Каттақўрғонда лимончилар учрашуви бўлиб ўтмоқда
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида “Маҳаллий маҳсулот – миллий фахр: лимончилар билан учрашув” тадбири ташкил этилди. Тадбир “Qo‘shxo‘vuz” МЧЖ иссиқхонаси ҳудудида ўтказилиб, унда ҳокимият вакиллари, фермерлар, илмий мутахассислар ва тадбиркорлар иштирок этмоқда.
Учрашув давомида лимончилик соҳасининг бугунги ҳолати, инновацион тажрибалар ва янги лойиҳалар ҳақида сўз юритилди. Каттақўрғон тумани ҳокими Жамшид Насриддинов ўз нутқида ҳудуд иқтисодиётида лимончиликнинг ўрни ва аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
“Turonbank” бошқарув раиси ўринбосари Дилшод Рустамов эса фермерларни молиявий қўллаб-қувватлаш, ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйиш ва тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, “Denov Agrostar” МЧЖ раҳбари лимончилик соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан таништиради. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари эса маҳсулотларни сертификатлаш тартиби ва расмийлаштириш жараёнлари ҳақида тушунтиришлар бермоқда.
Тадбир давомида меҳмонлар иссиқхона ҳудудини кўздан кечириб, амалий тавсияларга ва ўзаро фикр алмашиш имкониятига эга бўлишади.
Мазкур учрашув лимончилик соҳаси вакиллари учун тажриба алмашиш, янги ҳамкорликларни йўлга қўйиш ва келгусидаги режаларни белгилашда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади деган умиддамиз.