January 7, 2019

Умидвор бўлинган ҳадяда барака йўқ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳадисларда бир киши кимдандир ҳадя умид қилса, унга мунтазир бўлса, ундай ҳадяда барака бўлмаслиги айтилган. Шунингдек, агар Аллоҳ таоло бирор бандасининг қалбига муҳаббат солиб ҳадя берса, олувчи ундан кутмаган бўлса, бундай ҳадяда барака бўлиши ҳам айтилган.

Бир улуғ зотнинг воқеаси

Аллоҳнинг дўстларидан бўлган бир дарвеш бўлган экан. Одатда Аллоҳ таоло Ўзининг дўстларини қаттиқ имтиҳон қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Имтиҳоннинг энг қаттиғи пайғамбарларга, сўнг уларга яқинларга бўлади» деганлар. Бу дарвешга ҳам Аллоҳ таолонинг имтиҳони бўлиб, йўқчилик бошига тушибди. Ваъз қилиш мобайнида ҳоли ночор, овози паст эканини кўрган шогирдларидан бири ҳолатни тушуниб, мажлисдан туриб кетибди. Мажлистугагач, ҳалиги шогирди қўлида таом кўтариб келибди. Дарвеш таомни кўриб бир оз ўйланиб қолибди ва «Қайтариб олиб кетавер, қабул қилмайман», дебди. Муридшайх комил инсон, қабул қилмаслиги беҳикмат эмас, такаллуф ҳам эмас, деб ўйлаб таомни қайтариб олиб кетибди. Бир оз муддат ўтгач яна қайтариб олиб келибди ва бу сафар шайх таомни қабул қилиб, тановул қилибди.

Шунда шайх шогирди ҳайрон бўлиб турганини сезиб «Сен ҳолимни кўриб, туриб кетганингда нега турганингни билдим ва таом келтиришингга умидвор бўлдим. Таомни келтирганингда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Умидвор бўлинган ҳадяда барака йўқ», деган ҳадисларини ўйлаб уни рад қилдим. Сен қайтиб кетгач ўша умидим узилди. Кейинги олиб келганингда ўша умид бўлмаганлиги учун уни қабул қилдим. Агар тама, умидворлик, риёлардан бири бўлса, ҳадянинг баракасини ўчиради», деган экан.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан