June 28, 2022

Кредит қарзи ундирилди.

Чуст тумани

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси «Микрокредитбанк» АТБ манфаатида Чуст туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «Sang jo`jalari» хусусий корхонаси ҳисобидан кредит тўловларидан бўлган 15.000.000 сўм муддати ўтган асосий ва 3.847.000 сўм фоиз ҳамда 105.000.000 сўм муддати келмаган қарзи жами 123.847.000 сўмни муддатидан олдин ундиришни, ундирувни «Мухаммад ота набиралари Жавлонбек» фермер хўжалигига тегишли бўлган гаровга қўйиб берилган мулкга қаратишни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, тарафлар ўртасида 2020 йил 15 октябрда №173-сонли кредит шартномаси тузилган бўлиб, мазкур кредит шартномаси шартларига мувофиқ, жавобгарга “Тикув машиналари сотиб олиш” учун 36 ой (шундан кредитнинг асосий қарзига нисбатан 6 ой имтиёзли давр билан) муддатга йиллик 14 фоиз устама тўлаш шарти билан 150.000.000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган. Кредит шартномаси таъминоти сифатида «Мухаммад ота набиралари Жавлонбек» фермер хўжалигига тегишли Поп тумани, Ғурумсарой МФЙда жойлашган “Дала шийпони” бино-иншоотлари гаровга қўйилган ва бу ҳақда 2020 йил 15 октябр куни нотариал тартибда ипотека шартномаси расмийлаштирилган. Кредит шартномасига кўра, қарздор кредит маблағларини шартномада келишилган муддатда қайтариш ва пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олган. Бироқ, кредит шартномаси шартлари жавобгар томонидан лозим даражада бажарилмасдан кредит ва унга ҳисобланган фоизларни тўланмай келинган, хусусан 2022 йил 13 феврал ҳолатига муддати ўтган 15.978.000 сўм асосий ва 1.140.000 сўм фоиз қарздорлигига йўл қўйилган.

Кредит шартномасининг 2.4-бандида «қарз олувчи» томонидан кредит асосий қарзи ёки фоиз тўловлари қайтариш жадвали асосида муддатида тўланмай келиниши “банк”нинг кредит маблағларини, хусусан муддати келмаган қарзини қўшган ҳолда муддатидан олдин ундириб олиш ҳақида судга даъво қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Шу асосда, Чуст туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 20 майдаги ҳал қилув қарорига асосан «Sang jo`jalari» хусусий корхонаси ҳисобидан «Микрокредитбанк» АТБ фойдасига кредит тўловларидан бўлган муддати ўтган 15.978.000 сўм асосий ва 1.140.000 сўм фоиз ҳамда муддати келмаган 85.000.000 сўм жами 102.118.000 сўм ҳамда олдиндан тўланган 21600 сўм почта харажатлари ундирилган ва ундирув 2020 йил 15 октябр куни нотариал тартибда тасдиқланган ипотека шартномасига кўра «Мухаммад ота набиралари Жавлонбек» фермер хўжалигига тегишли Поп тумани, Ғурумсарой МФЙда жойлашган “Дала шийпони” бино-иншоотларига қаратилган. «Sang jo`jalari» хусусий корхонаси ҳисобидан республика бюджетига ишни судда кўриш билан боғлиқ 2.476.940 сўм давлат божи ундирилган.

Чуст туманлараро иқтисодий суди раиси А.Шокиров.