Водий меваларининг янги манзили — Marwin Fruitline
Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида “Marwin fruitline” МЧЖ томонидан Швецария ва Италия технологиялари асосида мевани қайта ишлаш ва қуюлтирилган табиий шарбат ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхона ишга туширилди. Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳам иштирок этиб вилоятда етиштирилаётган сархил мевалар энди ушбу корхонада қайта ишланиши ортидан табиий шарбатларни экспорт қилишга кенг йўл очилганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, вилоятда 50 минг гектардан ортиқ боғ, 10 минг гектар узумзор борлиги янги корхона учун айни муддао эканини айтиб ўтди.
“MARWIN BRANDS” МЧЖ 2007 йилда ташкил топган. Корхона бугунги кунда аҳил жамоа билан биргаликда барча севиб истеъмол қилаётган DENA шарбатини ишлаб чикаради. Корхона махсулотларини 12 давлатга экспорт килади. Хозирги кунда корхонада ёшларимиз учун 230 иш ўрни яратилган.
Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида Швейцария, Италия, Болгариядан махсус ускуналар олиб келиниб меваларни қайта ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. “MARWIN FRUITLINE” МЧЖ ташкил этилиб умумий қиймати 14 млн доллар бўлган янги лойиҳа амалга оширилди. Натижада 120 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Корхонага яқин ҳудуддаги маҳаллалардан ишсиз эркак ва аёллар жалб этилди.
Энди мевалар исроф бўлмайди...
Корхона ишга туширилиши натижасида йилига 50 минг тонна куюлтирилган мева шарбати ишлаб чиқаради. Корхона томонидан йилига 115,2 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва шундан 2,4 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилиши режалаштирилган. Асосий мақсадимиз меваларнинг витамин ва табиийлигини йўқотмаган ҳолда қайта ишлаб чиқариш. Авваллари мевалар чириб ерларда қолиб кетарди. Энди исроф бўлишига йўл қўймаймиз,”дейди “MARWIN BRANDS” МЧЖ директори Дилмурод Разаков.
Витаминларга бой, экологик тоза шарбат
“MARWIN FRUITLINE” корхонаси 2024 йил таъсис этилган. Президентимизнинг 2024 йил август ойида “Қўқон” эркин иқтисодий зонасига 200 гектар ер қўшиб бериш тўғрисидаги қарори чиқарилган эди. Шунга асосан “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг Қувасой филиалидан 5 гектар ер ажратилиб берилди. Бир йил ичида қурилиш ишларини амалга оширдик. Бугун эса корхонанинг очилиш маросимидамиз. Корхонага Швейцария, Италия, Болгариядан олиб келинган жиҳозлар ўрнатилган. Биринчи босқич тўлиқ ишга тушгандан кейин 50 минг тонна мева қабул қилиб қайта ишланади. 8 минг тоннага яқин тайёр маҳсулот – қуюлтирилган олма, анор, олча шарбатлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.
2-босқич ишга тушса, 70-80 минг тонна мева қайта ишланади”, дейди “MARWIN FRUITLINE” МЧЖ лойиҳа менежери Шерзод Курязов.
Тадбир меҳмонларига ўзбекона таом ош тортилганидан сўнг рамзий лента қирқилиб, меҳмонлар корхонадаги ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишдилар. Витаминларга бой, экологик тоза шарбат ишлаб чиқарилишининг гувоҳи бўлишди.