизларни ислоҳ қилиш йўлида саъй-ҳаракат қилдим. Шундай экан, мен кофир қавмнинг бошига келган фалокатдан маҳзун бўлмайман. Мен уларнинг ҳидоятга келишлари ва азобдан омон қолишлари учун бор кучимни сарфладим. Аммо улар насиҳатни хушламадилар, ҳидоят нуридан залолат зулматини афзал билдилар. Йўқ, мен уларга ачинмайман, улар ҳалокатга йўлиққанлари сабаб қайғурмайман. Чунки ўша золим кимсалар бунга муносиб эдилар.

Ҳуд сурасида Шуайб алайҳиссалом ва қавм ўртасида кечган қизғин баҳс-мунозаранинг бошқа жиҳатлари ҳақида хабар берилган. Аллоҳ таоло айтади:

“Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Ва ўлчов ва тарозидан уринг қолманглар! Мен сизларнинг яхшиликда эканлигингизни кўриб турибман. Ва мен сизларнинг устингизга ўраб олувчи кун – қиёматнинг азоби тушишидан қўрқаман. Эй қавмим, ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортинглар! Одамларнинг нарсаларини уриб қолманглар ва ерда бузғунчилик қилиб санқиб юрманглар! Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳ қолдирган нарса сизлар учун яхшироқдир. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман”. Улар дедилар: “Эй Шуайб, бизлар ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларни тарк қилишимиз кераклигини ёки ўз мол-мулкимизни ўзимиз хоҳлагандек тасарруф қилмаслигимиз кераклигини сенга ўқиётган намозинг буюрмоқдами? Ҳақиқатан, сен жуда кўнгилчан – ҳалим ва рашид кишисан-да!” У айтди: “Эй қавмим, хабар беринг-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У Зот мени Ўз томонидан гўзал ризқ билан ризқлантирган бўлса... Мен сизларга хилоф қилиб, сизларни қайтараётган нарсани ўзим қилишни истамайман. Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман, холос. Ва Ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўламан. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қиламан. Эй қавмим, тағин менга бўйсунмаслигингиз сизларга ҳам Нуҳ қавмига ё Ҳуд қавмига ёки Солиҳ қавмига етган балолар етишига сабаб бўлмасин! Лут қавми ҳам сизлардан йироқ эмасдир. Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнг Унга тавба-тазарруъ қилинглар! Албатта Парвардигорим марҳамат қилувчи ва дўст тутувчидир”. Улар дедилар: “Эй Шуайб, сен айтаётган нарсаларнинг кўпини англаб етмаяпмиз ва сени орамизда ожиз бир кимса эканингни кўриб турибмиз. Агар қавму қариндошларинг бўлмаганида, албатта сени тошбўрон қилган бўлар эдик. Сен бизлар учун мўътабар киши эмассан”. У айтди: “Эй қавмим, менинг қавму қариндошларим сизлар учун Аллоҳдан ҳам азизроқмики, У Зотга орқа ўгириб олдингиз? Шубҳасиз, Парвардигорим қилаётган амалларингизни билиб турувчидир. Эй қавмим, ўзингиз билган ишни қилаверинг, мен ҳам (ўз ишимни) қилувчиман. Яқинда кимга шарманда қиладиган азоб келишини ва ким ёлғончи эканини билиб оласизлар. Кўз тутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутувчиман”. Қачонки Бизнинг фармонимиз келганида, Шуайбга ва у билан бирга имон келтирган кишиларга Ўз раҳматимиз билан нажот бердик. Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё ҳеч қачон яшамагандек, ўз диёрларида тўкилиб қолдилар. Огоҳ бўлингларки, худди Самуд ҳалокатга учрагани каби Мадян қавми ҳам ҳалокатга учради” (Ҳуд сураси, 84-95-оятлар).

Аллоҳ таоло Самуд қабиласига Солиҳ алайҳиссаломни юборгани каби Мадян аҳлига Шуайб алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Шуайб ҳар бир пайғамбар ўз қавмига айтган гапларни Мадян аҳлига айтди:

– Эй қавмим, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинглар. Ҳақиқатан сизлар учун Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Аллоҳ сизларни яратган, У Зот сизларни ризқлантиради ва фақат Унинг ҳузурига қайтиб борасизлар.

Аллоҳга ихлос билан ибодатга даъват қилингач, одамлар ҳақини уриб қолишдан қайтарилди:

– Ва ўлчов ва тарозидан уринг қолманглар!

Ўлчовдан уриб қолиш икки хил бўлади. Биринчиси, агар бирон нарса сотаётган бўлса, харидор ҳақидан уриб қолиш, уларга кам миқдорда тортиб бериш. Иккинчиси, бирон нарса сотиб олаётганда келишилган миқдордан кўпроқ қилиб олиш.

Шуайб алайҳиссалом ана шундан огоҳлантирди:

– Эй қавмим, сизлар олишда ҳам, сотишда ҳам ўзгалар ҳақини уриб қолманглар! Агар нарса сотсангиз харидор ҳақидан камайтирманглар. Агар ўзингиз бирон нарса сотиб олсангиз, ҳақингиздан зиёда қилиб олманглар!

Мана шу икки ишга қуйидаги оятларда ишора қилинган: “(Ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир[1]”.

Шундан сўнг уларга нима сабабдан амру маъруф, наҳий мункар қилинаётгани айтилади:

“Мен сизларнинг яхшиликда эканлигингизни кўриб турибман. Ва мен сизларнинг устингизга ўраб олувчи кун – қиёматнинг азоби тушишидан қўрқаман”.

Яъни, сизлар Аллоҳга холис ибодат қилинглар, ўзаро муомалангизда адолатли бўлинглар! Мен сизлар ўта фаровон ҳаёт кечираётганингизни кўряпман. Бундай кенг ризқ ва тўкин-сочин турмуш эвазига уни сизларга ато қилган Аллоҳга шукр қилишингиз лозим. Бунинг учун сизлар молу давлатингизни фақат Аллоҳ рози бўладиган йўлларда сарфланг ва ҳар бир ҳақдорга ўз ҳақини тўлиқ қилиб беринглар!

Агар сизлар мен буюрган ишларни қилмасдан, қайтариқларга қулоқ солмасангиз, устингизга қаттиқ азоб келишидан қўрқаман. У азобдан биронтангиз ҳам қочиб қутулолмайсизлар.

Шундан сўнг таъкид билан яна бир бор бировлар насибасини ноҳақ ейишдан қайтарди:

“Эй қавмим, ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортинглар! Одамларнинг нарсаларини уриб қолманглар”.

Яъни, муомалада адолатни лозим тутинг. Одамларнинг зиғирча ҳам ҳақига хиёнат қилманглар!

Айтилишича, Мадян қавмида тарози ва ўлчовлардан уриб қолиш авжига чиққан, бу иллат уларнинг қон-қонига сингиб кетганди. Шу сабаб Шуайб алайҳиссалом қавмни такрор ва такрор ўлчовларда адолатли бўлишга чақирмоқда. Шундай қилинса, айтилаётган гап одамлар зеҳнига яхши ўрганашади, бир марта айтилганда тушунилмаган жиҳатлари аниқ бўлади.

“Ва ерда бузғунчилик қилиб санқиб юрманглар!”

Яъни, ер юзида фисқу фасод ишларни қилманглар, Аллоҳ берган ҳисобсиз неъматларга шукр қилиш ўрнига У Зотга осийлик қилманглар! Акс ҳолда, бу неъматлар сизлардан олиб қўйилади!

Шундан сўнг улар ҳаром йўл билан тўплаётган бойликларидан кўра Аллоҳ даргоҳидаги нарса яхшироқ ва боқийроқ экани таъкидланди:

“Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳ қолдирган нарса сизлар учун яхшироқдир. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман”.

Яъни, Аллоҳ сизларга қолдирган ҳалол ризқ, хотиржамлик, яхшилик билан эсланиш, хайр-барака сизлар одамлар ҳақидан уриб қолиб йиғаётган ҳаром давлатингиздан яхшироқдир. Агар адолат ила иш тутсангиз, Аллоҳ сизларга ҳалол ва покиза ризқ ато этади.

Агар мўмин бўлсаларингиз, мен олиб келган нарсаларни тасдиқланг! Аллоҳ ато этадиган ҳалол ризқ сизлар учун яхшироқдир. Зеро, бу фақат мўминларгагина хосдир. Бас, дунё ва охиратда саодатманд бўлиш истагида бўлсангиз, менинг насиҳатларимга қулоқ тутинг, унга ижобат қилинг!

Эй қавмим, мен сизларга қўриқчи эмасман. Сизлар нима амал қилаётганингизни кузатиб, билиб туролмайман. Сизларни ҳисоб қилиш ҳам, унга мукофот ё жазо бериш ҳам менинг ишим эмас. Мен сизларга Парвардигорим буйруқларини етказувчи, сизларни огоҳлантирувчиман, холос. Сизларни кузатиш, ҳисоб қилиш ва муносиб тарзда мукофот ё жазо бериш Аллоҳнинг ишидир.

Муҳтарам ўқувчилар, кўриб турганингиздек, Шуайб алайҳиссалом аввало, қавмининг ақидасини тўғрилаш учун ҳаракат қилди. Кейин уларнинг ижтимоий иллатларини ислоҳ қилиш учун уларни муомалада адолатли бўлишга чақирди. Бу насиҳатларга қулоқ тутиб, уларни амал қилган одамнинг саодат сари одимлаши шубҳасиз. Аммо Мадян қавми бу таъсирчан насиҳатларга беписандлик билан қараб, Шуайбни масхара қилишди, унинг устидан кулиб шундай дейишди:

– Эй Шуайб, бизлар ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларни тарк қилишимиз кераклигини ёки ўз мол-мулкимизни ўзимиз хоҳлагандек тасарруф қилмаслигимиз кераклигини сенга ўқиётган намозинг буюрмоқдами? Ҳақиқатан, сен жуда кўнгилчан – ҳалим ва рашид кишисан-да!

Улар Шуайб алайҳиссалом жон куйдириб қилган насиҳатларини енгил санашди ва:

– Парвардигоринг сенинг зиммангга юклаган ва сен жуда кўп ўқиётган мана шу намозинг бизларнинг ота-бобларимиз сиғиниб келган бутларга ибодат қилишни тарк этишга чақирмоқдами?! Балки бизларни тарозидан уриб қолишдан қайтаришга ундаётган ҳам мана шу намозинг бўлса керак?! Агар ўқиётган намозинг сени шунга чақираётган бўлса, у ҳолда у ботил намоз экан. Унинг зиғирча ҳам қиймати йўқ. Биз буни сенинг мажнунлигингдан ва валдирашингдан бир кўриниш, деб ҳисоблаймиз.

Қавм бошқа ибодатлар орасидан айнан намозни хослашларига сабаб, Шуайб алайҳиссалом кўп намоз ўқир, золим кимсалар унинг намоз ўқиётганини кўрсалар, устидан кулишарди.

Уларнинг “Ҳақиқатан, сен жуда кўнгилчан – ҳалим ва рашид кишисан-да!”деган сўзлари Шуайб алайҳиссалом устидан баттар мазах қилишлари учун айтилган. Гўё улар:

– Эй Шуайб, сен бизларни бутларга сиғиниш ва тарозидан уриб қолмасликка қандай буюрмоқдасан? Зеро, ҳаётимиз мана шу икки муҳим омилга асосланганини биласан-ку! Сен ҳалим, мулойим ва тўғри йўлдан юрувчи одам бўлсанг, у ҳолда бизлар учун фойдали бўлган ишни қилишимизга қўйиб бер, – дейишаётгандек.

Қавм қанча жоҳиллик қилса-да, Шуайб алайҳиссалом метин ирода ва кучли сабр-тоқат билан уларнинг азиятларига бардош берди. Қавмдан содир бўлган бу муомалага эътибор бермади. Чунки уларнинг жоҳилликларини, илмсиз эканларини яхши биларди.

Шуайб қавмига шундай хитоб қилди:

– Эй қавмим, хабар беринг-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У Зот мени Ўз томонидан гўзал ризқ билан ризқлантирган бўлса...

Яъни, менга айтинглар-чи, агар мен Парвардигорим томонидан берилган очиқ-ойдин ҳужжатга эга бўлсам ва Аллоҳ мени ҳалол ризқ билан таъминлаган, менга гўзал ва осуда ҳаёт ато этган бўлса, энди мен сизларнинг ҳойи ҳавасингиз деб Парвардигорим амрига зид иш қилишим тўғри бўладими?! Йўқ, мен таҳдидларингизга парво қилмасдан Парвардигорим менга юклаган вазифани адо этаман, Унинг буйруқларини одамларга етказаман!

“Мен сизларга хилоф қилиб, сизларни қайтараётган нарсани ўзим қилишни истамайман”.

Яъни, сизларни яккаю ягона Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишга, одамлар ҳақидан уриб қолмасликка чақирдим. Энди мен дунёвий манфаат илинжида ўзим айтган гапларга хилоф иш қилишни, бир ишга буюриб туриб, уни қилмасликни, бирон нарсадан қайтариб туриб уни ўзим қилишни истамайман! Зеро, мен айтган сўзи қилган амалига мувофиқ келувчи бир инсонман. Мен ўзимга нимани раво кўрсам, сизларга ҳам шуни раво кўраман!

“Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман, холос”.

Яъни, сизларни нимага буюрган ва қандай ишлардан қайтарган бўлсам, фақат оралангизни ислоҳ қилиш, бахту саодатга эришишингиз учун шундай қилдим. Имконим борича, Аллоҳ қодир қилганича ораларингиз ислоҳ бўлишига ҳаракат қиламан.

Шуайб алайҳиссалом шундай кейин барча ишларини Аллоҳга ҳавола қилади:

– Ва Ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўламан. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қиламан.

Яъни, сизларни яхшиликка буюришим ва ёмонликдан қайтаришим фақат Аллоҳнинг ёрдами ва қўллаб-қувватлаши билан бўлади. Мен фақат Ёлғиз Аллоҳга таваккул қиламан, У Зотга суянаман.

Шуайб алайҳиссалом қавмига насиҳат қилишда давом этиб, аввалги ўтган қавмлар бошига тушган мусибатларни эслатди ва улар каби бўлиб қолишдан огоҳлантирди:

– Эй қавмим, тағин менга бўйсунмаслигингиз сизларга ҳам Нуҳ қавмига ё Ҳуд қавмига ёки Солиҳ қавмига етган балолар етишига сабаб бўлмасин!

Яъни, эй қавмим, менга бўлган адоватингиз, мени ёлғончига чиқаришингиз, исён қилишингиз сизларни худди Нуҳ, Ҳуд ва Солиҳ қавми бошига тушган мусибатларга мубтало қилмасин!

“Лут қавми ҳам сизлардан йироқ эмасдир”.

Агар сизлар Нуҳ қавмининг сувга ғарқ қилинганидан, Ҳуд қавмининг кучли шамол сабабидан ҳалок бўлганидан, Солиҳ алайҳиссалом қавмининг кучли овоз туфайли маҳв этилганидан ўзларингиз учун ибрат олмасангиз, ҳеч бўлмаса, Лут қавми бошига тушган кўргиликдан ибратланинг! Уларнинг ҳовли-жойлари остин-устин бўлиб кетганди. Лут қавми замон ва макон жиҳатидан сизлардан узоқ эмас, ахир.

Шундай сўнг Шуайб алайҳиссалом қавмини Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиш сари ундаб, Аллоҳга тавба-тазарруъ қилишга чақиради:

“Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнг Унга тавба-тазарруъ қилинглар! Албатта Парвардигорим марҳамат қилувчи ва дўст тутувчидир”.

Яъни, сизлар барча қилган гуноҳларингиздан қайтиб, Аллоҳга чин дилдан тавба қилинглар. Зеро, Аллоҳ тавба қилувчи бандаларига меҳрибон ва Ўзига итоат этганларни дўст тутувчидир.

Шундай қилиб Шуайб алайҳиссалом турфа йўллар билан қавмини тўғри йўлга солишга ҳаракат қилди. Баъзида руҳлантириш, баъзида азобдан қўрқитиш орқали ҳақ динга киришларидан умид қилди. Аммо бузғунчиликка муккадан кетган, жаҳолат зулмати қаърига ботган қавм Шуайбнинг насиҳатларига қуйидаги сўзлар билан жавоб қайтаришди:

– Эй Шуайб, сен айтаётган нарсаларнинг кўпини англаб етмаяпмиз.

Яъни, қавм Шуайб айтган гапларни енгил санаб, у айтаётган гапларни инкор қилиш учун:

– Эй Шуайб, айтаётган кўп гапларингни ҳеч тушуна олмаяпмиз. Чунки уни нафсимиз қабул қилмаяпти. Сен бизни Аллоҳга ибодат қилиш ва тарозидан уриб қолмасликка кўп даъват қилдинг. Сенинг даъватингдан зерикдик. Айтган гапларинг қулоғимизга ёқмаяпти. Ақлимиз уни тушунишдан ожиз қолмоқда, – дедилар.

Улар бу билан Шуайб алайҳиссалом гапларини менсимасликка олиб, уни инкор қилиш пайида бўлдилар. Худди бир одам ўзга кишининг гапига эътиборсиз оҳангда: “Гапингга тушунмадим”, деганидек улар ҳам Шуайб алайҳиссалом насиҳатларини эшитишни, тушунишни истамадилар.

“Ва сени орамизда ожиз бир кимса эканингни кўриб турибмиз. Агар қавму қариндошларинг бўлмаганида, албатта сени тошбўрон қилган бўлар эдик. Сен бизлар учун мўътабар киши эмассан”.

Яъни, сенинг куч-қувватинг йўқ, бир ожиз кишисан. Бизга қарши чиқишга мадоринг йўқ сенинг. Хоҳласак сени қишлоғимиздан бадарға қилиб юборамиз. Агар бизнинг динимизга мансуб яқин қариндошларинг бўлмаганида, ўлгунингча тошбўрон қилган бўлардик. Мана шу яқинларинг сабабли сенга омонлик беряпмиз! Эй Шуайб, сен биз учун мукаррам, маҳбуб эмасман. Биз сени ёмон кўрамиз. Бизлар учун сен ожиз бир одамсан, деб таҳқирлади нобакор қавм.

Ана энди Шуайб алайҳиссалом мулойимликдан қаттиққўлликка, лутф кўрсатишдан шиддат ила муомала қилишга ўтди:

– Эй қавмим, менинг қавму қариндошларим сизлар учун Аллоҳдан ҳам азизроқмики, У Зотга орқа ўгириб олдингиз?

Яъни, мени улар сабабидан тошбўрон қилмаяпсизми? Менинг қариндошларим сизлар учун Аллоҳдан кўра азизроқми?! Ваҳоланки, Аллоҳ сизларни яратган, ризқлантираётган, сизларни ўлдирувчи ва қайтар тирилтирувчи Зот-ку?!

Сизлар Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларини куфру исёнингиз сабаб бепарво ташлаб қўйдингиз, унга эътибор бермадингиз!

“Шубҳасиз, Парвардигорим қилаётган амалларингизни билиб турувчидир”.

Яъни, албатта Парвардигорим Ўз илми билан сизлар айтаётган гапларни, қилаётган қабиҳ амалларингизни билиб туради ва шунга қараб сизларга муносиб жазо беради.

Шундай сўнг уларга таҳдид оҳангида шундай дейилди:

– Эй қавмим, ўзингиз билган ишни қилаверинг, мен ҳам (ўз ишимни) қилувчиман. Яқинда кимга шарманда қиладиган азоб келишини ва ким ёлғончи эканини билиб оласизлар. Кўз тутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутувчиман.

Яъни, сизлар менга нисбатан қўлингиздан келган ҳамма ишни қилинг, хоҳлаганингизча қўрқитинг, таҳдид қилинг, буларнинг ҳеч бири менга зарар келтиролмайди. Мен Аллоҳнинг мададига суянсам, сизлар қандай қилиб менга шикаст етказа олардинглар!

Мен сизларнинг бу қилмишларингга жавобан чиройли амал қиламан, одамларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва гўзал хулқ-одоб эгалари бўлишга чақираман.

Хоҳлаган ишингизни қилинг, ихтиёрингиз ўзингизда. Яқин орада орамиздан кимнинг бошига хор қилувчи азоб тушишини, ким ёлғончи эканини билиб оласизлар! Бас, ҳақиқатни инкор қилишингиз оқибати қандай бўлишини кутинглар! Мен ҳам Аллоҳ сизларга қандай ҳукм қилишини кутиб тураман!

Шуайб алайҳиссалом қавми қилаётган ишлари сабабидан не кўйга тушишларини кутиши узоққа чўзилмайди. Улар туғёнда давом этишгач, Аллоҳнинг жазоси уларнинг бошига жуда тез суръатда келди. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:

“Қачонки Бизнинг фармонимиз келганида, Шуайбга ва у билан бирга имон келтирган кишиларга Ўз раҳматимиз билан нажот бердик”.

Яъни, уларни азоблаш ҳақида амримиз келганида, Биз пайғамбаримиз Шуайб ва у билан бирга имонларида содиқ қолган мўминларни қутқардик. Бу Биз тарафимиздан улар учун раҳматдир.

“Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё ҳеч қачон яшамагандек, ўз диёрларида тўкилиб қолдилар”.

Яъни, Шуайб қавмидан золим бўлган кимсаларни кучли қичқириқ тутди ва уларни ҳалок қилди. Золимлар ўз масканларида ҳалок бўлдилар, ҳаракат қилувчи бирон тирик жон қолмади, пичирлаган овоз ҳам эшитилмади.

Шуайб алайҳиссалом қавми бу аянчли ҳалокатдан сўнг илгари ўз юртларида фаровон ҳаёт кечирмагандек, ҳеч ҳам хотиржамликда умргузаронлик қилмагандек бўлиб қолдилар.

“Огоҳ бўлингларки, худди Самуд ҳалокатга учрагани каби Мадян қавми ҳам ҳалокатга учради”.

Яъни, сизлар огоҳ бўлинглар! Илгари Самуд қабиласи қандай ҳалок қилинган бўлса, Мадян аҳли ҳам шундай ҳалок қилинди. Улар Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум этилдилар, лаънатга гирифтор бўлдилар.

Шу зайл Мадян аҳлининг имондан бўйин товлаган мутакаббир кимсаларининг ҳаёт саҳифаси аянчли суратда ёпилди.

Шуаро сурасида Шуайб алайҳиссалом қиссасининг яна бошқа жиҳатлари ҳақида хабар берилган. Аллоҳ таоло айтади:

“Дарахтзор эгалари пайғамбарларини ёлғончи қилдилар. Ўшанда Шуайб уларга айтган эди: “Аллоҳдан қўрқмайсизларми?! Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат оламлар Парвардигори зиммасидадир. Ўлчовни тўла ўлчанглар ва камайтириб (тортувчилардан) бўлманглар! Ва тўғри тарози билан тортинглар! Одамларга нарсаларини камайтириб берманглар ва ер юзида бузғунчилик қилиб санқиб юрманглар! Ҳамда сизларни ҳам, аввал яралган умматларни ҳам яратган Зот – Аллоҳдан қўрқинглар!” Улар дедилар: “Ҳеч шак-шубҳасиз, сен сеҳрланган – ақлдан озган кимсалардандирсан. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамсан. Албатта бизлар сени ёлғончи кимсалардан, деб гумон қиламиз. Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг, устимизга осмондан бир бўлагини ташлаб юбор!” У айтди: “Парвардигорим Ўзи сизларнинг қилаётган амалларингизни жуда яхши билувчидир”. Бас, улар (Шуайбни) ёлғончи қилишгач, уларни “соябон” кунининг азоби билан ушлади. Дарҳақиқат, у улуғ-даҳшатли куннинг азоби эди. Албатта бунда оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари имон келтирувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи Ғолиб, Меҳрибондир” (Шуаро сураси, 176-191-оятлар).

Сурада “дарахтзор” деб айтилаётган минтақа дарахтлар билан тўла жой бўлиб, у Ҳижоз ва Фаластин ўртасида эди. У “Амон” деб аталадиган минтақа бўлса, ажаб эмас.

Ибн Касир айтишича, саҳиҳ қавлга кўра, “дарахтзор эгалари” Мадян аҳлидир. Аллоҳнинг пайғамбари Шуайб уларнинг ўзларидан эди. Аллоҳ бу ерда “биродарлари Шуайб” деб айтмади. Сабаби улар дарахтларга ибодат қилишарди. Шунинг учун “дарахтзор эгалари пайғамбарларни ёлғончи қилдилар” деганида, “уларга биродарлари Шуайб” эмас, балки “уларга Шуайб айтди”, деди. Шу билан улар орасидаги биродарлик кесилди. Гарчи Шуайб насаб жиҳатидан уларга биродар бўлса-да, аммо дин йўлида биродар эмас. Одамлардан баъзилар бу нуқтани яхши тушунмасдан дарахтзор эгалари (Асҳобул айка) Мадян аҳли эмас, деб айтишади. Уларнинг даъвосига кўра, Аллоҳ Шуайб алайҳиссаломни икки хил умматга юборган. Саҳиҳ қавл шуки, улар бир умматдир. Улар ҳар бир мақомда бирон нарса билан васф қилинганлар. Шу сабаб, худди Мадян қиссасида бўлгани каби уларни тарозидан уриб қолмасликка чақирган. Булар бир-бирига жуда ўхшаш[2].

Шуайб алайҳиссалом қавмини Аллоҳга тақво қилишга буюриш, Аллоҳнинг буйруқларини етказиш учун ишончли пайғамбар эканини ва қилаётган насиҳатлари учун фақат Аллоҳдан мукофот умидида эканини таъкидлаш билан даъватини бошлади.

Шундай кейин Мадян аҳли орасида жуда кенг тарқалган ижтимоий иллат ислоҳи йўлида қуйидагиларни айтди:

– Ўлчовни тўла ўлчанглар ва камайтириб (тортувчилардан) бўлманглар! Ва тўғри тарози билан тортинглар! Одамларга нарсаларини камайтириб берманглар ва ер юзида бузғунчилик қилиб санқиб юрманглар! Ҳамда сизларни ҳам, аввал яралган умматларни ҳам яратган Зот – Аллоҳдан қўрқинглар!

Яъни, Шуайб алайҳиссалом қавмига насиҳат қилиб:

– Эй қавмим, ўлчовни тўғри қилинглар! Тарозидан уриш йўли билан одамлар ҳақини еманглар! Ўлчаш ва тарозида тортишда адолатли бўлинглар! Одамларнинг зиғирча ҳам ҳаққидан уриб қолманглар! Ер юзида қотиллик, йўлтўсарлик ва тинч аҳолига ваҳима солиш билан бузғунчилик қилманглар. Эй қавмим, сизларни ва сизлардан олдин ўтган куч-қувват соҳиблари бўлган кимсаларни бир томчи сувдан яратган Аллоҳдан қўрқинглар! Аввалда ўтган Ҳуд ва уларга ўхшаш қавмлар сизлардан куч-қувват ва молу давлатда устун эдилар. Шундай бўлса-да, Аллоҳ уларни куфру исёнлари сабаб ҳалок қилди.

Қавм аъзолари Шуайб алайҳиссалом қалбидан отилиб чиққан насиҳатларни эшитди, аммо ундан таъсирланмадилар. Балки Шуайб алайҳиссаломга тик боқиб: “Ақлдан озгансан, сеҳрлангансан”, деб таъна тошларини отишди. Қуръони карим уларнинг бу бўҳтонларини ва ҳеч нарсадан тап тортмай бошларига азоб туширишни сўраганларини қуйидагича баён қилган:

Улар: “Ҳеч шак-шубҳасиз, сен сеҳрланган – ақлдан озган кимсалардандирсан. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамсан. Албатта бизлар сени ёлғончи кимсалардан, деб гумон қиламиз. Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг, устимизга осмондан бир бўлагини ташлаб юбор!” дедилар.

Мадян аҳли ўзларига бино қўйиб, ғурур ва мақтанчоқлик билан:

– Эй Шуайб, сен сеҳрлангансан. Нима деётганингни билмаяпсан. Сен бизга ўхшаган одамсан, таом ейсан, ичимлик ичасан. Пайғамбарлар каби алоҳида ажралиб турадиган жиҳатинг йўқ сенинг. Шу сабаб, биз сен даъват қилаётган нарсалар ёлғон деб гумон қиляпмиз. Агар даъвоинг рост бўлса, бас, бошимизга осмондан азоб ёғдир-чи! – дедилар.

Улар Шуайб алайҳиссаломни оддий одамлар каби ҳаёт кечиришини рўкач қилишди. Сеҳрланган мажнунсан, деб бўҳтон қилиб, унинг пайғамбарлигини тан олгилари келмади. Улар Шуайбга мана шу икки “иллат”ни хослаб, ўз ҳавойи нафслари истаган нарсада бардавом бўлдилар.

Шуайбни ёлғончига чиқаришлари етмаганидек, яна устиларига азоб туширишини ҳам талаб қилдилар. Худди улар ҳақлар-у, Шуайб пайғамбар ноҳақдек! Ҳа, қалб эшиги ёпиқ қавм аъзолари ўзларини осмонда деб билиб, Шуайбни масхара қилишар, унинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, деб ўйлашарди.

Бироқ, Шуайб алайҳиссалом бундай абадсизликларга қуйидаги сўзи билан муносабат билдирди:

– Парвардигорим Ўзи сизларнинг қилаётган амалларингизни жуда яхши билувчидир.

Яъни, Парвардигорим Аллоҳ сизлар қилаётган ҳар бир амал ва оғзингиздан чиқаётган ҳар бир сўзни билиб туради. Шунга қараб сизларни муносиб тарзда жазолайди.

Шундан сўнг пайғамбарларини хўрлаганлари, унга нисбатан ҳурматсизлик қилганлари сабаб, бошларига не азоблар тушгани баён қилинади:

“Бас, улар (Шуайбни) ёлғончи қилишгач, уларни “соябон” кунининг азоби билан ушлади. Дарҳақиқат, у улуғ-даҳшатли куннинг азоби эди”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло уларнинг устига қаттиқ жазирамани юборди. Бу уларни қаттиқ қийнаб қўйди. Улар уйларининг энг ичкарисига кириб олдилар. Иссиқ ҳаво ўша ергача кириб борди. Улар уйларидан қочиб чиқиб кетдилар. Шунда Аллоҳ таоло Мадян қавми устига қуёш тиғидан тўсиб турувчи бир булутни юборди. Улар ўша булут остида салқинлик ва роҳатни ҳис қилишди. Бир-бирларини чақириб, ҳаммалари булут остига тўпланишди. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг устига олов туширди ва барчалари ҳалок бўлишди[3].

Шундан сўнг Шуайб алайҳиссаломнинг қавми билан бўлган қиссасига якун ясалади:

“Албатта бунда оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари имон келтирувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи Ғолиб, Меҳрибондир”.

Пайғамбарларнинг ҳаммаси бир рисолат билан Аллоҳ таоло томонидан юборилганлар. Улар қавмларини аввало, Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилишга чақириб, мақталган одоб-ахлоқлар билан хулқланишга чақиришган.

Шуайб алайҳиссалом қиссасидан олинадиган бу ибратлар ҳам ҳар бир ақл эгаси учун манфаатлидир.

[1] Мутаффифин сураси, 1-3-оятлар.

[2] “Тафсиру ибни касир”, 6-жуз, 168-бет.

[3] Абд ибн Ҳумайд, Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган.

👉@KITOBXON_VIKTORINA