August 28

ADM Electrics янги ишлаб чиқариш биносида автомобил саноати учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни бошлади

2025 йил 22 август куни Андижон вилоятининг Асака туманида жойлашган ADM Global компаниялар гуруҳига кирувчи “ADM Electrics” МЧЖнинг 100 иш ўринлик янги ишлаб чиқариш биноси расман фойдаланишга топширилди. Ушбу объектда автомобил саноатига мўлжалланган замонавий бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилади.

Тадбирда Асака туман ҳокими Н.Mўминов, Андижон вилояти ҳокимининг вакили И.Умирзақов, шунингдек, ADM Electrics компаниялар гуруҳи бош директори маслаҳатчиси Ш.Ф.Юсупов иштирок этди. Ташриф чоғида улар ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиб, корхона томонидан олиб борилаётган маҳаллийлаштириш ташаббусларига ижобий баҳо берди.

ADM Electrics учун ушбу янги бино бу – оддийгина қурилиш эмас, балки корхонанинг технологик салоҳияти, ишлаб чиқариш ҳажми ва саноатдаги ўрнини мустаҳкамловчи стратегик қадамлардан биридир. Корхона ADM Jizzakh автомобил заводида ишлаб чиқарилаётган Kia Sonet автомобилига бутловчи қисмлар ишлаб чиқармоқда. Шу билан бирга, компания ҳозирда автомобил саноатида кўплаб лойиҳаларни маҳаллийлаштириш устида фаол ишламоқда.

Янги ишлаб чиқариш биносининг очилиши бу жараёнларни жадаллаштириш, маҳсулот сифатини янада ошириш ва маҳаллий автомобил ишлаб чиқарувчиларига яқинроқ хизмат кўрсатиш имконини беради. Бу эса нафақат экспорт-импорт мувозанатини ижобий томонга ўзгартиради, балки юртимиз саноат мустақиллигига ҳам сезиларли ҳисса қўшади.

Янги ишлаб чиқариш қуввати ҳудуддаги ишсизликни камайтириш ва ёшлар бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир доирасида ёшлар, ишсизлар ва тадбиркорлар билан давра суҳбати ўтказилиб, маҳаллий саноатни ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва ишлаб чиқаришдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Реклама ҳуқуқи асосида