March 12

Томорқа – ризқ ва даромад манбаи 

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан “Янгийўл-агростар” компаниясининг томорқачилик мактабида аҳолининг томорқа ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга бағишланган семинар ўтказилди.

Тадбирда иштирок этган ҳоким ёрдамчиларига янги қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва янгиликлар ҳақида ахборот берилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 февралда қабул қилинган “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзагростар холдинг” компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича Кенгашнинг мақсад-вазифалари ва “Ўзагростар холдинг” компаниясининг жорий фаолияти ҳақида тақдимотлар ўтказилди.

Шунингдек, семинарда аҳоли орасида банк маҳсулотларининг тарғиботини олиб бориш, маҳаллалардаги қўшимча имкониятларни аниқлаш ва фуқароларнинг томорқадан самарали фойдаланишига доир ишларни ташкил этиш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Таъкидлаш лозимки, “Бизнесни ривожлантириш банки” маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда томорқаларда юқори даромадли маҳсулотлар етиштиришни молиявий қўллаб-қувватламоқда. Банк томонидан яқинда йўлга қўйилган “Маҳалла банкирлари” бу йўналишда фаол иш олиб бормоқда.

Банк ва “Ўзагростар холдинг” компаниясининг ҳамкорликдаги лойиҳалари томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини замонавий асосларда янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Реклама ҳуқуқи асосида