July 17

Uzcard ва Elcard Ўзбекистон ва Қирғизистонни трансчегаравий пул ўтказмалари хизмати билан боғлади

Ўзбекистоннинг Uzcard ва Қирғизистоннинг Elcard тўлов тизимлари ўз карталари ўртасида пул ўтказмаларини йўлга қўйди. Хизматдан ҳозирча икки давлатдаги биттадан иловада фойдаланиш мумкин.

Ўзбекистоннинг Uzcard (“Ягона умумреспублика процессинг маркази” АЖ) ва Қирғизистоннинг Elcard (“Банклараро процессинг маркази” АЖ) тўлов тизимлари ўз карталари ўртасида пул ўтказмаларини йўлга қўйди.

Uzcard хабарига кўра, янги хизмат икки оператор ўртасидаги ҳамкорлик натижаси бўлиб, чегарадош давлатлар фуқаролари учун молиявий алоқаларни мустаҳкамлаш ва қулайликни оширишга қаратилган.

Фойдаланувчилар эндиликда Uzcard картасидан Elcard картасига ва аксинча йўналишда пул ўтказиши мумкин. Қайд этилишича, трансчегаравий операцияларда “қулай валюта курси” таклиф этилади.

Ўзбекистонда дастлабки босқичда бу хизматдан Unired (Универсалбанк) иловаси орқали фойдаланиш мумкин. Келгусида Ўзбекистондаги бошқа тижорат банклари ҳам уланиши режалаштирилган. Қирғизистонда эса хизмат Elcard Mobile иловасида мавжуд.

Uzcard'ни бошқарувчи UCMG компаниясининг тижорат директори Олимжон Зокиров трансчегаравий ўтказмалар ишга туширилишини “минтақавий тўлов ҳамкорлигини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам” деб атади.

“Elcard билан ҳамкорликда икки давлат фуқаролари учун кундалик молиявий операцияларни янада оддий, қулай ва ишончли қиладиган инфратузилмани барпо этмоқдамиз”, – деди Зокиров.

“Банклараро процессинг маркази” АЖ (Elcard) раиси Туратбеков Олтимиш бугунги кунда давлатлар, қариндошларни бирлаштирадиган ечимлар ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини айтди.

“Elcard ва Uzcard карталари ўртасидаги янги пул ўтказмалари хизмати очиқлик ва қулайлик сари ташланган навбатдаги қадамдир. Ишончимиз комилки, мазкур хизмат меҳнат қилувчи мигрантлар ҳамда икки давлат чегарасидаги яқинларига ёрдам кўрсатадиган фуқаролар учун фойдали бўлади”, – деди у.

Маълумот учун, ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган “Uzcard Форум” доирасида икки томон ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.