UCMG Амстердамда бўлиб ўтаётган Money 20/20 Europe халқаро финтех кўргазмасида Ўзбекистон номидан иштирок этади
2025 йилнинг 3-5 июн кунлари Амстердамда молиявий технологиялар соҳасидаги энг йирик Европа форуми — Money 20/20 Europe бўлиб ўтмоқда, унда UCMG компаниялар гуруҳи (UZCARD Management Group) биринчи марта тақдим этилмоқда. Мазкур қадам мамлакатнинг халқаро майдонга чиқиши ва жаҳон молия экотизимидаги роли мустаҳкамланиши рамзидир.
Амстердамдаги стендда UCMG компаниялар гуруҳи ўзини рақамли тўлов ечимлари, Open Banking воситалари, банк хизматлари ва инфратузилма технологияларини ўзида мужассам этган ўзбек финтечнинг марказий платформаси сифатида кўрсатади. UCMG халқаро ҳамкорлар учун кириш нуқтаси бўлиб, Ўзбекистонда хорижий финтеч маҳсулотларини ишга тушириш ва мослаштириш учун қулай экотизимни таклиф этади. Форум иштирокчиларига миллий рақамли иқтисодиётга интеграциялашув учун реал имкониятлар тақдим этилади — тўлов ечимлари ва карта хизматларидан тортиб кенгайтириладиган API’ларгача.
Иштирок этишдан мақсад хорижлик ҳамкасблар ва экспертларга технологик барқарорлик, кенг фойдаланиш имконияти ва банк сектори билан фаол интеграцияга асосланган замонавий тўлов инфратузилмасини яратишга Ўзбекистоннинг ёндашувини намойиш этишдан иборат.
UZCARD процессинг, карталарни чиқариш, эквайринг, банкоматларга хизмат кўрсатиш бўйича ечимларни, шунингдек, QR тўловларидан тортиб бизнес, ёшлар, талабалар ва минтақавий фойдаланувчилар учун ихтисослаштирилган маҳсулотларгача бўлган инновацияларни тақдим этади. Хусусан, Ўзбекистон молия бозори барқарорлигини ва ҳамкор ташкилотлар учун очиқ имкониятларни таъминловчи тўлов тизимининг архитектураси тавсифланган.
Стендда АТТО – Ўзбекистоннинг рақамли транспорт тизимига алоҳида эътибор қаратилган. АТТО шаҳар инфратузилмасида ягона платформадан фойдаланган ҳолда жамоат транспортида тўлов ва бошқарувни автоматлаштиришни кўрсатади. Мақсад транспортни рақамлаштиришнинг муваффақиятли моделини улашиш ва уни самарали урбанизм ва технологик ҳаракатчанликка интилаётган бошқа мамлакатларга таклиф қилишдир.
Стендда халқаро сотувчилар ва потенциал ҳамкорлар иштирокида тақдимотлар, маслаҳатлашувлар ва бизнес музокаралар ўтказилади. Money 20/20 Europe’да иштирок этиш Ўзбекистоннинг иқтисодиётни рақамли трансформациялаш бўйича реал ютуқларини намойиш этиш, глобал ўйинчилар билан тажриба алмашиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имконини беради.
Форум мамлакатнинг халқаро мавқеини оширишда муҳим босқичга айланиб бормоқда ва минтақада замонавий тўлов инфратузилмасини шакллантиришда UZCARD ва бошқа UCMG вакилларининг роли ортиб бораётганини таъкидлайди.