January 5, 2019

Намоз

Олдин ибодат нималигини билиб олайлик. «Ибодат» сўзи «тоат», «итоат қилиш» ва «Парвардигорни улуғлаш» маъноларини ўзида жамлаган. Шариатда бажарилгани учун савоб бериладиган ва ниятга боғлиқ бўлган амал «ибодат» дейилади. Аллоҳ таоло амр-фармонлари ва Унинг Пайғамбари кўрсатмаларини бажариш, Парвардигор розилигини топиш ва Унга бандаликни адо этиш учун буюрилган намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж қилиш, дуо ва зикрлар айтиш, яхшилик ва эҳсонлар қилиш каби тоат ва амаллар ибодатдир.

Ибодатларнинг энг асосийси, энг улуғи, энг аҳамиятлиси намоздир. Намоз арабчада «солат» дейилади, луғатда «яхшиликка дуо» деган маънони англатади. Шариатда эса талаб қилинган шартлар асосида такбир билан бошланиб, салом бериш билан тугайдиган ибодат «намоз» дейилади.

Намоз Исро кечасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларидан (Ясриб, яъни Мадина шаҳрига кўчишларидан) бир ярим йил олдин фарз бўлган. Беш вақт (бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон) намознинг фарзлиги Қуръон, суннат, ижмоъ билан собит (жорий) бўлган.

Намоз балоғатга етган ҳар бир мусулмонга фарз (мажбурий)дир. Намознинг фарзлигини инкор қилган киши кофир бўлади. Намоз – Ислом динининг иккинчи рукни, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз саналади. Намозни масжидларда жамоат билан ўқишнинг алоҳида фазилати ва афзаллиги бор.

У мусулмон банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари кўп. Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир. Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, унга муножот қилади. Шу ибодат ёрдамида руҳий, маънавий лаззат олади. Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Шу намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.

Иккинчидан, намоз ютуқ ва нажот йўлидир. Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўли бўлиб, у доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради. Намоз инсонни Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди, бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади ва ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади.

Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳаётга теранроқ назар солишни ўрганади. У кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади. Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли бўлиш, сабр каби кўплаб шахсий ва юксак инсоний фазилатларга эга бўлади.

Намоз инсоннинг кундалик ҳаёти учун ҳар томонлама зарур амал экани илмий равишда ҳам исботланмоқда. Намоз ўзининг сон-саноқсиз фойдалари билан инсон ҳаётини ҳамма соҳаларда тартибга солиб турувчи восита экани тобора аён бўлмоқда. Ҳозирги кунда илмий йўл билан ҳаёт кечириш услубини излаган моддий тараққий этган юртлар аҳолисининг кўпчилиги намоз туфайли Исломга кирмоқда. Кишининг ҳар тарафлама поклигини, соғлигини таъминловчи, уни Аллоҳ билан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан, мўмин биродарлари билан доимий алоқада ушлаб турувчи намознинг аҳамиятини энди ким ҳам инкор қила олади?

Ислом динида намоздан муҳимроқ, ундан улуғроқ ва аҳамиятлироқ бошқа ибодат йўқ. Қуръони Каримнинг жуда кўп ўринларида инсонлар намоз ўқишга тарғиб қилинган, намоз мусулмонликнинг асосий белгиларидан, Исломнинг муҳим рукнларидан экани зикр этилган. Қуръони Каримнинг олтмиш беш оятида намоз киши иймонининг далили экани зикр этилиб, мўминлар намозни тўкис адо этишга, намозларини муҳофаза қилишга буюрилган. Қолаверса, намоз поклик рамзи. Намозхон одамнинг энг аввало, қалби пок бўлади. Унинг наинки қалби, бадани, кийим-боши ва макони ҳам пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда ҳеч кимга сир эмас.

Намоз мўминга нажот ва паноҳдир, дардига малҳамдир. Саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича, қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларига бирор ташвишли иш тушса, кечада кучли шамол бўлса, қуёш ёки ой тутилса, бирор ҳодиса юз берса, бошпаналари масжид, ибодатлари намоз бўлиб қоларди.

Намоз руҳ озуқаси, қалб жароҳатининг шифоси, нафснинг жиловидир. Намоз қийналганларга ёрдам, хавфдагиларга омонлик, заифларга қувват, қуролсизларга қалқондир. Намоз иймоннинг аломати, қабрни пурнур этувчи зиё, охиратда дўзахдан паноҳ бўлувчи, бандани ёмонлик, гуноҳлардан қайтарувчи энг яхши даводир. Чунки дунё ҳаётида намоздан жиддийроқ, муҳимроқ бир иш, бирор вазифа йўқдир. Намоз Аллоҳга бандалик қилишнинг, Унга ишонишнинг эътирофидир. Аллоҳни севишнинг, Уни эҳтиром қилишнинг ифодасидир. Намоз кибр ва нафс чопонини отиб, қуллик либосини кийиш кайфиятидир. Мусулмонни ғайримуслимдан айирадиган энг катта аломатдир. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг тарк этилишига изн берилмаган.

Намознинг бошқа фойдалари

Намознинг Исломда иймондан кейинги фарз, энг улуғ ибодат эканини ҳар бир мусулмон яхши билади. Мусулмон киши намозни Аллоҳ таолонинг амри бўлгани учун ўқийди. Роббимизнинг ҳар бир амрида эса бениҳоят ҳикмат ва фойдалар, ҳар бир тақиқида эса кўплаб зарару зиёнлар бор. Ушбу фойда ва зарарларнинг аксарият қисми бугунги кунда тиббиёт мутахассислари томонидан тасдиқланиб келмоқда.

Ислом дини саломатликка энг юксак аҳамият берган диндир. Шу боис бўлса керак, динимиз ибодатларнинг энг устуни бўлмиш намозни умримизнинг сўнгига қадар ўқишимизни буюрган. Намоз ўқиган одам бу гўзал ибодат учун охиратда оладиган ажр-мукофотларига қўшимча равишда дунё ҳаётининг ўзида унинг саломатликка оид манфаатларига ҳам албатта эришади. Намознинг инсон саломатлигига келтирадиган фойдаларидан баъзиларини санаб ўтайлик:

1. Намозда бажариладиган ҳаракатлар енгил, осон бўлгани учун юракка зўр келмайди (толиқтирмайди) ва куннинг маълум бир вақтларида бажарилгани учун инсонни доимо тетик тутади.

2. Бир кунда бошини саксон марта ерга қўйган инсоннинг миясига мунтазам равишда кўп миқдорда қон оқиб келади. Мия ҳужайраларининг қон билан яхши тўйиниши туфайли намоз ўқийдиган одамларда хотира сустлиги ва склероз камроқ учрайди. Бундай кишиларнинг турмуш тарзи соғлом бўлади.

Даставвал рукуъда тананинг тенг ярмигача эгилган бош мияга қон келиши жонланади. Шу ҳолатда бироз турган киши саждадан аввал ростланиб олади. Бу бош мияни қон билан таъминловчи томирларни эндиги бўладиган кучли қон оқимига тайёрлайди. Энди намозхон эгилиб, тиззаларига чўккалаб, сўнг бошини саждага қўяди. Натижада қон босими баланд бўлган кишилар учун ортиқча зўриқиш ҳосил бўлмайди. Сажда ҳолатида бош мияга катта миқдорда қон оқиб кела бошлайди. Шу ҳолатда бироз тургач, инсон дарров туриб кетмай, аввал бироз ўтириб олади. Бундай ҳолатда бирдан туриб кетиш қон босими паст бўлган одам учун нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин. Энди намозхон иккинчи марта саждага бош қўяди. Бош мияни қон билан таъминловчи томирлар иккинчи марта тўлиқ қувват билан ишлайди. Шундан кейингина намозхон ўрнидан туриб, қад ростлайди. Мана шу ҳаракатлар натижасида пайдар-пай катта миқдордаги қонни узатиб турган томирлар эгилувчан, таранг бўлади. Бундай «машқ»ларни йиллар давомида ҳар куни, муайян вақтларда бажариб турган томирлар чиниқиб, эластик ҳолатда бўлади, ичида тиқинлар ҳосил бўлмайди.

Шу ерда «Намоз ўқийдиган одамларда ҳам қон босими, айниқса, бош чаноғининг ички босими учраб туради-ку», деган ҳақли савол туғилиши табиий. Албатта, ҳар қандай дардни Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Бироқ, бундай дардлар ёшлигидан намоз ўқиб келаётган, саждада узоқроқ турадиган намозхонларда камроқ учраши ўз-ўзидан маълум. Бунинг устига, таҳорат пайтида бўйинга масҳ тортилганда ҳам бўйин мушакларида қон юриши тезлашади, намоз сўнггидаги икки томонга салом бериш пайтида эса бўйин томирлари умуртқа поғонасининг бўртиқлари томонидан бироз «уқалаб» турилади.

Намознинг қон айланиш тизимига кўрсатадиган ижобий таъсирларидан яна бири ташаҳҳуд ўқилаётган ҳолатда кузатилади. Ҳозирги замон тиббиётининг аниқлашича, ташаҳҳуд ҳолатида ўтирган ҳолда сон артерияларининг бироз сиқилиб, кейин бўшатилиши натижасида ички органлар, биринчи навбатда юрак ва мия қон билан қўшимча таъминланар экан. Маълум бўлишича, оддий ҳолатда организмдаги қон ташувчи капиллярларнинг (майда қон томирлари) 30 фоизигина очиқ турар, сон артерияси бир сиқиб, қўйиб юборилганда эса бу кўрсаткич икки баравар ортар экан. Демак, шу ҳолатдан сўнг ички аъзоларга икки марта кўпроқ қон етказиб берилар экан.

3. Намоз ўқийдиган кишининг боши мунтазам эгилиб‑кўтарилиб туриши сабабли унинг кўзларида қон айланиши яхшиланади. Шунинг учун кўзнинг ички босими ошмайди, шоҳпарда (кўз мугузи) доим мўътадил намланиб туради. Бу эса катаракта касаллигининг олдини олувчи муҳим омилдир.

4. Намоздаги изометрик ҳаракатлар ошқозондаги озуқанинг яхшилаб аралашишига ва унинг яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради, сафронинг (ўт суюқлигининг) ўт пуфагида тўпланиб қолмай, бир меъёрда ажралиб чиқишига, ошқозон ости безининг равон ишлашига имкон бериб, қабзиятнинг (ич қотишининг) олдини олади. Намоздаги кундалик мунтазам ҳаракатлар натижасида буйрак, пешоб йўллари, қовуқ ва тўғри ичакнинг доимий чайқалиши, ҳолатининг ўзгариб туриши натижасида бўшанишнинг бир меъёрда бўлиши таъминланади ва бу аъзоларда тош ҳосил бўлишининг олди олинади.

5. Бир кеча-кундузда камида беш маҳал бажариладиган бир меъёрдаги тана ҳаракатлари бўғимлар, мушаклар ва томирларни жонлантириб, артроз (артрит), остеохондроз каби касалликларнинг, хусусан, бўғимларда туз тўпланишининг олдини олади, жисмоний меҳнат билан шуғулланмайдиган одамларда томирларда тиқин пайдо бўлишига тўсқинлик қилади.

6. Вужуднинг саломатлиги тананинг тозалигига боғлиқдир. Намоз учун шарт бўлган таҳорат ва ғусл покликнинг айни ўзидир. Бинобарин, намоз ҳам моддий, ҳам маънавий покликдир. Баданни ҳам, руҳни ҳам покламай туриб намоз ўқиб бўлмайди. Натижада намознинг барча шартларини адо этган киши руҳан пок, жисман тетик бўлади.

7. Профилактик тиббиётда жисмоний ҳаракатларни куннинг муайян пайтида бажариш, овқатланиш, уйқу ва дам олишни ҳам аниқ режим асосида йўлга қўйиш ўта муҳимдир. Намоз вақтлари организмда қон айланиши ва нафас олишни жонлантириш учун энг қулай ва мақбул пайтлардир.

8. Намоз уйқуни тартибга солишнинг энг мукаммал низомидир. Мутахассислар ўтказган тадқиқотларнинг натижасига кўра, намоз ёрдамида танада тўпланиб қоладиган статик электр заряддан ҳам халос бўлиш мумкин экан. Танамиздаги бундай заряд сажда пайтида ерга ёки таҳорат пайтида сувга ёхуд таяммум пайтида тупроққа текканимизда ерга узатилар экан. Намоздан сўнг тетиклашиб, ўзимизни бардам сезишимизнинг сабаби қисман мана шу ҳикматга ҳам боғлиқ экан. Намознинг бундай манфаатларидан тўлиқ фойдаланиш учун уни вақтида адо этиш билан бирга покликка, тўғри ва меъёрда овқатланишга, парҳезга, ейдиган озуқамизнинг покиза ва ҳалол бўлишига ҳам ғоятда эътиборли бўлишимиз лозим.

Мусулмон кишининг иймонни озиқлантириб, куч бериб, янгилаб турадиган нарса намоздир, ибодатдир. Уларсиз иймон қалбнинг бир четида қаровсиз қолиб сўнади, маъносиз, сохта, тақлидий бир нарсага айланади. Ана шундай «иймони»га ишониб, «қалбим пок» дея намозини тарк этганлар қуриб қолган чўпни гул деб кўтариб юрган кимсага ўхшаб қоладилар. Иймонимизни ибодат билан безаб, фоний дунёдаги умримизни Аллоҳга қулликда, итоатда, ибодатда ўтказиш фурсати аллақачон етган. Шундай бўлгач, Аллоҳдан тавфиқ сўраб, барчаларингизни энг улуғ ибодат бўлмиш намоз ўқишни ўрганишга, уни мукаммал адо этиш учун интилишга чорлаймиз...

Энг олдин Исломда бажариладиган амалларнинг ҳукмлари билан танишиб чиқайлик.

Амалларнинг ҳукмлари

1. Фарз. Инкор қилиб бўлмас қатъий далил билан бажарилиши талаб қилинган амал «фарз» дейилади. Беш вақт намоз ўқиш, рўза, закот, ҳаж каби амаллар фарздир. Фарзни бажариш шарт, уни бажарган улкан савобга эришади, бажармаган фосиқ ҳисобланиб, азобланади. Инкор этган эса кофир бўлади. Фарз икки хил бўлади: фарзи айн (ҳар бир мусулмон бажариши шарт) ва фарзи кифоя (бир ёки бир неча кишининг адо этиши билан бошқалардан соқит бўлади).

2. Вожиб. Эътирозга эҳтимоли бор далил билан бажарилиши талаб қилинган амал вожибдир. Масалан, витр, ҳайит намозлари кабилар. Вожибнинг ҳукми фарз билан баробар. Вожибни инкор қилган киши кофир бўлмайди, балки фосиқ бўлади. Вожибни бажарган савоб олади, тарк қилган жазога лойиқ бўлади.

3. Суннат. Зиммага юкланмаган, лекин бажарилиши талаб қилинган амал суннатдир. Суннатга амал қилиш вожибга амал қилиш каби талаб этилади. Бироқ суннатга амал қилмаган вожибга амал қилмаган каби жазоланмайди, балки қораланади. Мазҳаб уламолари суннатни иккига бўлишган:

1) Суннати муаккада (таъкидланган суннат) – вожибдан кейинги даражада туради, масалан, жамоат билан намоз ўқиш. Бунга амал қилмаган гуноҳкор бўлади;

2) Суннати зоида (еб-ичиш, юриш-туриш каби ишларда Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиш).

4. Ҳаром. Инкор қилиб бўлмас қатъий далиллар билан бажарилиши тақиқланган амал ҳаромдир. Масалан, зино, судхўрлик, ўғрилик, ароқхўрлик каби. Ҳаром иш қилган киши охиратда дўзах азобига дучор бўлади, ҳаромни тарк этган эса савобга эришади. Ҳаромни инкор қилган одам кофир бўлади.

5. Макруҳ. Эътирозга эҳтимоли бор далил билан бажарилиши тақиқланган амал макруҳи таҳримийдир. Масалан, бировнинг совчилиги устига совчи юбориш, эркакларнинг тилла тақиши ва ипак кийим кийиши макруҳи таҳримийдир. Макруҳи таҳримий ҳукми ҳаром ҳукмидадир, фақат уларни инкор этган киши кофир бўлмайди, холос.

Қилинишидан қатъий қайтарилмаган, аммо қилинмаслиги қилинишидан аъло бўлган амал макруҳи танзиҳийдир. Мушук, йиртқич қушлар теккан сувда таҳорат олиш бунга мисол бўлади. Улардан сақланганлар савоб олади, қилганларга эса маломат ҳам, иқоб ҳам қилинмайди.

6. Мубоҳ. Шариатимиз қилиш ёки қилмасликни одамлар ихтиёрига қўйган ишлар мубоҳдир. Масалан, рамазон ойида кечаси еб-ичиш каби. Буни шариат белгилаган чегарадан чиқмай қилиш мубоҳ саналади. Мубоҳ амалларни қилган ҳам, қилмаган ҳам – баробар, савоб ҳамда гуноҳга эга бўлмайди. Жоиз – луғатда «ижозат берилган, йўл берилган» маъноларини билдиради, мубоҳ тушунчасининг ўхшаши, шариатда рухсат этилган амал ҳисобланади.

Намоздаги ҳолатлар

Намоз қуйидаги бир неча рукнлардан ташкил топади:

Ракат. Намозда қиём, Қуръони Каримдан бирор сура ёки оятлар ўқиш, бир рукуъ ва икки саждадан иборат амаллар «ракат» дейилади. Фарз, суннат, нафл намозлари икки, уч, тўрт ракатли бўлади. Масалан, бомдод намози икки ракат суннат ва икки ракат фарздан иборат.

Намозга кириш. Намозга икки қўлнинг бош бармоқлари қулоқ юмшоғи баробарича кўтарилиб, «Аллоҳу акбар» деб «такбири таҳрима»ни айтган ҳолда киришилади. Такбири таҳрима «Ифтитоҳ такбири» (очиш такбири) деб юритилади.

Қиём – тик туриш дегани. Ўнг қўл кафтини чап қўл кафти устига қўйиб, ўнг қўлнинг бош бармоғи ва жимжилоғи билан чап қўл ошиғини ушлаган ҳолда киндик остида тутиб туриш «қиём» ҳолатидир. Қиёмда ­Қуръондан Фотиҳа сураси ва унга қўшиб бирор сура ҳам қироат қилинади (ўқилади). Аёллар қиёмда оёқларини жуфтлаб тутадилар, қўлларини эса эркаклар каби боғлаб, сийналари устига қўйиб турадилар.

Рукуъ –эгилиш, энгашиш деган маъноларни англатади. Намозда икки қўл билан тиззани чангаллаб, маҳкам ушлаган ҳолда энгашиш «рукуъ» дейилади. Бунда қўл ва оёқлар букланмай, таранг бўлиши, орқа гарданни текис тутиш лозим бўлади. Бош паст ҳам, юқори ҳам қилинмайди, орқа билан текис тутилади, нигоҳ оёқ устларига қаратилади.

Аёллар эса, рукуъда оёқларини сал букадилар ва қўл бармоқларини жипслаштириб, тиззалари устига қўядилар. Рукуъда аёллар билакларини таналарига ёпиштириб туришади.

Рукуъ намознинг энг муҳим арконларидан ҳисобланади. Рукуъ чоғида уч марта «Субҳана роббийал-азийм» деб, Аллоҳ таолони улуғлаб тасбеҳ айтилади.

Сажда. «Пешонани ерга қўйиш» маъносини билдиради. Намозхоннинг икки оёқ панжалари, тизза ва икки қўлга таяниб, пешона ва бурнини саждагоҳга қўйиши «сажда» дейилади. Эркакларнинг сажда ҳолати бундай бўлади: оёқ панжалари букилиб, қўл панжалари жипс ҳолда қиблага йўналган бўлади. Бош икки қўл орасига қўйилади, бунда қулоқлар кафтларга яқин жойлашади. Саждада оёқлар ердан кўтарилмайди, кўзлар юмилмайди, кўз қири билан бурун юмшоғига қараб турилади. Намозни ёлғиз ўқиганда қўлтиқ очиқ бўлади, жамоат намозида йиғиштирилиброқ сажда қилинади. Саждада қорин сонга, сон болдирга, тирсак баданга теккизилмайди.

Аёллар эса саждада қўлтиқларини очиқ тутмайдилар, билакларини ерга, қоринларини сонларига теккизиб сажда қилишади. Улар оёқ бармоқларини букиб ерга тирашмайди, балки ёнбошлатиб ўнг тарафга чиқаришади.

Намоз ибодатларнинг энг фазилатлиси бўлса, сажда намознинг энг муҳим рукнидир. Пайғамбар алайҳиссалом: «Банданинг Парвардигорга энг яқин бўлган пайти сажда ҳолатидадир, саждада Аллоҳга кўп-кўп дуолар қилинглар», деб таълим берганлар. Намозхон ҳар гал сажда қилганида энг ками уч мартадан «Субҳана роббийал-аъло», дея Аллоҳни улуғлайди.

Қовма. Намоздаги рукуъда уч бор тасбеҳ айтиб бўлгач, тасмеъ («Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ») айтиб, яна қайта тикланадиган ҳолат «қовма» дейилади. Қовмада қўллар боғланмай, ёнда тутилади. Қовмага тиклангач, «Роббанаа, лакал-ҳамд» дейилади.

Жалса. Намоздаги икки сажда ўртасида бир муддат ўтириш «жалса» дейилади. Икки сажда ўртасида тўлиқ қаъдага қайтиш таъдилул аркон дейилади. У эса вожибдир (бунда бир тасбеҳ айтиш миқдорида ўтириш суннатдир).

Қаъда. Намознинг иккинчи ракатидан кейин ва охирги ракатидан сўнг ташаҳҳуд ўқиш миқдорича ўтириш «қаъда» дейилади. Намоз икки ракатли бўлса, қаъдада ташаҳҳуд, салавот ва дуо ўқиб намоз тамомланади. Агар уч ёки тўрт ракатли бўлса, бунда ташаҳҳудни ўқиб бўлгач, «Аллоҳу акбар» деб кейинги ракатга турилади. Тўрт, уч ракатли намознинг иккинчи ракатидан кейинги қаъда «аввалги қаъда», тўртинчи ёки учинчи ракатдан кейинги қаъда «охирги қаъда» дейилади.

Эркакларнинг қаъда ҳолати шундай кўринишда бўлади: чап оёқ ёнбошлатиб тўшалган ҳолда унинг устига ўтирилади, ўнг оёқнинг панжаларини қиблага қаратган ҳолда букиб тик тутилади. Қўл бармоқларининг учи тизза кўзи баробарида, эркин ҳолатда, қиблага қаратиб сонлар устига қўйилади. Бунда нигоҳ кўкракда бўлади.

Аёллар эса, қўлларини шу ҳолда тутиб, чап қуйруқларига ўтиришади ва оёқларини ўнг тарафдан чиқаришади.

Намознинг турлари

Фарз намозлари – Аллоҳ таолонинг амри билан ҳар бир мусулмон зиммасида бурч ҳисобланган беш вақт намоз (бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон) ва жума намози ҳамда (мусулмонлардан баъзиларининг ўқиши билан бошқалардан соқит бўлувчи) жаноза намози.

Вожиб намозлар – ҳар куни хуфтондан сўнг ўқиладиган витр намози, рамазон ва қурбон ҳайити намозлари, Байтуллоҳдаги тавоф намози.

Суннат ва нафл намозлари – беш вақт фарз намозлардан олдин ёки кейин ўқиладиган суннат намозлар, таровеҳ, истисқо, «Таҳиятул-масжид» намози, зуҳо (чошгоҳ), таҳажжуд, истихора, ҳожат сўраш намозлари, таҳорат ёки ғуслдан сўнг, сафарга чиқаётганда, ой ёки қуёш тутилганда ўқиладиган намозлар.

Намоз вақтлари

Намозни ўз вақтида ўқиш фарз валозимдир. Вақти кирмасдан ўқилган намозлар ҳисобга ўтмайди. Вақтида ўқишга улгурилмаган намозларнинг қазоси ўқилади.

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Эй Алий, уч нарсани ортга сурмагин. Намозни вақти кирганда, жанозани ҳозир бўлганда ва эрсиз аёл тенгини топганда», дедилар»

Имом Термизий ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намознинг аввалги вақти Аллоҳнинг розилигидир. Охирги вақти Аллоҳнинг афвидир», дедилар»

Имом Термизий ривоят қилган.

Аллоҳ таоло фарз қилган намозларнинг ўқиш вақти қуйидаги пайтларда бўлади:

1. Бомдод намозининг вақти – субҳи содиқдан (чин тонг отгандан) кун чиққунчадир.

2. Пешин намозининг вақти – қуёш заволга (оғишга) кетганидан сўнг то нарсаларнинг сояси қуёш тиккага келган пайтдаги соясидан ташқари ўз узунлигига нисбатан икки баравар ортгунига қадар.

3. Аср намозининг вақти – ҳар бир нарсанинг сояси қуёш тиккага келган пайтдаги соясидан ташқари ўзига нисбатан икки баравар ортганидан бошлаб қуёш ботгунчадир.

4. Шом намозининг вақти – кун ботган пайтдан бошлаб кунботар томонда шафақ (қизғиш нурлар) ғойиб бўлгунчадир.

5. Хуфтон намозининг вақти – шафақ батамом йўқолгандан кейин киради.

Витр намози вақти эса хуфтон ўқилгандан кейингина киради. Хуфтон ва витр намозларини субҳи содиққача ўқиса бўлади.

Бомдод намозини тонг ёришганда ўқиш мустаҳаб, аълороқдир. Соат бўйича ҳисобланса, бомдодни кун чиқишидан 40 дақиқача илгари ўқиш мустаҳаб вақтига мувофиқ бўлади.

Пешин намозини ёз фаслида бироз кечиктириб, қиш фаслида эса вақти кириши билан ўқиш мустаҳабдир.

Аср намозини қуёш тиғини ўзгартирмай, нурсиз ҳолатга киришидан олдинроқ ўқиш мустаҳабдир.

Шом намозини доимо қуёш ботиши билан ўқиш мустаҳабдир.

Хуфтон намозини кечанинг учдан бирининг охирида ўқиш афзал ва ниҳоятда аъло бўлади. Витр намозини эса тун охирида уйғонишга қодир бўлган кишилар субҳ олдидан ўқисалар, мустаҳаб амал қилган бўлишади.

Ҳаво булутли кунларда аср ва хуфтон намозларини аввалги вақтларида ўқиш ҳамда бомдод, пешин, шом намозларини эса (вақти киргани маълум бўлмаса) бироз кечиктириб ўқиш мақсадга мувофиқдир.

Қуйидаги вақтларда намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш, жаноза намози ўқиш жоиз эмас (мумкин эмас):

– кун чиқаётган пайтда;

– кун қиём (тикка)га келганида;

– кун ботиш чоғида;

Бу пайтларда намоз ўқиш, Қуръони Каримдан сажда ояти ўқилганда сажда қилиш, жаноза намозини шу вақтга тўғрилаб ўқиш мумкин эмас. Аммо шу кунги аср намози кун ботаётган бўлса ҳам адо этилаверади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менга энг рози бўлинган кишилар гувоҳлик бердилар. Уларнинг ичида энг рози бўлингани Умардир. «Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунча ва асрдан кейин (қуёш) ботгунча намоз ўқишдан қайтарганлар», деди»

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Нафл (ихтиёрий) намозларни имом хутба ўқиш учун минбарга чиққанида, субҳи содиқдан кун чиққунича, асрни ўқиган киши шом намозини ўқигунча адо этиши макруҳдир, яъни жоиз эмас.

Намоз ракатлари

Намозда қиём, Қуръони Каримдан сура ёки оятлар қироат қилиш, рукуъ ва икки саждадан иборат амаллар «ракат» дейилади. Намоз ракатлардан иборатдир.

Уларнинг тартиби қуйидагича:

1. Бомдод – 2 ракат суннат, 2 ракат фарз.

2. Пешин – 4 ракат суннат, 4 ракат фарз, 2 ракат суннат.

3. Аср – 4 ракат фарз.

4. Шом – 3 ракат фарз, 2 ракат суннат.

5. Хуфтон – 4 ракат фарз, 2 ракат суннат.

Витр – 3 ракат вожиб.