November 24, 2022

“Қамчиқ” довонида ағдарилиб кетган “ИСУЗУ” ичида қолиб кетган ҳайдовчи қутқарилди

Соғ-омон чиқариб олинган ҳайдовчи тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган.

Бугун, 24 ноябрь куни соат 04:35ларда "Тошкент-Ўш" автомобил йўлининг 222,5 км, “Қамчиқ” довони қисмида "Водий-Тошкент" йўналишида ҳаракатланган “ИСУЗУ” юк машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб йўл ўртасидаги темир тўсиқга урилган ва ағдарилиб қолган. Ҳодиса натижасида ҳайдовчи юк машина салони ичида қисилиб қолган.

Воқеа жойига ФВВнинг "Қамчиқ" Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси қутқарувчилари, ЙПХ, тез тиббий ёрдам ҳамда автойўл ходимлари етиб борган.

ЙПХ ходимлари томонидан ҳаракат хавфсизлиги таъминланган. Қутқарувчилар махсус гидравлик асбоб-анжомлар ёрдамида қисилиб қолган ҳайдовчини соғ-омон юк машина ичидан чиқариб олишган ва биринчи тиббий ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида тез тиббий ёрдам ходимларига топширишган.

Автойўл ходимлари билан ҳамкорликда юк машинаси махсус кран ёрдамида хавфсиз ҳудудга транспортировка қилиш ишлари амалга оширилди.

Ходимларнинг тезкорлик билан амалга оширган саъй-ҳаракатлари натижасида инсон ҳаёти сақлаб қолинди.