March 6

Ўзбекистон рақамли инновациялар марказида: МWC 2025 якунлари

Испаниянинг Барселона шаҳрида АКТ соҳасидаги энг нуфузли тадбирлардан бири — МWC 2025 Бутунжаҳон Мобил конгресси бўлиб ўтмоқда. МWC Барcелона 2025 энг йирик технологик кўргазмасида Huawei компанияси 5G тармоқларини қуриш ҳамда сунъий интеллект асосидаги технологияларни жорий этишда ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилиш учун бутун дунёдан етакчи алоқа операторлари, тармоқ ҳамкорлари ва экспертларни таклиф қиляпти.

Huawei компанияси кўргазма павилони ҳудудида фойдаланувчилар, уй хўжаликлари ва корхоналар учун рақамли инфратузилма ҳамда сервис иловаларидаги инновацияларни намойиш қилиб, “Интеллектуал дунёни жадаллаштириш” концепциясини тақдим этмоқда.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Рақамли технологиялар вазирлиги, Ўзбекистоннинг қуйи ташкилотлари ва алоқа операторлари вакилларидан иборат Huawei кўргазма майдончасига ташриф буюрди. Делегация аъзолари 5G-Advanced ечимлари, сунъий интеллект соҳасидаги илғор ишланмалар, шунингдек, фойдаланувчилар учун янги рақамли хизматлар ҳамда маҳсулотларни яратиш учун бизнес моделларини, инфратузилмани ва сунъий интеллектга асосланган тармоқларни бошқариш имкониятлари билан танишди.

МWC ҳар йили соҳани ривожлантириш учун янги истиқболларни очиб берувчи муҳим босқич эканини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон делегацияси ва Huawei компанияси раҳбарияти вакиллари ўртасида ўзаро учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Шерзод Шерматов ҳамда компаниянинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақаси бўйича президенти Филипп Ган 2024 йилда Ўзбекистонни рақамли ривожлантириш бўйича қўшма фаолият якунларини сарҳисоб қилишди. Шунингдек, мамлакатда рақамли ўзгаришларни жадаллаштириш мақсадида инновацион технологиялар ва ечимларни жорий этиш бўйича режалар белгилаб олинди.

Учрашув якунида Рақамли технологиялар вазирлиги билан турли соҳаларда, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим, молия соҳаларида сунъий интеллектни жадал ривожлантириш ҳамда кенг қўллаш имкониятларини ўрганиш бўйича биргаликда ишлашга, шунингдек, рақамли иқтисодиёт ўсишининг асоси сифатида АКТ инфратузилмасини янада ривожлантириш, мамлакатнинг АКТ истеъдодлари ва рақамли трансформация бўйича раҳбарлар учун таълим ташаббусларини давом эттириш, Ўзбекистонда йирик халқаро тадбирларни ўтказишда ҳамкорлик қилишга қаратилган ўзаро ҳамфикрлик меморандуми имзоланди.

Бундан ташқари, учрашув доирасида UZINFOCOM давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Ягона интегратор ва маҳаллий алоқа операторлари билан меморандумлар имзоланди.

Бутунжаҳон мобил конгресси 2025 йил 3-6 март кунлари Барселонада бўлиб ўтмоқда. Huawei компанияси ўз ечимларини Fira Gran Via кўргазма мажмуасининг биринчи павилонидаги 1Ҳ50 стендида намойиш этмоқда.

Қўшимча маълумот учун: https://carrier.huawei.com/en/events/mwc2025


Реклама ҳуқуқи асосида