Франц Кафка. Эврилиш (ҳикоя)

Ziyouz.uz

Жаҳон насри онлайн антологияси

Франс Кафка (1883-1924; Чехия)



Бир куни эрталаб беҳаловат уйқудан уйғонган Грегор Замза ўзининг баҳайбат ҳашаротга айланиб қолганини кўрди. У чалқанча ётар, елкасини совутдай суяк қоплаган эди. Бошини кўтарган эди, қорнида пайдо бўлган суяксимон тангачаларга кўзи тушди. Кўрпа дўппайган жигарранг қорнидан сирғалиб ерга тушай-тушай деб турарди. Танасига нисбатан аянчли даражада кичик оёқлари кўз олдида тинмай питирларди.

— «Менга нима бўлди ўзи?», — деб ўйлади у. Ахир, бу туш эмас-ку. Ўша қадрдон хона. Тор бўлса ҳам одам яшайдиган хона, ўша тўрт девор. Столда ҳар хил газмоллардан қирқиб олинган намуналар сочилиб ётар эди. (Грегор Замза коммивояжер эди). Столнинг тепасида тилла суви юритилган ромда яқиндагина ўзи журналдан қирқиб олган портрет осилиб турарди. Унда мўйна шляпа билан горжетка кийган қадди равон хоним ўтирар ва қирқма енгга тиқилган қўлини чўзиб турарди.

Грегор ташқарига қаради. Тунд ҳаво, дераза токчасидаги тунукага урилаётган ёмғир томчилари кайфиятини баттар тушириб юборди. «Яна жиндай ухласам яхши бўларди. Ҳар хил бемаъни нарсаларни унутиш керак», деб ўйлади у. Аммо энди ухлаш осон эмас эди. У доим ўнг ёнбошини босиб ётишга кўниккан, аммо ҳозирги аҳволда ёнбошга ўгирилиш амримаҳол эди. Грегор қанча уринмасин, яна чалқанчасига ағдарилиб тушаверди. Тинимсиз типирчилаётган оёқчаларини кўрмаслик учун кўзини юмиб, ёнбошига ётмоқ учун яна бир уриниб кўрди. Бутун кучини тўплаб, ҳаракат қилди — бўлмади. Ниҳоят, ўнг биқинида ўзига нотаниш бир оғриқни, сўниқ симиллаётган оғриқни сезди-ю, ҳаракатдан тўхтади.

— «Оҳ, парвардигор! — деб ўйлади у, — нега бу даҳзама касбни танладим ўзи! Ҳар куни чоп-чоп, югур-югур. Ҳар куни қаергадир жўнаш керак. Борадиган шаҳарда иш жойингдагидан ҳам кўпроқ ташвиш, бу ҳам етмаганидай, йўл азобию поездлар жадвалини ўйлашинг керак, доимий оч-наҳорликка чидамоғинг лозим. Яна ҳар хил нотаниш одамлар билан носамимий суҳбатлашишга, битимлар тузишга мажбурлигингни айтмайсанми! Жин урсин ҳаммасини!» Грегорнинг бирдан қорни қичиша бошлади. Бошини кўтариш ўнғай бўлиши учун ётган жойида каравот панжараси томон силжиди, қичиётган жойни топиб, оёқларининг бири билан қашламоқчи эди, аммо шу заҳотиёқ оёғини тортиб олди, чунки баданига сал тегилса, Грегор безгак тутгандай қалтирай бошларди.

У яна аввалги ҳолатига тушиб ётди. «Ҳар куни саҳарлаб тураверсанг жинни бўлиб қолиш ҳеч гап эмас, — деб ўйлади у, — одам тўйиб ухлаши керак. Бошқа гумашталар канизакларга ўхшаб яшайди. Масалан, мен буюртмаларни кўчириб ёзиш учун меҳмонхонага қайтганимда, бу жаноблар эндигина нонуштага ўтирган бўлади. Мен ҳам уларга тақлид қилгудай бўлсам, хўжайин шу куниёқ ишдан ҳайдайди. Ким билади, балки бу мен учун яхши бўлармиди. Агар ота-онамни ўйлаб, ўзимни тиймаганимда, аллақачон ариза ёзиб ишдан бўшардим-да, хўжайиннинг ёнига бориб, кимлигини юзига шартта айтар эдим. Ана шунда у ўз чўққисидан гурсуллаб тушарди. Хўжайиннинг ғалати одати

бор: идора — унинг чўққиси. У ўша чўққидан туриб хизматчилар билан мулоқот қилади. Бунинг устига қулоғи кар, гап тушунтирмоқ учун албатта унга яқин келиш — лаънати идорага бориш шарт. Ҳар қалай, ноумид шайтон: хўжайиндан ота-онамнинг қарзини узаман-да, бунга беш-олти йил керак, холос, — айтганимни қиламан. Ана ўшанда биз у билан ҳисоблашамиз. Ҳозирча бу ҳақда ўйламай ўриндан туриш керак, поезд соат бешда жўнайди.»

У сандиқ устида чиқиллаётган соатга қаради. «Э худо!» деб юборди ичида Грегор: соат олти ярим эди. Йўқ, йигирмата кам олти… Соат миллари бамайлихотир яна олдинга силжимоқда эди. Наҳотки, жирингламаган бўлса? У роппа-роса тўртда жиринглаши керак эди, шубҳасиз жиринглаган ҳам. Аммо хонадаги мебелни титратиб юборишга қодир бу шовқиндан уйғонмагани қизиқ. У нотинч, балки шунинг учун қаттиқ ухлаган. Энди нима қилиш керак? Навбатдаги поезд соат еттида жўнайди. Унга улгуриш лозим. Ҳали газмол намуналари жойлаштирилмаган, устига-устак Грегорнинг таъби хира, ўрнидан туришга ҳафсаласи йўқ. У поездга улгурган тақдирда ҳам хўжайиндан сўкиш эшитади: савдо уйининг ходими — соат бешда кетадиган поездни кузатадиган

навбатчи — Грегорнинг кечикканини хўжайинга аллақачон етказган. Бу бефаросат ва иродасиз одам — хўжайиннинг ўнг қўли. Тобим қочиб қолди, деса-чи? Йўқ, бу ноқулай — шубҳа туғдириши мумкин, чунки Грегор беш йил хизмат мобайнида бирор марта ҳам касал бўлган эмас. Агар тоби қочиб қолса, хўжайин дарров касса беморхонасининг врачини судраб келади. Ота-онасига Грегорни кўрсатиб, врачнинг фикрини, «Дунёда касал одам йўқ, лекин ҳамма меҳнатдан қочади», деган фикрини рўкач қилиб, ҳеч кимнинг оғзини очирмайди. Ахир, Грегор бугунги аҳволида ўзича ҳақ-ку… Фақат шунча ухласа ҳам уйқуга тўймаганига ҳайрон эди. Шуниси бўлмаганда, Грегор ўзини деярли яхши ҳис қилар, ҳатто ўлгудек оч эди.

У ётган жойидан туришга юраги бетламай, шуларни ўйлар экан, соат чорак кам еттига занг урди, кимдир эшикни секин тақиллатди.

— Грегор, — (чақирган онаси эди), — соат чорак кам етти бўлди, жўнашинг керак эди-ку?

Бу меҳрибон овоз! Лекин Грегор ўз жавобидан — бўғзидан чиққан ғалати товушлардан қўрқиб кетди. Гарчи бу ўз овози бўлса-да, унга қандайдир зоҳирий товуш — хаста бир чийиллаш қўшилиб, айтган сўзлари фақат бир лаҳзагина равшан эшитилди-ю, сўнг маъносини англаш қийинлашди. Эшитган кимса ўз қулоғига ишонмай қоларди. Грегор онасига нима гаплигини батафсил тушунтирмоқчи бўлди, аммо аҳволининг танглигини эслаб, қисқагина:

— Ҳа, ҳа, раҳмат, она. Ҳозир тураман — деди.

Ёғоч эшик орқасида унинг овози ўзгариб қолганлигини онаси англамади шекилли, унинг хотиржам узоқлашаётган қадам товушлари эшитилди. Лекин бу қисқа суҳбат қолган оила аъзоларининг диққатини жалб этди. Грегорнинг ҳали ҳам кетмаганлиги уларни таажжубга солди, отаси ён эшиклардан бирини секин, аммо мушти билан уриб:

— Грегор! Грегор! — деб қичқирди. — Нима гап ўзи?

Бошқа эшик ортидан Грегорнинг онаси оҳиста:

— Грегор, тобинг қочдими? Ёрдам керак эмасми? — деди ачиниб.

Грегор: «Ҳозир чиқаман!» деб жавоб қайтарди. Бу икки сўзни айтаётиб, уларнинг ҳар бирини алоҳида, аниқ равшан талаффуз қилишга тиришди. Буни қарангки, отаси бамайлихотир изига қайтиб, нонуштага ўтирди. Фақат онаси ҳамон эшик ортида шивирларди:

— Грегор, эшикни оч, очақол, ўғлим!

Аммо Грегор очишни хаёлига ҳам келтирмасди, ҳар хил меҳмонхоналарда тунайвериб, доим эшикни занжирлаб ётишга одатланганини эсладию ичида хурсанд бўлди.

Йўқ. У аввал ўрнидан туриб, кийиниши керак. Кейин бир гап бўлар. Чунки Грегорга аён бўлдики, каравотда ётганда бошга бирор тузук фикр келмайди. У илгари ҳам бугунгига ўхшаш ҳолат бошидан ўтганини эслади: масалан, гоҳида, ноўнғай ётганиданми, танасида қандайдир оғриқ сезарди-ю, аммо ўрнидан турган заҳоти оғриқ йўқолар, Грегор бунинг тасаввур ўйини эканлигини тушунар эди. Грегор ҳозир ҳам бугунги рўёнинг тумандай тарқал��б кетишини қизиқувчанлик билан кутиб ётарди. Овозининг ўзгариб қолгани эса — гумашталарнинг ҳаммасига хос касалликдан далолат — шамоллаш оқибати, бунга шубҳа йўқ.

Кўрпадан чиқиш унчалик қийин бўлмади: Грегор қорнини сал шиширган эди, кўрпанинг ўзи сирғалиб полга тушди. Ишнинг қийини олдинда: негаки, Грегорнинг танаси япасқи ва ҳаддан ташқари катта: суяниб туриш учун унга қўл керак; аммо қўл

ўрнида саноқсиз заиф оёқчалар тартибсиз типирчилар, Грегор уларни мутлақо бошқара олмас эди. Айтайлик, у оёқларидан бирини букмоқчи бўлса оёқ унга бўйсунмай чўзилар, бир амаллаб уни букишга мажбур қилса, қолганлари худди озодликка чиққандай, тинимсиз типирчилай бошлар эди. «Зудлик билан ўриндан туриш керак!», деди ичида Грегор.

Дастлаб у гавдасининг пастки қисмини тўшакдан озод қилмоқчи бўлди (дарвоқе, гавдасининг бу бўлагини ҳали кўрмаган, тасаввур ҳам қилолмас эди). Лекин бу жойининг ниҳоятда камҳаракат эканлигини сезди. Хуллас, иш жуда секин борарди. Шунда унинг жаҳли чиқиб, бор кучи билан олдинга ташланди, аммо мўлжални нотўғри олди шекилли, гавдасининг пастки қисми каравот симларига тегиб, қаттиқ оғриди, Грегор билдики, гавдасининг ана шу бўлаги — энг нозик жой экан.

Шу боис Грегор аввал ўзининг бош томони билан ерга тушишга уриниб, бошини каравот четига бура бошлади. Бу иш унча қийин бўлмади. Катта ва оғир бўлишига қарамай, гавда ҳам бошнинг изидан силжий бошлади. Ниҳоят боши каравотдан осилиб қолганда Грегор қўрқиб кетди, чунки йиқилиб тушса, боши лат емасдан қолмас эди. Хушдан кетиши мумкин эмас, айниқса, ҳозир мумкин эмас. Ҳозирча ўрнида ётгани маъқул.

Аммо у нафасини ростлаб, аввалги ҳолатига қайтганда, гужғон ўйнаётган оёқларини кўриб, уларни тартибга келтиролмай овора бўлганида, Грегор каравотдан иложи борича тезроқ тушиш лозимлигини, ҳамма нарсани қурбон қилиб бўлсаям, бу ўриндан тезроқ қутулиш кераклигини англади. Шу билан бирга қизиққонликдан фойда йўқлигини, ҳаммасини пухта ўйлаб кўриш зарурлигини ҳам эсдан чиқармасди. Грегор кўзларини йириб деразага қаради. Аммо кўчанинг нариги бетини ҳам кўриб бўлмайдиган туманда кўнгилга таскин берувчи бирор нарсани илғаш амримаҳол эди. «Аллақачон соат етти бўлди, — деб ўйлади Грегор соат занг урганда, — соат етти, туман бўлса ҳалигача тарқагани йўқ. Грегор бир лаҳза жим ётди, гўё бу жимлик уни табиий борлиққа қайтаришини кутгандай, сокин нафас олиб ётди. «Нима қилиб бўлса ҳам, соат еттидан ўн бешта ўтмай, бу лаънати каравотни тарк этмоқ зарур. Айтгандай, шу орада мени сўраб келишлари ҳам мумкин. Ахир, идорада иш соат еттидан олдин бошланади-ку!» Грегор бутун танасини ишга солиб, бир маромда чайқалганча каравотдан тушишга уннади. Агар шу алфозда ерга йиқилса-ю, бошини кўтариб қолишга улгурса, балки боши лат емас. У елкаси тошбақа косасидай қаттиқ эканлигини билар, гилам устига тушса, ҳеч нарса бўлмайди, деб ўйларди. Уни йиқилган пайтида чиқадиган шовқин, гурсуллаган товуш кўпроқ ташвишлантирар эди. Негаки, уйдагилар бу шовқинни эшитиб, қўрқиб кетмаса ҳам, ҳарҳолда анча безовта бўлади. Лекин, начора, бошқа илож йўқ.

Грегор чайқала-чайқала каравот чеккасига келди. Гавдасининг деярли ярми полга осилиб турарди. Унинг ҳаракати машаққатли меҳнатдан кўра, кўпроқ ўйинга ўхшарди. Грегор каравотда осилиб турар экан, «Ҳозир менга ёрдам берса иш анча осон кўчарди», деб ўйлади. Иккита кучли одам — у отаси билан хизматкор қизни назарда тутди — бўлса бас: улар Грегорнинг дўнг елкасидан кўтариб ерга туширишса, кейин Грегор қорнига ағдарилаётганида кўз-қулоқ бўлиб туришса кифоя: шунда Грегорнинг мўъжаз оёқчалари ҳам қандайдир моҳият касб этармиди. Йўқ, йўқ, ҳатто эшик очиқ бўлса ҳам Грегор ҳеч кимни ёрдамга чақирмайди. Бу фикрдан — аҳволининг аянчлигига қарамай — ичида кулиб қўйди.

Грегор типирчилай-типирчилай каравот четига келиб қолди, зўрға мувозанат сақлаб, энди ағдарилмоқчи эди, дафъатан кўча эшигидаги қўнғироқ жиринглади. «Фирмадан одам келди», деб ўйлади Грегор, кейин нафасини ичига ютиб, тик қотди. Оёқлари бўлса, аксинча, аввалгидан ҳам тезроқ типирчилай бошлади. Атроф сув қуйгандек жимиб қолди. «Эшикни очмасалар керак», деди ичида Грегор телба бир умид билан. Аммо хизматкор қизнинг одатдаги дадил қадами эшитилди — бориб эшикни очди. Грегор, бўсағаданоқ салом бёриб келган одамни дарров таниди: идора бошқарувчиси. Арзимас бир қусур ҳам ёмон шубҳа уйғотадиган бу идорада ишлаш наҳотки Грегорнинг манглайига ёзилган бўлса? Ахир бу идора хизматчиларининг ҳаммаси ҳам фирибгар эмаску, улар орасида ўз касбига содиқ, ҳалол одам ҳам бор-ку, агар бу одам ишдан бир-икки соат кечиккан бўлса-ю, виждони қийналиб, тўшакдан туролмай ётса, нима қилибди? Наҳотки хабар олиш учун бирор шогирдини юбориш мумкин бўлмаса? Наҳотки бошқарувчининг ўзи келиб, ишга бормаган одамнинг жиноятини текшириш фақат унинг — бошқарувчининг қўлидан келиши мумкинлигини бегуноҳ оила аъзолари олдида намойиш қилиши шарт бўлса? Грегор бир қарорга келганидан эмас, балки бошида айланаётган шундай фикрлардан жунбишга тушди ва бир юлқиниб, ерга ағанади. Зарб қаттиқ бўлса-да, Грегор гиламга йиқилганиданми ёки елкаси у ўйлагандан кўра қулай, қайишувчан бўлганиданми, товуш бўғиқ чиқди…

— Бир нима тушиб кетди шекилли, — деди бошқарувчи чап томондаги хонадан.

Грегор бошқарувчини ўзининг аҳволида тасаввур қилиб кўрди: бугунги юз берган воқеа бошқарувчининг бошига ҳам тушиши мумкин-ку. Аммо Грегорнинг фикрларини инкор қилгандай, бошқарувчи қўшни хонада локланган этикларини ғирчиллатиб шиддат билан бир неча қадам ташлади. Ўнг ёнидаги хонадан, Грегорни огоҳлантиришга уриниб, онаси шивирлади:

— Грегор, бошқарувчи келди.

— Биламан, — деди Грегор аста: у овозини онаси эшитадиган қилиб кўтаришга журъат этмади.

— Грегор, — деди отаси чап ёндаги хонада туриб, — жаноб бошқарувчи келди. У нега эрталабки поездда кетмаганлигингни сўраяпти. Нима деб жавоб беришни билмаяпмиз. Айтгандай, у сен билан ўзи гаплашмоқчи. Шунинг учун, илтимос, эшикни оч. Жаноб бошқарувчи хонадаги тартибсизликни кўриб, маъзур тутар, деб ўйлайман.

— Яхши ётиб турдингизми, жаноб Замза? — деб мулойим гап қистирди бошқарувчи.

— Унинг тоби қочган, — деди онаси бошқарувчига (шу пайт отаси Грегорга гапираётган эди), — менга ишонинг, жаноб бошқарувчи, унинг тоби йўқ. Бўлмаса, Грегор поездга кечикармиди! Ахир, болагина, фақат фирмани ўйлайди, мен ҳатто ундан хафа бўламан: кечқурунлари ҳеч ёққа чиқмайди, мана, шаҳарда саккиз кун бўлиб, уйдан чиқмай ўтирди. Столга кўксини бериб, жимгина газета ўқийди ёки поездлар жадвалини кўради… Биргина эрмаги — ёғоч қирқиш: масалан, икки оқшом ичида бинойидеккина ром ясади, мана, Грегор эшикни очсин, ўзингиз кўрасиз, қараб кўз тўймайди. Аммо сизнинг ташрифингингиздан мен бахтиёрман, жаноб бошлиқ; Грегор ўзи ўжар, эрталаб ўзи бўйнига олмаган бўлса-да, мен биламан — тоби йўқ.

— Ҳозир чиқаман, — деди Грегор ҳар бир сўзни чўзиб, салмоқ билан: у ўз нутқига диққат қилиб, қимир этмай ётарди.

— Сизга бошқа гапим йўқ, бекам, — деди бошқарувчи, — Грегорнинг касали унча хавфли бўлмаса керак, деб умид қиламиз. Ҳарҳолда шуни айтиб қўйишим керакки, биз коммерсантлар савдо манфаати учун баъзан енгил-елпи хасталикларга бардош бериб, ишни давом эттиришимизга тўғри келади.

— Энди жаноб бошлиқ хонангга кирса бўладими? — деб сўради сабри тугаган отаси ва эшиқни тақиллатди.

— Йўқ, — деди Грегор.

Чап ёндаги хонага жимлик чўкди. Унг тарафдаги хонада синглисининг йиғлагани эшитилди.

Нега синглиси хонадан чиқмаяпти? Ҳали кийиниб улгурмагандир. Балки ўрнидан ҳам турмаган бўлса керак. Лекин нега у йиғлайди? Чунки Грегор ҳамон ётибди, чунки у бошқарувчини хонасига киритмаяпти, чунки Грегор бу қилиғи билан ишдан бутунлай маҳрум бўлиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, хўжайин ота-онасига эски талабларни қўйиб, яна оиласини таъқиб қила бошлайди. Лекин ҳали умид бор-ку. Грегор шу ерда оиласини ташлаб кетгани йўқ, ташлаб кетмоқчи ҳам эмас. Тўғри, у ҳозир гиламда ётибди, шу аҳволини кўрса, ҳеч ким «Бошқарувчи хонангга кирсин», деб тиқилинч қилмаган бўлар эди. Сал илтифотсизлик учун дарров ишдан ҳайдашмас ахир, бу гуноҳни ювишга кейинроқ бир баҳона топилар. Ҳозир мени тинч қўйсалар яхши бўларди. Йиғи-сиғию илтимослар билан бош қотирмай тинч қўйсалар, жуда яхши бўларди, деб ўйлади Грегор. — Лекин «Буёғи нима бўлади?» деган даҳшатли савол уйдагиларни қийнар, шуни ҳисобга олиб, уларни кечириш мумкин эди.

— Жаноб Замза,— дея хитоб қилди бошқарувчи овозини бир парда кўтариб, — нима гап ўзи? Эшикни қулфлаб олиб, фақат «Ҳа» ва «Йўқ» дейсиз, ота-онангизни беҳуда қийнайсиз? Ўжарлик билан хизмат бурчингиздан бўйин товлайсиз — буни шунчаки эслатиб қўйяпман — нима гап ўзи? Мен ота-онангиз номидан, хўжайинингиз номидан гапиряпман, илтимос қилардимки, зудлик билан бизга тушунтиринг — нима гап? Мен сизга ҳайрон қоляпман. Сизни беозор, мулоҳазали йигит, деб юрардим, сиз бўлса, энди билсак, янги қилиқ чиқарибсиз. Тўғри, эрталаб хўжайин сизга топширилган инкассанинг ўрнида эмаслиги ишга келмай қолганингизга сабаб бўлган деб тахмин қилгандай гапирувди. Мен унинг шубҳаси ўринсиз эканлигини айтмоқчи эдим, аммо бу ўжарлигингизни кўриб, сизни ҳимоя қилиш истаги йўқолиб боряпти менда. Буни фақат ўзингизга айтмоқчи эдим, аммо сиз бу ерда бекорга менинг вақтимни олганингиздан кейин, бу гапни ота-онангиздан яшириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман. Ишдаги муваффақиятларингиз ҳам кейинги пайтда қаноатланарли бўлмаяпти: тўғри, ҳозир савдода катта шартномалар тузиш учун қулай фасл эмас, буни тан оламиз, аммо умуман шартнома тузиш мумкин бўлмаган фасл йўқ, жаноб Замза, бўлмайди ҳам!

— Ахир, жаноб бошқарувчи! — деб юборди Грегор ўзини тутолмай ва ҳаяжондан ҳаммасини унутиб, гапира кетди: — Мен ҳозир эшикни очаман, дарров очаман. Сал тобим қочиб, бошим айланяпти, ўрнимдан туролмаяпман. Лекин ҳозироқ кўрпадан чиқаман, мана чиқяпман, бир зум сабр қилинг! Ҳарҳолда, аҳволим яхши эмас, лекин анча тузалиб қолгандайман. Нима жин урди мени! Кеча кечқурун соппа-соғ эдим, ишонмасангиз, ота-онамдан сўранг. Йўқ, тўғрироғи, кеча ниманидир сезгандай бўлувдим. Эҳ, нега бундан фирмани огоҳлантирмадим! Лекин ўрнимдан турсам, хасталик ўтиб кетади, деб умид қиларкан-да киши. Жаноб бошқарувчи! Ота-онамга шафқат қилинг! Ахир менга юкланаётган бу айбларда асос йўқ-ку: менга бу ҳақда ўзингиз ҳеч нарса демагансиз-ку. Сиз ҳали мен жўнатган сўнгги буюртмаларни кўрмаган бўлсангиз керак. Ҳозир анча ўзимга келиб қолдим, соат саккиздаги поездда жўнайман. Мени кутиб, овора бўлманг, жаноб бошқарувчи, фирмага ўзим етиб бораман, марҳамат қилиб хўжайинга шундай денг, унга бўлган ҳурматимни етказинг!

Грегор нима деяётганини ўзи ҳам англамай, шоша-пиша гапирар экан, сандиқ томон силжий бошлади. Каравотда чайқалиб, анча машқини олгани қўл келди чамаси, у сандиққа тезда яқинлашиб, унга тирмашиб ўрнидан туришга ҳаракат қилди. Грегор чиндан ҳам эшикни очмоқчи, чиндан ҳам бошқарувчи билан гаплашмоқчи эди: лекин уни кўриб, одамлар нима дер экан? Мабодо улар қўрқиб кетишса, иш масъулияти Грегордан соқит қилинади, шунда у хотиржам бўлиши мумкин. Агар уни ҳеч нарса бўлмагандай кутиб олишса-чи? Бу тақдирда ҳам ташвишга ўрин йўқ, чунки Грегор кийиниб, соат саккиздаги поездга бемалол улгуради. Грегор сандиққа тирмашар экан, бир неча марта сирғалиб кетди, ниҳоят қаттиқ бир силтанди-да, тикқа туриб олди. Гавдасининг пастки қисмида кучли оғриқ пайдо бўлди, аммо Грегор бунга эътибор бермади. Кейин Грегор яқинида турган курси суянчиғига ташланди: оёқлари билан унга маҳкам ёпишиб олди. У ўз танасини бўйсундириб, бир лаҳза жим қолди: ташқарида бошқарувчи тилга кирган эди.

— Унинг бирор сўзига тушундингизми? — деб сўз қотди бошқарувчи ота-онасига, — у бизни калака қиляпти, чамамда?

— Худо ёрлақасин сизни! — деди онаси кўз ёш қилиб. — Балки у оғир касалдир, биз бўлса уни баттар қийнаяпмиз. Грета! Грета! — деб қичқирди сўнгра онаси.

— Ойи?! — жавоб қайтарди синглиси ён хонадан.

— Зудлик билан врачга хабар бер. Грегор касал. Тез врачни чақир. Грегорнинг овозини эшитдингми?

Шу пайт бошқарувчи онанинг чинқириғига нисбатан ҳайратланарли даражада секин:

— Бу — ҳайвоннинг овози, — деди.

— Анна! Анна! — деб қичқира бошлади отаси ошхона томонга қараб ва қарс урди, — тезда чилангарни чақириб келинг!

Хизматкор қиз билан Грегорнинг синглиси (у қачон кийиниб улгурди экан?) — икки қизнинг юбкаларини шитирлатганча даҳлизга чопиб чиққани-ю, кейин кўча эшиги очилгани эшитилди. Аммо қайта ёпилгани эшитилмади. Балки у бахтсизлик рўй берган хонадонлардаги эшик каби ланг очиқ қолгандир.

Ҳар қалай, Грегорнинг кўнгли сал ўрнига тушди. Тўғри, унинг гапини ташқаридагилар англамас, лекин ўзи тушунарди. Ҳатто қулоғи кўникиб қолди шекилли, илгаридан ҳам яхшироқ тушунарди. Уйдагилар Грегорга бир бало бўлганини сезди, унга ёрдам бермоққа бел боғлашди. Дастлабки берилган буйруқлардаги қатъийлик Грегорга ижобий таъсир кўрсатди. У ўзини яна одамлар қаторида ҳис қилди, врач билан чилангардан мўъжиза кутди. Муқаррар суҳбатда нутқи оқсаб қолмаслиги учун у аввал йўталиб кўрди. Фақат секин йўталди. Ким билади, бу товуш ҳам одам йўталига ўхшамаслиги мумкин-да.

Грегор курсини ушлаб, эшик томон оҳиста силжий бошлади. Кейин курсини қўйиб юборди-да, эшикка ташланиб бутун гавдаси билан унга қапишди-қолди (панжаларида ёпишқоқ бир нарса бор эди). Бу машаққатдан сўнг жиндай нафасини ростлади. Кейин қулфдаги калитни оғзи билан бурай бошлади. Эвоҳ, унинг тишлари ҳам йўққа ўхшайди — калитни нима билан бурайди энди? Хайрият, жағи ниҳоятда мустаҳкам экан. Метин жағлар калитни айлантирди. Оғзидан аллақандай қўнғиртоб суюқлик оқиб, аввал калитга, кейин полга томди, аммо Грегор ҳозир ўз соғлигини ўйламас эди.

— Қулоқ солинглар, — деди бошқарувчи қўшни хонада, — у калитни бураяпти.

Бу гап Грегорга мадад берди: қанийди ҳозир ҳаммаси жўр бўлиб: «Ҳа, Грегор, кучлироқ бура! Кучингни аяма, Грегор!», дея қичқирса. Ҳамма ўзининг ҳаракатларини жониқиб кузатаётганини тасаввур қилган Грегор калитга телбаларча ёпишди. Калит аста-секин буралаверди. Ниҳоят, қулф ширқ этиб очилди. Грегор ҳушига келди. У нафасини ростлаб, ичида:. «Демак, чилангарнинг ёрдамисиз ҳам ўзим уддаладим», деди-да, бошини эшик тутқичига қўйди.

Эшик очилди. Лекин Грегор ҳамон эшикка қапишиб тургани учун ташқаридагиларга кўринмас эди. Грегор аввал эшикнинг биринчи табақасидан эҳтиёт бўлиб ўтмоғи лозим, йўқса нақ бўсағага ағанаб тушиши ҳеч гап эмас. Шу пайт кутилмаганда бошқарувчининг «Оҳ!» деган нидоси эшитилди. Кейин унинг ўзи кўринди. У эшикка ҳаммадан яқинроқ турар, айни чоқда ҳайратдан ланг очилган оғзига қўлини босиб, гўё даҳшатли бир куч итараётгандай ортига тисланмоқда эди. Онаси — бошқарувчидан тортинмайди ҳам — сочлари паришон, турмакланмаган, қўлларини қовуштириб, отасига боқди. Кейин Грегорга қараб икки одим босдию гуппа йиқилди: юбкаси чодирдай кўтарилиб кетгани учун юзи кўринмасди. Отаси бўлса Грегорни хонасига ҳайдаб киритишга шайлангандай муштини қисди. Сўнгра гарангсиганча меҳмонхонага кўз югуртирди, қўллари билан юзини бекитиб, бирдан ҳўнграб юборди. Унинг қудратли елкалари силкиниб-силкиниб тушарди.

Грегор меҳмонхонага ўтмай, эшик табақасига суянганича турар, шу сабаб унинг қийшайган бошию гавдасининг ярми кўринарди, холос. Шу орада кун ҳам ёришиб, кўчанинг нариги бетидаги узун иморатнинг бир бўлаги яққол кўрина бошлади. Деразалари одамнинг юрагини сиқиб юборадиган даражада бир хил жойлашган бу бино касалхона эди. Ёмғир ҳамон ёғар, лекин энди томчилари йирик-йирик гўё ҳар бири алоҳида мустақил равишда ерга тушарди. Грегор столга кўз югуртирди. Дастурхонда нонуштага тайёрланган идиш-товоқ кўп эди. Зеро, Грегорнинг отаси учун нонушта куннинг муҳим маросимларидан ҳисобланар, бунга газета ўқиш ҳам кирар, бу жараён соатлаб давом этар эди. Рўпарадаги деворга Грегорнинг ҳарбийда тушган сурати осилган. Суратда ёш лейтенант қилич сопига қўлини қўйиб, парвойи фалак жилмаяр ва ўз қадди-қоматига, мундирига томошабиндан иззат талаб қилар эди.

— Мана, мен, — деди Грегор ўзидан бошқа ҳамма саросимага тушганини пайқаб, — ҳозироқ кийиниб, газмол намуналарини жойлайману жўнайман. Сизлар менинг жўнашимни истайсизларми, ахир? Мана, жаноб бошқарувчи, кўриб турибсиз, мен мутлақо қайсар эмасман, мен жон деб ишлайман, ишлаяпман ҳам: тўғри, йўл азоби ёмон, аммо мен йўлсиз, сафарсиз яшай олармидим? Қаерга кетяпсиз, жаноб бошқарувчи! Идорагами? Ундай бўлса, нима гаплигини айтиб берарсиз уларга? Баъзан одам ишлашга қурби етмай қолади, лекин худди шундай пайтда унинг аввалги хизматларини ҳисобга олиб, кечирилса, у албатта яна ҳам яхшироқ меҳнат қилади, деб хулоса чиқариш мумкин-ку. Ўзингизга маълум, хўжайин менга кўп яхшиликлар қилган. Унинг олдида қарздорман. Қолаверса, ота-онамга қарашим керак. Бошимга кулфат тушди, лекин бундан қутулиб чиқаман. Фақат сиз ўлганнинг устига тепган қилманг. Фирмада ёнимни олинг, илтимос. Гумашталарни ҳеч ким яхши кўрмайди, биламан. Улар яхши пул ишлаб, роҳат-фароғатда кун кечиради, деб ўйлайди одамлар. Лекин сиз, жаноб бошқарувчи, идорадаги бошқа ходимларга нисбатан ҳақиқатни яхшироқ биласиз. Савдо гумаштаси ҳаётининг нима эканини сиз ҳатто хўжайиндан ҳам — гап ўртада қолсин — хизматчи ҳақида ёмон фикрга борадиган хўжайиндан ҳам яхшироқ биласиз. Савдо гумаштаси бир йил муттасил сафарда юриб, фисқу фасод ёки асоссиз айблар қурбони бўлиши мумкинлигини ҳам биласиз. Гумашта бу хил ҳужумлардан ўзини ҳимоя қилолмайди, чунки ҳеч нарсани билмайди, фақат сафардан чарчаб қайтгандагина ҳаммасига тушунади, сабабсиз оқибат заҳрини ўз танасида синаб кўради. Жаноб бошқарувчи, кетманг! Жиндай бўлса-да бир оғиз сўз билан менинг ҳақлигимни маъқулланг!

Лекин бошқарувчи Грегор гапга тушган заҳотиёқ, тескари ўгирилиб олган, лабини ғалати чўччайтириб, тинмай учаётган елкаси оша Грегорга қарар ва секин, ниҳоятда секин, гўё сирли бир тақиқ уни хонадан чиқишга қўймаётгандай ундан узоқлашар эди. Бошқарувчи даҳлизга етганида оёғини кескин кўтарди. Буни кўрган одам бошқарувчи оёғини куйдириб олди, деб ўйлаши мумкин эди. Ниҳоят, у бўсағадан ҳатлаб, худди жаннатга чиққандай қўлларини олдинга, зинапоя томон чўзди.

Бошқарувчи шу кайфиятда кетса фирмада шусиз ҳам ўзи қил устида турган обрўсига баттар путур етишини Грегор яхши биларди. Ота-онаси буни тушунмас, улар ўғлини фирмада муқим ўрнашган, деб ўйлар, бугунги ҳодиса эса уларни тамомила довдиратиб қўйган эди. Лекин Грегорда довдирашдан асар ҳам йўқ эди. Бошқарувчини тўхтатиш керак, уни аврамоқ лозим, ишонтириш, тинчлантириш зарур, токи у Грегорга ён боссин; ахир, бутун оиланинг ҳам, Грегорнинг ҳам келажаги шунга боғлиқ! Эҳ, синглиси кетиб қолди-да! Ақлли қиз у — ҳали Грегорнинг ўзи ҳам фалокатни сезмай, бемалол ётганида, синглиси йиғлай бошлаган эди, Шубҳа йўқки, бошқарувчи аёлларни хуш кўради. У синглисига қайишарди. Қиз кўча эшигини ёпиб қўярди-да, илтижо қилиб бошқарувчининг кўнглини қўрқувдан фориғ этарди. Афсус, синглиси кетиб қолди. Энди Грегорнинг ўзи ҳаракат қилиши керак. Грегор нутқининг тушунарсиз эканлигини ҳам унутиб, оёқларининг қандай юришидан бехабар, эшик табақасини қўйиб юборди-да, бошқарувчи томон (у кулгили алфозда, зинапоя панжараларига маҳкам ёпишганча қотиб турарди) ўрмалади, лекин кўтилмаганда заиф бир қичқирдию юзтубан йиқилди. Йиқилди-ю, шу заҳоти эрталабдан бери биринчи марта ўнғайлик сезди. Негаки, оёқчалари остида қаттиқ ер бор ва бу оёқчалар (ичида қувонди) унга бўйсунар, ҳатто Грегорни хоҳлаган жойга элтиш учун ўзлари ҳаракат қилар эди. Аммо Грегор эшикни қўйиб юборгач, мувозанатини йўқотиб, онасининг пойига йиқилар экан, паришон ўтирган она ўрнидан сапчиб туриб, қўлларини керганча, бармоқларини чангак қилиб, чинқирди: «Ёрдам беринг! Худо хайрингизни берсин, ёрдам беринглар!» Шундай деди-ю, гўё Грегорнинг юзини яхшироқ кўрмоқчи бўлгандай энгашди, аммо кўришга улгурмай, яна ортга тисарилди. Она беихтиёр орқасидаги ясатиб қўйилган столга ўтириб қолди, ағдарилиб кетган идишдан гиламга қаҳва тўкилаётганини мутлақо сезмади.

— Ойи, ойижон! — деб секин шивирлади Грегор ва пастдан онасига қаради.

Бошқарувчи, бир зум ҳушини йўқотган бўлса ҳам, гиламга оқаётган қаҳвани кўриб, тоқати тоқ бўлди, оғзини каппа-каппа очиб, нафас олди. Буни кўрган она ўтирган жойидан сакраб тушди-да, бир чинқириб, ёрдамга етиб келган ота кўксига йиқилди. Аммо уларни ўйлаб ўтиришга Грегорнинг вақти йўқ эди, чунки бошқарувчи аллақачон зинага қадам қўйган ва панжарага иягини тираб, Грегорга сўнгги бор қараётган эди. Грегор жон ҳолатда унинг орқасидан ўрмалади. Лекин бошқарувчи ниманидир сезди шекилли узун зинапоядан икки-уч ҳатладию ғойиб бўлди. Фақат пастдан унинг «Фу!» деган товуши эшитилди. Афсуски, бошқарувчининг кетиб қолгани шу пайтгача хотиржам турган отасининг жаҳлини чиқарди. У ўнг қўлига бошқарувчи эсидан чиқариб қолдирган (у пальто билан шляпасини ҳам унутган эди) ҳассани, чап қўлига газетани олиб силкитганча, Грегорни ўз хонасига ҳайдай бошлади. Грегорнинг илтижолари унга кор қилмас, бу илтижоларни тушунмас ҳам эди: бошини чайқаб қанча ялинмасин, отаси қаттиқроқ ер тепинар эди. Онаси, ҳаво салқин бўлишига қарамай, очиқ дераза олдида, қўллари билан юзини бекитганча, қотиб турарди. Кўча билан зинапоя майдончаси оралиғида елвизак пайдо бўлди. Столда газеталар шитирлади. Бир неча қоғоз полда сирғалиб уча бошлади. Ота бўлса, ҳамон ёввойи одамлардай ғалати пишқириб, ўғлига ҳамла қилар, аммо Грегор ҳали орқасига тисланишни ўрганмагани учун, ниҳоятда секин силжир эди. Агар у ўнгарилиб олса, дарров хонасига кирган бўларди. Лекин бу имиллашда отасининг ғазаби баттар қўзиб, унинг қўлидаги ҳасса Грегорнинг ё боши, ё елкасига тушиши ва ҳаёти хавф остида қолиши мумкин эди. Бу ҳолда эса Грегор ўзининг қайси йўналишда кетаётганини билмасди ва шунинг учун у тезда бир қарорга келди: отасига қўрқа-писа қараб, хона тарафга қайрила бошлади. Отаси унга халақит бермай, унинг ҳаракатини маъқуллагандай бўлди, ҳатто ҳасса учи билан ўғлига ёрдам беришга тутинди. Отаси ғазабдан илондай вишилламаса, Грегор бунчалик довдирамас эди. Бу вишиллашни эшитиб, Грегор сал бўлмаса хатога йўл қўймоқчи эди-ю, лекин дарров ўзини ўнглади. Бир амаллаб бошини ётоғи томон бурганида, ҳаддан ташқари кенглигидан, танаси эшикка сиғмаслиги маълум бўлди. Отаси ғазабдан эшикнинг иккинчи табақасини очиб, Грегорни ўтказиш мумкинлигини ҳам унутган эди. Унинг фикри-зикри Грегорни тезроқ, иложи борича тезроқ хонасига ҳайдаш. Албатта у Грегорнинг тикка туриб хонага кириш учун тайёргарлик кўришига асло рози бўлмас эди. Гўё Грегорнинг олдида ҳеч қандай тўсиқ йўқдай, отаси унга янада қаттиқроқ бақирди. Кейин шовқин кучайиб, бақираётган фақат отаси эмаслигини, вазият баттар оғирлашганини пайқаган Грегор, нима бўлса бўлди, дея ўзини эшикка урди-ю, гавдасининг бир томони кўтарилиб, остонада кўндаланг туриб қолди. Ярадор биқинидан оқ эшикка хунук доғлар суркалди. У эшикка қаттиқ тиқилиб қолди, ёнбошдаги оёқчалари ҳавода осилганча заиф типирчилар, пастдагилари эса полга қапишган эди. Шу пайт отаси унинг кетидан зарб билан тепди, бу нажот тепкисидан қонга беланган Грегор хонасига учиб кирди. Отаси эшикни ҳасса билан ёпди. Ниҳоят, сукунат тушди.

II

Грегор ғира-шира қоронғи тушганда беҳушликка ўхшаш оғир бир уйқудан уйғонди. Уни безовта қилмасалар, салдан кейин ўзи уйғонарди, аммо кимнингдир енгил қадами ва даҳлиз эшигининг оҳиста ёпилгани Грегорни эртароқ уйғотиб юборди. У етарли ухлаб, яхши дам олди.

Шифтга ва жавоннинг тепа қисмига кўчадаги электр чироқларидан нур тушиб турса ҳам, паст — Грегор ётган жой қоп-қоронғи эди. Грегор эндигина қадрига етган оёқчалари билан пайпасланиб эшик томон ўрмалади. Уни уйдаги воқеанинг давоми қизиқтирарди. Лекин Грегорнинг чап биқини узун чандиққа ўхшаб, ёқимсиз санчар ва оёқлари кўплигига қарамай, чинакамига оқсоқланар эди. Хайриятки, эрталабки можарода Грегорнинг фақат битта оёғи яраланган, ҳозир у полда жонсиз судралар эди.

Грегор эшикка етганда нега бу ёққа ўрмалаганини тушунди: уни қизиқувчанлик эмас, балки овқат ҳиди безовта қилган экан. Нақ бўсаға тагида оқ нон тўғралган сут тўла чаноқ турарди. У қувончдан чапак чалиб юборишига сал қолди, чунки иштаҳаси эрталабкидан ҳам яхшироқ эди. У, вақтни бой бермай бошини сутга тиқди, аммо шу ондаёқ таъби хира бўлиб, бошини кўтарди. Негаки, ярадор биқини қаттиқ оғриб, унга халақит берарди. Иккинчидан, Грегор овқатланаётганда вужуди қалтираб, узлуксиз пишиллашга маҳкум эди. Бу ҳам етмагандай, доим хуш кўрадиган ичимлиги (синглиси буни биларди) сут ҳам ҳозир мазасиз туюлди. Грегор чаноқдан ирганиб юз ўгирди-да, хона ўртасига ўрмалаб кетди.

У эшик тирқишидан меҳмонхона чироғи ёниб турганини кўрди. Ҳамма уйда бўлса ҳам, тиқ этган овоз чиқмасди. Грегор қоронғиликка тикилганча, «Менинг оилам шунақа тинч, осойишта кун кечирар экан-да!», деб ўйлади. Ота-онаси билан синглиси учун шундай ажойиб уйда, ажойиб ҳаёт кечириш имкониятини яратган одам ўзи эканлигини ўйлаб, Грегорнинг кўкси ғурурга тўлди. Агар бугун шу фароғату шу тўқчилик илдизига болта урилган бўлса-чи? Бу фикрдан қочиш мақсадида Грегор оёқларининг чигилини ёзган бўлиб, хонада у ёқдан бу ёққа ўрмалай бошлади.

Бутун оқшом мобайнида эшик фақат бир марта очилди-ю, дарров ёпилди: чамаси кимдир кирмоқчи бўлди, аммо қўрқди. Грегор бу журъатсиз одамнинг кимлигини билмоқчи бўлиб, меҳмонхона эшиги олдида узоқ, аммо беҳуда кутди. Эшик қайта очилмади. Эрталаб Грегор қамалиб олганида ҳамма унинг ёнига кириш учун тиришган эди. Энди эса эшикни Грегорнинг ўзи очганига қарамай, ён эшиклар ҳам кун бўйи очиқ турганига, калит уларнинг қўлида бўлишига қарамай, ҳеч ким Грегорнинг ёнига кирмасди.

Тун оққанда меҳмонхона чироғи ўчди, маълум бўлдики, ота-онаси ҳам, синглиси ҳам шу пайтгача ухламаган экан. Улар оёқ учида юриб, ўз ётоқларига тарқалишди. Мана энди Грегор ўз ҳаётини янги изга солиш ҳақида бафуржа ўйласа бўлади. Лекин бу шифти баланд, бўм-бўш хона унда қўрқув уйғотар, бунинг сабабини Грегор мутлақо тушунмас эди. Аҳир, бу хонада Грегор роппа-роса беш йил яшаган.

У беихтиёр диван тагига кира бошлади. Диван елкасини босиб турса ҳам, бошини кўтариш ноқулай бўлса ҳам Грегор ўзини жуда яхши сезди. Фақат гавдасининг кенглиги сабабли диван остига бутунлай киролмаганидан афсусланди.

У тун бўйи гоҳ мудраб, гоҳ очликдан уйғониб кетар, гоҳ тузалиб кетишига яширин умид сезар эди. Буларнинг ҳаммаси Грегорни бир фикрга олиб келди: унинг ҳозирги аҳволи оилага оғир тушди, энди у фақат сабр-тоқат билан, фаросат билан улар чеккан азиятни бартараф қилишга интилмоғи керак.

Эрта тонгда Грегор бу қарорини синаб кўриши учун имконият туғилди: синглиси ярим яланғоч ҳолда қўрқа-писа эшикни очди. У аввалига Грегорни пайқамади (Ё парвардигор, қаерда бўлиши мумкин — ахир учиб кетмагандир?!) Кейин уни диван тагида кўриб бирдан сесканиб кетиб, эшикни ёпди. Аммо ўз қилмишидан уялиб, эшикни қайта очди-да, худди оғир касалга ёки етти ёт бегонага яқинлашгандай, Грегорга қараб оҳиста юрди. Грегор диван остидан бошини чиқариб, синглисини кузата бошлади. Сутни ичолмаганини билармикан? Қорни тўқлигидан эмас, сут ёқмагани учун ичмаганини билиб, бошқа егулик опкелмасмикан? У диван остидан чиқиб, синглисининг оёқларига ташлангиси, ундан тузукроқ овқат сўраб, ёлборгиси келди, бироқ қизнинг фаросати етиб, ўзидан билмаса, Грегор очдан ўлса ўлардики, унга бу ҳақда ишора қилмасди.

Лекин сут тўла чаноқни кўриб, таажжубланган қиз дарров опкелар экан, деб ўзича фол оча бошлади. Лекин минг ўйлаганда ҳам, бу меҳрибон қизнинг нима опкелишини тасаввур қилолмасди. Грегор ёққанини танлаб ейиши учун қиз бир неча хил овқат келтирди-да эски газета устига териб қўйди: чириган сабзавот, устига қайла ёпишиб қолган суяклар, жиндак майиз, озгина бодом, кечагина Грегор бурнини жийирган сасиган пишлоқ, бир бўлак қаттиқ нон, бир бўлак ёғ сурилган нон бор эди. Қиз кеча сут солинган чаноққа сув тўлдириб келди. (Бу идиш кечадан бошлаб Грегор учун ажратилган эди). Грегор ўзининг ёнида овқат емаслигини фаҳмлаб, қиз хонадан чиқди, акасининг ёлғиз қолганини билдириш учун эшикни ташқаридан қулфлади. Овқат томон ўрмаларкан, Грегорнинг оёқлари бири-иккинчисидан чаққонроқ, ҳаракат қила бошлади. Яралари ҳам тузалиб қолганга ўхшарди, юришига ҳеч нарса ҳалал бермасди. У таажжуб ичра бундан бир ой муқаддам бармоғини кесиб олгани ва бу жароҳат яқингача оғриб юрганини эслади. «Наҳотки оғриқни сезмайдиган бўлиб қолдим», деб ўйлади у ва биринчи галда пишлоққа ташланди. (Пишлоқ уни кўпроқ жалб этарди). Кейин кетма-кет сабзавот билан қайлани ея бошлади. Кўзлари лаззатдан ёшланди. Янги овқат ҳиди унга ёқмас, шунинг учун Грегор чирик карам ва суякларни четга алоҳида ажратиб олиб еяр эди… Синглиси «Энди жойингга кириб ёт», дегандай эшик калитини буради. Овқатланиб бўлиб жойида мудраб ётган Грегор калитнинг шиқирлаганини эшитиб, дарров диван тагига кирди. Синглиси хонада узоқ турмади, лекин шу қисқа вақт ичида қорни шишиб кетган Грегор диван тагида жуда қийналди, нафаси қисди. У бўғилиб, энтикиб, бақрайган кўзлари билан синглисини кузатарди. Қиз Грегордан қолган сарқитларнигина эмас, балки у тегмаган ёғли оқ нонни ҳам супуриб челакка ташлади-да, челак оғзини тахтача билан ёпиб, кўтариб кетди. Грегор шу заҳотиёқ ётган жойидан чиқиб, қисилган қорнига эрк берди.

Бахтсизлик рўй берган куни чақирилган врач билан чилангарни нима баҳона топиб қайтариб юборишганини Грегор ҳалигача билмасди. Грегор ҳамманинг гап-сўзини тушунар, лекин унинг гапларини ҳеч ким, ҳатто синглиси ҳам тушунмасди. Фақат бир неча кундан кейин, Грегорга анча кўниккандан сўнг — гарчи, тўла бўлмаса ҳам — синглиси акасини унча-мунча тушунадиган бўлди. Масалан, Грегор овқатни охиригача еса, қиз «Овқат унга ёқибди», деб қўяр ёки аксинча овқат қолиб кетса — «Яна емабди», дея овозида маҳзунлик сезиларди. Чиндан ҳам Грегор сўнгги пайтларда овқатни кам ерди.

Баъзан у бирор янгилик эшитиш умидида қўшни хоналардаги суҳбатни тинглар, қайси эшикдан овоз чиқса, ўша ёққа чопар ва бутун вужуди билан эшикка ёпишиб, қулоқ соларди. Дастлабки пайтларда Грегорнинг номи тилга олинмаган ёки пинҳоний эслатиб ўтилмаган бирор суҳбат бўлмади. Икки кун давомида улар дастурхон устида ҳам, овқатдан кейин ҳам «Энди нима қиламиз» қабилида узоқ маслаҳатлашдилар. Бу маслаҳатда доим оила аъзоларининг ҳаммаси қатнашар, ҳеч ким ёлғиз қолишни истамас, шунингдек бирданига ҳаммаси уйни ташлаб кетолмас ҳам эди. Дарвоқе, воқеа юз берган куннинг эртасигаёқ хизматкор қиз Грегорнинг онаси олдида тиз чўкиб, уни хизматдан озод қилишларини сўради. У чорак соатдан кейин хайрлашар экан, зор йиғлаб, кетишга рухсат берган оилага миннатдорчилик билдирди.

Шундан кейин овқат қилиш онаси билан синглиси зиммасига тушди. Овқат қилиш унчалик қийин иш эмас эди, чунки ҳеч ким иштаҳа билан овқат емасди. Грегор уларнинг бир-бирини «Олинг, олинг»,деб овқат ейишга ундашларини, «Раҳмат, қорним тўқ», дея баҳона қилишларини тез-тез эшитадиган бўлди. Ҳатто пиво ҳам ичмай қўйишди: отасидан «Пиво ичасизми?» деб сўрашса, «Ҳа» ё «Йўқ» деган садо чиқмасди. Бир куни қиз отасини оғир шубҳалардан халос этиш учун «Ҳозир фаррош аёл бориб пиво олиб келади», деган эди, отаси қатъий «Йўқ» жавобини берди, шу-шу қайтиб бу ҳақда ортиқ гап бўлмади.

Отаси ўша воқеа юз берган куниёқ онаси билан синглисига оиланинг бугунги моддий аҳволи қандай, уни эртага нима кутяпти ҳаммасини тушунтирган эди. У аҳён-аҳёнда ўзининг кичик сандиқчасини (беш йил аввал синган корхонадан ёдгор) очар ва бирор ёндафтарчами, расмий тилхатни топиб, кўра бошларди. Очилиб ёпилганда қулфдан чиққан товуш Грегор хонанишин бўлганидан буён эшитган ягона таскин эди. Грегор отаси юритган корхонадан ҳеч нарса қолмади, деб ўйлар, қолган бўлса ҳам бу ҳақда отаси унга гапирмаган, у эса сўрамаган эди. У пайтларда Грегорнинг ягона мақсади инқирозга учраган оилани тез оёққа қўйиб, ҳаммани азобдан қутқариш бўлган. Шу боис, Грегор жонини жабборга бериб ишлади, қисқа вақт ичида оддий хизматчиликдан савдо гумаштаси лавозимига кўтарилди, унинг маоши кўп, ишдаги ҳар бир муваффақияти эса ширинкома шаклида нақд пулга айланиб, оилада пайдо бўлар ва оиланинг ҳар бир аъзоси ўзини бахтли ҳисоблар эди. Яхши кунлар эди у кунлар. Грегор кейин ҳам оилани боқишга етарли пул топган бўлса-да, ўша ажойиб кунлар такрорланмади. Бунга Грегорнинг ўзи ҳам, оила аъзолари ҳам кўникиб қолди, аммо уйдагилар Грегордан пул олар экан, аввалгидай қувонмас ва унга аввалгидай илиқ муносабатда бўлолмас эди. Фақат синглиси Грегорга яқинлигича қолди. Грегор бу қизнинг — ўзидан фарқли ўлароқ — музикани севишини, туппа-тузук скрипка чалишини билар ва уни келаси йил — катта чиқимга қарамай — консерваторияга жойлайман, деган яширин умиди бор эди. Лекин бу унинг қатъий мақсади эканини Грегор рождество арафасида тантанали равишда эълон қиламан, деган хаёлда эди.

Эшикка қапишиб, тикка турган Грегорнинг бошида шунга ўхшаган беҳуда фикрлар айланарди. Умумий чарчоқ оқибатида у бир зум ҳушини йўқотиб, ташқаридаги гапларни эшитмай қолар ва боши эшикка урилганда, дарров ўзини ўнглаб олишга мажбур бўлар, чунки салгина товуш қўшни хонадагиларни гапдан тўхтатарди. «Яна нима бало қиляпти у?» дерди отаси эшикка қараб. Ва бир оздан кейин суҳбат давом этарди.

Ниҳоят, Грегор шуни билдики, оила зиммасига тушган бу машаққатларга қарамай, озгина бойлик қолган экан, миқдори ҳам озми-кўпми кўтарилаётган экан: яна Грегор олиб келган маошларнинг (у ўзига бир неча гульден олиб қоларди, холос) ҳаммаси ишлатилмаган бўлиб, бу ҳам кичик жамғармани ташкил этар экан. Грегор кутилмаган бу тежамкорлик ва уддабуронликка қойил қолиб бошини силкитди. Тўғри, Грегор ўша ортиқча пул билан отасининг қарзини узиб, ишдан кетиш ҳуқуқини оларди, лекин энди, отаси бу пулни ўз билганича ишлатгани маъқул.

Аммо жамғарма оила учун камлик қилади: бир йил, нари борса, икки йилга етиши мумкин. Демак, бу пулларни сарфламай, қора кунга сақлаш керак, яшаш учун эса пул топишга, меҳнат қилишга тўғри келади. Отаси соғлом бўлса ҳам, қари одам. Беш йилдирки, ишламайди, ўз кучига унчалик ишонмайди. Бу беш йил унинг серташвиш ва омадсиз ҳаётида биринчи таътил эди, шу беш йил мобайнида у анча бўшашиб, ўрнидан зўрға турадиган бўлди. Балки онаси, бўғма касалига мубтало бўлган онаси, бир кун юрса, икки кун деразаларни очиб ташлаб, кушеткада ҳансираб ётадиган онаси ишлаши керакдир? Балки синглиси, ўн етти ёшли гўдак, яхши кийимга ўч, чошгоҳгача ухлашга одатланган, оиланинг майда-чуйдасига қарашса қарашиб, қарашмаса, кичик зиёфатларда скрипка чалишга одатланган синглиси пул топар? Қўшни хонада пул хусусида гап кетар экан, уят-изтиробдан танаси ловиллаётган Грегор эшикни қўйиб юборар ва ўзини чарм диванга ташларди.

У кечалари ўша диванда ётиб, бир лаҳза ҳам ухламай, тун бўйи диван чармини тимдалаб чиқарди. Ёки бир амаллаб креслони дераза ёнига сурарди-да, дераза токчасига тирмашар, ойнага юзини босиб кўчага узоқ қарарди. Лекин бу уриниш ҳам беҳуда, аввалги озодлик туйғуси каби, хотирот каби заиф эди. Зеро Грегорнинг кўзлари кун сайин хиралашар, ҳатто авваллари у лаънатлайдиган касалхона биносини ҳам кўролмай қолганди. Агар у Шарлоттештрассе кўчасида яшаётганини аниқ билмасайди, Грегор деразадан кулранг осмон ва кулранг ер бир-бирига қўшилган саҳрога қараяпман, деб ўйлаган бўларди. Лекин хонани тозалашга келган фаросатли сингил креслонинг дераза ёнида турганини кўриб, уни жойидан қўзғатмади, ҳатто акасига кўчани кузатиш ўнғай бўлиши учун деразанинг бир табақасини очиб қўядиган бўлди.

Грегор синглиси билан гаплашиш иложини топиб, қилган яхшиликлари учун раҳмат айтолмайди, унинг марҳаматларини виждон азобисиз қабул қилиши мумкин эди. Аммо бунга имкон йўқлигидан Грегор қаттиқ қийналарди. Ҳарҳолда, синглиси юз берган фожиани иложи борича енгиллатишга уринар, вақт ўтган сайин Грегор ҳам ўз аҳволига кўникиб борар эди. Шунга қарамай, синглиси ҳар гал хонага кирганда Грегор таҳликага тушарди. Қиз унинг хонасини бошқаларга кўрсатмасликка интилса ҳам, кейинги пайтларда хонага кириб, эшикни очиқ қолдирар ва тез деразани очарди-да, совуқ бўлишига қарамай, ромга суяниб турар, нафаси қисилгандай чуқур-чуқур нафас олар эди. Синглиси Грегорни кунда икки марта қўрқитарди: у хонага кирганда, Грегор диван тагида қалт-қалт титраб, агар қиз деразани очмай, мен билан бир хонада туришга чидай олса эди, мен ундан шунчалик қўрқмаган бўлардим, деб ўйларди.

Грегор ҳашаротга айланга��ига бир ойча ўтиб, синглиси унинг турқига анча кўниккандай бўлди. Лекин бир куни одатдагидан сал эртароқ келган қиз деразага тикилиб турган Грегорни кўриб, хонага кирмадигина эмас, балки даҳшат ичида ортга тисланди ва эшикни қарсиллатиб ёпди. Дераза эшикка яқинлигидан Грегор кираётган одамга халақит бериши табиий эди. Аммо четдан қараганда Грегор худди синглисини тишлаб олиш учун писиб тургандай кўринарди. Албатта, Грегор дарров диван тагига кирди, аммо синглиси бир неча соат унинг хонасига қадам босмади. Фақат тушга яқин қиз хавфсирабгина эшикни очди. Грегор шўрлик синглисининг ҳалигача кўниколмагани, диван остидан чиқиб турган ярим танани кўриб, ура қочмаслик учун қиз иродасини ишга солиши кераклигини яхши биларди. Грегор синглисини бу қўрқинчли манзарадан халос этмоқ учун чойшабни дивандан осилтириб — бу ишга тўрт соат кетди — ўз устига шундай ёпдики, синглиси энгашса ҳам уни кўролмас эди. Агар қиз акасидан қўрқмаса, яширинишнинг ҳожати йўқ деб ҳисобласа, чойшабни йиғиштириб қўяверсин. Ахир, Грегор буни ўзи учун қилмади-ку. Лекин сингил чойшабга тегмади. Ҳатто Грегор чойшаб четини кўтариб қараганда, синглисининг миннатдор нигоҳини кўргандай бўлди.

Дастлабки икки ҳафтада ота билан она Грегорнинг хонасига киришга журъат қилмаган эдилар. Лекин аввалари ота-она назарида ношуд қиз ҳисобланган, кўп сўкиш эшитадиган синглисини ота ҳам, она ҳам энди тез-тез мақтаб қўядиган бўлдилар. Қиз Грегорнинг хонасини йиғиштираётган пайтда ота-она эшик олдида туришар ва у чиққан заҳоти хонанинг кўринишидан тортиб, Грегорнинг нима еганигача, ўзини қандай тутгани-ю, тузалишига умид қилса бўладими, йўқми — ҳаммасини суриштира бошларди. Ҳар қалай, Грегорни кўриш истаги онада эртароқ пайдо бўлди. Лекин ота ва қиз уни ҳар хил баҳоналар билан йўлдан қайтармоқчи бўлдилар; буни эшитиб турган Грегор уларнинг фикрини маъқуллади. Бир неча кун ўтгач, кўриш истаги кучайиб онани куч билан ушлаб турадиган бўлишди.

Грегор ота-онасини ўйлаб кундуз кунлари деразага тирмашмасди. Аммо бу катакдай хона полида ҳадеб судралавериш унинг жонига тегди. Кечаю кундуз қимирламай ётиш ундан баттар. Ҳатто овқат ҳам унга ёқмай қолган эди. Шунинг учун Грегор ўзини овунтириб, шифт ва деворда ўрмалаб юрадиган бўлди. Айниқса, шифтда осилиб туриш унга ёқиб қолди. Бу усул полда судралишдан фарқ қилиб, Грегор эркин нафас олар, танаси ажиб бир паришонликда солланар экан, роҳатдан гоҳо ўзини унутиб, полга шалоплаб йиқилганда, бунга ўзи ҳам ҳайрон қолар эди. Лекин у тезда гавдасини идора қилишга ўрганди. Энди қанча баланддан йиқилмасин, ўзига зиён етказмасди. Синглиси Грегорнинг янги машғулот топганини дарров сезди (у ўрмалаган жойда елимсимон суюқлик қоларди) ва акасининг бемалол ўрмалаши учун хонадаги мебелни — сандиқ ва ёзув столини — ташқарига чиқаришга қарор қилди. Лекин бу ишни ёлғиз ўзи бажаролмасди. Янги ёлланган ўн олти яшар хизматкор қизнинг ёрдам бериши ҳам гумон (У қўрққанидан ошхона эшигини доим ичидан қулфлаб олар, фақат овқат пайтидагина очарди). У отасини чақиришга ҳам журъат этмади. Шунинг учун сингил отаси йўқлигидан фойдаланиб, онасини таклиф қилди. Она аввалига ҳаяжон ичида нималардир деб ўғлининг ётоғи томон кела бошлади, аммо эшикка яқинлашганда бирдан жим бўлди. Грегор шоша-пиша чойшаб ортига беркинди. Чойшаб табиий, худди биров ташлаб қўйгандай, табиий осилиб турарди. Лекин Грегор бу сафар унинг четини кўтариб қарамади. У онаси келганидан хурсанд эди, аммо — ҳозирча — уни кўриш имкониятидан воз кечди.

— Киравер, у кўринмаяпти,— деди сингил ва онасини етаклаб кирди. Грегор бу заифаларнинг оғир сандиқни ўрнидан кўзғатишга уринганини эшитди. Синглиси Грета онанинг «Қўй, майиб бўласан» дейишига қарамай, ишнинг оғир қисмини ўзи бажараётганини ҳам билиб турди. Улар чорак соат куйманиб, ҳеч нарса қилолмагандан сўнг, онаси: сандиқ ўз жойида тургани маъқул, деди. Биринчидан, деди онаси, сандиқ оғир, отасининг ёрдамисиз уларнинг кучи етмайди, иккинчидан, сандиқ хона ўртасида турса, Грегорга баттар халал беради. Кейин, мебелни чиқариб қўйсак, Грегор кўнглига олмасмикан? Менимча, деб давом этди онаси, Грегор хафа бўлади, масалан, менга шип-шийдам девор ёмон таъсир қилади: демак, Грегорга ҳам ёқмаслиги табиий, қолаверса, Грегор бу мебелга кўниккан, агар уни олиб қўйсак, Грегор бўм-бўш хонада ўзини ташландиқ ҳис қилмайдими?

— Ахир, — деб якун ясади она (у Грегорнинг яширинган жойини билмаса ҳам, унинг одам тилига тушунмаслигига қаттиқ ишонса ҳам, шунчалик секин гапирардики, гўё Грегорга товушини эшиттиришдан ҳам қўрқарди), — ахир, биз мебелни олиб қўйишимиз Грегорнинг тузалишига ишонмай, уни бераҳмларча ўз ҳолига ташлаганимизни билдирмайдими? Менимча, хонани қандай бўлса, шундай қолдирган маъқул, токи Грегор ўз ҳолига қайтганда, хонанинг аввалгидай турганини кўриб, бу кунларни эсидан чиқарсин.

Онасининг гапларини тинглар экан, Грегор ўзини аксинча — бўм-бўш хонада яхши ҳис қилишини эслади. Бу ғалати эҳтиёж одамлар билан бевосита алоқа қилмай ақли пароканда бўлганидан келиб чиққандир, деб ўйлади Грегор. — Наҳотки, мерос мебеллар билан безатилган бу шинам хона қоронғи ғорга айланишини Грегор истаса? Тўғри, бўш хона унинг ўрмалашига қулай, аммо у ҳувиллаган деворлар ичида ўзининг инсоний ўтмишини бутунлай унутиши мумкин. Агар ҳозир уни онасининг гаплари ҳушига келтирмаганда, у анча-мунча нарсани ҳақиқатан ҳам унутаёзган эди. Йўқ, ҳаммаси ўз ўрнида қолсин. Хонадаги мебель унинг дардига даъво бўлади, майли, ўрмалашига халал берсин, бари бир бу ҳам фойдали — маънисиз, шунчаки ўрмалашнинг нима кераги бор.

Аммо синглиси бошқача фикрда эди. У Грегор аҳволининг билимдони сифатида унга тегишли масалалар бўйича фақат ўзи гапирарди. Ҳозир ҳам онасининг маслаҳатини рад қилиб, наинки сандиқ, дивандан бошқа (диван Грегорга чиндан зарур эди) ҳамма нарсани ташқарига олиб чиқишни талаб қилди. Бу қилиқ синглисининг кейинги кунларда қилган ўжарлиги ёки такаббурлигидан эмасди. Йўқ, у Грегорнинг ўрмалаши учун жой кераклигини, қолаверса, Грегор мебелдан мутлақо фойдаланмаслигини кўриб турарди. Балки бу Грета ёшидаги қизларга хос қизиққонлиқдир. Нима бўлса ҳам, Грета акасига янада яхшироқ хизмат қиламан деб унинг аҳволини баттар оғирлаштираётганини ўзи билмасди. Зеро хона бўм-бўш бўлиб, унда Грегордан бошқа ҳеч ким бўлса, бунақа жойга Гретадан ўзга одам қадам босолмасди.

Бу фикр Гретанинг иззат-нафсини алқар ва шу сабаб онасининг маслаҳатига кўнмади. Онаси бу хонада ўзини бегона ҳис қилиб, қўрқа-писа Гретага ёрдам бера бошлади. Майли, сандиқни опкетишсин, аммо ёзув столи қолиши керак, деб ўйлади Грегор. Она ва қиз, икковлон ҳансираб, сандиқни зўрға қўшни хонага ўтказганда, Грегор диван тагидан бошини чиқарди. У эҳтиёткорлик билан, мулойимлик билан бу қалтис ишга аралашмоқчи эди. Аммо, бахтга қарши, Гретани нариги хонада қолдириб, онаси қайтиб келди. У Грегорни кўрса касал бўлиб қолиши ҳеч гап эмасди, шунинг учун Грегор дарҳол тисланиб, диван тагига кира бошлади ва осилиб турган чойшаб ҳаракатга келди. Бу онасининг диққатини жалб этди, у таққа тўхтади-да, бир зум қотиб қолди, кейин нариги хонага чиқди.

Грегор уйда давом этаётган шовқинни тинглаб, шунчаки нарсалар ўрнини алмаштиришяпти, деб қанча ўйламасин, бу икки аёлнинг тинимсиз қадамлари, шивирлашларию мебелнинг полда сирғалишлари — Грегорга катта ағдар-тўнтар бўлиб туюларди. У боши ва оёқларини танасига, танасини полга қапиштирганча, дир-дир титраб ётаркан, бу шовқинга узоқ чидай олмаслигини англади. Улар Грегорнинг ётоғини шипшийдам қилиб, унга азиз бўлган барча нарсани тортиб олмоқда эдилар. Дурадгорлик ускуналари солинган сандиқчани аллақачон олиб чиқишди. Энди столни, оёғи чириган полга кириб кетган ёзув столини юлқий бошладилар. Бу столда Грегор дарс қиларди. Савдо билим юртида, ҳатто хўжалик ўқув юртида таълим олаётган даврида ҳам шу столда дарс тайёрлаган. Буни эслаб, Грегор аёлларни ҳам, уларнинг қилаётган ҳимматини ҳам унутди, (улар чарчаганидан ниҳоятда жим ишлар, фақат оёқ товушлари эшитиларди). Грегор диван остидан отилиб чиқди. Бу пайт аёллар қўшни хонада ёзув столига суяниб, нафас ростлардилар. Грегор биринчи навбатда қайси нарсани қутқариш кераклигини билмай, кўзи деворда қолган яккаю ягона портрет — мўйнали хоним расмига тушди ва деворга тирмашди. Ўрмалаб бориб, портретни танаси билан бекитди. Бу тўртбурчак ромнинг муздай шишаси уни қорнига босилиб, роҳат бағишларди. Ҳарҳолда Грегор бу суратни, ўз танаси билан бекитган бу портретни ҳеч ким тортиб олмаса керак. У бошини буриб, меҳмонхона томонга қаради.

Аёллар озгина дам олиб, дарров қайтишди: Грета онасини деярли суяб келар эди.

— Энди нимани оламиз? — деди Грета ва… кўзи деворда осилиб турган Грегорнинг кўзига тушди. Агар Грета ёлғиз бўлса, қўрқувдан ўзини тутолмаган бўларди, аммо ҳозир ўзини тутди, титраб-қақшаб, онаси томон энгашди, унинг Грегорни кўриб қолишини истамай, нима гапирганини ҳам билмади.

— Бир минутга нариги хонага чиқмаймизми, а? — деди у.

Грегор синглисининг мақсадини тушунди: у онасини хавфсиз жойга ўтқазиб, Грегорни девордан ҳайдамоқчи. Майли, уриниб кўрсин, қўлидан келармикан. Грегор портретнинг устида турибди — уни ҳеч кимга бермайди. Синглисининг юзига ёпишса-ёпишадики бермайди.

Аммо Гретанинг овозидаги титроқ онани сергаклантирди ва у қизидан чекилиб, деворда баҳайбат, қўнғир ҳашаротни кўрди. Бу Грегор эканлиги хаёлига келмасданоқ бор кучи билан «Оҳ, худойим-эй!» деб чинқирди-ю, заиф қўлларини ёйганча диванга ўтириб қолди.

— Хап саними, Грегор! — деб ўшқирди кўзлари олайган Грета ва акасига мушт ўқталди. Бу сўзлар ҳашаротга айлангандан бери биринчи марта бевосита Грегорга қаратилган сўзлар эди. Грета онасини ҳушига келтирадиган дори излаб, қўшни хонага чопди. Грегор ҳам (портретни сақлаб қолишга ҳали вақт бор эди) онасига ёрдам беришни истади. Лекин у портретга қаттиқ ёпишган эканми, оёқларини ундан зўрға узди ва пастга тушиб, қўшни хонага ўтди. Бир пайтлардагидай у синглисига маслаҳат бермоқчи эди, аммо ҳозир унинг орқасида ялпайиб туришдан бошқа ҳеч нарсага ярамади. Ҳар хил шишаларни олиб, саралаётган қиз, ортида турган Грегорни кўрдида, қўрққанидан бир шишани тушириб юборди. Шиша чил-чил синди ва унинг парчаси Грегорни яралади, юзига аччиқ дори сачради. Грета ҳаялламай, қолган шишаларни олдию онаси ёнига югурди. Хонага кириб, оёғи билан эшикни ёпди. Грегор энди онасидан, унинг айби билан ўлишга сал қолган онасидан узоқда. Аслида, у эшикни очмаслиги керак эди. Грета бўлса онасини ёлғиз қолдириб бекор қилди. Грегорнинг энди кутишдан бошқа иложи йўқ. У минг пушаймон билан изтиробга чидай олмай, деворларга, мебель ва шифтга тирмаша бошлади. У шундай тез ўрмаладики, боши айланиб, катта столнинг қоқ ўртасига шалоплаб йиқилди.

Грегор бир лаҳза мадорсиз ётди. Атроф жцмжит эди. Бу сукунат яхшилик аломатидай туюларди. Лекин бирдан қўнғироқ жиринглади. Хизматкор қиз ошхонани бекитиб олгани учун эшикни Грета очишига тўғри келди.

Келган отаси эди.

— Нима бўлди? — деб сўради у кирган заҳоти (ота Гретанинг афт-ангорини кўриб, ҳаммасини тушунган эди). Қиз бўғиқ овоз билан нимадир деди: кейин отанинг пинжига тиқилди.

— Онам ҳушидан кетиб қолди, аммо ҳозир дуруст. Фақат Грегор хонадан чиқиб кетди.

— Ўзим ҳам шуни кутгандим, — деди ота, — мен сизларга доим огоҳлантирганман, аммо сиз, аёллар қулоқ солмайсизлар.

Гретанинг бу қисқа ахборотини ёмон тушунган отаси Грегор куч ишлатди деган фикрга бориши аён эди. Отасига бу тушунмовчиликни англатиш учун Грегорда на фурсат, на имконият бор эди. Шу боис, ҳеч бўлмаса вазиятни енгиллаштириш мақсадида, Грегор ўз ётоғи эшиги ёнига бориб, унга қапишганча тураверди. Шубҳа йўқки, отаси буни кўриб, Грегорнинг ўз хонасига киришга тайёр эканлигини тушунади ва уни ҳайдаб ўтирмай, эшикни очса бас, — Грегор дарров ғойиб бўлади.

Лекин ота кайфияти бу нозикликларни фаҳмлаш даражасида яхши эмасди. «Ҳа-а-а!» — деди у кира солиб. Унинг овозидаги адоват деярли қувонч оҳангида эди. Грегор эшикдан бошини кўтариб, отаси томон қаради. У отасини ҳеч бунақа кўраман, деб ўйламаган эди. Тўғри, Грегорнинг уйда бўлаётган янгиликларни аввалгидай кузатиб юриш имкони йўқ ва энди бирор ўзгариш бўлар экан, бунга ҳайрон қолиш ҳам кераги йўқ эди. Лекин, бари бир, наҳотки мана шу одам — унинг отаси бўлса?! Грегор саҳарда ишга жўнаётганда ўрнидан туролмай, ҳолсиз ётадиган одам шу бўлса, Грегор ҳафтада бир марта уйига қайтар экан, уни кўриб, қувончини қўл кўтариб билдиргувчи, халатга бурканганча креслодан туролмай ўтирадиган одам шу бўлса?! Якшанба ёки байрам кунлари, онда-сонда бўладиган сайрларда эски пальтосини сўнгги тугмасигача қадаб, қўлидаги ҳассани олдинга силтаб ташлаганча, Грегор билан онасининг ўртасида зўрға юрадиган, Грегордан ҳам, онасидан ҳам секинроқ қадам ташлайдиган, бир гапни айтмоқчи бўлса, атрофидагилар унга энгашсин деб, ҳар сафар тўхтайдиган чол — мана шу бўлса?! Йўқ, у ҳозир қадди-қоматини тиклаб олган, банк мирзалари кийгучи кўк мундир гавдасига чиппа ёпишган, баланд ёқа узра ҳайбатли ияги туртиб чиққан, қора кўзлари ўсиқ қошлари остида ялтираб турган, илгари тартибсиз сочилиб ётгучи оқ сочлари энди ҳафсала билан таралиб, ялтиллаётган бир киши эди. У қайсидир банкнинг зарҳал тамғаси тақилган фуражкасини хонанинг нариги чеккасига — диванга улоқтирди. Мундирнинг кенг узун этагини қайирди-да, қўлларини чўнтагига тиқди ва башараси ғазабдан қийшайиб, Грегор томонга юрди. У чамаси нима қилишини ўзи ҳам билмасди. Аммо ота оёғини шундай баланд кўтардики, Грегор унинг пошнаси нақадар катта эканлигидан ҳайратланди. Грегор имиллаб ўтирмади, чунки отасининг Грегорга нисбатан ягона тўғри муносабат — қаттиққўлликдир, деб ҳисоблашини яхши биларди. Буни янги ҳаёти бошланган куниёқ билди. Шу сабаб, у отасидан шафқат кутмай, қоча бошлади: отаси тўхтаса у ҳам тўхтади, отаси чопса, у ўрмалади. Шу алфозда улар хонани бир неча марта айландилар. Уларнинг ҳаракати секинлигидан бу таъқибга ҳам ўхшамасди. Шуни ҳисобга олиб, Грегор вақтинча девор ёки шифтга тирмашишдан ўзини тийди. Қолаверса, шифтда ўрмалаш отасига чидаб бўлмас беорлик бўлиб туюлиши мумкин. Аммо Грегор хонада югуришга ҳам зўрға бардош бераётганини сезди. Негаки, отаси бир қадам ташласа, у кичик оёқчалари билан жуда кўп ҳаракат қилишга мажбур, бунинг устига нафас олиши тобора қийинлашарди. Грегорнинг ўпкаси аввалдан касал эди. У оёқларини судраб олар экан, кўзини базўр очиб, сўнгги кучини тўплади ва жон-жаҳди билан югурмоқчи бўлди. Грегор эси пастлигидан, қутулишнинг бошқа йўли, масалан, девор ёки ўйма нақш берилган, ўткир қирралари кўп мебелга тирмашиш мумкинлигини ҳам ўйламади. Шу пайт тепадан нимадир «тўп» этиб тушди-ю, Грегорнинг олдида юмалай бошлади. Бу олма эди. Унинг изидан иккинчиси юмалади. Грегор даҳшатдан қотиб қолди: югуришидан маъни йўқ, чунки отаси уни бомбардимон қилишга қарор қилган эди. У столда турган вазадаги бор-йўқ олмани чўнтагига тиқиб, яхши мўлжалга олмай ҳам, Грегорга отар эди. Олмалар электрлангандай, бири иккинчисига тўқнаш келаверарди. Ниҳоят, улардан биттаси Грегорга сал тегди-ю, зиён етказмади, аммо навбатдаги олма унинг елкасига кириб кетди. Грегор турган жойидан нари кетса, бу кучли оғриқ йўқоладигандай, ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди. Афсуски, қимир этмади.

У худди полга михлангандай шалпайиб ётарди. Яна бир оздан кейин секин хушдан кета бошлади. У фақат ўз ётоғининг эшиги очилгани, алланима деб қичқираётган синглисининг гапини бўлиб, онаси отилиб чиққанини (онаси ҳамон ички кўйлакда, уни боя беҳушлигида нафаси қисмаслиги учун қизи ечинтирган эди) ва унинг кийиб улгурмаган юбкасини оёғига ўралаштирганча эри қучоғига ташланганини кўрдию ўзини йўқотди. Худди шу лаҳзада онаси отасидан Грегорни ўлдирмасликни илтижо қилаётган эди.

III

Олиб ташлашга ҳеч кимнинг журъати етмаган олма Грегор елкасида бир сабоқ сифатида қолди. Бу оғир жароҳатдан Грегор бир ой давомида азобланиб яшади. Лекин бу яра ҳатто отасига ҳам ўз бурчини эслатиб қўйди чамаси, аянчли ва жирканч қиёфасидан қатъи назар Грегор оила аъзоси эканлигини, унга душманга қарагандай муносабатда бўлиши инсофдан эмаслиги ва нафратни босиб, чидаш, фақат чидаш кераклигини отаси ҳам тушунди.

Жароҳатнинг оғирлигидан Грегор аввалги ҳаракатчанлигини йўқотгани табиий эди.

У қари инвалидларга ўхшаб, хонанинг нариги чеккасига икки-уч минутда зўрға етиб борарди. Деворга тирмашиш эса хаёлига ҳам келмасди. Лекин иккинчи томондан, унинг ўйлашича яхши бўлди, чунки энди кечқурунлари меҳмонхона эшиги доим очиқ турар ва Грегор қоронғида ётганча, ҳамманинг кўзидан пинҳон, дастурхон теварагидаги ўз қариндошларини кузатар, уларнинг зоҳирий ижозатидан фойдаланиб, суҳбатларини эшитишга ҳақи бор — яъни у нисбатан янгича яшай бошлаган эди.

Тўғри, бу суҳбатлар ўша ўтган кунлардагидай, Грегор бегона шаҳар меҳмонхонасида нам ўриндиққа ўзини ташлаб, ёлғизликда соғинтирадиган суҳбатларга ўхшамас эди. Йўқ, улар жуда кам гапиришарди. Отаси кечки овқатини еб, креслода ўтирганча ухлаб қоларди. Она ва қиз бир-биридан жимлик талаб қилиб, лом-мим дейишмасди. Она дўкон буюртмасини бажариб оқ матодан нимадир тикар, сотувчи бўлиб ишга кирган синглиси — кейинроқ яхши ишга жойлашиш мақсадида стенография ва француз тили билан шуғулланарди. Гоҳо отаси уйғониб кетиб, гўё ухламагандай, онасига «Бунча узоқ тикмасанг!» деб луқма ташлар ва яна ухлаб қоларди. Буни кўрган она ва қиз бир-бирига жилмайиб қўярдилар.

Отаси ғалати бир қайсарлик билан иш мундирини уйда ҳам ечмас эди: халати кийилмай, илмоқда осилиб турар, у бўлса худди ҳозир бошлиқнинг овози эшитиладию ўрнидан сапчиб турадигандай, креслода мудрарди. Оқибатда шундай ҳам эскирган бу мундир, она ва қизнинг қилган ҳаракатларига қарамай, ўз кўринишини бутунлай йўқотган эди. Ҳамма жойи доғ, аммо тугмачалари доим ялтираб турадиган бу мундирни Грегор кечқурунлари узоқ томоша қиларди. Чол бу мундирда, ноқулай бўлса ҳам, хотиржам ухларди.

Соат ўнга занг урганда онаси чолни секин уйғотиб, ўрнига ётқизмоқчи бўларди. Негаки, унга кресло ўнғай бўлса ҳам, тонг соат олтида турмоқ учун тўйиб ухлаш зарур эди. Лекин отаси мирзалик вазифасига ўтгандан бери қайсар бўлиб қолган ва шу туфайли ҳар гал креслодан каравотга ўтказиш учун уйғотсалар, у қайта ухлаб қолиб, ҳаммани ҳалак қиларди. Она унинг енгидан тортиб, қулоғига ширин гаплар айтар, ҳатто Грета ҳам машғулотини ташлаб, онасига ёрдам берарди. Ниҳоят, иккови чолни қўлтиғидан кўтаришганда, чол гоҳ хотини, гоҳ қизига қараб «Мана, ҳаёт, мана, қариган кунимда роҳат», дея ғўлдирарди. Ва уларга суяниб, гавдасини идора қилолмайдиган одамдай оҳиста ўрнидан турар, ўз хонаси эшигига етганда, боши билан уларга «Қўяверинглар, ўзим бораман», деб имо қилар эди. Қиз отасига жой тўшаш учун шошар, она бўлса тикувини бугунча тўхтатарди.

Оғир меҳнатдан силласи қуриб, зўриққан бу оилада Грегордан хабар олишга деярли ҳеч кимнинг вақти йўқ эди. Рўзғорга зарур ҳаражат миқдори кун сайин камаярди. Шу боис, хизматкор қизнинг жавобини беришга тўғри келди. Оғир ишларни бажариш учун оқ сочли йўғон, суякдор бир хотин келадиган бўлди. Қолган юмушларни, тикув-бичув билан бир қаторда, онасининг ўзи қиларди. Грегор бир куни кечқурун уйдагиларнинг қаердандир пайдо бўлган пул ҳақидаги гапини эшитиб, ҳатто байрамда тақиладиган қимматбаҳо нарсалар ҳам сотилганини билди. Айниқса, оила аъзолари квартиранинг катталигидан кўп нолирдилар. Моддий аҳволнинг танглиги кичикроқ уйни ижарага олишни тақозо этар, аммо Грегорни кўчириш муаммо эди. Грегор кўчишга халал бераётган нарса фақат ўзи эмаслигини яхши биларди, чунки уни ҳаво кириб турадиган бирор қутига солиб, бемалол кўчириш мумкин. Йўқ, оилага халақит бераётган нарса — ҳеч кимнинг бошига тушмаган бу фалокат негадир айнан Замзалар оиласини танлагани ҳақидаги даҳшатли фикр ва ноумидлик эди. Бу оиланинг ҳар бир аъзоси, киборлар камбағалдан не талаб қилса, шуни бажармоққа маҳкум эди: отаси банк хизматчиларига нонушта ташир, онаси бировларнинг чойшабини тикишга ўзини фидо қилар, синглиси харидорлар ҳукми билан дўконга чопар эди — хуллас, улар бошқа ишга қурби етмай, кечга яқин сулайиб қолардилар. Грегорнинг елкасидаги яра ҳам бошқача оғрий бошлади. Кечқурунлари она билан қиз чолни ётқизгандан сўнг ўз ишларини дарров тўхтатар ва ёнма-ён бир-бирининг пинжига кириб ўтирарканлар, она Грегор ётган хона эшигига имо қиларди, «Грета, анави эшикни ёпиб қўй», дердию Грегор яна зулматда қоларди. Кейин она билан қиз кўзёш тўкар, ниҳоят кўзлари қақраб, бир нуқтага тикилганча лол ўтирардилар.

Грегор кундуз ҳам, кечаси ҳам ухламасди. У баъзан ҳозир эшик очилса, бас — оила ташвишини яна ўз зиммамга оламан, деб ўйларди. Унинг онгида — узоқ танаффусдан кейин — яна бошлиқ ва коммивояжерлар пайдо бўлди, яна шогирд болалар, тентак фаррош, бошқа фирмада хизмат қилувчи икки-уч оғайниси, қай бир вилоят меҳмонхонасидаги хизматкор қиз — истараси иссиқ бир мавжудот, оний хотира ва шляпалар сотиладиган дўконнинг кассири — чиройлигина аёл (Грегор анчагача унинг кўнглини овлаб юрган эди) — ҳаммаси аралаш-қуралаш, нотаниш унутилган одамлар қўшилиб, яхлит бир манзара ҳосил қилди. Лекин улар ҳам Грегор ва унинг оиласига ёрдам беролмас, шунинг учун Грегор уларни унутса хурсанд бўларди.

Кейин у яна оиласини ўйламай қўяр, ҳатто унга яхши қарашмаётганини эслаб ғазабланар эди. Нима ейишини тасаввур қилмай туриб, омборхонага тушишга ўзича қасд қилар, оч бўлмаса-да, ўз ҳиссасини олиш ҳақида ўйлар эди. Кейинги пайтда ишга кетишдан олдин эрталаб ёки пешинда синглиси Грегорга ёқса-ёқмаса, бирор овқатни оёғи билан суриб хонага киритадиган бўлди. Кечқурун эса бу овқатни ейилдими-йўқми, қарамай, супуриб ташларди. Грегорнинг хонасини тозалашга синглиси энди кўп вақт йўқотмасди. Хонани қалин чанг босган, ахлат уйилиб ётар, деворларга узун-узун доғлар чапланган эди. Дастлаб, Грегор қизга дакки бериш мақсадида, энг ифлос бурчакка бошини тиқиб ётди. Аммо у ҳафталаб ётса ҳам, синглиси бу бурчакка тегмаган бўларди. Қиз бу ахлатларни акасидан яхшироқ кўриб турар, фақат артишни истамас эди. Шунга қарамай, у ўзини Грегорнинг ётоғига қарайдиган ягона одам деб санар ва бу ҳуқуқни доим ҳимоя қилар эди. Бир куни, нима бўлди-ю, онаси катта тоғорада сув келтириб, Грегорнинг хонасини бошдан-оёқ ювди. (Нам Грегорга ёқмас, шунинг учун у диванда чўзилганча, карахт ётарди) ва қизидан балога қолди: Грета кечқурун хонадаги ўзгаришни сезди-да, меҳмонхонага чопиб чиқди, онасининг ялинишига қарамай фарёд кўтарди. Бу йиғидан чўчиб кетган отаси креслодан турди ва нима қиларини билмай, қотиб қолди. Кейин ота ўнг тарафдан, қизи чап ёндан онага қичқирганча Грегорнинг хонасига қараш Гретанинг иши эканлиги уқтира бошладилар. Онаси ҳаяжондан гарангсиган чолни хонасига олиб кетишга ҳаракат қилди. Грета бўлса йиғидан қалтираб, кичик қўллари билан столни муштларди. Грегор, ўз навбатида бу манзарани кўришга тоқати йўқ, эшикни очиқ қолдирганларидан ғазабланиб, тинмай вишиллар эди.

Ҳарҳолда, сингил ишдан чарчаб келиб, Грегорга аввалгидай қарамаса ҳам, онаси унинг ўрнини босолмаса ҳам, Грегор бутунлай ўз ҳолига ташлаб қўйилмади. Энди хизматкор хотиннинг навбати келган эди. Бу қари бева, бақувват гавдаси туфайли узоқ яшаган ва умри бўйи бу фожиадан ҳам беш баттарини кўрган бева, Грегордан унчалик ирганмасди. У бир куни шунчаки — қизиқиб эмас — Грегорнинг эшигини очди-ю, полда ётган баҳайбат ҳашаротни кўриб, таажжубланди ва қорнига қўлларини қўйганча тўхтаб қолди, Грегор бўлса уни ҳеч ким қувмаса ҳам, бирдан югура бошлади. Ўшандан бери хизматкор хотин ҳар куни эрталаб ёки кечқурун Грегорнинг эшигини очиб қарайдиган бўлди. Ҳатто у Грегорни ўзича эркалаб чақирарди ҳам: «Бу ёққа кел-чи, гўнгқўнғиз, бу ёққа кел!» ёки «Манави қўнғизчани қаранг, қани бери кел!», деб эрмак қиларди. Лекин Грегор унга мутлақо жавоб бермас, гўё хонада ҳеч ким йўқдай, ўрнидан қимир этмасди. Грегорни ҳуда-беҳудага безовта қилиш ўрнига бу хотинга хонани йиғиштиришни буюрсалар бўларди! Бир куни эрталаб — даразага ёмғир томчилари урилаб, баҳор кириб қолганга ўхшарди — хизматкор хотин одатдаги сафсатасини бошлаган эди, Грегор қаттиқ ғазабланиб, ҳужум қилишга тайёрлангандай, бемажол бир ҳаракат билан, секин хизматкор хотин томон бурилди. У бўлса қўрқиш ўрнига эшик ёнида турган стулни даст кўтардию оғзини очганча туриб қолди. Грегор бу стул унинг елкасига зарб билан тушмагунча хизматкор хотин оғзини ёпмаслигини дарров тушунди ва яна ортига ўгирилиб, аввалги ҳолатига қайтди. «Демак, бошқа ҳамла қилиш йўқ», деди хизматкор хотин хотиржамлик билан стулни ерга қўйди.

Грегор анчадан бери овқат емас эди. Фақат унга қўйилган ейимлик ёнидан ўтаётиб, эрмак учун оғзига бир парча солар ва бу парчани бир неча соат оғзида олиб юрар, кейин туфлаб ташларди. Дастлаб, у хонанинг кўриниши иштаҳани бўғди, деб ўйлади. Лекин у хонадаги ўзгаришга тез кўникиб олди-ку: уйда ортиқча туюлган нарсаларнинг ҳаммасини унинг хонасига тиқишди. Бунақа ашқол-дашқоллар кейинги пайтда яна кўпайди, чунки оила уйнинг бир хонасига учта кишини ижарага қўйди. Ижарачиларнинг учаласи ҳам серсоқол — буни Грегор эшик тирқишидан кўрди — ниҳоятда талабчан кишилар эди. Улар фақат ўз хонасида эмас, балки бутун уйда, айниқса ошхонада тартиб бўлишини қаттиқ талаб қйлардилар. Улар зарур мебелни ўзлари билан олиб келишган эди. Шу сабаб, уйда ортиқча, сотишга яроқсиз, ташлаб юборишга ҳам кўз қиймайдиган анчагина нарса пайдо бўлди. Булар ҳаммаси Грегорнинг хонасига жойланди. Кул ташлайдиган қути ҳам, ахлат солинадиган идиш қам унинг хонасида эди. Ҳатто вақтинча кераксиз туюлган ҳар бир нарсани хизматкор хотин Грегорнинг хонасига улоқтирар эди. Балки хизматкор хотин бу нарсаларни кейин олиб чиқаман, деб ўйлагандир, аммо қачонлардир улоқтирилган матоҳ шундайлигича ётаверар ва Грегор бу ашқол-дашқол оралаб ўрмалар экан, баъзиларини қўзғатиб қўйишга мажбур бўларди. Лекин бора-бора, бу саёҳат Грегорга ёқиб қолди. Гарчи саёҳатдан сўнг Грегор ўлгудай чарчаб, узоқ вақт бемажол ётса ҳам, унинг ягона эрмаги шу эди.

Ижарачилар кечки овқатни баъзан уйда, кенг меҳмонхонада қилсалар-да, меҳмонхона эшиги берк бўларди. Грегор бундан хафа бўлмас эди, чунки эшик очиқ қолган оқшомларда ҳам унинг кузатишга мадори йўқ, қоронғи бурчакка тиқилиб ётаверар ва уйдагилар унга эътибор қилишмасди. Лекин бир куни хизматкор хотин меҳмонхона эшигини ярим очиқ қолдирди. Ижарачилар келиб, чироқ ёнди, аммо эшикни ҳеч ким ёпмади. Ижарачилар столнинг нариги томонига — илгари Грегор, ота ва онаси ўтирадиган жойга ўтирдилар, салфеткани ёзиб, қўлларига санчқи билан қошиқ олишди. Шу пайт гўшт тўла товоқни кўтариб онаси, унинг изидан картошка уюлган иккинчи товоқни кўтариб синглиси кириб келди. Овқатдан қуюқ буғ кўтарилди. Ижарачилар олдига қўйилган тарелкалар узра гўё овқатни текшираётгандай энгашдилар. Ўртада ўтиргани, ичида обрўлироғи шекилли, гўштни бошқа идишга олмаёқ, кеса бошлади. У гўшт яхши қайнатилмаган бўлса, ошхонага қайтариб юбормоқчидай эди гўё. Лекин у норозилик билдирмади. Буни кузатиб турган она ва қиз бир-бирларига қарашди-да, жилмайиб қўйишди.

Уй эгалари ошхонада овқатланардилар. Лекин отаси ошхонага кирмай, аввал ижарачилар ёнига келди, фуражкасини қўлига олиб, ҳаммага таъзим қилган бўлди. Ижарачилар ҳам ўрнидан туриб, ғўлдираб қўйишди. Кейин улар ёлғиз қолишди ва овқатини жим ея бошладилар. Бу овқат маросимидаги ҳар хил шовқин ичида гўшт чайнаётган тишлар товуши алоҳида эшитилгани Грегорга ғалати туюлди. «Овқат емоқ учун тиш керак. Бусиз, жағ қанча кучли бўлмасин, ҳеч нарсага ярамайди», деб ўйлади Грегор. «Ахир менинг иштаҳам яхши-ку, — деди ичида ёзғириб Грегор, — фақат бунақа овқатга тобим йўқ. Лекин анавиларнинг ейишига қара, мен бўлса ўлиб кетаяпман!»

Ўша куни кечқурун ошхонадан скрипка товуши эшитилди. Грегор бу товушни касал бўлгандан бери биринчи марта эшитиши эди. Ижарачилар овқатланиб бўлишган эди. Ўртада ўтиргани газета олиб, унинг ичидаги саҳифаларини ўртоқларига чўзди ва учовлон креслога чалқайганча, мутолаа қила бошладилар. Скрипка товуши чиққан заҳоти, улар ўрнидан туриб, оёқ учида ошхона эшигига бордилар ва жим қулоқ сола бошлашди. Лекин ошхонада ўтирганлар буни сезди шекилли, отасининг овози чиқди:

— Балки жанобларига скрипка товуши ёқмас? Уни ҳозироқ тўхтатиш мумкин…

— Йўқ, аксинча, — деди ўртадаги ижарачи, — хоним бизнинг хонага ўтиб чалсалар янада хурсанд бўлардик, бизнинг хона, ҳарҳолда, анча қулай…

— О, марҳамат! — дея хитоб қилдй отаси, гўё скрипкани ўзи чалаётгандай.

Ижарачилар меҳмонхонага қайтиб, кута бошлашди. Бир оздан сўнг чол нота қўядиган курсини кўтариб, онаси — қўлида нота, сйнглиси скрипкани олиб кириб келдилар. Грета бамайлихотир чалишга тайёрлана бошлади. Ота билан она илгари ҳеч кимни ижарага қўймагани сабабли, тажрибасизлик қилиб, ижарачиларга ортиқча илтифот этар, ҳатто ўз курсиларига ўтиришга ҳам журъат қилишмасди. Чол ўнг қўлини мундирининг тугмачалари орасига тиққанча, эшикка суяниб турар, она бўлса ижарачилардан бири шунчаки таклиф қилган стулга ўтирмай, бир бурчакда бегонасираб турарди.

Грета чала бошлади. Ота ва она унинг қўл ҳаракатини диққат билан кузатдилар. Куйга берилган Грегор одатдагидан кўра олдинроқ ўрмалади ва унинг боши деярли меҳмонхонага чиқиб турарди. Грегор сўнгги пайтларда одамларга эътибор қилмай қўйганини сезди-ю, бунга таажжубланмади. Аввал одамларга бўлган бу эътибори билан — фаросати билан фахрланарди. Энди-чи, ҳеч қачон ҳозиргидай кўримсиз бўлмаган Грегор ҳатто одамлардан яширинишни ҳам истамасди: унинг елкаси ва биқинига ҳар хил иплар, овқат қолдиқлари ёпишган, ҳамма жойини чанг босган эди. Аммо энди ҳар куни гиламга чалқанча тушиб, ўзини тозалашга Грегорнинг ҳафсаласи йўқ, айни пайтда ўз турқига нисбатан шунчалар лоқайд эдики, ҳеч иккиланмай меҳмонхонанинг ялтираб турган полида ўрмалай бошлади.

Лекин унга ҳеч ким эътибор қилмади. Ота-онаси бутунлай куйга берилиб кетган, ижарачилар эса шим чўнтагига қўл тиқиб, нота қўйилган курси ёнида турардилар. Уларнинг нотага тикилиб тургани синглисига халақит берарди. Буни сезишган ижарачилар шивирлашиб, дераза ёнига ўтдилар. Чол ҳаммасини бесаранжом кузатарди. Ижарачиларнинг яхши куй эшитамиз деган умиди пучга чиққандай, бу томоша уларнинг жонига теккандай, фақат одоб юзасидан жим тургандай эди улар. Айниқса, оғзи-бурнидан паға-паға чиқаётган тамаки тутуни уларнинг асабийлашганини шундай кўрсатиб турарди. Грета бўлса, ниҳоятда яхши чаларди. У бошини хиёл қийшайтириб, нота белгиларига диққат билан, айни пайтда маҳзун қарарди. Грегор яна олдинроқ силжиди. Синглисининг кўзига қараш учун бошини ерга қўйди; мусиқа унга шунчалик таъсир қилар экан, наҳотки у одам эмас, ҳайвон бўлса? Грегор ҳозир ғаройиб бир озиққа яқин қолгандай, номаълум бир лаззатга етадигандай энтикди. У синглисининг ёнига бориб этагидан тортишга қатъий қарор қилди: токи, қиз Грегорнинг хонасига кириб чалсин, токи у Грегордан бошқа бу ерда ҳеч ким мусиқани қадрлай олмаслигини тушунсин. У Грегорнинг хонасига кирса бас, Грегор токи тирик экан, уни бошқаларга бермайди. Майли, Грегорнинг жирканч қиёфаси ниҳоят ўз вазифасини бажарсин. у хонага кирмоқчи бўлган ҳар бир кимсани ўз башараси билан даҳшатга солади, синглисини ҳимоя қилиб, барча эшиклар ёнида пайдо бўлади. Лекин синглиси унинг ёнида ўз истаги билан қолиши керак. Майли, у Грегор билан диванда ўтирсин, унга энгашиб қулоқ солсин, шунда Грегор агар бошига фалокат тушмаганида Гретани консерваторияга жойлаштирмоқчи бўлгани ва бу ҳақда рождестводан олдин (рождество ҳам ўтиб кетган эди) ҳеч кимнинг эътирозини тингламай, эълон қилмоқчи бўлганини тушунтиради. Буни эшитиб синглиси қувонч ва аламдан йиғлайди. Грегор бўлса унинг елкасига тирмашиб, очиқ бўйнидан — хизматга киргандан бери на рўмол, на ёқа кўрган очиқ бўйнидан ўпади.

— Жаноб Замза! — деб бақирди ўртадаги ижарачи ва ортиқ гапирмай, бармоғини бигиз қилиб, судралаётган Грегорни кўрсатди. Скрипканинг овози тинди. Ўртадаги ижарачи ўртоқларига қараб тиржайди, бошини ликиллатди ва яна Грегорга қаради. Отаси Грегорни ҳайдашдан аввал ижарачиларни тинчлантирмоқ зарур деб ўйлади шекилли. Аммо ижарачилар хотиржам, ҳатто уларни мусиқадан кўра Грегор кўпроқ қизиқтирарди. Бари бир чол қўлларини ёзганча, гавдаси билан Грегорни яшириб, ижарачилар ёнига борди ва уларни ўз хонасига чекинтира бошлади. Чолнинг бу қилиғиданми ёки Грегордай қўшни борлигидан хабардор қилмаганлари учунми, ижарачиларнинг жаҳли чиқди. Улар чолдан, бу нима дегандай, изоҳ талаб қилдилар, лекин чол сиқуви остида аста-секин ортга чекина бошладилар. Шу орада чалишни тўхтатган синглиси ўзига кела бошлади; у ҳамон чалишни давом эттираётгандай скрипка ва камончани ушлаб, нотадан кўз узмай бир зум қотиб турди, кейин сесканиб тушди-да, қўлидаги асбобини ҳали ҳам бурчакда шумшайиб ўтирган, дами қисиб зўрға нафас олаётган онанинг тиззасига қўйди ва қўшни хонага чопиб кирди. Бу хонага ижарачилар ҳам тисланиб келар эди, лекин синглиси абжирлик билан кўрпа-ёстиқларни тартибга келтирди ва кўз очиб-юмгунча уларга ўрин солди. Отаси бўлса ўжарлиги тутдими, ижарачилар олдида мажбуриятни ҳам унутиб, уларни сиқиб борарди. Ниҳоят, ўртадаги ижарачи — бўсағага етганда — полни гурсиллатиб тепди ва чол ўзига келди, тўхтади.

— Ижозатингиз билан шуни айтайки, — деди ижарачи қўлини кўтариб ва айни пайтда кўзлари билан она-қизни ахтарди, — бу уй, бу оиладаги разил одатларни (у ерга туфлади) тушундим ва мен ижарадан воз кечаман. Бу ерда яшаган кунлар учун бир чақа ҳам тўламайман, аксинча, менинг сизга даъвом бор, ишонтириб айтаманки, бунга асос ҳам бор.

Кейин жим бўлди. Ниманидир кутгандай қотиб қолди.

У беҳуда кутмаган эди — ёнидагилар тилга кирди:

— Биз ҳам ижарадан воз кечамиз.

Шундан кейин улар хонанинг эшигини қарсиллатиб ёпдилар.

Чол гандираклаганча қўлларини ёзиб, ўзини креслога ташлади. У бир қарашда жиндай ухлаб олиш учун ўтиргандай кўринарди, аммо боши гоҳ у, гоҳ бу ёққа жонсиз оғаётганини ҳисобга олинса, унинг мутлақо ухлаш учун ўтирмагани аён бўларди.

Грегор ҳамон ижарачилар кўриб қолган жойда ётар, ўз режаси амалга ошмаганиданми, очликданми, унинг қимирлашга мажоли йўқ эди. У бир неча лаҳзадан кейин ҳамма нарса барбод бўлишини билар ва бу даҳшатли онни кутар эди. У бутунлай карахт эди, ҳатто онасининг титроқ қўлларидан тушиб кетган скрипка товуши ҳам уни қўрқитмади.

— Қадрли она, қадрли отажон, — деди синглиси столни чертиб, — энди бунақа яшаш кетмайди. Агар буни сизлар тушунмасангиз, мен тушунаман. Манави маҳлуқ қошида акамнинг номини айтмайман, лекин биз ундан қутулишимиз керак. Одам қилиши мумкин бўлган ҳамма ишни қилдик: унга қарадик, уни парваришладик, унга чидадик. Менимча, бизни ҳеч ким шафқатсизликда айблай олмайди.

— У минг бора ҳақ, — деди чол оҳиста хотинига. Она бўлса, мушти билан оғзини бекитиб, қаттиқ йўтала бошлади. Унинг кўзлари телбаникига ўхшарди.

Сингил онасининг ёнига бориб, қўлини унинг манглайига босди. Қизининг гапларидан кейин аниқ бир қарорга келган чол ўтирган жойида қаддини кўтарди. У стол (кечки овқатдан кейин идиш-товоқлар йиғиштирилмаган эди) чеккасида ётган фуражкасини ўйнар экан, гоҳ-гоҳ Грегорга қараб қўярди.

— Биз ундан қутулишимиз керак, — деди яна қиз отасига. Онаси йўтал билан бўлиб, уни эшитмасди.

— Бу махлуқ иккаловингизни ҳам хароб қилади, мана кўрасизлар, — деб давом этди қиз. — Бошимизга тушган қора меҳнат етмаганидай, уйдаги бу азобга бало борми! Йўқ, мен бунга ортиқ чидолмайман!

Синглиси йиғлаб юборди. Унинг кўз ёшлари онасининг юзига томгач, қиз беихтиёр унинг юзини арта бошлади.

— Жигарим, болагинам, — деди кутилмаганда меҳрибонлик билан отаси, — нима қилайлик, ахир, нима?

Қиз йиғлагани учунми аввалги қатъийлиги йўқолиб, елкасини қисди, холос.

— Лоақал у бизни тушунсайди, — деди отаси савол оҳангида.

Яна йиғига тушган қиз «Бунинг иложи йўқ», дегандай кескин қўл силтади.

— Агар у бизни тушунса эди, — деди чол ва қизи айтгандай, бунинг иложи йўқлигини эслаб, кўзларини юмди, — тушунса эди, балки у билан келишиб олиш мумкин бўлармиди, лекин бунақада…

— Йўқолсин бу ердан! — деб қичқирди синглиси, — ягона нажот шу, ота. Сен бу махлуқ — Грегор деган фикрдан қутулмоғинг керак. Бизнинг узоқ вақт бебахт кун кечирганимизга ўша фикр сабабчи. Қаранглар, шу Грегорми? Агар Грегор, бўлганда, одамлар бунақа махлуқ билан яшай олмаслигини аллақачон тушуниб, ўзи кетган бўларди. Ўшанда биз яқиними��дан жудо бўлсак ҳам, унинг хотирасини муқаддас тутган бўлардик-ку. Бу махлуқ эса доим бизни таъқиб қилади, ижарачиларни ҳайдайди, бутун уйни ўзига олмоқчи, бизни ҳам кўчага чиқариб ташламоқчи. Ана, ота, қарагин, у яна ўз билганини қиляпти!

Синглиси Грегор тасаввур қилмаган бир даҳшатда онасини ҳам ташлаб, отаси томон югурди. Унинг ҳаракатидан қаттиқ ҳаяжонланган чол қизини ҳимоя қилгандай қўлларини чўзди.

Лекин бировни қўрқитиш, айниқса синглисини хафа қилиш Грегорнинг хаёлида ҳам йўқ эди. У ўз ётоғига кириш учун айланаётган эди, холос. Унинг бу ҳаракати дарров кўзга ташланди, чунки айланиш қийин бўлганидан у бошини ҳам ишга солар ва боши полга гурс-гурс уриларди. Грегор бир зум тўхтаб, атрофга боқди; унинг ёмон мақсадда эмаслигини ҳамма тушунгандай бўлди, қўрқинч йўқолди. Атрофдагилар унга ғамгин қараб ўтиришар, онаси — чарчоқдан кўзларини ярим очиб стулда, сингил эса отасининг пинжига кириб, жим ўтирардилар.

«Энди айланаверсам бўлади», деб ўйлади-Грегор ва ўз ишини давом эттирди, Бу осон иш бўлмай, Грегор тез-тез дам олишга мажбур бўлар, кучаниб вишилларди. Дарвоқе, уни ҳеч ким қистамас, ихтиёр ўзида эди. Айланиб бўлгандан кейин Грегор тўғри ўрмалаб кетди. (У хонасигача шунча масофа борлигига ҳайратланди. Бу йўлни ҳозиргина нечоғлик тез босиб ўтганлигини эслади). Тезроқ хонага киришни ўйлаганидан, атрофдагиларнинг на қичқириғи, на бирор сўзини эшитди. Фақат бўсағадан ўтганда ортига қарамоқчи эди, бўйни қотиб қолганини сезди, аммо орқасида турганларни кўришга улгурди: синглисини ҳисобга олмаганда, ҳамма ўрнида ўтирар, ҳатто онаси ухлаб қолган эди.

Грегор хонага кирган заҳот кимдир эшикни қарсиллатиб ёпди ва аввал занжирлаб, кейин калит билан ҳам қулфлаб қўйди. Эшик қарсиллаганда қўрқувдан Грегорнинг оёқчалари букилиб кетди. Эшикни синглиси ёпган эди. У аллақачон ўзига келиб, Грегор бўсағадан ўтган заҳотиёқ «Ниҳоят-а!» дея хитоб қилиб, эшикни шошилинч бекитган эди.

«Бу ёғи нима бўлади энди?» деб савол берди Грегор ўзига ва зулматга тикилиб, жим қолди. Бир оздан кейин у ўзининг қимирлай олмаслигини билди. Аммо таажжубланмади, аксинча, бу ожиз оёқлари уни ҳозиргача қандай кўтариб юрганига ҳайратланарди. Грегор бутун вужудида оғриқ сезди. Лекин оғриқ тобора сусайиб, бир оздан сўнг бутунлай тўхтагандай туюлди. Елкасида чириб кетган олма атрофидаги яра қаттиқ яллиғланганини у деярли сезмасди. Грегор «Мен йўқ бўлишим керак» деб ўйлар ва бу қарор синглиси чиқарган ҳукмдан ҳам қатъий эди. Грегор шаҳар минорасидаги соат тунги учга занг ургунга қадар ўша ҳолатда — соф ва осойиш хаёллар қўйнида ётди. Кейин унинг боши ўзидан-ўзи полга «шилқ» этиб тушди ва Грегор сўнгги марта заиф нафас олди.

Эрталаб хизматкор хотин келди. Ундан қанча илтимос қилишса-да, ҳар куни тонгда эшикни қаттиқ тақиллатиб кирар ва ҳаммани уйғотиб юборар зди.

У одати бўйича Грегорнинг хонасига бош суқиб, бирор ўзгаришни сезмади. Полда қимирламай ётган Грегорни кўриб «найранг қиляпти», деб ўйлади. Хизматкор хотин Грегорнинг найрангга ақли етишига шубҳа қилмас эди. У қўлидаги супурги билан Грегорни қитиқламоқчи бўлди. Бу ҳам фойда бермагач, Грегорни енгилгина итариб кўрди, аммо Грегор ўрнидан қўзғалмади. Ана шунда хизматкор хотин сергакланди. Нима бўлганини тушунди ва кўзларини катта очиб, секин хуштак чалиб юборди.

У ҳаялламай, оила дам олаётган хона эшигини очди. Ҳали қоронғи хона бўсағасида туриб бор овози билан қичқирди:

— Қаранглар, у ўлиб қопти! Ҳаром ўлибди, қаранглар!

Бу овоздан чўчиб кетган жаноб Замза ва Замза хоним бирга ётадиган тўшакларида бир зум гарангсиб ўтиришди. Кейин бу қичқириқ мазмунига тушундилар. Эр-хотин каравотининг икки томонидан шошилинч туша бршладилар. Жаноб Замза елкасига енгил кўрпани ташлаб, Замза хоним ички кўйлакда Грегорнинг хонасига кирдилар. Меҳмонхона эшиги очилиб (ижарачилар келгандан бери Грета меҳмонхонада ухларди), Грета пайдо бўлди. У бошдан-оёқ кийинган, гўё тун бўйи ухламагандай эди. Унинг юзидаги заъфаронлик ҳам шундан далолат берарди.

— Мана, энди, — деди жаноб Замза, — худога шукр, десак бўлади.

У чўқинди. Ёнидаги учта аёл ҳам чўқиниб қўйди. Жасаддан кўз узмай турган Грета:

— Қаранглар, унинг озиб кетганини. Кейинги, пайтларда овқат емай қўйган эди, нима берсанг ҳам емасди, — деди.

— Бир минутга бу ёққа кир, — деди қизига Замза хоним ва ғамгин кулиб, ўз ётоғига кетди. Грета жасаддан кўзини узмай, онасига эргашди. Хизматкор хотин жасад ётган хона эшигини бекитиб, меҳмонхона деразаларини очди. Вақт эрта бўлса ҳам, ҳаво анча илиқ, чунки март ойи охирлаб қолган эди.

Ижарачилар ўз бўлмаларидан чиқиб, ҳалигача нонушта йўқлигини кўриб, таажжубландилар: уларни унутишибди-да!

Хизматкор хотин бармоғини лабига босди ва Грегорнинг хонаси томон ишора қилди.

Ижарачилар Грегорнинг ётоғига киришди ва қўлларини чўнтакларига тиқиб, жасадни ўраб олишди.

Шу пайт Замза оиласи пайдо бўлди. Ота иш мундирини кийган, бир ёнида қизи, иккинчи ёнида хотини уни қўлтиқлаб олишган эди.

— Ҳозироқ менинг уйимдан чиқиб кетинглар! — деди жаноб Замза ижарачиларга эшикни кўрсатиб. Чол она ва қизини қўйиб юбормай, ҳамон бирга туришарди.

— Бу билан нима демоқчисиз? — деб сўради ўртадаги ижарачи ва хушомад аралаш илжайди. Қолган иккитаси қўлини орқага қилиб, кафтларини бир-бирига ишқар, ҳозир катта жанжал бошланиб, уларнинг фойдаси билан тугашини кутардилар.

— Нима деган бўлсам, шу! — деди жаноб Замза ва қизи билан хотинини қўлтиқлаб, ижарачиларга яқинлашди. Ижарачи нима дейишини билмай жим қолди.

— Нима ҳам қилардик, кетамиз, — деди у ниҳоят ва рухсат сўрагандай жаноб Замзага боқди. Жаноб Замза бунга жавобан кўзларини чақчайтириб, бошини силкитди, холос. Шундан сўнг ижарачи кескин қадамлар билан даҳлизга йўналди. Иккита оғайниси унинг орқасидан ҳаккалаганча чопишди, гўё жаноб Замза уларни ўз йўлбошчисидан ажратиб қўядигандай эди. Учаласи даҳлиздаги илгакдан шляпалари ва ҳассаларини олиб, ўгирилиб таъзим бажо келтиришиб уйдан чиқдилар. Мутлақо ўринсиз шубҳа билан жаноб Замза иккита аёлни қўлтиқлаб зина майдончасига чиқди. Кейин улар зинапоя панжарасига суянганча, секин тушиб кетаётган, айланишларда гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай бораётган ижарачиларга қараб туришди: ижарачилар пастга тушган сайин, Замза оиласи уларга шунча бефарқ қарарди. Ниҳоят, зинапояда янги одам — баланд қоматини кўз-кўз қилиб, бошига сават қўйган қассоб ёрдамчиси пайдо бўлди-ю, жаноб ва хоним Замзалар бир оз енгил тортишди, уйга киришди.

Улар бугун дам олишга, сайр қилишга қарор қилдилар. Бу танаффус уларга жуда зарур ва уларнинг бунга ҳақи бор эди. Учаласи ўтириб учта тушунтириш хати ёздилар: жаноб Замза — ўз директорига, Замза хоним — бошқарувчисига, Грета — бошлиғига. Улар хат ёзаётганда хизматкор хотин ишини тугатиб, кетишга рухсат сўраб кирди. Ёзаётганлар хатдан кўз узмай «Бораверинг», деб бош иргашди, аммо бу жавобдан кейин ҳам ўрнидан жилмаган хотинга бирдан норози қарадилар:

— Нима керак яна? — деди жаноб Замза.

Хизматкор хотин гўё ажойиб хушхабар айтмоқчи-ю, ундан ҳеч ким яхшилаб сўрамаётгандай, остонада тиржайиб турарди. Унинг шляпасидаги — доим жаноб Замзанинг жиғига тегадиган — туяқуш пари тўрт томонга ликилларди.

— Хўш, нима керак сизга? — деб сўради Замза хоним. Хизматкор хотин унга бошқаларга нисбатан хурмат билан қарарди.

— Ҳа, — деди кулгидан ўзини зўрға тутиб хизматкор хотин,— анави махлуқни йиғиштириш ҳақида ташвишланманглар, ҳаммаси жойида.

Жаноб Замза ва Грета ундан юз ўгириб, гўё ёзишни давом эттиргандай, яна хат узра энгашдилар. Хизматкор хотиннинг воқеани батафсил айтишга шайланганини кўргач, жаноб Замза қўлини кескин силтаб, рад қилди. Гап берилмаганидан хафа бўлган бева бирдан шошилаётгани эсига тушиб, «Хуш қолинглар!» деди-да, эшикларни тарақлатганча уйдан чиқди.

— Кечқурун уни бўшатиб юборамиз, — деди жаноб Замза. Унга ҳеч ким — на қизи, на хотини — жавоб бермади. Чунки боягина эришилган фароғатни ҳизматкор хотин чилпарчин қилган эди. Она ва қиз қучоқлашиб дераза ёнига келдилар. Жаноб Замза ўтирган жойида улар томон бурилди ва узоқ тикилиб қолди.

— Бу ёққа келсаларинг-чи! Унутинглар ўша ўтмишни! Мениям озгина ўйланглар, ахир! — дея хитоб қилди у бирдан.

Она-бола чол ёнига итоаткорона келдилар, уни юпатиб, эркаладилар. Кейин чала қолган хатни тезда тугатишди.

Сўнгра учовлон уйдан чиқиб, трамвайда шаҳар четига сайрга жўнадилар. Улар тушган вагон илиқ офтоб нурига тўла эди. Учаласи шинам курсиларга жойлашиб, эртанинг режасини туза бошладилар: умуман олганда, улар танлаган иш шунчалик ёмон эмас, буни бир-бирига шу кунгача айтмаган бўлсалар ҳам, энди ҳар бирининг иши ўзига яраша имтиёзли, деган хулосага келишди. Тўғри, аҳволни тез яхшилаш учун дастлаб, квартирани алмаштириш керак. Уларга кичикроқ, арзонроқ, яъни Грегор топган уйдан шинамроқ квартирани ижарага олиш зарур. Шу қарорга келиб, жаноб Замза ва унинг хотини тобора авж билан сўзлаётган қизига қарашди-ю, иккалови ҳам бир нарсани ўйлади: кечган изтироблардан юзи синиққан бўлса ҳам, Грета сўнгги кунларда ҳақиқий жононга айланди. Ота-она беихтиёр кўз уриштириб, қизига лойиқ куёв ахтариш пайти ҳам келганлигини ўйлай бошлади. Манзилга етганда, Грета ота-онасининг ширин хаёлларини маъқуллагандай, биринчи бўлиб ўрнидан турди ва навқирон қоматини ростлади.

Русчадан М.Солиҳ таржимаси.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1983 йил, 8-сон.


Франс Кафка (1883-1924; Чехия)


Telegram: @EksaQutPol