«Арсенал»нинг Премьер лига давридаги энг яхши футболчилари рамзий жамоаси: Анри, Виейра ва бошқалар!
Лондоннинг «Арсенал» клуби Англия клублари орасида энг совриндорларидан бири ҳисобланади. Клуб тарихида Туманли Албионнинг энг яхши ўйинчилари ва жаҳон даражасидаги юлдузлар ҳам тўп суришган. Шу сабабли уларни ёдга олиш кишига ўзгача завқ бағишлайди. 2003-2004 йилги мавсумда бутун Европани зир титратган «тўпчилар»нинг рамзий жамоасини тузиб чиқиш эса икки карра ёқимли иш.
Демак, «Арсенал»нинг Премьер лига давридаги энг яхши футболчиларидан иборат бўлган рамзий жамоасини тузишни бошлаймиз!
Дарвозабон: Девид Симен.
2003-2004 йилги мавсум футбол мухлислари томонидан «Eнгилмаслар мавсуми» сифатида ёдда қолган. Барча «Арсенал»ни «енгилмаслар жамоаси» дея атар эди. Айнан ўша мавсумда Енс Леман клуб дарвозасини қўриқлаган бўлишига қарамай, биз айнан Девид Сименни рамзий жамоа учун муносиб кўрдик. Англиялик афсона Англиянинг 1-дивизиони «Премьер лига» деб аталмасидан олдин, 1992 йилда лондонликлар билан ички чемпионатни ютган ва 2003 йили «Манчестер Сити»га йўл олгунига қадар клубнинг мутлақ 1-рақамли дарвозабони бўлган. Бу вақт оралиғида кипер «канонирлар» билан 325 та ўйин ўтказиб, икки марта Премьер лигада ғолиб бўлган. У кетганидан кейин «Арсенал» бу қадар стабил ўйин намойиш этувчи дарвозабонни ҳанузгача топа олгани йўқ! Қайд этиш жоизки, клуб тарихида фақатгина Рей Парлор ундан кўпроқ ўйин ўтказган.
Ўнг қанот ҳимоя: Лорен Этаме Маер (Лорен).
Ушбу позиция учун 2 таниқли ҳимоячи номзоди бор эди: Ли Диксон ва Лорен Этаме Маер. Диксон «канонирлар» билан Лоренга қараганда анча кўпроқ ўйин ўтказганига қарамай, мухлислар ва мутахассислар рамзий жамоа учун Лоренни мосроқ кўришади. Сабаблар етарлича. Ли Диксон АПЛда 2 марта ғолиб чиққан ва умумий миқдорда 305 та ўйинда майдонга тушган, Лоренда эса бу сон 195 тани ташкил этади ва унда ҳам 2 та Премьер лига кубоги бор. Бундан ташқари, камерунлик футболчи 2003-2004 йилги мағлубиятсиз кечган мавсумда ҳам клубнинг асосий фигураларидан бири бўлган. Ўша пайтларда у «тўпчилар»нинг алмаштириб бўлмас ўйинчисига айланган эди. Айнан мана шу жиҳатлар туфайли Лорен Диксонни ортда қолдирган.
Марказий ҳимоя: Тони Адамс.
Шубҳасиз, у клуб тарихидаги энг буюк футболчилардан бири! Премьер лига даврида «канонирлар» сафида Стив Боулд, Коло Туре, Мартин Киоун сингари кучли марказий ҳимоячилар ҳам тўп сурган, аммо уларнинг ҳеч бири Адамс каби ҳаётий ва рамзий маънога эга эмас. Сабаби у клуб билан Англия чемпионати «Премьер лига» деб номланмасидан аввал ҳам 2 та кубокни, «Премьер лига» дея аталганидан сўнг ҳам 2 та кубокни қўлга киритган ягона футболчи ҳисобланади. Адамс «тўпчилар» сафида умумий 255 та учрашув ўтказиб, уларнинг 115 тасини қуруқ ўтказган ҳамда 12 та гол уришга муваффақ бўлган. 2002 йилда истеъфога чиққан футболчи ҳанузгача клубнинг мудофаа юраги ва энг буюк сардорларидан бири сифатида эсланади.
Марказий ҳимоя: Сол Кемпбелл.
«Шпорлар» собиқ юлдузининг 2002 йилда ҳамшаҳар клубга ўтиши, футбол тарихидаги энг кутилмаган трансферлардан бири сифатида тан олинган. Чунки у 30 йил ичида «Тоттенҳем»дан «Арсенал»га ўтган илк футболчига айланган эди. Нима бўлган тақдирда ҳам, у лондонликлар учун омадли трансфер бўлган ва 4-5 мавсум ичида ўзини клуб тарихига муҳрлаб қўя олган.
Кемпбелл фаолиятини якунлаётган Адамс учун идеал ўринбосар бўлган ва тез орада ҳимоя тўртлигидан жой ололгани билан ҳам бошқалардан ажралиб турган. Ажойиб ўйинлари билан Арсен Венгер жамоасига илк мавсумидаёқ ҳам АПЛ, ҳам Англия кубогини ютишга ёрдам берган футболчи, келаси мавсумларда марказда Коло Туре билан ажойиб дуэт ҳосил қилиб, 2004 йилги «енгилмаслар мавсуми»да ҳам ўзини кўрсата олган. Шу тариқа у бу жойдан муносиб ўрин эгаллаган.
Чап қанот ҳимоя: Эшли Коул.
Премьер лиганинг энг кучли чап қанот ҳимоячилари орасида Найджел Уинтерберн ҳар доим эътироф этилади, у «Арсенал» сафида 270 ўйин ўтказган ва клуб афсоналаридан бирига айланган. Бироқ 156 ўйинда майдонда ҳаракат қилган Эшли Коул рамзий жамоа учун муносиброқ дея кўрилмоқда. Сабаби, у ўз авлодининг энг кучли қанот ҳимоячиси бўлган. «Канонирлар» сафида 2 та Премьер лига кубогини боши узра баланд кўтарган футболчи, «Арсенал» академиясидан чиққан энг яхши истеъдодлардан бири сифатида доим эътироф этилади. Тўғри, у «Челси»га ўтиб кетганида кўпчилик мухлислар унга нафрат билан қарашганди, бироқ унинг кўрсатган хизматлари буларнинг барчасини ювиб кета олган.
Вингер (ўнг қанот): Рей Парлор.
«Тўпчилар» сафида Рей Парлордан кўра кўпроқ ўйинда майдонга тушган футболчини топиш имконсиз. У клуб учун энг кўп ўйин ўйнаган футболчи ҳисобланади - умумий ҳисобда 333 та матч! Одатда, усиз ўтган ўйинлар Венгер учун жуда қийин ўтган. 2004 йили у «Арсенал»дан «Мидлсбро»га трансфер қилинади, бунгача у 3 марта Премьер лигада ғолиб чиқади ҳамда жамоанинг мутлақ алмаштириб бўлмас ўйинчисига айланади. Парлор - клуб афсонаси. Усиз «Арсенал» ХХI аср бошидаги муваффақиятларига эриша олмасди. Бу жуда кўплаб мутахассислар томонидан ҳам эътироф этилгани бор гап.
Таянч ярим ҳимоя (марказ): Патрик Виейра.
1996 йилда Хайберида «Шеффилд Уэнсдей»га қарши ўйиннинг 2-бўлимида захирадан майдонга тушиб, ўз дебютини амалга оширган куниёқ Арсен Венгер ажойиб иқтидорнинг «ҳидини сезади» ва унинг ўсишига жуда катта ёрдам беради. У «канонирлар» сафида шу қадар ўсишга эришадики, ҳатто унга сардорлик боғичи ҳам ишониб топширилиб, кўп бора рамзий жамоалардан ҳам жой олган. Айнан унинг сардорлигида клуб «енгилмаслар мавсуми»ни ўтказади. Франциялик футболчи 2005 йилда «Ювентус»га кетар экан, АПЛда 279 та ўйин ўтказиб, ўз номини тарихга муҳрлаб кета олган.
Таянч ярим ҳимоя (марказ): Жилберто Силва.
Марказий ярим ҳимоя зонаси учун номзодлар орасида Виейрага бир қанча топ шериклар мавжуд. Эммануэл Пети 1997-98 йилги мавсумда француз билан ажойиб жуфтлик ҳосил қилиб, чемпионлик учун муносиб ҳисса қўша олган. Сеск Фабрегас шимолий Лондонда ҳақиқий топ даражага кўтарилган, Санти Касорла ҳам бу позицияда жуда яхши ўйинларни намойиш этган. Лекин Венгернинг ўзи ҳам Жилбертони бу жой учун муносиб кўришларини исташини айтган. 2002 йилги Жаҳон Чемпионатида Бразилия сафида чемпионликни қўлга киритганидан сўнг, Лондон клубига ташриф буюрган футболчи бу ерда 6 та ажойиб мавсумни ўтказади ва мухлислар томонидан «кўринмас девор» дея эътироф этилади. Айнан «енгилмаслар мавсуми»даги ажойиб ўйинлари эвазига ҳам у бу жойдан муносиб ўрин эгаллаган.
Вингер (чап қанот): Роберт Пирес.
Дастлаб АПЛга мослашиб кетиши бироз қийин кечган, лекин кейинчалик Премьер лига тарихидаги энг яхши легионер футболчилардан бири сифатида эътироф этилган Роберт Пирес лондонликларнинг ҳақиқий фахри бўлган. Шимолий Лондонда у 2 та Премьер лига кубогини қўлга киритган ҳамда умумий 189 та матчда 69 та гол уриб, 41 та голга ассистентлик қилган. Коул-Пирес-Анри учлиги ўз вақтида «Арсенал»нинг чап қанотида дашатли трио ҳосил қилишиб, рақиблар ҳимоясини тор-мор келтиришган.
Пиреснинг энг яхши мавсуми - 2002 йилги чемпионлик мавсуми ҳисобланади. Ўша мавсумнинг март ойида тиззасидан жиддий жароҳат олиб, мавсумни шу билан якунлашга мажбур бўлганига қарамай, йил якунларига кўра у Англияда «Йилнинг энг яхши ўйинчиси» деб топилади! Мавсум сўнгида Премьер лига кубогини кўтарар экан, «Арсенал»нинг бутун таркиби унинг олдида бош эгиб, таъзим қилишади ҳамда унга қойил қолишади. Айни шу воқеа тарихга муҳрланган.
Ҳужумчи: Денис Бергкамп.
Ян Райт Бергкампнинг «Арсенал»даги фаолиятини бир оғиз гап билан жуда ажойиб таърифлай олган: «У клуб томонидан амалга оширилган энг яхши трансфердир!»
Дарҳақиқат, Денис Лондон клубининг энг яхши ўйинчиси ва мухлисларнинг севимлиси бўлган. 1995 йилда «Интер»дан «Арсенал»га келган голланд, бу ерда 11 йил қолган ҳамда Премьер лигада учта ғолибликни қўлга киритган. Бундан ташқари, 1998 йилда лиганинг энг яхши ўйинчиси деб ҳам тан олинган. У умумий миқдорда 315 учрашувда майдонга тушиб, 87 та гол урган ва 94 та голга ассистентлик қилган.
Мана шундай шарафли фаолияти эвазига клуб Денис Бергкамп фаолиятини якунлагач, «Эмирейтс» стадионида унга бронза ҳайкал ўрнатган: бу ҳақиқий шараф!
Ҳужумчи: Тьерри Анри.
Анри - «Арсенал»нинг барча даврлардаги энг яхши тўпурари!
Арсен Венгер томонидан «Ювентус»дан арзон нархга сотиб олиб, Лондонга олиб келинган футболчининг «Эмирейтс»да бу қадар муваффақиятларга эришишини биров тасаввур ҳам қилмаганди. Мураббий томонидан марказий ҳужумда қайта кашф этилган футболчи, шубҳасиз, Премьер лиганинг энг буюк футболчиларидан бирига айланган: 258 та ўйинда 175 та гол уриб, 74 та голга ассистентлик қилган! Бундан ташқари у, «тўпчилар» билан 2 карра АПЛ ғолиби бўлган ва 4 бора АПЛ «Олтин бутса»сини қўлга киритган. 2 марта Англияда «Йил ўйинчиси» дея тан олинган тирик афсона 2007 йилда клубни тарк этади ва «Барселона»га йўл олади.
Бош мураббий: Арсен Венгер.
Ҳеч шубҳасиз, 22 йиллик фаолияти давомида «Арсенал»ни оёққа турғизган ва совринлар қўлга киритилишига замин яратган мураббий! У машҳур нашрлар томонидан бутун футбол тарихидаги энг кучли топ-10 мураббийлар қаторига ҳам киритилгани бежиз эмас. Ҳозирда Венгер ФИФА ташкилотида мутахассис сифатида фаолият юритмоқда.
Захира ўриндиғи:
Йенс Леман - клуб тарихида энг кўп ўйин ўтказган дарвозабон бўлсада, у захира учун муносиб кўрилмоқда;
Мартин Киоун - Кемпбелл ва Адамсдан кейинги энг яхши ҳимоячи;
Ян Райт - Анри ва Бергкампнинг ортидаги ажойиб плеймейкер;
Фредди Юнгберг - клубдаги 9 йиллик фаолияти ва 2002 йилги чемпионликдаги муносиб ҳиссаси учун;
Сеск Фабрегас - бирорта соврин ютолмаган бўлсада, топ даражадаги ўйинлари билан мухлислар ёдида қолганлиги учун;
Санти Касорла - ўз фаолиятидаги чўққи даври учун;
Марк Овермарс - 90 йиллар охирларида «Арсенал»нинг ҳақиқий юраги бўлгани учун.
Эътиборингиз учун раҳмат!