January 5, 2019

Намоз

Олдин ибодат нималигини билиб олайлик. «Ибодат» сўзи «тоат», «итоат қилиш» ва «Парвардигорни улуғлаш» маъноларини ўзида жамлаган. Шариатда бажарилгани учун савоб бериладиган ва ниятга боғлиқ бўлган амал «ибодат» дейилади. Аллоҳ таоло амр-фармонлари ва Унинг Пайғамбари кўрсатмаларини бажариш, Парвардигор розилигини топиш ва Унга бандаликни адо этиш учун буюрилган намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж қилиш, дуо ва зикрлар айтиш, яхшилик ва эҳсонлар қилиш каби тоат ва амаллар ибодатдир.

Ибодатларнинг энг асосийси, энг улуғи, энг аҳамиятлиси намоздир. Намоз арабчада «солат» дейилади, луғатда «яхшиликка дуо» деган маънони англатади. Шариатда эса талаб қилинган шартлар асосида такбир билан бошланиб, салом бериш билан тугайдиган ибодат «намоз» дейилади.

Намоз Исро кечасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижра��ларидан (Ясриб, яъни Мадина шаҳрига кўчишларидан) бир ярим йил олдин фарз бўлган. Беш вақт (бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон) намознинг фарзлиги Қуръон, суннат, ижмоъ билан собит (жорий) бўлган.

Намоз балоғатга етган ҳар бир мусулмонга фарз (мажбурий)дир. Намознинг фарзлигини инкор қилган киши кофир бўлади. Намоз – Ислом динининг иккинчи рукни, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз саналади. Намозни масжидларда жамоат билан ўқишнинг алоҳида фазилати ва афзаллиги бор.

У мусулмон банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари кўп. Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир. Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, унга муножот қилади. Шу ибодат ёрдамида руҳий, маънавий лаззат олади. Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Шу намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.

Иккинчидан, намоз ютуқ ва нажот йўлидир. Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўли бўлиб, у доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради. Намоз инсонни Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди, бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади ва ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади.

Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳаётга теранроқ назар солишни ўрганади. У кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади. Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли бўлиш, сабр каби кўплаб шахсий ва юксак инсоний фазилатларга эга бўлади.

Намоз инсоннинг кундалик ҳаёти учун ҳар томонлама зарур амал экани илмий равишда ҳам исботланмоқда. Намоз ўзининг сон-саноқсиз фойдалари билан инсон ҳаётини ҳамма соҳаларда тартибга солиб турувчи восита экани тобора аён бўлмоқда. Ҳозирги кунда илмий йўл билан ҳаёт кечириш услубини излаган моддий тараққий этган юртлар аҳолисининг кўпчилиги намоз туфайли Исломга кирмоқда. Кишининг ҳар тарафлама поклигини, соғлигини таъминловчи, уни Аллоҳ билан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан, мўмин биродарлари билан доимий алоқада ушлаб турувчи намознинг аҳамиятини энди ким ҳам инкор қила олади?

Ислом динида намоздан муҳимроқ, ундан улуғроқ ва аҳамиятлироқ бошқа ибодат йўқ. Қуръони Каримнинг жуда кўп ўринларида инсонлар намоз ўқишга тарғиб қилинган, намоз мусулмонликнинг асосий белгиларидан, Исломнинг муҳим рукнларидан экани зикр этилган. Қуръони Каримнинг олтмиш беш оятида намоз киши иймонининг далили экани зикр этилиб, мўминлар намозни тўкис адо этишга, намозларини муҳофаза қилишга буюрилган. Қолаверса, намоз поклик рамзи. Намозхон одамнинг энг аввало, қалби пок бўлади. Унинг наинки қалби, бадани, кийим-боши ва макони ҳам пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда ҳеч кимга сир эмас.

Намоз мўминга нажот ва паноҳдир, дардига малҳамдир. Саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича, қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларига бирор ташвишли иш тушса, кечада кучли шамол бўлса, қуёш ёки ой тутилса, бирор ҳодиса юз берса, бошпаналари масжид, ибодатлари намоз бўлиб қоларди.

Намоз руҳ озуқаси, қалб жароҳатининг шифоси, нафснинг жиловидир. Намоз қийналганларга ёрдам, хавфдагиларга омонлик, заифларга қувват, қуролсизларга қалқондир. Намоз иймоннинг аломати, қабрни пурнур этувчи зиё, охиратда дўзахдан паноҳ бўлувчи, бандани ёмонлик, гуноҳлардан қайтарувчи энг яхши даводир. Чунки дунё ҳаётида намоздан жиддийроқ, муҳимроқ бир иш, бирор вазифа йўқдир. Намоз Аллоҳга бандалик қилишнинг, Унга ишонишнинг эътирофидир. Аллоҳни севишнинг, Уни эҳтиром қилишнинг ифодасидир. Намоз кибр ва нафс чопонини отиб, қуллик либосини кийиш кайфиятидир. Мусулмонни ғайримуслимдан айирадиган энг катта аломатдир. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг тарк этилишига изн берилмаган.

Намознинг бошқа фойдалари

Намознинг Исломда иймондан кейинги фарз, энг улуғ ибодат эканини ҳар бир мусулмон яхши билади. Мусулмон киши намозни Аллоҳ таолонинг амри бўлгани учун ўқийди. Роббимизнинг ҳар бир амрида эса бениҳоят ҳикмат ва фойдалар, ҳар бир тақиқида эса кўплаб зарару зиёнлар бор. Ушбу фойда ва зарарларнинг аксарият қисми бугунги кунда тиббиёт мутахассислари томонидан тасдиқланиб келмоқда.

Ислом дини саломатликка энг юксак аҳамият берган диндир. Шу боис бўлса керак, динимиз ибодатларнинг энг устуни бўлмиш намозни умримизнинг сўнгига қадар ўқишимизни буюрган. Намоз ўқиган одам бу гўзал ибодат учун охиратда оладиган ажр-мукофотларига қўшимча равишда дунё ҳаётининг ўзида унинг саломатликка оид манфаатларига ҳам албатта эришади. Намознинг инсон саломатлигига келтирадиган фойдаларидан баъзиларини санаб ўтайлик:

1. Намозда бажариладиган ҳаракатлар енгил, осон бўлгани учун юракка зўр келмайди (толиқтирмайди) ва куннинг маълум бир вақтларида бажарилгани учун инсонни доимо тетик тутади.

2. Бир кунда бошини саксон марта ерга қўйган инсоннинг миясига мунтазам равишда кўп миқдорда қон оқиб келади. Мия ҳужайраларининг қон билан яхши тўйиниши туфайли намоз ўқийдиган одамларда хотира сустлиги ва склероз камроқ учрайди. Бундай кишиларнинг турмуш тарзи соғлом бўлади.

Даставвал рукуъда тананинг тенг ярмигача эгилган бош мияга қон келиши жонланади. Шу ҳолатда бироз турган киши саждадан аввал ростланиб олади. Бу бош мияни қон билан таъминловчи томирларни эндиги бўладиган кучли қон оқимига тайёрлайди. Энди намозхон эгилиб, тиззаларига чўккалаб, сўнг бошини саждага қўяди. Натижада қон босими баланд бўлган кишилар учун ортиқча зўриқиш ҳосил бўлмайди. Сажда ҳолатида бош мияга катта миқдорда қон оқиб кела бошлайди. Шу ҳолатда бироз тургач, инсон дарров туриб кетмай, аввал бироз ўтириб олади. Бундай ҳолатда бирдан туриб кетиш қон босими паст бўлган одам учун нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин. Энди намозхон иккинчи марта саждага бош қўяди. Бош мияни қон билан таъминловчи томирлар иккинчи марта тўлиқ қувват билан ишлайди. Шундан кейингина намозхон ўрнидан туриб, қад ростлайди. Мана шу ҳаракатлар натижасида пайдар-пай катта миқдордаги қонни узатиб турган томирлар эгилувчан, таранг бўлади. Бундай «машқ»ларни йиллар давомида ҳар куни, муайян вақтларда бажариб турган томирлар чиниқиб, эластик ҳолатда бўлади, ичида тиқинлар ҳосил бўлмайди.

Шу ерда «Намоз ўқийдиган одамларда ҳам қон босими, айниқса, бош чаноғининг ички босими учраб туради-ку», деган ҳақли савол туғилиши табиий. Албатта, ҳар қандай дардни Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Бироқ, бундай дардлар ёшлигидан намоз ўқиб келаётган, саждада узоқроқ турадиган намозхонларда камроқ учраши ўз-ўзидан маълум. Бунинг устига, таҳорат пайтида бўйинга масҳ тортилганда ҳам бўйин мушакларида қон юриши тезлашади, намоз сўнггидаги икки томонга салом бериш пайтида эса бўйин томирлари умуртқа поғонасининг бўртиқлари томонидан бироз «уқалаб» турилади.

Намознинг қон айланиш тизимига кўрсатадиган ижобий таъсирларидан яна бири ташаҳҳуд ўқилаётган ҳолатда кузатилади. Ҳозирги замон тиббиётининг аниқлашича, ташаҳҳуд ҳолатида ўтирган ҳолда сон артерияларининг бироз сиқилиб, кейин бўшатилиши натижасида ички органлар, биринчи навбатда юрак ва мия қон билан қўшимча таъминланар экан. Маълум бўлишича, оддий ҳолатда организмдаги қон ташувчи капиллярларнинг (майда қон томирлари) 30 фоизигина очиқ турар, сон артерияси бир сиқиб, қўйиб юборилганда эса бу кўрсаткич икки баравар ортар экан. Демак, шу ҳолатдан сўнг ички аъзоларга икки марта кўпроқ қон етказиб берилар экан.

3. Намоз ўқийдиган кишининг боши мунтазам эгилиб‑кўтарилиб туриши сабабли унинг кўзларида қон айланиши яхшиланади. Шунинг учун кўзнинг ички босими ошмайди, шоҳпарда (кўз мугузи) доим мўътадил намланиб туради. Бу эса катаракта касаллигининг олдини олувчи муҳим омилдир.

4. Намоздаги изометрик ҳаракатлар ошқозондаги озуқанинг яхшилаб аралашишига ва унинг яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради, сафронинг (ўт суюқлигининг) ўт пуфагида тўпланиб қолмай, бир меъёрда ажралиб чиқишига, ошқозон ости безининг равон ишлашига имкон бериб, қабзиятнинг (ич қотишининг) олдини олади. Намоздаги кундалик мунтазам ҳаракатлар натижасида буйрак, пешоб йўллари, қовуқ ва тўғри ичакнинг доимий чайқалиши, ҳолатининг ўзгариб туриши натижасида бўшанишнинг бир меъёрда бўлиши таъминланади ва бу аъзоларда тош ҳосил бўлишининг олди олинади.

5. Бир кеча-кундузда камида беш маҳал бажариладиган бир меъёрдаги тана ҳаракатлари бўғимлар, мушаклар ва томирларни жонлантириб, артроз (артрит), остеохондроз каби касалликларнинг, хусусан, бўғимларда туз тўпланишининг олдини олади, жисмоний меҳнат билан шуғулланмайдиган одамларда томирларда тиқин пайдо бўлишига тўсқинлик қилади.

6. Вужуднинг саломатлиги тананинг тозалигига боғлиқдир. Намоз учун шарт бўлган таҳорат ва ғусл покликнинг айни ўзидир. Бинобарин, намоз ҳам моддий, ҳам маънавий покликдир. Баданни ҳам, руҳни ҳам покламай туриб намоз ўқиб бўлмайди. Натижада намознинг барча шартларини адо этган киши руҳан пок, жисман тетик бўлади.

7. Профилактик тиббиётда жисмоний ҳаракатларни куннинг муайян пайтида бажариш, овқатланиш, уйқу ва дам олишни ҳам аниқ режим асосида йўлга қўйиш ўта муҳимдир. Намоз вақтлари организмда қон айланиши ва нафас олишни жонлантириш учун энг қулай ва мақбул пайтлардир.

8. Намоз уйқуни тартибга солишнинг энг мукаммал низомидир. Мутахассислар ўтказган тадқиқотларнинг натижасига кўра, намоз ёрдамида танада тўпланиб қоладиган статик электр заряддан ҳам халос бўлиш мумкин экан. Танамиздаги бундай заряд сажда пайтида ерга ёки таҳорат пайтида сувга ёхуд таяммум пайтида тупроққа текканимизда ерга узатилар экан. Намоздан сўнг тетиклашиб, ўзимизни бардам сезишимизнинг сабаби қисман мана шу ҳикматга ҳам боғлиқ экан. Намознинг бундай манфаатларидан тўлиқ фойдаланиш учун уни вақтида адо этиш билан бирга покликка, тўғри ва меъёрда овқатланишга, парҳезга, ейдиган озуқамизнинг покиза ва ҳалол бўлишига ҳам ғоятда эътиборли бўлишимиз лозим.

Мусулмон кишининг иймонни озиқлантириб, куч бериб, янгилаб турадиган нарса намоздир, ибодатдир. Уларсиз иймон қалбнинг бир четида қаровсиз қолиб сўнади, маъносиз, сохта, тақлидий бир нарсага айланади. Ана шундай «иймони»га ишониб, «қалбим пок» дея намозини тарк этганлар қуриб қолган чўпни гул деб кўтариб юрган кимсага ўхшаб қоладилар. Иймонимизни ибодат билан безаб, фоний дунёдаги умримизни Аллоҳга қулликда, итоатда, ибодатда ўтказиш фурсати аллақачон етган. Шундай бўлгач, Аллоҳдан тавфиқ сўраб, барчаларингизни энг улуғ ибодат бўлмиш намоз ўқишни ўрганишга, уни мукаммал адо этиш учун интилишга чорлаймиз...

Энг олдин Исломда бажариладиган амалларнинг ҳукмлари билан танишиб чиқайлик.