August 16

Дубайнинг маданий масканлари бўйлаб саёҳат: тарих, санъат ва илҳом

Дубай — ўзбекистонлик сайёҳлар, айниқса, мазмунли саёҳатни қадрлайдиган оилалар учун катта талабга эга бўлган йўналишлардан бири. Бу ерда денгиз бўйида дам олишни маданий тадбирлар билан бирлаштириш, яъни тарихий мавзелар бўйлаб сайр қилиш, бадавийларнинг анъаналари билан танишиш, музейлар ва арт-масканларга ташриф буюриш, турли мамлакатларнинг таомларини татиб кўриш мумкин. Бу йўналиш Ўзбекистон фуқароларига Дубайни янги томондан кашф қилиш – тарих, санъат ва гастрономия қандай қилиб болалар учун ҳам, катталар учун ҳам қизиқарли бўлган ноёб муҳитни яратишини кўриш имконини беради.

Йўналиш боши: Дубай тарихига назар

Шаҳарнинг маданий мероси билан дастлабки танишувни Ал Фахидий – Дубайнинг қадимий мавзесидан бошланг. Бу ерда XX аср бошининг муҳити сақланиб қолган. Тор кўчалар, маржон тошлардан қурилган уйлар ва анъанавий шамол миноралари сизни осмонўпар биноларгача бўлган даврга олиб ўтади. Бу ерда музейлар, ҳунармандчилик устахоналари ва бадиий галереялар сиз учун мунтазир.

Шу ердан анъанавий абра қайиғида Дубай-Крик кўрфази орқали қисқа, аммо бир умр эсда қоладиган саёҳатга чиқинг. Болалар учун у ҳақиқий саргузаштга айланади, катталар учун эса – шаҳарни ўзгача ракурсдан томоша қилиш имконини беради.

Қарама-қарши қирғоқда Ал-Сиф соҳилбўйи кўчаси жойлашган, бу ерда қадимий меъморчилик замонавий дизайн билан уйғунлашиб кетган. Кўча бўйлаб шунчаки сайр қилиш, қўлда ясалган буюмлар сотиладиган кичик дўкончаларга кириш, шинам қаҳвахоналарда маҳаллий ноз-неъматлардан татиб кўриш ёки денгиз манзарасидан баҳра олиш мумкин.

Ушбу мавзеда Шайх Муҳаммаднинг Маданий ўзаро англашув маркази (SMCCU) алоҳида ўрин тутади. Бу одамлар орасидаги стереотиплар БАА маданияти тўғрисидаги ҳақиқий билимларга алмашадиган макон. Бу ерда меҳмонлар гилам устида ўтириб, миллий таомларни тановул қиладиган, дин, одатлар ва кундалик турмуш ҳақида исталган саволни беришлари мумкин бўлган анъанавий амирлик нонушталари ва кечки овқатлар ташкил қилинади. Гидлар мамлакат тарихи, оиланинг роли, ҳунармандчилик ва меҳмондўстлик ҳақида сўзлаб беришади, ўзаро ишонч муҳити эса бундай учрашувларни янада самимийроқ даражага кўтаради.

Ўтмишдан келажакка: мамлакатнинг интерфаол тарихи

Бирлашган Араб Амирликлари қандай шаклланганини яхшироқ билиб олиш учун Этихад Музейига ташриф буюринг. Бино ўралган қўлёзма шаклида қурилган бўлиб, у амирликларнинг 1971 йилда имзоланган иттифоқини англатади.

Музей ичкарисида сизни бирлашишдан аввалги даврлардан тортиб, мустақиллик ва шиддат билан ривожланиш давригача бўлган мамлакат тарихи бўйлаб қизиқарли саёҳат кутади. Экспозициялар ноёб ҳужжатлар ва фотосуратларни, мультимедиа инсталляцияларни, интерфаол стендлар ва, ҳатто, муҳим музокаралар ўтказилган заллар реконструкциясини ҳам ўз ичига олган.

Этихад Музейи нафақат ўтмишдан сўзлайди, балки қизғин иқтисодий ўсиш шароитларида амирликларнинг маданияти ва қадриятлари қай тарзда сақланиб қолганини ҳам англаш имконини беради.

Замонавий санъат ва креатив маконлар

Alserkal Avenue — мустақил Дубай санъатининг юраги

Ал-Куоз саноат мавзесида бир пайтлар омборхона вазифасини ўтаган қурилмалар ҳозир гавжум замонавий санъат марказига айланган. Alserkal Avenue — уни Яқин Шарқ “Сохо”си деса ҳам бўлади. Унда жаҳон даражасидаги галереялар, арт-резиденциялар, мустақил театрлар, дизайнерлик студиялари, креатив қаҳвахоналар ва лекторийлар жойлашган. Бу ерда кўргазмалар, кинонамойишлар, перформанслар, маърузалар ва маҳорат дарслари ўтказилади.

Баҳорда Alserkal Art Week доирасида 15 дан ортиқ галерея янги экспозицияларни тақдим этади, паблик-токлар ва очиқ студиялар ташкил қилинади, рассомлар эса ўз мухлислари билан норасмий муҳитда учрашиш имконига эга бўлади.

The Third Line, яъни араб дунёси рассомларини тақдим этувчи Яқин Шарқдаги машҳур галереялардан бири, алоҳида эътиборга лойиқ. Cinema Akil кинотеатрида эса артхаус жанридаги фильмларни томоша қилиш ва уларни кинотанқидчилар билан бирга муҳокама қилиш имконияти мавжуд.

XVA Gallery — санъатда аксини топган тарих

Ал Фахидий мавзесининг қоқ юрагида XVA Gallery – анъанавий араб уйида жойлашган замонавий санъат галереяси фаолият кўрсатади. Бу ерда кўргазма заллари, бутик-меҳмонхона, қаҳвахона ва маданий марказ бир-бири билан уйғунлашиб кетган. Сокин ва шинам муҳит кишини сеҳрлайди: жимжит ички ҳовлилар, ёғоч эшиклар, тоқили шифтлар...

Экспозициялар Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Жанубий Осиё мамлакатлари рассомларининг асарларидан ташкил топган бўлиб, уларда санъат орқали ўзлик, урбанизация ва хотира мавзулари ўзгача талқинда берилган. XVA галереяси халқаро арт-ярмаркаларда, шу жумладан Art Dubai тадбирида ҳам фаол иштирок этади ва маҳаллий арт-саҳналар ривожига кўмаклашади.

Jameel Arts Centre — ғоялар макони

Jaddaf Waterfront соҳилбўйи кўчасида ўта замонавий Jameel Arts Centre биноси қад ростлаган. Бу кўплаб кўргазма залларга, ўз кутубхонасига, устахоналари ва ҳайкаллар боғига эга маданият мажмуаси. Бу ерда болалар ва ўсмирлар учун мунтазам равишда интерфаол лойиҳалар фаолият кўрсатади, кўчма кўргазмалар ва замонавий санъат мавзусидаги маърузалар ташкил қилинади.

Глобал маданий муҳит: ҳунармандчиликдан гастрономиягача

Октябрь ойидан Global Village халқаро ярмаркасининг янги мавсуми бошланади, у Дубайнинг энг ёрқин ҳодисаларидан бири. Бу шаҳар ичидаги кичик “шаҳар” бўлиб, ундан ўрин оладиган ўнлаб мамлакатларнинг павильонлари ўз анъаналари, миллий таомлари, рақслари ва ҳунармандчилик намуналарини тақдим этади. Меҳмонлар бир кечанинг ўзида турк ширинликларидан татиб кўришлари, ҳинд рақсларини томоша қилишлари, африка тақинчоқларини харид қилишлари ва Европа қалъалари фонида суратга тушишлари мумкин. Болалар учун аттракционлар ва ўйин зоналари ишлайди, бутун оила учун эса кечки шоулар ва концертлар ташкил қилинади.

Саҳро: ибтидога назар

Саҳро — бу нафақат Амирликларнинг рамзи, балки уларнинг маданиятини тушунишга ёрдам берадиган ўзига хос “калит” ҳамдир. Маҳаллий анъаналар ҳақида тасаввур ҳосил қилишни истасангиз, масалан, Platinum Heritage компанияси билан сафарга чиқинг. Сизни туяларда сайр, янги қайнатилган араб қаҳваси, хаттотлик сабоқлари, бадавийларнинг ҳаёт тарзи ҳақидаги ҳикоялар, анъанавий рақслар ва мусиқа билан бирга юлдузли осмон остида ташкил қилинадиган кечки овқат кутади. Астрономия “дарси” эса унутилмас таассурот қолдириши шубҳасиз, унда сиз асрлар давомида кўчманчилар саҳрода қандай қилиб юлдузларга қараб йўл топганини билиб оласиз.

Бундай формат барча ёшдаги саёҳатчиларга мос келади ва оила аъзоларингиз доим эслаб юрадиган унутилмас хотираларни совға қилади.

Эътиборга молик маданий тадбирлар

Heritage Week — маданий ва тарихий меросга бағишланган фестиваль, унда турли маҳорат дарслари, рақслар, ҳунармандчилик ярмаркалари ва фольклор чиқишлар кўзда тутилган.

ARTE Dubai — муаллифлик буюмлари бозори, унда маҳоратли усталар ўзлари яратган заргарлик буюмлари ва тақинчоқларни, суратларни, тўқимачилик ва сопол буюмларни сотишади.

Кўчма кўргазмалар — музейларда, Alserkal Avenue мавзеси ва Jameel Arts Centre марказида мунтазам равишда маданият, дизайн ва архитектурага бағишланган экспозициялар ташкил қилинади.

Рамазон — махсус тадбирлар, тунги бозорлар ва байрам ифторликлари даври.

Нега айнан ҳозир борган маъқул?
Дубай анъаналар ва замонавийлик ўзаро уйғунлашиб кетган ҳудудни яратган ҳолда, маданий ва оилавий туризмни фаол ривожлантирмоқда. Энди бу шунчаки денгиз соҳилида кечадиган ҳордиқ эмас, балки катталарни ҳам, болаларни ҳам илҳомлантира оладиган тарих, санъат, ҳунармандчилик ва гастрономия оламига саёҳат ҳамдир.

Реклама ҳуқуқи асосида