August 27

Central Asian University ва Cleveland Clinic Ўзбекистонда университет клиникасини ташкил этиш бўйича стратегик ҳамкорлик шартномасини имзоладилар

Ҳамкорлик Cleveland Clinic Connected дастури доирасидаги узоқ муддатли стратегик келишув асосида амалга оширилади

Cleveland Clinic ва Central Asian University (CAU) Central Asian University Hospital’ни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик шартномасига имзо чекди. Клиника Тошкентда, университетнинг кенгайтирилган тиббиёт мажмуасида жойлашади. Қурилиш ишлари шу йилнинг ўзида бошланиши мўлжалланган.

Ушбу ҳамкорлик доирасида Central Asian University Hospital Cleveland Clinic Connected дастурининг вақтинчалик иштирокчиси мақомини олди. Клиника раҳбарияти тўлақонли аъзоликни қўлга киритиш учун сифатни баҳолашнинг барча босқичларидан ўтиш ва талабларни бажариш устида иш олиб боради.

Cleveland Clinic АҚШ ва дунёнинг энг нуфузли тиббиёт марказларидан бири ҳисобланади. Узоқ муддатли стратегик келишувга кўра, Cleveland Clinic CAU’ни қуйидаги йўналишларда қўллаб-қувватлайди:

· тиббиёт муассасасини лойиҳалаштириш ва бошқариш;

·   таълим дастурлари ва резидентураларни ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;

·    ҳамширалик иши мактаби ва симуляция марказини ташкил этиш;

·    клиник амалиётлар, маърузалар ва илмий алмашинувларни йўлга қўйиш;

·    шифокорларни танлаш, таъминот занжирини бошқариш ва рақамли ўзгаришларни амалга ошириш;

·    Central Asian University Hospital шифокорлари мураккаб клиник ҳолатлар бўйича таълимий маслаҳатлар олиш имкониятига эга бўлади;

·    клиника мутахассисларининг унумли фаолиятини таъминлаш ҳамда самарали профессионал жамоани шакллантириш.

"Биз Ўзбекистонда тиббий ёрдам сифатини ошириш учун CAU билан ҳамкорликни бошлаганимиздан бенихоя фахрланамиз, – деди Cleveland Clinic ижрочи вице-президенти, халқаро ва ривожланаётган бозорлар бўйича президенти Томмазо Фалконе. – Бизнинг вазифамиз Cleveland Clinic стандартларини бутун дунё бўйлаб беморларга етказишдир. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз юқори сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради”.

Дастлабки босқичда Central Asian University Hospital Cleveland Clinic модели асосида кўп тармоқли йўналишлар, клиник марказлар ва замонавий тиббий ускуналарни қамраб олган ҳолда “нолдан” лойиҳалаштирилади. 120 ўринга мўлжалланган янги клиника йилига 269 минг нафаргача беморга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, Ўзбекистоннинг энг замонавий ва самарали клиник марказларидан бирига айланади.

Cleveland Clinic билан ҳамкорлик Ўзбекистонда тиббиёт ва тиббий таълимнинг келажак моделини шакллантиришда муҳим қадам ҳисобланади, – деди CAU ректори Камран Гуламов. – Биз жаҳон тажрибаси ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг илғор амалиётлардан фойдаланиш имкониятига эга бўламиз, бу эса бўлажак шифокорларга ҳам, беморларга ҳам узоқ муддатли ижобий таъсир кўрсатади”.

Ҳамкорлик билимларни (услублар, протоколлар ва энг яхши амалиётлар) узатишни, шунингдек, самарадорликни ошириш ва беморларга ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш учун ҳам клиник, ҳам маъмурий ходимларни ўқитишни назарда тутади. CAU тиббиёт ва бошқарув жамоалари Cleveland Clinic таълим дастурларидан, жумладан, чуқурлаштирилган амалий тайёргарликдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Клиника раҳбарияти амалиёт ва тажриба алмашиш дастурларида иштирок этади.

Бундан ташқари, CAU беморлари Cleveland Clinic энг яхши амалиётларидан фойдаланади. Зарур ҳолларда улар Cleveland Clinic халқаро клиникаларига йўлланма олишлари мумкин.

Cleveland Clinic Connected дастури соғлиқни сақлаш тизимига ижобий таъсир кўрсатадиган мустақил, сифатга йўналтирилган ташкилотларнинг глобал тармоғини яратишга қаратилган. У бутун дунё бўйлаб клиникалар ва тиббиёт муассасаларига Cleveland Clinic клиник ва операцион мутахассислари билан боғланиш имкониятини беради, тиббий ёрдам сифатини яхшилашга ва бозорда ажралиб туришга кўмаклашади.

Cleveland Clinic ҳақида
Cleveland Clinic – клиник ва шифохона ёрдамини илмий тадқиқотлар ва таълим билан уйғунлаштирган нотижорат кўп тармоқли академик тиббиёт маркази. 1921 йилда Кливлендда (Огайо штати) тўрт нафар шифокор томонидан ҳамкорлик, меҳр-шафқат ва инновация тамойиллари асосида мукаммал соғлиқни сақлаш тизимини яратиш мақсадида ташкил этилган.

Cleveland Clinic бир қатор тиббий ютуқлар, жумладан, аорта-коронар шунтлаш операцияси ва АҚШдаги илк юз кўчириб ўтказиш амалиёти билан танилган. Бугунги кунда Cleveland Clinic тизимида 82 600 дан ортиқ ходим, шу жумладан 5 786 нафар шифокор ва тадқиқотчи ҳамда 140 та тиббиёт йўналиши бўйича 20 700 ҳамшира ва мутахассис фаолият юритмоқда. Тизим 23 та шифохона, 280 та амбулатория маркази ва Cleveland’даги 173 акрлик асосий кампусни ўз ичига олади. Клиника ҳар йили АҚШнинг барча штатлари ва дунёнинг 110 дан ортиқ мамлакатидаги миллионлаб беморларни қабул қилади. Батафсил маълумот: clevelandclinic.org.

Cleveland Clinic Connected ҳақида
Cleveland Clinic Connected бу – иштирокчиларга ўз тиббий муассасаларида ёрдам сифати, хавфсизлиги ва клиник натижаларини яхшилаш учун Cleveland Clinic эксперт билимларидан фойдаланиш имконини берувчи халқаро дастур. Дастур АҚШ ва халқаро бозорлардаги тажрибаларни уйғунлаштиради, бу эса энг яхши амалиётларни мослаштиришга ва маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимларини қўллаб-қувватлашга имконият яратади. Дастур иштирокчилари, шунингдек, Cleveland Clinic’нинг жаҳон миқёсидаги обрўсига асосланган ўқитиш, тажриба алмашиш ва маркетинг кўмаги бўйича ноёб имкониятларга эга бўлади. Батафсил маълумот: Cleveland Clinic Connected.

Central Asian University ҳақида
2019 йилда Ўзбекистонда таъсис этилган Central Asian University (CAU) мамлакатнинг энг тез ривожланаётган хусусий олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университет тиббиёт, стоматология, бизнес, муҳандислик, меҳмондўстлик сохаси ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича халқаро дастурларни таклиф этади. Замонавий кампус, халқаро тажрибага эга ўқитувчилар ва амалий таълимга йўналтирилган ёндашув CAU’ни минтақавий талабалар учун жозибадор танловга айлантирмоқда.

Central Asian University (CAU) Марказий Осиёнинг етакчи саноат ҳолдингларидан бири бўлган AKFA Group таркибига киради. Ҳолдинг 35 000 дан ортиқ ходимни бирлаштиради, 27 мамлакатга маҳсулот экспорт қилади ҳамда қурилиш ва ишлаб чиқариш, электроника, соғлиқни сақлаш ва таълим каби асосий соҳаларда фаолият юритади.

CAU стратегик халқаро ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда ва Германия, Швейцария, АҚШ ҳамда бошқа мамлакатлар университетлари билан қўшма академик ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширмоқда. Фанлараро ёндашув, инновацион таълим модели ва глобал ҳамкорликка устуворлик бериш натижасида университет Марказий Осиёнинг асосий таълим марказларидан бири сифатидаги ўз мавқейини мустаҳкамлаб бормоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида