Юлдузларсиз қолган ПСЖ омадсиз "Лейпциг"га қарши!
Европа Чемпионлар лигасининг сўнгги ўн йиллигидаги чемпионлар ва етакчи клубларга назар соладиган бўлсак, унда асосан, испан, итальян ва инглиз футболи вакилларининг етакчи мақомда турганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Француз ва немис клублари эса улардан кейинги ўринларда туришади. Ўзи умуман олганда, топ-5 чемпионатлар орасида Германия Бундеслигаси ва Франция 1-лигаси клублари одатда қуйи ўринларда баҳоланади. Лекин шундай бўлишига қарамай, вақти-вақти билан улар ҳам халқаро ареналарда шов-шув кўтариб туришлари ҳеч кимга сир эмас. 2013 йилги «Бавария» ва «Боруссия»нинг шовқини, ўтган мавсумдаги «ПСЖ», «Лион», «Бавария» ва «Лейпциг»нинг кўрсатган ваҳимаси мана шундай шов-шувлар ҳисобланади. Бу мавсум ҳам мухлислар улардан кўп нарсани кутишмоқда, шу сабабли улар шунга мос ҳаракат қилишлари аниқ.
Бугун ана шундай клублардан иккитаси Лейпциг шаҳрида ЕЧЛ гуруҳ босқичи 3-тури доирасида ўзаро ўйин ўтқазади ва айнан бугунги учрашув жуда кўп нарсаларга ойдинлик киритади.
Европа Чемпионлар лигаси, «H» гуруҳи 3-тур. Марказий учрашув:
«Лейпциг» (Германия) - «Пари Сен-Жермен» (Франция)
Қизиқарли қарама-қаршилик, ёрқин дуэллар ва ажойиб ўйин гувоҳига айланишимиз шубҳасиз. Иккала клуб ҳам сўнгги йилларда Европа грандлари сафига қўшилиб улгуришган, ўтган мавсумда уларнинг бири ярим финалга, бошқаси эса финалга қадар етиб борган эди. Улар бир-бирига бегона рақиблар эмас: яқиндагина поёнига етган ва пандемия оқибатида чўзилиб кетган мавсумнинг ярим финалида улар тўқнаш келишганди ҳамда унда парижликлар йирик ҳисобда осон ғалабани қўлга киритишганди. Кўплаб мутахассислар томонидан бу ғалабага асосий сабаб сифатида тажриба эффекти кўрсатилди. 33 ёшли Юлиан Нагелсманнинг ёш ва шижоатли «Лейпциг»ида эса мана шу жиҳат етишмади дея баҳоланди. Нима бўлганда ҳам улар қўлидан келганидан ортиқроқ вазифани бажаришди, сабаби, 2009 йилда ташкил топган клуб учун ЕЧЛ ярим финали - бу жуда зўр кўрсаткич. Янги мавсумда улар бундан ҳам кўпини амалга ошириш истагида ва бунинг учун бугун ғалабани тантана қилишлари шарт. Лекин Томас Тухельнинг юлдузли таркиби ҳам анойилардан эмас - улар осонгина мағлуб бўлмасликлари ва 3 ой олдинги натижани такрорлашга уриниб кўришлари аниқ.
Жамоаларнинг ҳолати.
Лейпциг.
Мавсумни жуда омадли тарзда бошлаб олган, бироқ бора-бора мағлубиятлар кўчасига кириб бораётган ва шу туфайли мухлисларининг норозилигига учраётган «Лейпциг» клуби ҳозирга келиб ўз аҳволини бирмунча оғирлаштириб қўйди. Ўтган ҳафта «Олд Траффорд»да «Манчестер Юнайтед»дан 5:0 ҳисобида қабул қилиб олинган қақшатқич зарба, 5 кун олдин Мюнхенгладбахдаги 1:0 ҳисобидаги мағлубиятлар жамоанинг кайфиятига ва турнир жадвалидаги ҳолатга анча таъсир кўрсатди. Бунгача жамоа 8 ўйиндан бери мағлубиятсиз серия намойиш этиб, Бундеслига жадвалида етакчи ўринда турган эди. ЕЧЛдаги мағлубият эса ўзи шундоғам ўлим гуруҳи сифатида баҳоланган гуруҳдаги вазиятни янада чигаллаштириб юборди. Энди ушбу гуруҳда «Лейпциг» ёки «ПСЖ»нинг қолиб кетиш эҳтимоли юқори, шу сабабли бугун жамоалар жанговар ҳолда майдонга тушишади. Парижликлар асосий таркибидаги жуда кўплаб йўқотишлар ва муаммоларни ҳисобга олган ҳолда шуни тахмин қилишимиз мумкинки - бу ўйинда мутлақ фаворит йўқ. Немислар ғалаба қозониб кетишлари ҳам эҳтимолдан эмас.
Шундай бўлсада, жамоада таркиб борасида бир қанча муаммолар ҳам мавжуд. «Буқалар» таркибида Лукас Клостерманн, Конрад Лаймер ва Фабрис Ҳартман сингари футболчилар ўйинни ўтқазиб юборишади, сабаби уларда жароҳат бор. Тайлер Адамс, Норди Мукиеле ва Марсел Ҳалстенбергларнинг эса тушиши сўроқ остида. Шуларни ҳисобга олган ҳолда Нагелсман шанба кунги Мюнхенгладбахдаги ўйинга Эмил Форсбергни туширмади ва уни «ПСЖ» билан ўйинга асраб қўйди. Ҳужумда Форсбергга Юссуф Поулсен шериклик қилиши кутилмоқда.
Ижодий зона - марказий позицияларда деярли муаммо йўқ: «Боруссия Мюнхенгладбах» билан ўйинда дебютини амалга оширган Лазар Самаржич ҳам бу позицияда танлов имкониятини оширишга ёрдам беради. Лекин, мутахассислар бугун марказда Нагелсманнинг Забитцер, Нкунку, Олмо ва Кампл тўртлигидан фойдаланишини тахмин қилишмоқда.
Ҳимояда Норди Мукиеленинг йўқлиги туфайли унинг ўрнини Беньямин Ҳенрикс эгаллаши мумкин, қарама-қарши қанотда эса Анхелиньо ўйнайди. Марказда эса доимгидек, Упамекано-Конате жуфтлиги ҳимояни назорат қилиши кутилмоқда.
Тахминий таркиблар: Гулачи; Ҳенрикс, Конате, Упамекано, Анхелиньо; Кампл, Забитцер, Олмо, Нкунку; Поулсен, Форсберг.
ПСЖ.
Ички чемпионатда мавсумни кетма-кет 2 мағлубият билан омадсиз тарзда бошлаб олган Томас Тухель шогирдлари тез орада ўз формаларини тиклаб, етакчиликни қайтариб олишди. Лига-1 доирасида кетма-кет 7 турдан бери ғалаба қозониб келаётганига қарамай, парижликлар учун ЕЧЛ омадсиз тарзда бошланди: ўз уйларида «Манчестер Юнайтед»га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлишди. Вазият оғирлашмаслигининг олдини олиш учун 2-турда Истанбулда «Башакшеҳир» клуби таслим қилинди ва 3 очко қўлга киритилди. Жамоада ҳозирга келиб ҳаммаси жойига тушганди - клуб ички чемпионатдаги йирик ҳисобдаги ғалабаси билан Германияга ташриф буюрган, бироқ жароҳатлар ва йўқотишлар оқибатида уларнинг ҳам аҳволи бирмунча оғирлашиб қолгани сир эмас.
Бугун Томас Тухель Неймар, Килиан Мбаппе, Юлиан Дракслер, Мауро Икарди, Марко Верратти сингари асосий таркиб юлдузларининг хизматларидан фойдалана олмайди. Ушбу ўйинчиларнинг биронтаси қайдномадан жой олмаган. Энди, ушбу юлдузлар ўрнига германиялик мутахассис Анхел Ди Мария, Мойзе Кин ва Пабло Сарабия учлигидан ҳужумда фойдаланиши кутилмоқда.
Мутахассислар «Лейпциг»нинг кутилаётган таркибига қарши Тухельнинг 4-3-3 тактик схемасидан фойдаланишини тахмин қилишмоқда. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ҳужум чизиғи деярли аниқ, ярим ҳимояда ҳам етарлича танлов имконияти мавжуд. Катта эҳтимол билан, Андер Эррера бугун майдонга тушади, у марказий зонани бошқариши кўзда тутилган. У билан бирга бу позицияда Леандро Паредес ва Идрисса Гуе ҳам ҳаракат қилиши тахмин қилинмоқда.
Ҳимоя чизиғида эса танлов имконияти янада кенгроқ: «Нант» билан ўйинда Маркиньосга захира ўриндиғидан дам берилганди ва кўп эҳтимол билан бу айнан бугунги ўйин учун амалга оширилган. Унга марказда Преснель Кимпембе шерик бўлади, қанотларда эса Алессандро Флорензи ва Лейвин Курзавалар бўлиши кутилмоқда. Умуман олиб қараганда, парижликлар чап қанот ҳимоясида танлов имконияти кенгроқ: Курзаванинг ўрнига Тило Керер ёки Колин Дагбалардан бири танланиши ҳам мумкин, лекин Томас Тухел бу ўйинга жиддий ёндашиб, Курзавани танлаши эҳтимоли юқорироқ.
Тахминий таркиблар: Навас; Флорензи, Маркиньос, Кимпембе, Курзава; Эррера, Гуе, Паредес; Сарабия, Кин, Ди Мария. Бош мураббийлар.
Ҳулоса ўрнида.
Иккала жамоада ҳам вазият деярли бирдай: бирида жароҳатлар ва йўқотишлар туфайли ҳеч нарса кўзга кўринмаяпти, бошқасида эса ҳаммаси жойида бўлишига қарамай натижа бўлмаяпти. Шундай экан, бу ўйинда мутлақ фаворит жамоа йўқ. Бугун кўпроқ услублар тўқнашуви гувоҳига айланишимиз мумкин. Тухелm юлдуз футболчиларисиз қандай ҳаракат қила олади? Нагелсман хатолардан хулоса чиқара олганми? «ПСЖ»нинг ғалабали cерияси давом этадими ёки «Лейпциг» очко қўлга киритиб парижликларни қийин аҳволга солиб қўядими? Шу ва бошқа саволларга ўйин давомида жавоб топамиз. Ўйлаймизки, зерикиб қолмайсиз.
Бирга кузатамиз.