Москвадаги халқаро шахмат турнирида ёш ўзбек шахматчилари муваффақиятли иштирок этишди
2025 йил 25–30 июн кунлари Москва шаҳрида“Шахмат юлдузлари 5.0” номли йирик халқаро тезкор шахмат турнири бўлиб ўтди. Турнирда дунёнинг етакчи гроссмейстерлари ҳамда турли мамлакатлардан келган ёш иқтидорли спортчилар қатнашди. Бу сафар турнир тарихида илк бор Ўзбекистон ёш шахматчилари ҳам иштирок этди.
Ўзбекистондан 6 нафар шахматчи саралаш босқичида муваффақиятли ўтиб, мусобақага йўл олди. Саралаш жараёнини Ўзбекистон шахмат федерацияси ва Халқаро шахмат академияси уюштирди ва ташкилий ёрдамни Тиллар таълимий медиа-платформаси кўрсатди.
Уч нафар ўзбекистонлик спортчи совринли ўринларни эгаллади:
• Бегмуратова Сарвиноз — 3-ўрин
• Нематиллаҳонов Нурмуҳаммад — 3-ўрин
Турнир доирасида тўртта ёш тоифаси бўйича тўрт олтин медал тақдим этилди, ва уларнинг бирини бизнинг ёш истеъдодимиз эгаллади.13 ёшли Билолиддин Обидов мусобақанинг энг ёш ва энг эътиборга лойиқ иштирокчиларидан бири бўлди. У 17 ёшгача бўлганлар тоифасида қатнашиб, кучли рақибларга қарши ишончли ўйин намойиш этди ва биринчи ўринни эгаллади. Ёшига қарамай, Билолиддин мусобақа давомида барқарорлик, аниқлик ва тактика борасида юқори даражадаги тайёргарликни кўрсатди.
Мусобақада 100 дан ортиқ иштирокчи қатнашди, финал баҳслари эса ВДНХ мажмуасида ўтказилди. Ёш шахматчилар нафақат юқори даражадаги рақобатни ҳис этдилар, балки Сергей Карякин ва Хоу Ифан каби машҳур гроссмейстерлар билан бевосита мулоқот қилиш имконига ҳам эга бўлдилар.
Ўзбекистон вакилларининг бу муваффақияти халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мамлакатимиз шахмат мактабининг салоҳиятини намоён этишда муҳим қадам бўлди.