January 5, 2019

Таяммум

Ислом динининг бағрикенглиги ва енгилликларидан яна бири пок сув йўқ ёки сув бор бўлиб, уни ишлатиш эса мумкин бўлмаган вақтларда мусулмон кишининг Роббисига қиладиган ибодатининг баракотидан, унинг фойдалари ва руҳий озуқасидан маҳрум қилиб қўймаслик учун таҳорат ёки ғусл ўрнига таяммум жорий қилинган. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Агар сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар»(Нисо сураси, 43-оят).

Таяммум деб таҳорат нияти билан ер жинсидан бўлган пок кесак, тош, қум каби нарсаларга икки қўлини уриб юзга ва икки қўлга тирсаклари билан қўшиб масҳ тортишга айтилади.

Таяммум қилиш лозим бўлган сабаблар

1. Ярим соатли ёки ундан кўпроқ йўл орасида сувнинг йўқлиги; бу тахминан икки чақиримни ёки тўрт минг қадамни (1848 метрни) ташкил этади.

2. Сув ишлатса к��салликдан ёки унинг зиёда бўлишидан ва ё давонинг секинлашишидан ташвиш бўлса.

3. Сув олдига боришда бирор хавф-хатар (масалан, душман, ваҳший ҳайвон, вабо каби) бўлса.

3. Сув ўта совуқ, инсонга азият етказиб қўядиган даражада бўлса ва уни иситишга шароит бўлмаса.

4. Агар сувда таҳорат қилсаю, ўзи ёки шериги ва ҳатто ҳайвони чанқаб, ҳалокатга учраши хавфи бўлса.

5. Ҳамма шароитлар бор-у, лекин таҳорат қилиб келгунча ийд ёки жаноза намозлари ўқиб қўйилиши эҳтимоли бўлса ҳам таяммум қилинади, чунки бу намозларнинг қазоси йўқ. Аммо жума намозига ета олмаслигини билса ҳам таҳорат қилади, чунки агар жума намози қазо бўлса, унинг ўрнига пешин ўқилиши мумкин. Агар намознинг қазо бўлиши эҳтимоли юзага чиқса, вақтни эҳтиром қилиш юзасидан таяммум билан ўқиш жоиз. Лекин барибир таҳорат йўқ бўлса, таҳорат олиб ёки жунублик етган бўлса, ғусл қилиб, қайтадан ўқилади, чунки таяммум қилишга сабаб мавжуд эмас.

Таяммумнинг шартлари

1. Ният. Аслида тупроқ кир кетказувчи эмас, балки ўзи кир қилувчи нарсадир. Шу сабабли таяммумда ният шарт қилинади.

2. Таяммум қилиш учун юқорида санаб ўтилган сабаблардан бирининг бўлиши ҳам шарт.

3. Таяммум қилувчининг аъзоларида масҳни тўсадиган узук ва билагузукка ўхшаш нарсаларнинг бўлмаслиги ҳам шарт.

4. Тупроқ, қум ва тошга ўхшаш ер жинсидан бўлган покиза нарсани қасд қилиш ҳам шарт. Агар тошнинг устида чанг бўлмаса ҳам зарари йўқ, балки унинг ер жинсидан ҳамда пок бўлишининг ўзи кифоя қилади. Пок тупроқ, қум бор бўлса ҳам, кийим ёки девордаги чангга таяммум қилиш жоиз.

5. Юз ва қўлларда жой қолдирмасдан масҳ тортиш ҳам шарт қилинади.

Таяммумнинг рукнлари

Улар иккитадир:

1. Ер жинсидан бўлган пок нарсани қасд қилиб, икки қўлнинг кафти билан унга икки зарб урмоқлик.

2. Биринчи зарбдан сўнг юзга, иккинчи зарбдан сўнг эса қўлга масҳ тортмоқлик.

Таяммум қилиш тартиби

Ғуслдан покланишга ёки намоз ўқишга, мусҳафни ушлашга ният қилиб, «Бисмиллаҳ» билан кафтларнинг орасини бармоқ ораларига чанг кирадиган даражада очиб, ер жинсидан бўлган пок нарсага бир зарб урилади. Сўнг қўлни силтаб, таҳоратда ювиладиган жойларидан ҳеч бир жойни қолдирмай, юзга масҳ тортилади. Кейин яна қўлни иккинчи бор уриб, чанглари қоқилади ва ўнг қўлнинг орқа томонини чап қўлнинг кафтига қўйиб, тирсаги билан қўшиб масҳ тортади. Сўнг қўлнинг ички томонини чап қўлнинг кафти билан тирсакдан бармоқларгача олиб келинади. Кейин чап қўлга ҳам шундай масҳ тортилади. Мана шу таяммум билан нафл ва фарз намозларидан хоҳлаганича ўқий олади ва таҳоратли киши ҳукмида бўлади.

Таяммумнинг фарзлари

1. Намоз, жанобат, ҳайз ва нифосдан покланиш каби нима учун таяммум қилишни хоҳласа, ўша нарсани нияти билан таяммум қилиш;

2. Таяммумни пок ер жинсига қилиш;

3. Юзга масҳ тортиш (сийпалаш);

4. Икки қўлнинг тирсакларигача масҳ тортиш.

Таяммумнинг суннатлари

а) «Бисмиллаҳ...»ни айтиш;

б) зарбни кафтнинг ичи билан қилиш;

в) қўлдаги чангларни силкитиб ташлаш; тартиб билан қилиш, яъни аввал юзга масҳ тортиб, кейин қўлга масҳ тортиш;

г) кетма-кет қилиш, яъни ният қилиб таяммумни бошлагач, то тугагунча бошқа амални қўшмаслик;

д) соқол ва бармоқлар орасига ҳилол қилиш;

е) кенг узук бўлса, уни қимирлатиб остига масҳ етказиш, аммо узук тор бўлса ёки соатга ўхшаш нарсалар бўлса, уларни таяммумдан олдин ечиб қўйиш керак, чунки уларнинг остига масҳ етмайди;

ё) масҳни ўнг қўлдан бошлаш. Буларнинг ҳаммаси суннат ҳисобланади.

Таяммумни бузувчи нарсалар

1. Таҳоратни бузувчи ел, бўшаниш, уйқу каби ҳар бир нарса таяммумни ҳам бузади.

2. Агар киши сув йўқлиги сабабли таяммум қилган бўлса, сувни кўриши билан таяммуми бузилади.

3. Сув ишлатишга ожиз бўлган киши бунга қодир бўлиши билан ҳам таяммум бузилади. Агар бир киши жунуб бўлиб таяммум қилган бўлса, сўнг унда кичик таҳоратни бузадиган нарсалар содир бўлса, у яна жунуб ҳолатига қайтиб қолмайди, балки бу кичик таҳоратсизлик ҳукмида бўлиб, унга ёддан Қуръон ўқиш, масжидга кириш каби амаллар жоиз бўлади. Аммо унинг таяммуми катта таҳоратсизлик содир қиладиган амаллар билан бузилган бўлса, то у таяммум қилмагунча жунуб ҳукмида ҳисобланиб, Қуръон ўқиш, масжидга кириш ва шуларга ўхшаш жунуб кишига жоиз бўлмаган амаллар бунга ҳам дуруст бўлмайди.

Сувни топишга умид қилган кишининг намозини охирги вақтида ўқиши мустаҳаб (яъни маъқулроқ). Сув яқинимда, деб гумон қилган кишига сувни ахтариш вожиб (шарт) бўлади.